Ўзбек адабиёти бой тарихли, бу—ўзбек халқининг маънавий фахри. Унинг ажойиб намуналаридан бошқа миллатлар ва элатлар ҳам баҳраманд. Бу адабиётнинг турлари ва жанрлари ҳақида ранг-баранг кузатишлар, тадқиқотлар олиб борилган. Кейинги йиллардаги ўзбек насрини кузатиш ҳам ҳар жиҳатдан мароқли ва қизиқарли. Соҳанинг китобхонлар диққатини тортадиган томонлари жуда кўп. Аввало шуни таъкидлаш ўринлики, кейинги авлод адиблари ҳам ўз даврини бойитишга салоҳиятли ҳикоялари, қиссалари, романлари билан ҳисса қўшмоқда. Ҳозирги ўзбек насрини Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов, Хайриддин Султонов, Назар Эшонқулов, Тоғай Мурод, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шойим Бўтаев сингари бир қатор ёзувчиларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири ўз услублари билан шаклланиб, китобхонларнинг эътиборига тушган.
Ёзувчи Тоғай Мурод ижодининг айрим қирраларини баҳоли қудрат кузатишга жазм қиламиз. Унинг ижоди хусусида етарли тадқиқ олиб борилган деб бўлмайди. Адабиётшунос олимлардан Озод Шарафқадинов, Иброҳим Ғафуров, Абдуғофур Расулов, Умарали Норматов, ёзувчилардан Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад ва бошқаларнинг мақола, тақризларида Тоғай Мурод ижоди ҳақида самимий фикр-мулоҳазалар бор. Аммо унинг қиссалари, ҳикоялари, романлари борасида ҳали йирик тадқиқотлар яратилмаган. Энг муҳими шуки, ёзувчи асарлари ўзбек китобхонларининг эътиборини қозонди, қизиқишини орттириб борди. Тоғай Мурод «Ўзбек адиблари» номли китобда «ўзбек миллий адабиётининг ноёб вакилидир» деб таърифланади. Бу баҳонинг бежиз эмаслигига қўшиламиз. Унинг яратган асарлари, бу асарлардан келиб чиқадиган таассуротлар шундай дейишга асос беради.
Тоғай Мурод Сурхон воҳасида, Деновнинг Хўжасоат қишлоғида туғилди. Маълумки, Сурхондарё вилояти ўз табиий урф-одатларига, удумларига, анъаналарига, шеваларига бой. Бу юртда «Алпомиш» сингари халқ эпослари дунёга келган. Бахшилари, олимлари кўп бўлган. Шўро замонида бой тарихидан халқ тамомила узоқлашиб кетмаган. Кўп авлодлар шу маънавий хазина таъсирида камол топган. У ердан етишиб чиққан Шукур Холмирзаев, Теша Сайдалиев, Усмон Азимов, Рўзи Чориев, Эркин Аъзамов, Мирзо Кенжабек, Шафоат Раҳматуллаев, Сирожиддин Саййид сингари ижодкорлар асарларига воҳанинг ўзига хослиги, миллий таровати қанчалик кўчганлигини ҳис этса бўлади.
Қишлоғидаги мактабни тугатиб, Тоғай Мурод Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирди. 1972 йилда дорилфунунни тугатди. Сўнгра Ўзбекистон радиосининг «Ватандошлар» редакциясида, 80-йилларгача эса «Ўзбекистон физкультурачиси» газетасида ишлади. 1982— 1984 йиллар мобайнида «Фан ва турмуш» журналида бўлим муҳаррири бўлди. Сўнг Москвада Жаҳон Адабиёти институтида ўқиб қайтди.
1976 йилда Тоғай Мурод биринчи диққатга сазовор асарини — «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасини эълон қилди. Шу асаридаёқ адабиёт аҳлининг эътиборини тортди. 1979 йилда эса иккинчи қиссасини чиқарди. Бу қисса «От кишнаган оқшом» деб аталар эди. Қиссалари китобхонларга жуда маъқул келди, ёзувчидан катта умид борлиги аён бўлди. Тез орада бу амалга ошди. «Ойдинда юрган одамлар» (1980 йил) қиссаси ёзувчи Тоғай Муродга шуҳрат келтирди. 1985 йил унинг «Момо ер қўшиғи» деб номланувчи қиссаси босилди. Албатта, шу йиллар мобайнида у журналистлик билан ҳам машғул бўлди. Мақолалар ёзди. Булар эътиборни унчалик тортган эмас, лекин матбуотда қатор ҳикоялари билан кўриниб турди. Беш-олти йил мобайнида (1986 —1992 йилларда) «Отамдан қолган далалар» романи устида ишлади.
Тоғай Мурод истеъдодли таржимон ҳам эди. Жаҳон адабиётининг баъзи намуналарини ўзбек китобхонлари унинг таржимасида ўқишади. Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» ва қатор ҳикояларини Тоғай Мурод таржима қилган.
Тоғай Мурод ижодига эътибор берганлар, табиийки, унинг ҳамма асарларига хос бўлган умумий, ўхшаш фазилатларга дуч келади. Асарларида ўзбек меҳнатсеварлиги, самимийлиги, меҳр-оқибатлилиги, фидокорлиги, адолатли ишлар йўлидаги жонбозлиги ўзигагина хос кўтаринки руҳда талқин этилади. Ёзувчи қаҳрамонларини холислик, беғаразлик билан, жуда ҳаётий акс эттиришга ҳаракат қилади. Қаҳрамонларининг деярли ҳаммаси қишлоқларимизнинг олижаноб одамлари — замондошларимиз. Кўз олдимизда ўзимизга кўнгли яқин бўлган кишиларнинг қиёфаларини жонлантиради. Уларнинг дард-изтиробларига, қувонч-ташвишларига шерик бўламиз. Биргаликда улар билан қайғурамиз ва шодланамиз. Халқимиз орасида Тоғай Мурод тасвирлаган каби замондошларимиз борлигидан фахрланамиз. Ҳаётимизда, турмуш йўлимизда у тасвирлагандек нопоклар ҳам, ғаламислар ҳам, адолатсизлик ва риёкорлик ҳам учрашини ҳис қилиб, улардан нафратланамиз.
Ҳамма асарлари ҳам ҳаяжон бағишлайди. Тасвирнинг ҳеч бир жойида бизни ўраб турган табиатдан, воқеликдан йироқлашиб кетмайди. Биз нафас олаётган муҳитнинг кўринишларини акс эттиради. Атрофимизга зийракроқ назар солишга, воқеалар моҳиятини чуқурроқ англашга, тажриба орттиришга, яшашимиз маънисини яхшироқ ҳис қилишга чорлайди ёзувчи. Тоғай Муроднинг ёзувчи сифатида ҳаётдаги ўз қаҳрамонлари, ўз мавзулари, ўз фалсафаси бор. Унинг қаҳрамонлари биз билан бирга яшаб турган оддий кишилар бўлиб чиқади. Нега уларни сезмаган эканмиз, деб қоламиз асарни ўқигач. Мавзулари бизни ўйлантирган муаммолар, халқимизнинг кўнглидаги орзу-умидлар. Қисса ва ҳикояларидан қандайдир ҳаётий қонуниятларни, табиийликни, фалсафий хулосаларни тушуниб етамиз. Ёзувчининг фикр-хулосаларига, асарларидан келиб чиқадиган ғояларга жуда-жуда қўшилгимиз келади. Энг яхши қаҳрамонлари билан яқин бўлиб қоламиз. Гўё бу қаҳрамонлар, мавзулар, ғоялар Тоғай Муроднинг ёзиши учун мавжудлангандек туюлиб кетади. Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров Тоғай Мурод сингари бир қатор ёзувчилар ижоди ҳақида тўхталиб, улар ижодининг умумий ва алоҳида томонларини баён қилган эди:
«...Улар ўз темаларини, ҳаётни ёритиш услуб, йўсинларини топиб олганлар. Уларнинг ижоди ўзига хос йўллардан ўсиб бораётганлигини ҳеч ким инкор этмайди. Кейинги йиллар ичида уларнинг асарлари ва яратган қаҳрамонлари, услубий изланишлари хусусида бўлиб ўтаётган қизғин баҳслар ва уларда очилаётган адабий ҳақиқатлар шундан далолат бермоқда. Улар адабиётимизга виждони ғалаёнда бўлган инсон образларини олиб киришга интилмоқдалар. Бу йўлда уларнинг ютуқлари ҳам, йўқотишлари ҳам оз эмас... Тоғай Мурод ўз чиқишларидан бирида бадиий адабиёт — инсоншунослик, проблемашунослик эмас, деган фикрни айтди. Бу фикрнинг ҳеч қандай зарарли жойи йўқ. Лекин инсоншуносликнинг ўзи асли проблемашуносликдир. Зотан, ҳар бир инсон ҳали ечилмаган, зиддиятларга тўла бир муаммо» (Иброҳим Ғафуров. Ўттиз йил изҳори. Т„ 1987, 270-бет).
Тоғай Муроднинг қаҳрамонлари бадиий тадқиқотга ўхшайди. У яратган образлар ички-маънавий олами билан ўзига ром қилади. Психологик жиҳатдан кишини ишонтиради. Қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатига шубҳаланиб қарамаймиз. Худди шундай бўлади ва бўлиши табиий деб ўйлаймиз. Шунингдек, ҳаётимиздаги лоқайд ёхуд безовта идроклаб юрганимиз муаммоларга рўпара бўламиз. Уларни ёзувчи билан, қаҳрамонлар билан биргаликда ҳал қиламиз.
Тоғай Мурод асарларининг бошқа ёзувчилар асарларига ўхшамай турадиган томонлари кўп. Ёзувчининг услубида, асарининг тилида буни илғаш осон. Асарлари шеърга ўхшаб кетади. Лекин шеърдаги каби вазн, қофия, шеърий инверсия, шеърий ташбеҳлар унда йўқ. Жумлалари қисқа, халқ тилига яқин, шеърдаги каби товуш ва сўзлар такрори кўп. Бахшиларнинг содда баёнига ўхшатса бўлади буни. Яна бир томони шундаки, миллий урф-одатлар, расм-русумлар, мақоллар, сўзлашиш тарзи сурхондарёча йўсинда намоён бўлади. Бутун тасвир ўзбекларнинг қайсидир ҳудуди қавмига тегишли маҳаллий тасвирдек туюлади. Бу ғашга тегмайди. Аксинча, том маънодаги ўзбеклар яна бир қавмининг очилмаган қирраларидан лавҳалардек таассурот қолдиради. Буларнинг ҳаммасида Тоғай Муроднинг маҳорати сезилиб туради. Ёзувчининг дастлабки асарларида маълум тажрибавий камчиликлар бор, албатга. Барча қисса ва ҳикоялари катта муваффақият билан ёзилган деб бўлмайди. Танқидчиларнинг Тоғай Мурод асарлари ҳақида ёзганларида айрим шу жиҳатлар кўрсатиб ўтилган. Аммо, умуман олганда, унинг ижоди ўзбек адабиётидан ўз ўрнини топди. Ёзувчининг асарларини ибрат-исбот мақсадида атрофлича илмий ўрганиб чиқишга эҳтиёж бор.
Тоғай Мурод ижоди учун жуда характерли бўлган бир томонни қуйида ёритишга ҳаракат қиламиз. Бу ҳам бўлса, ёзувчининг қисса ва ҳикояларидаги қаҳрамонларнинг маҳаллийлик даражаси масаласидир. Чунки ёзувчи учун чинакам характерлар яратиш қанчалик ажойиб орзу бўлса, бу характерларни жонли тасвирлашнинг туб негизи — миллийлик шунчалик ажойиб ниятдир. Ҳақиқий асар миллий бўлади. Воқеликнинг, табиатнинг, қаҳрамонларнинг қиёфаси, ички олами ишонтирарли даражада миллий бўлсагина, асар тасвири китобхонни ўзига ром қила олади. Улуғ ёзувчиларнинг, масалан, А. Қодирий, Чўлпон, Ч. Айтматов каби адибларнинг асарлари миллий томонларига кўра ҳаққоний бўлгани учун қадрлидир. Миллийликсиз асар мавҳум бўлиб қолади, муваффақиятсиз чиқади, ўқилишдан тўхтайди. Миллийликка эришган асар бошқа миллат китобхонига ҳам маъқул бўлади. Умуминсоний туйғулар ва таассуротлар эса миллийликнинг ўзидан ўсиб чиқади.
Характер ва миллий воқелик. Ҳар қандай халқнинг адабиётида «характер» деган тушунча бор. Бу тушунча замирида «бадиий характер» англашилади. Бадиий характернинг асоси ҳаётдаги характерлардан олинади. Ёзувчи бадиий характерни яратиш учун турмушдаги характерга қанчалик даражада таянмасин, бир кишининг хулқ-атвори ва ҳаёт тарзи асардаги бир бадиий характернинг тасвирини тўла таъминлай олмайди. Шунинг учун ижодкор бадиий тўқима, умумлаштириш, типиклаштириш орқали асардаги характерларни яратишга киришади.
«Характер» деганимизда ҳар қандай қаҳрамонни ҳам тушунавермаймиз. Тўғри, ҳар қандай қаҳрамоннинг характери бор. Лекин қаҳрамонларнинг ҳаммаси бадиий характер даражасига кўтарила олмайди. Адабиётшунос Тўхта Бобоев ёзганидек, «...ёзувчи бадиий образ яратишда (ҳаёт қаҳрамонларини адабий қаҳрамонларга айлантиришда) санъатнинг типиклаштириш-умумлаштириш ва индивидуаллаштириш каби қонуниятларига қатьий амал қилади. Шу сабабли ижодкор учун фақат илғор дунёқараш билан қуролланишнинг ўзигина кифоя қилмайди, у реалистик адабиётнинг қонун-қоидаларини, приём ва принципларини, маҳорат сирларини ҳамда бадиий ижод методини пухта эгаллаган бўлиши лозим. Ҳаётий асар яратишда ёзувчи шахсияти, унинг бадиий образлар орқали фалсафий фикрлай олиш қобилияти, турмуш ҳақидаги тушунчалари, дунёқараши, ёзувчилик маҳорати, туғма таланти ва меҳнатсеварлиги катта роль ўйнайди» (Т. Бобоев. Ҳаёт материалидан бадиий образга, Т„ Фан, 1976. 11-бет).
Бадиий асардаги ҳамма нарса инсоншунослик учун хизмат қилади. Табиат тасвири, қандайдир мулоҳазалар, воқеанинг ифодаси, инсоннинг ҳар хил кечинмаларини тасвирлаш — барчаси шунчаки баён этиш ниятида амалга ошмайди. Ёзувчи диалогларда, монологларда, кўринишларда қаҳрамоннинг психологиясини тасвирлашга, бунга китобхонни ишонтиришга тиришади. Шу билан бир вақтда ёзувчи нимани тасвирлаш кераклиги ва муҳимлигини ўйлайди. Демак, ғоявий-бадиий жиҳатдан изланади, аксинча, характер тасвири ишончли чиқмаслиги мумкин. Қаҳрамонлар ҳаракатининг жонли, табиий чиқиши яна бир муҳим муаммони ҳал қилишга боғлиқ бўлади. Яъни, қаҳрамон қандайдир миллатга тегишли одамдир. У маълум бир муҳитда — кишиларнинг қуршовида, шаҳар ёки қишлокда, табиатнинг бағрида яшайди. Шуларнинг ичида ҳаёт кечиради. Ёзувчи табиий равишда кишини ишонтириб бориши керак. Бунинг учун у миллий ҳис-туйғуни, тафаккурни, ютуқ-камчиликни, шарт-шароитни, миллий тилни, халқнинг тилини, урф-одатини, орзу-интилишларини яхши билиши зарур.
Ёзувчилар кўпинча ўзи улғайган муҳит тасвири таъсирида иш кўради. Чунки ҳеч қайси воқеликни ўзи яшаб кўрган, нафас олаётган муҳитчалик яхши била олмайдилар. Ўз тажрибалари уларга ёрдам беради. Биз манбалардан Абдулла Қодирийнинг ҳаётни қанчалик синчковлик билан кузатганини, меҳнаткашлар орасида, зиёлилар орасида, турли тоифа вакиллари орасида бўлиб асар устида ишлаганини биламиз. Ёзувчининг ўзи яхши билмаган ҳаётни тасвирлаши кўпинча хатоликларга олиб боради. Асари ишонарли чиқмайди. Бўш, саёз, ўртамиёна роман, қисса ва ҳикояларнинг юзага келиши аксар ҳолда шу билан боғлиқ.
Йигирманчи асрнинг охирги ўи йилликлари ўзбек насридаги кўп асарлар замонавий мавзуларда ёзилган бўлиб, улар бевосита куннинг долзарб муаммоларига, ҳаётимизнинг ҳар хил кўринишларига бағишланган. Ўзимиз шу ҳаётга ҳамнафас бўлганимиз учун бу асарларни осон тушунамиз. Китобларнинг яхши томонларини ва камчиликларини сезиб турамиз. Лекин ёзувчи ўзига яқин ҳаётнинг мавзуларини қанчалик акс эттирмасин, ҳаётни биздан кўра синчковлик билан ўрганиб ёзмаса, дилимиздаги яширин тасаввурни юзага чиқармаса, натижа яхши бўлмаслиги мумкин. Тоғай Муроднинг асарлари, асосан, замонавий мавзуларда ёзилган. Уларда ҳозирги ҳаёт кишилари, замондошларимиз тасвирланади. Баъзи воқеаларгина асримиз бошларидан бошланади. Ёзувчининг биринчи романи— «Отамдан қолган далалар»нинг воқеалари асримиз бошидан то ҳозирги кунларгача келади. Яна баъзи қиссаларидаги (масалан, «Ойдинда юрган одамлар»даги) воқеалар тасвири 30 — 40 ва ундан кейинги йилларни қамраб олади. Аммо гап фақат тарихий даврларда эмас. Кўпчиликка асримиздаги ҳамма даврнинг тарихий характеристикаси яқиндан таниш. Чунки давримиз тарихини ўқиб, кўриб ўрганганмиз. Шу сабабли Тоғай Мурод қисса, ҳикоя, ва романлари қаҳрамонларини замондошлар деб атай оламиз.
Тоғай Мурод учун қаҳрамоннинг характери, миллий колорит, миллий воқелик бошқа ёзувчиларда бўлгани каби муҳим. У ҳам адабиётнинг қонуниятларига жавоб беради. Анъанавий тажрибалар изидан боради, янгича услубда ёзишга, бошқа ёзувчилар ижодини такрорламасликка, ўз овозига эга бўлишга ҳаракат қилади. Натижада бошқаларга ўхшамаслигини намоён қила олади. Пиримқул Қодиров бу ҳақда шундай ёзган эди:
«Тоғай Мурод қиссалари адабиётимизга Сурхон водийсининг ўзига хос нафасини олиб кирди, меҳнатсевар, камтар ва танти чорвадорлар, боғбонларга нисбатан дилимизда самимий меҳр уйғотди. «От кишнаган оқшом» қиссаси «Алпомиш» достони анъаналарини эслатадиган халқчил руҳ билан суғорилган. Тоғай Муроднинг ўзи ҳам Алпомиш ва Барчинларни берган гўзал водийлар, бепоён яйловларда ўсганлиги унинг сўз бойликларидан, ёзувчилик услуби ва ўзига хос овозидан сезилиб туради. Насрий асарга шеърий жаранг ва кўтаринки руҳ бағишлай олиш қобилияти ёш адибнинг қаламига хос энг яхши фазилатлардандир.» (Тоғай Мурод. Ойдинда юрган одамлар. Т., Адабиёт ва санъат, 1985. 155-бет).
Ёзувчи ўзииинг ижодини «Юлдузлар мангу ёнади» (1976 йил) қиссаси билан бошлаган эди. Кейинчалик қиссани бироз қайта ишлаб чикди, номини ўзгартириб «Давра» деб номлади. Қиссада Бўри полвон, Тиловберди, Абил сингари образларни гавдалантирди. Маълумки, ўзбекларда қадимдан миллий кураш ўзига хос ва қизиқарли анъана ҳисобланган. Айниқса, Сурхондарё ва Қашқадарё тарафларда миллий кураш кенг расм бўлган, шўро даврида ҳам миллий кураш қадрини йўқотмаган, тўйларда, байрамларда давом этган. Полвонлар эл ичида обрўли бўлишган. Эл уларни кучи-қувватига қарабгина эмас, самимияти, тантилиги, ҳалоллиги, мардлиги туфайли эъзозлаган. Ҳақиқатан, бу ҳунар у билан машғул кишини самимий, ҳалол, пок, мард қилиб тарбиялайди. Адолатсизликка бефарқ қилиб қўймайди. Полвонлар элнинг чин фарзандларига айланади. Уларнинг ҳаётлари, хатти-ҳаракатлари одамларнинг кўз олдида кечади. Айниқса, миллий кураш жараёнида фақат баковул (судья)гина эмас, бутун халқ уларнинг ҳаракатини, қадам олишини, хулқ-атворини кузатиб туради. Шундай экан, бунда ғаламислик, риёкорлик, қўрқоқлик, номардлик қилиб бўлмайди. Ғирромлик кетмайди. Хато, янглишиш, армон, ожизлик эса юз бериши мумкин.
Полвонларда миллий ғурур кучлироқ намоён бўлади. Улар ўзининг, қишлоғининг, эли, устозлари, қариндошларининг шаънини эсдан чиқаришмайди. Айни пайтда ҳар хил вазиятлар, келишмовчиликлар, шахсий-оилавий ташвиш ва муаммолар бўлиши табиийдир. Юзаки қараганда, бундай мавзуда бирор асар, қисса ёзиш ғалатидек туюлади. Ёки ёзувчи ҳали миллий кураш ҳақида катгароқ бадиий асар ёзилмаганини ҳисобга олиб кўлига қалам олгандек кўриниши мумкин. Аслида, бундай эмас. Асар воқеалари тезда китобхон диққатини ўзига тортади.
Асар бошидаёқ миллий воқеликнинг маҳаллий кўринишига дуч келамиз. Асар тўйга чақириқ билан бошланади: «Одамлару одамлар, тоғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар! Бугун ҳа-а-амма Зулфиқор полвонникигатўйга!» «Кимсан, Зулфиқор полвон тўй қиляпти!».
Тўй тасвири кенг кўламли, лекин зерикарли эмас. Ёзувчи удумлар тасвирини ўта қалаштириб ташламаган. Сурхондарёнинг бир оддий тўйида ҳозир ҳам шундай рўй бериши табиий бўлган ҳолатларни акс эттиради. Воқеалар ёзувчининг қишлоғи Хўжасоатда рўй бераётир. Болалар тўда-тўда бўлишиб ёнғоқ, ошиқ, шумшак, қулоқ чўзма, дўл, гирбойди, чиллак, зувиллатар ўйнашади. Палов икковора ёки учовора бир тобоқ сузилади. Яшинмачоқ ўйин бўлади. Холбой том устида сурнай чалади. Аёллар доира чалиб давра қуради. Шу даврада болалар яшинмачоқ ўйини билан овора. Қаердадир оқсуяк ўйини бўлмоқда. Миллий кураш — олиш бошланади. Эл ичида донг таратиб қариган полвонларни ёлғондакам олиштириб, лекин ростдан соврин бериш ҳам рамзий бир расмдир. Сўнгра энг кичик ёшдагиларни ҳазиломуз олиштириб, давра курашчиларини катталаштириб бориш тарзи ҳам расм. Ёзувчи қаҳрамоннинг руҳиятини синчковлик билан кузатади. Одил, ҳалол баковул Бўри полвон турли жойлардан келган полвонларни кузатар экан, ўзининг хўжасоатлик полвонларини хайрихоҳлик билан эсда тутади. «У ачиниш билан шуни ҳис этдики, инсон қанчалик одил, танти бўлмасин, барибир ўз юрти, элига тортар экан...». Баковул Бўри даврадан хиёл чиқиб, оқсоқоллардан Амир полвоннинг тирсагидан тортиб шундай дейди:
« — Полвонларинг ҳар ерда ўтлаб юрибди, у нима ўтириш? Менга қара, зўр-зўрларини бир ерга йиғ, шўрчиликлар кепти... Тушундингми? Ўзинг бош бўл. Қурга тартиб билан чиқар. Шошма, етти ўлчаб бир кес, шўрчиликларнинг ўнги-чапига эътибор қил. Қайтариб айтаман, фақат шўрчиликларга кўз тикинглар. Бинойими?» У Тиловбердини давранинг охирига асрашни, яна бир бақувватроғининг бекиниб ўтиришини тавсия қилади. «Ўз қишлоғи полвонлари мағлуб бўлганда бутун вужуди қизиб, қалтироқтутади».
Тасвир давомида ҳатто курашдаги маҳаллий хусусиятларга табиий равишда аниқлик киритиб юборилади. Сариосиёнинг Тўпалангдарё ёқасида бўлган бир кураш лавҳаси ҳикоя қилинади. Бўри полвон умрида биринчи марта фарғонача курашни кўради. Давра эгаларининг кўпчилиги асли Фарғона водийсидан бўлиб, Йўлдош Охунбобоев ташаббуси билан Сурхон водийсида колхоз тузиш учун кўчиб келтирилганлар ва шу ерда яшаб қолганлар эди. Водийликлар олишни кураш дер эканлар. «Ўзи ҳам мулойим халқ-да, — деди Бўри полвон ўзича, — жуда мулойим. Курашлариям ўз табиатидан кеп чиққан. Мана биз ўлгудай қўпол халқмиз. Курашимиздаги мардоналик, ботирлик ҳам шундан. Ҳа, майли, халқ турли-туман бўлгани яхши. Бу — улканлик, улуғлик аломати. Мана, фарғонача кураш. Уям ўзимизники. Демак, иккита курашимиз бор экан. Қандай яхши! Бойлик! Аммо-лекин уккағарлар кўп ашулачи халқ-да...».
Бундан ташқари, сурхонча «олиш»га яқин спорт турлари ҳам персонажлар тили орқали қиёсланади. Олишнинг афзалликлари, фазилатлари, унинг жаҳон спорт турлари даражасидаги аҳамияти таъкидланади. Эпизодлардан бирида қуйидаги диалогни ўқиймиз:
« —Шу Максим полвон жуда совуқ олишар экан, нима дедингиз?
— Спортчи-да, секцияда тарбия топган. Улар китобда нима ёзилган бўлса шуни қилади.
— Телевизорда Монреаль олимпиадасини кўрдиларингизми? Классик курашни олиб кўрсатди. Бирам совуғ-э, шуям олиш бўлди-ю...».
« — Мен яқинда самбо олиши ҳақидаги китобни кўрдим. Ҳамма чилларнинг расми бор. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, оёкдан олишдан бошқа ҳаммаси ўзимизнинг олишда бор экан-е».
Зулфиқор полвоннинг тўйида берилган олишнинг тафсилоти батафсил бўлиб, қиссадаги тасвирнинг асосини қамраб олади. Аммо олиш жўн баён қилинмайди. Қисқа-қисқа лавҳалар, эпизодлар тарзида кураш тасвири бериб борилади. Бу эпизодлар орасига баковул Бўри полвоннинг элас-элас хотиралари (улар ҳам қисқа лавҳалар сингари) келиб-кетиб туради. Ёзувчи олишнинг эпизодларида бу ўзига хос спорт ва ўзига хос санъатни икир-чикиригача талқин қилади. Узундан-узун баён қилиб ёки изоҳлаб бермайди. Холис тасвирлайди ва ҳис қилиш, тасаввур этиш имконини яратади. Асарда полвонлар образлари, уларга хос фазилатларнинг кўлами, ғурурларининг кўринишлари чуқурроқ очилиб боради. Кўз олдимизда мардларча давра айланадиган, чўккалаб ерни тавоф қиладиган, икки кафтини ерга суйкаб, юзларига фотиҳа тортадиган, қўр тўрида ўтирган чоллар рўпарасида тик туриб оқ фотиҳа оладиган ҳайбатли полвонлар намоён бўлади.
Хуллас, Тоғай Мурод бу қадимий санъатни кучли бир муҳаббат билан тасвирлайди. Миллий олишнинг нозик хусусиятларигача бадиий талқин қила олади. Юқоридаги бадиий парчада кўрганимиздек, сурхондарёгагина хос бўлган олиш ва унинг ўзига хос томонларини фарғонача кураш ёки самбо сингари спорт турлари билан табиий воқеалар муносабати орқали солиштиради. Бу билан маҳаллий-миллий воқеликнинг кўп фазилатларига, шу тупроқ одамларига, ҳаёт тарзига, танти полвонларига самимий муҳаббатини изҳор қилади. Ҳар қандай санъат ва адабиётнинг ҳақиқий миллийлиги худли шундай аниқ кўринишлардан, миллий ифтихордан ўсиб чиқади. Бу ҳолат Тоғай Мурода,а жуда самимий, холис, меҳр-муҳаббатга тўла. Ўзга қиёслар ўзбекона урфларга бўлган ифтихорни тўлдиради.
Асарнинг бош қаҳрамони ўша, баковуллик қилаётган Бўри полвондир. Полвонлик билан боғлиқ асарда неки бўлса, барчасини биз у орқали ҳис қиламиз, бу санъатнинг фалсафасини Бўри полвон орқали шарҳлаймиз. «Биласиз,— дейди у,—злскағар ўша самбодаям, эркин курашдаям, классик кураш, дзюдо деганидаям —барча-барчасида полвон дустаман (юзтубан), ё ёнбош йиқилса, ё тиззалаб ўтириб қолса, иккинчиси ҳалол йиқитаман деб, бечора полвонни судраб, ерга пийпалайди. Ё бўлмаса, бирор жойини қайиради. Ерда думалаб ётган одамни судрайди-я! Ё, пирим-э, ё, пирим-э... Бу эркакнинг иши эмас! Эркакмисан — оёғида тик турган эркак билан олиш!»
Бу сўзлардан сурхонча олишнинг ҳалоллик талабларини ҳам, баковул Бўри полвоннинг ҳалол қарашлари ва адолатлилигини ҳам, унинг ўзига хос шевасини ҳам, спорт турларида мардлик асосий вазифа эканини ҳам тушуниб етамиз. Боқеалар ичида Бўри полвон-баковулнинг ёшлик хотираларйгина эмас, полвончилик тўғрисидаги ўй-қайғулари ҳам берилади. Унинг қуйидаги хаёлини кузатайлик:
«Халқ нимаси билан халқ? Эзгу урф-одатлари билан халқ! Ота-бобосидан қолган яхши анъаналари билан халқ! Кўпчилигини билиб-билмай, билиб-билмай унутиб юбордик. Ахир, халқ соф тили, пок дили билан, аллаю гиряси билан, меҳнату матонати билан халқ!.. Авлодлар алмашган сайин... Юрак йўқолиб боряпти!..».
Бўри полвон олишув анъанасининг кейинги тақдири хусусида қайғуради. Ўғли Тиловбердининг ютуқларидан қувонади, мағлубиятидан алам чекади. Баковул сифатида унинг ёнини олмайди. Баҳолашда одил бўлади, ўғлини ҳам аямайди. Узоқ ёшликдаги кураш лавҳаларини тез-тез ёдга олади. У ёшлигида, вақти-соати келиб, йиқилмай-йиқилмай юриб ўзидан ёшроқ, зўрроқ полвон — Исмоилдан ҳаётида биринчи бора чинакамига йиқилади. Олиш учун қаригандек туюлади ўзига. Бироқ номуси майдонларни шундай ташлаб кетишга йўл қўймайди. Исмоил полвон қаерга тўйга бориб, даврага тушса, унга таъриф бериб таништиришади. «Бўри полвоини ҳам юлдуз санатган, кўкрагини ерга текизган Исмоил полвон» деб мақташади. Ўша йиллар Бўри полвоннинг ҳаловати қочади. Ҳар тўйда Исмоил полвонни таъқиб этиб, курашиш мавридини пойлайди. Бу таъқибдан ҳатто Исмоил полвон чўчинқираб қолади. Термиздаги бир тўйга Бўри полвон келиб, Исмоил кўрмасин учун машинанинг кабинаси ичида бекиниб ўтиради. Исмоил даврага чиқиши билан Бўри полвон талабгор бўлиб даврага отилиб чиқади. Лекин Исмоил ҳақиқатан зўр экан, уни йиқитиш осон кечмайди! Ёзувчи Бўри полвон характерининг шу вазиятдаги тасвирини, айниқса, жозибали чизади. Бўри полвон чарчайди, ҳамроҳига суянади, ўз аждодларидан, отасининг пиридан мадад сўрайди:
«Отагинам, мен ҳамиша сизнинг насиҳатларингизга амал қилиб келдим. Сиз айтар эдингиз: полвон ўзини уч балодан асрасин, энг биринчиси — аёлбозлик! Отагинам, ёшим ўттизга етибдики, оёғимни қийшиқ босмадим, ҳаром-хариш йўлларга юрмадим. Ҳали уйланмадим ҳам!
Иккинчиси — ичкиликбозлик, дердингиз. Отагинам, мен ҳалигача оғзимга ароқ олмадим. Ундан ҳазар қиламан.
Учинчиси — полвон ўзини нафс балосидан асрасин, дегувчи эдингиз. Отагинам мол-дунё учун олишмадим. Мол-дунё ҳирсидан ўзимни ҳамиша сақлаб келдим...».
Бўри полвон шу галдаги ғалабасидан кейин майдонни тарк этади. У эл орасида орттирган ҳалол обрўйини сақлаб қолади.
«Давра» қиссасида ўзбек халқининг бир қисми бўлган воҳанинг ўзига хос ҳаёт тарзини, удумларини тасаввур қиласиз. Демак, халқда маълум бир анъана, урф-одатнинг умумий кўринишлари мавжуд бўлганидек, маълум бир анъана маҳаллий жиҳатдан ҳам ўзига хосдир. Ана шу ўзига хосликлар, фарқли томонлар айни пайтда катта ўзбек халқининг фазилатларини янада серқира, гўзалроқ кўрсатади. Буни бош қаҳрамон Бўри полвоннинг хаёллари орқали кузатдик. Бўри полвондан бошқалар ҳам сурхон олишлари, тўйлари тасвири қаҳрамонларидир. Уларнинг кўпчилигида ўз феъли, табиати, ахлоқи, характери сезилади. Уларнинг жонли чиқишида шубҳасиз ёзувчининг тўй-кураш манзараларини ҳаққоний билиши катта роль ўйнаган. Асардаги расм-русум, урф-одат, кийим-кечак, ўйин-кулги тасвирлари миллий колоритни кучайтиради, қаҳрамонлар қиёфасини янада жонлантиради.
Бош қаҳрамон Бўри полвон халқнинг талабига кўра баковуллик қилмокда. У даврада кўзи ожиз бўлиб қолган Насим полвон ўтирганини кўриб қолади. Баковуллик жараёнида Насим полвон билан боғлиқ хотираларига берилади. Ҳамма гап асар сюжетининг ана шу томонида. Ёшлигида ота-оналари Бўри полвон Насимнинг қиёматли дўсти бўлсин деб, тўн ёптиришган. Улар энди қадрдон, ака-укадек. Аммо ҳаёт Бўри орзу этгандек натижалар бермайди. Далада ишлашган кезлари Бўри полвон Момоқизни яхши кўриб қолади. Ёзувчи мана шу севгида қаҳрамонлар туйғусининг характерли, ишончли ўзига хослигини бера олган. Бу севги ўлдим-куйдим эмас, узундан-узоқ ишқ изҳори эмас. Қалб сирини Бўри Насимга ишонади: «Насим ошна, бир гап айтсам, бировга айтмайсанми? Ошна, Момоқиз яхши, эшитяпсанми, у яхши...».
«Насим ошна, сен Момоқизга айт, Бўри сени тушларида кўради, де. Сенга қиёқни дўржироқ беришида гап бор, де».
Бўрининг беқиёс ҳаё билан лиммо-лим илк муҳаббатини, «биринчи кўнгли»ни шу сингари қисқа ифодалар чуқур очади. У дўсти Насимни кўп ардоқлигиси келади. Чунки қиёматли дўст тутинишнинг вазифаларини Бўри жуда муқаддас деб билади. Гарчи қиссада бундай фикр бўлмаса ҳам, китобхон шуни ҳис қилади. Бўри билан Насим ўртасидаги кейинги суҳбат бундай:
« —Насим ошна, у нима деди-а? Кўзингни очиб айт, нима деди? Ё уялиб индамадими?
Насим унга ўгирилди.
— Бўри, мен гапларингни оқизмай-томизмай айтдим. Бўри ошнамга сенсиз кундуз ҳам қоронғи, дедим.
— Уҳ, бормисан, ошна! У нима деди?
— У, э, бети қурсин, деб қўл силтади, шўр-а. Сенга кўнгли йўқ экан. Ишонмаяпсанми? Мана, қиблага қараб айтаман: агар ёлғон айтсам кўр бўлайин».
Насим Момоқизга дўстининг гапларини бошқача қилиб етказган. Айтишга чидамайдиган гап, деган. Сен билан ўйнагиси, қўйнингта киргиси кепти, дейди. Албатга, бу гапдан сўнг кўнгли бўлса ҳам, Момоқиз тузук жавоб бера олар эдими? Асарнинг қалбларни ларзага солувчи бу воқеасида сюжетнинг аёл жозибасини таъминловчи, ёзувчилик қоидасига хос бироз яширин сир-ҳикматлар бор. Ва яна ўсишда бўлган барча ақл эгаларининг идроклаши учун очиқ айтилмай тўғри қилинган бир аччиқ ҳақиқат хулосаси бор: беғубор илк севги бошқа, нафсу ҳирс бошқа: Дўстининг беғубор севгиси хабарини Насим Момоқизга ҳирс, тан ошиқлиги хабари қилиб етказди.
Шу воқеа икки дўстни бир-биридан ажратади. Бўри полвон— ҳаёли, ориятли, нозик табиатли киши. Момоқизга кўнглидагини журъат қилиб айта олмайди. Гапини эса дўсти ёлғон етказиб, яна уни алдаганини ўзи бир эпизома тан олади. Шу пайт Момоқиз сари кетаётган Бўри полвон тўхтаб қолади. Бўри полвоннинг бу тўхтаб қолишида драматизм кучлидир. Бир томондан, Момоқизга дўстининг муҳаббати, иккинчи томондан, дўстининг муҳаббат деб унга қилган хиёнати. Шу-шу икки дўст орасига яширин—ўзларигагина аён низо тушади. Бу воқеалар элга ноаён. Насим Момоқизга уйланиб кетади. Характерида садоқатсизлик, ожизлик, писмиқлик, ўз манфаатини ўйлаш бор. Кейинчалик бир тўйда Бўри полвон курашади-да, ўзини, садоқатсиз бўлолмаслигини кўрсатади.
Насимни хиёнат, қасам ҳақиқатан кўр қилади. Бўри полвон бир томондан ачингандек бўлади. Тасодифни қарангки, ўғли Тиловберди (тўрт қиздан кейинги ёлғиз ўғли) полвон олишуви керак бўлган Абрай полвон Насим ва Момоқизнинг ўғли экан. Тиловберди мағлубиятга учрайди, Насим ошкора ғолиблик нашидасини сездиради. Аммо Бўри полвоннинг унга самимияти йўқолган эмас. Кўнгли юмшаб кетади. Руҳиятида илиқлик, раҳмдиллик уйғонади. Насим полвонни бағрига босгиси, унинг соқолларига пешонасини суйкагиси келади. Бироқ яна ўзини тўхтатиб қолади.
Бўри полвон собиқ қиёматли дўсти Насим билан хаёлан гаплашади. Бундай тасвир қиссага янада ўзига хос гўзаллик, ҳузур бағишлайди. «Айтгандай, Насим ошна... Бизнинг Момоқиз омонми? Тани-жони соғ, ўйнаб-кулиб юрибдими? Вақти хушми? Уям қаридими? Ошна, мен Момоқизнинг қариганига ишонмайман. Хаёлимда Момоқиз ҳалиям ўша Ҳолвачининг қирларида юргандагидай...».
Қиссанинг сўнгидаги Бўри полвоннинг хаёллари, мулоҳазалари, ҳаёт ҳақидаги хулосалари ўқувчининг диққатини янада ўзига жалб қилади. Бўри полвон образи янада олижаноб қалб эгаси, матонатли, садоқатли, меҳрибон ва мунис инсон сифатида талқин қилинади:
«Насим ошна, мен ўз гапимни Момоқизга айтолмай қолдим...
Аммо мен ўз умримдан шукур қиламан, ошна. Ўзимга-ўзим айтаман: Бўри полвон, сен йигит бўлиб эдинг, ана, биринчи кўнглинг бор, дейман...
Насим ошна, Момоқиз ҳалиям кўнглимнинг туб-тубида яшайди. Уни биров ҳам, ҳатто Тиловбердининг онасиям билмайди.
Мен Момоқизни уйқуларимда кўраман. У жилмайиб қараб туради. Кўзларимни очсам, уй зимистон, ёнимда Тиловбердининг онаси ётган бўлади. Ай, онаси, Момоқиз келди— мен уни кўрдим, дегим келади...»
«Давра» қиссасининг қаҳрамонлари — полвонлар. Тоғай Мурод уларнинг маънавий оламини, ички дунёсини, хислатларини, ҳаёт тарзларини чиройли талқин қила олган. Бўрибой, Насим ва Момоқизнинг севги саргузашти асарнинг иккинчи планида дейиш тўғри бўлмайди. Қаҳрамонлар маънавий дунёсини асарнинг бу тасвирисиз етарли ҳис қилиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам С. Мирвалиевнинг «Ўзбек адиблари» китобида ёзилган: «Бу қисса ўзбек адабиётига туғма истеъдод эгаси кириб келаётганидан дарак берди. Қиссада Бўри полвон, Тиловберди, Абил полвон образларида ўзбек миллий кураши бадиий ифодасини топди» деган таъриф асарни етарли характерлай олмайди. Чунки асарнинг биринчи планида Бўри полвоннинг, қолаверса, Насим полвон, Момоқиз, Тиловберди ва бошқаларнинг характерлари туради. Кураш эса характер учун «хизмат қилади».
Ёзувчининг маҳоратли томонларидан бири шундаки, у тўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, икки йўсиндаги «кураш» манзараларини баравар тасвирлаб боради. Биринчиси — сурхончасига олишиш, иккинчиси — инсон маънавиятининг хилма-хил қутблари кураши. Бу йўлда Бўри полвонга карши Насим образи туради. Воқеаларнинг гоҳида олишув майдонига, гоҳида севги хотираларига алмашиниб туриши табиий ҳолда кишини икки хил курашни қиёслашга даъват этади. Тоғай Мурод қиссада ўз индивидуал услубини юзага чиқара олган. Жумлалар қисқа, пишиқ, халқонадир. Ортиқча баён ва тафсилотлар йўқ. Киноя, қочириқ ва ҳазил-мутойибалар асарнииг бадиий қимматини оширган. Булар миллий воқелик ифодасини, қаҳрамон характерини ёрқинроқ тасвирлаш имконини берган. Миллий воқелик рўй-рост тасвирланмаган жойда қаҳрамоннинг характерини ишонарли чиқариш мумкин эмас. Бу икки томон бир-бирига мутаносиб, уйғун бўлиши зарур.
Шундай асарлар бўлади: уларда мавзу бевосита миллий урф-одат, расм-русум, анъаналар тасвирини тақозо қилмайди. Ёзувчи конкрет тарихий воқеликдаги кишиларнинг фаолиятларини, орзу-интилишларини бадиий талқин қилади. Асар марказига инсоннинг кечинмаларини, билиб-билмай қилаётган ҳаракатларини қўяди. Бундай асарда ҳам китобхон замондошларининг ёки тарих бўлиб бораётган авлодларнинг маънавий томонларини аниқ ишонч билан тассавур этиши, ҳис қилиши керак. Бундай асарда ҳам тасвирланаётган воқелик миллий заминига кўра ҳаққоний ва ҳаётий бўлиши даркор. Ёзувчи Тоғай Муроднинг бошқа қиссаларидан фарқ қилиб турадиган «Момо ер қўшиғи» асари (1986) адабий жамоатчилик диққатини тортган эди. Бу асар бошқа асарларидан фарқли ва у миллий-маҳаллий анъаналаримиз тасвирига тўғридан-тўғри ёндошадиган асарлари туркумига кирмайди. Кейинроқ ёзувчи бу қиссани «Қўшиқ» деб қисқароқ номлади. Кўпчилик унинг асосий мавзусини миллий заминдан йироқлашган зиёлилар ҳақида, юртнинг улуғвор муаммоларини рўкач қилиб, аммо одамгарчиликдан узоқлашиб келаётганлар ҳақида, 80-йиллардаги Ғарб адабиётига сиғинди ижодкорлар ҳақида, бир сўз билан айттанда, ёлғончи мафкура қурбонлари ҳақида деб таҳлил қилади. Ҳақиқатан ҳам шундай.
«Қўшиқ» асарида Тоғай Мурод қаламга олган мавзу биз учун, адабиёт учун муҳим. Бу қиссада ҳам ёзувчи ўзбек халқининг ўзига хос ҳаёт тарзини ифода этиш йўлидан боради. Қишлоқ ҳаётининг яхши-ёмон муаммолари ўртага ташланади. Буни ҳис қилиб турамиз. Аммо гап қаҳрамонларининг характерига бориб тақалганда ёки бошқа қиссаларидаги характерларга бундаги қаҳрамонларнинг бадиий қимматини солиштирганда, бошқача хулосалар чиқаришга тўғри келади.
Қиссанинг бош қаҳрамони Турсунқул Орзиқулов бўлиб, ижодкорлик, шоирлик ҳаваси билан ўзига Паҳлавон Даҳо деган тахаллус қўйган йигитдир. Тасвир отасининг ёшлигидан бошланади. Отаси сержант Орзиқулов деб ном олган. Армиядан келиб қишлоқда ота-онасига ва бошқаларга ўрисча гапираверади. Ҳаммага «сержант Орзиқулов» дея таништиради ўзини. Шу-шу сержант Орзиқулов бўлиб қолади. Отасининг пўписаси, калтаги билан ўз тилига қайтади. Уйланади, икки қизли бўлгач, урушга бориб келади. Икки қизи нобуд бўлади. Кейинги қизи ҳам турмайди. Худо ўғил беради ва уни Турсунқул деб атайди. Хуллас, Орзиқулов энди босилиб қолади ва умр бўйи қишлоқда подачилик қилади. Ўғли шаҳарда ўқиб қайтади. Уйланиб икки фарзандли бўлади. Қишлоқдаги маданий қолоқликдан қочиб, шаҳарга яна кетади. Сержант Орзиқуловдаги баъзи ўрисча гапиришдек сифатлар Турсунқулда намоён бўлади. Унга қишлоқ ёқмайди, исми-фамилияси ёқмайди. Бола-чақаси кута-кута кетиб қолади. Шон-шуҳратни ўзига ўхшаган шоирларга қўшилиб орзу қилади. Шуҳрати баланд Улуғ шоир каби машҳурларга ҳасад қилиб юради. Асар охирида унга душманлик йўлига ўтишади. Гоҳ ишли, гоҳ ишсиз юради, ижарада яшайди.
Кейинги воқеалардан кўринадики, Тоғай Мурод Даҳо шоир образини умумлаштириб, шерикларининг тасвирига нисбатан кинояни кучайтириб юборади. Бошқача маромда бошланган асарнинг ифода тарзи жуда ўзгариб кетади. Мафкурачиларда ҳам ҳасадгўйчилик, душманлик, оиладан узоқлашиб, ҳатто ота-онага оқибатсизликнинг борлиги аниқ. Қишлоқни менсимай, ўзини катта тутиш ҳоллари кўп. Аммо Даҳо шоирнинг аниқ образдан умумлашма бўлиб кетиши сунъийликдек туюлади. Кўпинча салбий хусусиятлар қишлокдан чиққан Даҳо шоирга ортиқ даражада тиқиштирилаётгандек. Натижада Даҳонийг шунчалик тубан қолганига руҳият тасвирига кўра ишонгингиз келмайди. У болаликнинг ширин хотираларидан, фарзандларига бўлган оталикнинг табиий-инстинкт меҳридан, севиб олган хотинига муҳаббатидан, ота-онасига хурматидан, наҳотки, шунчалик узоқлашиб кетса? Асар охирида отаси «подага қара» дегандек, илтимос-васият қилгандек бўлгач, аслига бироз қайтади. Бундай психологик тез ўзгариш унчалик ишонарли эмас.
Қиссада Тоғай Мурод услубига хос фазилатлар сезилиб турса-да, характерлар талқини жозибали равишда тўла типиклашган ва индивидуаллашган деб бўлмайди.
Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» қиссасида ҳам «Давра» қиссасидаги каби миллий удумлар ва қаҳрамон характери маънавий олам тубанликлари билан тўқнашувда тасвирланади. Танқидчи Иброҳим Ғафуров «Изҳорга эҳтирос ҳам, нафосат ҳам ярашади» деган мақоласида яратилаётган образларнинг маънавий поклиги ва фаоллиги тўғрисида фикр юритади. Мақолада Тоғай Мурод ижодига тўхталади:
«Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» қиссасидаги Зиё мерган табиатида ҳам шундай фаол инсонийлик етакчилик қилади. Унда мардлик фидокорлик даражасига, фидокорлик инсоний бойлик даражасига ўсиб чиқади. Зиё мерган ўзини бошқалардай, бошқаларни ўзидай кўради. У яхшилик учун курашдан тоймайди. Унинг яхшилик ҳақидаги тушунчалари халқнинг қалбидан олинган». (Иброҳим Ғафуров. Ўттиз йил изҳори. Т., Адабиёт ва санъат, 1987., 234-бет).
Ўзбек юртининг миллий кўринишлари, яшаш шарт-шароити, қишлоқдаги меҳнаткашларнинг феъл-атвори бу қиссада таъсирчан тасвирланади. Қиссадаги от образи — Тарлонни, кўпкари воқеалари, Зиёдулла чавандознинг отга ва кўпкарига муҳаббатини Тоғай Мурод маҳорат билан чизади. Қуйидаги тасвирдан буни илғаб олиш мумкин:
«Тарлонни қашиладим. Омборхонадан от абзалларини: терлик, беллик, чирги, боз, жаҳанник, жул, пуштон, қуюшқон, юган, кўпчик, узангили эгарни қўлтиқлаб келдим. Тарлонни эгарладим. Оғзига сувлиқни солиб юганладим. Пешонасига дўлана шохидан бўлган кўзтумор илдим. Қаппайган хуржунни эгарга ташладим. Узангига оёқ солиб, эгар қошидан олдим».
Ҳаётдаги алғов-далғов воқеалар жамиятнинг ҳамма соҳаларига қандайдир таъсирларини кўрсатади. Қиссада ёзувчи шундай воқеалар тасвирини эътибордан соқит қилмайди. Бир замонлар бўлдики, отларни турли баҳоналар билан давлат номидан йиғиштириб олдилар. Зиёдулла чавандоз отсиз, Тарлонисиз яшай олишини тасаввур қилолмайди. Отини яширишга мажбур бўлади ва қутқариб қолади. Тарлонни жабдуқлаб, Обшир қишлоғининг кунботаридаги оқ тупроқли адирлар, тепалар томонга кетади. У ерда камарлар кўп. Кечаси камарлардан бирига отини боғлаб, қайтиб келиб ётади. Ундан отни талаб қилишади. От миниб босмачи бўлмоқчимисан? Товук,, қўйларинг кўп, ҳамма нарса магазинда бор, қандай жамиятда яшаяпсан, кўпкари деганинг эскилик сарқити, деб пўписалар қилишади. Ўн кун қамаб қўйишади. Тарлонни айтмайди.
«Биродарлар, неча-неча қорабайирлар, бурночлар кетига қараб-қараб, кишнаб-кишнаб кетди. Неча-неча жийронлар, саманлар гўшт бўлди. Қишлоқда отлар кишнамай қўйди. Саҳарлари кўчада от туёкдари тиқилламай қолди. Оқшомлари отлар тарсиллатиб, ер тепинмай қўйди. Адирларда отлар айғирига эргашиб дупур-дупур чопмай қолди»,—деб ҳикоя қилади Зиёдулла чавондоз.
Зиёдулла шаҳарга келиб тўсатдан бир воқеага аралашиб, гувоҳ бўлиб қолади. Ўғрилик содир бўлади. Беқасам чопонлик бир кишининг пулини бир бола ўғирлаган. Боланинг шериклари бу кишиии уриб, қутилиб қочишади. Кишини касалхонага жўнатишади. Зиёдулланинг виждони сохта гувоҳлик беришга йўл қўймайди. Ҳалиги ўғрилар ушлангач, Зиёдулла ўғрилар шулар эканини тасдиқлайди. Жиноятчиларнинг бошқа шериклари сулдан кейин унинг орқасидан етиб келиб, уни ўлдирмоқчи бўлишади. Торлон қаттиқ кишнайди ва эгасининг душманларига ташланиб, Зиёдуллани қутқариб қолади. Одамга одамнинг айрича меҳри бўлиши керак бу ҳаётда. Лекин отчалик меҳри бўлмаган ғаламисларга нисбатан нафратимиз қисса сўнгги саҳифаларида кучайиб кетади. Айниқса Зиёдулла чавондознинг отига тикилиб айтган сўзларида адолат билан адолатсизлик ҳислари тўқнаш келади:
«Тарлон-ай, нима кунларга қолдик? Тушда бўляптими, ўнгдами? Сен фарқламасанг, мен фарқлай олмай қолдим, Тарлон. Ҳалигилар қандай жонзот эди, Тарлон? Оёқлари икков, кийимлариям бор. Син-симбати одамга келбат беради. Одамга менгзаб гапиради, кулади. Билмадим, Тарлон, билмадим, сен билмасанг, мен билмадим. Мен сени биламан, Тарлон. Улар менга бегона...
Аё, Тарлон, сен менинг укамсан. Бўлди, мен энди уларни укам демайман. Менинг укам сенсан. Сен менинг укамсан, Тарлон. Ўзиям менга ўхшайсан. Ука акасига ўхшайди-да...
Аё, Тарлон, сен менинг биродаримсан. Бўлди, мен энди уларни биродарим демайман. Менинг биродарим сенсан...
Аё, Тарлон, сен менинг қиёматлик биродаримсан, қиёматлик биродарим...».
Зиёдулла ўз умрини от билан қанчалик боғлаган бўлмасин, Тарлондан бу қадар фидокорликни кутмаган. Энг қийин пайтда у эгасини ҳимоя қила олиш қобилиятига эга эканлигини билмаган.
Пиримқул Қодиров қиссага самимий баҳо беради: «Қисса қаҳрамони Зиёдулла — одйдй бир чўпон. Унинг ўз оти Тарлонга бўлган меҳри — инсоннинг табиатга қўйган меҳридай соф. Тарлон табиат тимсоли бўлгани учун ҳам ёзувчи уни ёрқин бир образ даражасига кўтариб тасвирлайди... Зиёдулла ўзи яшаётган жойдаги қаллоб ва риёкор одамларга қарши дадил курашади. У ҳатго ўзидаги жисмоний нуқсонга қарши исён кўтаради, «кал» деган маломатни маънавий устунлик, моҳир чавондозлик шуҳрати билан енгиб ўтади».
Фазилатлар «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида янада равшан кўринади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу қисса — ёзувчининг энг гўзал қиссаси. Миллий ҳаётимиз тасвирини ёзувчи оддингидан ҳам қизиқарли, ҳаётий акс эттира билган. Қаҳрамонлари ўзбек китобхонига, ўзбек халқи ҳаётини яхши тасаввур қила оладиганларга жуда таниш, қадрдон туюлади.
Маҳаллийлик тўла миллийлик деб аташга лойиқ тарзда тасвирланиши мумкин. Ҳатто шундай бўлиши зарур. Бундай «маҳаллийлик» миллийлик ёки умуминсонийликка қарши турмайди. Аксинча, асарни жонли қилади, миллийликка янада ишонтиради. Ҳар қандай адабиётнинг тажрибаси бу қонуниятни тасдиқлаб туради.
Чингиз Айтматов қисса ва романларининг воқеалари, қаҳрамонлари қирғиз миллий ҳаётига тўғридан-тўғри боғланиб кетган. Унинг асарлари қирғиз миллийлиги сифатида ёрқин таассурот қолдиради. Лекин Чингиз Айтматов Қирғизистоннинг ҳамма вилоятларидаги қирғизларга хос турмуш тарзини ва характерни умумлаштириб юборган эмас. Айниқса, қирғиз китобхонлари унинг асарларидаги қаҳрамонларнинг қайси ерлик қирғизларга кўпроқ тегишлилигини билиб, сезиб туришади. Саид Аҳмад асарларида водийлик ўзбекларга хосликни, Ўткир Ҳошимовда шаҳарлик, айниқса, тошкентликларга хосликни, Шукур Холмирзаевда Бойсун воқелигига хосликни кўриш мумкин. Буларнинг ҳаммаси миллийликни бўғиб қўймайди, балки тўлдиради. Миллийликни кенгроқ, мукаммалроқ, туб илдизлари билан тушупишга ёрдам беради. Худди шунингдек, илғор маҳаллий аниқликларнинг миллийликка, бинобарин, умуминсонийликка зид келмаслигини ёрқин исботлайди.
«Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг бош қаҳрамони Қоплондир. У ҳам «От кишнаган оқшом»даги Зиёдулла чавондозга ўхшаган меҳнатсевар, дангал, танти, самимий, ўз ерини, табиатни яхши кўрадиган бир киши. Қоплоннинг ҳаёт йўли деярли бошдан охиригача жозибали тарзда ҳикоя қилинади. У Оймомо деган қизни севиб қолган. Севганига етишади, уни ардоқлайди. Оймомо ҳам ҳаётини Қоплонсиз тасаввур қила олмайди. Лекин ёзувчи «ўлдим-куйдим» тасвир ваъда қилмайди. Севги, муҳаббатга оид сўзларсиз, ҳаётий лавҳаларда, қаҳрамонларнинг хаёлий гап-сўзларида, ҳаракатларида ёрқин севгини кўрсатади. Қоплон ва Оймомо фарзандсизлик доғида яшайдилар. Ана шу қийноқ, армон-азоб уларнинг тақдирида, руҳиятида қандай кечади? Қисса шу ҳакда.
Икки қаҳрамон умр бўйи фарзандли бўлишга чора излайди. Бу чора баъзан ички кечинмаларда, баъзан қаҳрамонларнинг амалий ҳаракатларида. Уларнинг бир умр бирга бўлишлари ҳам азоб, ҳам завқли. Ҳақиқий муҳаббат эгаси эканликлари умр йўлидаги матонатларидан билинади. Қиссада кўп йиллик, яъни бир умрлик воқеалар тасвирланган. Воқеалар қишлоқда рўй беради. Ҳар хил даврлардаги ўзгаришларни, даврнинг тараққиёт хусусиятларини намойиш қилади. Тўй тасвири, «тобоқ» орқали Сурхондарё тарафларга хос тўй ҳис қилинади.
«Тўйга айт-айт. Қизлар келин тарафга, йигитлар куёв тарафга айтди.
Тўйхона тўла тўйловчи!
Кўчада болалар шовқин солди:
—Тобоқ келди, келинникидан тобоқ келди!
Дарвозада елкалари, бошларида дастурхон кўтарган аёллар пайдо бўлди. Улар келинникидан ўнта тобоқ олиб келди. Тобоқларнинг бирида полов, бирида қовурма гўшт, бирида қайнатилган тухум, яна бирида ширгуруч...
Тобоқлар даврага қўйилди. Тўйлбвчилар кўнгиллари тортганидан еди».
Келин-куёвларнинг кийинишида, тўйдаги урф-одатларида даврага нисбатан, маҳаллий турмуш тарзига нисбатан аниқ тасаввур уйғонади. Келин ва куёвнинг тасвирланиши шундай: «Куёв ошналари қуршовида чимилдиққа йўл олди. Оёғида пошнаси баланд, ғирчиллоқ этик. Елкасида беқасам, белида тойи белбоғ...».
«Пойандозни бир-бир босиб келин келди. Устида беқасам камзул, атлас кўйлак. Оёқларида ковуш, юзларида оппоқ ҳарир...»
Урф-одатлар тасвирида ҳам шуни кўрамиз:
«Тўй охирлари. Ит ғириллатар, кампир ўлди, соч сийпатар, қўл ушлатар, ойна кўрсатарлар бўлди.
Ойна кўрсатари қизиқ. Кайвони аёл келин-куёвга ойна тутди. Улар юзларини ойнадан олиб қочди. Келин қараса, куёв қарамади, куёв қараса, келин. Кайвони аёл келин-куёвларнинг бошини ёнма-ён ушлаб ойнага қаратди. Гапирмаганларигаям қўймади. Куёв келиннинг акси билан, келин куёвнинг акси билан пичирлаб гапиришди...»
Қиссадаги тўй тасвирида «оёқ босди», «келин ош емади» сингари расм-русумлар бор. Халқона қўшиқлар, шеърлар бор. Булар ҳам характерлидир. Қоплон билан Оймомо кўп қийинчиликларни, шодлик кунларини бошдан кечиришади. Уришишади, ярашишади, изтироб чекишади, умид қилишади, таскин топишади... Ҳаммаси табиий. Лекин ҳеч ким уларчалик садоқатли туюлмайди. Чунки бошқача садоқат, силлиқ муносабатлар асосига қурилган севги, садоқат, меҳр-оқибат ишончсиздир. Ҳаётда шундай, чинакам бадиий адабиётда ҳам шундай бўлиши шарт. Уларнинг руҳий кечинмалари, ҳар хил юмушлари, гап-сўзларида маҳаллий кўриниш-ҳолатлар идрок этилади. Ёзувчининг бу соҳадаги меҳнати, изланишлари юксак самара берганига ишонч ҳосил қиласиз. Буларни шунчаки кузатмайсиз. Ёки шу маҳаллий халққагина хослик деб хулоса чиқариб қўя қолмайсиз. Ўзбекларнинг яна бир шундай ҳаёти ҳам борлигига ва бу ҳаёт ҳам самимийлиги билан умумий маънодаги ўзбек миллийлигининг бир қисми эканига инонасиз. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг шу сингари ўрганишга лойиқ жиҳатлари кўп.
Маҳаллий-миллий характер ва ёзувчи маҳорати. Бадиий адабиётнинг, унинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлган прозанинг қаҳрамонлари ҳақиқий миллий характерлар даражасига кўтарилгандагина муваффақият қозонади. Қаҳрамонларининг миллий характерлар даражасида гавдалантирилиши бадиий асарда кўтариб чиқилган мавзу ва муаммога, тасвир кўлами ва ғоя-хулосаларга боғлиқ, албатта. Аммо асарнинг ютуғини фақат шуларнинг ўзигина таъминлай олади деб хулоса чиқариш ўринсиз.
Миллий характернинг мукаммаллиги унинг қанчалик дилтортар, ибратли, таъсирчан бўлмоғига ҳам боғликдир. Бу ёзувчидан сўз санъаткори бўлишни, топқир бўлишни, бошқа адиблар ижодидаги услубга тақлид қилмасликни, замонавий китобхонлар маънавий эхтиёжини идрок эта билишни талаб қилади. Бадиий асарда ифоданинг маълум кўлами ва меъёри бўлиши керак. Унинг тили миллий тилнинг ҳамма қатламларидаги бой хазинадан имконият ва эҳтиёж даражасида фойдаланилган ҳолда ёзилганини кўрсатиб туриши зарур. Бу ўринда қандайдир меъёрни белгилаш лозим бўлади. Ёзувчи муайян образлилик иқтидорига эга бўлиши даркор. Кўпинча насрий асарлар образлилик масаласида шеъриятга қараганда чекланган бўлади. Айниқса, реалистик метода,а ёзилаётган асарда ёзувчи ҳамма-ҳамма нарсанинг ҳаётга яқин бўлишини хоҳлайди. Романтикага ортиқча эрк бера олмайди. Бунинг учун ёзувчи образлиликнинг шу вазифага мос тушадиган усулларидан фойдаланади. Кичик бир деталь, сўз, мақол ёки ибора, табиат тасвирининг кўриниши ва қаҳрамоннинг унга муносабати, маълум бир мавжудотга, масалан, ҳайвонларга муносабат, кийиниши ёки миллий удумларга қаҳрамоннинг алоқадорлиги каби ҳолатларни акс эттириш шунчаки амалга ошавермайди. ҳаммаси учун ёзувчидан юксак маҳорат талаб этилади.
Машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов ана шу маҳорат масаласи ҳақида шундай ёзади:
«Агар асар ўқувчининг қалбини ҳаяжонга солмаса, унинг эстетик дунёсини бойита олмаса, унинг яхшиликка ва ёмонликка муносабатини ўткирлаштира олмаса, унда нималар айтилмасин, қандай ўта фойдали ва ўта муҳим фикрлар изҳор этилмасин, қандай тема ва проблемалар қўйилмасин, у ҳақиқий санъат эмас. Бутун жаҳон жозиба (тортув) қонунини менсимаслик мумкин бўлмагани каби санъатнинг бу қонунини ҳам назар-писанд этмаслик мумкин эмас. Мазмун ва шакл бирликда санъат асарининг моҳиятини ташкил этувчи икки категориядир».
Шундай асарлар яратиладики, кўтарилган масалалари, муаммолари, қаҳрамонлари жуда муҳим кўринади. Ёзувчи янги ва керакли муаммоларни талқин этади. Лекин асарлар шу томони билан эътиборни жалб қилиб ўқилса-да, тез унутилади ёки ўқувчини етарли таъсирлантира олмайди. Бундай асарларда, Чингиз Айтматов ёзганидек, маҳоратсизлик панд беради. Ўзбек адабиётида ўртамиёна, бўш-саёз савияда ёзилган асарлар оз учрамайди. Масаланинг яна бир томони бор: адабиётшунослик ва адабий танқид илми бадиий намуналарга юксак талаблар асосида ёндашиши, бадиий намуналарга худли шундай талаблар қўйиши лозим. Аслида, ҳар қандай етук адабиёт мазмун билан шаклдорликдаги санъаткорликни талаб этади, икккита томонни уйғун олиб боради. Шарқ классик адабиётида асарга биринчи навбатда сўз санъати деб қаралган. Шу томондан текширилган. Ёзувчи санъаткорлигини кўрсата олсагина, асари эътиборни тортган. Ҳар қандай бадиий асарда ёзувчининг бадиий маҳорати масаласи ниҳоятда муҳим саналган.
Тоғай Мурод асарларида миллий қаҳрамонларни, ёзувчининг ўзига хос маҳоратини кузатар экансиз, муаллифнинг бу соҳадаги ютуқларини ҳис қилиб, адабиётнинг талаб-вазифаларини чуқур идрок қилганини сезасиз. Асарларида дунёқараш, маънавият ва қадриятларга доир долзарб мавзу-муаммоларни кўтариб чиқади, халқчил, жозибали акс этгаришга интилади. Иброҳим Ғафуровнинг бу ҳакда қуйидаги фикрлари бор: «Тоғай Мурод бундай воқеаларни таъсирчан қилиб тасвирлайди. Уларни чин маънода қўшиқ қилиб юборади. Унинг тасвири халқ оғзаки ижоди санъатининг энг яхши анъаналарига уланиб кетади, уларни янгича йўлда ривожлантиради. Сал эркинроқ фикрлаб, уни прозанинг бахшиси десак, хато бўлмайди. Тоғай Мурод кўз ўнгимизда ўз оригинал йўли ва услубига эга ижодкор каби шаклланиб бормоқда. Бу адиб халқнинг қадимдан шаклланган урф-одатлари, расм-русумлари поэзиясини чизишга, уларнинг илтифот, назокат, ўзаро ҳурмат ва шу асосда муҳаббатли бўлишга ундайдиган илғор томонларини очишга уста. У асосий эътиборини, кучи ва эҳтиросини шунга қаратади ва шунда маҳорат кўрсатади. Ёзувчининг асосий эътибори шунда бўлгани учун унинг қаҳрамонлари вақтдан, ижтимоий муҳитдан бир қадар ажралиб қолгандай бўлиб туюладилар. Урф-одатлар қанчалар поэтик кўтаринкилик билан тасвирланмасин, улар охир-оқибатда қаҳрамонларни тўла маънодаги замонавий кечинма ва интилишларга эга инсон каби тасвирлашга тўсқинлик қилар экан...» (Иброҳим Ғафуров. Ўттиз йил изҳори. Адабий ўйлар, мақолалар. Т. Адабиёт ва санъат, 1987., 263-бет).
Бу ўринда, албатта, танқидчи қисса билан, ундаги тасвир усулининг ўзига хослиги билан боғлиқ объектив мулоҳазаларнинг маълум бир қирраларинигина ёритган. Иброҳим Ғафуров қиссанинг дастлабки вариантидаги баъзи камчиликларга тўғри шаъма қилади. Дарҳақиқат, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги қаҳрамонлар дастлаб конкрет муҳитдан бир қадар ажралиб қолгандай туюлган эди. Ёзувчи қиссага доир фаолиятини яна давом эттиради ва уни қайта ишлаб, камчиликларни бартараф этади.
Ҳар қандай адабий асар мунаққидлар. адабиётшунослар таҳлил доирасига тушиши мумкин. Айрим ёзувчилар танқидни беғубор қабул қилади, асарини ўзга нуктадонлар нуқтаи назари билан кузатиб кўради. Баъзилар камчилигини сезса-да, асарни қайта ишламайди. Қайта ишлаш тажрибаси юксак иқтидорли ижодкорлар тажрибасида ҳам кузатилган. Тоғай Мурод «Ойдинда юрган одамлар»ни яратиш жараёнида шу ҳолатни бошидан кечирди. Қиссанинг баъзи камчиликлари ўз вақтида, муҳокамалар жараёнида кўрсатиб ўтилган эди. Масалан, қиссадаги давр масаласида ёзувчи айрим чалкашликларни сезмаган. Асар маълум муадат қайта кўриб чиқилгач, янада яхшироқ сифатларга эга бўлди. Эндиликда у аввалгидан ўқимишлидир. Ёзувчи Пиримқул Қодиров шу воқеалар тўғрисида ёзган:
«Хайрихоҳлик билан айтилган танқидий фикрлар Тоғай Мурод учун катта бир сабоқ бўлди. Ёш адиб бу танқиддан тўғри хулоса чиқариб, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини қайта ишлади, ғоявий акцентларни ўз ўрнига қўйиб чикди, эскирган урф-одатлар, нотанқидий тасвирланган жойларни қисқартирди, янги замонга мос деталлар ва чизгиларни кўпайтирди. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг журнал вариантида давр, замон ноаниқ тасвирланган эди... Қиссада эллигинчи йиллар билан йигирмачи йиллар қоришиб кетганини муаллиф ҳам танқидий мулоҳазалар натижасида сезди ва бу нуқсонни тузатиб чиқди» (Пиримқул Қодиров. Тоғай Мурод қиссалари. Сўнг сўз. Т., 1985., 156-бет).
«Ойдинда юрган одамлар»нинг эндиги, охирги вариантини ўқиш янада мароқли. Реаллик янада тиниқлашган, қаҳрамонларнинг жой-макон ва вақт-замонга кўра хатти-ҳаракатлари ишонтирарли. Мавҳумликдан нишон-аломат йўқ. «Ойдинда юрган одамлар» ниҳоятда оддий, аммо мазмунида қандайдир рамзий ишораси бўлган лавҳа билан бошланади. Адирда ёнбошлаб ётган бобо момога қарата: «Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол, қаердандир одам овози келяпти», дейди. Улар қулоқларини еллар елаётган тарафга тутадилар, бобо овозни аниқ эшита олмагач, ўнг кафтини қулоғи сиртига тутиб елпана қилади. Чуқур тин олиб, ойдинга тикиладилар. «Манов ёқдан, шекилли. Момоси, вақтинг хушми? Эсон-омон юрибсанми? Тўрт мучалинг бутми... ? ».
«Сийрак адир» кенгликни, ўзимизга жуда таниш миллий-маҳаллий манзарани тасаввур қилдиради. Бобо нега одамларни сўраяпти? Улар такдирида «одамсизлик», одамга зорлик бор экан — буни кейин англаб, ҳаяжонланамиз. Нега улар бор вужудларини бериб, интизорлик билан сукунатга қулоқ
тутадилар, нечун одам овози эшитилгани рост бўлиб чиқмайди — бунинг маъниси кейин очилади. Нима учун улар ойдинга тикиладилар. Ойдин — ёруғлик, ёп-ёруғ томоннинг ўзига хос рамзлари бор. Ойдин —бу умид, умидворлик, ойдин —булар муҳаббатининг ёки қалбларининг ойдинлиги ва беғуборлиги. Бобо нима учун ёнидаги кампиридан соғлигини суриштиради. Энди кўришганми? Демак, улар ҳаётида айрилиқлар бор. Бобо нима учун бунчалар меҳрибонлик билан камшфининг соғлигини сўради. Демак, такдирда айрилиқ, ажримлар бўлган бўлса ҳам, улар ўртасида самимий нимадир бор. Айрилиқ шу нимадирни кучайтирган. «Қандайдир» рамзийликнинг шу каби серқирра моҳияти воқеалар давомида ўқувчига англашилиб боради. Шу лавҳадан кейин воқеалар бевосита жонли воқелик тасвирига кўчади. Айрим жумлалар воқеаларнинг 30-йилларда бўлаётганидан дарак беради. Совчиларнинг келиши, тўй жараёни воқеалари энди сизни сюжетга бутунлай маҳлиё қилади.
Қоплон билан Оймомонинг меҳрга тўла муносабатларини, уларнинг руҳиятлари, иффат-ҳаёларини тасвирлашнинг ёзувчи табиий йўсинини топа олган. Тўғридан-тўғри ишқий мулоқотлар китобхонларни анча бездирган. Хўш, ёзувчи қандай ифода йўлини танлаган? У қаҳрамонларини гоҳ хаёлан, гоҳ бевосита гаплаштиради, уларнинг муносабат тарзларини фикрлардаги тагмаънолар аён қилади.
«...Тоғлар кулранг, қирлар кулранг, арчалар кўм-кўк. Адирлар ўркач-ўркач, ёнғоқлар азим-азим, това тошлар улкан-улкан. Бир қиз елкасида кўза кўтариб, булоққа келяпти. Ана кўзасини ерга қўйди. Булоқ сувларида юзини ювди. Сувда бир отлиқни кўрди. Рўмоли билан юзини яшириб, ҳаёланди.
— Кўзларингни яширма, Оймомо.
— Кетинг-кетинг, одамлар кўради.
— Булоқ сувларидан ичайин деб келдим...
— Ичган бўлсангиз, энди кетинг.
— Кўзларингни бир кўрай деб келдим.
— Кўришга менинг кўзларимдан ўзгаям кўзлар кўп.
— Йўқ, ҳар кимнинг ўз кўзлари бўлади, сенинг кўзларинг -меники. Майли, энди келмайман.
— Кўзларни деб келмасангиз ҳам, булоқ суви ичгани келинг...» Талай асарларда севишганларнинг очиқча гап-сўзлари кўп. Улар кўпинча қаҳрамонларнинг ички-руҳий ҳолат-туйғуларини чинакам ифода қила олмайди. Тоғай Мурод қаҳрамонлари—ўзига хос иффатли одамлар. Шевага хос муносабат тарзида ҳам уларнинг миллий-маҳаллий жиҳатидан жонли эканлиги таъминланади. Баъзи вилоятларимизда аёл ўзига танмаҳрам эркакни-эрни исми билан ёки исмига «ака»ни қўшиш билан атамайди. Асарда шу ҳол қаҳрамонлар қиёфасини тиниқлаштиради:
« — Гапир.
—Ўзи гапирсин.
— Сен гапир.
—Ўзи гапирсин-да.
— Нимани?
—Ўзимизнинг оқшомларни, қирдаги буғдой ўримини.
— Сен гапир, қирдан қайтганимизда зардолилар остида тўхтаб, сенга зардоли териб берганимни.
— Ўзи гапирсин, қўллари зардоли шохларида бўлсаям, кўзлари менда эканини.
— Сен гапир, шамолда рўмолинг учиб кетгани, мен ушлаб келганимни.
— Ўзи гапирсин, рўмолга узатган билагимдан маҳкам ушлаганини, йиғлайман десам-да, қўйиб юбормаганини».
Тўй тасвиридан ташқари ҳодисаларда ҳам ёзувчи хосликни муваффақиятли давом эттиради. Бир оқшомда «қайлиқ ўйини»га борган Қоплоннинг руҳияти тасвирланар экан, Қоплоннинг, Оймомонинг самимият ва фазилатлари, атроф-муҳит манзаралари қўшиб ифода этилади. «Болалар шувиллак чалабериб, сибзиқ чалабериб» қулоқларни битирган кун, қизларнинг ҳалинчак учиши кабилар бош мақсад ва ғояга, кечинмаларни юзага чиқаришга қулай воситалар бўлиб воқеалар ривожига ўрнашади.
« — Отини нима қўямиз?
— Барчиной.
— Сен ҳали...
— Қиз яхши-да. Менга ёрдамчи бўлади.
— Йўқ, ўғил бўлсин. Отини ҳам ўйлаб қўйибман. Хушвақт.
— Сўнг?
— Сўнг уни катта қиламиз. Уйлантириб невара-чевара кўрамиз. Мен бобо бўламан, сен момо бўласан.
Қайлиғи завқланиб кулди.
— Мен бу кишини боваси деб чақираман.
— Мен сени момоси деб...».
Бахшиёцалик ёзувчи нутқида ҳам ҳукмронлик қилади. Асарнинг ўқилишини, тасвирнинг тушунилишини, жозибадорликнинг кучайишини таъмин этади. Тандир тўла нонлар ёпилиши, келин бисоти, юк-ёпларининг отларга ортилиши, болаларнинг отларга мингашаман деб жанжал қилишлари, баъзиларининг йиғлаб қолишлари, келиннинг гулхан атрофида айлантирилиши, таъзим қилдирилиши, чимилдикдаги анжомларнинг кўринишлари тасвирларини муаллиф жуда завқ билан, қисқа-лўнда, беғубор чизади. Шу жиҳатдан келиннинг узатилаётгандаги йиғлашига бағишланган автор нутқи характерли:
«У йиғи бошлади. Буни ўз уйини тарк этаётганидан, қариндош-уруғларидан олислаб кетаётганидан десак-да бўлади. Акаси, янгаси, жиянларининг кўнгли учун десак-да бўлади. Ё акам билан янгам биздан қутулишга зорманда экан, демасин деган андишаданми? Шундан десак-да бўлади. Ё куёвникига бораётгани қувончи, хушвақтлигиданми? Айниқса, шундан десак-да бўлади!».
Ёзувчи қаҳрамонлари руҳиятини очишда, хусусан, кечинма-хаёлларини чизишда санъаткор. Ортиқча тафсилот, баёнлардан йироқ. Уларни ўринли сўзлатади, халқона гапиртиради ва андишаларини муҳитнинг бўлиши мумкин бўлган табиий ҳодисаларидан келтириб чиқаради. Қоплон билан Оймомо фарзандсизлик доғида не кўйга тушишлари «зарур»дек туюлса, шуларнинг барида ёзувчи уларни «синаб» кўради. Қоплон — самимий, покиза инсон. Адолатсизликка тоқати, ғаламисликни кўрарга кўзи йўқ. Ҳаётда бундай одамлар халқнинг манфаатини ўз ташвишларидан устун қўйиб яшашади. Ҳеч нарсадан тап тортмайди. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бундай характерларнинг ҳам хилма-хил бўлишини фаҳмлаш унчалик қийин эмас.
Бу кайфиятнинг Қоплондаги кўриниш тарзи қандай бўлиши мумкин эди? Қоплон эгри хулқли бўлмиш котибнинг қилғилиқларини аниқ билади. Уни аягиси йўқ ва аямайди ҳам. Аммо бемалол, ошкор унга қарши бориши мумкин бўлган Қоплон нега дадил ҳаракат қилмайди? Унинг кам фаоллиги кечиримли ва шу кечиримлилик унинг образини янада жонлантириб юборади. Қоплоннинг ўз хаёлида ундан тили қисиқ, андишали жойи бор. Бир ўринда тегирмон тортишдаги навбатга эътибор қилинмаганлиги ҳақида ва котибнинг қиёфаси ҳақида хаёл суради. Билганини элга жория қила олмайди. Ёки шаштидан баъзан қайтади. «Исмат мироб Мамат билан тегирмонда навбат талашиб, бечорани қандай хўрлади? Йигирма йилдан бери аёлингни туғдиролмайсан-у, ўзингни эркак санайсан, сен... деб сўкди. Бундай гапни эшитгандан кўра ўлган яхши. Мен котибни сотсам, эшитиб қолиб, кўпнинг олдида ҳалигидай гапларни юзимга солса-чи? Ундайлардан ҳар бало келади. Яхшиси, ҳали-ҳозир тилимни тийганим маъқул. Хушвақт ўғлимиз дунёга келсин, ундайлар билан гаплашишни ўзим биламан!..» деб ўйлайди Қоплон.
Тоғай Мурод бир қиссасини «Қўшиқ» деб номлаганда ҳам асарининг оҳангини назарда тутган эмас. Ваҳоланки, қиссалари оҳангига кўра ҳам халқона қўшиқлар мисоли таассурот билан ўқилади. Айниқса, «Ойдинда юрган одамлар» қўшикдек. Бу қиссани шартли равишда катта бир халқона «Қўшиқ» деб атагингиз келади. Бу оҳанрабо оҳангни адиб асарнинг бошидан охиригача моҳирлик билан авжлантириб боради. Қўшиқ сеҳрини вужудга келтирган воситалардан бири ҳеч шубҳасиз сўз, ибора, жумла ва тасвирдаги ўхшатиш, шеърий санъатларнинг насриёна кўринишлари ҳамда изчил тафсилотларнинг такрорларидир.
Услубий хосликнинг турлича мисоллари кўпайиб боради. Келин (Оймомо)нинг йиғлашини нималарга йўйилгани тасвири, бу йўйишдаги автор нутқининг такрорлари нақадар файзли! Ёки асар қаҳрамонларининг туғёнлари, ҳаяжонларига муносиб тонг тасвирини олиб қарайлик: Қоплон амакимиз аёлининг жавобини беради. Сўнгра-чи? «Эслаш қўшиғи авжига чикди: — Ҳа-а-ай-ай-ай...» Сўнгроқ-чи? «Кўришув қўшиғи поёнига етди. Қўшиқ ёввойи дарахтлар остида, эски сўқмоқларда қолди». Кейин-чи? «Алвидо қўшиғи авжида! Кун тонгни ёқиб юборди...» «Алвидо қўшиғи қиёмда... Амакимиз алвидо қўшиғини бекаму-кўст айтди. Умрида илк бор қўшиғида сўз ишлатди... Амакимиз алвидо қўшиғини бригадаларга бўлинаётган меҳнаткашларга қараб айтди. Меҳкашларни биттадан байт билан кузатди. Меҳнаткашлар ишларига қўшиқли бўлиб кетди».
«Бу—хайрлашув кўшиғи, алвидо қўшиғи! Тонглар бепоёндир, бепоён! Олис-олис уфқларда тонг. Боботоғ чўққисида тонг. Дегрез сув омбори узра тонг. Қишлоқ устида тонг. Боғларда тонг. Терак учларида, баргларида тонг. Гала-гала чумчуқлар парвозида тонг. Куйловчининг соқолини, жийроннинг ёлларини силаётган салқин саболарда тонг. Қўшикда-да тонг!»
Асарда воқеалар ривожи миллий анъаналарнинг аниқ муҳитга мансуб бўлган кўринишларини тақоза қилади. Тоғай Мурод бу талабни етарли ҳис этади. Маҳаллий урф-одатларни тасвирлайди. Халқ шеър-қўшиқлари қиссага яна кўпроқ теранлик бахш этади. Шундай саҳифалардан бири «келин салом» воқеалари тасвиридир. Кайвони момо келинни тўйловчиларга кетма-кет салом бердиради.
«Байтлар кайвонидан, таъзимлар келиндан бўла берди:
Қозонларнинг қопқоғи,
Аёлларнинг оппоғи,
Мисли олма ёноғи —
Гулсун опамга салом!..»
Даврада ўпкаланганларга ҳозиржавоб кайвони момо ҳазилнамо байтлар тўқиб ташлайди ва кулги кўтарилади:
«Тегирмоннинг новидай,
Адрас тўннинг боғидай
Дароз акамга салом!..
Қопга тиққан похолдай,
Индан чиққан шоқолдай
Чўпон акамга салом!
Бўлди кулги.
— Қай уккағарнинг момоси-е, бекор ўпкалабман-а!»
Яна ибратлики, муаллиф воқеалар тасвири мобайнида асарнинг асл мақсад-муддаосини, мавзу-муаммосини эсдан чиқазмайди. Бу нарса табиийликни кучайтиради. Оймомо уй-рўзғор ишлари билан банд. У сигир соғади. Қоплон молларига қарамоқда. Сигир, қўй соғиш кўпинча қишлоқларда қўшиқ билан амалга ошади. Лекин қўшиқ ҳар «ижрочи» дардини янгилайди ҳам. Бу психологик ҳаққониятни Тоғай Мурод синчковлик билан илғай билган. Оймомо билан Қоплонни шу дамларда ҳам фарзандсизлик доғи-дардлари тарк этган эмас! Қилаётган завқли турмуш ташвиши, юмуш тақозасига кўра сигирига айтаёттан қўшиғи-хиргойиси ўз кўнгилларига маҳзунлик солиб қўяди. Негадир ҳалигача туғилмаётган Хушвақтини эслатади, ўксиниб пинҳона йиғлашга мажбур қилади. «Опамиз совлиқни соға бошлади:
Эсли молим, оқилим, турей-турей,
Елкамдаги кокилим, турей-турей.
Шунча молнинг ичида, турей-турей,
Боғда очилган гулим, турей-турей...
Совлиқ ийди. Қўзисига тумшиқ чўзди. Акамиз кейинга тисарилиб, кўзини холислатди. Акамизнинг кўнгли Зирён бўлди. Соқоли селкиллаб, Хушвақтнинг ишигаям ўзи юрибди...
Қўй ичида қорасан, турей-турей,
Ақллисан, доносан, турей-турей.
Агар боланг олмасанг, турей-турей,
Бозорларга борасан, турей-турей...
Опамиз туриб, имо қилди. Акамиз қўзини қўйиб юбориб, опамизнинг изидан юрди. Уйга кириб, ўзини кўрпачага ташлади. Ёстиқ хўл бўлди.»
Икки қаҳрамоннинг дард-изтироби тадрижи тобора чуқурроқ очилиб боради. Мушкулликнинг кўламини саҳифаларни ўқиган сайин аниқроқ идрок эта борамиз. Оймомо билан Қоплоннинг дарди-доғи бизга кўча боради. Уларга хайрихоҳ бўламиз, меҳрибонлик қилгимиз, ёрдам бергимиз келади. Беҳад ачинамиз.
«Ҳовли юзидаги сўрида ётган Оймомо опамиз сесканиб уйюнди. Қораялангбош туриб ўтирди. Болишда ёйилиб ётган рўмолини ёпинди. Тиззаларини кўрпа сиртидан қучоқлади. Уйқули кўзларини уқалаб, теваракка аланглади. Ой қоронғи, юлдузлар сийрак. Ҳамсояси Ҳожарнинг гўдаги биғиллаб йиғлаяпти. «Келиб-келиб шу маҳалда йиғлаганини. Кўргани ўғилми, қиз? Қиз! Босмалим ўйнади-ку...
Эснаб, минғиллади:
— Қиз бўлсаям майли.
Қабатидаги акамиз уйғониб, ўгирилди:
— Нима бало, эловраяпсанми?..
Опамиз ётиб, кўзларини юмди. «Ҳали тонг олис. Тушимнинг охирини кўраман. Шунда қизимнинг отини билиб оламан...»
Қиссада қаҳрамоннинг ҳаётий, жонли қиёфаларини ҳар томонлама далиллайдиган ҳолатлар анчагина. Ҳолатлар тасвирлари бир-бирини давом этгиради, мантиқан бир-бирини тўлдиради, фарзандсизлик туфайли чекилаётган изтироб-аламларнинг нақадар узликсиз, мудҳишлигини ҳис этгиради.
Маълумки, образларни кўп сонли кигобхонлар қаҳрамонларига айлантириш ҳар қандай ёзувчининг мақсади. Ёзувчи шу ниятда ижод қилади. Бунинг уддасқдан чиқиш осон эмас. Ёзувчилар ўзлари учун севимли бўлган образларни ўқувчилар учун севимли қилишнинг турли-туман воситаларидан фойдаланади. Қаҳрамонининг характерини миллий жиҳатдан ишонарли қилиб яратишга тиришади. Уларнинг ҳар бир хатга-ҳаракати китобхонда шубҳа, эътироз ёки жозибасизлик аломати туғдирмаслигига эришишни ҳамиша эсдан чиқармасликка интилади. Ёзувчи ҳатгоки ўзининг меҳрини яшириш-яширмаслик имкоьшятларини ўринли меъёрлаштириши керак. Адабиёт асарлари оламида бу ҳолатнинг хилма-хил тажрибалари бор. Ҳар қандай усулда ҳам ёзувчи маҳоратли эканини кўрсата олса, мақсадига эришиши мумкин. Баъзи адибларда ёзувчининг ўз севимли қаҳрамонига айрича муҳаббатини кўрамиз. Абдулла Қодирийнинг Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар, Раъно образларига меҳрини сезиш қийин эмас. Бу—шу йўналишнинг ўзига хос юксак намунаси. Шукур Холмирзаев ижобий қаҳрамонларига бефаркдек, холисдек. Ўқувчи яхши-ёмонни ўзи ажратиб олади-да, дегандек.
«Ойдинда юрган одамлар» қиссасида Тоғай Мурод тамоман бошқа йўл танлайди. Оймомо ва Қоплон исмларй кам тилга олинади. Айниқса, Қоплон деган исмни китобхон кам учратади. Натижада Қоплон исми китобхоннинг хотирасидан кўтарилишгача боради. Лекин бош қаҳрамонларнинг—Оймомо ва Қоплоннинг қиёфаларини бизга янада жонлантириб кўрсатадиган, нафақат ҳаётийлантириб турадиган, балки яқин қадрдонларимизга айлантириб юборадиган бошқа воситалар бор. Тоғай Мурод уларни гоҳ «опамиз», «акамиз» деб, гоҳ «опамиз», «амакимиз» деб, гоҳ «бобомиз», «момомиз» деб тасвирлайди. Бу услубий жиҳат ўқувчини ўзига хос қойил қилади: даврлар ўтаётганлиги, қаҳрамонлар ёши улғая бораётганлиги, улар дардлар изҳорининг ҳам ўзгачалашиб бориши англана боради. Бундаги жараёндан яна ёзувчи услубига хос ўз ардоғи, муҳаббатини, қаҳрамонларини ўқувчига севшсли қилишдек эзгу ниятини пайқаш қийин эмас. Қоплон билан Оймомони ёзувчи ҳамроҳлигида китобхон опамиз ёки акамиз, бобомиз ёки момомиз билиб кузатиб боради. Мана шундай лавҳалардан бири:
«Бобомиз кафти билаи қовжироқ хасларни пайпасладилар. Момомиз шу ёнида ўтиришлари лозим. Озиш панжаларини ҳавода очиб юмдилар.
Ой сузилиб боқяпти.
— Эсингдами, момоси, ўшандаям ой ёруғ эди. Мен жийронни жилдириб келайин, момоси. Сен ўтириб тур. Қўрқмайсанми ўзи?
Бобомиз адирдан эндилар. Ариқдан ҳатлаб, йўнғичқапоя оралаб юрдилар».
Момонинг ўлимида қўни-қўшнилар, ҳамсоялар, қишлокдошлари «энамов», «холамов», деб йиғлашади. Бу биз учун ҳам мудҳиш айрилиқ бўлиб туюлди. Ёзувчининг, у тасвирлаётган одамларнинг нуқтаи назарига бизнинг туйғуларимиз қўшилиб кетади. Ёзувчи қаҳрамонини кутилган даражада қадрдонлаштириб улгурган эди.
«Ҳовли одамга лиқ тўлди. Катга-кичик, ёшу қари — бори келди.
Осмондага қирқ юлдуз Қиялаб кетади ботгани. Вой, момомов-в, момомов-в. Мен момомни бир ўпай, Қиёмат кетади ётгани, Вой, момомов-в, момомов-в!
«Момомиз сўнгги манзилга покизагина бўлиб, оппоқ сурпга ўралиб жўнадилар. Тобутгаям оқ сурп ёпилди. Тобут одамлар кафтида қалқиб-қалқиб жўнади. Одамлар тобутга талпинди. Бари тобутни беш-олти одим кўтариб бориш, ақалли қўлини тегизиш пайида бўлди. Ниятига етганлар бурчини бажарган бўлиб, тобутга эргашиб борди».
Қоплон билан Оймомо самимий одамларнинг ардоғига сазовор бўлишади. Улар ўзаро меҳр-оқибати, одамларга бўлган самимиятлари, меҳнаткашлига, халқпарварлиги, ҳалолликлари, дард-изтароблари туфайли элнинг севимли кишиларига айланиб қолишади. Шунинг учун уларга ўзларини яқин олганлар момонинг ўлимидан кейин ўзларини азадор ҳисоблашади. Бу асардан туғиладиган китобхон ҳаяжонини янада кучайтиради. Шу жиҳатдан адир айланиб юрган болалар суҳбати эътиборга лойиқ:
« — Энам қора кийиб юрибди.
— Менинг энам ҳам. Отам бир куни янгароқ кийимини кийиб шаҳарга бормоқчи бўлиб эди, энам уришди, одаммисиз ўзи, деди.
Отам фаросатсизлигидан ўзиии койиб, яна қора кийди.
— Биз ҳам қора кийимларимизни кийиб юрибмиз.
— Энам тақинчоқлариниям сандиққа солиб қўйди, укаларим оқшомлари ашула айтиб ўйнарди, энам уритттди. Азалимиз, бованг эшитиб қолса, нима деган одам бўламиз, деди.
— Энди момомизнинг қирқи ўтгунча шундай бўлади...
— Момомизнинг вафоти куни сен ҳам йиғладингми?
— Бўлмасам-чи. Уни айланиб, момомлаб йиғладим...
— Мен энамлаб йиғладим».
Тоғай Мурод дастлабки асарларидаёқ элнинг назарига тушиб, адабий жамоатчиликда унинг ижодига қизиқиш пайдо бўлди. Сафдошлари орасида ўзига хос бўлди. Таниқли ёзувчи Одил Ёқубов носирларнинг ижодлари ҳақида ёзиб, шуларни таъкидлаган эди:
«Мен Эркин Аъзамов ҳақида гапирдиму, ўйланиб қолдим. Бугунги ёшлар ижоди ҳақида ёзиш ҳақиқатан ҳам осон эмас экан. Бундоқ ўйлаб қарасам, илк ҳикоя ва қиссалари билан тилга тушиб қолганлар мен ўйлагандан хийла кўп экан. Ҳақиқатан, бутунги ёш носирлар тўғрисида фикр юритганда Хайрқадин Султонов билан Тоғай Муродни, Ориф Фармон, Нортўхта Қиличев, Сотволди Ражабовларни четлаб ўтиш адолатдан бўлмас. Айниқса, Хайриддин Султоновнинг ёшларга хос ёруғ туйғуга йўғрилган ҳикоялари ва Тоғай Муроднинг ўзига хос тил ва ўзига хос услуб билан битилган «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси диққатга сазовордир» (Адабиёт ва замон. Мақолалар, адабийўйлар, суҳбатлар,1981, 36-бет).
Ёзувчининг маҳорат белгиларини кўрсатиб турадиган томонлар «Ойдинда юрган одамлар» ва бошқа қиссаларида анчагина. Қаҳрамонлар меъёрий даражада ўз шевасида гапиришади. Албатга, шева сўзлари орқалигина миллий колорит ва жонлиликни тўла таъминлаб бўлмайди. Шунингдек, бунда муайян мўлжалу меъёрни билиш ва унга амал қилиш керак бўлади. Йўқса, китобхон зерикипш, ҳаддан ортиқлик унинг ШЦКГйтепшга мумкин. Тоғай Мурод асарлари бу масалада ҳам ибратлидир. Халқона сўзлашув, сода,алик ва қисқалик, мақоллар ва иборалар, буларнинг ниҳоятда ўринли қўлланишлари ёзувчининг қиссаларига бетакрор латифлик бағишлаган.
Тоғай Мурод услубининг яна бир ўзига хос томони автор тили билан боғлиқ. Ёзувчи воқеаларнинг моҳияти-оҳангига мос равишда ифода тилини топади. Кўпинча лўнда, қисқа, равон, содда жумлаларда ҳикоя қилади. Баёи ёки ортиқча тушунтиришлардан йироқ. Унинг ифодасидаги сўзлар, иборалар, фикрларнинг маълум такрорлари кўзланган мақсад-моҳиятни кучайтиришга йўналтирилади. Тоғай Мурод асарларидаги ҳамма фазилатлар ажойиб бир оҳангни — бахшиёна оҳангни вужудга келтирган.
Тасвир изчиллиги айни чокда Қоплон характеридаги кечинма ривожига жуда-жуда уйғундир. Ажралиб-ажрала олмаслик замири интиҳосида эса синалиб келаётган меҳр-муҳаббат бор бўлиб чиқади. Тоғай Муроднинг теран ифода қобилиятини, ёқимли услубини яққол кўрсатиб турадиган қиссалари элнинг ардоғида қолди, адабиёт намояндаларининг эътирофини қозонди. Бунинг бир жиҳатини шоир Сирожиддин Саййид бир шеърида шундай ифода этган:
Бу болалар ғурур бор деб олишади,
Пул учунмас, номус, ор деб олишади,
Амир Темур қони бор деб олишади,
Ори йўқлар ушбу элга ўғлон эмас.
Алпомишдан мерос қолган жуссаларин,
Кўриб дилдан кетгай бор-йўқ ғуссаларинг,
Сўйлаб юрар Тоғай Мурод қиссаларин,
Уйлари ҳам эл қатори, қўрғон эмас!
Тоҳир Шермуродов
2000 йил