(адабий-назарий тааммул)
Бахши бўлсанг – сўз ичра
Коринг бўлади, болам.
Айтганинг ҳар ёлғон сўз
Доринг бўлади, болам.
Усмон Азим
Дунёдаги ҳар қайси тилнинг минглаб холис, беозор сўзлари бор. Ва яна ҳиссий бўёғи салбий, ҳиссий бўёғи ижобий сўзи керагича кўп. Сўзларда белги-хусусиятнинг даражаси, маънавий қувватнинг салмоғи қай ҳолатда бўлмасин, инсон омилисиз улар на яхшилик содир қилади ва на ёмонлик. Ҳамма гап сўзларни саралаб, жамоалаб муомалага киритувчида, қўлловчидадир. Шунингдек, уларни тингловчидадир.
Инсон ботинида доимий фикрий ҳаракат бўлиб яшаётган каломлар олами - Аллоҳнинг чексиз ва шомил илмидагина маълум, ўзга ҳаммага номаълум бир ғайбиёт. Одам моҳиятида мужассам айни латийф, ғайбий жараён токи ташқарига (зоҳирга) чиқмагунча ҳали амал, воқелик эмас. Аллоҳ таоло Ўз илмидаги билан эмас, юзага чиқарганимиз ҳодисот, амаллар бўйича ҳисоб-китоб қилади. Амаллар эса қалбларнинг тақозосига биноан намоён бўлади. Навоий айтганидек, «Кўнгул ҳолати сўз дегач билгурур». Ҳар нарсада синов бор ва ҳамма синов инсоннинг ўз таркибида, муҳитида мужассам. Тил, нутқ, баён неъматлари инсоният учун улкан илоҳий синовлар, бахтга, бахтсизликка элтувчи имконлардир.
Жисмоний ва маънавий фаолиятларнинг жамийки кўринишлари алоқа, муносабатларнинг беназир воситаси - тил билан турли даражаларда зийнатланган. Бу беминнат неъмат инсон зотига хослик қилиб берилган. Ундан баҳрамандликнинг йўл-йўриқ, меъёр-мезонлари кўрсатилган. Аллоҳнинг тавсия, кўрсатма ва ўгитлари ҳаётий ўлчовимиздаги тавсия, кўрсатма, ўгитлар бўлмай, балки илоҳий амрлар, ҳукмлардир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Балад» сурасида дейди:
«Биз унга икки кўзни (8-оят). Ва тилни ва икки лабни бермадикми? (9-оят) Ва Биз уни икки йўлга йўллаб қўймадикми? (10-оят)».
Яратганнинг Ўзи ҳар бирини алоҳидалаб зикр қилган дақиқ неъматларнинг номлари ўзларида моддий, маънавий маъноларнинг барчасини тасарруф этган. Мазкур неъматлар васфию шукронасини, ояти Карималарнинг ҳикмату тафсирини айтиб адо қилиб бўлмайди. Зотан, Аллоҳнинг сўзлари ҳамма замону маконларда мислсиз қудратли, ҳар қачон ва ҳар қаерда тамом ожиз қолдиргувчидир. Кўриш ҳамда гапириш қай йўсин бўлмоғи шарт? «Икки йўл»дан мурод нимадир? Ва улардан қай бири ҳақ йўл? Йўллаб қўйилганлик ҳикмати нима?..
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дебдурлар: Аллоҳ таоло айтади: «Эй, Одам боласи! Мен сенга саноғига етмайдиган ва шукрига тоқатинг келмайдиган улкан неъматларни бердим. Сенга берган неъматларимдан бири - кўриш учун икки кўзни берганим, шу билан бирга, икковини ёпадиган қовоқ ҳам бердим. Икки кўзинг билан мен ҳалол қилган нарсаларни кўр. Агар мен ҳаром қилган нарсаларга кўзинг тушиб қолса, пардасини, қовоқларингни ёп. Мен сенга тил бердим ва унга ғилоф ҳам қилиб қўйдим. Мен амр қилган нарсаларни гапир. Агар мен ҳаром қилган нарсалар ориз бўлса, тилингни тий… Эй, Одам боласи! Менинг азобимга чидамайсан ва менинг ўч олишимга тоқат қилолмайсан» (Ҳадиси Қудсийдан).
Ёлғонни эмас, ҳақиқатни, яхши, рўй-рост сўзларни гапириш, акс ҳолда, сукут сақлаш исломиятда улкан ахлоқий-нафсоний, руҳий-маънавий қоидалардан. Ҳақ таълимотлар, хусусан, «Руҳий тарбия илми»да нутқий одоб, меъёр, масъулият масалалари ўта нозик жиҳатларигача ўрганилади. Аҳли солиҳлар, исломий ахлоқ соҳиблари бу бобда катта тарихий ибратлар меросига ҳам эгадирлар.
Ёмон сўзлилик куфр келтирган, турфа нарсаларни илоҳ санаган ва туғёнга кетган кимсалар, мутаккаббир, ғийбатчи, мунофиқ, масхарачи, ширкчи ва товламачи сингари тафаккурини фасод босган тоифаларга хос хусусиятдир. Улар ёмонлиги ботил ва ёлғон ила қуршалган. Бу амаллар ўзларига зийнатли қилинган ва улар тек қўйилган. Ҳолбуки, бутун башариятга ҳақ сўзларни айтиш, ботил, ёлғон сўзлардан қайтиш буюрилган. Яхшиларнинг Аллоҳ фирқасидан, ёмонларнинг шайтон фирқасидан эканлиги айтилган.
Дунёнинг бор моддий, маиший, ахлоқий, маънавий, иқтисодий, руҳоний масалалари сирасида ҳидоят ва залолат, ҳалол ва ҳаром, исроф ва тежам, ҳақ ва ботил, яхши ва ёмон, рост ва ёлғон каби қарама-қарши тушунчаларнинг ҳақ тавсифларини «Фурқон» («фарқловчи», «ажратувчи») деб сифатланмиш Қуръони Карим, Суннати шариф, улар асосидаги фурқону васатий (ўрта, тўғри, мўътадил, адолатли, энг яхши, мувозанат) шариат таълимотлари баён қилади.
«Ёлғон» - моҳиятан сертаркиб, кўп маъноли сўз. Гарчанд салбий ё ижобий жабҳага оғишмаган, холис, ҳиссий бўёқсиз сўз бўлса-да, бироқ матндан ташқарида турибоқ, шунчаки яккаш талаффуздаёқ у соғлом тафаккур ва соғлом қалбларда раддия туйғусини қўзғай олишга қодир. Кишини дафъатан сергаклантириб, қалбга хиёл ваҳм солишга моҳир.
Ҳолбуки, юқори тараққий топган ўзбек тил илмлари ўз синчков тадқиқлари натижасида «ёлғон»нинг тил минтақасидаги имкониятларини қатъий «жиловлаб» бўлган. Унинг лексик, грамматик мартабасини оқилона ўрнига қўйиб қўйган: «ёлғон» - сифат туркумига дахлдор, синоними унча кўп эмас, отлашишга анча мойил сўз, -чи номли ясовчи қўшимча олса, эҳтиёт бўлингки, ўзидан англашилган иллатни бажариш одати кучли бўлган шахсни англатади: ёлғончи, алдоқчи… Ва ҳоказо.
Ҳолбуки, дийннинг амалий қисмини тартибга солиб турувчи, фиқҳ ва ҳуқуқшунослик илмларини ҳам ўзида уйғун қамровчи қонуншунослик - шариати исломия ёлғонга доир ҳақ ҳукмларини бундан ўн беш аср муқаддам чиқариб бўлган. Шаръий матнларда, яъни оят ва ҳадисларда ёлғончилик масалаларининг зикри кўп келади. Исломнинг бу борадаги таълимотлари ҳам, шубҳасиз, барча даврлар ва диёрларга батамом қувватли ва салоҳиятли.
Ёлғоннинг истилоҳий маънолари, бу маънолар дақиқ қирраларининг шарҳи, ёлғон ҳодисасининг турмушдаги манзаралари, товланишлари, бебошликлари талқини луғавий ва грамматик тадқиқдаги каби осон кечмайди. Негаки, ёмонликнинг ҳамма қутбларида ёлғоннинг ўз баланд мавқеи бор. Айниқса, жоҳилият даврларида у ҳукмрон ботил мафкураларнинг ардоқли тамойили бўлиб яшаган. Одамзотнинг бутун кечмиши мобайнида инсониятга у ёмонликлар қуроли сифатида ҳамқадам. Ишни унинг зиддидан, унга ҳақ муносабатдан бошламаган тарбияю таълим ҳам хавфу хатардан холий эмас. Демакки, ёлғонга ҳаққоний баҳо берувчи, унинг қиёфасини фош этувчи, ундан қайтарувчи, қайсидир жиҳатини мақбулловчи васатий бир таълимот, энг одил аҳком жоиз эди.
Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида инсонга хитобан:
«Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг» (30-оят), дейди.
Бутлар ҳамда тоғут (Аллоҳдан бошқа ибодат қилинган ҳамма нарса, баъзи уламо фикрича, шайтон)ларнинг маънавий нажосатлар эканлиги маълум. Буту санам, тоғу тош, дов-дарахт, бузғунчи ғоя, бандалар ва коинот жисмларини илоҳ тутиш ширкдир. «Нисо» сурасида ширкдан бошқа гуноҳлар кечирилиши айтилган. «Албатта, ширк улуғ зулмдир» деган оят ҳам бор. Умуман, Қуръонда ширк энг катта зулм, энг катта ёлғон деб аталади. Бундан ширкнинг ёлғон, ёлғониннг ширклиги келиб чиқади. Улар ажралмас ботиллик, яхлит жиноят эканлиги боис юқоридаги оятда ҳам ёнма-ён келиб, Яратганнинг Ўзи улардан йироқ бўлишга амр қилмоқда.
Аллоҳга ёлғонлар тўқиган, Унинг оятлари ва пайғамбарларни ёлғонга чақирган, Қуръонни шеър, пайғамбарни шоир деган қавмлар ва кимсалар ўта ёлғончилар - золимлар дея ҳукмланади. Улар тахмин, гумон, шубҳа, ёлғон-яшиққа шўнғиб, динсиз юради. Ўзларини, ўзгаларни алдайди. Аллоҳнинг барча-барча нарсадан, қалблардаги сирлардан ҳам мудомий огоҳлигини идроклашдан улар ғофилдирлар. «Ёлғончиларга лаънат бўлсин», дейилади «Заарийаат» (10-оят) сурасида.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ёлғончилигига ҳар эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади» ва бошқа бир ҳадисларида: «Биров ўзи ёлғон деб ўйлаган гапни гапирса, у икки ёлғончининг биридир», деганлар. Аллоҳ таоло ажиб ўхшатиш усулида яхши ва ёмон сўзлар таърифини айтади: яхши, ҳақ сўз - асли собит, чуқур илдиз отган, шохлари осмонга кетган, доим мевалар берувчи дарахтга; ёмон, ботил, ёлғон сўз - илдизи ердан узилган, мева бермас, хосиятсиз дарахтга ўхшайдир («Иброҳим» сураси, 24, 25, 26-оятлар).
Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида :
«Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмас. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир » (148-оят), дейилган.
Яъни, ёмон гап, уни тарқатиш ислом уммати ахлоқига ёт амаллардан. Мабодо бу иш мазлум томонидан ўз ҳаққи-ҳуқуқи йўлида, ҳақиқат қарор топиши учун бўлаётган бўлса, узрлидир. Чунки мазлум ҳолидан жамият бохабар бўлади, у ҳимояга олинади, жафочидан ўзгалар ҳушёрланади, адолат рўёбга чиқишига асос солинади. Мазлум ҳам шаръий чегарани билиши, сақлаши, ёмон гапни асл борича вазмин кўтариб чиқиши лозим.
Ушбу илоҳий муайян ижозат шаръий кўрсатма, ҳукмларнинг нақадар одил, оқилона, мўътадил, ҳаммабоп, инсон тоқатига мослигига далолат ҳамдир. Аллоҳ инсонга тоқатидан ортиқни раво кўрмайди. Унга енгилликни хоҳлайди. Инсон ўз ҳолатига яраша касб қилади ва касбига яраша топади. Илоҳий адолат шундай. Ёлғонга муносабат мезонлари, унинг ҳукмлари борасида ҳам шариатнинг осонликка бино қилингани, амали умумий бу қоиданинг қанчалик ҳаётбахшлигини тафаккур қилиш мушкул эмас.
Хилма-хил моддий-маънавий жиноятлар, бузғунчиликлар, залолатлар, ғайриинсоний иллатлар сабабчиларидан бири бўлган ёлғон лаънатланди. Ислом ҳақ, васатий дийн бўлгани боис, дунё ва инсон моҳиятига мувофиқ равишда яхшилик томонга ислоҳ қилиш учунгина ёлғонга изн берди. Бу зайл ёлғон воқеалар ривожини, муносабатлар маромини мувозанатга келтириш, тўғри йўлга солиб юбориш учундир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг орасини ислоҳ қилувчи ёлғончи эмас, яхшиликни етказади ёки яхшиликни айтади», деганлар.
Амалларни зое этувчи, низолар сабабчиси, фитна қўзғовчи, тараққий тўсиқчиси, зулм деб қораланган, жузъий ҳолатлардагина мақбул саналган ёлғон феномени санъат ва адабиётда нега юксак мавқе касб этган? Қайси хизматига кўра ёлғон - адабиёт юраги, қони? Ижодларда устун яшашга у нечун бунча ҳақли, ҳуқуқли? Бу ёлғонлар охир-оқибат барча ижодий заҳматлару улар соҳиблари умрларини исроф ва ботилга элтмайдими? Нафратларга учраган ёлғон наҳот ижодларда муқим, қўнимли? Шеъриятнинг жоиз ёлғони ўша ножоиз ёлғонми?
Ижодда ардоқли, қадри юксак, завқ улашувчи, кўнгилларни ошуфта қилиб, маънавий-маърифий гўзалликлар тақдим этувчи ёлғонларнинг мавжудлиги ёлғон эмас, бағоят рост. Шеъриятнинг ёлғони ҳатто унинг гап қурилишларигача ҳукмронлик қилади: бундайин қурилмалар на оммавий сўзлашув услубига, на адабий тил меъёрларига мос келади. Шеъриятнинг айни хоссаси гап бўлаклари тартибининг расмий,одатий, табиий табиатини бузиб ҳавола этишига кўра ёлғондир. Муомала-муносабатлар оламидаги, ишланган тил нормаларидаги ҳар қайсиси ўз ўрнига эга бўлаклар жамоаси шеърда тартиботнинг ёлғоний, аммо ажиб, ёқимли, тароватли жойлашуви- инверсияга учратилади.
Ва лекин соҳадаги ички хослик, тақозо, поэтиклик, бўрттириш, рамзийлик, тўқимавийликни – булар бадиий ёлғонлардир, дейиш билан шаръий ҳукмларнинг қучли салобати қаршисида «ёлғончилик»ни тўла оқлаб бўлмайди. Айни вақтда, фақат ёлғонга доир ҳукмлар, ислоҳ маъносида изн берилган ҳолатлар ҳам шеърий ёлғон шаънини дақиқ, бироқ қисман ҳимоялайди. Чунки масаланинг мантиғи ўзгача ва янада кенг қамровлидир. Шунинг учун ҳам Навоий «Маҳбуб-ул-қулуб»да чин сўзни жуда улуғлаб, ёлғон ила ёлғончиликни қаттиқ қоралаб, ҳаётий ва назмий ёлғонларнинг бошқа-бошқа нарсалигини идроклатувчи хулоса ясайди: ёлғон гапирувчи ақлсиздир, ёлғон сўз шеърдан бошқа жойда номақбул:
Сўз ичраки ёлғон эрур нописанд,
Чу назм эттилар, қилди доно писанд.
Тўғри шеърият ёлғони, аввало, туб илдизлари ҳақиқат бўлган, бадиий тўқимаси ҳам ҳақиқат айтиш истагига бўйсундирилган, ҳамма амали мажоз, рамз, образ, ташбеҳ, муболаға сингари санъатий воситалар билан безалган, фикрий, воқеий изчиллиги таъминланган, таъсирчан бўёқдорлик билан йўғрилган ҳодисадир. Унинг мантиқий омиллари, яралиш жараёни, ният-муддаоси, таъсир тарзлари, ҳаётий ёлғонларга қиёслари қанча чуқур мулоҳаза қилинса, шариатда ман этилган ёлғонлардаги аломатларнинг асл шеърият бўстонида асло йўқлиги шунчалик ойдинлаша боради. Тадқиқий тааммул тасаввурдан бартараф этаётган ботил ёлғон гумонларининг ҳар бири ўрнига басма-бас уларга мутлақо зид: жозиб ростлик, мўътадил беғуборлик, холисона ният, донишона ўгит, умидбахш таскин, ёрқин ибрат янглиғ қатор-қатор сифат-фазилатлар қалбу шуурингизни ишғол этиб боради. Шоир дейди:
Яхшидир аччиқ ҳақиқат,
Лек ширин ёлғон ёмон.
Ул ширин ёлғонга мендек
Алданиб қолғон ёмон.
Умримиз алдоқ жаҳонда
Алданиб ўтгай, ва лек
Сўнгги қийналғон ёмондир,
Сўнгги қийналғон ёмон…
(Эркин Воҳидов)
Лирик қаҳрамон, кечроқ бўлса-да, аччиқ ҳақиқатнинг яхшилигини англади. Нечоғлик ширин бўлмасин, ёлғон тойдиради, адаштиради, чунки қабоҳатдир. Унинг тузоғига тушиш – мусибат, завол. Шусиз ҳам бу ёлғон дунёда умрнинг алданиб ўтиш хавфи катта. Оқибатдаги надомат, қийналиш эса ҳаммасидан бадтарин ёмон. Бу – ҳаётий тажрибалар сабоғи, умуминсоний иқрор ва огоҳнома. Хуллас, бунда гап манфур ёлғон ҳамда мўътабар ҳақиқат хусусидадир. Шеър – Аллоҳ инсонни қайтарган нарсаларга, дунёнинг алдамчи, арзимас матоҳларига қарши жозибалаштирилиб битилган ҳаққоний сўз, ёлғонларга рўй-рост раддия. Ҳам «дунёвий», ҳам шаръий эҳтиром қозонувчан байтлар.
Хўш, шеърият ёлғони илоҳий амрларда тақиқланган катта-кичик ёмон ёлғонларга мутлоқ бегона, ғаройиб ижобий фазилатларга бой, борлиқ, банда, тафаккур, қалб ҳақиқатларини тўғри, таъсирчан таратишнинг ноёб воситаси – шунчаки бир инсоний санъат экан, машҳур бу хосликни «ёлғон» деб аташ ва сўзга қитмир маъно юклаш урфи нега шу қадар оммавийлашди? Бунга талай сабаблар бор ва улар қисман мозий, кўпроқ кейинги аср шеърияти аҳволотига тегишли: айниқса, шўро сиёсати тазйиқи боис асл ўзанлардан, таълимотлардан узоқлашилди; мажбурий ғоялар, мавзулар, танқид, мақтовларга ружу қўйилди; дидлар, тасаввурлар, қарашлар чалғитилди; четлардан бепарда адабий таъсирлар келди; дунёга даҳриёна муносабат, тирикликни бошқа, динни бошқа деб тушуниш устунлик қилди; адабиёт кўп ҳолларда зуғумкор мафкуранинг хизматчисига айланди.
«Маҳбуб-ул-қулуб»нинг назм аҳлига оид фаслида турли тоифа шоирлар таърифлари бор. Баъзиси (саодат асрининг илк мусулмон шоирлар авлоди) илоҳий маърифат хазинасидан назм ипига жавоҳирлар теради; баъзиси (Аттор, Румий)нинг муддаоси – илоҳий сирларни баён қилмоқ, чексиз маърифат тарқатмоқ; баъзи шуаро (Саъдий, Деҳлавий) ҳақиқат сирларига мажоз асрорини уйғунлаштириб зиё сочади. Навоий наздида булар ижоди «шундай табаррук каломларки, ҳурмат юзасидан, уларни шеър дейишга ҳам элнинг тили бормайди». Таассуфки, яна қўлларидан яхши, тўғри ёзиш келмайдиган, ўзларининг шу ҳолларига зўр эътиқод қўйган, шоирликка даъвогарлиги жуда баланд бўлган тоифа бор.
Моҳиятда дийну дунёни ажратмай, буларни буюк муштараклик билиб, манфаатлар ягоналигини кўзлаб қадам ташлаш касбу амалларда, ижодларда ақиданинг оқилона қоидасидир. Ўтмиш адабий-назарий тафаккури шу йўл марғублигини, бошқаси адашувлигини кўп баён қилади. Алломалар мероси ижодий меҳнатнинг зое кетадигани қанақаю, икки дунё саодатига дохил қиладигани қанақалигидан шаръий таълимлар беради.
Дарҳақиқат, ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий бўлакларга бўлмайди. Бугунни охиратдан, охиратни бугундан ажратиб қарамайди. Ҳаммасини давомий жараён, бир бутун ҳаёт деб билади. Таркидунёчиликни ҳам, дунёпарастликни ҳам, динда ҳаддан ошишни ҳам, динни писанд қилмасликни ҳам қоралайди. Исломда бирёқламалик йўқ. Унда у ёки бу томонга шаръий чегаралардан чиқиш ҳақиқатга зид, ботил, ёлғон кетиш саналади. Ислом, унинг таълимотлари, шариат, унинг аҳкомлари – васатий. Васатия – Ислом. Барча соҳалар қаторида шеърият ҳам васатийликка масъул ҳисобланади.
Айрим адабиёт аҳлининг сўз санъати ишини дунёвий билиши, айрим тақво аҳлининг шеъриятга беписанд қараши тўғри эмас. Хатоликларнинг боши дунёни ўз қаричларимиз билан ўлчамоғимиздадир. Аслида ҳамма-ҳамма нарсалар ўз ўлчови билан яратилган ва дунёнинг ўлчовлари батамом ўргатилган. Шеъриятни тамом дунёвий амал санаш унинг мавқеини кўтармайди, пасайтирди. Шеъриятга фақат илоҳий куйлаш талабини қўйиш уни собитликка бошламайди, ҳаддан ошишга олиб келади. Ундай назариялар бир тарафламалик ҳамда васатиясизликнинг кўринишларидир. Масалаларга муносабатда ҳам васатийлик тақозо этилган.
Ўз мавзу, воқеасини ҳаётдан оладими, илоҳиётдан оладими, шеърият ҳақ таълимотлар доирасида поэтик тафаккур қилиши, барча хилқат, яратиқлардаги оят-мўъжизаларни ҳислаши, вазифаларини адо этишда шаръий чегараларни сақлаши, келаётган илҳомни, истеъдоднинг куч-имкониятларини шаръий илмлар, мезонларга муносиб тасарруф этмоғи матлуб. Васат йўлдаги ижодлар оғишмайди, тоймайди. Адолатли, мўътадил, энг тўғри, энг яхши ёзади. Мудом ҳимоя, муҳофаза, омонлик минтақаси - васатияда яшайди.
Демакки, гап мавзуларда эмас, балки шуаронинг нияти, мавқеи, нуқтаи назари, ҳақни оқиллик ила идроклаши, ғоявий-эстетик шууридадир. Сиртдан қараганда бирон лафзида дийну руҳонийликка дахлдорлиги йўқ соф «дунёвий» асарлар айни вақтнинг ўзида ўз ғоявий, нафис қиммати, таровати билан соф «исломий» бадиий намуналар бўла олса, ажабланарли ҳол эмас.
Шарқ адабиётининг жаҳоншумул ижодлари, нодир намуналарининг кўламдор ютуқларини ҳамиша ҳақ эътиқод, унинг илмлари, қоидалари таъминлаган. Мустақийм манбаларни адиблар умр бўйи чуқур эътироф этишиб, бегумон яшашган. Қачонки, жамиятлар ҳақиқатнинг илму амалидан четланса, барча соҳалари тараққиёти заифлашган, адабиётида ҳам таназзуллар кечган, ютқизиқ кўп бўлган. Зеро, соҳибининг ғофиллиги зўр иқтидорни бора-бора барбод этади, заҳматини зое қилади. Улкан адашувлардан ташқари, йиғилиб қоладиган кичик хатолар ҳам катта беҳудаликни келтириб чиқаради. Аввалги асрларнинг кўпроқ шундай вазиятларидагина чин (тўғри) ва ёлғон (нотўғри) шоирлик бобида фикрлашув қўзғалган, бошқа кезларда бунга маънавий эҳтиёж сезилмаган. Бизнинг даврларда у яна долзарблашди.
Ҳолбуки, бу хил муаммолар ечимини, тўғри ва эгри, рост ва ёлғон, ҳалол ва ҳаром, ҳақ ва ботил ижодкорлик қоидаларини, ижозатли, ижозатсиз ҳолатларни Фурқон сифатли Қуръони Карим исломга даъватнинг илк босқичидаёқ ҳал қилиб берган. Инсонга ақлни ишлатиш, тааммул юритиш ва уларнинг амалида бўлишдан бошқа ҳуда-беҳуда тортишувлар учун ҳожат қолдирмаган. Дастлаб нозил бўлган сураи Карималардан бири «Шуаро» (227 оят)нинг сўнгги тўрт ояти бевосита шоирлару шоирлик тўғрисидадир ва умуман сўз санъатининг яшаш йўлини, шартини белгилаб берган илоҳий далиллардир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
«Ва шоирларга гумроҳлар эргашур (224-оят).
Уларнинг ҳар водийда дайдишини (225-оят).
Ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми? (226-оят)».
Мушриклар Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломни шоир, Қуръонни шеър, «уни шайтонлар олиб тушади», деган уйдирма, туҳматлар тарқатишарди. Қуръон шеър ҳам, наср ҳам эмас, Аллоҳ Каломи. Ёлғончиларнинг нияти - исломни, ваҳийни, ваҳий қабул қилувчини тан олмаслик, душманлик, қиёматгача битмас-туганмас бўлган мўъжизаларни - оятларни инкор этиш, обрўсизлантириш. Қачон қай бир пайғамбар шоир бўлиб ёки қай бир шоир пайғамбар бўлиб инсон зотини ҳидоятга чорлаган? Ундайларга ким эргашади? - Гумроҳлар! Шайтонлар эса гуноҳларга шўнғувчиларга, ёлғончиларга, гумроҳларга тушади.
Жоҳилият даврида шуаронинг ҳам жоҳилий тоифаси шеърда устун - ҳукмрон эди. Улар бесубут, тутуруқсиз, бетайин: манфаати борга - маддоҳ, фойдаси йўққа - масхарачи. Фисқу фасод, ичкилик, беҳаёлик тарғиби одатий ҳол. Бундай шоирлар ҳар мақомга йўрғалайди, хаёлоти ҳар қаерда дайдийди - бетайин шеър тўқийди. Янада ёмони, улар яхши ўгит-насиҳат, ҳикматли гап айтиши мумкину, бироқ бунга турмушда ўзлари амал қилмайди. Шундайлар одам фарзандини ҳидоятга бошлай оладими? - Йўқ! Мазкур оятлар инсоният тарихида энг катта, мудҳиш ёлғонларни тўқиган бўҳтончилар ва уларга хайрихоҳ қавмларга жавоб-раддиядир.
Аллоҳ таоло суранинг сўнгги оятида:
«Магар, имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар). Зулм қилганлар эса тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар (227-оят)», – дейди.
Шуаронинг ҳаммаси ҳам ишончсиз, беқарор, бадбин ниятли эмас. Яратганни кўп эсловчи, зикрловчи, ҳақни тараннум-тарғиб этувчи, зулмни қораловчи, залолатдан қайтарувчи, тўғри шеър битувчи ҳидоятли шоирлар бор. Улар ҳар сўз, ҳар фикрда Аллоҳ розилигини кўзлашади. Энг муҳими, ўз шахсият ва истеъдодларини хорламайди, беамал эмаслар - исломга амал қилади. Уларнинг шеърлари тақвога тенгдир. Оятда ана шундай шоирлар васфланмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг мақбул шеърият бобида: шеърларнинг ҳикматлиси борлиги, мўъмин-мусулмон шоирнинг шеъри ҳар қандай қуролнинг тиғидан, ўқидан ўткирроқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги, ножоиз шеърият бобида: «Кишининг қорни қусқуга тўлгани шеъриятга тўлганидан яхшироқ»лиги тўғрисидаги ва бошқа қатор ҳадислари машҳур.
Бутун оламлар учун илоҳий ваъз-насиҳат, кўрсатмалар бўлмаганида, шубҳасиз, ҳамма жабҳалар сирасида адабиётнинг адашуви жоҳилият давридагидан-да бадтар аҳволга тушмоғи тайин эди. Ислом таълимоти туфайли саодат асрида иймонлари улуғ саҳобий шоирлар авлоди шаклланди. Сўнг даврлар оша арабий, форсий, туркий халқлардан минглаб етук мусулмон адиблар етишиб турди. Улар ғоявий-бадиий юксак, барча замонлар маънавий камолотига камарбаста адабий мерослар қолдиришди. Бу ижодлар ислом оламида ҳануз катта эътирофларга сазовор.
Қуръоннинг каммаъно, ножиддий, бефойда сўзи, камҳикмат ояти йўқ. Инчинун, юқоридаги оятлар тафаккурларни ларзага солади. Улар нафақат шеърият, адабий ижод, балки илм-фан, маданият, маънавият, маърифатга ҳам тегишли. Соҳаларга нурли ва зимистон, оқ ва қора, рост ва ёлғон, ҳақ ва ботил йўлларни танитади, огоҳликлар беради. Бу йўллар оқибатининг илоҳий ҳукмларини эълон қилади. «Шуаро» сурасининг энг охирги ояти, хусусан, дунё адабиёти, шеърияти учун Қуръондаги энг умидбахш-йўлбошчи ояти Каримадир.
Қуръони Карим бошдан-охир илоҳий пурҳикмат Китобдир. Ўтмишни бугун билан, бугунни келажак билан боғлаб турган, барча нарсалар бўйича барчага ягона баёнот бўлган Аллоҳ Каломида шеър ва шоирлик хусусидаги алоҳида кўрсатмалар, амрларнинг бўлиши адабий ижод учун тенги йўқ илоҳий неъматдир. Инсониятни сўз санъатига ҳуқуқли қилувчи дийний далиллар, ҳар қандай масалага муносабатнинг ҳамма васатий йўл-йўриқларини таклиф этувчи ислом таълимотлари шахсият ва ижодларни бешубҳа, бехато йўлдан бошлайди. Адабий амаллар эса комил ҳолатларда рўёбга чиқади, беиз кетмайди. Бадиий адабиётнинг улкан масъулиятлар салтанати эканлигини ислом янада ёрқин идрок эттиради.
Зотан, сўз санъати ҳаёт воқеаларининг, инсон маънавий оламининг ранг-баранг манзараларига мурожаатчи, уларнинг барида яхшиликларни жозибадор етказишга вазифадор экан, ўз-ўзидан исломни теран билишга, ҳақиқатларни чуқур англашга, мезонларини тўғри белгилашга масъулдир. Ҳар бир соҳа, бинобарин, шеърият ҳақ таълимотларга қайси масала нуқтаи назаридан мурожаат қилмасин, очиқ-ойдин мўъжиза-ҳикматларга рўбарў келади, мавзуларнинг энг дақиқ тугунларигача холис ечимлар топади.
Буларнинг ҳаммаси, шунингдек, ҳақ эътиқод ва ақийда асосида шеърият ҳозиргача эришган ҳамма баркамол ютуқлар ҳам ислом илмлари ҳаклиги - илоҳийлиги - васатийлиги, ожиз қолдирувчанлиги, амали ҳамма жабҳалар, замонлар учун қувватли, қудратли эканлигининг тасдиқларидан ўзга нарса эмасдир.
Шеъриятда нимаики хослик бор бўлса, замирида қалтис ва мубҳам ёлғон эмас, санъатга йўғрилган ростлик ётади. Бу ҳаётий, шуурий, маънавий мавжуд жараёнларни мароқли тақдим этиш санъатидир. Бадиий тақдимот ашёлар, ҳодисалар, кечинмаларнинг айнан ифодаси, соф қайтариғи бўлмай, рангин руҳий, ҳиссий ҳолларнинг умумлашган, хулосаланган образли инъикосидир.
Шу бош тамойилга мантиқан терс баёнлар ва унсурлар содир этилса, яхшимас - ёмон, ҳақмас - ботил, тавҳидмас - ширк, холисмас - риё намоён бўлса, бу - дунёнинг туб ҳақиқатидан ғофиллик, санъат талабларидан йироқлик. Бундай кезлар соҳани ёмон отли қилиш - ноҳақлик. Булар кўпинча шахсият, истеъдоднинг тубан аҳволи манзарасидир. Оламнинг мўъжиза, неъматларига илмсиз, юзаки, саёз қарашнинг, кўзи юмуқ қалб ёлғонларининг баёни ёки шу кабилар асоратидир.
Васатий шеъриятда шафоат бордир: яхшиликни гўзал изҳор қилади, ҳақни тарғиб этиб, қизиқтиради, лойиқ-муносибни оқлайди, нолойиқни инкор этади; васатий шеърият ислоҳчи ҳамдир: ғоялар, қарашлар, дардлар, туйғуларни энг яхши томонга ислоҳ қилади. Ислоҳ эса исломда буюк амали солиҳ, унинг намоз ва садақа даражасидалиги ҳадисдан маълум; васатий шеъриятда амри маъруф, наҳйи мункар бор: яхшиликка, ҳақ йўлга буюради, зулму ёмонликдан қайтаради. Ҳақни ноҳақдан, яхшини ёмондан, ҳидоятни разолатдан фарқлатади; Васатий шеърият мавжуд барқарор ўлчов, вазн, тажриба, анъанани оёқ ости қилмайди, шунингдек, янгича усул ва қарашларни, манфаатли таъсирларни оқилона қабуллайди, қўллайди. Бу шеърият соҳиблари беамал бўлишмайди. Ҳақ таълимотга асосланувнинг фазллари яна кўп.
Мухтасар хулоса шуки, шеъриятнинг ёлғони шариат ҳукми ила қувғинликка маҳкум этилган ёмон ёлғонлар эмасдир. Зеро, ботил нарсаларга ўз ҳудудидан паноҳ бермоққа шеъриятнинг ҳам шаръий ҳаққи-ҳуқуқи йўқ. Умуман, ёлғон сифатини сўз санъатига нисбат бериш-бермаслик, уни тамға ё фазилат билиш-билмаслик атама мақомида қолдириш-қолдирмаслик масаласи, қай жихатдан шаръий қараманг, ловуллаган мудҳиш муаммо бўлиб чиқмайди.
Негаки, ҳамма гап ижоднинг ҳидоятли бўлишига келиб тақалаверади. Шеъриятнинг ботил, ширк, риё, таъма, ёлғон, фасод, ибосизлик, бебурдлик сингари саноқсиз иллатлардан холий яшаши эса унинг ўзи орзуловчи саодатдир. Шеърият учун ҳам оғишмаслик, тоймаслик, ножоиз ёлғон айтмасликнинг шаръий йўлдан ўзга рост, расо ҳеч бир йўли йўқ.
“Шарқ юлдузи” журнали, Тошкент 2009-йил, 2-сон
Тоҳир Шермурод