БАДИИЙ ҒОЯ - адабиёт ва санъат асарлари замиридаги китобхон ва тингловчи, томошабинга етказилмоқчи бўлган эмоционал образли фикр. Ҳаётда рўй берган ёки рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай воқеа-ҳодиса, кечинма, ўй-фикр адабиёт ва санъат асари учун объект вазифасини ўташи мумкин. Бироқ ижодкор ҳар қандай воқеа ва унинг иштирокчилари, фикр-кечинмаларни қаламга олавермайди. Олам ва одам ҳақидаги муайян фикр-хулосаларини замондошларига таъсирчан бир тарзда етказа оладиган ҳодиса ва ҳолатларни танлайди, ўзича уларга бадиий ишлов бериб, ихлосмандлар ҳукмига ҳавола қилади. Бадиий ғоянинг эмоционал таъсир кучи воқеа-ҳодисанинг, фикр-кечинманинг муҳимлиги ҳамда уни тасвирлаган ёзувчи ёки санъаткорнинг дунё-қараши ва маҳорати билан белгиланади. Бинобарин, бадиий ғоя ижодкор тафаккури меваси ва шу тафаккурнинг у ёки бу асардаги воқеа ва кечинма тасвиридан келиб чиқувчи эмоционал таъсир кучига эга бўлган образли кўринишидир.
Инсон бу дунёдаги мўъжизалардан бири Ниагара шалоласини кўриб, маҳлиё бўлиши, чўчиши ёки ҳайратланиши мумкин. Агар шу шалоланинг ҳайратомуз манзараси бадиий асарда муайян мақсадда тасвирланган бўлса, ундан келиб чиқувчи эмоционал образли фикр китобхонни ҳайратга солибгина қолмай, унда бошқача фикр ва кайфият уйғотади. У мазкур асарни ўқиб инсон табиат кучлари олдида ожиз мавжудот, деган қарорга келиши мумкин. Аксинча, ана шу даҳшатли гўзаллик ҳам Инсон учун Аллоҳ томонидан яратилган, деган юксак бир фикрга келиши ҳам табиий бир ҳол. У қа нда й фикрга келишидан қатъи назар, бу фикр-хулоса шу воқеа тасвир этилган асар замирида ётган ва муаллифнинг нияти билан боғлиқ бўлган бадиий ғоя самарасидир. Кейинги йилларда жаҳон адабиётшунослигида адабиёт ва санъат асаридаги ғоянинг мавжудлиги ва инсон тарбиясидаги ролини бутунлай рад қилишга ҳаракат сезилмоқда. Холбуки, ғояни бадиий фикр сифатида инкор қилиш адабиёт ва санъатни маслаксизликка, маъносизликка олиб боради.