Инсон моддий ва маънавий фаолиятининг табиатига, айни табиатнинг тоқатига дохил бўлмаган ҳеч бир образ, образлилик йўқ. Бироқ образларни талқинлаш эҳтиёжи, зарурияти, мавзулар оламидаги уларнинг имконият доираси, эътиборталаблик қуввати, яшовчанлик меъёри, табиийки, бир хил эмас.
Бу нарсалар образларнинг инсон моҳиятига нечоғлик туташлиги, пайвасталигига, адабиёт аҳлининг ҳам идрокий аҳволига боғлик.
Инсоният бор – дунёга, ундаги махлуқот, мавжудот, набототга ҳайратли, эстетик боқиш бор. Адабий-мантиқий тафаккурлаш бор – сўз санъати йўли билан асл ҳақиқатларни таъсирчан етказиш воситаларини, поэтик образларни ижод этиш ёки мавжудларини қайта янгича жилолантириш бор.
Мавзу ёхуд образ деган тушунчалар қамровига сиғмовчи, ижодиёт ҳамда унга доир илмларнинг ҳамма масалаларига дахлдорлик касб этувчи, барқарор ва муқаррар яшовчи поэтик тамойиллардан бири ва балки энг кўламдори, бадиий мартабаси энг юксаги “нафс”дир.
Нафснинг одам қадру қимматини, иймону эътиқодини белгиловчилик роли, инсондаги синовчилик миқёслари, ҳамманинг диққат марказидаги мартабаси, довруғи барча замон, маконларда ниҳоятда баланд бўлган. Доим шундай бўлиб қолади. Изланган ҳамма сабаблар, содир бўлган ҳолат-ҳодисалар, юзага чиққан-чиқмаган оқибатлар, тўғри деб ўйланган ўлчов-мезонлар унга – нафсга бориб тақалаверади. Нега шундай? Бунинг инсон билиши мумкин бўлган даражадаги ҳақиқатидан эса фақат ҳақ таълимот хабарлари орқалигина етарлича огоҳ бўламиз.
Муомала-муносабатда вазиятлар тақозасига қараб “руҳ”, “қалб”, “юрак”, “дил”, “кўнгил”, “виждон”, “диёнат”, “ният” сингари сўзлар “нафс” ўрнида ёки ўзаро бир-бирлари ўрнида қўлланавермоғи мумкин. Аммо Қуръони Каримда мазкур тушунчалардан ўта машҳурлари саналмиш “қалб” ва “руҳ”га қараганда ҳам айнан “нафс” сўзи кўп маротаба келади. Ҳақ таълимот инсонни жасад ила нафсдан таркиб топган, деб таълим беради. Шу катта ҳақиқатнинг ўзиёқ нафс мавқеининг бошқа унга маънодош тушунчалардан юқори туришлигига, жуда кўп маъноларни ўзида мужассам этишлигига, муҳими, синов қилиб берилган илоҳий неъмат эканлигига далолат қилади. Жасад моддийдир ва у моддий, яъни вужуддаги кўз ила кўрилади. Нафс эса асл ҳақиқати Аллоҳнинг Ўзигагина маълум латийф, руҳоний нарсадир. У ва унга мантиқан яқин тушунчалар маънан, яъни қалбдаги биз билмас кўз ила идрок этилади.
Нафснинг турлича ҳолатлари бор. Бу ҳолатларни ва унинг оқибатларини барпо қилувчилар айни нафсларга масъул шахсиятларнинг ўзларидир. Савоб, саҳоват, ҳалол, адолат, ҳилм, ибодат, меҳр-шафқат сингари ҳамма яхшиликлар шу амаллар эгасининг нафсини поклайди, хайрли оқибатлар томон бошлайди. Ғийбат, ҳасад, кибр, нифоқ, ёлғон, зулм, зино, таъма, ҳаром каби барча ёмонликлар шу амаллар эгасининг нафсини кирлайди, турли балоларга дучор қилади. “Шамс” сурасида кимки ўз нафсини покласа, ютуққа эришиши (9-оят), кимки ўз нафсини кирласа, ноумид бўлиши (10-оят), икки дунёда ҳасратга учраши айтилади.
“Ва маломатчи нафс билан қасам” (“Қийаама”, 2-оят). “Эй, хотиржам нафс!” (“Фажр”, 27-оят). “Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳим қилмаса, ёмонликка ундовчидир...” (“Юсуф”, 53-оятдан). “Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам” (“Шамс”, 7-оят).
Ўз соҳибини доимо тергаб, тафтиш қилиб юрувчи (“маломатчи”) ва ҳар хил шаҳватлардан ғолиб, саломат (“хотиржам”) сифатли бу нафслар мўмин-мусулмон инсонларнинг нафсларидир. Аллоҳ каломида нафснинг мазкур ҳолатлари мақталмоқда, улуғланмоқда. Жиловланмаган, турфа хуружлар қилиб, ўз эгасини ўзига тамом тобеайлаган ёмонликка амр қилувчи нафс қораланмоқда.
Ҳар қандай ҳолатларда ҳам нафсни инсон моҳиятида тақдир қилиб уни улкан синов қилиб қўйган Зотнинг ўзи раҳим қилмаса, бандада на нафс ислоҳи, на унинг покланиши рўй беради. Комилликка эса инсон исломдаги энг катта жиҳон – нафсга қарши жиҳодсиз эриша олмайди.
Инсоннинг баркамол бўла олишига қувватли, салоҳиятли, имкониятли қилиниб, мукаммал ато этилган нафс билан ва маломатчи нафс билан қасам ичилиши, хотиржам нафсга хитоб қилиниши бандага бу борада қандай катта имтиҳон борлигини, Яратган ҳузурида нафс ҳолату мақомларининг нечоғлик эътиборга моликлигини идрок эттиради.
Бевосита нафс мавзуида нозил бўлган оятларгина эмас, бошқа ояти карималар ҳам ўз маънолари, ҳикматлари билан нафс ҳақиқатига дахлдорлик касб этади. Нафс ҳақидаги ҳақиқий таълимотни инсониятга Қуръони Карим, ҳадиси шарифлар тақдим этди. Шунингдек, руҳий тарбия илми устозларининг бу бобдаги китоблари, ҳаёт тарзларидаги улкан ибратлари ҳам авлодларга нодир, бетакрор мактаб бўлиб қолди.
Нафснинг асл моҳиятини идрок этиш, унинг тарбияси, ислоҳи, назорати, муҳофазаси, қоидалари инсон учун осон бўлмаган, шарафли. Бир умрлик вазифадир. Нафсга доир таълимот асосларини чуқур билиш, илмда, касб-корда, муомала-муносабатларда – барча соҳада нафс поклиги, тазкиясигариояда бўлиб яшаш ҳар бир инсонга ниҳоятда муҳимдир.
Ўзгалар билан ҳаётий муомала-мулоқотда ҳам, савдо-сотиқ, олди-берди ишларда ҳам, ўз шахсини тааммул, тафтиш қилишда ҳам, бинобарин, дунё, инсон манзараларигаадабий-эстетик нуқтаи назар билан қарашда ҳамда уларни бадиий талқин этишда ҳам нафсга доир таълимотда керагича ўрнатилган қоидалар чегарасидан чиқиб қилинган саъй-ҳаракат, нафсга ўта кескин ёки ўта бепарво ёндашув, беасос, ножўя, новазмин муносабат инсонга тоқатидан ортиқни нисбат бериш, масалада ҳаддан ошиш бўлиб қолади. Бундай ҳоллар ўзини зинҳор оқламайди, мақбул саналмайди. Демакки, энг муҳими – инсоний тоқат, салоҳият доирасида буюрилган даражадаги нафсга муносабат меъёр, мезондир.
Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул ўзининг “Тасаввуф ва Огаҳий шеърияти” номли мақоласида шоир ижодининг тасаввуфий руҳи хусусида диққатга сазовор хулосалар чиқаради. Огаҳий шеъриятида нафсга муносабатнинг нақадар оқилона эканлигини таъқидлаб, бадиий ва илмий талқинларда бот-бот кўзга ташланувчи жиддий бир хатолик ҳақида шундай ёзади:
“... Маълумки, тасаввуфий ҳаётдаги бош масала – нафс ва руҳ муносабати, яъни нафсни ҳар турли чиркинлик, иллат ва ёмонликлардан тозалаб, руҳга таслим этмоқдир.
... Лекин бугунги айрим “нафсшунос”ларга эргашиб, нафсдан бутунлай кечиш, нафсни ўлдириш тўғрисида ҳеч қачон сўзламаслик лозим. Нафс ўлдими – одам ўлади. Бу эса худкушликнинг бир тури эрур. Нафсни қанча қийнаб, қанча азобга гирифтор этманг, тиниб-тинчиш ҳолида ҳам у барибир ўзининг сифатларидан кечмайди...” (“Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 2009 йил, 6-сон, 8-бет).
Зотан, Аллоҳ таолонинг инсон табиатига жо қилган, чинакам ҳақийқатини Ўзи биладиган таркибий хоссалардан бири – нафс. Нафсдан батамом холийлик – тириклик тоқатидан ташқари ҳол. Бундай номумкин мақомга интилмоқ ва ёки унга чорлов, ундовлар – ўта беҳуда ҳаракат, таълимотдан ғофиллик.
Ҳолбуки, Аллоҳ инсонга ҳеч бир масалада унинг тоқатидан ташқари, зиёда нарсани буюрмайди. Нафс соҳиби – инсон ўзини нафсоний ислоҳ қилиб бормоғи, нафсини назорат остида тутмоғи, унинг хоҳиш-истакларини шариат тарозисида ўлчаб, шунга мувофиқларини бажариш ҳаракатида бўлмоғи керак.
Инсон аслан нафснинг риёзатига, шу орқали эришиладиган солиҳлик мақомларига, хасислик, зиқналик, мумсиклик каби ҳоллар билан исрофчилик ўртасидаги мақбул ҳол-мўътадилликка лаёқатли қилинган. Нафс риёзати эса одатдаги табиий эҳтиёж, моддий манфаат, хоҳиш-истаккагина эмас, тил, қулоқ, кўз, қўл, оёқ сингари аъзолар фаолиятига ҳам, хаёл, туйғу, ният, ақл, хулқ, тафаккур ва бошқа маънавий ҳаракатларга ҳам бирдек тааллуқлидир. Бадиий адабиётда “нафс”нинг поэтик образ доирасидан очиқ ёки яширин чиқиб, ижоднинг ҳамма масалаларига дахлдорлик касб этиши шундан.
Яссавийнинг шеърлари ҳар жиҳатдан ҳақ таълимотларни таъсирчан таратишга, тўғри эътиқодда бардавом яшаш тарғиботига қаратилганлиги боис шу йўлга зид, номувофиқ ҳар қандай иллатни: ғафлат, жаҳолат, разолат, зулм-зулмат, ботил амални энг дақиқ томонларигача фош қилиб, қоралайди. Унда нафс мавзуи тақво, ибодат, ошиқлик, Ҳақ жамолини орзуласи, тавба, одамларга яхшилик, етим-есиру бева-бечораларга меҳрибонлик ғоялари сирасида талқин этилади.
Зоҳиран, бу шеъриятда нафснинг мавқеи ўзга масалалар талқинига қараганда кам салмоҳли. Ботинан эса унинг ғоявийлик кўлами катта – барча ҳолатларнинг замирига сингишиб кетган. Ва яна сиртдан қараганда, Яссавийдаги нафс образи – асосан танбеҳ, танқид, қораловга маҳкум нафс. Матлуб ва ибрат олишга сазовор нафс ҳикматлар лирик қаҳрамонининг нафсоний риёзатлари ифодасидан ҳосила сифатида идрок қилинади.
Демак, Яссавийни ўрганаётганимиз масала бўйича англашда талқинларининг таълимотларга мувофиқлигини, риёзатлар туфайли покланаётган нафсни, комиллик талабидаги одамнинг ўз нафсига муносабати нечоғлик бўлмоғи жоизлигини, тана кўзи ила кўрилувчи жасаддан кўра, қалб кўзи ила идрокланувчи нафс масъулиятининг улуғлигини ҳислаш муҳимдир.
Собиқ шўро тузуми адабиётшунослигида дийний руҳдаги адабий мерослар қаторида Яссавий ҳикматлари кескин танқид қилиниб келинди, зарарли ғоялари кўп шеърият сифатида баҳоланиб келинди. Истиқлол йилларида асрлар оша келаётган халқона эътироф тикланди. Шунга қарамай, ҳозиргача бўлган бу шеърият талқиншунослигида негадир асосий таъкидлар, эътиборлар нафснинг қоралануви ифодасига қаратилади ва кўпинча сиртдан хулосалар чиқариш билан чекланиб қолади. Яссавийнинг нафсни душман санаш даражасини таҳлиллардаҳаддан ортиқ бўрттириб кўрсатиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, шеърларининг дақиқ маъноларини, ошкор айтилувчи ва тааммул орқали англанувчи ғояларини тўғри аниқламай туриб, уни муносиб баҳолаб бўлмайди.
Яссавий асарларининг ҳикматлар сифати билан эъзозланиб келиш сири нимада? Бу, аввало, ҳақ эътиқод кишисининг жамики масалаларда иймоний тафаккур қилиш тарзидадир. Шеърларини ҳиқматларга айлантирган бош омил ҳақ кўрсатмалар, тавсиялар, амрларни, уларга муносабатни, ўз ҳаётига таълимотлар тадбиқини тараннум этишидадир. Ҳикматларда буюрилганидан ортиқ ё кам нуқтаи назар аломатлари кўзга ташланмайди. Нафсдан батамом қутилишга даъваткорлик йўқ. Нафс тазкиясининг назорати, жазоси, ислоҳи кабиларнинг ўринли тарғиби бор. Ўз эгасининг аслини ҳар зумда йўлдан оздиришга ҳозир, ёмонликка ундаш пайида турувчи, турфа щзга кщчаларга бошлаб, дунё учун зиёда уринтириб, ўзликни ўтга-чўққа урдириб, оқибатда ишларни ҳабата, амалларни ботил бўлдирувчи нафс тавсифланади. Номарғуб ҳолатдаги айни нафсга қаршилик тўйғусининг баъзида ўта беаёвлиги эса шеърий ифода санъатига хос кўтаринкилик тақозалари туфайли ҳамдир.
Ҳикматларнинг тагмаъно, тагғоялари теран тааммул этилса, уларда ҳамма ҳолатлардаги нафслар ҳам инкор этилмаётганини, нафсдан буткул халос бўлиш, қутулиш кутилмаётганини англаш қийин эмас. Ислом таълимоти бўйича, кимки шаҳватлардан бирини тарк этса, унга риё офати келмоғи мумкин. Тақвони кучайтираман деб, емакларини ҳаддан зиёд камайтириш жоҳилликка етаклайди. Очликни мадҳ этиб бўлмайди. Бундай кайфият тарғиби ўлимга чорлаш, тушкунликка бошлаш, Аллоҳга ширк келтириш – исломга ёт бир зарарли қараш бўлиб қолади. Яссавий умргузаронликдан унумли фойдаланиб қолишни насиҳат қилади:
Тирикликда дин навбатин яхши урғил,
Охиратнинг асбобини мунда кўрғил.
Лирик қаҳрамоннинг бош муддаоси – нафсни поклаш, ахлоқни сайқаллаш. У “Шамшири Ҳақни қўлга олиб, нафсни чопса ҳам”, “Тиғи ботин бирла нафсни янчса ҳам”, ўзини хуружлардан озод ва кафолатланган ҳисобламайди. Ана шу поэтик руҳ тирик инсондаги доимий хослик, унинг аслияти, табиатига талаб ва юксак умумбашарий фазилатдир.
Дарҳақиқат, инсон нафси мудомий ислоҳга, назоратга, тарбия ва муҳофазага муҳтож. Бу ишларга унинг соҳиби масъул қилинган. Нафсдан воз кечиб бўлмайди. Уни поклаб боришнинг, аҳлоқни сайқаллашнинг (муробатанинг) эса ўзига хос йўл-йўриқ, мақомлари борки, шу нуқтаи назардан кузатилса ҳам, Яссавийнинг нафсоний масалаларни қанчалик васатий, донишона ҳал этганлиги равшан бўлади.
Инсонга ўз нафси билан шартлашишни ҳар тонг янгилаб туриш (мушората), нафсни доимий ҳушёрлик ила кузатиб бориш (муроқаба), уни амаллардан сўнг ҳисоб-китоб қилиш (муҳосаба), камчилиги учун жазолаш (муоқаба), нафс зиммасига турли оғир вазифаларни юклаш (мужоҳада), нафсни қўрқитиб қўйиш (муотаба) мақомлари мавжуд.
Буларнинг барчасида – нафсга қарши жиҳод, муҳорабаларда инсон қойим, собит турмоғи, Аллоҳнинг Ўзидан узлуксиз ёрдам сўраб яшамоғи жоиз экан:
Тариқатда турлук адаб билмагунча,
Нафси бирла муҳораба қилмагунча,
Ишқ йўлига ўзни лойиқ этмагунча,
Ҳақиқатнинг сирларини билса бўлмас.
Қул Хожа Аҳмад, нафсдин улуғ бало бўлмас,
Еру кўкдин туъмо берсам, ҳаргиз тўймас,
Қўлум тутуб йўлга солғил, анталҳодий.
Ўз ҳолига қўйиб берсанг, нафс нималар демайди, нималарни тиламайди?! Райига қарасанг, “юз минг таом” тилайди. “Ҳар не ҳосил бўлса, оз”, дейди, ҳар турли даъволар қилишдан чарчамайди. Нафснинг ҳаддан ошиш манзаралари кўп: тилнинг ғийбатдан тийилмаслиги, ўзгаларнинг ботил, бўҳтон гапларини эшитиб, хайрихоҳ бўлиб юришлик, фойдали-фойдасиз ишларни фаҳмлай умр ўтказиш, ўзни ҳалол кўрсатиб, ҳаромхўр бўлиб яшаш, Ҳаққа ошиқлик даъвосини қилиб, иймонини “пучак пулга сотишлик”... Булар бари шум нафснинг ишларидир. Нафсни қўлга олай десанг, “ёбон қушдек қўлга қўнмас”. У туғён қилдими, эгасини тинимсиз югуртади, итдек кездиради. Оқибат уқубат, азият келтиради. Ҳақдан тўсиб, ҳоритади. Шунинг учун бу “такаббурни ерга уриб босиб” олмоқ, “бошига юз минг бало қармаб солмоқ” керак. Нафсни даволаш Аллоҳни кўп зикр этиш (“Аллоҳ ёдин айта-айта илло бўлдим”) билан, Расуллоҳ суннатларига қаттиқ амал қилиш (“Суннатларин маҳкам тутиб уммат бўлдим”) билан бўлади.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики, ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одам – сезгир, ҳавойи нафсга эргашиб, Аллоҳдан турли нарсаларни орзу қилаверадиган одам – ғофил, ожиз. Банданинг нафси токи ҳақ таълимот кўрсатмаларига мувофиқлик касб этмагунча унинг мўмин бўла олмаслиги муқаррар. “Дунёнинг муҳаббати ҳар бир хатонинг бошидир”. “Динор ва дирҳам бандаси бадбахтдир”.
Ўз нафси, ўз манфаатига қул одам “нафс бандаси” дейилади. Бундай қуллик, Аллоҳни эмас, ҳавойи нафсни ўзига илоҳ қилиб олиш демакдир. Залолатга кетишлик ҳам асосан ҳавойи нафс хоҳишларига шўнғиб яшашдан келиб чиқади. Залолат ботқоғига ботганлар тириклик фақат шу дунёдаги яшашимиздир, яъни, туғиламиз, яшаймиз, ўлиб кетамиз – бошқа ҳеч вақо йўқ, деган ботил хулосада юришади. Илоҳий буюрилган тўғри йўл қолиб, ҳавойи нафслари етаклаган йўлдан юрганликлари учун залолат аҳли Аллоҳнинг Ўзи томонидан адаштириб қўйилган. Қулоқлари тўғри йўлга даъватни эшитмайдиган, қалблари иймон нурини қабул қила олмайдиган, кўзлари ибратларни кўролмайдиган қилинган – илоҳан муҳрланган. Қуръони Каримнинг “Жосия” сурасида Аллоҳ таоло айтади:
“Айтинг-чи, ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила оладир?! Эсламайсизларми?!” (23-оят).
Ислом қаноатни буюради. Инсон нафсга оид таълимотлар тарбияси, нафснинг поклиги йўлидаги доимийамалий ҳаракати, ҳавойи нафсга қарши жиҳоди орқали бу юксак фазилат-қаноат соҳиби бўла олиши мумкин. “Ким мусулмон бўлиб, ризқи учма-уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди”, дейилади Термизий ва Муслим қилган ривоятда.
Асосида исломий эътиқод турган неча-неча юз йиллик бадиий адабиётимизда, бинобарин, руҳоний ҳақиқатлар куйчиси Яссавий ижодида ҳам ҳавойи нафснинг кескин қораланиши, нафсга қарши жиҳодга чақирилиши, қаноатнинг улуғланиши бежиз эмас. Шоир Икром Отамурод ўзининг “Кўҳна садолар” туркумига кирган “Яссавийни ўқиб...” шеърида улуғ шоир ижодида бош поэтик образ бўлмиш нафснинг талқинидаги барча замонларга замондошликни қуйидагича фалсафий-эстетик идроклайди:
“Тариқдай наф йўлинда мукка тушиб ётғонлар”,
“Кўксига бино қурган нафсни йиқолмоғонлар”,
“Назари паст, этаги лойга ботиб юрғонлар”,
“Яссавийга хеш эмас, ҳазратга элдош эмас”.
Исломнинг нафсга доир таълимотларида мавзунинг катта-кичик жамики масалалари ақлни лол қолдирувчи даражада мукаммал мужассам. Айни чоқда, ҳар бир асосий ёки ёрдамчи масаланинг таъриф-тавсифи, мазмун-мезони, ҳукми-ечими нафс мавзусига мантиқан тақалувчан ўзга тушунчалар билан бетафовутлигига, улар ила чинакам уйғунлигига кўра тафаккур эгаларини ожиз қолдириб келади. Бу таълимотларнинг барчасига қайси жиҳатдан қараманг, уларда васатий руҳ, васатий мантиқ ҳукмрон.
Чунончи, ҳам моддий, ҳам маънавий маънолари кўламдор бўлган “нафс” ҳақиқатини унинг атрофидаги худди шундай моҳият миқёси кенг “иқтисод”, “исроф”, “саҳоват”, “хасислик”, “ҳасад”, “ҳавас”, “ризқ” сингари тушунчаларнинг тўғри идрокисиз фаҳмлаб бўлмайди.
Исроф тушунчасини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Гарчи исроф деганимиз инсон борлиғининг ҳамма жиҳатига тегишли ғоят қамровдор сўз бўлса-да, афсуски, кўпчилик уни моддий неъматларни нотўғри сарфлаш, нималарнидир истеъмолга яроқсиз қилиш маъносидагина тушуниб, ўзларини шу томондан ҳушёр тутишга ҳаракат қилади. Ваҳолангки, маънавий неъматлар исрофининг янада мудҳишлигини англаш ва бу жабҳадаги хушёрлик исломдаги улкан талаблардан бири эканлигини кам эслайди. Исроф маънавий, ахлоқий неъматларга тақалганда ҳам ниҳоятда сертаркибдир. Маънавий исрофнинг ёхуд исрофсизлик (иқтисод, тежам)нинг кўринишлари инсон оғзаки ва ёзма нутқида у ёки бу даражада намоён бўла бориб, турли оқибатларни юзага чиқаради.
Аллоҳ ато этган ҳар бир моддий ёхуд маънавий саноқсиз неъматнинг исроф қилиниш хавфи бир умр ва ҳар қадамда мавжуд. Инсон буни мулоҳазалаб боришда ва тадбирини тўғри қилишда бардавом бўлмоғи керак.
Ишқ боғини меҳнат тортиб кўкартмасанг,
Хорлик тортиб шум нафсингни ўлдирмасанг,
Аллоҳ дебон, ичга нурни тўлдирмасанг,
Валлоҳ-биллоҳ сенда ишқнинг нишони йўқ.
Яссавий издошларидан бири Сўфи Оллоҳёр ўзининг “Сабот ул-ожизин” асаридаги “Нафси шум баёнида” номли фаслда нафснинг ҳолатлари, уларга муносабат макомлари, нафснинг жазосию даволари хусусида мухтасар шундай дейди:
Ўзинг паст айласанг, нафсинг забардаст,
Бошинг чайноб солур чун уштури маст.
Бурунға боди кибр эсмай бурундин,
Бурундуқ сол анга кўпмай бурундин.
Риёзат бандиға беркит оёғин,
Кўтарма бошидин тақво туёғин.
Йиқилиб қолмоғудек бер емишни,
Зиёда айла камдан-кам қаттиқ ишни...
Яссавий ўз шеърларини элу юртга ўз шахсий аҳволининг баёни, умр йўлларининг “ҳасбу ҳоли” сифатида тақдим этган. Ундаги эътиқодга масъуллик туйғусининг зўр қуввати, поэтик тафаккурини нурлантирган таълимотларнинг илоҳий салоҳияти туфайли шеърлари ўз зоҳирий ва ботиний маънолари ила илғор, солиҳ умумга хос инсоний аҳволларнинг ҳасбу ҳолига айлана олди. Шеърларини ҳикматлар даражасига кўтарган асосий омиллар ҳам шулар эканлиги шубҳасиздир.
Ўтмиш адибларимизнинг нафс бобидаги поэтик талқинларидан келиб чиқадиган яна бир улкан умуминсоний хулоса шуки, кимда нафсга мўътадил ёндашув бузилса, шахсият бузилади. Жамиятда нафснинг таълимотларда ўргатилган меъёрларидан у ёки бу томонга оғишувлар оммалашса, мувозанат бузилади, жамият издан чиқади. Нафсни иймон талаблари доирасида ушлаб туриш олий мавқе ва олий мақомдир.
Тоҳир Шермурод. “Таълим босқичларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани материаллари, Тошкент, ТДПУ 2011-йил 8 феврал