Истиқлол даври Ўзбек шеъриятининг асосий тамойиллари

Даврлар ҳам худди одамларга ўхшайди: ҳар бирининг ўз табиати, хусусиятлари мавжуд. Айримларининг бағри Ойбекнинг қалбидек кенг, дарё, айримларининг эса Қаҳҳорнинг ёзиш услубидек сиқиқ ва асабий. Инсоннинг феъл-атвори кўпгина факторлар - ота-онасининг ирсийбиологик томонидан баҳолаб унинг қандай оилада, қайси муҳитда - кимлар даврасида ва қандай ўсиб-улғайганига боғлиқ бўлганидек, даврнинг табиати ҳам уни юзага келтирган одамларнинг ижтимоий-тарихий, маънавий-психологик, илмий-техник жиҳатдан қуролланганлик даражасига боғлиқ. Инсон ва давр - булар худди ер шарининг икки қутбидек бир-бирларини тортиб-тақозо қилиб туради. Инсонни кўп жиҳатдан ўз даври шакллантириб вояга етказганидек, давр ҳам ана ўша инсонлар жамулжамининг ҳол-аҳволидан ҳосил бўладиган кайфиятдир. Собиқ Совет Иттифоқининг "ҳе" йўқ, "бе" йўқ ўз-ўзидан тўзиб- тирқираб кетишининг асосли сабаблари бор: ўз даврида яшаётган инсон кайфиятини айнан шу даврнинг табиати "ҳазм қилолмади". Бошқача айтганда, инсон ўз даврига сиғмади. Чунки "империя" деб аталган улкан қафаснинг ташқарисидаги илғор цивилизация бўйидан у озми-кўпми хабардор эди. Мана шу хабардорлик алал-оқибатда ин¬соннинг ўз давридан норозилигига олиб келди. Натижада мамлакатда ислоҳотлар ўтказилди. Бироқ уларнинг таъсири кутилгандан тамомила ўзгача мевалар бериб, империя қулади. Тарихнинг ушбу ўгити муайян даврнинг кайфияти, унда амалда қўлланилаётган қонун-қоидалар мазмуни шу даврнинг битта бутинини ташкил этган якка шахс - инсоннинг эҳтиёж ва талабларига ҳамоҳанг тушмоғи зарур эканлигини кўрсатди. Акс ҳолда, мамлакатнинг тараққиёти у ёқда турсин, элементар осойишталиги ҳам мумкин эмаслигини исбот этди.

Шундай қилиб, империя парчаланди. Кўплар қатори 1991 йилда Ўзбекистон ҳам мустақил бўлди: у ўз байроғи, гимни ва ҳудудий чегарасига эга чиқди. Бироқ бу ҳали мустақилликнинг илк қадами эди: ҳаммаси - чинакам мутақиллик, чинакам ҳурлик ҳали олдинда эди. Чунки қарийб етмиш-саксон йил давомида узлуксиз юритилган империявий сиёсат туфайли бир неча авлоднинг мияси ўз даврининг мафкураси билан тўлиб бўлган ва уни қисқа вақт давомида уч-тўрт қонунлар қабул қилиб ўзгартириш мумкин эмас эди. Шундай қилиб, истиқлолнинг машаққатли, лекин айни чоғда шарафли одимлари бошланди...
Биз ушбу тўпламда сўз юритмоқчи бўлганимиз адабиёт, хусусан, шеърият айнан мана шу даврнинг маҳсулидир. Демак, мазкур шеъриятда барча замонларда бўлганидек, ўз даврининг кайфияти, муаммолари ва қувончу алами акс этган. Модомики, мустақиллик даври адабиёти, хусусан, шеърияти тўғрисида баҳс юритмоқчи эканмиз, масаланинг бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратмоғимиз шарт. У ҳам бўлса, бу давр адабиёти, жумладан, шеърияти фақат шу даврнинггина меваси эмаслигидир. Худди шун¬дай, ҳар қандай давр санъати ўзидан аввалги - салаф даврлар табиатига қайсидир маънода фарзанд бўлади. Фикримизни очиқроқ айтамиз: муайян даврда санъат ва адабиётда қайта-қайта куйланган мавзулар замонлар ўтиши билан бошқа бир даврда "унутилиши" ёки аксинча, ўтмиш даврда эътибор берилмаган ёки таъқиқ этилган у ёки бу ғоя янги даврда баралла куйланиши мумкин. Ушбунинг сабаблари эса ғоят тушунарли: муайян даврда маън этил¬ган маълум бир ғоя, мавзу, дейлик, инсон ҳуқуқлари, унинг ғоят субъектив кўнгил нидолари ўзга бир давр келиши билан шу даврнинг имконига, табиатига, йўналишига, мақсад-мудадосига қараб туриб очиқ-ошкор тараннум этилиши кишини ажаблантирмайди. Чунончи, айнан шу қонуният мустақиллик даври ўзбек адабиёти, айниқса, шеъриятида яна бир карра ўз исботини топди. Кейинги 10-15 йиллик давр мобайнида шоир ўз нигоҳини ташқаридан - атрофда юз бераётган оламшумул воқеа-ҳодисалардан узиб, ўз мискин кўнглига қаратди ва уни "таржима" этишга киришди.
Кўргим келмас яхши-ёмонни,
Бўғиламан, етмас нафасим.
Гул давралар меники эмас,
Менинг уйим - кўнгил қафасим.
(Зебо Мирзо)
Яъни испан эстети Ортега-и Гассет ёзганидек, шоир нигоҳини бир юз саксон градусга буриб, ўз кўнглига қаратди. Демак, энди шоир учун энг муҳим ёзиш ҳадафи - бу ўз юраги, ўз кайфиятидир. Бу санъатда яхши ҳодиса, ижобий томонга бурилиш эди. Чунки қанчадан қанча даврлар бўлганки, шоир ўз кўнглини ифода қилолмай, кўнглига қиё боқолмай, масалан, яқин ўтмишда социалистик қурилиш нафасини акс эттириш билан умри кечган. Қисматлари ана шундай аянчли ўтган шоирларга қиёсланганда ўз кўнглини борича ифода қилишга имкони бўлган мустақиллик даври шоирлари анчайин омадли чиқди. Лекин айни чоғда, медалнинг иккинчи томонига эътибор қаратамиз. Бу томоннинг авзойи демоқдаки, шоирлар ўз кўнгиллари "таржимаси"га шу қадар берилиб кетдиларки, натижада ўзидан ўзгани "унутдилар". Гўё дунёда бир шу кўнгил ва унинг ҳақиқати - оҳ-фиғони мавжуд, қолган ҳамма жонлию жонсиз аҳамиятсиз ёхуд умуман мавжуд эмас. Бу ҳол айниқса, ёш шоирлар ижодида бўртиб кўринди.
Ўқувчининг бир нарсага алоҳида эътибор беришини хоҳлар эдим. Вақтида вульгар социологизм тарафдорлари шоирни ўз интим кечинмаларини қоғозга туширгани учун мавжуд тузумнинг "шонли" юришларини кўра олмаганликда, ўз қобиғига ўралашиб қолганликда айблашган ва натижада шоирлар турли хил қийноқларга, сургунларга, ҳатто қатлларга гирифтор этилганлар. Бутун шукрким, ундай эмас. Ҳар қандай ижодкор ўзи истаганча кўнгил дунёсига ғарқ бўлиб, энг интим кечинмаларини тўйиб- тўйиб ифода этиши мумкин. Бироқ эски, қарийб етмиш йил ҳукм сурган тузум сиёсати ҳамиша тушовлаб келган субъективизм, интим туйғулар энди ўзини тамоман "қўйиб юборган"лигидан меъёрдан ошган ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз. Албатта, ҳаммаси тушунарли. Неча ўн йиллар давомида тизгинланиб келинган туйғулар имкон топилиши билан тўлиб-тошиб ўзлигини намоён қилмоқда. Шу билан бирга, ўзга бир ҳақиқатдан ҳам кўз юммаслик керакки, кўнгилнинг изҳори жудаям шахсийлашиб, жудаям майдалашиб бормоқда. Кўпинча шеърда ифода қилинаётган туйғу, кечинма, фикр ёки бирваракайига ҳаммасининг иштироки фақат муаллифнинг ўзигагина тегишли, унгагина қизиқ, унгагина қадрли бўлиб қолди. Уларнинг салмоғи, кўлами, даражаси ўқувчининг кўнгил торларини чертишга қодир чиқолмаётир. Чунончи, шоир севги ҳақида ёзадими ёки унинг бекатлари - висол, ҳижрон, ёлғизлик ҳақидами ёки дўстнинг дийдори, турли хил маиший, ишқий муаммоларидан нолиб, Яратганга илтижо қиладими ёки ундан нолийдими, барибир, ҳаммасининг моҳияти бир, у ҳам бўлса, дунёга келиб кетаётган ҳар қандай мавжудодга хос бўлган оддий жинсий-жисмоний майлларнинг шеър шаклидаги ифодаси бўлиб қолаётир. Бошқача айтганда, уларнинг аксариятида сеҳр, ўзгачалик, баландлик ва энг муҳими, кўнгилдан кўнгилга электр токидек улашиб кетадиган, уларни якдил, якқисмат қиладиган юксак руҳий-маънавий атмосфера кўзга ташланмайди. Ҳатто изтироблар ҳам анчайин юзаки ва юксиз бўлганидан ўқувчи қалбини ларзага солиб, шоир ва у ўртасига кўприк ташлолмайди. Натижада, у ёнда шоир ўз шеъри ва унда акс этган дарду қувончи билан ёлғиз, бу ёнда ундан руҳий-маънавий озуқа, ором топмаган ўқувчи ўз қониқмаслиги билан ёлғиз...
Яхшиямки, айтилганлар бутунги ўзбек шеъриятининг битта қирраси, холос. Демоқчимизки, у серқиррадир. Келинг, умумийроқ бўлса-да, 90- ва 2000-йиллар ўзбек шеъриятини аввало, мазмун-моҳиятига кўра, сўнгра эса ифода усулига кўра фарқлашга уриниб кўрайлик. Албатта, шеъриятда санъатнинг бошқа ҳар қандай турида бўлгани каби мазмун-моҳият ўша-ўшадир, минг йилликдир, азалийдир. Лекин тан олишимиз керак, ҳар бир давр ўз та¬биатига, феъл-атворига ва мақсадига кўра ўша минг йиллик моҳиятни таснифлаб чиқади. Дейлик, Навоий замонида шкала бўйича биринчи поғонада турган маълум бир мавзу кунимизда иккинчи ёки ҳатто ўнинчи поғонага тушиб қолиши ҳам мумкин ёки аксинча. Шунинг учун ҳам бугунги ўзбек шеърияти мавзуларининг ишланиш кўлами ва даражасига қараб таснифласак, тахминан қуйидагича манзара кўз олдимизда намоён бўлади:
-ишқий интим мазмундаги шеърлар, (бунинг ичига ёр жамолининг гўзаллигию унга интилаётган ошиқнинг қувончу азобларидан тортиб ҳижрон изтиробига, баъзан висолдан батамом умиди узилган "юраги садпора"нинг ёзғиришларию афсус надоматигача акс этган шеърлар киради);
-интим мазмунли шеърлар, (бунинг ичига шоирнинг севги-муҳаббат ва унинг сабаб-оқибатларидан бошқа, кўнгилнинг ҳар турли кўпдан-кўп майл ва интилишлари, инжиқликлари акс этган шеърлари киради);
-    мадҳия-бағишлов шеърлар;
-    уҳровий мазмундаги шеърлар, (бунинг ичига дунёнинг ўткинчилигига, умрнинг бебақолиги, банда ва худо ўртасидаги муносабатлар, Яратганга илтижо, охират ва унинг қайғуси, ҳаж таассуротлари акс этган ҳамда шу мазмундаги бошқа тасаввуфона шеърлар киради) ;
-    тарихий мазмундаги шеърлар, (бунга ўтмишда ўтган буюк бобокалонлар сиймолари ва хизматлари, тарихий ва муқаддас жойлар, удумлар, шаҳарлар акс этган шеърлар киради);
-    панд-насиҳат шеърлар;
-    Батан ва унинг мустақиллиги ҳақидаги шеърлар;
-    ўлим мавзуидаги шеърлар;
-    бошқа ҳар хил мавзудаги шеърлар.
Албатта, бундай тасниф ғоят шартли бўлиб, мавзу рўйхатини мантиқ доирасида кенгайтириш, торайтириш, баъзиларининг ўрнини алмаштириш ҳам мумкин. Лекин бу давр шеъриятида деярли барча мавзуларга шоир ўта субъективлик билан ёндашганидек умумийликдан кўз юмиб бўлмайди. Ишқий ҳамда бошқа интим мавзудаги шеърларнинг салмоғи энг баланд, ҳатто бундай мазмундаги шеърлар кейинги 15-20 йиллик ўзбек поэзиясининг асосий қисмини эгаллаганлиги ҳам ҳақиқат. Энди келинг, битта муқояса қилайлик. Асримиз аввалида, айниқса, 20 - йилларда юрт озодлиги, истиқлоли мавзуси бирламчи эди. Биргина Чўлпон мисолида айтадиган бўлсак, бу шоирнинг бутун ижоди бағридан худди экватор чизиғи каби бир чизиқ ўтадики, унинг исми юрт қайғусидир. 30-йилларда "қоришиқ"лик устун бўлди. Бир томондан Чўлпондек етакчи шоирларнинг қалами синдирилган, овози пасайтирилиб, кўплаб авангард шоирларнинг "фанга юриши", социалистик қурилишларга, эскиликни ғорат этиб, янгиликка овоз бериши кучайиб бораётган бўлса, бошқа томондан айни шу шоирларнинг дағал ижтимоий тамғадан анчайин холи кўнгил поэзияси - "соф лирикаси" дунё юзини кўрган эди. Янги ўзбек шеъриятида символизм ҳам дастлаб 30- йилларда яққол намоён бўлди. 40-йиллар эса ўз-ўзидан Иккинчи Жаҳон Уруши билан боғлиқ бўлиб, "Ёвга ўлим", ўз халқимизга "қўлингга қурол ол" деган оташин тилаклар тилаш пафоси етакчилик қилган. Кейин албатта, уруш даҳшатлари, фронт ортидаги уқубатли, лекин шарафли меҳнат, аянчли, лекин ибратли қисматлар тўғрисида "сўз" юритган шеърият.
50- ва 60-йилларнинг ўрталари ўзбек поэзиясида ўзига хос турғунлик давридир. Тўғри, у тўхтаб қолгани йўқ, ҳамма нарса ҳақида, барча мавзуларда қалам тебратган. Лекин шоирнинг айтаётган гапи аслида ўзиники эмасди, улар совет империясининг дунё бўйлаб юритаётган сиёсатининг "соя"си эди. Ўша даврда бугунги шоирларимизда ортиғи билан мавжуд бўлган субъективизм деярли маҳв этилган бўлиб, ҳамманинг гапи, шеъри гўё қуйиб қўйгандек бир-бирига ўхшар, бири - иккинчисини тўлдириб, узвий давомини ташкил этарди. Албатта, ижодкор инсон сифатида тирик эди ва аҳён-аҳёнда шоирнинг ён дафтарида
Ҳақиқат соқовдир, заифдир инсон,
Тошлар ҳам йиғлайди - сир тўла осмон.
Ҳақиқий олам не? Жавоб йўқ, ҳайҳот!
Файласуф тўқийди ҳисобсиз ёлғон,
(Ойбек)
деганга ўхшаш шеър парчалари учраб қолардики, бу нарса ички "мен"нинг ҳали ҳам тирик эканлигидан, у атрофда бўлаётган ёлғонларни кўриб турганлигидан ва энг муҳими, унга кўникмаганидан дарак берарди. Йўқ, албатта биз мустабид совет тузумида яшаган барча шоирлар Ойбекдек кайфиятда бўлган, ичидаги бошқа, ташидаги - ёзганлари, айтганлари бошқа эди, дейишдан тамоман узоқмиз. Чунки вақтида ҳатто Ойбекдек шоирлар ҳам ўз даври би¬лан ҳисоблашган, унга сидқидилдан ишониб, романлар, достонлар, шеърлар битганлар. Айни пайтда, юқоридаги тўрт қатор шеърда акс этган кайфиятга ҳам тушиб турганлар. Бир даврнинг маҳсули бўлмиш ана шундай зиддиятли кайфиятлар ҳақиқатини ёдга олган ҳолда бир гапни таъкидлаб айтишни жуда-жуда истардим. Адабиётшунос олимлар, мунаққидлар ва умуман, санъат ва адабиёт ҳақида, даврларнинг хусусиятлари тўғрисида фикр билдираётган ҳар қандай зиёли киши қарашларида кўпинча бир хил ёндашув такрор-такрор учраб туради. У ҳам бўлса, муайян давр ёки ёзувчи, шоирга хос бўлган битта жиҳатни дастак қилиб олади-да, бутун моҳиятни шу "ўқ" атрофида айлантирмоққа уринишади. Бу эса бирёқламаликдир. Бирёқламалик шуниси билан хатарлики, у ҳадаф ҳақида ўқувчида нотўғри ёки баъзан ёлғон тасаввур пайдо қилиши мумкин. Масалан, машҳур француз ёзувчиси Оноре де Бальзак бир дам ҳам кофе ичмасдан яшолмаган, деб айтсак, ўқувчида "демак, унинг иродаси ёш боланикидек бўш бўлган ва кофега, ундаги кокаинга ружу қўйган ёки бирон касали бўлган" деганга ўхшаш тасаввур пайдо қилади. Агар у дастлаб ёзиш мақсадида ухлаб қолмаслик учун кофе ичган ва кейинчалик бу одатий тусга кирган, деб ёзсак, аввало, ҳақиқатни гапирган бўламиз, кейин эса ўқувчи ва Бальзак ўртасида тўғри муносабатнинг шаклланишига омил яратган бўламиз. Худди шундай, умуминсоний мавзулар ҳар даврда бўлган, ҳар давр кишиси севишга-севилишга, қуёш, денгиз, тоққа қарашга, булар тўғрисида ўйлашга, ёзишга ҳақли бўлган, лекин юқорида айтганимиздек, ўзи яшаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-психологик муҳит ва эҳтиёждан келиб чиқиб ҳаракатланганлар, ёзиб-чизганлар. Ёки "қуёш" деб ёзганда ҳар бир шоир бу сўзга ўз давридан, ўз маънавий-психологик даражасидан келиб чиқиб маъно юклаган.
Бу давр адабиётининг, хусусан, шеъриятининг яна бир ўзига хос хизмати шундан иборатки, у 60- ва 70-йиллар авлодини ўз бағрида кўтариб юриб, вояга етказган. Ҳа, у шеъриятимизнинг забардаст авлодига ҳомиладор бўлганди. Буюк хизмат эди бу! Чунки Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, О.Матчон, Ж.Камол, Ҳ.Худойбердиева каби 60-, Ш.Раҳмон, У.Азим, Х.Даврон... каби 70-йиллар авлоди чиндан ҳам бир неча ўн йиллик сукунатдан сўнг ўзбек по¬эзия сида содир бўлган улкан воқеа эди!..
Ниҳоят, даврлар алмашди ва А.Орипов, Р.Парфи, Э.Во¬ҳидов каби йирик шоирлар ўзбёк шеъриятини бир титратиб кириб келдилар. Улар руснинг улкан шоирлари А.Воз¬несенский, Е.Евтушенколар қатори ва уларга изма-из равишда инсонга тузумнинг битта керакли болти ёки бошқа эҳтиёт қисми ўлароқ эмас, балки, аввало, инсон сифатида қарай билдилар. Ажаб, шундан кейин совет давлатида, социалистик тузумда ҳам ўлим борлиги, қайғу-алам мавжудлиги, ҳокимият ўз фуқароси бошини қанчалик силаб-ўргилмасин, барибир, мусибат гоҳо ҳар кимни ҳам ўз қаърига тортиши очиқ-ошкора маълум бўлиб қолди. Албатта, булар олдин ҳам сир эмас эди. Бироқ адабиёт ва санъат уларга деярли тўхталмас, тўхталса-да, баландпарвозлик билан эътиборни четга буриб, ўқувчини чалғитарди. Энди эса 60-йиллар шоири ўқувчини ана ўша ўлим билан, қайғу билан, мискинлик билан, йиғи билан дунёнинг арзимаслигию ўткинчилиги билан ва ҳоказо кўпгина шундоқ ён-атрофдаю лекин юрак ютиб айтиш мушкул бўлган ҳақиқатлари билан юзма-юз, ёлғиз қолдирди. Шунда ўқувчи санъатга, адабиётга, шеъриятга ишона бошлади, уни ўз маҳбубасидеқ севди, алқади, кундузлари қўлидан қўймади, кечалари ёстиғининг тагига яширди. Чунки мўъжазгина тўрт қатор шеърда ёки шапалоқдек шеърий китобчада ҳаётнинг ўзидан кўра кўпроқ ҳаёт бор эди ўша пайтларда. Ҳа, 60-йиллар охири ва 70-йиллар бошида халқнинг кўнглидаги топиб айтган шоир салкам пайғамбардек мўътабар, нондек азиз эди одамлар учун...
70-йилларнинг шоирлар авлоди ҳам ўз гарданида ана шундай ижодкор бахтини татиб кўрди. Энди бу авлод 60- йиллар авлоди анъаналарини ҳам давом эттириб, ҳам қисман улардан фарқ қилиб, поэтик урғуни ижтимоий адолат масалаларига берди. Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон ва уларнинг бошқа сафдошлари шеъриятни баъзан ҳатто мамлакатда адолат учун кураш майдонига ҳам айлантириб юбордилар. Адолат учун кураш, адолатпарварлик, ниҳоят, улар шеърларида мавжуд мустабид тузумга аввало ишора, сўнгра норозилик, пировардида эса унга қарши курашга чорлашгача ўсиб борди. Шунда аср бошида Ойбек шеъриятида муваффақият билан қўлланган, кейинчалик секин-секин унутилаёзган ифода усули - символизм, кучли образлилик яна ёрдамга келди.
Айни пайтда, 70-йиллар авлоди шеъриятида ижтимоий руҳ баъзан ҳаддан зиёд қуюқлашиб кетадики, бир бет-икки бетлик мақолада ёки бошқа публицистик жанрда ифода қилиниши мумкин бўлган қарашларни ҳам бадииятга айлантиришга қаратилган муваффақиятсиз уринишлар яққол сезилади.
80-йиллар шеъриятида ҳам деярли шу ҳол ҳукм сурган. Бунинг устига мамлакатда рўй берган либерал кайфият туфайли шеърда яланғочлик, бадииятсиз панд-насиҳат, қуруқ чақирикдар, ёзғиришлар кучайган. Бир сўз билан айтганда, шеъриятни публицистика деярли маҳв этаёзган. Айни чоғда, таъкидлаб айтиш жоизки, бу ўн йиллик ижтимоий-сиёсий жиҳатдан турли бурилишларга - кўтарилиб-тушишларга бой бўлганидек, адабиётда ҳам хилма- хил руҳ - кайфият ҳукм сурди. Хусусан, тасаввуф оҳангларининг кириб келиши ва умуман, бир ёнда оташин чақириқларга тўла шеърият, иккинчи ёнда эса дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасидан гўёки қўлини ювиб қўлтиғига урган ҳамда урфоний маърифатга интилган шеърият пайдо бўлди. Бу қисман шоирнинг ўз юрагига - мангу ҳақиқатларга қайтиши билан изоҳланарди. Айнан шу хил шеърият 90- ва 2000-йиллар шеъриятига замин ҳозирлади, десак муболаға бўлмайди. Чунки истиқлол даври адабиёти, хусусан, шеъриятида субъективизм бўртиб туради. Демак, кейинги 15 йиллик шеърият, бир сўз билан айтганда, кўнгил шеъриятидир. Албатта, бу давр поэзиясида ҳам салаф даврларда бўлганидек, турли хил мавзулар тасвири, баёни учрайди. Жумладан, ўтмишдаги буюк боболар ҳаққига ёзилган, улар алқаниб ёки истиқлол, Ватан, миллий ғурур мадҳ этиб битилган шеърлар талайгина. Бироқ, барибир, 90- ва 2000-йиллар шеърияти ўз доминант хусусиятига кўра кўнгил лирикасидир, дея бемалол айта оламиз. Чунки бу даврда энг фаол ижод қилган М.Юсуф, Б.Рўзимуҳаммад, А.Маҳкам, Э.Шукур, А.Қутбиддин, Фахриёр, Турсун Али, С.Саййид, И.Мирзо, З.Мирзо, Ҳ.Аҳмедова, Х.Рустамова, Р.Раҳмат, А.Ҳайит каби ўнлаб шоирлар асарлари, аввало, ўз "мен"лари - кўнгиллари мевасидир.
"Хўш, бу кўнгил нимани куйлади? Унинг етакчи мавзулари нималардан иборат бўлди?" деганга ўхшаш саволлар туғилади. Назаримда, истиқлол даврида ҳам шеърият ҳамма мавзуларни тараннум этди. Лекин у ғоядан, ғояпарастликдан анча узоқлашди. Бунгача ғоя ўзбек совет шеъриятининг (бутун санъатда бўлгани каби) бош аъмоли эди. Истиқлол даври поэзияси ғояпарастлик ўз кучини йўқотди. Шеърият ҳукмрон ғоядан - ягона етакчи мафкурадан чекинди. Шу билан бирга ғоясизликнинг ўзи гўё ғояпарастликка айланди... Бу жуда муҳим фактор. Чунки у шу давр шеъриятининг асосий хусусиятларидан бири. Хўш, нега бундай бўлди? Сабаби, бутун санъат, жумладан, шеъ¬рият қарийб етмиш йилдан бери ҳар-хил даража ва шаклларда зимдан интилиб келган асосий мавзу - истиқлол, юрт озодлиги, миллат ғурурининг тикланиши... янглиғ муаммоларнинг барча-барчаси Ватаннинг мустақилликка эришуви билан ҳал этилган эди. Бу мамлакат учун оламишумул ҳодиса, битмас-туганмас қувонч эди, лекин адабиёт-санъат бир муадат ўзини йўқотиб, гангираб қолди. Ки, у - халқнинг озодлиги, юртнинг истиқлоли каби асрий мавзусини куйлашдан озод этилганди... Лекин узоққа чўзилмаган тараддуддан сўнг шеърият (шоир) ўз нигоҳини ташқаридаги муаммолардан олиб, ичкарига - ботинга қаратди. (Истиқлол даври шеъриятининг тағин бир ўзак жиҳати шудир!) Натижада, ўзбек поэзиясининг ҳам чинакамига шарафли, қутлуғ, айни чоғда ҳам меъёридан ошган субъектов одимлари отила бошлади... Шарафли жиҳати шундаки, XX аср аввалидан бошлаб, яъни қарийб юз йил деганда илк бор шоир ўзига ўзи тегишли бўлмоқ- да, илк бор у ўзи хоҳлаганча кўнгил розини тўкиб солиш ҳаққига эга чиқмоқда ва амалда у ўз ҳуқуқидан истифода этмоқда. А.Маҳкам, Э.Шукур, Б.Рўзимуҳаммад, М.Юсуф, А.Қутбиддин, Р. Раҳмат, Фахриёр, В. Файзулло, А.Саид, З.Мирзо, Ҳ.Аҳмедова, Ф.Камол, Х.Рустамова, Г.Бегимкаби шоирлар ижодидаги ранг-баранглик айнан ўша ҳуқуқларнинг мевасидир. Б.Рўзимуҳаммад шеърларини ўқиб кўринг. Уларда фуқарони бирон бир буюк ишга даъват қиладиган ҳеч қанақа оташин чақириқ йўқ, ҳатто пичоққа илингулик бирон ижтимоий ғоянинг ўзи ҳам кўзга ташланмайди. Лекин бу шеърият барибир биз ҳақимизда, инсон ҳақида, унинг тубсиз кўнглининг адоқсиз сиру синоати ҳақида. Ёки Зебо Мирзо битикларини олинг. Айниқса, унинг 2005 йилда чоп этилган "Нур кукунлари" деб номланган мўъжазгина китобини мутолаа қилинг: ҳижрон, ҳижрон ва яна фақат ҳижронни куйлайди бу шеърлар. Гарчи ҳижрон туйғуси умуминсоний бўлса ҳам йигирма йил олдин бошдан-оёқ ҳижрон мадҳ этилган шеърлардан таркиб топган тўплам аввало, дунё юзини кўрмас эди. Мабодо бахтли (у пайтлар бахтсиз!) тасодиф туфайли кўриб қолса, партия йиғилиши ёки бошқа шунга ўхшаш бирон "жиддий" мажлисда шоирни сентименталлик балчиғидан олиб жамиятнинг порлоқ келажагини кўролмайдиган, қобиғига ўралиб қолган худбинлик ботқоғига тиқишган бўларди. Ўқувчилар ва ҳатто адабий танқидчилар орасида ҳалигача шундай фикрлайдиганлар мавжуд ва улар аҳён- аҳёнда бадиий асарларни ўтмишнинг ана шундай мафкуравий кўзойнаги орқали таҳлилу-тадқиқ этиб, ҳукмнамо хулосаларини чиқараётган бўлса-да, шукрлар бўлсинким, ўз кўнглидаги ғоят интим кечинмаларни тўкиб солгани  учун, "йиғлоқилик" қилгани учун шоирни ҳеч ким ҳибсга олаётгани, дорга осаётгани йўқ. Айни пайтда, истиқлол даври шеърияти фақат кўнгилнинг интим кечинмаларини куйлаш билан чегараланиб қолгани ҳам йўқ. А.Орипов, Т.Махмуд, С.Сайид, И.Мирзо, М.Мирзо каби ўнлаб шоирлар ижодида она-Ватан, ўтиб кетган улуғ бобока- лонлар, миллий ғурур, урф-одат мадҳи ўзбекнинг ҳеч кимдан кам эмаслиги... мавзулари анча баланд пардаларда тараннум этилмоқда...
Истиқлол даври шеъриятининг бошқа бир жиҳати, субъективизм меъёрининг ошиб кетишидир. Эҳтимол, бундай дейишнинг ўзи бироз эриш туюлади. Чунки ўзбек поэзияси XX асрнинг 90-йилларигача деярли айнан шу нарсага эҳтиёж туйиб келган эса-да, субъективизм адабиётимизда кўрина бошлагандан 15 йил кейин "субъек¬тивизм меъёри ошиб кетди" дея ёзғирсак, албатта ғашимиз келади-да. Лекин, на чора, ҳақиқатнинг кўзларига тик қараш керак. Шундай қилинганда, аён бўлган бор гап шун¬дан иборатки, 90- ва 2000-йилларда фаол ижод қилаётган кўпчилик шоирларимиз ижодида сўзнинг ҳақиқий маъносида ўз субъектив дунёсига маҳлиёлик мавжуд. Унинг учун фақат ўз олами ва бу оламда ўзигагина алоқадор дардлари бор, бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса шоир кўнглини безовта қилишга қодир эмасдек. Албатта, бу билан биз шоир ўз оламини ифода қилмаслиги керак, демоқчи эмасмиз. Бизнинг таъкидлаб айтмоқчи бўлаётганимиз, шоир кейинги 15-20 йил мобайнида бир қадар кичрайиб бораётгандек, "майдагап"га айланиб қолаётгандек. Солиштириш учун бир-икки мисол келтираман. Адабиётимиз тарихига назар ташлаймиз. Чўлпонни, Ҳ.Олимжонни, Ғ.Ғуломни, берироқдаги А.Орипов, Э.Воҳидов, Р.Парфию, Ш.Равҳмонни эслаймиз. Улар ёзган, қаламга олган мавзуларни ёдга оламиз. Чўлпон озодликни, истиқлолни куйлади. Бу халқ дарди эди, бироқ Чўлпон шу дардни ўзиники қилиб олди, гўё миллат қайғусини ўз бошига тилаб олгандек. Кўпнинг орзу-армони шоир "мен"ида персонифика¬ция бўлди. Натижада Чўлпон юраги озодлик учун қайғурган, қон тўккан халқнинг қалбига айланди. Унинг шеърларини ўқиб туриб, хаёлга ҳеч қачон "бу кўпчиликнинг, бировнинг дардини куйлаяпти" деган ўй келмайди, аксинча, шоирнинг ягона ва энг муқаддас дарди айнан Ис¬тиқлол бўлганига шубҳа қилмайсан, киши: яъни Чўлпонда якка шахс-шоир ва кўпчилик - умумхалқ дарди, орзу- армони тенглашган:
Ай! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Ай! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ исшаган,
Ай! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган, Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмағил, бас энди!!
Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узулур, Томиримда кўзғолишнинг ваҳший қони гупурди.
Эски фикр, анъаналар энди буткул узулди,
Ё битарман, ёки сенинг салтанатинг бузулур!
Ай! Сен, мени кул ўрнида ишлатувчи афанди!
Титра, кўрқ-ким, боғлик, қулинг бош кўтарган куч энди!..
Ҳ.Олимжоннинг Ўзбекистон шеърида, Ғ.Ғуломнинг "Сен етим эмассан", "Соғиниш", "Кутиш", "Вақт" каби шеърларида ҳам шунга яқин ҳолни кузатиш мумкин. 60- йилларга келиб эса шоир "йиғлай" бошлади. Қарангки, бу йиғи халқнинг бўғзида қотиб турган экан. Бошқача айтганда, шеъриятга мунг кириб келди ва у кўпнинг юракларидаги тошнинг эришига ёрдам берди. Ёки 70-йиллар ав¬лоди шеъриятидаги адолатга ташналикни эслаб кўринг. Буларнинг ҳаммасини шоир тўқиб ёзгани йўқ. Булар - Истиқлол, мунг, адолатпарварлик... аввало, халқнинг бир бўғини - шоир шахсиятида пишиб етилди, сўнг табиий нидо бўлиб, атрофга ёйилди. Афсуски, ҳозир том маънода ана шундай шоир йўқ. Яъни истеъдодлар кўп бўлишига қарамай, шоир мени ва халқ иродаси ўзаро бир жойда тенг келган, бир-бирига пайвандланиб, уйғунлашган, на¬тижада битта кучга айланган шеърий ҳодиса кузатилаётган эмас. Хўш, нега? Чунки, совет империяси қулаб, юртимиз мустақил бўлгач, мамлакатда (худди собиқ Иттифоқнинг ўзга республикаларида бўлганидек), ўзга ижтимоий-сиёсий, маданий-психологик кайфият бошланди. Аввалги ягона ҳукмрон синф - "ишчи меҳнаткашлар" ўз қобиғини ёриб чиқиб, кўпдан-кўп ва хилма-хил моддий ва маънавий даражага, кайфиятга мансуб табақаларга бўлиниб кетди. Оқибатда, жамиятда турли-туман кайфиятдаги қатламлар пайдо бўлдики, бу собиқ Иттифоқ давридаги ягона синфнинг деярли бир хил кайфиятидан тубдан фарқ қиларди. Шоир эса... шоир битта. У бир пайтнинг ўзида ҳамма қатламларнинг бир-биридан кескин ажралиб турувчи кайфиятини ифодалай олмайди. Кўринадики, шоир ҳар қанча тиришиб, кўп ёзгани билан ўзи яқин бўлган қайсидир қатлам нуқтаи-назарини ёрита билади, холос. Бу - биринчидан.
Иккинчилан. мамлакатнинг дунёга очилиши билан бирга, ҳаётимизга ҳамма соҳада жадал суръатда янги техника кириб келди: замонавий автомобиллар, уяли телефонлар, компьютерлар, DVDлар ва ҳоказоларнинг турмушимизга, яшаш ва фикрлаш тарзимизга таъсири мисли кўрилмаган даражаларга етди. Кўп ҳолларда шоирнинг табиий, лекин заифгина овози юқоридаги саналган ва саналмаган техниканинг сунъий, аммо жуда баланд нотадаги жаранги ичида йўқолиб кетди. Замондош инсоннинг фикру ёди энди бутунлай бошқа нарсалар, ўзга дунёлар билан банд бўлиб, шеърга, адабиёт ва санъатга жуда кам ёки ҳеч қан¬дай вақт ажратмай қўйди. Кўринадики, шеъри ўқилмаган шоир ўз-ўзидан жамиятга, одамларга таъсир кучини йўқотиб, маълум маънода ўзи билан ўзи "ўралашиб" қолди. Субъективизмнинг кучайганлиги, шоирнинг фақат ўз кўнгли билан тиллашишга интилаётгани сабабларидан яна бири - шу!
Учинчидан. собиқ Иттифоқ даврида "дин - афъюндир!" дея атеистик сиёсат юргизилган, натижада одамлар юрагидаги илоҳиётга бўлган ишонч, интилиш маълум маъно¬да адабиёт ва санъатга томон йўналтирилган эди. Тўғрироғи, улар ўша эҳтиёжларини китобдан, адабиёту санъатдан топмоқчи бўлардилар, маълум маънода топардилар ҳам. Демак, бу ўринда адабиётнинг жамиятдаги, одамлар ҳаётидаги аҳамияти ортиб, муқаддаслик касб этганди. Иттифоқ парчаланиб, ҳар бир республика ўз ихтиёрига эга бўлгач, мамлакатда динга йўл очилди, одамлар эмин-эркин диний маросимларини, кундалик фарзларини бажара бошладилар. Натижада адабиётдан дин "ажралиб" чиқди. Худди шунингдек, аввал адабиёт-санъат рамзий маъноларда бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш майдони эди. Кейин адабиёт зиммасидаги бу ишни публицистика бажара бошлади. Адабиёт янада "кичрайди". Шу тахлит адабиётдан, шеъриятдан бирин-сирин қўшимча кучлар ўз "юрти"га учиб кетди ва у ўз "уйи"да ёлғиз қолди. Хўш, бу нимани билдиради? Илгари диний эҳтиёж туфайли шеър, роман ўқиган ўқувчи энди тўғридан тўғри диний адабиётни, ижтимоий адолат қидириб санъатга бош урган ўқувчи эса шеър, қисса воситачилигисиз турли мақола ёки бошқа публицистик ада¬биётни мутолаа қилишга киришди.
Туртинчидан, тамаддун суръати ва табиати бутун дунё халқлари орасида тамомила ўзгача бир кайфиятни вужудга келтирди. У ҳам бўлса, инсон мавқеи, соғлиғи, тириклигининг ниҳоятда омонат эканлиги, улар қайси бир давлатлар раҳбарларининг келишмовчилиги ёки қайбирларининг ногуманистик сиёсати туфайли ва ёхуд экологик муаммолар, табиат инжиқликлари, хусусан, тўфонлар, бўронлар, зилзилалар оқибатида бутун-бутун шаҳар ё қишлоқлар тақдири кўз очиб юмгунчалик фурсат ичида ҳал бўлиб қолишининг шоир психологиясига таъсири билан белгиланади. Бунинг оқибатида инсоният абадий қадриятлар ҳақида эмас, бугунги омонат ширин жони тўғрисида кўпроқ бош қотиришга мажбур бўлмоқда. Шоир-чи? У осмондан тушган фарипгга эмас, шоир қалби замин устида неки содир бўлаётган бўлса, одамлар ҳаётида, онгида, кайфиятида нимаики яхши-ёмон юз бераётган эса ҳаммасини ўз ойнасида акс эттиргувчи шаффоф ва ҳассос борлиқ бўлиб, гирдоблар марказида қолиб кетмоқда. Чинакам шеърият эса одатда мангу қадриятларга ошно бўлгандагина ўз қудратига эга бўлади...
Хуллас, қидирса, сабабларнинг бешинчиси ҳам, ўнинчиси ҳам топилади, албатта. Лекин, ўйлайманки, белгиловчи асосийлари юқорида саналганлардир. Маълум маънода бугунги шоир - истиқлолимиз даврида ижод қилаётган санъаткор, тўрт қатор шеър ёзиш учун, аввало, ана шундай сабаблар - ижтимоий-психологик муҳит тўсиқларини енгиб ўтиши керак ва енгиб ўтиб қалам тебратаётган жасорат соҳибларидир.
Истиқлол даври адабиёти, хусусан, шеърияти борасида сўз юритганимизда кейинги 15-20 йил мобайнида тобора ўз мухлислари меҳрини қозониб бораётган модернистик шеърият устида ҳам тўхталмоқ жоиз. Чунки XX аср аввалидан бери шеъриятимиз асосан бармоқ вазнида, ҳамда қисман арузда ўзини намоён этиб келган эди. 70-80- ва айниқса, 90- ва 2000-йилларда анъанавий поэзиядан ҳам ифода усулига кўра, ҳам мазмун-моҳиятига кўра етарлича фарқланиб турувчи шеърий йўналиш пайдо бўлиб ва ўз ўрнига эга бўлиб улгурди. Аслида, бундай шеърлар ўша Чўлпонда, кейинроқ Асқад Мухтор, Рауф Парфилар ижодида ҳам мавжуд эди. Бироқ шаклланаётган йўналиш сифатида у 90- ва 2000-йилларда ўзини кўрсатди. Бу йўналишнинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборатдир:
-    воқеабандликдан, тасвирдан, баёндан деярли воз кечиш ва бунинг ўрнига метафора ва деталларга урғу бериш;
-    сиқиқлик;
-    бутун ҳақида парча орқали маълумот етказиш. Чунончи, биргина ғамгин кўзлар ифодаси орқали инсоннинг бутун-бутун ҳолатлари, кечинмалари, орзу-армонлари... тўғрисида ҳикоя қилишга уриниш;
-    шоир "мен"и учун кўнгилнинг, унинг ҳолатию "дунёга қараши"нинг бирламчи эканлиги;
-шаклда ўзига хослик. Ёки шаклда шаклсизлик, деса ҳам бўлади. Албатга, модерн шеър ҳам ўзига хос ритм ва бошқа муайян қоидаларга амал қилсагина юқори таъсирлилик даражасига эришмоғи бор гап. Лекин унинг учун муҳими - шакл эмас, бу шеър ғояни шаклга эмас, балки шаклни ғояга қурбон қилиб юборади ва ҳоказо...
Истиқлол даври шеърияти ифода усулига кўра ҳам турли-тумандир. Фикримизча, шулардан асосийлари бештадир:
1.    Анъанавий бармоқ
2.    Халқона оҳанг
3.    Аруз
4.    Модернистик оҳанг (ёки оҳангсизлик)
5.    Синкретик (қоришиқ) ифода усули...
Албатта, бундай таснифлашнинг қаеридадир баҳсталаб ўринлари, мулоҳазали жойлари бўлиши мумкин. Лекин муҳими, мазкур мўъжазгина тадқиқотимиз шуни кўрсатмоқдаки, Истиқлол даври ўзбек шеърияти бу фойдали ёмғирдан сўнг потраб ўсиб чиққан қўзиқорин эмас, аксинча, асрлар давомида тинимсиз ўзгариб-янгиланиб келаётган ўлмас жараённинг қонуний бир узви бўлиб, ўзида жуда катта ва кўпдан-кўп тажрибаларни жамлаган ғоят мураккаб ва бебаҳо санъатимизнинг бир бўлагидир. У шуниси билан ўзидан аввалги барча даврларга ҳам ўхшайди, ҳам ўхшамайди. Ўхшаш жиҳати - ўша даврлар шеъриятидан ўсиб чиққан, бинобарин, уларнинг энг яшовчан унсурларини ўзига мерос қилиб олган. Фарқли жиҳати - дунёга кенг очилган жамиятнинг, хусусан, унинг бир аъзоси ҳисобланмиш шоирнинг озод тафаккурини ўзида акс эттиради. Шунинг учун у турфа моҳиятга эга. XX аср аввалидан ибтидо олган янги ўзбек шеърияти ҳам якранг эмас эди, бироқ, барибир, у умумий яхлит ғояга қайси бир жиҳатлари билан бўйин сунарди. Бугунги шеър кечаги ижтимоий-сиёсий, мафкуравий битиклардан фарқ қилиб, бу - субъект нидоси, шахс бўлиб етишиш йўлидаги Шоир ҳайқириғи. Унинг кучли ва ожиз томонлари шу ерда мужассам...

Улуғбек ҲАМДАМ “Янгиланиш эҳтиёжи” китобидан