Байт

БАЙТ - (арабча - уй) араб, форс-тожик ва кўпгина туркий халқлар адабиётшунослигида икки мисра шеърга нисбат бериладиган истилоҳ. Ҳар қандай икки мисра шеър ҳам байт бўла олмайди. Байт бўлиши учун келтирилган иккала шеърий мисра бир-бири билан мазмун ва мантиқ жиҳатдан боғланган бўлиши у ёки бу поэтик ғояни очишга хизмат қилиши лозим. Байтлар адабий жанрлар талабига кўра турлича қофияланади. Масалан: ғазалда биринчи байтда икки мисра а-а тарзида қофияланиб, қолган байтларининг иккинчи - жуфт мисралар биринчи байт қаторлари билан қофиядош бўлади; маснавийда эса, байт мисралари ўзаро, яъни а-а, б-б, в-в... кўринишида қофияланади.
Ҳар қайси байт 4, 6, 8, баъзан 12, 16, 20, 36 рукндан ташкил топиши мумкин. Тўрт рукнли байт мураббаъ, олти рукнли байт мусаддас, саккиз рукнлиси мусамман, 12 рукнлилари кўпинча мустазод номлари билан юритилади. 16, 20, 36 рукнли байтлар эса, алоҳида номланмай, «12 рукнли», «20 рукнли» ва «36 рукнли» деб аталаверади.