Асримизгача насримиз

Маълумки ўзбек халқи минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган бой адабиёт яратган. Классик адабиёт, деб аталадиган бу маънавий зарваракдаримиз кўлам жиҳатидан ҳам, мавзу ва ғоявий йўналиш нуқтаи назаридан, жанрлари ҳамда бадиийлиги томонидан ҳам ниҳоятда ранг-барангдир. Ана шу бебаҳо хазинанинг катта қисмини насрий асарлар ташкил қилади. Биз кўп йиллик кузатишларимиз, ўнлаб насрий асарларнинг бевосита асл қўлёзмаларини мутола қилиш натижасида қадимий насримизни жанр, тематика, ғоявий йўналиш ҳамда услуб жиҳатидан қуйидагича мухтасар тасниф этишни лозим кўрдик. Зероки, ҳозиргача «диний», «мистик», «хурофий» деб назардан соқит қилган ўнлаб насрий китобларимиз маърифат кони, ахлоқ-одоб дастуридир. Уларда исломий аҳкомлардан ташқари халқимиз маънавиятининг кўп қирралари ўз ифодасини топтан, унинг турмуш уринишлари акс этган.

Ҳикоя, ҳикоят, тамсиллар. Бу турга «Қиссаи Рабғузий» (XIV аср), «Насойимул муҳаббат» (XV аср), «Гулзор», «Мифтоҳул адл», «Жомеъул-ҳикоёти туркий» (XVI аср), «Тазкиратул авлиёи туркий», Гулханий ва Нозил Хўжандийларнинг «Зарбулмасал» китоблари киради. Мазкур мажмуалардаги ҳикоя, ҳикоят ва масалларнинг етакчи мавзуси панд-насиҳат, яхши хулқ-одобни, фарз ва суннатларнинг бажарилиши шартлиги, илм, ҳунар ўрганиш, сабр, қаноат, ризо, шукр, эътиқод, зикр, ишқ, маърифат, жавонмардлик, адолат ва бошқаларни тарғиб этиб, исломий одобга зид хислат, айб, гуноҳлардан пархез қилишга чорлашдир. Ушбу китобларнинг аксариятини ўзига хос одобнома дейиш мумкин. Уларнинг тили ва тасвир усулига «нақлдурким», «айтибдурларким», «ҳикоятда келур», «аймишлар», «хабарда келур», «хабарда келмиш», «ҳикоятларда сўз бу турур», «ҳикоятларда андоғ келурким», «бурунги ўткан замонда» сингари бошланмалар характерлидир. Деярли кўпчилик ҳикоятларда қиссадан ҳисса чиқариш характерида якуний байтлар келади. Бундай асарларнинг тили ғоятда равон ва фикр образли иборалар, лафзий ва шеърий санъатлар орқали лўнда ифодаланади.

Турли мавзулардаги ишқий-саргузашт, ахлоқий-таълимий, қаҳрамонлик руҳидаги қиссалар: «Қаҳрамони қотил», «Қиссаи Жамшид», «Қиссаи Дилнавоз», «Қиссаи Аҳмадбек ва Юсуфбек», «Девонаи Машраб», «Иброҳим Адҳам», «Ҳазрати Али қиссаси», «Қиссаи маликаи Дилором», «Қиссаи Дороби зарринкамар», «Жангномаи Суҳроби Ял», «Китоби подшоҳ Афросиёб», «Сиёвуш қиссаси» ана шу хилдаги асарлар сирасига киради. Афросиёб ҳақидаги қиссаиинг бир қисми 1914 йили ҳозирги Туркиянинг Диёрбакр шаҳрида нашр этилган «Чаноқ калъа» ойномасида ҳам босилган. Буларнинг услубига «Ровийлар ривоят қилурларким», «Аммо ровиёни ахбор ва ноқилони осор ва мухаддисони достон» каби бошланмалар, бобдан бобга ёки воқеадан воқеага ўтишда «алқисса» боғламаси хосдир. Бундай асарларда сюжет бир меъёрда, фавқулодда ўзгаришлар, ногаҳоний воқеаларсиз баён этилади. Асосий диққат бош қаҳрамон саргузаштини мукаммал, ғоятда нафис, образли баён этишга қаратилган. Уларнинг таркибида руҳий ҳолат, табиат манзаралари, жангу жадаллар, қаҳрамонларнинг келбат ва салобати тасвирига бағишланган кўплаб рубоий, ғазал, марсия, маснавийлар учрайди. Баъзиларида воқеа бошидан охиригача назм ва наср аралаш тарзда тасвирланади.

Саргузашт романлар: «Самироншоҳ», «Барзунома», «Доробнома», «Ҳотамнома», «Жаҳонгирнома», «Саидбаттоли Ғозий», «Абомуслимнома» каби ўнлаб асарлар ўзбек романчилигининг классик намуналари ҳисобланади. Бу хилдаги китобларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларда воқеа кўлами жуда кенг. Асосий қаҳрамонлардан ташқари, унинг фаолиятини тўлдириб, муаллиф ижодий ниятининг мукаммал тарзда ифодаланиши учун хизмат қиладиган ўнлаб образлар: воқеа ичидаги воқеалар ёки ҳикоя таркибидаги ҳикоялар жуда кўп. Бир романнинг ўзи бир неча ўнлаб ҳикоятлардан ташкил топган. Уларда муаллиф қасрлар, осмоний боғу-роғлар, сув осги шаҳарлар, даврий ва босқичли воқеаларни тасвирлайди. Қаҳрамонлар воқеалар жараёнида шажаралари билан иштирок этади. Ушбу романларнинг бадиий нафосати, тасвирий воситалардан истифода этилиши ҳам ана шу қамровнинг ҳудудсизлиги, асосий қаҳрамонлар ва иккинчи даражали тимсолларнинг ғоятда кўплиги билан белгиланади. Жумладан, анъанавий бошланма ҳамда воқеадан воқеага ўтишдаги восита лавҳалар ҳам турли-тумандир. Сўз, ибора, ифода, анъанавий бошланма ва боғланмалар ҳар бир романда айрича нафосатга эга. «Аммо ровиёни ахбор, ноқилони осор муҳадцисони достони кўхан, хушачинони хирмани сухан», «Бу воқеаларнинг донанда ва бинандаси андоғ ривоят қилибдурларким» сингари бошланмалар, воқеадан воқеага ўтиш тасвирида эса «Эмди бир калима сўзни бошқа ердин эшитинг», «Буларни бу ерда қўюнг, икки калима сўзни ўзга жойдин эшитинг» каби боғловчи кириш гаплар ушбу романлар услубига хосдир. «Або Муслим жангномаси»да эса бундай бошланманинг янада мураккаброқ кўринишини учратамиз. «Аммо ровиёни ахбор ва ноқилони осор ва муҳаддисони достони бўстони гулистони куҳан ва ху-шанчинони хирмани сухан ва саррофони дорулаёни жавҳариёни риштаи бозори маоний ва суройороёни тасвири ажойиб ва чеҳракушоёни ҳикоёти ғаройиб... Ҳаким Тарсусий ва Хожа Муҳаммад Тоҳир Хўжандий шундоғ ривоят қилибдурларки».

Ўн саккизинчи асрда яшаб ижод этган андижонлик шоир ва ёзувчи Шоҳ Ҳижрон «Барзунома»сида шу хилдаги бошланма лавҳанинг ўзгача кўриниши мавжуд. Унда сажъни ташкил этувчи сўзларнинг тизими ҳам, ифодалар таносиби ҳам ўзига хос жозиба ва равонликка молик. Бу асар асримизнинг бошида яшаган шоир ва мутаржим, ношир Ҳайбатуллохўжа Хислат «Барзунома»сидан ҳам бадиий тил воситалари, нафосати жиҳатидан устун туради. Чунки, Шоҳ Хижрон кириш гап ва қистирма ибораларнинг нисбатан содцароқ турларидан фойдаланган, арабий ва форсий сўз ва жумлаларни камроқ қўллашга интилган.

Тарихий, тарихий-ёднома характеридаги насрий асарлар: «Тарихи Мулуки Ажам», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Бобурнома», «Шажараи турк», «Шажараи тарокима», «Гулшани давлат», «Фирдавсул иқбол», «Шажараи Хоразмшоҳий» ва бошқа асарлар. Бу китобларда тарихий воқеалар муаллифлар томонидан олим кўзи билан кўриб, саралаб чиқилади, кузатилади, ёзувчи дилилига дойр тадқиқотлар яратишган. Ўзбекистон Фанлар Академияси Адабиёт института олимлари «Ўзбек насри тарихидан» номли махсус рисола чоп эттирдилар. Унда ўзбек насрининг пайдо бўлиш тарихи, юқорида таъкидлаганидек, «Бобурнома», Хожа ҳикоялари, Умар Боқий китоблари, «Тоҳир ва Зуҳра», «Латойиф-ут-тавойиф»нинг таржимаси ва XIX асрнинг иккинчи ярмидаги наср намуналаридан айримларига дойр тадқиқотлар жамланган. «Тарихи муҳожирон» ва «Қоралар фалсафаси» асарлари ўша давр адабиётшунослиги руҳида таҳлил этилган. Афсуски, бу китобдан биз юқорида тилга олган аксарият асарлар таҳлили ўрин олмаган. Ачинарлиси шундаки, бу тадқиқотни маъруза жараёнига олиб кириш у ёқца турсин, айрим педагогларимиз шундай илмий асар яратилганлигини билмайдилар ҳам. Эндиликда ёзиладиган дастурлар ва улар асосида битиладиган дарсликларда бу масалага жиддий ёндашишимиз, мумтоз насримизни ҳам шеъриятимиз қаторида баробар ўрганиб боришимиз лозим.

Бундан бир неча йил муқаддам забардаст адабиётшунос, ҳозирги адабий жараённинт зукко мунаққиди, касбдош дўстимиз, профессор Азимжон Раҳимов «Ўзбек романи поэтикаси»га бағишланган докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Муаллиф ўзбек романчилигида учта сюжет чизиғи мавжущшгини айтиб, ҳар бир йўналишнинг илмий жиҳатдан чуқур, мукаммал таҳлилини келтирган. Қизиғи шундаки, олим кўрсатиб ўтган Оврўпа ҳамда ҳозирги ўзбек романнавислигидаги ана шу уч устивор сюжет тизими классик романларимиз бўлмиш «Самироншоҳ», «Доробнома» ва «Барзунома»ларда тўла мавжуд. Улардаги воқеалар қамрови ҳам, тимсоллар силсиласию бадиий унсурлар ҳам ҳозирги романлар талаби ва табиатига ғоятда яқиндир. Демак, биз келажакда ўзбек классик адабиёти билан, хусусан, қадимги наср билан ҳозирги проза ўртасига хитой девори қўймай, уларни яхлит, тадрижий такомилда ўрганишимиз лозим экан. Зероки, ҳозирги ҳикоя, қисса ва романларимиздаги кўп бадиий унсурлар классик насримизда «мана ман» деб кўзга ташланиб турибди. Ушбу масала ҳозирги замон адабиёти билан шуғулланадиган олиМларнинг қадимги насрий меросимизни ҳам жидций тарзда ўрганиб боришларини тақозо этади. Умуман, ўзбек адабиётини даврларга бўлиш нисбий нарса. Шунинг учун бу соҳа олимлари ҳар икки босқич адабий ҳодисаларини пухтароқ билишга интилишлари фақат фойда келтиради, холос.

 

Ҳамиджон Ҳомидов