Шеър илми адабиётшунослигимиз тарихида турлича номлар («назм қоидалари», «илм уш-шеър»...) билан аталиб, унинг асосида ҳамиша шеъриятдаги вазнлар масаласи, айниқса аруз илми қоидалари етакчи мавқе касб этган.
Халқ шеърий ижодида ва қисман ёзма адабиётда намоён бўлиб келган, чинакам ўлчов ҳисобланмиш арузга мувофиқ келмаган шеърлар эса вазнсиз шеърлар ҳисобланган. Бундай шеърлар кейинчалик, яъни уларнинг арузга дахли йўқлиги кўпроқ англашилгач, «ҳижо вазни», «бармоқ вазни» номи билан атала бошланган. Шу тариқа ҳозиргачалик ўзбек шеъриятида икки асосий вазн тизими мавжуд: бармоқ вазни тизими, аруз вазни тизими. Кейинги асрда бармоқ вазнининг мавқеи жуда ошди, ижодкорларнинг аруз илмидан узоқлашуви сингари сабабларга кўра арузий ижодлар, асарлар камайди. Арузга эҳтиром ва унинг юксак маҳоратга элтувчи илмий имкониятларига нисбатан ҳайратлар эса сақланиб турибди.
Ҳар икки вазн системаси ҳам сўзни, инверсияли гапни ўлчаш воситаси — бирлиги сифатида «ҳижо»га таянади. Бугунги кунда «ҳижо» атамаси моҳиятан «бўғин» тушунчасидан фарқланади ва мазкур атамаларнинг бири арузга, иккинчиси бармоққа тегишли қўлланилади.
Мабодо ҳижо ва бўғин айнан бир хил ҳодисалар сифатида хато ҳисланса, бармоқ вазнидаги сўз ва гапларни ўлчаш аруздаги ҳижо миқдори ўлчаниши билан фарқланмасдек туюлади. Ҳижо ва бўғинда жиддий фарқланиш борлиги боис шеърий мисраларнинг ҳижо — бўғин саноғининг белгиланишида ҳам икки шеърий тизим бир-биридан бошқача. Шунингдек, бугуннинг имлоси ва талаффузи ҳам ўзгача. Аммо бармоқ ва аруз ўртасидаги асл, катта тафовут уларнинг ўзга бир хослигида кўзга ташланади. Профессор Фитрат шундай ёзади: «Асил айирма ҳижоларнинг кайфиятларини назар-эътиборга олиб-олмасликдадир».
Икки вазннинг бир-биридан фарқланишиии тушуниш ҳам, ҳар бирининг ўзига хос ўлчов-хусусиятларини идрок қилиш ҳам, дарҳақиқат, ҳижо ёхуд бўғиннинг сифат жиҳатига эътибор қаратилиши ёки қаратилмаслигини англашдан бошланади.
Бугунги ўқувчи, адабиёт мухлиси арузни ўрганмоқ истаса, бу масалага киришишни бармоқ вазни хосликлари билан, бўғин ва ҳижо моҳияти билан танишишдан бошлагани маъқул. Негаки оммавий шеърияти аруздан, адабиётининг ўргатилаётган илми арузшуносликдан анчайин бебаҳра бўлган, бармоқ вазни ижодлари устувор одимлаётган давр ўқувчиси учун осон англашиладиган билимдан билмаганини ўрганиш сари бориш талаб этилади.
Бармоқ вазнида бўғинлар саноғини ҳисоблаш ва шеър мобайнида мисралардаги улар мувофиқлигини таъминлаш жараёнини шу вазндаги исталган шеър мисолида текшириб, билиб олиш мумкин. Бармоқ мисраларида бўғинларнинг гуруҳлашиб туроқланиши анча осон, содда бўлиб, туроқ аруздаги рукн билан вазифадошдир. Туроқ ва рукнда шаклан, микдоран ўзига хосликлар бор. Лекин рукнни ўрганиш заруриятини туроқ орқали ёки иккаласининг қиёсланиши орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
Мен ҳам яшаяпман | ўз замонимда, 11 бўғин (6 + 5)
Давримдан қайга ҳам | кетардим йироқ. 11 бўғин (6 + 5)
Ва лекин билмадим | менинг қонимда 11 бўғин (6 + 5)
Қайси бир бобомнинг | хислати кўпроқ. 11 бўғин (6 + 5)
(А. Орипов, «Генетика»)
Ўзбек арузини ўрганиш учун қадим араб арузининг шеъриятимизга кириб келиши, араб арузшунослиги маълумотлари, арузга доир илмий-назарий манбалар, шунингдек, давр ва лисоний сабабларга кўра араб, форс, ўзбек арузларининг маълум даражаларда фарқланиши каби масалаларни муайян даражада ўрганиш фойдадан холи эмас.
Маълумки, бўғинларга ажратиш талаффуздаги бир нафас чиқариш билан ҳосил бўладиган тўхташни ҳисобга олиш билан, шу тўхташлар оралиғидаги товуш ёхуд товушлар бирикмасини ёзувда ҳам худди шундай ифодалаш мумкинлиги билан амалга ошади.
Демак, бўғинга ажратишда талаффуз ҳам, ёзилиш ҳам тенг қимматли ва ўзаро мувофиқ. Ҳижонинг бош хусусияти ва бўғиндан асосий фарқи шундаки, у муайян вазндаги ўқилишнинг тақозосига кўра ажратилади. Бармоққа хос бўлган очиқ бўғин ва ёпиқ бўғин деган бўлинишлар аруздаги ҳижо ўлчовида ўз мавқеини йўқотиб қўйиши мумкин, яъни, ёпиқ бўғин очиқ бўғинга (ҳижога) айланиб қолиши мумкин. Қуйидаги сўзларнинг ҳар бири бир бўғин саналади, ҳижо сифатида эса ўта чўзиқ ва ҳар бири чўзиқ ҳамда қисқа ҳижолардан ташкил топгандир:
Ҳижо уч хил: қисқа (V), чўзиқ (-), ўта чўзиқ ( - мисра охирида).
1. Қисқа ҳижо.
Бир қисқа унли (чўзғи): Бир ундош (товуш) + қисқа
У (мид) а(ҳил)
V V унли (чўзғи):
ки, ду, ба
у (ка) а(ка) ба (ҳор) ки (тоб)
v v V V
и (диш) и, а, у
v v v v
2. Чўзиқ ҳижо (тўлик, ҳижо). очиқ чўзиқ: до-но,
Бир чўзиқ ўнли (узун чўзт): зе-бо, ма-ъ-но
и, а, у ёпиқ чўзиқ
Чўзиқ унли билан тугаган гул — шав, дил — бар
очиқ ҳижо: ба, ра, та жан — нат, мақ — таб
қисқа унлиси бор ёпиқ
ҳижо: дар, бар, сар, мур
3. Ўта чўзиқ ҳижо. Таркибида чўзиқ унли келган ёпиқ ҳижо; о, у, ў, и, э (а-кам учрайди): боғ, доғ, зор, ҳур, дур, нур, тас-вир, каш-мир, рез, роз, оф-тоб...
Қўш ундош билан тугаган ёпиқ ҳижо: субҳ, айт, маст, дўст, ишқ, зуҳд.
Ўзбек арузи фонетикаси: ҳижоларнинг тузилиши ва турлари, ҳижолардан асл рукнлар ҳамда тармоқ рукнлар — ритмик бўлакларнинг ҳосил бўлиши, асл ва тармоқ рукнларнинг турлича мувофиқликдаги такрорларидан баҳрларнинг ташкил топиши, шу жараёндаги зиҳоф (луғавий маъноси «соннинг гўштсиз бўлиб қолиши»)—ўзгаришларнинг содир бўлиши кабилар ўзига хосликларга, яъни араб, форс арузларига ҳамиша ҳам тўғри келавермайди. Ўзбек арузида 19 баҳрнинг 11 таси бор: ҳазаж, ражаз, рамал, мунсариҳ, музориъ, мужтасс, ҳафиф, сариъ, мутақориб, мутадорик, комил.
Араб шеъриятидаги вофир, тавил, мадид, басит, қариб, мушокил, ғариб, муқтазаб баҳрлари шеъриятимизда қўлланмайди.
Бирон байт, яхшиси ва кўпинча матлаъ ҳижолари кайфияти аниқланиб, чизмаси чизилиб, ритмик бўлакларга — рукнларга (асл ёки тармоқ рукнларга) ажратилади. Рукн («устун») — кичик ритмик бўлакдир. Байтлар 4 тадан 36 тагача рукндан ташкил топиши мумкин. 4 рукнли — мурабба, 6 рукнли — мусададс, саккиз рукнли — мусамман, 12 тадан ошгани (16, 20, 30, 36) мутаввал (кўп рукнли) деб айтилади. Рукнлар байтдага ўрнига кўра номланади. Масалан:
садр (раис — бошлиқ) ҳашв ҳашв аруз
ибтидоъ (бошланиш) ҳашв ҳашв зарб
Асл (афойлу тафойл, авзони мавозин) рукнлар 8 та (10 та ҳам дейишади): фаулун V--; фоилун — V —; мафоийлун
V— — —; фоилотун — V— —; мустафъилун — —V — ; мафъулоту— — — V; мутафоилун V V — V —; фоилатун V — V V — . Шулардан бештаси ўзбеки шеъриятида кенг қўлланилган:
I. Фаулун асли, тармоқлари:
1. Фаулун V — — солим
2. Фаол V — маҳзуф
3. Фаул V мақсур
4. Фаулу V — V мақбуз
5. Фаълун — — аслам
II. Мафоийлун асли, тармоқлари:
1. Мафоийлун V — — — солим
2. Мафоийлон V — — —мусаббағ
3. Мафоилун V — V — мағбуз
4. Мафоийлу V— —V макфуф
5. Мафоийл V — — мақсур
6. Мафъулун — — — ахрам
7. Фаулун V — — маҳзуф
8. Фоилун — V — аштар
9. Мафъулу — — V ахраб
10. Фаал V — ажабб
11. Фаул V ахтам
12. Фаъ — абтар
13. Фоъ — азалл
III. Фоилотун асли, тармоқлари:
1. Фоилотун — V— — солим
2. Фоилийён — V— — мусаббағ
3. Фоилоту — V— V макфуф
4. Фаилотун V V — — махбун
5. Фаилоту V V — V машкул
6. Фоилун — V— маҳзуф
7. Фоилон — Vмақсур
8. Фаълун — — мақтуъ
9. Фаълон — — мақтуъи мусаббағ
10. Фаилун V V — махбуни маҳзуф
11. Фаилон V V — махбуни мақсур
IV. Мустафьилун асли, тармоқлари:
1. Мустафъилун — — V — солим
2. Мустафъилон — — V — музол
3. Муфтаилун —V V— матвий
4. Мафоилун V—V—махбун
5. Мафоилонмахбуни V— V —музол
V. Мафъулоту тармоқлари:
1. Фоилун — V — матвийи макшуф
2. Фоилон — V — матвийи мавқуф
Шеъриятимизда ана шу асл рукнлар ва уларнинг тармоқларидан кўп фойдаланилган, уларнинг турлича такрорларидан 9 асосий машҳур баҳрлар пайдо бўлади:
Мутақориб — фаулун асли ва тармоқлари
Ҳазаж — мафоийлун асли ва тармоқлари
Рамал — фоилотун асли ва тармоқлари
Ражаз — мустафъилун асли ва тармоқлари
Музореъ — мафоийлун ва фоилотун
Хафиф — фоилотун ва мустафъилун
Мужтасс — мустафъилун ва фоилотун
Мунсариҳ ва сариъ —мустафъилун, мафъулоту
Сур-ма-дин кўз/-лар қа-ро, кўл/-лар хи-но-дин/ ло-ла-ранг,
— у — — — V — — — V — — — V —
Ғо-за-дин юз/ -лар-да то-бу/ ўс-ма-дин крш/-лар та-ранг
—V——— V———V — — — V —
Ўлчовлар натижасидан хулоса — вазннинг номланиши келиб чиқади: байтда асосий асл рукнлар фоилотун бўлгани боис баҳр исми — рамал; байтда рукнлар сони 8 та бўлгани боис — мусамман; охирги рукн асл рукн эмас, унинг бир тармоғи бўлгани боис тармоқнинг исми маҳзуф = ғазал вазни номи — Рамали мусаммани маҳзуф.
Демакки, шеър вазнини аниқлашда бир неча тартибли изланишлар олиб боришга тўғри келади. Хусусан? қуйидагилар муҳим: ҳижоларнинг сифати аниқланиб (вазнни аниқлаш ишида ҳижолар сифатини аниқлаш энг қийин, илмталаб, зукколикталаб жараён бўлиб, бунда қисқа, чўзиқ, ўта чўзиқлик ҳолатларини бехато белгилаш тақозо қилинади), «ҳижолар сифати чизмаси» чизилади ва рукнларга ажратилади; байтнинг неча рукн эканлиги саналади (масалан, байт олти рукн экан, мусададс = 34-3); байт рукнлари таркиби — сифати текширилиб, чизмадан кўринган мувофиқ номлари белгиланади. Худди шу охирги ҳал қилувчи — вазнга ном қўйилувчи ҳолатда шунга амал қилиш керакки, агар байт фақат асллардан иборат бўлса, «солим» атамаси қўлланилади, агар байт асллардан ташқари муайян тамоқдан ҳам иборат бўлса, ўша тармоқнинг махсус номи ҳам «солим» атамаси ўрнида қайд этилади. Агар байтда асллар ва тармоқлар аралаш бўлса, «солим» атамасини қўллаш шарт бўлмайди. Унутмаслик лозимки, асар ҳеч қачон бир неча баҳрда ёзилмайди. Деярли барча арузий асарлар бир баҳрда ёзилади. Аммо икки вазнда ёзилганлари ҳам кўп учрайди. Бунда кўпинча иккинчи, яъни қўшимча вазннинг охирги ҳижоси фарқланиши мумкин.
Шундай қилиб, турли жанрга мансуб арузий асарлар вазни таҳлили-тадқиқига киришиб борилади. Тажриба жараёни барча хос тушунчалар моҳиятини, шунга доир билимларни мустаҳкамлаб боришни талаб этади. Ҳозирги ўзбек маорифида вазнларни аниқлаб бериш талаби эса ҳар қандай битирувчи ўқувчилар, олийгоҳларга кирувчилар учун бир хил. Ўқувчида бу мавзу бўйича етарли тасаввур, малака, кўникмалар ҳосил қилдириш деярли ҳамма йўналишдаги адабиёт сабоқларининг, соҳа ўқитувчиларининг муҳим вазифасидир.
Тоҳир Шермуродов. 2003 йил.