Замон ўзбегининг сийрати, рўзғори, мақсадига, қувонч-андуҳ, дард-муаммосига адабиётимизнинг кейинги йиллар насри етарли тик ва тетик назар ташлаётган бўлиб кўринади. Асарбоп замондошларимиз, турфа қайноқ жабҳаларимизнинг адабий мавзулар майдонини кенгроқ эгаллаши ҳозиржавоблик деган дилни ўртовчи ниятга бир зум таскин бераётгандек туюлади. Асарлар соҳибларининг эса бундан анча вақтгача мамнун юрмоқлари тайин. Илло, китобхонлар орасида бадиий намуна гап-сўзга айланмагач, яъни унсиз жавоб - одил баҳо аён бўлгач, оний мамнунлик кўнгилларни тарк этади. Кўпчиликнинг асар сўнгги саҳифасини беҳаяжон ёпиб, бор фикру қаҳрамонни унутиб, рост ҳаёт ташвишлари ичра шўнғиб кетавиришини тасаввур этган ўз иқтидорига қаттиққўл ижодкор бу ҳолдан изтиробланади.
Ўзлигини англамоққа киришган, янгича нуқтаи назарлари куртак отаётган халқ адабиётининг зукко ўқувчиларига ҳам осон тутмаслик керак. Бизнинг кунларимизда уларга насиб этаётган асарлар оқими мутолааси гоҳ кишини довдиратиб, ўз-ўзидан шубҳалантириб қўяди. Бошда хилма-хил саволлар чарх уради: наҳотки, сўз санъатининг жозибаси, гўзаллигини, ҳаяжони, завқ-шавқини тушунишдан йироқлашаяпмиз? Наҳот, адабий дидимиз сўнаётган, ҳайратимиз ўлаётган, дийдамиз қаттиқлашаётган бўлса? Айнан ўз муҳитимиз, ўз умримиз ва қиёфамиз манзараларига асосланган тасвирга нечун мунча бефарқ қараймиз?.. Сўнг ногоҳ бирон севикли китобни такрор ўқиб ёки эслаб қоласиз. Ёхуд жонфизо адабий янгиликка рўбарў келасиз. Бадииятни энг нозик торларигача ҳис этасиз. Шубҳа хиёл тарқайди.
Адабиёт ва санъат нашриёти чоп этган «Юлдуз кўкда сўнайди» тўплами (1989 йил) талай фазилатларига кўра диққатни тортади. Китобнинг шу номдаги қиссаси Сойим Исҳоқов қаламига мансуб. Бир пайтлар ўт-олов бўлган, ҳамон бошқаларга ўхшаб бир маромда, тўзимли яшай олмайдиган, недандир норози, тажанг, ўзгалару ўзига ғалва орттириб юрувчи Тиркаш отанинг маънавий оламига ёзувчи ўқувчини моҳирона бошлаб киради.
Тиркашнинг «ҳаммадан пинҳон дарди бор». ўзининг баъзи қилмишларидан қалбининг тўрида пушаймонликка ўхшаш бир туйғу қолган. ўша унинг ич-ичини кемиради. Қизи Гулсара севгани билан қочгач, синглисига бироз ён босган катта ўғли Мамаражабни ҳам қўшиб оқ қилиб юборади Тиркаш. Бу ишидан унчалик ўкинмаётир. Бироқ қирғинбарот урушга кетиш олдида кечирим сўраб келган ўғлига нега қайрилиб қарамади? Нечун фарзандини қонли жангга индамай жўнатди? «Икки оғиз яхши гапини нега аяди?» Кўкда юлдуз учади, - кимнингдир юлдузи сўнади. Сўнмасдан ерга тушган юлдуз эса зараркунандага, дейлик, чаёнга айланиб яшармиш деган ақидани Тиркаш отасидан эшитган. Бундай ўлим унинг учун исноддир. Мард яшамоқни ният қилгани ва буни муқаддас қоида санагани учун изтиробга чалиндимикин?
У дард-аламини ичга ютишга, бировларга сездирмасликка маҳкум. Изтиробнинг кучая боришини ёзувчи таъсирчан ташқи-ички кечинмаларда ифодалайди. Киши бу ҳаётий надоматнинг руҳни остин-устун қилажак зўр талотўплари ҳали олдинда эканини сезиб туради. Аҳён-аҳёнда қаҳрамонлар нутқи ва хаёллари орқали акс этадиган ота Қорақуш (қўрқоқлик қилиб ёв билан сулҳ тузган, таслим бўлган ота қуш), ўғил Қорақуш (сулҳни тан олмай, жанг қилаверган мағрур, эрксевар, лекин отаси томонидан бир қаноти синдирилган ўғил қуш) афсонаси, Қорақуш тўғрисидаги қўшиқ воқеалар моҳиятини зўрайтиради.
Сойим Исҳоқов муваффақияти шундаки, қаҳрамон феъл-атворининг ўзига хосликларини барча вазиятлардан табиий олиб ўта боради. Тиркашни бутун зиддиятлари, мураккаб кайфиятлари билан намоён қилади. Бундай табиатли одамда бошқа томонга ўзгаришнинг бениҳоя гумонлиги, жузъий ўзгаришнинг ҳам гоҳо мусибатли кечиши аён. Ёзувчи айниқса ана шу ҳақиқатга ишонтирмоқ мақсадига эришган. Натижада, чакалакзорда яшаса-да, тезак-таппи ёқадиган, чакалакнинг қирқилишидан озорланадиган, қирқимга келган завод одамларини қувиб ҳайдаган, қўтонга ҳамла қилган бўрини ушлаш онида итининг жароҳатланмаслигига астойдил интилган, бор-будини ҳукуматга бераётган отанинг икки фарзандига нисбатан шафқатсизлиги ва зуғумини тўғри ҳис қилмоқ мумкин бўлади.
Асарнинг эътироз уйғотувчи бир неча ҳолату жиҳати ҳам мавжудки, синчков қиссахонлар уларни осонгина сезиб қоладилар. Таъсирчанлик тадрижи бундай саҳифаларда бир қадар сусаяди. Чунончи, хаста Тиркаш ўзини худди лаҳадда ётгандек ҳис қилар экан, гарангсиб уйғонади, «ўзига тикилиб, илтижоли учқунланаётган бир жуфт чарос кўзни» - қизи Гулсарани кўради. Соғинч ҳисси ғолиб келгандек бир зум фарзандига тикилиб турса-да, яна уни қўл силтаб, «кет-кет»лаб ҳайдайди. Тиркашнинг бу қилиғи энди ортиқча, зўрма-зўраки. Ёзувчи уни ҳаддидан ошириб юборади. Негаки, Тиркаш феълининг қизи билан ўғли «гуноҳ»ларига боғлиқ ўзига хослиги ишончли бошланиб, ишончли шаклланиб, унда пайдо бўлган надомат туйғуси маромига етиб бўлган эди. Бошқача қилиб айтганда, у ўз қилмиш-қидирмишини тушуниб, кайфияти ўзгариб бўлган. «Кет-кет»ламоқ эса характер тасвирининг дастлабки саҳифаларига муносиб кўринади. Ёзувчи бу хатога кўп ўтмай яна йўл қўяди: узоқ давом этган оғир турмуш, пинҳоний пушмон-изтиробдан кейин биринчи марта чинакамига севинган Тиркашга қизини эслаттиради, вужудига алланечук маъюслик ўрмалатади, барибир кечиролмаслиги ва ярашолмаслиги кераклигини, аксинча, Тиркашлиги қаёқда қолишини ўйлатади.
Фарзандига оқ фотиҳа бермай, уни ўлим комига йўллаганидан, энг зарур пайтда оталик меҳрини қизғанганидан куйиб йиғлаган, ўз тош меҳрлигидан беадад алам чекаётган отанинг аҳволи тушунарли. Бироқ унинг ўғли тирик эканини эшитгандан кейинги қуйидагидек ҳолатларини табиий деб бўлмайди:
«У майса устига энгашдию, аламига чидаёлмай, ҳали селгимаган намхуш ўтларни тиши билан ғирчиллатиб узиб чайнай бошлади. Шарбатидан оз-моз ютиб, тўппасини туфлаб ташлар, оғзини қайтадан ўтга тўлдириб чайнарди. Томоғини ўтларнинг заҳар-заққум суюқлиги куйдириб борар, у эса заҳарланиб қолишини ўйламасди ҳам. Жонига қасд қилгандек, чайналган ўтларнинг ҳеч бўлмаса аччиқ сувидан кўпроқ ютмоқчи бўлиб шимарди...»
Қаҳрамонлар характерининг, воқеалар моҳиятининг ривожида эриш ва китобий бундай ўринлар «Юлдуз кўкда сўнади» қиссасидан олинадиган етакчи таассуротни йўққа чиқара олмайди. Чунки муаллиф руҳият манзаралари ва хатти-ҳаракатлар оламига ўқувчини бевосита ошно қила билади. Асосий ғоялар, хулосаларни тўғри белгилайди. Қисса элимизнинг уруш йиллари меҳнати, самимияти, муаммолари тўғрисидаги тасаввурларни чуқурлаштиради.
Тўпламдан Назар Эшонқуловнинг «Уруш одамлари» қиссаси жой олган. У ҳам қирқинчи йиллар ўзбек ҳаётини акс эттиришга бағишланади. Янада ўзига хос характерлар, тақдирлар, даврнинг янада жиддий воқеалари – уқубатлари, жароҳатлари тасвири яратилади.
Уруш майдонларининг орти ҳам урушли ҳаётдир аслида. Буни ҳатто сиртдан қараб ҳис қилмоқ қийин эмас: кетма-кет шумхабарлар, соғлом кетиб мажруҳ қайтишлар, таҳлика ичра яшаётган хонадонлар, умрларга фарзандлар доғининг, етимлик, бевалик азобларининг босиб кириши... Назар ана шу уруш орти одамларининг беҳаловат турмушига, мураккаб кечинмаларига, кулфат-кўргуликлари ичига чуқур ва самимий кириб боради. Асарнинг бош қаҳрамони Нормат билан – олдинлари полвон саналган, ўз қорахатидан роса бир йил кейин бир оёғидан айрилиб уйига келаётган, энди асло қон тўкмаслик, хотини, болалари ҳамда ерни эъзозлаш туйғуси қалбида гупириб турган йигит билан илк таништирувдаёқ ўқувчининг фикру хаёлини ром эта олади. Ёзувчи саҳифалар давомида бу руҳни сақлаб, кучайтириб боради. Образлардаги кайфият, дард-изтироб, саъй-ҳаракат ўсуви даврга, вазиятга кўра, ўзбекона иймон ва адолат мезонига кўра айнан шундай бўлмоғи зарурдек шууримизга муҳрланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, адабиётшунос Умрзоқ ўлжабоев «Умидбахш тўлқинлар» номли мақоласида («Шарқ юлдузи», 1990 йил, июль) ҳарбий мавзудаги ўзбек насрининг кейинги йиллардаги айрим намуналари хусусида фикр юритар экан, «Уруш одамлари» қиссасига кўпроқ тўхталади. Асар мавқеини, муаллифининг маҳоратини асосан ўринли баҳолайди. Қиссанинг журнал ва китобий нусхаларини қисман қиёслайди, асосли хулосалар чиқаради. Шундай қиёс орқали, масалан, хотиманинг ишланиши нечоғлик самарали бўлганини айтади. У. ўлжабоев асарда воқеалар изчиллиги, жойлашиши, уларнинг ҳаққонияти, интиҳонинг аҳамиятига бевосита муносабат чиқармаса-да, мавзунинг бадиий акс этиши масаласидаги кузатишларини ҳақли равишда мазкур жиҳатлар билан боғлайди.
Дарҳақиқат, ғоявий-маънавий, бадиий-эстетик ечимни шакллантириш, китобхонни муддаодаги асосий фикрларга «тайёрлаш», қизғин, мукаммал жозибани, таассуротларни вужудга келтириш бирламчи, ўта муҳим адабий вазифадир. Мен воқеаларни саралай билиш, жойлаштира олиш, феъл-атворни чуқур драматизми билан акс эттириш, бадиий ечим ва унинг етилув жараёнини ҳаётий чиқариш бобида Назар Эшонқулов иқтидори дадиллигини таъкидлагим келади.
Унинг қиссасида қаламга олинган бош воқеанинг – Анзират хатосининг мудҳиш, қалтис, мураккаб экани тез аён бўлади. Аммо ўта ҳаяжонли, қизиқарли, фойдали фикр бу ҳали бадиий асар деган гап эмас. Жаҳон тортув қонунига ўхшаган санъатнинг ҳам жозиба (тортув) қонуни борки, у ҳар қандай вазиятда ёзувчи зиммасидаги энг муҳим вазифа бўлиб туради. Айтайлик, бировга оғзаки ҳикоя қилиб ёки қисса мазмунини сўзлаб бериб, Анзиратнинг маънавий қиёфаси, аҳвол-руҳиясини етарлича таъсирчан тушунтира олиш мумкин эмас. (Ҳатто унга қараганда Норматнинг кечмишини, урушу хиёнатга нисбатан исёнини гап билан ифодалаш осонроқдек.) Бунда Анзират тўғрисида эшитувчида фақат ёмон, бир томонлама тасаввур қолдириш мумкин. Назар осон, юзаки йўл қидирмаган. Оқибатни, моҳиятни, ақл ва юракнинг ғалаёнларини ўз кўнглидан кечириб бадиий талқин этган. Шунинг учун Анзират изтироблари ишонарли, табиий. Кўз ўнгимизда шу кўйга тушган иффатли, оилапарвар, эрнинг кучли меҳрига муносиб жонли аёл сиймоси гавдаланади.
Характернинг бир жиҳатига эътибор берайлик. Анзират баъзида ўз хиёнатини оқлайдиган баҳоналарни хаёлига келтиради, бу ўйларидан шу заҳотиёғ Ҳзи чўчиб тушади. Айни ҳолат беқарорлик нишонаси эмас, гуноҳ қилган инсондаги, бинобарин, Анзират образидаги типик кечинмадир. Бир ўринда ёзувчи характернинг бу белгисини умумлаштириб шундай баён қилади: Анзират «... Норматнинг гапларидаги орзу билан ўзининг орзусини солиштириб, уялиб кетар ва йиғлар, эзилар, бу орзулар эрига қарши тузган ҳамма режаларни ўзгартириб юборар, кўнглида яна иштиёқ уйғона бошларди ... менда нима гуноҳ, ўйларди у гоҳида, ҳамма айб урушда, агар уруш бўлмаганда, эрим ёнимдан жилмаганда мен бундай қилмасдим. Бутун меҳримни эримга, болаларимга берган, ундан баҳра олган, уларнинг қувончини қувонч, севинчини севинч деб билган, мен ҳам бошқалардек эримга содиқ аёл бўлган бўлар эдим, деб ўйларди у».
«Уруш одамлари» - серфазилат қисса. қизғин ҳаяжон билан ўқилади. Қаҳрамонларнинг миллий қиёфалари жуда теран чизилган. Гўёки асар ўша кунлари, воғеалар билан басма-бас ёзилган. Образлар нутқи, шева сўзлари ҳам қўнғиротнинг айнан урушдан кейинги дастлабки ўн йилликлардаги сўзлашув тарзига мувофиқ келади. Натижада ўзбекнинг қунғирот уруғи ҳаётига даҳлдор ва уруш даври учун оддий ҳисобланган воқеа тасвирининг мансублик миқёси кенгаяди. ўоялари ўзбекнинггина эмас, кўпликнинг эзгу хулосаларига ҳамоҳанг бўлиб қолади.
«Юлдуз кўкда сўнади» тўпламидаги Ҳабиб Темировнинг «Хиёбондаги одам» қиссаси мавзу жиҳатдан шу кун муаммоларига келиб тақалади. Афсус, журналист Суҳробнинг ишда, оилавий ҳаётда дуч келган тўсиқлари замондошларимиз қисматидаги катта зиддиятлар ифодаси даражасига кўтарилмайди. Тафсилотлар кескин қарама-қаршилик ва унинг кучайган онлари тасвирига йўл бермайди. Воқеаларнинг шартли берилиши, топилган кундалик тариқасида ёритилиши ҳеч қандай бадиий қиммат касб этмаган. Суҳробнинг ичкиликка берилишидаги ҳолат-кайфиятлари аниқ-ёрқин эмас.
Жамиятнинг соғломлашувига тўсқинлик қилувчи қусурларга муросасиз бадиий муносабат билдириш илғор адабиётга мудом хос бўлган. Турмуш тарзимизнинг жадал тараққиётига монелик кўрсатаётган иллатларни баралла фош этувчи асарлар яратиш муаммоси бизнинг давримизда кескинроқдир. Давр адиблар ва адабиётшунослардан ҳар томонлама бурилишлар ҳодисаларини чуқур идрок этмоқни, ҳаёт ҳақиқатларига тик ва дадил қарамоқни талаб қилаётир.
Афсуски, яқин ўтган йилларнинг давримиз мавзуларидаги аксарият қиссалари муваффақиятсиз чиқди. Улар кўпроқ воқеалари тарқоқлиги ёки қимматсизлиги, ҳаракатлари сохталиги ёки юзакилиги, ечимларининг ёлғонлиги ёхуд таъсирсизлиги туфайли эътибордан қолди.
Эмин Усмоннинг қиссаларга доир айрим мулоҳазалари («Уйғоқ одамлар кўрадиган туш» мақоласи) бор. Муаллиф 89-йилимизнинг ўндан ортиқ қиссаси юзасидан беғараз куюнчаклик билан фикр юритади. Гарчи мақола мулоҳазалари ҳар бир асарнинг кенг таҳлили заминига қурилмаган ва мунозарали фикрлар кўзга ташланиб турган бўлса ҳам, у насримиз ютуқ-нуқсонлари тўғрисидаги ҳақиқатга ярашиқ хулосаларни ўртага ташлаганини эътироф этмоқ даркор.
Мунаққид Раҳимжон Отаевнинг «Сурнай наволари» қиссасини танқид қилади. Чиндан ҳам ёзувчи нокерак, айни чоқда, зерикарли хавотир-саргузашт (икки боласининг йўқолиб қолиши, Озоднинг ўз ҳаётини сарҳисоб этиши) тасвирига ўралашиб қолиб, асл мантиқни унутади. Зарур ҳолат-ҳаракатларни эса ахборотларга айлантириб қўяди. Мавзуни ғализ тилда ифода этади. Асардан инсоннинг маънавий белги-фазилатларини унинг шаҳар ёки қишлоққа мансублигига қараб ноҳалол «тақсимлаш» руҳи англашилишини (буни Раҳимжон Отаев пайқамаган ва унинг кўнглида маҳаллийчилик йўқ!) ҳам танқидчи тўғри кўрсатади.
ўзбек насрининг кейинги давр қаламкашларидан бири Шойим Бўтаев қатор ғиссалар, ҳикоялар чиқарди. Илк китоби «Дунёнинг сарҳисоби бор» деб аталди. У «Оққан дарё оқаверади» (1979), «Сирли юлдузлар» (1981) қиссалари ва «Князь Мишкиннинг кўзлари» (1983) ҳикоясини ўз ичига олади. Бошқа кўп бадиий намуналарга бўлгани сингари Шойимнинг асарларига ҳам деярли бирор муносабат билдирилмади. Ютуқ ва камчиликларни шарҳламаслик муаллифларимизнинг ижодий ўсишига наф бермайди. Аксинча, чин ҳақиқат ошкор бўлса, асар эгасининг хулосалар чиқармоғи осон бўлади. Бу эса янги, етук натижалар сари бошлайди.
«Шамол ўйини»да - Шойим Бўтаевнинг навбатдаги қиссасида самимий, жайдари қишлоқнинг турмуш тарзида рўй берган ўзгаришлар ҳикоя қилинади. Асосий образлардан бири бўлмиш Беркинбой қиёфасини дастлабки саҳифадаёқ кўрасиз. Тепалик қишлоғига у юрт излаб юрган мусофир сифатида кириб келади. Раис унга бўш бир уйни хатлаб беради, чойхоначилик ишига тайинлайди. Беркинбой кейинроқ тасодифий танишгани Ёши Узоқ деган кимсани шу қишлоқда яшашга чорлайди. Раис ер беради, омборни унга топширади. Қишлоқ аҳли ҳашар уюштириб, бир пасда уй қуриб ташлайди. Сўнг Беркинбой – Раис – Ёши Узоқ қинғирликлари тасвирланади. Одамларда пайдо бўла бошлаган норозилик кайфиятини ошкор қилган Элмуродни кимдир, кимлардир маҳв этади.
Таниқли Эрон адиби ўуломҳусайн Соэдийнинг «Даҳшат» номли ҳазин руҳли, янги фикрли дилбар қиссаси бор. Тасвиру тафсилоти чўзиқмас. Форс қўлтиғида жойлашган чекка қишлоқ. Кишилари бошқа муҳитдан, атроф-жавониб эса улардан деярли бехабар. Тирикчилик – балиқчилик. Ҳамдардликнинг, ҳамкорликнинг ҳалолликнинг оҳори тўкилмаган. Одамлар шу даражада соддаки, ўзларининг ақли етмаган арзимас мавҳум ҳодисадан ваҳимага тушади. Бири ақлдан озади. Тараққий этган жойдан қишлоқ яқинига бегона одамлар нималардир излаб келишади. Буларнинг лагери, муносабат тарзлари қишлоқнинг одамларида қизиқиш уйғотади. Хуллас, турмушларининг аввалги мароми ўзгариб кетади, бузилади. Ҳаттоки, келгиндиларнинг ажойиб таомлари иштиёқи нафс бандаларини – ёрилгудек егувчи очкўзларни пайдо қилади. Асарнинг ибратли ғояларидан бири айрича ва бетакрор ҳаётга, жамоанинг ибтидоий эзгулигига цивилизациянинг акс таъсирини, янгиликни ўзлаштиришга кўр-кўрона ташланишни фош этишдан иборат.
Шойим Бўтаев қиссаси сабаб хорижлик адиб китоби ёдга тушди. Бунинг замирида шубҳа ёки ижодий таъсир излаш йўқ. Гап шундаки, муайян ўхшаш воқеалар йўналишига мансуб асарларнинг бири бадиий-эстетик моҳиятига кўра ўзгасини хаёлга келтиради. «Шамол ўйини» сюжетида, бир томондан, юқорида бошқа асарлар мисолида фикр юритганимиз – шаҳар ва қишлоқ алоқалари, иккинчи томонидан, «Даҳшат»даги сингари умуман ташқи таъсир воқеалари акс этганга ўхшайди. Лекин бу масалаларда ёзувчининг аниқ муддаосини тушуниб бўлмайди. Балки ижодий ният тамомила бошқачадир деб ўйлайдиган бўлсак, воқеаларнинг бошланиши, ривожланиши, тугалланиши чет қишлоқлардан келган кишилар образлари билан боғлиқ. Қиссага асос бўлган қишлоқнинг сюжетни ҳаракатлантиришдаги иштироки суст.
Айрим мисолларга мурожаат этамиз. Мирзо бобонинг қўноғи, Беркинбой қишлоғининг фожиаси баёнида айтилишича, «эгниларида трико, оёқларида кроссовка, ҳаммалари бир хил қора кўзойнак тақишган», «қиёфасида шоён нописанд ифодалар кезинган» одамлар сув омбори қурадилар, кейинроқ омбордан сув тошади. Сулув қишлоқларни сув олиб кетади. Беркинбой билан Ёши Узоқ - Тепалик қишлоғига келиб ўрнашиб қолган бузғунчилар. Бир ўринда иккаласи ўзларининг оқил, ишбилармон одамлар эканидан, шунинг учун шаҳарда яшашлари керагидан, қишлоқда ҳамма нарса тез ошкор бўлиб қолишидан нолиб гапиришади. Элмурод эса булар туфайли қишлоқда рўй берган ўзгаришни шундай ифодалайди: «Икки-уч йиллар олдин биз шунақа эдикми? Инсоф ҳам бор эди, оқибат ҳам бор эди... Орамизга шайтон оралади...».
Албатта, қаҳрамонлар тилидан олинган гап-сўзларга эътироз ножоиз. Ажабланарлиси шуки, улар гап-сўзларидан англашиладиган нуқтаи назарни ёзувчи бутун воқеотга сингдирган кўринади. Ш. Бўтаев етарли маромда яшаётган қишлоқнинг йўлдан озишига келгиндилар (шаҳарлик эмас!) сабаб бўлдими? деган жумбоқни ўртага ташлагандек, ўзи «ҳа» деб жавоб бергандек туюлади. Негаки, ҳаёт тараққиётининг зарур кўринишлари тўлақонли қамраб олинмаган, воқеалар чала ва пала-партиш, образлар тиниқ акс этмаган. Тепалик қишлоғининг биргина қора кучи – Раис образи ниҳоятда бўш, юзаки яратилган. Борингки, гап қишлоққа ташқи таъсирнинг кўрсатилишида эмасдир. Қиссада бусиз ҳам кетма-кет жиддий, камчиликлар учрайди.
Аввало, сюжетнинг энг долзарб воқеалари тўғридан-тўғри содир бўлиш жараёнида кўрсатилиши лозим эди. Бу гап барча образларнинг ҳаракатига бирдай тегишли. Беркинбойнинг аҳён-аҳёнда, бозор кунлари кўздан ғойиб бўлиб қолиб, одамлар тирбанд, ғала-ғовур жойларда кўзга ташланиб туриши шунчаки айтилади, холос. Майли, унинг бозор ўғриси эканлигига ишоралар билан чекланмоқ мумкиндир. Лекин қисса воқелиги марказини эгаллаши зарур бўлган жабҳа – Беркинбойнинг ғаламислиги, раисга ҳамтовоқлиги нега бадиий далиллар, таҳлилларсиз такрорланаверади? Ёши Узоқнинг колхоз омбори дон-дунларини талон-тарож қилиши бирорта лавҳада ифодасини топмаган. Ҳолбуки, ана шу қинғир иш туфайли оддий халқда норозилик туғилгани тасвирланиб, асар мазмунига якуний воқеалар тиркалади. Булар ўрнига Ёши Узоқ фаҳшга берилганликда, хотин чидатмасликда, «айғир ҳам бас келолмайдиган» Беркинбойнинг хотини эса шу Ёши Узоқнигина ўзига лойиқ кўришда ҳадеб айбланаверади. Ҳайҳот, бадиий ижодда қаҳрамонга исталган номаъқул, мажбурий фаолиятни буюрсангиз, бўйсинади, туҳмату башоратлар айласангиз, чидайди!
Энди асарнинг айш-ишратга доир тасвири хусусида. Талай эркак ва аёл образларида шаҳвоний ҳирс ҳумронлик қилади. Балки бузуқи тоифанинг, улар физиономиясининг чегарасини белгилашда ёш ёзувчи умуман қолипдан чиқиб кетмагандир? Балки етти марта уйланган, бири ўлиб, бири кетиб қолаверадиган («айби бор экан, аёл зоти чидамас экан...» - Беркинбой.) Ёши Узоқ қандайдир бадиий андозага тўғри келар? Бироқ чиркин қиёфалар, шаҳват бандаларини типик гавдалантирадиган ўй, кечинма, ҳаракатдан кўра, бузуқлик ҳақида ғашга тегадиган имо-ишоралар, илмоқли гаплар кўпки, шундай олди-қочдилардан мисол эслатишга мажбурман: «... Улар бошқа-бошқа шаҳарлардан ҳам машинага санамараста нозанинларни миндириб келишар,... ўнгирларда бир кун-икки кунлаб қолиб кетишарди, баъзан шу даражага етишардики, бир-бирлари билан ўйнашларини алайно-ошкор алмашишарди».
«Аёл кишининг дўзах оловига тушгандек бирдан чинқириб юборгани тунни сескантириб юборди. Ойни кўкиш-қўнғир тусдаги булут ғорлари ямлади. Маъмуранинг оҳ-воҳи, дод-фарёди алламаҳалгача Беркинбойникига ҳам эшитилиб турди. Беркинбойнинг аёли тўшакда бетиним уён-буёнга ағдариларди, бурга талаётгандек типирчиларди. – Жим ёт! – деди охири Беркинбой. - Қичиманг борми, мунча питирлайсан? – Айтинг, бас қилсин, қулоғимни тешиб юборди! – деди чидолмаган хотин. Беркинбой кулди: - Берроқ ке, аҳмоқ. Буни айтиб бўладими? Ёши Узоқ тушмагур мениям шунда-ай илҳомлантиряптики...».
Қисса охирлашгач, Ш. Бўтаев, Тепалик ва атроф қишлоқларда қинғир йўлга бурилишлар зўрайганини батафсил тушунтириб қўйиш учун бўлса керак, Хум деган қиямалик кишилари ҳаётига шошилинч назар ташлайди. Воқеаларни юзаки ва зўрма-зўраки ўйлаб чиқаради. Хирмончи Тўхливойнинг хотини Раҳим индамаснинг хотинига мақтанади. Айтишича, уйида овқатни фақат қўй ёғига қилишади, тўрт-беш семиз қўй сақлашиб, бирин-кетин сўйиб туришади. Раҳим индамаснинг аёли тезда уйига келиб эри билан жанжаллашади. Эртаси куни саҳарлаб Раҳимнинг боғдан олма кўтариб чиқаётганини Наби муаллимнинг хотини кўради. Бу хотин ҳам безовталаниб, типирчилаб қолади. Уйга келиб жанжал кўтаради. Наби муаллим хотинининг йўриғига унчалик кирмаса-да, қоровулларнинг кўзини шамғалат қилиб, олма ўғирлайдиган бўлади. Унга ихлос қўйган кекса боғбон буни билиб қолиб, лол қолади.
Қишлоқ аро хавф оралагани, фалокат юз бермоғи тайинлиги рамзий, мажозий нишоналар билан ҳам англатилади. Беркинбойнинг шарпадек пайдо бўлиши асносида чиққан ой бевақт қўтонлайди. Томорқасига сув очаётган Мирзо бобо буни нимага йўйишни билолмайди. Ёши Узоқ ва Беркинбой тўғрисида миш-мишлар тарқалган чоғлар кампирлар йиғилишиб фол кўрадилар. Мисли кўрилмаган чанг-тўзон бошланади. Сокин сумбула пайтидаги бемаврид шамол ўйини ҳаммани ажаблантиради, довдиратади. Қуюн ва қамғоқ кампирлар ўтирган уй деразасидан қандай ваҳимали кириб келган бўлса, шундай чиқиб кетади. Таппон деган ит қаттиқ талваса ичида қолади, сўнг қамғоқларга ҳамсаф бўлиб осмонга ҳаволайди, Нисо ачаникидаги «лаззатли ҳаётга видо айта-айта бадар» кетади. Боғлиқ яшаган, бироқ кампирнинг саҳоват пешалигидан ҳузурланиб еб-ичганлари сўлакайини келтириб турадиган итнинг бевафолиги тамом йўқолиб, асар охирида Ёши Узоқнинг уйи ўрнидаги гувалалар ичида кўриниб, тағин ура қочиши итларни тушунадиган кишиларни мантиқан ишонтира олмайди.
Бадиий талқинга муносабатнинг қай даражада жипслашиб бориши услубий теранлик ва изчилликка бевосита боғлиқ. Ҳар сўз, ибора, жумла ўз ўрнини топмоғи, мақсадга, меъёрга муносиб бўлмоғи лозим. «Шамол ўйини»нинг баён этилиш зайлида қусурлар учрайди. Маълум ҳикоя шартта тўхтатилади-да, қайсидир воқеа хотирлаб ёки кейин рўй берадиган натижа айтиб олинади. Сўнгра асосий ҳикоя давомига қайтилади. Жумладан. Чанг-тўзон шиддати итни улоқтириб юборган пайт. Қизғин тасвир бирдан тўхтайди. Муаллиф кампирнинг кўп йиллар аввал бу кучукни қандай топганини эслаб олгач, воқеага қайтади. Шубҳасиз, ифодадаги ноўрин узилишдек ғализлик ўқувчи тасаввурига халал беради, фикрини тарқоқлаштириб қўяди.
Асар якуни таҳрирга муҳтож. Элмурод сирли ўлдирилади. Беркинбойнинг ўғли уйига келса, «шаҳвати бошига урган» Ёши Узоқ унинг онасига ташланаётир. Ойболта билан уни тинчитади. Ота-бола подачилар аллақандай жасадни кўриб қолишади. Дўхтир ва милиционерларни бошлаб келсалар, ҳеч нарса йўқ. Беркинбой оиласи кўчи билан гумдон бўлган. Ёши Узоқнинг уйи ўрнида гувалалар ётибди. Пашша учса ҳамма биладиган қишлоқда шунча воқеанинг ўта тез, ўта пинҳон содир бўлишию одамларнинг лол қотиши ақлга сиғмайди.
Нега мутолаадан сўнг лоқайдмиз: ачинмаймиз, нафратланмаймиз, изтироб чекмаймиз, фожиаларни дарров унутамиз? Бунинг сабабини, даставвал юқоридаги қатор нуқсонларда деб билмоқ даркор. Чунки воқеалар ичида чинакамига яшамадик. Ва кузатганимиздек, якуннинг ўзи ҳам бенуқсон эмас. ўоявий-бадиий ниятларга баралла хизмат қилмайдиган образлар, воқеаларнинг кўплиги, уларнинг сунъий тезлиги туб мақсуднинг рўёбга чиқмоғига халақит бердимикин, деб ўйлаймиз. Ахир «жонли ва жонсиз нарсалар кўз осонлик билан қамраб оладиган ҳажмга эга бўлишлари лозим бўлганидек, фабулалар ҳам осонлик билан эсда тутиб қолиш мумкин бўлган узунликка эга бўлишлари лозим» (Аристотель, «Поэтика»).
Қиссаларимизни кузатиб, баъзиларида бутун мазмун чизиғини китобийлик ишғол этганини кўрамиз. Ортиқча лиризмнинг, ортиқча публицистик руҳнинг асарни муҳим фикрдан ёхуд муҳим фикрни жозибадан бенасиб этган ҳолларга дуч келамиз.
Менгзиё Сафаровнинг инсон ва она табиат мавзусидаги «Айришох» қиссасида қўриқхона директори Раҳмат Аҳадов ҳаракатлардамас, қисқа-қисқа тавсифларда асар охирига қадар мавҳумлигича келади. Сулув сиймоси Суяр Суюн хотираси орқали яхши таассурот берадию, ўзга образ – Ойноввот уни тўлдиришга, давомлатишга атайлаб йўналтирилади. Атайлаб у ҳам фарзандсизлик азобига маҳкум қилинади. Автор замонамиздаги табиатга нисбатан ваҳшийликнинг шарпасига асар охиригача ишора изҳор этади. Масалан, Айришох уч тарафи тоғ билан ўралган жойда одамлар буғулар устига тош думалаётган, найза санчаётган, ҳалок бўлганларини олиб кетаётган, буғуларни тириклай кабоб қилаётган суратни кўради. Инсонга ишончсизлигини она буғу тез-тез такрорлайди. Аҳадов, Суяр Суюн табиат муҳофазасизлигидан ва одамларнинг шафқатсиз бўлиб кетганидан кўп нолишади. Директор хонгуллар гўзаллиги Чингизни даҳшатга солгани, Чингиздан-ку омон қолгани, аммо ном-нишонсиз чингизлар дастидан қирилиб кетаётганини айтади. Ҳеч бир воқеа эса содир бўлгани йўқ ҳали. Ёзувчи туш усулини ортиқ даражада қўллаб, яна шубҳани ифода этади. Ойноввотнинг эри билан тоққа келган Ботирдан хавотирланиб бир гал Суяр Суюн, бир бор Ойноввот туш кўради. Охири Суяр Суюн туши «боб»га айланади. Ниҳоят, Ботирнинг асли шундай мақсади бўлгани, яхшилар таассуроти туфайли аҳдидан қайтгани маълум бўлади. Етакчи образлар кайфиятидан келиб чиқиб, ўқувчи Ботирдан шубҳага асос излайди – тополмайди. Ботир нега ўзгариши керак, ўзгариш содир бўлаяптими – билмайди. Шунинг учун бу одам Айришохни ўлдириши мумкинлиги тўғрисидаги шубҳанинг пучга чиқиши – хотима аҳамиятсиз кўринади.
Шунга ўхшаш анчагина нуқсонлар Набижон Боқийнинг «Бир муҳаббат ҳиссаси»га хос. Қисса мароқли бошланади. Ёш ёзувчи тушунтириш тарзидаги равонлик, соддалик, қисқалик сари интилиш талай саҳифаларда сезилиб туради. Бироқ бош ғоя, муддаоларга элтувчи йўл – воқеалар ривожидаги эпизодларнинг баъзида мантиқан саёзлиги, гоҳ сийқа, гоҳ ортиқчалиги, қаҳрамонлар дунёқарашини, уларнинг ўқувчиларга «қадрдон»лигини кўрсатиш каби олий мақсаднинг иккинчи планга тушиб қолиши бор фазилатларни кўмиб кетади. Олтин қоида - ҳаракатлар муштараклиги, воқеалар бирлиги бузилади. Бунинг устига хотима арафасида бошланувчи алғов-далғовлар суръатига ақл бовар қилмайди.
Образларнинг табиий, дилтортар чиқмаганлигига сабаб ҳаракатлар, хаёллар, туйғулардаги сунъийлик ва мавзу тақозасига номувофиқ пинҳонийликдир. Жамол шеърият шайдоларини унчалик хушламайди, уларни ўйлаб ичидан ғижинади. ўша заҳоти ўзининг хаёлида шеърий образ гавдаланади: «гугуртчўпнинг қорайиб қолган салласигами, калласигами» қараб, ҳатто «мартабаси улуғ танқидчиларимиз гугуртчўп ҳақида олти ойми, бир йилми» талашиб-тортишганини эслайди. Муаллиф Жамолни ҳадеб адабиёт билан учраштираверади. Бунга эса ниҳоятда жўн, ишончсиз вазиятлар топади. Немис сайёҳ қўйнидан харита (таъкидлар бизники – Т.Ш.) чиқаради, сайёҳда С. Сайиднинг ўзи дастхат ёзиб берган «Руҳим харитаси» китоби ҳам бор экан. Айрончи бола «Айро ҳам тушдик баъзан...»ни авж пардаларда куйлаб юборади. Бепарда аския қилувчи айронфуруш Хайри («ўн олтидан ўтган, ўн еттига етган дўндиқ қиз») тасвирланар экан, баъзи ўқувчи қизнинг «Хайр энди»ни куйлашини олдиндан кутса ажаб эмас. Бир йўловчининг «ўтган кунлар»дан салмоқли улушни ролга кириб ёд айтиши ҳам, «Сен баҳорни соғинмадингми?», «Қайдаки сен бор, бор - қамар на даркор, кор...» сингари қўшиқлар парчалари ҳам қиссага зўраки кириб келади.
Нормурод Норқобиловнинг «Тўқнашув» қиссаси қолипловчи воқеа ичида қаҳрамонларнинг идрок-мушоҳадасига диққатни тортади. Тоғбеги Тоғай писта юлиб юрган Шодиёрни қўриқхонадан қувади. Болаларини тоғ неъматларидан келтириб пуллашга ўргатган Мамат қассоб ғазаб ила уч ўғли ёнида Тоғайнинг уйи сари йўл олади. Ёзувчи тоғда бошланган жанжалдан кейин то навбатдаги тўқнашув содир бўлишига қадар ўз қаҳрамонларини «тадқиқ» этади. «Тоғайнинг ялиниб-ёлворишига қарамай, елкасини боплаб ишқаймиз», дея бостириб келаётган Мамат қассобнинг, турли хаёлларга бориб тўқнашув тадоригини кўраётган Тоғайнинг феъл-атвори шу оралиқда очилади. Бу усул ва бош воқеа ечими (Мамат ҳамда ўғилларининг кўпчилик қаршилигига учраб, мағлуб қайтиши) ўзини оқлаган. Услуб ҳам равон, қизиқтирарли. Фақат икки нуқсон кўзга ташланади. Биринчидан, воқеа табиат борасидаги ташвишимиз,фожиамиз, ёвузлигимизнинг бугунги кескинлиги даражасига кўтарилмайди, одатий, осон кечган келишмовчиликнинг чиройли ифодаси бўлиб қолади. Иккинчидан. Бошқа образлар асосан Мамат ва Тоғай кечинмалари орқали асарда қатнашади. Бу – мақбул усул. Аммо уларнинг ҳеч бири жанр тақозасига лойиқ тўла шаклланиб улгирмайди. «Тўқнашув»ни ҳикоя дегингиз келади.
Шунга ўхшаш хулосалар Исажон Султоновнинг «Муножот» асари мутолаасидан сўнг пайдо бўлади. Воқеий йўналиши, образларнинг иштирок кўлами, шакл – мантиғига биноан у фақат ҳикоя талабларига жавоб беради. Бадиияти бор. И. Султоновнинг инсон омилини ўзига хос овозда ифодаламоққа, ҳаётий тимсол ва ташбеҳлар қўлламоққа интилиши сезилади. ўариб исмли боланинг руҳий ривожи, камолотини баъзан нотабиий (китобий) чизади, ишончсиз ёлғонларни аралаштиради. Асарнинг мавжуд мазмунини чуқурлаштириш, кенгайтириш, қолган персонажлар тасвирини фаоллаштириш, ўарибни болалик йўриқларининг, реал турмушнинг таъсирларидан бунчалик узиб юбормаслик зарур эди. Шундагина ғаройиб қалб ва ақл эгасининг гўзал ҳиссиёти ҳамда аччиқ қисмати таассуроти шуурларнинг уфқларигача бориб етарди.
Хуллас, насримиз ғоявий-бадиий савияси турлича бўлган қиссаларга беҳад бой. Уларнинг сафи тинимсиз кенгайиб бораверади. Камчиликлар, нуқсонлар-ку шунга яраша. Аммо муваффақият-чи? Бу ҳақда сўзламоқ мавриди камдан-кам насиб бўлади. Қиссачилигимиз ҳар қанча сийқа, хира, ўртамиёна миқдорни буткул кўмиб кетадиган намуналарга чанқоқ, интизор. ўз-ўзидан равшанки, бундай жараённи бошдан ўтказаётган жабҳанинг заҳматли сўқмоқларида ўртоқлашмоқ учун муаммолар беҳисоб қатор туради. Уларни ҳал қилмоқ ҳам фарз, ҳам қарздир. Танқидчиликка янада фаоллик керак. Яхши асарларни мақтаб, бўшлари хусусида лом-мим демаган адабий танқид эса ноҳақликни кўра-била туриб ўзини панага олиб қочган одамга ўхшайди.
Қисса ўқиб чиқиб қониқиш ҳосил қилмадингизми, сабаблари кўпинча муаллифдаги ҳаёт масалаларини муфассал билмаслик, маҳоратсизлик, тажрибасизлик, адабий-назарий қарашларда нўноқлик бўлиб чиқади. Гоҳ одам ақлу идроки осонгина қамраб оладиган, ошиқча ёки кемтик лавҳаси бўлмаган, бир нафасда ўқилувчи сюжет билан танишасиз, бироқ муддаонинг тор қолипдалиги, халқона, миллий, маданий, маърифий муаммоларга қараганда сустлиги панд беради. Гоҳо жуда долзарб фикрли қиссада тасвир саёзлиги ёки чўзиқлигини, ҳаракатлар сохталиги ёки тарқоқлигини кўриб ачинасиз. Яна баъзан услубий тақлид, ишончсиз хотималар, атайлаб тўқилган бачкана эҳтирослар ғашингизга тегади. Ҳақли эътироз уйғотувчи бундайин ҳолатларнинг ҳаммаси (улар асарнинг қайси жиҳати ёки жойида учрамасин) умумий жозибанинг, ғоя-ечимларнинг ҳаяжон қудратига путур етказади. Аҳён-аҳёнда эса...
Аҳён-аҳёнда сўлим, баркамол бир асар хонангизга кириб келади, нигоҳларингиз қаршисида туради. Муъжизакорлиги бамисоли сеҳрлайди. Саҳифалар мобайнида ундаги ҳаётнинг узвий бир гувоҳига, қатнашчисига айланасиз. Қаҳрамонлари умрингизнинг бир бўлаги бўлиб туюлади. Асарни ўзингиз ёзгандек қувонасиз. Кутилганми–кутилмаган, шафқатлими-шафқатсиз, аёнми-ноаён бадиий ечимлардан кейин ҳам китобни ёпгингиз келмайди. Саҳифалар Сиз билан хайрлашади, Сиз хайрлашмайсиз. Фикран қиссаларнинг ҳиссалари, моҳиятини қайта-қайта кашф этиб яшайсиз...
Тоҳир Шермуродов