(ёш қаламкашларга)
Бизлар бир ўткинчи, жаҳон барқарор,
Одамзоддан фақат сўз қолур ёдгор.
Фирдавсий
Инсоният тарихидаги ҳар тарафдан юқори тараққийни намойиш этувчи қайси бир аср ё халқ тажрибасига назар ташламанг, муваффақиятни талай ибратли тадбир ва омиллар таъмин этганлигини кўрасиз. Юксалиш чора-тадбирлари сирасида касбу ҳунарга, илму маърифатнинг хилма-хил йўлларига ўз авлодларини оммавий йўллашга киришиб, бу ишни тинимсиз давомлатиш ҳамма вақт етакчи мавқе касб этган. Халқона, мамлакатона миқёсли шундай собит ҳаракатлар доимо инсониятга ёрқин самаралар берган. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ўсишлари кузатиладиган бундай тарихий замонларнинг олимлар талқинида, тегишли манбаларда, «уйғониш», «ренессанс», «кўтарилиш» каби атамаланиши расм бўлган. Халқимизнинг ҳозирги авлод фозил, олим, зиёли, маорифчилари соҳага йўналтириш тарбиятининг нақадар муҳимлигини, қадим айёмлардан ибратомуз тажрибалар йиғими борлигини, бежиз устоз-шогирд қабилидаги анъаналар амал қилмаганини, оқилона чораларни янада кучайтириб бормоқ ҳамиша зарурлигини тушунишади.
Деярли барча алломалар касблар, ҳунарлар, мансаблар, илмларга ёшларни тайёрлаб бориш жараёнининг қоидалари ва кўрсатмалари борасида фикр-мулоҳаза юритишган. Илмий меросларда йўл-йўлакай билдирилган фикрлардан ташқари, тарихий манбалар ичида тўғридан-тўғри шу мавзуга қаратилган рисола, мақолаларга гувоҳ бўламиз. Шоирни, шеъриятни шакллантириш ҳам йўналтиришнинг доимий долзарб вазифаларидан бўлганини кўплаб манбалар тасдиқлайди. Шеърият моҳияти, шоирликнинг табиати ва тарбияти, шу масаланинг юзлаб жиҳатлари тўғрисидаги ҳаққоний хулосалар ва ўринли кўрсатмаларга жаҳон шоирлари ижодларининг ўзида ҳам минглаб намуналарга дуч келамиз.
Қайсин Қулиев:
Замин деб билган чоғ сени, шеърият,
Ёмғирдай ёғилдим гоҳ ўтлоқларингга.
Гоҳида бешафқат кўчкин қорсифат
Ваҳму қутқу солдим қучоқларингга.
Кушод ва муқаддас яловинг тутиб,
Бўлдим лашкарингнинг одд,ий аскари.
Сени гоҳ дарёдек тасаввур этиб,
Ўзимни ҳис этдим ирмоқ сингари.
Бурқсиб тутаган чоғ туман ва тутун
Тангри ё расулмас, инсонинг бўлдим.
Қутлуғ даргоҳингда таъмасиз, забун
Содиқ дастёрингу дарбонинг бўлдим.
Сенинг мавжудлигинг фаҳм этурман то,
Токи тарк этурман уйқуни саҳар.
Гўзал кўрингайдир кўзимга дунё,
Асло туюлмагай бу ҳаёт заҳар.
Ҳимматим ҳаққига ғамдан, кулфатдан,
Майли, асрамагин мени умрбод.
Асра лоқайдлигу енгил шуҳратдан,
Токи келтирмайин мен сенга иснод.
(«Шеърият»)
«Муаллим ус-соний» — Абу Наср Форобий (873-950) Аристотелнинг «Поэтика» китоби таъсирида ёзган «Шоирлар санъати қонунлари ҳақида» рисоласида кўйроқ бу санъатда фойда берадиган қонун-қоидалар, айни қобилиятнинг даражасини белгиловчи фикрлаш-мушоҳадалаш йўсинлари, турли жанрлар, уларнинг хосликлари ва шуаронинг тоифалари тўғрисида фикр юритса-да, рисоласининг учдан бир қисмини шоирлик санъати илмини ўрганувчилар фойдаланиши лозим бўлган умумий масалаларга қаратади.
Форобий шоирликнинг психологик, фалсафий асосларини ишонарли таърифлайди: шоирлар чиндан туғма қобилиятли, шеър битишга тайёр табиатли бўлади, уларда ташбеҳ ва тамсилга лаёқат яхши ишлайдиган бўлади; баъзи шоирлар туғма қобилиятларининг яхшилиги билангина қаноат ҳосил қилиб, мўлжалланган ҳозирликларига кўра иш тутадилар — бундай шоирлар чинакам мусалжис — мулоҳазакор шоирлар саналмайдилар; баъзи шоирлар чинакамига шоирлар санъатини эгаллаган бўлишади, шеъриятга хос бўлган хусусиятлардан бирортаси ҳам, у қайси шеър турига алоқадор бўлмасин, барибир бу қонун-қоидалар ундан қочиб қутулолмайди, ташбеҳ, тамсилларни маҳорат билан ишлатадилар — бу хил шоирлар чиндан қобилиятли шоирлар—ўша аввалги иккала табақа шоирлар — ижодини ёдлайдилар, ўзларида туғма табиат бўлмагани ҳолда, шеърий санъат қоидаларидан хабардор бўлмай, улар кетидан боради-йўлдан адашадиган ва тоядиган шоирларнинг кўпчилиги худди мана шу табақа шоирлар ичидан чиқади; уч тоифа шоирларнинг ҳар бири ижодда ё табиийлик, ё мажбурийликдан холи бўлмайди, масалан, у яхши сўз айтишга табиатли бўлса, вазият ундан бошқа турдаги шеър айтишга мажбур қилиб қолади; шунақаси ҳам бўладики, шеър санъатида энг орқада қолган шоир юқори даражада ажойиб шеър ёзади, энг билағонлар ҳам унга тенг келадиган нарса яратолмаслиги мумкин (сабаб: бахт, тасодиф), лекин барибир бу шоир мулоҳазакор шоир саналмайди...
Мирзо Кенжабек:
Тенгдошларим масрур ютуқлар билан,
Парвозудонглари кимгадир армон.
Мен эсам курашчан нутқлар билан,
Мақолалар билан бўлдим андармон...
Келгайдир мени ҳам тушунгич замон,
Елларга совурдим қонли додимни.
Истиқболинг учун, юртим, онажон,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни...
Қалбимнинг қаърида шеър унган кундан
Борми ҳаётимда қутлуғроқ сана!
Қон силқиб турганда сенинг кўксингдан,
Мен қандоқ шўх куйчинг бўлайин, она?!..
Оҳим! Осийларни оёққа қалқтир,
Қиёмат кўргузмай далил-ҳужжатин.
Ки бу ҳам яшашга ҳаққи бор халкдир,
Қалбларга қадаб қол қасос кўчатин!
Муте қисматимиз — жаҳоний тилсим,
Кўкламни алишдик мунглут хазонга.
Лаънатлар, лаънатлар, лаънатлар бўлсин
Ҳур қалбни банд этиб қўйган ёмонга.
Ким зиндон тузумни яшар қуллуқлаб?
Ўликлар тушунмас қонли додимни.
Юртим! Эркинг учун ўзим куллуклаб,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни.
На ижод, на довруқ — истак-нажотим,
Дилларни поклайин ноҳақ шубҳадан:
Буткул сабил қолсин менинг ижодим,
Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!..
(«Публицистик дард»)
Форобий яна шундай ёзади: «...шоирларнинг шеър ижод қилиш борасидаги аҳволи камолотга етишгани ва етишмагани жиҳатидан турлича бўлади. Бу эса ё ғоя жиҳатидан, ё бўлмаса мавзу жиҳатидан шундай бўлади. Аммо ғоя жиҳатидан олган такдиримизда улар шеърга баъзан унга ёрдам беролмай қолади. Бунга баъзан руҳий (нафсоний) кайфиятлар сабаб бўлади. Шунда ё руҳий кайфиятлар устун келади, ё бўлмаса баъзан ўзи унга муҳтожлигидан тушкунликка учраб, пасайиб кетади... буларнинг ҳаммаси ахлоқ ва руҳий кайфиятлар тавсифлари ҳамда уларнинг ҳар бирининг инсон руҳига алоҳида таъсири ҳақида битилган китобларда керагича баён қилинган». Форобий фикрича, санъат турларининг ичида «шоирликнинг танланиши одамда жуда улкан бойлик саналади».
Сайфи Саройи:
Жаҳон шоирлари, эй, гулшани боғ,
Кими булбул дурур сўзда, кими зоғ.
Кими тўти бекин чайнар шакарни,
Кими лафзи билан ўртар дарарни.
Кимининг сўзлари мавзуну ширин,
Кимининг лойиқи ташрифу таҳсин.
Кими ўзганинг ашъорин меним дер,
Кими ҳалво киби шалғам чўбин ер.
Кими маъний қўюб лафзин тузотур,
Кими вазнин бузуб санъат кузотур.
Аларнинг ўш бири Сайфи Саройи,
Жаҳон орифларининг хоки пойи.
Ани сен жумла шоир камтари бил,
Қамар юзга ҳамиша муштари бил.
(«Фи авсофи шуаро»).
Низомий Арузий Самарқандий (XII аср) қаламига мансуб «Мажмаъ ун-наводир» («Нодир ҳикоятлар») номли, кейинчалик «Чаҳор мақола» деб юритилган китобнинг иккинчи мақоласи «Шеър илмининг моҳияти ва шоир салоҳияти»га бағишланади. Аллома ўз давригача бўлган ҳаётий тажрибалардан, умуман, асл талаб-мажбуриятлардан келиб чиқиб, сўзлар воситасида ишловчи ижодкорларни шакллантириш, уларнинг парвариши, улар зиммасидаги масъулликлар, шоирларнинг маънавияти ҳамда тажрибада такомиллашуви сингари масалаларда фикр юритади. Бўлажак шоир «ёшлик айёмида ва йигатлик давронида ўтмиш шоирларининг шеърларидан 20000 байтни хотирасида тутмаса, замондошларининг асарларидан 10000 мисрани ёд билмаса, устодлар девонини доим мутолаа қилмаса, улар сўзнинг нозик томонлари ва қийин жойларини қандай йўл билан ҳал этганликларини ўрганмаса, юксак даражага етмайди ҳамда шеър навлари ва йўллари унинг табиатида ўз ифодасини топмайди, шеърнинг яхши ва нуқсонли томонлари ақлининг саҳифасида ўз аксини кўрсатмайди, сўзлари буюклик томон, табъи эса камолот сари майл кўрсатмайди», деб ёзади Низомий Арузий Самарқандий.
Унингча, ҳар қандай ҳунар кишисини ёшликдан тарбиялаб борилгани каби иқтидори сезилган шоирни ҳам вояга етказиш осон кечмайди. Ёш ижодкор шеърият назариясига доир ўтмиш аждодлар яратган асарларни чуқур-пухта билиши, илми аруз, илми қофия, илми бадеъ масалаларини ўзлаштириши, шуларга оид китобларни тинимсиз ўқиб бориши зарур. «Шоирнинг руҳи тоза, фикри кенг, табъи латиф, кўнгли тўғри ва зеҳни ўткир бўлмоғи лозим. У яна турли фанлардан хабардор бўлиши, ҳар хил одатлар билан таниш бўлмоғи керак. Чунки шеър ҳар бир илмда қўл келиши ва ҳар хил илм шеърда ифодаланиши мумкин». Мабодоким, шоир ёш бўлса, бироқ шеърлари ҳали яхши бўлмаса, қобилиятли эканлигига эса шубҳа йўқ эса, унинг яхши шоир бўлмоғидан умид қилса бўлади. Олижаноблик қоидаси бўйича бундай шоирнинг тарбиясига киришиш вожиб, у ҳақда қайғуриш, меҳрибонлик кўрсатиш шартдир. Эл-юрт шоирларни, шеъриятни ардоқламоғи керак, негаким, улар туфайли номлар, воқеалар шаъни дунёга ёйилади, тарихда қолади. Барча ақл соҳиблари биладиларки, дунёда тазйиқкор ҳукмдорларнинг шон-шавкатидан ҳеч нарса қолгани йўқ, Фирдавсийнинг ҳурмати ва назмлари эса ҳамон сақланиб турибди, зулм этгувчилар буни тушунганларида эди, бу олижаноб кишини таҳқир ва маъюс қилмаган бўларди. Подшонинг лашкари урушдан безиб, чарчаб, ҳорийди, ватану рўзғорларини соғинади. Ночор бўлиб, Рўдакийдан подшони ортга — юртга қайтишга кўндирсангиз, 5000 динор берамиз, дейишади. Мавлоно Рўдакий қўлига чанг олиб, Бухоро ҳақида ўша заҳотиёқ шундай қасида тўқиб ўқийдики, подшо таъсирланиб беихтиёр ватанга қайтиш ҳақида фармон бериб юборади.
Абдулла Орипов:
Мен шоирман, истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим.
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим.
Мен куйлайман гоҳ дилда кадар,
Гоҳ севиниб шеър тўқийман мен.
Тингламаса ўзгалар агар,
Ўз-ўзимга шеър ўқийман мен.
Мен куйлайман ушбу оламда
Инсон бўлиб туғилганимни.
Мен куйлайман баъзан аламда
Йиғлаб-йиғлаб бўғилганимни.
Мен куйлайман бу олам аро
Мағрур турган халқимни фақат.
Мен куйлайман ўтмишнинг қаро
Зулматида йўқлигин шафқат.
Керак бўлса, амр этса юрак,
Келтирурман умримга имон.
Менинг учун на таъзим керак,
На ҳолвайтар каби шуҳрат-шон.
Шайдо бўлиб юрганда бирдан
Хаёлимга ташламанг каманд.
Мижғов ва паст, ғийбат гаплардан
Жажжи шеърим қўюрман баланд.
Хаёл каби кенг эрур олам,
Майда гапни кўтармагай шеър.
Керак бўлса менинг учун ҳам
Жавоб берар бобом Алишер.
(«Созим»)
Таниқли тилшунос олим Алибек Рустамов ўзининг «Сўз хусусида сўз» китобидаги «Сўз далолати» бобида ўнлаб сўз ва сўз бирикмаларининг маънолари, уларни тўғри қўллаш нозикликлари ҳақида фикр юритар экан, «шоир» сўзига муносабатда мавзунинг турли қирраларини донишона талқин қилади:
«Шоир» сўзининг луғавий маъноси «туйғучи» бўлиб, урфий маъноси шеърчидир. «Шеър»нинг луғавий маъноси «туйғу» бўлиб, урфда, асосан, ҳиссиёт ва қисман тафаккур, қисқача қилиб айтганда, завқ натижасида вужудга келган бадиий сўзламни билдиради. Аммо шоир сўзи ўзининг билдирмиши нуқтаи назаридан теран мазмунга эга бўлиб, махсус фазилатга эга бўлган кишини билдиради. Бундай киши биринчи навбатда инсон даражасига эришишга ҳаракат қилиши шарт. Бу фақат шоирга эмас, ҳамма учун керак. Лекин бу бўлмаса, шоирликнинг пойдевори, содда қилиб айтганда, таги бўш бўлади. Пойдевори бўш иморат тез емирилганидек, инсоний асоси суст бўлган шоирнинг шеъри ҳам, ўзи ҳам тез шикаст ейди».
Олим инсоний асосларнинг, булардан ташқари, махсус фазилати шоирлик бўлган бола учун зарзфий сифатларнинг энг муҳимларига батафсил тўхталади: ўсимликда ўсиш бор, ихтиёрий ҳаракат ва ақл йўқ, дарахт бир ердан иккинчи ерга боролмайди; ҳайвонда сезги ва ихтиёрий ҳаракат бор, акд йўқ; иисонда жонсиз, ўсувчи ва бошқа жонли мавжудодга хос ҳамма хусусиятлар бор, шу билан бирга уларнинг барчасида йўқ бўлган ақл ва нутқ бор; «киши онадан етук инсон бўлиб туғилмайди, лекин етуклик истеъдоди ҳаммада бўлади».
Соадатга эришаман деган ҳар бир болаиинг ўз инсоний жиҳатларини ривожлантириши учун нима қилиши кераклиги борасида Алибек Рустамов қуйидагиларни таъкидлайди: ёмон хислатларни яхшилари билан алмаштириш; ичқораликни йўқотиб, оқкўнгил бўлиш, ёвуз ният ва ёмон фикрларни эсга ҳам келтирмайдиган бўлиб, фақат эзгу ният ва яхши амал билан ўзини машғул қилиш; кўнгилдан кўролмасликни бутунлай чиқариб, кўнгилга хайрихоҳликни мустаҳкам ўрнатиш; очкўзликдан тамоман қутилиб, кўзи тўқликни одат қилиш; ўзини ёки наслу насабини ўзгалардан устун деб билмаслик; сурбетлик ва уятсизликни ҳаё билан алмаштириш; бутзга аъзоларни пок тутишлик — сўз поклиги беадаб сўзларни тилга олмасликда, қулоқ поклиги ғийбатни эшитмасликда бўлгани каби; вужулдан танбалликни қочириб, меҳнатдан роҳат оладиган даражага эришув; тўзимсизликдан қутилиб, сабр-бардошга ўрганиш; ортиқча талаблар ўрнини қаноат билан тўлдириш; кўпроқ ҳунар ва илм олиш; борлиқ томонидан инсон учун белгиланган вазифа унинг маънавий томони билан боғлиқдир ва саодат амалдадир.
Омон Матжон:
Хивада қалъа бор қалъа ичинда,
Бири — Ичон қалъа, бири—Дишон.
Машҳурдир бирининг номи очунда,
Бири нураб ётар беназар, бешон.
Не сир бу?
Бир ёнда мовий тафаккур
Қулф уриб турибди сокин, беозор.
Бир ён тенгсиз жангда енгилган мағрур
Ботир жасадидек эгасиз ва хор.
Ичон қалъа демак—Хоразм фахри,
Баҳорнақш гумбазлар, минор, сардоба...
Шундадир ул буюк Маҳмуднинг қабри,
Шундадир шон, ғурур... Дишон —хароба...
Халқимнинг устувор руҳи — зўр даҳо,
Мангулик топгандир Ичон қалъада.
Уни бузмасин деб минг турли бало,
Қалъа қурилгандир Дишон—далада.
Азалий беомон бир ҳукмдир бу:
Одам—Дишон қалъа, орзуси —Ичон!
Оз яшаб кўп заҳмат кўрса ҳамки у,
Руҳин қолдирмоғи мумкиндир омон.
Мен бугун Хивада виқорли турган
Асрий ёдгорлардан туяркан маъни,
Дейман: умр ҳикматин бобонгдан ўрган,
Асрамоқни ўрган Ичон қалъани!
(«Икки қалъа»)
Барча инсонларга шарт бўлган мазкур хислатлар баробарида шоирнинг умуман санъат аҳлига хос бўлган тубандагича фазилатларга ҳам эга бўлиши кераклигини Алибек Рустамов тўғри белгилайди:
«Булардан бири сезгирликдир. Санъаткор, ҳунарманд, олим, ёзувчи ва шоир пайқаш қийин бўлган жуда нозик нарса ва воқеаларни сеза оладиган киши бўлиши зарур.
Бундай хислатларнинг яна бири кузатувчанликдир. Кузатувчанлик кишига ҳар бир нарса ва ҳар бир ҳодисанинг сабабини аниқлаб, оқибатини олдиндан кўра олишга ёрдам беради.
Яна бири ваҳм, фантазиянинг кучли бўлишидир. Бу хислат янги буюм ясаш ва янги асар яратишнинг бош омилидир.
Яна бири завқ бўлиб, бу инсоннинг гўзаллик, етуклик ва гўзалликдан лаззатлана олиш қобилияти ва лаззатланишидир».
Аллома шу завқнинг шоирга хос бўлган қирралари ва шеърнинг муваффақиятини таъминлашдаги аҳамиятига, назм ва нозимлик билан шеър ва шоирлик тушунчаларининг моҳиятан фарқланишига, шунингдек, шоирликнинг бошқа умумий талабларига мухтасар тўхталади. Бу йўриқлар ҳам ғоят ибратли бўлганлиги сабабли айни йўриқ-хулосаларни тўлиғича кўчирамиз:
«Шеър шоир завқининг махсус қоидаларга бўйсунган нутқий ифодасидир. Шоир ўз завқини бадиий сўз билан ифодалаш санъатини эгаллаган завқ аҳлидир. Шеърни назмдан фарқ қилиш керак. Назм вазн ва қофияли нутқ бўлиб, у шеър хусусиятларидан холи бўлиши мумкин. Масалан, вазн ва қофияга солинган илмий рисолалар ҳамда барча завқ натижаси бўлмаган баёнлар назм, лекин шеър эмас. Шунинг учун завқ талабига жавоб берадиган насрий нутқни ҳам баъзи олимлар шеър сирасига киритадилар. Ўз нутқини назм билан ифодалай оладиган киши нозим дейилади. Нозимлик хусусиятигагина эга бўлган кимсани шоир деб бўлмайди. Нозим шоир даражасига кўтарилиши учун, биринчидан, завқ эгаси бўлиши лозим, иккинчидан, ўз завқини санъаткорона ифодалай билиши керак. Шеър шоирнинг «дарди»ни ўзгаларга билдиришга бўлган табиий эҳтиёжи натижасида вужудга келади. Аммо маъно аҳлига мансуб соғлом завқли шоирнинг бу дарди халқ дардидан иборат ва инсон манфаатига қаратилган бўлади. Ҳар қандай меҳнат самараси сингари шоир ижодининг натижаси — бадиий асар ҳам халқ учун фойдали бўлиши керак. Бадиий асарнинг элга берадиган файзи унга лаззат билан бирга камолот бағишлашдан иборат».
Қайсин Қулиев:
Кўкракдан қор кечиб интилмоқ,
То қалтираб кетгунча тизза,
Юрмоқ керак, бу йўлни, юрмоқ,
Атамасдан фақат мўъжиза—
Шеърият дегани мана шу!
Ўзи учун сўқмоқ кашф этмоқ
Тошли, жарли қирлар кафтида
Ва юракни авайлаб элтмоқ —
Манзилгача очиқ кафтида—
Шеърият дегани мана шу!
Ўз севгисин айламоқ нисор,
Қайғули чоғ, бахтли дамда ҳам
Арслонга ҳам, чумолига ҳам,
Денгизга ҳам, ариқчага ҳам —
Шеърият дегани мана шу!
Бир фалокат рўй берса қайда,
Бўлмоқ лозим юпанч ва ҳамдард.
Зеро, ўзинг ётган бўлсанг ҳам
Қаро қонга беланиб шу пайт—
Шеърият дегани мана шу!
Бўлмоқ учун ҳаммага мадад,
Дардинг сенинг, дардинг, азизим,
Кулфат тортган одам дардидан
Қудратлироқ бўлмоғи лозим —
Шеърият дегани мана шу!
Алибек Рустамов ўз мулоҳазалари давомида ижод намунасининг ғоявий-бадиий қиммати тўғрисида қуйидаги фикрларни билдиради: «Инсон камолотга билиш ва хайрли амал билан эришгани учун солим завқли шоир табъидан яратилган асар маърифий, тарбиявий, ва бадиий қийматга эга бўлади. Ўз навбатида солим шинаванда ҳам мана шу уч талабга жавоб беролмайдиган асардан қониқмайди. Асосан, билим ташналигини асарнинг маърифий томони қондиради, амалда эса эзгу йўлга солиш вазифасини унинг тарбиявий жиҳати бажаради ва завқ талабига унинг бадиияти жавоб беради. Асос эътибори билан вазифаларнинг тақсимоти ш, ндай. Аммо асарнинг бу уч жиҳати ўз вазифасини бажаришда бир-бирига кўмаклашади. Бадиият асарнинг тарбиявий таъсирининг ортишига ва маърифат жиҳатининг яхши ўзлашишига ёрдам беради. Тарбиявийлик маърифатга бўлган интилишни ва бадииятнинг таъсирини оширади. Маърифийлик асарнинг тарбиявий ва бадиий томонларини мустаҳкамлайди. Асарнинг ҳар бир вазифасини унинг учала жиҳати биргаликда бажаради.
Шеърни тушуниш ва айтиш учун зарур бўлган хислатлардан яна бири хуштаъблик ва нозиктаъбликдир. Киши табиатан дағал бўлса, нозик нарсалар унинг кўнглини ҳаракатга келтиролмайди. Яна бири тезфаҳмлик ва нуктабинликдир. Шоир нукта, яъни мазмундор ва гўзал гапларни тез тушуна оладиган ва ўзи ҳам айта оладиган бўлмоғи лозим. Булардан ташқари, яна шоир бўлмоқчи бўлган кимса тилни яхши ўрганиши, жуда кўп сўз билиши, классик ва замонавий шеъриятни жуда кўп ва яхши тушуниб ўқиши ва иложи борича кўп шеър ёдлаши керак. Масалан, Навоий ўзга шоирларга мансуб юз минг байтдан ортиқ шеърни ёддан билган. Шу билан бирга шеър қоидаларини, қофия, вазн ва санъатларни яхши ўрганиши шарт».
Эркин Воҳидов:
Икки шеър дафтарнинг икки бетида,
Бир ёнда — арузий, бир ёнда — бармоқ.
Дастхат бир, имзо бир шеърлар кетида
Лек ажаб, ҳамиша қилурлар нифоқ.
Арузий бармоқни тўпори, дейди,
Сен пастсан, мен сендан юқори, дейди.
Бармоқ уни кўҳна харобасан, дер,
Парвозлар асрида аробасан, дер.
Мен эсам ўтмишу келажак аро
Ўрта йўлда қолган бечорадирман.
Улар юрагимда қилса можаро,
Келиштирмоқ билан оворадирман.
(«Аруз ва Бармоқ»)
Шоирликнинг, умуман, бадиий ижоднинг шундай интизомлари борки, улар ижод кишисининг эътиқоди, қайси миллатга мансублиги, яшаш замони ёки макони сингари белгиларидан қатъи назар, барча ҳолатларда ўз ижросини тавсия этиб, талаб қилиб туради.
Француз адабиёти ва саънатининг «олтин асри»ни вужудга келтирган «классицизм» оқими гарчи маълум бир маҳдуд қарашлардан холи бўлмаса-да, ижоднинг туб шартларини адашмай белгилаб олиш ҳамда унга амалан риоя қилишда маҳорат кўрсатгани боис улар маданияти тарихида ўз изини қолдирган. Қолаверса, унинг ютуқлари ва тарихий шуҳратини таъминлаган қонун-қоидалар ҳам батамом соф янги кашфиётлар эмас, балки қадимият қаърида, хусусан, антик замонларда тажрибадан ғолибона ўтган адабий амаллар эди. Мазкур оқим шу сабаб ҳам «классицизм» аталган. Адиб Никола Буало-Деперс (1636—1711) бу оқимнингилмийтарзда айтилиши зарур қарашларини нозим сифатида тўрт қўшикдан иборат «Шеърий санъат» (Жамол Камол таржимаси) рисоласида тараннум этади. Қуйидаги назмий мисралардан доимий яшовчан, ҳаммабоплиги исботланган талабларнинг тавсия қилинаётганлиги беизоҳ аён бўлади.
Никола Буало:
«...Ва лекин кимгаким табиат ато
Айламиш, ўшанга қўнади Ҳумо».
«Меҳрибон онамиз — қодир табиат
Ҳар кимга буюрмиш ўзга бир талант».
«Эй, сиз, омад кутиб қалам олганлар,
Тумтароқ ном учун ичи ёнганлар,
Кўнглингиз беҳуда ғамга тўлибди.
Шуҳрат деб қийнамоқ ўзни не даркор,
Истеъдодингизни баҳоланг ҳушёр».
«Шоирки, ҳаддини билмаса ёмон,
Йўлидан адашиб қолар бегумон».
«Шеърким, саҳви кўп, хатоси бисёр,
Уни ўқимоққа кимда тоқат бор?
Шоир жойлаштирсин барин жо-бажо,
Киришу хотима топсин бир адо...
Оқсин воқеалар бир оқим билаи,
Ониймас, мунтазам бир ёлқин билан».
«Жамоатнинг фикри қўрқинчли сизга?
Бас, қатшққўл бўлинг асарингизга...
Танқид, эътирозлар, ҳужумларки бор,
Сизга ҳақиқатни кўрсатар ошкор.
Кибру ҳаволардан бўлингиз йироқ,
Хушомадгўйларга солмангиз қулоқ.
У мақтаб, орқадан тошлар отадир,
Сизга таҳсин эмас, маслаҳат зарур!».
«Ўйинқароқ хаёл сизни банд этар,
Сиз уни пардалаб айтсангиз, нетар?
Беҳаё байтларга йўл берган кимса
Беҳаё аталар ўзи, алқисса».
«Қўшиқ учун маъно, нафосат даркор,
Маст-аласт қийқириқ, суронлар бекор».
«Ногоҳоний ечим, ногоҳоний нур
Ёритса сюжетни, қиламиз ҳузур».
«Лекин ўта бедоғ этмаган маъқул...
Ҳар нечук ҳолатда барқ урсин албат
Қаҳрамон ҳулқига оид аломат.
Кўз солинг асрига, мамлакатига,
Улар муҳр босар инсон зотига».
«Меҳнат ва тафаккур бўлмаса ҳамроҳ,
Шоирнинг илҳоми бўлур бебақо».
Эркин Воҳидов «Қарздорлик» мақоласида ёзади: «бир ёзувчининг адабиёт даргоҳига кириб ундан ўз ўрнини олиши учун минг бир шарту шароитнинг тажассуми керак бўлади. Ўша минг бирнинг бири адабий муҳит ва бу муҳитдаги одамларнинг хайрихоҳлигидир». Шоирнинг ёзувчи Нурилло Отахонов билан «Сўзни малҳам деб билган даҳо» номли суҳбатида эса шеъриятга беғубор ошуфталик уйғотувчи шарқона анъана ҳамда сўзнинг, бадиий фикрнинг маъно нозикликлари хусусида шундай ибратли хотирот ҳикоя қилинади:
«Эсимда бор, тоғамнинг улфатларига чой ташиб хизмат қилиб юриб, уларнинг шунақа ажойиб суҳбатларидан кўп баҳраманд бўлганман. Алихон Соғуний, Чустий, Маъруфхўжа Баҳодиров, ака-ука Шожалиловлар қатнашадиган бу улфатчилик Навоий, Фузулий, Огаҳий, Машраб шеърларини талқин қилиш билан ўтар эди. Мен бу даврага ўзим мағзини чақолмаган байтларни тайёрлаб қўярдим, кўпчилик бўлиб улар бу байтларни шарҳ қилишар эди. Йўл-йўлакай, мавзудан андак чекиниб бўлса ҳам, шу улфатчилик билан боғлиқ икки воқеани айтиб берай. Фузулий девонида бир байт бор:
Банимким ғамларим вордир, бийирин устина қўйсанг,
Чиқар кофир жаҳаннамдан, кулиб аҳли азоб ўйнар.
Мазмуни бундай; Менинг шундай ғамларим борки, уларни туянинг устига қўйсанг, кофир жаҳаннамдан чиқади, азоб чекканлар кулади, ўйнайди... Ажабо, дейман, ғамни туянинг устига қўйиш нимаси-ю, кофирнинг жаҳаннамдан чиқиши нимаси? Буларнинг қандай алоқаси бор? Хаттотнинг хатосимикин? Ундай десам, ҳамма девонларда шундай ёзилган.
Байтни ўқиб берганимда уни ҳеч ким шарҳ қилолмади. Мажлис тўрида Алихон Соғуний улфатларни имтиҳон қилгандай жилмайиб ўтирар эдилар. Ниҳоят, у киши, қани бир қўлни очинглар, деб Фузулий ҳақига узун дуо ўқиб, сўнг байтни шарҳ қилиб бердилар. Пайғамбаримиз айтмишларки, кофир абадулабад жаҳаннамда бўлади. Туя игнанинг тешигидан ўтса, кофир дўзахдан чиқади, яъни ҳеч қачон чиқмайди. Фузулий байти шу ҳадисга ишора экан. Менинг шундай ғамларим борки, улар туянинг устига ортилса, туя ипдек озиб кетади ва игнанинг тешигидан ўтадиган ҳолга келадию кофир жаҳаннамдан чиқади...»
Кўпчиликка ҳайратлар бахш этган, кўпларнинг ақлу идрокини ўзига ром этган, ҳамма давр ва жамиятларда қадрланиб ўқиладиган дониш китобларнинг ижодхонаси билан боғлиқ турли масалалар, уларнинг қай йўсиндаги изланишлар натижасида вужудга келганлиги, айниқса, бошловчи қаламкашларни жуда қизиқтиради. Изланилса, жаҳон адабиётшунослигинииг энг қимматли тажрибалари уларга адаштирмовчи, аксинча уларни ёзувчиликда тўғри такомил йўлига бошловчи тавсияларни тақдим этади. Бунда, ижодий шаклланиш ёхуд асар яралишини кузатиш, мўлжали машҳурлик миқёси ҳамда мақтов-унвон даражаларига қараб эмас, уларнинг ҳар жиҳатдан етуклигига кўра белгиланиши мақсадга мувофиқ.
Адибларнинг ўзлари томонидан битилган адабий-назарий қарашлар, хотиралар, мақолалар, лирик ёки насрий чекинишлар, танқидий мулоҳазалар ҳам адабиёт илмида қадрланувчи манбалардир. Кам сонли авар халқини дунёга танитган шоир Расул Ҳамзатов ўзининг насрдаги илк асари — «Доғистоним»да бадиий ижод кишисининг миллат ва инсоният олдидаги масъулияти, оламда шеъриятни нечоғлик тушуниш-тушунмасликлар борлиги, ёзувчиликнинг хилма-хил муаммолари тўғрисида ҳам баҳс юритади. Асарнинг бевосита шу мавзудаги фикр-мулоҳазалари чуқур идрок этилса, улар орқали ёрқин сиймо-истеъдоднинг шуурий шаклланиш жараёнини ҳис этмоқ мумкин:
«... Адабиётнинг манбаи —она-диёр, она-халқ, олатил. Лекин ҳақиқий ёзувчининг онги букун ўз миллий доирасидан анча кенг. Унинг онгида, унинг қалбида умуминсоний ўйлар ва туйғулар туғён қилади.
... Йўлга чиққан ҳар одам Қуруқ чиқмас бегумон. Олар йўлга қўшиқ ҳам. Эшит, азиз, эй, меҳмон, Соз қўшиққа бой бу эл, Куйлар бизда кўп, аммо — Қўшиғингни олиб кел, Қўшиқ керак доимо.
Ёзувчи —ҳакими хозиқ. У халқнинг асрлар давомида фойдаланган гиёҳлари, дори-дармонларидан ҳам жаҳоний илмнинг энг сўнгги кашфиёти бўлган муолажа воситаларидан ҳам баҳраманд бўлмоғи керак.
Ёзувчи — сафарга чиққан йўлчи. У ўзга юртларга йўл олар экан, қалбида ўз диёрининг қўшиқларини олиб бормоғи ва шу билан бирга юрагидан ўзга халқнинг қўшиқларига ҳам жой топмоғи керак.
Бир халқ уни кузатади, бошқа халқ қаршилайди. Аммо ҳар бир халқнинг ўз қўшиғи бор».
«Ғоя сўзда эмас, амалда кўриниши керак. У китобнинг ўзида бўлиши керак. Муқовада мана мен деб туриши шарт эмас. Гапнинг охирида айтиладиган сўзни бошида айтилмайди.
Янги туғилган боланинг бўйнига, ёмон кўздан асрасин деб, тумор осишади. Туморнинг фойдаси борми, йўқми, гап бу ҳакда эмас. Лекин шуниси маълумки, тумор ичдан тақилади. Ҳеч ким уни тўнининг устидан, кўрсатиб тақиб юрмайди.
Ҳар бир китобда аиа шундай тумор бўлиши керак. Уни ёзувчи билиши, ўқувчи сезиши керак, аммо у кийимнинг ичида бўлиши керак.
Бомбайда ажойиб бир боғ бор. Ҳар қандай жазирама иссиқ бўлишига қарамай, бу боғ доим кўм-кўк бўлиб яшнаб туради. Маълум бўлишича, боғнинг тагида кўзга кўринмайдиган кўл бор экан. Ана шу кўл боғнинг гулларига ҳаёт суви берар экан.
Ғоя тошдан тошга сакраб, кўпириб сув сачратиб оқувчи жилға эмас, балки экиннинг томирига жон берувчи, аммо ўзи кўринмай қолувчи сизот бўлиши керак».
Ҳамзатов сўзни саралаш, оқил каломни қидириш машаққатлари ҳақида ибратли фикрлар билдиради, ёзувчининг тил бойлигини деҳқоннинг ҳосил бойлигига қиёслайди. Бошоқларнинг сону саноғи бўлмайди, дон ҳам беҳисоб. Аммо деҳқон қўл қовуштириб ўтирса, дон ўз-ўзича хирмон бўлиб қолмайди, уни етиштириш, ўриш, йиғиш, сопириш керак. Шундан кейиншна дон тегирмонга тушиб ун бўлади, ун қорилиб хамир, хамир эса зувала-зувала қилиниб нон бўлади. Нон қанча зарур бўлмасин, доннинг ҳаммаси тегирмонга бормайди — энг сараси уруғликка сақлаб қўйилади...
Шоир ўзини овули, ўз миллати, Аваристон олдидагина эмас, балки бутун дунё олдида бурчли ҳисоблайди. Барча адиблар, умуман, ҳар бир оқил инсон ўз умрининг бурчини ана шундай белгиламоғи лозим. «Мен ҳам оврупоча кийинаман, — дейди атоқли шоир, — отамнинг папоғини кийиб юрмайман. Лекин шеърларимни оврупоча кийинтармайман. Истайманки, менинг шеърларим Доғистон миллий кийимида бўлсин... Мазмун ва шакл — инсон ва унинг кийими. Агар инсон чиндан оқил, хушфеъл, чиройли бўлса, нега энди ўзига лойиқ кўркам кийинмасин? Чиройли кўриниши бор одам нега энди чиройли фикрларга эга бўлмасин?.. Ҳаёт мактабидан бошқа яна қандай мактабни ўташим керак? Адабиёт назариясини ўрганайми? Ахир, шеърни қандай ёзишни ўйлагандан кўра шеърнинг ўзини ёзган маъқул эмасми?..»
Омон Матжон:
Шоир бўлмоқчиман, дебсан хатингда,
Шеърият сирларин ўргатинг, дебсан.
Сен гўё чақмоққанд тутиб отингга,
Борса қайтмас йўлни кўзлаб турибсан.
Шоирлик касб эмас минбаъд, укажон,
Шоирлик ҳикматдир, ҳикмат, укажон.
Эсимда: оқ тутлар айни ғарқ пишган,
Яшил шохлар аро терардик қувнаб.
Шу пайт қуртбоқарлар келиб қолишган,
Қўлида болтаю чопқилар ўйнаб.
Баргни обкетдилар боғлаб, укажон,
Лекин бизлар қолдик йиғлаб, укажон. ...
Инсонлик—ўз ҳаққинг таниш, укажон,
Шоирлик—ҳақдея ёниш, укажон...
Умр гарчи узун, кечар бир онда,
Умр камалакдир ер ва кўкка дол.
Баъзи шоирлар бор — кўнгли осмонда,
Ҳатто ўз бўйича пастлаши малол,
Сен кўкдан излама маъни, укажон,
Аввал ўз ерингни тани, укажон.
Бугун юрт ҳақида ўй сурсанг агар,
Оламга бир қара: ким танир бизни?
Пахтангдан таниса ерингни башар,
Шеърингдан танисин юрагимизни!
Қалбингни халққа эт минбар, укажон,
Жаҳон шунда сени тинглар, укажон.
Она тил! У бизга маъбад бетимсол,
Ҳар бир миллат учун ўз тили Она!
Тил—ўтмиш тил—бугун, тал—бу истиқбол,
Тил— она-халқингдан нурли нишона.
Не бор «она» деган сўздек, укажон,
Ўзбексан, ўзбек бўл, ўзбек, укажон.
Ҳа! Шоир қалбининг харитасида
Сўз, туйғу, ранг, имон эрур бош томир.
Оролдек денгиз ҳам қурир, аслида,
Айқириб оқмаса Аму билан Сир.
Чўққиларга солшн ларзон, укажон,
Гувлаб турсин улуғ уммон, укажон.
Ўтган устозларда қисмат ягона:
Сўздан номдор улар, сўздан хунбағир.
Қоғоз-ку бир оҳдан учгай тўлғона,
Унга муҳрланган ҳақиқат оғир.
Енгили ризқ бўлмас бизга, укажон,
Қанот бер энг юкдор сўзга, укажон.
Сен мағрур камтар бўл! Лекин бир четда
Чекиниб яшама якка, хор, нолон.
Жаҳонда ҳар недан Адолат катта,
Лекин митти қалбдир унга ошиён.
Кўз тутар одамлар, халқинг, укажон,
Бош устида бўлсин қалбинг, укажон.
Сен дўст бўл, вақтида фош эт Ягони,
Ишкда Отеллодан бўлгин беш баттар.
Асраб қолмоқ учун Мўмин Мирзони
Тутқаз Алишернинг қўлига ханжар...
Шоирнинг юраги доғли, укажон,
Сен ҳам шу дард билан оғри, укажон.
Долғалар гоҳ тиниб, шоирнинг қалби
Афсонавий кўлдек сукутда онлар —
Топилар, тош отиб тўлқин чиқариб,
Томоша қилишга ҳавасманд жонлар.
Қўйни тошлилар кўп, кўпдир, укажон,
Тўлқин ур, четга сур, чўкдир, укажон.
Борди-ю, сендан ҳеч чиқмаса шоир,
Зарур жиҳатларнинг кам бўлса бири,
Ўксима, тонгда тур, табиат соҳир,
Қара, рангин шеърдир ўзбекнинг ери.
Шу юртни бир умр севсанг, укажон,
Ҳақиқий шоир ҳам сенсан, укажон!
Қай бир замонда, дунёнинг қай бурчида бадиий адабиёт хусусидаги баҳсларга қачонки «шеърият керакми, нокерак?» деган тортишув ўралашган бўлса, шеъриятнинг бошқа санъат навлари унинг ўрнини боса олмайдиган бир санъат эканлиги ҳақидаги назарий ҳамда амалий хулосалар ҳамиша ғолиб чиққан. Ва баҳс мавзуси шундай қўйилишининг беҳудалиги осон, тез фаҳм этилган. Шеъриятни нокерак ҳодиса санамоқ, инсоният билан унинг мудом ҳамдам қолишига шубҳаланиш, унга омонат деб қараш бугунги кунларда юзага чиқиб қолса ҳам ажабланарли, ноўрин.
Адабиётда аллақачонлар аксиомаларга айланиб кетган, аллақачонлардан бери баҳсга сабаб бўлишликдан қолган ва исбот қилиб ўтиришни талаб қилмайдиган ҳақиқатларни мантиқ билан диалектиканинг бор кучини сарф қилиб ёқлаш ачинарли ҳол эканини ўз даврида Белинский қоралаган эди. Унинг ўринли хулосасича, адабиётни тушунишга оид оддий ҳақиқатларни англамасликдан келиб чиқувчи бундай баҳсларга жавоб қайтариш қийин бўлганидан эмас, осон бўлганидан одамни қийин аҳволга солиб қуяди: ҳолбуки, киши ошпаз бўлмаса ҳам, таомнинг лаззатига тўғри баҳо бериши мумкин, шеър, роман, повест, драма ёзишни билмаган ҳолда — ёзганларнинг асарлари ҳақида бамаъни ва тўғри фикр изҳор қилишга қодир бўлиши мумкин... («Рус адабиёти ҳақида ўй ва мулоҳазалар», Зиё Аминов таржимаси).
Александр Блок:
Ёшлик йиллар мавжи жўш урар яна,
Куч қайнар юракда, фикрлар кескин...
Аммо бахтдан йўқдир ному нишона,
Таажжубларга ҳам ўрин йўқ лекин!
Йиллар даҳшатлидир, тўла хавф-хатар,
Таъқиб, иғволардан муҳит иборат.
Улардан соғ-омон ўтолсанг агар,
Мўъжиза бор экан, дердинг, ниҳоят.
Ниҳоят, кўрардинг ўз кўзинг билан
Бахтга эҳтиётсиз эканин ҳаёт.
Сезардинг, ушалмас бу орзунг билан
Ярим умрингни ҳам этмаслигинг шод.
Завқ, ижод косаси лиммо-лим тўлиб,
Тошиб четларидан тўкилганини,
Менинг бахтим ҳисси бизники бўлиб,
Олам-ла мулоқат тўқилганини—
Майин бир жилмайиш ила бемалол
Эслаб қўяжаксан баъзи-баъзида:
Ётганин гўдакча оддий бир хаёл
Биз бахт деб ўрганган сўзнинг мағзида.
Шеъриятга рағбату эҳтиёж инсон сийратининг қисматидаги табиий психологик жараёнлардан бири эканлигини турли соҳалар олимлари аллақачонлар қайта-қайта исботлаган. Фозиллар, заковат аҳли эса буни чуқур тушунади, тушунтиради. Диний нуқтаи назарларда, чунончи, исломий қарашларда ҳам шеърият туйғуси ардоқли, ҳурматли. Хуллас, санъатнинг бу соҳаси борасидаги илм учун шеъриятнинг керак-нокераклиги тўғрисидаги изланиш эмас, унинг нималиги, қандай бўлиши лозимлиги, қонун-интизомлари, унга қандай эришмоқ мумкинлиги, ижод лабораториялари, серсамара шеъриятни вужудга келтириш вазифалари кабилар билан боғлиқ тадқиқлар муҳимдир.
Шоирни шакллантириш, шеърнинг тўқилиши, ишланиши, уни тушуниш ва унга муносабат хилма-хилликлари, муҳит номарғуб бадиий талқинларни мажбурий қилиб қўйганда ҳам чин шоирликда собит қолиш-қолмаслик тажрибаларининг турли халқлар адабиётшунослиги тадқиқотларида доимий ўрганилиши бежиз эмас.
Ўзи мансуб миллатни айрича ва кўпроқ севиб мақташ, унинг шодлиги, қайғусига ҳамнафаслик изҳор қилиш, эл-юрти билан фахрланиш ёки унинг қайсидир нохуш иллатларини танқидлаш, умуман, халқининг илғор дунёқараш тарзи номидан сўз айтишга интилиш шеърият вакиллигига даъвогар ҳар ижодга ярашади. Аммо завқининг ва фикрининг тараннумига нохолис маҳдудлик, кибор миллатчилик, ўзгалар манфаатини менсимай, ўз миллати шаънини устун қўйиш сингари ботил кайфиятлар аралашса, бундай ижод зарарли, инкорга лойиқ ва ўз жамият-муҳитида ҳам одатда узоққа бормайди. Шоирнинг, шеъриятини имкон қадар миллий қилиб, барча ифодасини бутун инсониятга мақбул келадиган оҳангларда куйлашидан бошқа тўғри йўли йўқ. Шундагина унинг барча адабий фикрлари, ғоялари, тушунчаларининг маъно миқёслари кенгаяди. Масалан, лирик қаҳрамон ўзлигининг, ўз авлодининг, ўз халқининггина эмас, балки илғор тафаккурли инсоният шоирининг овози бўлиб эшитилади, ҳисланади.
Шавкат Раҳмон:
Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч, чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
Аввало, бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари қувончга тўлиб.
Элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ.
Чин шоир қалби ва зеҳни шахсий-ижодий қусурлардан озодалашиб, фазилатлари бойиб-мунавварлашиб борсагина яхши натижалар беради. Чин шоирда ўзгалар дарди, муаммосининг бегоналик эмас, биродарлик аломатлари кўпроқ бўлади. Шеърлари руҳига дарддошлик сингишмаган бўлса, шеъриятининг парвоз ҳудуди чекланиб қолади. Ихтиёримиздан ташқари бўлган бу ёрқин қонунийликни ҳамма замонлар тажрибаси исботлаб келади.
Рус адабиётшуноси В. Г. Белинский ёзадики, «гениаллигини фақат ватандошлари эмас, балки ҳамма ерда ва ҳамма тан олсин, деган шоир учун миллий хусусият биринчи, бирдан-бир шарт эмас: бундан ташқари, у миллий шоир бўлиш билан бирга дунё шоири ҳам бўлмоғи керак, яъни ижодиётининг миллий хусусияти жисми йўқ маънавий дунёнинг, умуминсоний ғояларининг шакли, жисми, жону тани, жамоли, шахсияти бўлмоғи керак. Бошқача қилиб айтганда: миллий шоир фақат биргина ўзининг ватани учун улуғ тарихий аҳамиятга эга бўлиб қолмасдан, балки унинг дунёга келиши жаҳоншумул тарихий аҳамиятга эга бўлмоғи керак. Бундай шоирлар инсоният такдирида оламшумул тарихий рол ўйнамокдек, яъни ўз миллий ҳаёти билан бутун инсоният босиб бораётган йўлга ва тараққиётга таъсир қилмоқа,ек бурчга муяссар бўлган халқларда вужудга келиши мумкин...» Олим яна шуни таъкидлайди: шоирнинг аҳамияти баъзан унинг ўзига, унинг фаолиятига, тутган йўлига, генийсига боғлиқ эмас, балки шоирни вужудга келтирган мамлакатнинг аҳамиятига ҳам боғлиқдир («Рус адабиёти ҳақида ўй ва мулоҳазалар»),
«... Агар бадиий асар, даврнинг устун фикрларидан ўзининг асосига эга бўлган кучли субъектив сабабларсиз, фақат ҳаётни ифодалаш учунгина ҳаётни ифодалайдиган бўлса, агар у азобланишнинг фарёд ёки завқланишиинг мадҳияси бўлмаса, агар у савол ёки саволга жавоб бўлмаса, бизнинг замонамиз учун жонсиз бадиий асар ҳисобланади... Эндиликда буюк асар ҳақида фикр алмашиш масаласи мана шу буюк асарнинг ўзидан кўра кам аҳамиятга эга эмас. Буюк асар ҳақида нима демасинлар ва қандай гапирмасинлар, ишонингки, бу ҳаммадан аввал ўқиб чиқилади ва завқларни, ақлларни уйғотади, бу асар ҳақидаги гап-сўзларга сабаб бўлади... бизга лаззатланишнинг ўзи оз —биз билишни истаймиз, биз учун билимдан холис лаззатланишнинг бўлиши мумкин эмас...» (В. Г. Белинский — «Танқид ҳақида нутқ», Озод Шарафидаинов таржимаси).
Жамиятдаги инсонларнинг иқтидор тоифаларини аниқ идрок этиш, бинобарин, ўзининг ва ижод муҳитидаги кишиларнинг бу сифатларини тўғри белгилаш шахсий ва адабий ривож учун жуда муҳим. Бу борада В. Г. Белинский одамларнинг уч тоифаси ҳақида сўз очиб, авом, талант, гений хусусида мустаҳкам хулосалар чиқаради. Унинг фикрича, кўп одамлар ҳаракатсиз қобилият эгалари бўлиб, ўзганинг кучини сезиб туриш ва доим бу куч билан ҳисоблашиш инстинкти уларда кучли бўлади, булар ақлли кишилар бўлиши мумкин, булар далил-исботларни тан олади, ҳукм қилиш қобилиятлари ҳам бор, сўзи ўтадиган кишига муҳтож бўлади, авомнинг кўпчилик қисми ана шундай кишилар, буларга мустақил фикри борлар бошчилик қилади, бу жараёнда барибир маънавий интизом бор, йўқса, одамларнинг тушунчаларида бирлик бўлмас, жуда катта анархия (тартибсизлик) вужудга келган бўларди. В. Г. Белинский назарда тутган кейинги икки тоифа одамлар эса қуйидагилардир:
«Талант бирон иш қилиш, ижод қилиш қобилиятидан иборат бўлиб, кўпроқ ижоднинг формасига оидл,ир, бу нуқтаи назардан эса талант ташқи куч бўлиб, одамда ақл, кўнгил ва инсон табиатининг бошқа интеллектуал ва маънавий томонларидан қатъи назар мавжуд бўлиши мумкин. Бироқ формага мазмун керак, одамдаги маънавий кучларнинг мустақил иши эса хуади ана шунда жуда катта аҳамиятга эга бўлади. Нарсалар тўғрисида ўз фикрларига эга бўлиш қобилиятидан маҳрум бўлган ва ўзга фикрни, ўйлаб ўтиришнинг ҳеч бир ҳожати бўлмаган қандайдир бир тайёр нарсадек бутунисича қабул қилаверадиган кишилар билан бир қаторда шундай одамлар ҳам борки, бир умр ўзгалар фикри билан кун кўрсалар ҳам, уни ўзларига сингдириб олишга, ривожлантириш, ундан янги хулосалар чиқариш, унинг орқали бошқа фикрларни топиш қобилиятига эгадирлар, бу қобилият эса бу тоифа кишиларни шу қадар чалғитадики, улар ўзларининг мустақил мутафаккирлар эканликларига жону диллари билан ишонгандирлар. Бунда уларни ҳақли деса бўлади: ўзлари ҳаракатчан ва зеҳнлари тез бўлган бу одамлар бирон-бир фикр уларга кимдан ўтганлигини ўзлари билмайдилар ҳам, эсламайдилар ҳам, чунки четдан бўлган нарсаларнинг ҳаммаси уларга осонгина ва тезлик билан деярли онгсизларча, беихтиёр равишда юқа қолади. Ақлли одам билан ҳамгап бўлиш биланоқ ёки биронта яхши китоб ўқиб чиқиш биланоқ уларда дарҳол бир қанча янги фикрлар пайдо бўлади, улар эса бу фикрларни ўз фикрлари деб ҳисобламасликлари мумкин эмас. Бундай кишилар бошқалар етакчилигида бўлиб, ўз навбатида, кўпга ҳам катга таъсир қиладилар. Бундайлар жамият ичида хийла тез-тез учраб турадилар. Умуман олганда, жамият нақадар, маърифатли ва ўқимишли бўлса, унда бу тоифадаги кишилар шу қадар кўп бўлади.
Ниҳоят, шундай кишилар борки (жуда кам), ҳақиқатан ҳам улардаги заковатда ижодий ташаббускорлик бор. Улар ҳамма нарсага қандайдир бошқача, янгича қарайдилар, ҳамма нарсада ҳам уларсиз бошқа ҳеч ким кўра олмайдиган томонларни пайқаб оладилар, улардан кейин эса ана шу томонларни ҳамма кўради ва ҳамма ҳам, илгари шуни пайқамаган эканмиз, деб таажжубланади. Бу тоифа одамлар ҳеч бир муғомбир ва сирли одамлар эмас: буларнинг ҳаммалари оддий тушунадилар, бироқ уларнинг одлий тушунчалари дастлаб ҳаммага ҳам жуда сирли, баъзан эса телбалик ва бемаънилик бўлиб туюлади, кейинчалик эса шу қадар оддий бўлиб туюладики, қандай қилиб шу нарса менинг хаёлимга келмади экан, ахир, бу жуда жўн нарса-ку! — деб таажжубланмайдиган нодон йўқдир» («Рус адабиёти ҳақида ўй ва мулоҳазалар»).
Ижодкор шахси, истеъдоди, ижодкор шахснинг шаклланиши, индивидуаллик ва унинг таркибий қисмлари, бадиий услуб мазмуни ва кўлами, автор образи ва унинг асарда намоён бўлиш ҳолат-шаклларига бағишланган монографиясида адабиётшунос Ўрол Носиров шундай ёзади:
«Айтиш мумкинки, бадиий ижод инсон фаолияти ранг-баранг кўриниш ва типларининг маълум бир мақсадда ўзаро уюшган мураккаб комплекс ҳолатида намоён бўлишидир. Бу ўзига хос комплекснинг ҳар бир ҳолатида ақлий ва жисмоний меҳнатнинг, дискурсив ва интуитив билишнинг такрорланмас яхлитлиги, фикр ва туйғунинг бир бутунлиги мавжуд бўлади. Муҳими бу комплекс ҳолат илмий таҳлилга «ён бермас»лиги, гўёки ўз «сирли»лигини сақлаб қолишга интилгандай бўлиши билан характерлидир. Негаки ижодий жараённинг муҳим фазалари ижод субъектининг ўзини ўзи кузатганида ҳам объектив таҳлилга қийинчилик билан бўйсунади. Жумладан, ўзида юз берувчи илҳомни айни юз берган пайтда барча тафсилоти билан ифода қшшшга киришилса, илҳом бошқа мақсада,а ҳаракатга келганлиги учун ҳам тезда сўниб қолиши мумкин. Шу сабабли ижодкорлар илҳом жараёни ҳолатини у юз берган моментдан кейингина хотирада борича изоҳлашади. Илҳом моментини кузатиш ижодкор ҳолати ҳақида, асосан, биофизиологик фактлар (асабнинг таранг ҳолатга кўчиши, руҳий ва жисмоний безовталик, нафас олиш ва қон составининг ўзгариши каби) берган, холос. Бу типдаги фактлар, хусусан, психология учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлмасин, барибир, ижодий жараённинг ички мазмунига нисбатан ёрдамчи характерга эга» («Ижодкор шахс, бадиийуслуб, автор образи»).
Кўплаб ижодкорлар илҳом жараёнини, ижодий изланишлар заҳматларини, шоир ёхуд ёзувчи сифатида шаклланиш меҳнатларини хилма-хил муносабатлар билан тушунтириб беришади. Уларнинг деярли барча мулоҳазалари бир-бирига одатда зид келмайди, аксинча, фикрлар бир-бирларини тўлдириб, умумий қонуниятлар идрокига йўл очади. Адиб Хуршид Дўстмуҳаммад ўз тажрибасидан келиб чиқиб, пгундай ёзади:
«Аллоҳ таоло иқтидордан, истеъдоддан қисмаса, қўлига қалам тутган инсон бир йилда ҳам шаклланиши мумкин. Лекин ҳеч бир истеъдод соҳиби мен шаклланиб бўлдим, ижод чўққисига эришдим, деган гапни айта олмайди. Бадиий ижоднинг табиати шундай: қўлингиздаги қалам ҳамиша сизнинг юрагингизга таҳлика солиб туради, яъни сизни ҳушёрликка чорлайди, ўзингизни ўзингизга талабчан бўлишга даъват этади. Мана шу таҳликани, чорловни ва даъватни ҳамиша ҳис этиб турган ижодкор изланишдан, қора меҳнатдан тўхтамайди.
Поғонама-поғона юксалиш... Ҳар сафар янги ҳикояни хаёлда пишитиб юрганингизда, уни қоғозга тушира бошлаганингизда аввалгиларидан зўрроқ асар яратаман деган туйғу сизга рағбат бериб туради. Бу фойдали туйғу, лекин ҳикоя яратиш мусобақа эмас. Қайсидир бошқа ёзувчидан ёки бўлмаса ўзимнинг бурунги ҳикояларимдан ўзиб кетадиган янгисини ёзишга интилиш эмас. Ҳар бир ҳикоя — янги ижодий кайфият! Воқеликни ўзгача идрок этишга ҳаракат! Пайдо бўлаётган ҳикоя зўр бўладими, ғўр бўладими, ўқувчилар орасида шов-шув уйғотадими-йўқми, ҳар қалай, мен бу ниятда ижод столига ўтирмайман» («Беозор қушнинг қарғиши», Шарқ нашриёти, 2006 йил).
Мақола мобайнида шоирликнинг безовталантирувчи масалаларига тўкис ёки қисман жавобдек, олижаноб йўриқларига ҳисса ёки далилдек туюлувчи шеърлар келтириб борилаётгани бежиз эмас. Бу мисоллар айни чокда шоирликни шеъриятнинг ўзидан ўрганмоқлик мумкинлигига ҳам ишорат қилади. Яна фикрламоқ, мушоҳадаламоқ учун, азизлар, маъноларнинг шеъриятдаги донишманд санъаткорлари — Бедил ва Паҳлавон Маҳмуд ижодларидан танланган рубоийларга диққат қиламиз. Улар ҳам шоирликнинг шартларидан, йўриқларидан огоҳ этади.
Мирза Бедил:
Эй, тезпишар мева, бир дам эскирма,
Янгиланиш ўзи карам, эскирма.
Яшнаб турган боғсан, тиканзор эмас,
Эй, яп-янги маъно, ҳечам эскирма.
Бир оламдир куйим сеҳру оҳанги,
Тобора очилур янги ва янги...
Каломим сайрида ғафлатда қолма,
Баҳорман, янги ҳар нафасим ранги.
Ҳар бир рамз сен билан менда, инсон,
Нозикфаҳмларга бу сирлар аён.
Ёқуб димоғидек нигоҳ пайдо қил,
Кўйлаги исида Юсуф намоён.
Бедил, қуруқ вақ-вақ бизга шон эмас.
Амир, султон мадҳи бизга жон эмас.
Сўзларим тинглаб кўр, энг яхши оним,
Дўстлар хизматидан ўзга он эмас.
Бедил, ишоратинг кўп томони бор,
Унда жуда кўпдир эшигу девор.
Хоҳ «У» дегил, хоҳ «Сен» ёки «Биз» деб ёз,
Ҳақ маъносин очар иборанг бисёр.
Сўздир ақёнуслар беканораси,
Сўздир маъно деган гавҳар хонаси.
Олий назм меҳнату чидам истайди,
Сўзнинг ҳам бор баланд, паст поғонаси.
Ўз васфида олим гуфтори қизиқ,
Ўз ишқида мажнун ангори қизиқ.
Бу даштнинг қумлари тўзғиб битгунча,
Лофу ҳангоманинг бозори қизиқ.
Рамз гавҳарин пардасиз Бедил термас ҳеч қачон,
Баҳор чечакларидан йиғиб, этмиш у пинҳон.
Маъно гулин минг рангда оча олган бўлса ҳам,
Тушунганлардан бирин айта олмади ҳамон.
* * *
Юз шевадир мен ёзган ашъор,
Ёзмадим уни мен бир кунда, якбор.
Таврот эмаски, унинг ҳаммаси
Тушса осмондан бир йўла тайёр.
Қай шеърда йиртилса пардайи унвон,
Мактуб рамзи бўлур яланғоч, урён.
Хаёлга не келса, ёпиқ қолмагай,
Сир бўлмас, бўлмаса дилингда ниҳон.
Бедил, ишга кишилар бўлсалар яқин,
Соядек оёғингда бўлур сарнигун.
Сенинг сўзларингни фаҳм этолсалар,
Ўзлари бўладилар маъною мазмун.
Бу даштда интилиш карвонлари бор,
Йўловчи шиматин нишонлари бор.
Камолга бир йўла етиб бўлмайди,
Тўлин ой йўлида нарвонлари бор.
То фазлу ҳунар-ла безанмай инсон,
Бирон бахт эшиги очилмиш қачон.
Жавҳар билан темир бўлади пўлат,
Илмсиз ўз жинсидан чиқмоғи гумон.
Дўстлик тушунчадан қолмади асар,
Вафодан нишои йўқ, риё жўш урар.
То яхшилик ҳаққин қилмай муқаррар,
Ифодага қашшоқ ҳар шеърий асар.
Букун бутун олам суҳанвар бўлди,
Шеърият фаҳми ҳам кўп душвар бўлди,
Шеърият ривождан қолса, не ажаб,
Шоирлар товшидан қулоқ кар бўлди.
* * *
Инсон танасини айлаб имтиҳон,
Қайгаким қарама тугун намоён.
Қазо шунча бўғин-тугун солганким,
Ўлмай қутулмоққа қолмабди имкон.
* * *
Бедил сирли шеърин ўқи, яхши боқ,
«Бекорчи нукта кўп жуда йилтироқ»,
Деб мени айблама, олий бир вужуд
Инсонда ҳам бордир ҳиссиз мўй, тирноқ.
* * *
Ишқу ҳавас водийсининг тунида, Бедил,
Ҳар кимсанинг шан мақсуди бирор бир манзил
Маъзур тутинг, менинг йўлим сўз йўли бўлди,
Умрим ундан яхшироққа бўлмади мойил.
* * *
Эй, ақлим қўли, сўз деб бало ёзма,
Ҳақиқатсиз бирар бир наво ёзма.
Агар ҳақшунослик бўлса таъбингда
Ёрқин қуёш номин қоп-қаро ёзма.
* * *
Эй, ҳаёт мазмунини излаган одам,
Ҳар бир китоб сатрин дилга айлама малҳам.
Бедил «Рубоийёт» ин сайр эт, топурсан
Дарду ибрат, тасаввуф, умр тадқиқин ҳам.
Бедил, ваҳшатнок дил сочмокда шарар,
Раргузаштим айтсам деншзга агар,
Балиқлар танаси чўғдек қизигай,
Тангаси ўт тушган қоғоздек ёнар.
Паҳлавон Маҳмуд:
Кўзгумга берардим кечқурун сайқал,
Боқдим унга таниқ бўлган бир маҳал,
Шунча кўп кўринди ўз айбимки, мен
Ўзгалар айбини унутдим тугал.
Дарду алам билан умрин сарфлаш ҳайф,
Қайғу тиканидан жонни асраш ҳайф,
Жаҳон бош ичра қуёш гулидек
Ғунчалик лаззатин тотмай гуллаш ҳайф!
* * *
Дониш эрур отган ўқим нишони,
Дадиллик манбаи — билимим кони.
Эзгулик осмонин маҳбусиман мен,
Занжирим — фазою само уммони.
Ҳар нуқта хатимда ёнган юракдир,
Ҳар ҳарфи қоронғу зулмат демакдир.
Чекмасман оқшомлар шамнинг миннатин.
Чунки, фикрим шамдан шуьлалирокдир.
Эй, ишқ, нечук ўтсан, ахир, дудинг йўқ?
Эй, ғам, нечук куйсанким, сурудинг йўқ?
Эй, истак, нечуксан, тутқич бермайсан,
Эй, шодлик, нечуксанким, вужудинг йўқ?
Сўзпарастман, файзли нафас истайман,
Бир лутфда юзлаб ҳавас истайман.
Бу нокаслар лойиқ эмас танглашга,
Нозик сўзга бир серҳавас истайман.
Мазмунин пешанам хатидан сўрай,
Такдирим қай йўсин ва қачон сўрай,
Яхшиси, кўксимни ёриб бу ҳолнинг
Аслини қон тўлган кўнглимдан сўрай!
Замоннинг зарбидан бош беидрокдур,
На дилнинг кўзгуси қайғудан покдир,
Саъй этма тўкиб тер тарбиятимга,
Тупроқни ювсанг ҳам у хокдир, хокдир!
* * *
Назар топган кимса — қийматли гавҳар,
Кам ўйлаган кимса бўлур беназар,
Ишқсиз камол бўлмас ушбу оламда,
Косадан муромир, асли, косагар!
Ҳамдамлар кибр ила сўзларлар сўзин,
Чаманда гул дея билурлар юзин,
Туну кун соям-ла сўзлашурман мен,
Ёш бола кўргандек кўзгуда ўзин.
* * *
Ҳар кимса ҳам сенга ошино бўлмас,
Сени кимки билмас, у шайдо бўлмас.
Дардингда бўламан расво ва лекин
Дардингни асрайман, у расво бўлмас.
Шоирлик. Бу ҳунарнинг юки оғир ва шарафли қисматлигини, магар адашилмаса, унда икки дунё саодатига дохил бўлиш имкони кўплигини шу номга лойиқ ижод қила олган барча шоирлар, барча донишмандлар бешубҳа эътироф этиб келганлар.
Шоирлик нимадир? Унинг шакллануви ва тараққий тадрижини қандай белгиламоқ мақбул? Тўғри, шоирлик нимадир, яшовчан шоирий ижод қандай синовларга бардош бера олмоғи керак сингари назарий масалалар талқинини ўнлаб китобларда ифода қилиш мумкин. Ҳислаётганимиз масалалар мулоҳазаларини ҳатго шеърий тушунтирилса бўлади: бундай фикрчанлик қисман шоирлик саналиб, маҳсули эса илмий назмкорлик ҳисобланади. Шеърият мавзуларининг бепоёнлиги сингари унга оид илмий мушоҳадаларнинг-да поёни йўкдир. Аммо бу илмга чуқур киришмаслик ҳам мумкин эмас.
Шоирликнинг нелиги, уҳдаси, шарти ва мажбуриятлари шеърий ижодларнинг ўзларидан, ҳатто маълум бир шеъриятнинг намуналаридаги образли қарашлардан ҳам илғанади. Бошқача айтганда, сўз саънатига муҳаббатли кўнгил, қидирса-қидирмаса, шеъриятга доир назарий тасаввур-ҳиссиётини ижодлардан топа олади. Қидирганда кўпроқ, қидирмаганда эса, камроқ бўлса-да, беихтиёр билимлар ҳосил қилади. Умуман, шоирлик ва унинг атрофидаги талай масалалар хусусларида шоирона талқинларнинг аҳамиятлари янада ўзига хос. Улар назарий қарашларни шеъриятнинг ўзидаги бош хусусият — завқ билан биргаликда инсон онгига мароқли етказади. Бундай ўрганиш натижасида ўқувчи-тадқиқотчи зеҳнида унинг ўзи учун шоирларнинг дунёқараши, мавзулар ёки сўз сеҳрининг илғанмаган қуввати-қудратигина эмас, шоирликнинг кашфи ҳам рўй беради. Демак, айниқса, юксак, улуғвор шеърий ижодларни бир эмас, бот-бот, мунтазам мутолаа қилмоқ, мушоҳада этиб бормоқ, асарлардаги барча асосий ҳамда ёрдамчи маъноларга, тагмаъноларга ақл етадиган даражада интилмоқ дунёқарашни ўстирувчи, ижодкорликни тарбият этувчи завқли машғулотдир.
Тоҳир Шермуродов
2006 йил.