Сўз санъатининг ҳар бир катта-кичик намунаси унда жозиба қонунлари, талабларининг қай даражада уддаланганлиги ва адо этилганлиги билан баҳоланади. Комил асарга тўғри интилиш-адибликнинг ҳаёт-мамот бурчи... Баркамол ижод-доимо орзулар ичра энг безовта, энг олий орзу. Шу сермашаққат йўлда бир яққол талаб-асар сюжети ибтидосидан бошлаб қизиқтириш ҳамда таъсирлантиришнинг кучланиб бориши ва ниҳоят тақдим этиладиган ошкор ёхуд ноошкор интиҳолардир.
Сўз санъати машқининг, маҳсулининг чинакам ҳаёти мутолаадан сўнг бошланади. Унинг таъсир даражаси, умрий мезонию мансублик миқёси сўнгги тасвир билан хайрлашувдан кейингина тугал ҳисланади, белгиланади. Ана шу сониянинг ўқувчи руҳига ногаҳоний безовталик, хижолатомуз уйғоқлик, зукко нуқтаи назар, яшовчан бир мадад олиб кирмоғи ижодкорларнинг оромбахш ва дардчил армонидир.
Ўзбек насрида микдорий жиҳатдан илғор жанрлардан бўлган қиссачилик ҳам бу мўъжизакор, азалий — абадий оқибатни тез-тез ёдга тушириб туради. «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» сингари журналларнинг деярли ҳеч бир сонини илк бор чиқаётган қиссасиз тасаввур қила олмайсиз. Яна хилма-хил нашрларга дуч келасиз. Муаллифлар ҳам хар хил: бошловчи ёки аллақачон бошлаган, халққа маълум ёки муайян жойда танилган ёзувчилар.
Қиссалар кўп, лекин мавзулар, муаммолар тасвири, натижалар, муносабатлар қандай? Бу асарларнинг адабий муҳитдаги, ёзувчилар ижодидаги ўрни нечоғлик? Танқидчиликнинг талай асарларни «назари илмай», уларга бепарво қаратпи, аслида, ўринли баҳо-жавобми?.. Барча қиссалар ва улар билан боғлиқ адабий аҳволни қамраб олиш даъвосини қилмайдиган эндиги мулоҳазаларимиз шу ҳакдадир.
Ҳамма замонларнинг у ёки бу даражада эришган адабий ютуқлари турфа ва бетакрор бўлгани сингари камчиликлар, қусурлар, ўртамиёналик ҳам ҳадеб бир хил, айнан содир бўлмайди. Айни чокда анъанавийлик илғор йўналишлардагина эмас, ҳар қандай маҳдудликда учрайди. Шу боис бадиий асар ҳалол, қатъий, холисона ва аммо ўзига хос танқиднинг муносабатини ҳамиша тақозо этади. Шу маънода асло «бир нарса» демаслик кўпинча адабий танқиднинг эринчоқлиги, ялқовлигигина эмас, зарур ва ҳақ гапни айтмоққа журъатсизлиги ҳамдир. Қолаверса, ўз одил фикрини айтиш билан ижодни, жараённи тўғри фаоллаштириш — унинг муҳим вазифаларидан бири. Асарнинг адабий танкдлдан-да юксак мезбони—бу илғор тафаккурли халқимиз. Унгагина холис хулосалар чиқариш дарҳол ва ҳар вақт насиб бўлади. Танқидчи минглаб-миллионлаб ўқувчилар номидан айта олмоғи, доимо айтиши керак.
Қиссада ҳам муваффақият ўлчови асарнинг ғоявий-бадиий шаклланиши мобайнида вужудга келадиган ҳиссага, ҳиссаларнинг жозиба кучига боғлиқ. Қиссанинг ҳам алқиссаси «осмондан» тушмайди. У шунчаки ниҳоя, якун деган гап эмас. У асарда туғилиши, яшаши, камолот нуқтасига етиши, пировардида элга хизмат қилиши зарур. Ижоднинг муаллиф ва ўқувчилар орзу қиладиган қойилмақомлигини ҳам, табиийки, асар ёзиш илҳоми ҳамда заҳматининг барча-барча интизом, қонуниятларини қамраб олувчи ҳодиса—услуб, услубнинг кучи ва қодирлиги таъминлайди. Услубий хосликлар туфайли бу жараённинг ранг-баранг имкониятлари, кўринишлари юзага чиқади.
«Кўнгул озодадур...» қиссаси Хайриддин Султонов ижодининг бир пайтлар янги, иқтидорига муносиб сўзи бўлган эди. Асар қизғин ҳаяжон, безовталик билан ўқилади. Фикру зикри, фаолияти, бор ташвиши, ишқий кечинмаси, хулласки, бутун қисмати Муҳаммад Шариф Гулханий ва унинг «Зарбулмасал»и билан чамбарчас боғланиб кетган Ғулом — замондошимиз. Ишончли қиёфани тасаввуримизга жо қилади. Уни лоқайд кузатиб бўлмайди. Ғуломнинг самимий фикрлаш, мушоҳадалаш тарзи бор. Унинг кечинмалари, саргузаштлари баёни орқали жамиятимизнинг турли иллатлари, турли нокаслари ўқувчи кўз ўнгидан ўтади. Мазкур воқеалар ҳам зарбулмасалдек, Ғулом умрининг қиссаси ичра яна талай ибратли қиссалар, масаллар, теран ўгитлар мавжуддек. Интиҳолар Гулханийнинг боқий ҳикмат ҳамда алқиссалари билан уйғунликда намоён бўлади. Ғуломнинг оқила қиз Қундузга муҳаббати, қизнинг бадном қилиниши, нобуд бўлиши, йигитнинг оилали бўлиш хусусидаги ўйи бир бўлиб классик шоир асари мазмунининг бош риштасига, «Гулханий—тарихан чекланган» дегувчи Эшмуҳамедов (Ғуломнинг домласи). Роҳибар ва Муовин (Ғулом хизмат қиладиган илм маскани бошлиқлари), Шодиёр билан Сафарбой (бойвачча, маишатпараст талабалар) сингари персонажлар «Зарбулмасал» мажозий образларининг хусусиятларига мантиқан боғланиб кетади.
«Муҳаммад Шарифдан айру тушсам, ҳаётим бениҳоя бефайз, бениҳоя нурсиз бўлиб қоларди», дейди ўттиз тўққизинчи ижараси ҳам омонатлашган Ғулом «аразлаган» Гулханий ҳақида. Ижарасига янги ҳамхона келиб, уй торайса-да, кўнгли кенг эканини, жамики туюрлари жойлашиши мумкинлигини ялиниб айтиб, мавлоно шоирни қолишга кўндиради. Фақирона кун кечираётган заҳматкаш, покдомон, хаёлпараст бош қаҳрамоннинг ўзидан икки аср илгари яшаган оташнафас шоир масалнавис билан ажиб ҳангомалари, баҳс-мунозаралари, гоҳ ўз сўзидан уялиб, тақсирига узрхоҳликлар билдириши унинг характерига табиий маъни беради. Улар «меҳр-оқибати» замонавий воқеалар тасвирининг, Гулханий ижодий жамлаган халқ донишмандлиги намуналарининг моҳиятини чуқур ҳис қилдиради.
Қиссада маромига етмаган, аммо унинг жозиба кучига жидаий путур етказмаган жиҳатлар ҳам мавжуд. Жумладан, бош қаҳрамон баёни орқали гавдалантирилаётган Ғулом — Қундуз севгиси, қизнинг ўлими эпизодлари чуқурлаштирилиши, мангу айрилиқ дарди тасвири Ғулом характерида муҳим белгилардан бири бўлиб туриши даркор эди. Демакки, Ғулом янада қизғин образ, унинг ўз тақдири зарбулмасалининг ғоявий-эстетик кучи эса бундан ҳам таъсирчан бўлар эди.
Хайриддиннинг қиссаси услуби «жамият иронияси», «тарихий ирония» (Гегель) каби ибораларни беихтиёр эслатади (Эркин Аъзамов!шнг «Отойининг туғилган йили», «Байрамдан бошқа кунлар» асарлари ҳам шундай). Унда асосий қаҳрамоннинг характер, фаолият тарзи бир қарашда ҳазил-мутойиба, киноя-пичинг, истеҳзо-кесатиқлар билан йўғрилгандек кўринади. Аммо ўқувчи бу ҳаёт, дунёқараш, фазилатлар йўлида жидлий уқубатлар, қабоҳатлар тўсиқ бўлиб турганини сеза боради. Мутойиба замиридаги маҳзун руҳни англайди. Шунинг учун Ғуломнинг фожиаси ҳозирги жамият типик иллатларининг мудҳиш табиий мисоли бўлиб кўринади.
Замонанинг жиддий ижтимоий, маънавий-ахлоқий масалаларига теран ва ҳалол бадиий муносабати Эркин Аъзамовни халқимизга яхши танитган. Ёзувчининг асарлари даврдошларимизнинг хилма-хил характер манзаралари яратилган сюжетларни ўзида мужассам этган. Муаммо ҳамда зиддиятларни кузатишдаги сергаклик, улар моҳияти ва ечимини белгилашдаги адолатлилик, манзур услуб, усуллардаги маҳоратлилик ижодининг ғоявий-бадиий қимматини таъминлаб турибди.
Кейинги йилларда адабиётимизнинг услубий рангинлигини негадир етарли тадқиқ қилмаяпмиз. Ваҳолангки, бутун бир ижод ёки китоб анализи асосида шу масала туриши керак. Зеро, адабий жараённинг ҳамма ҳолатлари, тушунчалари услубга бевосита даҳлдор. У, аввало, мантиқий, сўнг шаклий ҳодиса. Усиз адибнинг ижодий ўзлиги (ўзлигининг ривожи), асари(асарининг мавқеи) тўғри баҳоланмайди. Услуб асарма-исар шаклланмоғи, бойимоғи, ўзгармоғи, янгиланмоғи ёхуд ижодий умр бўйи бир маромда қолмоғи мумкин.
Эркин Аъзамов ўзига хос овозга тез, «Кўк эшик» (1974) каби дастлабки ҳикояларидаёқ эга бўлди. Бадиий тафаккур йўсини ва ифода манерасининг мароқли, серилҳом эканини, айниқса, «Отойининг туғилган йили» (1977) қиссасида намоён этди.
«Байрамдан бошқа кунлар» қиссаси ўша таниқли, етакчи услубига хосдир. У айни пайтда «Отойининг туғилган йили» («Шартакилик қиссаси»)га қайтишдек (улғайиб қайтишдек), образлар руҳияти ва нуқтаи назар тадрижига кўра унинг мантиқий давомидек (оригинал ҳаракатдаги давомидек) ўқилади.
Қиссанавис олдиндан таъкидлаб қўядики, «Байрамдан бошқа кунлар» шу кеча-кундузнинг учувчиликни орзулаб, лекин ерда қолиб кетган бир йигити, унинг талай саргузаштлари хусусидадир. Лекин саргузаштлар айни сўзнинг етакчи маъносидаги шов-шувли ҳодисаю тасодифлар тафсилоти эмас, балки ҳаётимизнинг улардан қолишмас ташвишли, изтиробли, шарофатли, ҳаяжонли лавҳалари.
Қисса кунимизнинг социал, маиший, маънавий ташвиш-дардларидан баҳс этиб, муаллифнинг ғоявий мақсадларини рўёбга чиқара олган образларга бой. Жами воқеалар автобус ҳайдовчиси Бакир атрофида, иштирокида бўлиб ўтади. У мустақил ҳаётга қадам қўяди. Ҳозирги ҳақгўй, фикри пок, нияти беғараз ҳар инсон дуч келиши муқаррар бўлган сирти сирли, фусункор, ичи алдоқ, хиёнат, ҳаромхўр, беоқибат оламга кириб қолади.
Номуносиб муҳитнинг кирдикорлари тасвири сюжетда муҳим йўналишни ташкил қилади. Кўплаб эпизодлар, хатти-ҳаракатлар шу жиҳатдан кескин аниқлик—умумий ҳолатларни ифодаловчи намунавий яхлитлик касб этган. Бу турмуш соҳибларининг кайфиятларида лоқайдлик, эгоизм, маишатхўрлик, манфаатпарастлик хаёли ҳукм суради. Бу тоифа кишиларнинг уйларида, юрган йўлларида кунда байрам, кунда тантана.
Ана шу картинани Бакирнинг самимий мушоҳада-мунозаралари орқали ҳам таъсирчан тасаввур этамиз. Айтса бўладики, маккор муҳитнинг бадиий таҳлили Бакирнинг Баргида билан илк учрашувидан бошланади. Беқиёс гўзал қиз йигитга орзусидаги ҳаёт тимсоли, жозибадор келажакнинг вакиласи, шунинг учун «баланд дор»дек туюлса-да, унга етишмоғи осон кўчади: олдин рад жавоби берган қиз тамон ташаббус кўрсатиб қолади.
Бакир хотин томоннинг уруғлари, дўст-ёронлари муносабатида ясама киборлик, омонатлик, даҳшатли бепарволик борлигини сеза боради. Қайнсинглиси Басирада, «енгилтагу кибр-ҳаволи» Сафурада миллий фазилатлардан айнишни, ҳаёсизликни кўради. Ўзи — ҳуснда тенгсиз Баргидасига шунчаки эр. Чунки ўртада «куёв»нинг борлигини ҳисобга ҳам олмовчи Жордес «қоработир» юради. Қолаверса, бир ёнда ўйнашпараст Муфтиллаю Акобир Мирзаевич («зар бува»), бир ёнда бешарм аёллару беғамқалб Баргидаси... Улар жамиятнинг покиза икдимидан айрича яшамайди, балки бари қўшилиб олам ичра бир тубан оламни ҳосил қилади. Шу боис Бакир бир-бирини танимайдиган Зокир поччаси билан божаси Чиннибеклар хулқ-атворида ботиний умумийликлар топади. Узлуксиз байрамларнинг бирида бу оломоннинг тўқликка шўхлигини, худбинлиги ва риёкорлигини, инсофсизлиги ва диёнатсизлигини кузатар экан, қийналади. «...Йўқ, Бакир билган шаҳар фуқароси эмас булар, бошқа, бошқа аллақаёқдан офат мисол ёғилиб келган...»
Бу —мудҳиш маънавий талофатни кўриб, ишонгиси келмайдиган аҳволда қолган, моҳиятнинг ўзгачароқ бўлишига ҳам рози бўлиб, ҳайратини алдай олмаётган холис кўнгилнинг эътирофи. Бу—қабиҳ манзарани ёлғон идроклаш билан мавжуд ҳақиқатни таъсирчан тасвирлаш санъати. Шу тариқа «там-там» нусхаларнинг, «кунда-шунда»ларнинг умумлашма образи чизилади. Миллий ифтихор туйғусидан бенасиб, халқнинг обрўйига доғ тўдалар кўз олдингизга келади. «Булар ҳамма нарсага бепарво, ҳамма нарсага ёвузона шубҳа билан қарайди, ҳеч бир миллатни, ҳеч бир эътиқодни тан олмайди. Булар— насл-насаби бетайин, миллати қуйқа ҳаромзодалар... Буларнинг ягона эътиқоди, ягона худоси — бугун, бугун, бугун, ўзим, ўзим, ўғлим... Жордеслар, анрилар, сюзаннлар...»
Бакир теграсидагиларнинг одат, қилиқ , аъмолларини ғурур ва виждон мезонидан ўткаради. Идроки, баҳолари китобхонга маъқул келади. Тубанлик тузоғидан қутилиш душворлигининг тасвири қаҳрамон қиёфасини жонли, ишончли гавдалантирган: қочай деса, «байрам аҳли мафтункор тикилган» барносини кўзи қиймайди, шу қадар чиройлининг қайта насиб этмаслигидан қўрқади; баъзан ўзини қандайдир фитначилар тўдасига тушиб қолган, ўйиндан чиқишнинг эса қонуни беомондек туюлади. Ўзга бир муҳим сабаб —катта пул қарз олганлиги. Уккибоев деган қаллоб автобусининг кассасидан қарз топиб, ишини "судга оширганда» бошқа «Уккибоев»—божаси Чиннибек зўрға миғилган тўрт минг билан уни «қутқариб қолган».
Автор мавқеининг оқилоналиги Сафура образини яратишда қам бўртиб кўринади. Айниқса, унинг ўз тилидан изтиробга тўла ички дунёси очилади. Маишатпарасглик авж олган, номусни топтаб-топтатиб юришлик эркинлик саналган давраларда бадномлар ҳам, бадном этганлар ҳам хор бўлади ё нафратга қолади. Сафура тақдирининг энг зарур жозиб ғояси шу.
Сафура нутқида ажнабий сўзлар қоришмасининг тез-тез ишлатилиши ёки Бакир томонидан ушбу ҳолнинг эсланишлари, воқеалар мобайнида гоҳ-гоҳ бекатлар номларининг эълон қилиниши, чинакам байрамда («аллақандай мамлакатнинг ва Бакирнинг миллий мустақилликка эришган куни» ва китобхоннинг ҳам байрамида) автобуснинг гўё қанот чиқариб учоққа айланиши ғоявий-бадиий таҳлилга жило бериб турибди.
Э. Аъзамов кўпинча ифода тарзидаги мавзуга мос дардчил шўхчанлик, умумийни намойиш қилишга муносиб аниқлик, мураккаб туйғу қўзғовчи соддалик, кутилмаган хулосали одатийлик тасвири туфайли муваффақиятга эришади. Кўринадики, бунда ирония ўзига хос миллий ва тамоман ўзини оқлаган. Зеро, давр ва қалб манзараларига зийрак қарамоқ, моҳияту муаммони теран англамоқ, ҳалол ва барқарор фикрлар айтмоқ иқтидорнинг яшовчанлигини таъминлайди. Шундагина ижод маҳсули ўй-ҳисларни поклаб, қайга қуриб яшайверади, шундагина шуурларда асл байрамлар мўл бўлади.
Жамият ривожига тўсқинлик қилувчи қусурларга муросасш бадиий муносабат билдириш илғор адабиётга мудом хос бўлган. Турмуш тарзимизнинг жадал тараққиётига монелик кўрсатаётган иллатларни баралла фош этувчи асарлар яратиш муаммоси ёзувчилар олдига ғоят актуал вазифалар юклаб келади. Давр ҳамиша адиблар ва адабиётшунослардан туб бурилишлар ҳодисаларини чуқур идрок этишни, ҳаёт ҳақиқатларига тик, дадил қарашни талаб этади.
Ўзбек адабиётининг кейинги йилларда яратилган ўнлаб қиссалари қаҳрамонлари эл-юртимизда рўй бераётган ҳалокатли ҳодисаларга ва нуқсонларга қарши чиқадилар, уларни бартараф этиш ғоясини илгари сурадилар. Бироқ муаллифлар кўпинча масалани батафсил, санъаткорона, чуқур пафос билан ёрита олмайдилар.
Кўп йиллар бурун нисбатан баҳслироқ ўқилган бир қисса «Қора дўлана» бўлган эди. Унинг муваффақиятли жиҳатларини тан олмоқ керак. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг давра суҳбатида адабиётшунос Р. Қўчқоров профессор О. Тоғаевнинг қисса хусусидаги фикрларига ҳақли эътироз билдириб, асар камчиликларшш, асосан, тўғри кўрсатади. Омон Матжоннинг фикрича эса, «...ёшларнинг қишлоқлардан шаҳарга, марказға бориши кўпроқ сезилаётир. Бу асар шаҳарда кишилар ўз қиёфаларини сақлаш учун қишлокдагидан ўзгача, алоҳида муҳитда курашиши кераклиги ҳақидаги огоҳ қиссадир».
Адабиётнинг бу йўналишдаги огоҳига маънавий эҳтиёж хаёли туркман адиби Тиркиш Жумагелдиевнинг «Қочиш» номли романини эслатади: қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахта ишининг баъзи жойларда фожиали меҳнатга айланганидан, зада бўлган қизларнинг шаҳарда паноҳ излашидан, шаҳарда ҳам уларни мураккаб муҳит кутиб турганидан келиб чиқувчи ғоялар, бадиий ечим—огоҳлик қалбимизда узоқ, беором яшаб қолади.
«Қора дўлана» қиссаси воқеалари қишлоқда бошланиб, асосан, шаҳарда кечади. Табиатнинг сулув гўшасида содир бўлган завқли ишқий адашув гавжум Тошкентда яшаётган айрим кишилардаги имонсизлик, мешчанлик, ёвузлик қуршовида тобора мудҳишлашиб боради. Театр ва рассомчилик институти студенти, артист-отарчи Нурбек Ширинни алдаб кетади. Йигит бу қизга қонуний уйланишни, қишлоғига қайтишни эп кўрмайди. У «жаннатдай ҳаётни тасаввур» этади, «тақир ерга тушган уруғдай кўкармай» қолишдан қўрқади.
Унингча, «қудратли одамларга қишлоқ торлик қилади». Нурбекнинг омади юришаётган кезда номуси поймол этилган қизнинг уни қидириб топиб келиши ортиқча бўлади. Шундан сўнг воқеалар оқими тезлашади.
Ёзувчи содда, бокира Ширинни илк лавҳаларда анча ёрқин ифодалайди. Аммо характернинг ўзгаришларини, унда бошланган қийинчиликнинг аломатларини чуқур драматизми билан оча олмайди. Қанча қаллобликларга дуч келмасин, қизда Нурбек садоқатига ишончсизлик ўйғонмайди. Ваҳолангки, шубҳа—инсоннинг (айниқса Шириндаги вазиятнинг) энг тез, ларзакор вужудга келувчи туйғуси эди. Қиз изтиробга тушмайди. Помоён бўлиши табиий бўлган энг мураккаб вазиятларни (чунончи, ҳомиладорликнинг аён бўлиши, ҳомилани олдириш ҳаракати, такрор-такрор алданишдаги кечинмаларни) ёзувчи «ўнгина баён қилиб қўя қолади. Шириннинг Нурбекка муносабати зиддиятли тус олмаганидек (гарчанд шундай бўлмоғи лозим бўлса-да), меҳр-муҳаббатга ҳам тўлиқ эмас. Қиз гўё ўз кўргуликларига лоқайд ва бепарво. Мавжуд тасвирдан унинг аҳволи аянчли кўринмайди, Руҳиятнинг манзарасини тасаввур эттиришдаги сусткашлик беқарор Нурбек қиёфаси тасвирида ҳам бор. Ширин шаҳарга келгач, дастлаб учраган одам —бетамиз милиционер Саийдалимнинг Нурбек ҳийласи муносабати билан қиссада тағин пайдо бўлиши сунъийдир. Нурбекнинг Ширинни «айб» устида қўлга тушириш учун уринишларига, хотини Муборакнинг хиёнатига ўхшаш воқеалар зўраки тезлашади. Шу тариқа муҳим йўналиш изчиллигадаги узилишлар, зарур ички олам ҳолатлари тасвирига эътиборсизлик, булар ўрнига воқеаларни қалаштириш бадиий ечим таъсир қувватини сусайтиради. Тўғри, ўқувчи бошдан-охир мавзунинг аҳамиятини, муаллифнинг дадиллигини, маҳоратини фаҳмлаб туради. Образлар ҳаётий асоснинг қалбаки эмаслигига, бундайин нурбеклар, эшим зўрлар, амруллолар, назар пишиқлар, мубораклар, ҳамидалар ҳаётимизда кўплигага шубҳа қилмайди. Лекин ўқувчи уларнинг жамиятимиз моддий-маънавий фаровонлигига етказаётган ситамларини бутун даҳшати билан ҳис қилмайди, ларзага келмайди. Ҳаяжони, безовталиги, нафрат ҳисси узоқ дамларга чўзилмайди. Йўқса, дунёда ҳирсини қондирмоқ истаган нобакор отанинг ўз қизига рўпара келиши мисол қабиҳ фожиа бўлмаса керак!
Бир пайтлар Чингиз Айтматов ёзган эдики, мабодо асар китобхон қалбини ҳаяжонга сололмаса, унинг яхшилик ва ёмонлик тўғрисидаги фикрини ўткирлаштира олмаса, унда қандай ўта фойдали, ўта муҳим фикрлар изҳор этилмасин, ҳали бу санъат эмас. Негаки «жаҳон жозиба (тортув) қонунини менсимаслик мумкин бўлмагани каби санъатнинг бу қонунини ҳам назар-писанд этмаслик мумкин эмас...».
«Оқдарё-Қорадарё...» (Орзиқул Эргашев), «Қора гуруҳ» (Фарида Қорақулова), «Сурнай наволари» (Раҳимжон Отаев), «Чорраҳада қолган бола» (Алишер Мақсумов) ва бошқа талай қиссаларни ўқиганда шахсан ўзим қониқиш ҳиссини туймадим. Бунинг сабабларини, Ч. Айтматов баён қилган нуқтаи назар орқалигина тўғри аниқлаш мумкин. Улардаги асосий образлар, марказий ғоя-мақсадлар ривожи кишини ўзига ром эта бормайди. Шуурингизни оҳанрабодек банд этгувчи қаҳрамон ва талқинни кўрмайсиз. Бадиий маҳоратнинг саёзлиги туфайли асардаги ҳаётни унинг ичида туриб эмас жуда йироқда туриб кузатасиз. Бинобарин, оқибатни қизиқиб, берилиб, ҳаяжонланиб, сабрсизлик билан кутмайсиз. Асар билан лоқайд, осон хайрлашасиз.
Менгзиё Сафаров «Айришох» номли қиссасида бугунги инсоннинг табиатга муносабатидаги кўринишларини қаламга олади. Асарнинг етакчи мазмун чизиғида ўрмончи Суяр Суюн ва Айришох (нар наваз — эркак буғу) образлари туради. Анчайин марокди тасвир яратилган. Тўғридан-тўғри воқеалар билан хотирот-мушоҳада воқеалари, одамлар турмуши, лавҳалари билан буғулар, Сезгир деган ит иштирокидаги ҳолат-ҳодисалар кетма-кет акс этади. М. Сафаров услубида тоғ, ўрмон, дала-дашт, гиёҳлару жониворларни кузатишдаги теранлик диққатни тортади. Қўриқхона вакилларининг Айришохга, буғуларнинг одамларга муносабатини ёзувчи назардан қочирмайди. Буғулар «нутқи», «хаёли»нинг қисқа, равон, дангал баён тарзи ҳам, қаҳрамонлар фикр-ўйларининг фалсафийлиги ҳам қисса мавзуи ва сюжетига ярашиқ. Лекин баъзан қаҳрамон кайфиятини, кечинмасини сунъийлаштириб юборади ёзувчи. Ортиқча лиризм, публицистик руҳ образларни ҳаётийроқ чизиш учун зарур ўринларни ишғол этади. Натижада айрим образлар «китобийлик»дан нарига ўтмайди.
Қўриқхона директори Раҳмат Аҳадов ҳаракатлардамас, қисқа-қисқа тавсифларда берилгани сабабли асар охирига қадар мавҳумлигича келади. Сулув сиймоси Суяр Суюн хотираси орқали яхши таассурот беради-ю, ўзга образ — Ойноввот уни тўлдиришга, давомлатишга атайлаб йўналтирилади. Атайлаб у ҳам фарзандсизлик азобига маҳкум қилинади.
Автор замонамиздаги табиатга нисбатан ваҳшийликнинг шарпасига асар охиригача ишора изҳор этади. Масалан, Айришох уч тарафи тоғ билан ўралган жойда одамлар буғулар , устига тош думалатаётган, найза санчаётган, ҳалок бўлганларини олиб кетаётган, буғуларни тириклай кабоб қилаётган суратни кўради. Инсонга ишончсизлигини она буғу тез-тез такрорлайди. Аҳадов, Суяр Суюн табиат муҳофазасизлигидан ва одамларнинг шавфқатсиз бўлиб кетганлигидан кўп нолишади. Директор хонгуллар гўзаллиги Чингизни даҳшатга солгани, Чингиздан-ку омон қолгани, аммо ном-нишонсиз чингизлар дастидан қирилиб кетаётганини айтади. Ёзувчи туш усулини ортиқ даражада қўллаб, яна шубҳани ифода этади. Ойноввотнинг эри билан тоққа келган Ботирдан хавотирланиб бир гал Суяр Суюн, бир бор Ойноввот туш кўради. Охири Суяр Суюн туши «боб»га айланади. Ниҳоят, Ботирнинг, аслида, шундай мақсади пўлгани, яхншлар таассуроти туфайли ахдидан қайтгани маълум оўлади. Етакчи образлар кайфиятидан келиб чиқиб, Ботирдан шубҳага асос излайди—топмайди. Ботир нега ўзгариши керак, ўзгариш содир бўлаяптими — билмайди. Шунинг учун унинг Лйри шохни ўлдириши мумкинлиги тўғрисидаги гумон пучга чиқиши, яъни хотима аҳамиятсиз кўринади.
Она-табиат неъматларининг қадрига масъуллик туйғуси Маматқул Ҳазратқуловнинг «Кўккўл» қиссасида ўзбек Ботирнинг озор қизи Гулгунага бўлган муҳаббатига ҳамоҳанг талқин этилади. Қардош диёр ҳамда унинг ажиб манзарасига, одамлари қалбига эҳтиром ва ҳавасни севги билан муштаракликда идрок этган ёзувчи бунинг ҳаётий эканига ишонтира олади. Бир қарашда асар фақат ишқий мавзуда битилгандек. Аслида, тўла эзгулик, севгидан ҳам кенг ғоя сўнгги саҳифаларда аён бўлади: Гулгуна машҳур рассомнинг қизи эмас, турмуш ўртоғи экан. Ботирнинг дардини билишса-да, қадрдонларча самимият, олижаноблик намунасини кўрсатаётган Жамолзода ва Гулгунанинг, ёқимли феъл-атвор эгаси Ботирнинг маънавий оламлари муаллиф меҳр билан чизган дилбар Кўккўлнинг ўзига ўхшаб кетади. Унут бўлаётган меҳр-оқибатни ўйлаймиз.
Бадиий сўзнииг йўл-йўриқлари, бепоён имкониятларидан таҳсил берувчи адабий назарий қоида ва тушунчалар ҳам, китобхонларнинг илғор мушоҳада тарзи ва дид даражаси ҳам асарни баҳолаш чоғида жиддий тақозоларга айланади. Афсус, сўз санъатига бўлган ҳақиқий талабларни кўпинча бирёқлама, ўртамиёна, диққинафас нуқтаи назарга алмаштириб юборамиз. Кўпдан буён асарларни уларнинг муаммосига, мавзуига, қайсидир ибратли воқеаси ва қаҳрамонига қараб тавсифлаш одат тусига кирди. Бадиий санъатлар, маҳорат масаласи эътибордан четда турибди. Фойдали, олижаноб фикрдаги журъатга маҳлиё бўлиб (чунки бунга зор, чанқоқ эдик, ҳар фойдали фикрни санъаткорлик билан тасвирлашдек талабнинг ижросини эсдан чиқариб қўямиз.
Ёзувчидаги ўзгаларга муҳим гап айтиш истагининг (тўғрироғи, дардининг) қай йўсинда амалга ошгани, не самара берганини кузатиш ўринлидир. Зеро, кўп қиссанависларнинг «ўз ҳунарларида нўноқ»лиги (Қодирий) масаланинг шу томони билан изоҳланади.
Навбатдаги мулоҳазани Набижон Боқийнинг «Бир муҳаббат қиссаси» номли қиссасига қаратайлик. Чорбоғининг кунботарида ертўланишин яшаётган бува. Тошкентга яна бир марта бормоқни, Адила рози бўлса, олиб келиб тўй қилмоқни хоҳлаётган невара. Бува унга — Жамолга бир халта олтин беради. Ўзини ўлимга маҳкум этаётган буваси, энасининг айтишича, олдин шўроларга, сўнг босмачига қарши урушган, негадир «қизилларни сўкиб қўйган-у», узоқ қамалиб келган.
Қисса мароқли бошланади. Ёш ёзувчининг соддадиллиги, қисқалик сари интилиши талай саҳифларда сезилиб туради. Бироқ эпизодларнинг баъзида мантиқан саёзлиги, гоҳ снйқа, гоҳ ортиқчалиги, қаҳрамонлар дунёқарашини очиш иккинчи планга тушиб қолгани фазилатларни кўмиб кегади, ҳаракатлар муштараклиги бузилади. Бунинг устига хотима арафасида бошланувчи олғов-далғовлар суръатига ақл бовар қилмайди. Образлар табиий эмас. Ҳаракатлар, хаёллар, туйғуларда сунъийлик билиниб туради.
Сюжет ришталарига алоқасиз фикрларни асарга ўринсиз тиқиштирмокдан наф борми? — «Бурчак-бурчакларда турфа хил эркаклар турфа хил хотинларнинг бўлиқ сонларини уқалаб ўтиришарди...». «У бир қарашда ижобий қаҳрамонга ўхшарди». Қали ўзлари қиёфасига кўра бадиий тиниқ бўлмаган замонавий персонажларга архаик сўзлар воситасида умумлашма имо-ишоралар бермоқ эриш, мубҳам туюлмайдими?
Шу каби барча сабаблар бирикиб мавҳумлик, зўракиликни кучайтиради. Жамол, Адила ва ўзгаларнинг кимлигини, қиссадан ҳисса ва мурод-мақсаднинг нималигини ҳис қилмоқ мушкул, жозибасиз кечади.
Таниқли адиб Тоҳир Маликнинг «Алвидо, болалик» асарини давримизнинг сўз саънатига дахлдор тақозоларисиз изоҳлаш мушкул. Зеро, ёзувчининг эзгу хислат ва туйғуларнинг кўламига, камолига халал бераётган жиноятчилик фактини бадиий рўй-рост очиб ташлашга интилиши самарали бўлган.
Асрор санъатни пул топиш манбаига айлантирган отасининг, истаганча эркин, одамларни қўрқитиш эвазига яшаш йўлини танлаган, қамалиб чиққан Қамариддиннинг таъсирлари аро яшайди. Қамариддин учун «энг катта ноҳақлик — тирик етимлик. Бошқа ноҳақликлар шундан келиб чиқаверади». ПТУ га мажбуран жўнатилиб, ўзини бошқаларга нокерак санаган Салим бўлса, порахўрлардан, бойваччалардан ўч олиш шаштидан сўнгги нафасигача қайтмайди. Тоҳир Малик шарт-шароитнинг тарбиявий ролини астойдил ифодалайди. Болаликни, умрни издан чиқазадиган қабоҳат, қотиллик онининг етилиш жараёнини, бунинг туб илдизини ҳаққоний фош этади. Жиноят сабабчиларининг, айниқса, Асрорнинг кечинмалари маромини авж нуқтасига қадар муваффақиятли чизади. Бирозгина шаклий чўзиқликни, баъзи образлардаги юзакиликни ҳисобга олмаганда, «Алвидо, болалик» мавзуси, бугунги ёшлар ҳаётининг долзарб масаласига доирлиги, ғоявий-бадиий пишиқлигига кўра қимматлидир. Унда ҳам энг муҳим адабий вазифанинг — ўқувчини асосий фикрларга «тайёрлаш» нинг, яхлит ва қизғин жозиба ҳамда таассуротларни вужудга келтиришнинг бир оҳангда баҳолаб бўлмайдиган натижаларини кўриш мумкин.
«Литературная газета»сида Чингиз Айтматов ва жаҳонга машҳур япон адиби Кэндзабуро Оэ билан суҳбат босилиб, унда ёзувчи Чингиз Айтматов ўзининг швецариялик ношири билан мулоқоти чоғида ўттиз йил аввал ёзгани — «Юзма-юз» повестидаги, «Бўронли Едигей» романидаги маромига етмаган, рост аксини топмаган ечимларни бирданига пайқаб қолганини, натижада мазкур асарларига қўшимча саҳифалар, ўзгартишлар киритганини ҳикоя қилади. Адабиёт оламининг буюк санъаткорлари тажрибасида камдан-кам учрайдиган бу ҳодиса «жозиба қонуни»нииг етакчилик мавқеини, бадиий асар алқиссасига масъулликнинг нақадар юксак талаб эканини тасдиқлайди.
Бинобарин, баркамол маҳорат, нафосат, жозибадорлик насиб этган сўз санъати намуналаригана ғоявий-бадиий ечимлари салмоғи ва қудрати билан китобхонларга ҳайрат бахшида этади. Уларнинг шуурида, тасаввурида яшайди, уларга ҳамиша ҳамнафас бўлиб қолади.
Тоҳир Шермуродов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1990 йил 27 апрель.