Энди одамларга китоб олмоқ, китоб олдириш мушкул бўлаётир. Муайян тоифага иқтисодий аҳвол етарли йўл бермаётган бўлса, баъзилар китоб дунё саодатига элтувчи восита эканини тушингиси йўқ... Мутолаадан узоқлашув сабабларининг барчасини аниқламоқ, улардан сақланмоқ, адаштирувчи китоблардан асранмоқ, шу тариқа тўғри китобхонликка, ялпи ва қизғин китобсеварликка эришмоқ миллат равнақининг жуда муҳим шартидир. Таназзулга боғча ёки мактаб, оила ёки муҳит, видео ёки телевизор, тарғибот ёки адабиётнинг ўзи сабабкор деб, муаммони қайсидир жабҳага ағдариш билан ҳам иш битмайди. Бу борада уларнинг ҳар бирида миллий-маърифий ислоҳот ва тузатиш эҳтиёжи мавжуд.
Истаймизми-йуқми, янгича, баркамол, замонавий бадиий намуналар - нафосат туйғусининг доимий ҳаётий тақозоси. Истаймизми-йўқми, ҳодиса даражасига кўтарила борадиган ижодлари, асарлари камчил адабиётда ўртамиёначилик авж олади. Бир текис тавсия ҳам дидни ўстиришга халал бериши мумкин. Саралаб ўқишдек заковатга хос мақбул одат бор. Мутолаа машқини теран эгаллаганларда эса саралаб ўқиш бўйича маслаҳатга унчалик эҳтиёж йўқ. Улар замонавий адабиётдан «илинж» тополмаган кезлари классикани такрор ўқийверишади.
Нуқул саёз адабиётга ошно бўлишлик бора-бора иштиёқни совутади. Сўз санъатидан, у ҳақдаги оқилона қарашлардан йироқлик эса уни менсимасликка олиб келади. Ҳаттоки, ёшларнинг бузилишига, адашишига туртки бўладиган романлар, қиссалар, ҳикоялар, китоблар борлигидан кўз юмиб бўладими? Йўқ! Мустабид тузум даврида улар «жаҳон адабиёти» ниқоби остида, яхши сўз санъати намуналари пинжида жамиятимизга «ташриф буюрган». Эндиликда уларнинг сон-саноғига етиб бўлмай қолди. Номашҳурларини қўя турайлик, ёстиқдай «Декамерон»нинг шаҳвоният тасвири ундаги ҳар қандай «классик» аҳамиятни чилпарчин қилади. Ноширларимизнинг шуҳрат ва маблағ илинжида бир талай ножўя китобларни чоп этиб юборганлари сир эмас. Исломий иймон-эътиқод, мўъминлик, мусулмонлик, қолаверса, ўзбекона миллий ғурур нуқтаи назаридан бундай асарларга муносабатни чуқур ўйлаб белгилаш керак.
Юксак маънавият, баркамол маърифийлик мақсади, мустақил ватанимизда улуғвор сиёсат даражасига кўтарилса ва давлат тарафидан қўллаб-қувватланса-ю, қайсидир зиёкор масканлар бу эзгу интилишга халақит берувчи ноқисликлардан тийилмаса, тўғри бўладими? Демак, гап шунчаки китобхонлик тўғрисидагина эмас, мутолаа маданияти, унинг ички моҳияти атрофида бўлиши ҳам зарур.
«Ишонч» газетасининг китобхонлик борасидаги долзарб баҳсида жиддий, асосли фикр-мулоҳазалари билан қатнашган профессор Норбой Худойберганов масалани ўқиш, ўқитиш, ҳатто уқиш тарзидагина эмас, «... идрок этилган билимларни ҳаётга, амалиётга тадбиқ этиб, улардан баракали мевалар ундириш ва тараққиётни таъминлаш («Ишонч», 1997 йилнинг 12 апрель,) қабилида қўядики, бу бағоят муҳимдир. Шунингдек, «мутолаа сабоқлари ҳақида гапирганда, фақат бадиий адабиётлар тўғрисида эмас, умуман китобхонлик ҳақида фикр юритган маъқул»лигини таъкидлайди Норбой Худойберганов. Ҳа, баҳсда масалани хоҳ бадиий адабиёт, хоҳ умуман китобхонлик нуқтаи назаридан кузатмайлик, гап нималарга, қанчалик, нечоғлик таяниш мумкинлигида, алҳосил, қандай натижаларни кўзламоқдадир.
Шундай экан, мутолаа санъатининг азалий ибратли жиҳатларини, ўзига хос мезон ва тамойилларини эсдан чиқармаслик фойдалидир. Айниқса, оилавий мутолааси кучли бўлмиш қадим шарқ халқларида китоб танлаш, саралаш, улардан тарбияда баҳрамандлик назокатли кечган. Оила – ижодкорлар учун ҳам асарларнинг қиммати белгиланадиган имтиҳонлардан бири бўлган. Давримиз насрида Абдулла Қодирийнинг икки тарихий рамани ана шундай нафис мажлисларга дадил кириб бора олган. Ваҳоланки, ҳар қандайин асарни жамоат бўлиб (алоҳида ҳолда ҳам) такрор-такрор ўғиб бўлавермаслиги аён.
Асрлар бўйи энг буюк мўъжиза - Қуръони Карим, ҳадиси шарифнинг таҳсили оилалар аъмоли ва маънавий муддаоси бўлиб келгани, саодатли самаралар бергани сир эмас. Халқ оғзаки ижоди, бадиий дидактик асарлар, «Алпомиш», «Гўрўғли», «Тоҳир ва Зуҳра», «Шоҳсанам ва ғариб», «Чор дарвеш» каби достонлар оилавий давралар имтиҳонидан баралла ўтиб келган. Айни чоқда яссавийхонлик, навоийхонлик, бедилхонлик сингари забардаст тушунчалар оила маънавиятини асло тарк этмаган.
Бу фикрлардан Яна бир ишорат шундаки, талай яхши истеъдод соҳибларида, адабиёт яратиши мумкинлиги кутиладиган ижодкорлар асарларида ҳам ҳануз умуминсоний бадиият қонунларини, мезонларини етарли идрок этмаслик, муҳимни номуҳимдан етарли фарқлай олмаслик сезилади. Бўш, саёз, ўртамиёна асарларнинг кўпайиши мутолаачилар дидини пасайтириб юборади. Кўпларда иштиёқни сўндиради. Хом китоблар адабиёт эмас, бироқ шуни адабиёт тушуниб, сўз санъатини менсимаслар пайдо бўлиши турган гап.
Дарҳақиқат, истеъдодсизлар томонидан ёзилган, меҳнати юзаки бўлган китоблар, қўшиқчиликни ўзига «сотиб олаётган» хашаки, сийқа, беҳаё шеърлар ҳеч қачон сўз санъати бўла олмайди. Адабиёт олами талаби бизнинг иродамизсиз ҳам вақти келиб уларни ўз тарихий йўлидан итқитиб ташлайди. Демакки, гап кўпинча оммавий, оилавий мутолаага, умуман яйраб-завқланиб ўқиш эҳтиёжига муносиб замонавий асарларнинг ниҳоятда камлигида ҳамдир.
Бадиий адабиёт мутолаасининг сустлашиб кетишига сабабкор яна бир муаммолар туркуми - маорифимизда бу соҳанинг ўқитилиш жараёнига бориб тақалади. Мустақил мамлакат бўлиб, шунча йилдан бери истиқлол имкониятлари ичида яшаётганимизга қарамай, маориф маъмурчиликлари мактаб, боғча, олий ўқув юртлари фанлар тизими ва уларни ўқитиш меъёрини янада тўғри белгилашни ўйлаб кўрмайдилар. Жаҳоннинг қатор ривожланган мамлакатларида мактабдан кейинги барча ўқув юртларида Ватан тарихи, она тили, бинобарин, адабиётини ўрганиш давом эттирилади. Мактабларда ва филологик тизимдаги ўқув йуналишларида адабиётга оид фанлар соатларини кўриб чиқиб, мақсадга тўла мувофиқлаштириш зарур. Ватан адабиёти тарихини республиканинг барча нофилологик ва бошқа тилда ўқитиладиган факультетларида ҳам маълум даражада ўрганишни жорий этиш хайрлидир.
Хуллас, китобга муносабат турли замонларда турлича бўлгани сингари унинг муаммоларини ҳам даврнинг ўзи юзага чиқаради. Бугунги куннинг бу жабҳаси вазифаларини оқилона бажармоқ ҳам шу давр аҳли зиммасида. Масала бевосита наслимиз камолотига даҳлдорлиги туфайли лоқайдликка, ҳаракатсизликка йўл қўйиб бўлмайди. Шу маъноларда «Ишонч»нинг баҳси бежиз эмас. Ҳукумат ва Президентнинг маънавият-маърифатга жиддий эътибори муаммолар қошида жимжитликнинг ҳукм суришидан қутилишга чақириши, умуман, китобхонликнинг аллақачон сезилиб қолган муаммосига газета ташаббуси ҳамоҳанг. Албатта, китобхонлик, бадиий адабиёт мутолааси билан боғлиқ бошқа оғриқ нуқталар, вазифалар яна борлигига шубҳа йўқ. Аммо баҳсларда англанаётган етакчи ғоя-хулосаларнинг Ҳзиёқ оммавий китобсеварлик сари ҳаракатнинг миллатда юксак маданият, юксак санъат даражасига кўтарилмоғини орзуламоқнинг ўзи шарафли ва шарофатлидир.
«Ишонч» газетаси, 1997 йил, 7 июнь