Маълумки, жамиятларнинг маънавий янгиланиши жараёнида адабиётнинг аҳамияти катта. Шу маънода ҳозирги замон ўзбек адабиётининг энг ечимталаб муаммоларига алоҳида эътибор қаратмоқ мақсадга мувофиқдир.
Миллий сўз санъати қандай қолип, андоза ва қоидалардан қутулмоғи керак эди? Истиқлол йилларида у бундай покланиш муддаосига қанчалик даражада эришди? Айни йўналишда унинг яна қандай долзарб вазифалари мавжуд? Ҳеч кимга сир эмаски, адабиётимиз собиқ тузум шароитида бошқа ватандош миллий адабиётлар сингари маълум ютуқлар қаторида кўп ютқизиқларни ҳам ўз бошидан кечирди. Айниқса, 30-йиллардан бошлаб расмий, сиёсий тус олган «социалистик реализм» ижодий методи адабиёт фаолиятини қатъий белгиланган қоидаларга бўйсундириб қўйди. Сиртдан қараганда, бу йўл-йўриқ ижодкорнинг эркини чеклаб ва бўғиб қўймайдигандек кўринади. Аммо унинг қоидалари моҳияти умуминсоний қадриятларга, ижоднинг табиий қонуниятларига бир қадар зид эди. Номи англатиб турганидек, социалистик реализм ҳаётни инъикос этиш санъатининг «социалистик» кўринишинигина тан олди. Турмушни ҳамма вақт инқилобий тараққиётда, социалистик идеалларнинг ғолиблиги негизида кўрсатишни вазифа қилиб қўйди. Бошқача ижтимоий-сиёсий тузумдаги мамлакатлар йўлини, жумладан, улар маданияти ва санъати намуналарини кўпинча холис эътироф этмади.
Оқибатда қатор беш йилликлар мобайнида адабиёт зуғумкор мафкуранинг дастагига айланиб қолди. Узоқ вақт ўзининг асл илдизларидан, усул-услубларидан йироқлашиб, шўро давлатининг адабиёти сифатида ривожланди. У ўз қадимидан, хусусан, ўзининг маданий-маърифий тарихидаги анъаналардан анча узилиб ижод қилди.
Мустабид тузумда ҳар қандай воқеа-ҳодисага инқилобий манфаат, синфийлик, партиявийлик нуқтаи назаридан қаралар эди. Бу эса фақат мавжуд жамиятнинг тутган йўлинигина тан олишдек омонат кўникмани пайдо қилди. Адабиёт тузумни мадҳ этишни асосий ғоявий-бадиий мақсад даражасига кўтарди. Мафкуранинг чизган чизиғидан сира чиқа олмади, тасвирида даҳриёна қарашлар устиворлик қилди. Адабиётда турмушни асосан оқ ва қора бўёқларга ажратиб ифодалаш, ўтмиш билан социалистик воқеликни бир-бирига қарама-қарши қўйиш мотивлари, яъни бирёқламалик жуда узоқ давом этди. Бундай иллатлар ҳар ижодда ҳар хил маромда намоён бўлса-да, бир қатор умумий салбий оқибатларга олиб келди. Назмда, насрда, драматургияда махсус доҳийномалар, сохта асарлар яратиш одати авж олди. Ёмон томони шундаки, маълум даражада олис келажакни кўришга ҳам масъул бўлган сўз санъати аксарият ҳолларда дунёни тор ва маҳдуд дунёқараш билан кузатди. ўткинчи ғоявий талабларни бирламчи мақсад билганликлари сабабли кўп адибларимиз борлиқни фалсафий идрок этишдан, ҳаётни рўй-рост акс эттиришдан, бадииятни мукаммалаштиришдан узоқда бўлдилар.
ўта ижтимоий, мажбурий ва юқумли экани боис мазкур иллатлар ўша даврнинг ҳеч қайси авлод қаламкашини бетараф қолдиргани йўқ. Асримиз қарийб 90-йилларни қоралагунга қадар қатъий қолип ва чекловчи қоидаларга деярли путур етмади. Мустақиллик шарофати туфайли талай хато тасаввурларга, бадиий ижодиёт камчиликларига барҳам берилди. Баъзи адиблар маиший ва ижодий фаолиятда адашиб келганини, қандайдир ўткинчи мавзуларга беҳуда берилганини, ҳақ йўлни илғай олмаганини тушуниб етдилар.
Албатта, эндиликда тарихимизнинг бир қисмига айланган адабий кечмиш бирёқлама ва пала-партиш танқидга эмас, балки фалсафий муҳокама воситасида ҳосил қилинажак ҳукм-хулосаларга ҳақли ҳамда муносибдир. Шундай муносабатгина ўтмиш тажрибасидан ҳозирги маънавият учун фойдали сабоқлар чиқармоғимизга, истиқлол даври адабиётининг афзал имконларини, муҳим вазифаларини аниқлашимизга ёрдам беради. ўзбек адабиёти босиб ўтган йўлнинг яхши натижаларини ҳам унутиб қўймаслигимиз, шаклланган самарали анъаналарни давом этдирмоғимиз зарур. Қолаверса, миллий сўз санъатида собиқ муҳитнинг тазйиқлари билан чиқиша олмай яшаган, ижодга юкланмиш зўраки шартларга томон оғиб кетмаган ёзувчи ва шоирлар йўқ эмас. Қодирий, Авлоний, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон, Беҳбудий сингари алломалар асарлари кўп жиҳатдан ибратли. Улар миллат мустақиллигини, туркий халқнинг жипслигини, авлоднинг илму маърифат ва кучли салоҳият билан жаҳоний миқёсларга кўтарилишини орзу қилганлар. Тор миллий қобиқда, жоҳилият ичида қолиб кетиш хавфидан огоҳлантирувчи асарлар ёзганлар.
«Бизнинг бахтсизлигимиз нодонлигимизда, халос, - дейди Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи қаҳрамони, - Миллат уйғонсин, кўзини очсин, билим олсин, маданий миллатлар қаторига кирсин, сўнгра у ҳам ўз давлати, ўз бахти, ўз саодатини қуради... Миллат фарзандларини Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чеккасидаги Америкага юбориб ўқитиш керак...»
Бугунги кунда собиқ тузум адабиётига қай йўсин муносабатларда бўлмоқ масаласи ғоятда муҳимдир. Эҳтиросларга қаттиқ берилиш натижасида баъзан ҳаддан зиёд кескин танқид ва инкорларнинг содир бўлганлиги сир эмас. Бизнингча, бу борада холис ва самимий, фалсафий-эстетик илмий кузатишлар жоиз. Ҳар қандай индивидуал ижод ва унинг намуналари алоҳида адабий, танқидий таҳлил ҳамда талқинни тақозо этиши маълум. Оқилона, холисона назарий-методологик қарашларгина адабиёт тарихини адолатли баҳоловчи умумлашма ҳукм-хулосаларга олиб келади. Шу йўл билан яқин ўтмишимизда бунёд бўлган бадиий асарларни ҳозирги авлодларга бутун ҳаққониятига кўра тақдим этган бўламиз. Улардан баҳрамандлик мезонларини бехато белгилашга эриша оламиз.
Ҳозирги давр адабиёт тақдирида қандай ўзгариш ва янгиликлар учун имконият яратди? Маънавий покланиш жараёнида миллий сўз санъатининг мавқеи нечоғлик? Замонавий адабиёт масалаларини шу йўналишда ўрганмоққа илмий-назарий асослар мавжуд. Негаки, даврнинг чинакам аҳамиятини, қадр-қимматини ҳис этмай туриб, истиқболга тўғри элтувчи вазифаларни аниқ фаҳмлаб бўлмайди. Янги даврнинг тарихий роли адабиёт устидан мафкура ҳукмронлигига чек қўйишдагина эмас. У қадимий эзгу адабий қадриятларни тиклаш учун, ноҳақ ман этилган ижодлар ва асарларни халққа етказмоқ учун ҳам шароитни вужудга келтирди.
Барча соҳалар каби миллий адабиётда эркин янгиланиш имкониятлари вужудга келди. Адабий ислоҳга интилиш илгарилари ҳам маълум даражада рўй берган бўлса-да, кейинги йилларда бу жараён ўзгача мазмун ва аҳамият касб этди. Ислоҳ адабий ижод учун диалектик заруриятдир, бадиий тафаккур тараққиётининг муҳим шартидир. Чин истеъдод эгалари ҳамиша эркли ижодий муҳитни, миллий санъатнинг умуминсоний равнақини орзулашган. Ҳозирги адабиётимиз ислоҳоти тозариш, тузалиш, ўнгланиш маъноларинигина эмас, ҳақгўйлашиш ва юксалиш умидини ҳам ифодалайди.
Янгича поэтик изланишларнинг аломатлари аввало ижодкорларнинг ҳурриятни шодон қаршилашида, кўтаринки кайфият зоҳир этишларида кўринди. Шоирлар руҳиятларнинг покланув фаслига, озод тараққий даврига кирганидан мамнун дарак берди. Бири: «Ростин айтсам, кўксимдаги дилим янги» деса, бошқаси: «Хабар бергин, кўнглим, фалакка — Мен янгича яшай бошладим» дея шодланди. Муайян адабий орзулар рўёбини таъмин этган замондан миннатдорлик туйғуси йирик эпик асарларда ҳам кўзга ташланди. Тоҳир Малик «Шайтанат» қиссасининг муқаддимасида шундай ёзади:
«Ҳаёт турфа ранг. Кўзни яшнатиб, дилга қувват бергувчи чиройли ранглар ҳам, кўнгилни вайрон қилгувчи қора ранг ҳам бор. Авваллари қора рангни ишлатишга бир томондан ижозат, иккинчи томондан журъат йўқ эди. Қоранинг ёнида албатта оқ, пушти, зангори... ранглар бўлиши шарт эди. Замона берган эркинликдан фойдаланиб, турмушимизнинг қора кўчаларига киришга жазм этдим...»
Миллий истиқлол мавзусини ўзбек адабиёти илгари кўп ёритган. Аср бошларида яшаган жадидчилар ижодида бу тушунча улуғвор бир мақсад ва курашчан бир ғоя эканлиги билан характерланади. Ҳар даврнинг адабиёт зиммасига қандайдир тўғри талаблар юклашини худди шу мавзу тадрижида ҳам кўриш мумкин. Истиқлолнинг бадиий талқини ҳозирги ўзбек фасоҳатида 20-йиллардагидек қийинчилик билан ёки зўрма-зўраки пайдо бўлгани йўқ. Бу — миллат ижод аҳлининг ихтиёрий хайрихоҳлиги, рағбат-муҳаббатлари натижаси бўлди. Давр тақозоларини адашмай, айнан мўлжалга олмоқ ҳар доим истеъдод соҳибининг виждон амрига, ақл-заковатига боғлиқдир.
Ботил эътиқод ҳукмронлик қилган иттифоқ муҳитида шеъриятдаги ожизона усулга — маддоҳликка доимий сиёсий мажбуриятлар сабаб бўлган эди. Истиқлол тараннумига оид бугунги аксар асарларда қуруқ мақтовлардан асранишга ҳаракат англаниб туради. Энди кўп ижодкорлар ялтироқ қофия ва сохта гап билан нафосат шайдоларини алдаб бўлмаслигини билишади. «Энди майли, эй, халқим, Қулоқ осма сўзимга, Аммо Истиқлол ҳаққи Боғлиқ фақат ўзингга!» деб ёзади шоир Азим Суюн. ўнлаб шеърларда ҳуррият неъматини эъзозлаш, унга камарбаста бўлиш, миллатлараро ҳамдўстлик, жаҳон миқёсига чиқиш ғоялари ёқимли куйланади.
Ниятларнинг камоли ва ижобати шубҳасиз илм-маърифатга, иймон-диёнатга, хуллас, маънавий юксалишга боғлиқ. Эътиқоди барқарор, халқлари аҳил Ватандан файз-баракот аримайди. Бундай шароитда инсон омили ўзини бунёдкор ҳис қилади, яратувчилик иштиёқи билан яшайди. Истиқлол таровати миллий шеъриятни шу каби янгича нуқтаи назарлар билан бойитди. Шунингдек, Ватан тавсифига бағишланган асарларда туркий халқларнинг қон-қардошлиги, ҳамкор-ҳамқадамлиги етакчи ғоялардан бирига айланди.
ўзбек фасоҳатида давр шарофати туфайли рўёбга чиққан янгича мавзулар, ўзига хос ифодалар, ғоявий-бадиий усуллар кўлами кенг. ўзгаришни турли адабий жанрлар ичида кузатиш ва диққатга сазовор мисолларга дуч келиш мумкин. Қандай ният ва қамров билан ўрганилганда ҳам, адабиётимизнинг талай хато қоидалардан тузалганлигига, жозибадор асарлар яратишга интилаётганига ишонч пайдо бўлади. Бироқ булар авлоднинг маънавий камолотига масъул бу соҳадан тўла қаноатланиш ҳиссини ҳосил қилмайди. Қаршимизда талай вазифалар, муаммолар кўндаланг турганлиги аён бўлади.
Бугунги ўзбек адабиёти, адабий-назарий таълимот, тарғибот жабҳалари қандай муҳим масалалар ечимига эътибор қаратмоғи лозим? Шу нуқтаи назардан масаланинг айрим жиҳатларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир:
- Миллий воқелик «муҳри»сиз адабиётдаги ҳеч бир доимий мавзу ўзининг бадиий ифодасига эга бўла олмайди. Муваффақиятнинг дастлабки омили жамиятнинг илғор тафаккурига адабиётнинг қанчалик уйғунлигидадир. Равшан миллий ҳақиқатларни, маънавиятимизнинг хилма-хил муаммо ва манзараларини умуминсоний пафосларда акс эттирувчи бадиий намуналар кам. Қатор ёзувчилар ҳамон майда ва нокерак, саёз ва такрорий ифодалар доирасида ўралашиб қолаётирлар. Айниқса ҳозирги пайтда кўп асарлар шошма-шошарлик билан эълон қилинмоқда. Асарларни экранлаштириш, намойиш қилишга интилиш жараёни ҳам шу тариқа кечаётир. Баъзи ижодларда хорижий адабиётларга тақлид кучайган. Бу каби камчиликларни ҳатто оддий китобхонлар осонгина фаҳмлашмоқда. Айни ҳолатлар бир тарафдан муҳокамаларнинг йўқлигидандир. Дид-тасаввурни хиралаштирувчи, тор-сиқиқ мушоҳадага кўниктирувчи ва кишига маънавий янгилик бермайдиган асарлар сўз санъатини юзаки тушунишга ўргатиб қўяди. Ёзувчилар уюшмаси қизғин баҳслар ва муҳокамалар ташкил этиши, долзарб масалаларга доир адабий-танқидий чиқишларни ривожлантириши зарур.
- Адабиётшунослик ва адабий танқидчиликнинг замонавий адабиёт борасидаги фаолияти жуда суст. Уларда тор фикрлаш, бирёқлама баҳолаш, эски ёки номуҳим масалалар атрофида мунозара қўзғаш ҳолатлари кўп учрайди. Адабиётнинг ғоявийлик даражасини тамоман инкор этиш, унинг санъат эканлигинигина тан олиш ёхуд давр талабларига менсимай қарашлик сингари кайфиятлар олдинги асрларда ҳам бўлган. Лекин ҳеч қачон ўзини оқламаган. Бизнингча, адабиёт илми соҳанинг юксалишига яқиндан кўмак берадиган чуқур назарий, методологик муаммоларга жиддий эътибор қаратиши керак. Дарҳақиқат, миллий сўз санъатининг янгиланиш жараёни ҳам, авлодларнинг маънавий баркамоллиги учун ҳаракат жараёни ҳам хилма-хил теран тадқиқотлар оқимини тақозо этади.
- Бадиий адабиёт нечоғлик санъат саналмасин, инсонга қанчалик завқ-шавқ улашмасин, у ҳамиша ахлоқий тарбия воситаси ҳамдир. Чўлпоннинг «Адабиёт надир?» мақоласидаги таърифни эслайлик: «Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган, мажруҳ ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдурган, ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладурган, чанг ва тупроқлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдурғон булоқ суви бўлганликдан бизга ғоят керакдур».
Таассуфки, бу ёрқин ҳақиқатни барча ижодкорлар ҳам етарли идрок этавермайди. Натижада хилма-хил саёз, ножўя тасвирлар пайдо бўлади. Мумтоз шеърият ишқ-муҳаббат бобида ибратли анъаналарга эга бўлган. Масалан, унда ишқ туйғусининг маъно кўлами кенг. Бу маънолар кўпинча уйғун бир тарзда ифодаланган. Собиқ тузум адабиётида юзаки, нотавон, беибо ошиқлик шеърияти ҳам вужудга келди. Насрий асарларга ҳаёсиз эпизодлар киритиш одат тусини олди. Бундай тасвирларга берилишнинг сабаблари кўп. Ҳозирги ижодларда масалага ҳар хил қарашлар кўзга ташланади. Бир туркум иқтидори баланд шоирлар иймонга хос ҳисларни, илоҳий севгини, ҳаё билан йўғрилган дунёвий муҳаббатни кўпчиликка манзур тарзда акс эттираётир. Сўз санъатининг мантиқий сирларидан бехабар бир тоифа шоирлар сийқа ёзиш билан ёки айтилган фикрларни ўзгача кўринишларда ифодалаш билан оворадирлар. Шеърият деган номга даъвогар ўнлаб бошқа қофиябозлар эса бепарда, ибосиз қўшиқлар тўқишмоқда. Айниқса шу ҳол ёш авлоднинг маънавий савиясига жиддий хавф солмоқда. Бу борада муайян тартиб-интизом, танқид, муҳокама, назорат жоиздир. Яхшиланишнинг оқилона тадбирларини, усулларини топиш ва уларга умумий равишда амал қилиш миллий адабиёт ривожига фақат фойда келтиради. Гап инсонни ҳақ йўлдан чалғитувчи талқинларнинг миллий дунёқарашимизга номувофиқлигидагина эмас. Умуминсоний идрок нуқтаи назаридан қараганда ҳам, тарбияни бузувчи, ёмон оқибатларга элтувчи ҳар қандай тасвир дарров сезилмайдиган хатардир. Маънавий тарбия жараёни бундан маълум огоҳликни тақозо этади.
- Болалар адабиёти замон талабларидан анча орқада. ўқитувчилар ва ота-оналар ёш ўқувчиларга тавсия этмоқ учун китоб тополмай қолишади. Олдинги кўпчилик роман, қисса, ҳикоялар эскирди. Янгилари аҳён-аҳёнда чиқади. Ёш авлоднинг бугунги маънавий эҳтиёжига жавоб бера оладиган, турли ёшдаги фарзандларимизга мўлжалланган, мавзулари ранг-баранг китоблар яратиш миллий адабиётнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Худойберди Тўхтабоев ва яна бир неча носирларнинг аввал ёзилган нисбатан яхши китобларини маълум тузатишлар билан қайта нашр этмоқ мумкин. Болалар шеърияти, насри, драматургиясини тараққий эттириш мақсадида муайян тадбирлар ишлаб чиқиш фойдадан холи эмас. Бу йўналишдаги адабий намуналарнинг чоп этилишини кенг йўлга қўйиш, нашрларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
- Мактаб ҳамда Олий ўқув юртларида адабиёт ўқитилишини тубдан яхшилаш жоиз. Мактаб дарсликларининг баъзилари шошилинч ёзилган ва нашр сифати ҳам яхши эмас. Айрим синфларда адабиёт дарслари ҳалигача мажмуаларнинг ўзига таянилган ҳолда ўқитилмоқда. Дарсликлар кетма-кетлигида осондан мураккабга томон бориш тамойилига тўлиқ амал қилинган деб бўлмайди. Ҳозирги кунда мактаб адабиёт дарсликларини янгилаш бўйича маълум тажрибалар ҳосил бўлди. Фикр-мулоҳазалар, таклиф-хулосалар кўпайди. Мутахассис олимлар ва тажрибали ўқитувчиларнинг маслаҳатларини инобатга олиб, намунали дарсликлар, қўлланмалар туркумини яратмоқ керак. Олий ўқув юртларининг бевосита адабиёт предметлари ўрганиладиган жабҳаларида мазкур муаммо янада жиддий. Филология факультетларида ўнга яқин адабиёт фанлари ўқитилади. Аксарияти бўйича янги дарслик мутлақо йўқ. ўзбек адабиёти тарихи, ҳозирги замон адабиёти, адабиётшуносликка кириш, адабиёт назарияси сингари фанларни ўқитишда бундан узоқ йиллар бурун ёзилган дарсликлардан фойдаланилмоқда. Мазкур аҳвол тегишли вазирликлар, илмий муассасалар, Ёзувчилар Уюшмаси, етакчи Олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ўрганилиши ва тузатилмоғи лозимдир.
- Қатор ривожланган мамлакатларнинг барча ўқув юртларида ўз Ватанларининг тили, тарихи, адабиёти бирдек умумий ўрганилади. Бизда нофилологик факультетлар ва нопедагогик олий ўқув юртларида адабиёт деярли ўқитилмайди. Бу эса турли соҳалардаги мутахассисларнинг ғоявий-эстетик савияси ва нутқий маданияти ғализлигига сабабкор ҳолатлардандир. Келажакда адабиётни барча ўқув юртларида қисман ўрганишни режалаштириш мақсадга мувофиқдир.
- Ҳаётимизнинг турли жабҳаларида жаҳон миқёсларига ва мезонларига мўлжалланиб фаолият қилишнинг натижалари юзага чиқмоқда. Адабий жараёнда, хусусан, адабиёт илми ва адабий тарғиботда ҳам улкан вазифалар кўп. Жаҳон адабиёти, туркий халқлар адабиёти каби туркум китоблар, дарслик ва қўлланмалар яратмоқ эҳтиёжи бор. ўзга халқларнинг ибратли замонавий адабиёт янгиликларини, ўзбек бадииятининг яхши намуналарини бошқа тилларга тартибли таржима қилиш ишларини ривожлантириш керак. Адабий алоқалар бўйича турли халқаро маданий-маърифий тадбирлар уюштириш, шунга мўлжалланган мутахассислар етиштириб чиқариш даврнинг долзарб талабларидандир. Шундай муаммоларни ҳал этиш янги авлодларимизнинг маънавий камолотига ёрдам беради.
Шарқона анъаналар билан етук умуминсоний қадриятлар уйғунлиги асосида янгиланиш адабиётимизнинг тўғри ва ўзини оқлайдиган йўлидир. Мақбул интилишларгина адабиётни юксалтиради ва унинг тарғиботи авлодлар маънавий комиллигига хизмат қилади. Давримиз ижод аҳлидан, олимлар ва мураббийлардан чуқур идрок, ёрқин ақл-заковат, шижоат ва катта салоҳиятни талаб этаётир. Истиқлол аталмиш неъматнинг масъулияти шундай жиддий ва залворли бўлиши табиийдир.
«Мустақиллик ва ижтимоий тараққиёт». Илмий ишлар тўплами. Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёти, 1998 йил.