Баёз

БАЁЗ - (арабча - оқлик) шеърлар тўплами. Баёзлар одатда икки ёки ундан ортиқ шоирлар шеърларидан ташкил топади. Баёзлар асосан машҳур шоирларнинг лирик асарларидан тузилган. Баёзлар маълум бир ғоя ёки муайян дунёқарашни ташвиқ ва тарғиб қилмайди, умуман сайлаб олинган асарларда даврийлик ҳам бўлмайди. Кимнинг шеъридан қанчалик киритиш баёз тузувчининг хоҳишига боғлиқ бўлган. Баёзлар сарбаёз (сўз боши), лирик шеърлар (асосий қисм), хотима ва иловадан ташкил топади. Айрим баёзларда асарлари киритилган шоирлар номи мундарижа сифатида берилади. Бу хил тўпламлар муаллифларнинг ўзи ёки адабиёт ихлосмандлари ва хаттотлар томонидан тузилиб, адабиёт тарғибида муҳим вазифа бажарган.