(Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» асари: эътиқод ва ахлоқ)
Ҳақ Субҳонаҳу ва Таъоло: «Шак-шубҳасиз ҳидоят (яъни инсонларни Тўғри йўлга йўллаш) ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир» («Вал-лайл» сураси, 12-оят) деган. Насиб этган Истиқлолнинг адабиётини-да ҳақбин, ҳақгўй қилмоқ, ҳидоят ёғдусида буркамоқ Унинг иродаси биландир. Фақат барчамиздан мудом якдил эзгу заҳматлар, ўзаро ибрат, даъват ва маслаҳатлар вожибдир. Йўқса, токи инсонлар ўзларини ўзгартирмагунча Аллоҳ Таъоло уларни ўзгартирмаслиги ҳақидаги оламлар Парвардигори каломини унутган саналамиз. Ҳидоятли кечинмаларнинг, илғор-улуғвор ўнгланишларнинг гоҳо ўзбек насрида ҳам содир бўлаётганлиги дилларни қувонтиради...
«Шайтанат»нинг, асосан, якунлануви боис овозаламоқ муносибки, ўзбекнинг ўзбекона, миллий детективи шакллангани ёрқин далилланди. Детектив бу гал муддаога жуда муносиб намоён бўлди. Оқсаб, ўгай саналиб, турткиланиб, даккилар еб ва дардини ичига ютиб яшаган айни адабиёт тўйиб нафас олди. Янги даврнинг сўз санъатидаги шарофатини «Шайтанат» мисоли айрича пафосда тасдиқловчи, шарафловчи шукроналовчи унга монанд бошқа асар ҳозирча йўқ.
«Жаҳон дегективи» тушунчаси замирида ер юзи китобхонлари қалбини ишғол этган ўнтача миллат насри намуналари бор. Уларнинг умумий ҳамда хусусий тарихлари мавжуд. Ҳар қайсисининг тажрибаси, ҳикоялаш мароми, беҳадик яралганлиги ҳавасимизни қўзғаб келган. Лекин уларнинг миллий хослигидан кўра умумий хослиги кўпдек, ёзувчиларининг қарашларида бир-бирига ўхшашлик устувордек. Албатта, булар маълум маънода детективнинг ўз шарт-тақозолари туфайлидир. Аммо мазкур адабий соҳа хусусидаги тиниқ тасаввурни лойқалашга сабабкор, ичида олди-қочдилару шаҳвоният ғиж-ғиж китоб оқимининг жаҳоний детектив унвонига даъвогарлик илинжида дунё кезиб юрганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Бизда-чи? Собиқ мустабид тузум миллий адабиётлар детектив йўналишининг тараққийсига иложи борича йўл бермай келди. Даҳшатли иллату фожиаларнинг ҳур жамиятда «йўқ»лигини адабиётнинг «қулоғи»га тинимсиз қуйиб, зўр бериб уқтириб турди. Онда-сонда битилган фош этувчан асарлар сиёсат зуғумига учрар, соцреализм қолипига лойиқлари сал-пал ардоқланар эди. Ҳаттоки, улкан мамлакатнинг йўлбошчи халқи — руслар прозаси шу борадаги иштиёқини кўпроқ инқилоб, урушлар, чекистлик, разведка, шпионлик тарихи фонида овутмоққа, шўро милициясининг кафолатланган ғолиблигини тараннум этмоққа маҳкум қилинганди.
Ўзбек детектив адабиётининг ривожи, аҳвол-руҳияси ҳам тақрибан шу йўсинда кечди. Жараён анчайин кечикиб бошланди. Саноқли адибларгина маҳфия мавзусидан сўз очишга ботиниб, журъатланиб юрди. Воқелик устидан рўй-рост бадиий ҳукм-хулоса чиқаришга ҳуқуқ бўлмади. Масалани «шонли» изқуварлар томонига ён босиб баёнлашдан ўзга чора ҳали-бери кўзга ташланмас, жиноятчиларнинг ҳам одамлар эканлиги адабиётнинг ақлиги сиғмасди. 60-йиллар аввалида ёзилган «Шохидамас, баргида...» қиссасининг адабиётдан қувғин қилингани, бадииятининг бўшлигини холис танқид қилиш ўрнига, муаллифи (Искандар Қаландаров)нинг «жаннатий жамият»га «ёт» иллатларни—ўғирликлар, қотилликлар, номусга тажовузлар, порахўрликларни ёлғондан тўқиганликда айблангани адабиёт аҳлининг ҳануз эсида.
«Шайтанат»нинг муаллифи эса ўз қиссасини дадил бошлаб, қодириёна оҳангда шундай ёзади: «Ҳаёт —турфа ранг. Кўзни яшнатиб, дилга қувват бергучи чиройли ранглар ҳам, кўнгилни вайрон қилгучи қора ранг ҳам бор. Авваллари қора рангни ишлатишга бир томондан ижозат, иккинчи томондан журъат йўқ эди... Замон берган эркинликдан фойдаланиб, турмушимизнинг қора кўчаларига киришга жазм этдим».
Мухтасар ушбу мулоҳаза-муқоясалардан мурод «Шайтанат»ни жаҳон детектив дурдоналари сафига шошиб қўшмоқ, улардан устун ҳисоблаш илинжи эмас. Балки уни каттакон ва шиддатли адабий тўлқин силсиласида тасаввур қилиб кўриш, ютуқларини таъминлаган муҳим омилларни, сифатини идрокламоқ, холос. Тўғри, асарнинг имкон даражада маромини тополмаган нуқталари, жузъий камчиликлари бор. Ўрнига тушмаган баъзи чўзиқликлардан кўз юмиб бўлмайди. Бироқ қиссадан бирламчи ҳисса шуки, у ҳодиса мақомидаги детектив асар. Серфазилатлилиги туфайли ҳатто матни қаърида яшириниб қолган нуқсончаларини осонликча ва ҳаммага ҳам сездиравермайди. Сезилганларини тез фурсат ичида унутдириб юбора олади.
Иншоимиз «Шайтанат»нинг билинар-билинмас, ошкор-ноошкор валекин бақувват ботиний фазилати—ёзувчисининг услуби, шаръий нуқтаи назари, қаҳрамонларининг характер ривожи тўғрисидадир.
«Шайтанат» — санъаткорона ном-топилдиқ. У—катта-кичик маҳфия тўдаси ёки алоҳида жиноятлар дунёсинигина эмас, булардан фарқли одатий муҳитдаги турфа иллат, турфа қилғилиқларни, яхши-ёмон деганимиз бандалар адашувлари сабабияти ва зимиятининг ноқисликларини қамраб англата олгувчи тушунча. Саргузашти кўламлашгани, саҳифалари интиҳога илгарилагани сайин асар ўз мухлисларига сарлавҳа мантиғини қойилмақом идроклата боради.
Юзаки қараганда, бевосита етакчи қора гуруҳлар ички турмушини муслимона нигоҳ билан кузатиш, шундай мушоҳада воситасида баёнлаш қулоғи кар одамга беҳуда ваъз — маъруза ўқимокдек туюлмоғи турган гап. Детективда сюжет кескин кечажаклигини, қизиқ-қалтис вазиятлар бисёр бўлажагини биладиган нозикдидларга асардаги майин ифода даставвал ғалати кўринса, ажабмас. Лекин четдан қарагувчиларнинг бу янглиғ хавотир, шубҳалари ноўрин. Шу маънода ёзувчининг ҳам қаловини топиб қорни ёқиш қасдига тушганини, нималарнидир мажбурлаб келиштиришга зўриқишини кўрмайсиз. Чунки, неларки чин инсонийликка зийнат ва ярашикдир—улар мусулмончиликка ҳам мувофиқдир. Нимаики инсон шаънига доғ-иллат ва бандани ақидадан оздиргувчи бўлса, илло, исломият айнан ўшалардан қайтаргувчи, огоҳлантиргувчидир. «... У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...» («Аъроф» сураси, 157-оят). Шундай эзгуликларига кўра дунё аҳволига исломият жорийси ёхуд дунё манзараларига исломий муносабат кўп замонларнинг маънавий-маърифий такомилини таъминлаган. Қуръон ва суннат тарозиси ижод маҳсулларининг яшовчанлик салоҳиятини оширган, юксалтган.
Ҳар қандайин иш-юмуш, саъй-ҳаракат, фасоҳат-ифодани Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларига мос бошлаш анъанасини «Шайтанат» ҳикоячиси салкам юз йил соғинган бадиий тилга хос дийдорлашув билан фавқулома тиклаб юборади. Баённи Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила дадил бошлайди. Унга шукроналар билдириб, Ундан мададдар сўрайди. Шайтоннинг асл қиёфасини очувчи «Иброҳим» сурасининг 22-оятини, ҳазрати Яссавийнинг «Шайтон ғолиб, жон берарда шошдим мано» сатрини келтиради. «Шайтанат» қиссалари китоблари муқаддималарининг ўзига хос табиати кўнгилларимизга гўёки улуғ алломаларимиз ҳамду наътлар билан бошлаган битиглар тароватини олиб киради.
«Шайтанат» ихлосмандлари, аслида, саҳифаларга лоқайд боқмаётган бўлсалар-да, ёзувчи уларни «тинчитмайди». Чекинишлар қилиб, ўқувчиларини завқли заҳматга — мушоҳадага чорлайди, уларнинг воқеаларга муносабатини сўраб-суриштиради. Идрокларини муайян ҳукм-хулосалар манзилига йўналтириб юборади. Ровий яна тинч қараб турмайди. Дунёвий-исломий тафаккур тарзини баралла ифода этади. Шунингдек, ўқувчи биродарлари билан ҳар китобда мўъминларга хос саломлашмоқни ва хайр-хўшлашмоқни-да канда қилмайди. Уч китоб мобайнида «Шайтанат» шайдолари ўзларининг адиб томонидан бағоят эҳтиромланаётганини ҳислаб, кайфиятлари кўтарилади.
Шайтоний васвасаларни ўз ичига олган ҳодисалар гирдоби тасвирига носир исломий руҳ, характер ва эпизодларни аллақандай муқояса мақсадида атайлаб киритмайди. Ёхуд чин эътиқод афзалликларини бўрттиришга, иймонга оид шахсий дард-даъватини тақдим этишга ошиқмайди. Ҳолбуки, унинг шундай адабий муболағага поэтик ҳуқуқи, иложи бор эди. Носир бешафқат ва жиддий ҳаққоният ифодасини танлагани учун шайтанат ҳамда исломият лавҳаларига, буларнинг ўзаро «муносабати» аҳволига мавжуд воқеликнинг ўзидагидек меъёрда ёндашишга зўр бериб интилади.
Учала сюжетда ҳам Асадбек умри ва асадбеклар муҳити тадрижи бош ғоявий-бадиий мўлжал экани боис бош қадрият тасвирига доир тармоқчалар вақти-вақти билан ўша асосий йўналишга туташади. Зимдан ифодада муаллиф шаръий қарашларининг маъқуллиги қанчалик сезилмасин, вазият бу ижодий жараён томон тамом оғишиб кетмайди. Бунга реализм масъулиятй йўл қўймаган. Қолаверса, ҳеч бир ғояни сирли қолдирмай талқиннинг сиртига чиқариб юбориш, ўқувчига тагмаънолдр, ўй-муаммолар қолдирмаслик усулининг ўзини оқламаслдгини адабиёт тажрибаси қайта-қайта исботлаган.
«Оятал курси»ни ёд ололмай, иккита кичик сура билан тирикчилик қилади»ган Каримуллага Асадбекнинг тоқати йўқ. Чунки чаламулла мутаваллининг таъмагирлигини, омонатга хиёнатини Асад сезган. Айни пайтда Каримулла — беор ва манфаат йўлида «хира пашша». Асадбекдан у-бу ундиришга келиб, ниятига эришади. Ҳар қандай инсон мураккаб. Инчунун, бу иккаласи ҳам. Аммо шу воқеаларда ўқувчи ваҳшатли куч сардори—Асадбек мавқеини маъқуллайди.
Асадбек — Собитхон алоқасида киши олдинига (илк қисмда) улардан қай бирини ёқлашни билолмай туради. Икковидан ҳам қандайдир хатоликлар ўтаётганлиги фаҳмланади. Муносабатнинг давоми қизиқтиради. Сюжетнинг бу тармоқчаси тараққийси (иккинчи китоб) ҳаётий, ибратли ва таъсирли бўлиб, имонли шахснинг маънан ғолиблигидан нишона беради. Собитхон қори Каримулладан афзал—унинг тескариси. Халқ орасида обрўйи баланд, илми кучли. Миллатпарвар ва ватанпарвар Собитхон имомлик қиладиган масжидга намозхонлар сиғмай кетади. Унинг: «ҳаром пулларга қурилаётган масжидда мен намоз ўқимайман» деган янглиш гапи Асадни ғазабга келтирган, «олифта имомча»ни бир эгиб қўяй деса, халқдан чўчиган. «Худо имомлар орасида инсоф ва имон бобида басаломат бўлган Собитхонни ўз паноҳига олиб, Асадбек қаҳрининг тўлиб-тошишига йўл қўймади»
Кейинроқ улар ярашишади. Хаста Собитхон ўша ножўя гапи учун ўз ихтиёри билан узр сўрайди. Рози-ризолик тилайди. Улар энди самимий суҳбатлашади. «Аллоҳ дилингиз қулфини ўзи очсин», дейди Собитхон. Ажабланган, тағин жаҳлланган Асадбекка қарата очиқ гапиради: «... Зинони, зулмни, ҳаром ишларни тарк этмаган одам чин муслим бўла олмайди. Мен сизни мана бу йўлдан юринг, деб зўрламайман, менда бундай ҳуқуқ йўқ. Менинг вазифам — айтиб қўйиш». Суҳбатда ҳар қайси характернинг ички табиати топиб чизилган. Қиссада етакчи мавқедаги катта қутб — шайтанат ва кичик қутб — исломият вакиллари шундай ички идроклари ифодасига кўра табиийлик пайдо қилади.
Бадиий рўй-ростлик ҳамиша мушкул, ҳамиша беаёв. Бу ўлчовга ёзувчи воқеа, дуиёқараш, қисматлар такомили тасвиринигина эмас, ўз туйғу, туғён, эҳтиросларини ҳам аямай бўйсундиришга мажбур. Марказий образ манфур тўда бошлиғи бўлса-да, яширишнинг ҳожати йўқ, ёзувчининг унга нисбатан пинҳона меҳрли муомала-муносабати, рағбат-насиҳати бор. Аммо характер мантиғининг, ирода йўналишининг табиий оқими адиб хайрихоҳлигининг ошкора товланишига изн бермайди. Насрий муваффақият учун, энг аввало, ана шулар керак эди. Шунинг натижаси ўлароқ Асадбекка ачиниш, унга хайрли кўникиш, баъзи масалаларда уни ёқтириш ҳисси китобхонга юқади. Чинакам руҳият кўринишига тугал ишонтира олмоқнинг нақадар сирли санъат эканлиги шунда билинади.
Масалан, бирор банданинг иккинчи банда дилига ҳидоят бағишлашга ноқодирлиги ҳақиқати Асадбек мисолида шубҳа-гумонларга ўрин қолдирмайди. Нодон Каримуллага унинг беписандлиги изоҳларсиз тушунарли. Лекин у ўткир имонли инсон Собитхон қори ўгит-насиҳатига ҳам лоқайд, бепарво. Муслима Манзура эрининг масжид қурдираётганидан ғоятда хурсанд. Шунга қарамай, Асадбекнинг феълида иймоний ўзгариш кўрмайди, хафаланади. Манзура эрининг олдида ҳадеб худони тилга олишдан ҳадиксирайди. Чунки Асадбек бундай деган: «Худодан қўрқиб бўлганман. Худо менга аталган ёмонликни бериб бўлган. Мен ёмон эканманми, бунга Худонинг ўзи айбдор. Мен ҳам одамларга ўхшаб ота-онамнинг бағрида яшаганимда бунақа бўлмасдим. Меҳрга зор ҳолда ўстириб, энди мендан меҳр талаб қиладими?»
Асадбек-ўзгармас. Асадбекни ҳеч ким — на илми чуқур Собитхон, на чапани дўсти Жалил, на хотини, художўй Манзура, на хорижлик доктор Худоёр... на ёзувчи ҳидоятга келтира олади. Уни намозга, ҳалол йўлга даъват қилишлар деярли беҳуда кетади. Начора... Фанода ҳеч бир улғайган кас эса ҳақ гапларни эшитмасдан, тўғри йўл борасидаги даъватга дуч келмасдан яшаб ўтмайди.
Тақвога эндигина киришган Жалил қадрдони Асадбекни иймонга келтиришга, фарз амалларни бажаришга дангалига даъватлаб кўради:
« — Пули кўпнинг акди камроқ бўларкан. Худо сенга бойлик бердими—берди. Обрў берди, хуллас, нимаики хоҳласанг, ҳаммасгаш берди. Эвазига битгагина иш буюрди, шуни қилмайсан, а?
— Нима иш?
— Намоз ўқиш-да! Ўқисанг ўлиб қоласанми?
— Вақти-соати келар.
— Маоқид қурдирганинг нимаси-ю, ўзинг намоз ўқимаганинг нимаси?
— Ишинг бўлмасин, дедим».
Шайтанат гирдобида яхшилар, иймонлилар нима қилиб юрибди, деган таажжубланиш, шубҳасиз, китобхонда рўй бермайди. Иймонлилар қиссага тасодифан ташриф буюрмагани каби даъватлаш ҳам муаллиф тўқиб чиқарган уйдирма эмасдир. Мусулмончилик мавжуд жойда ҳар қандай шайтоний амал, ҳаракат ва ҳаттоки шайтоний ўй-фикрга нисбатан раддия, бинобарин, буюрилган эзгуликларга ва мақбул эътиқодга даъваткорлик, албатта, зоҳир бўлади.
Асадбекка айтилмиш панд-маслаҳатлар «деярли беҳуда кетади», деганимиз бир қадар нисбий хулоса эса-да, айнан шу хусусиятнинг унга жиддий ҳаққоният бағишлагани бағоят рост. «Шайтанат» ровийсининг баёндаги инон-ихтиёри реализм аталмиш олтин қонунда эмас, билъакс бутунлай ўзида бўлганида, эҳтимол бош қаҳрамонининг диёнатини дарҳол бутлаб қўйган бўлар эди. Не ажабки, турмушда кимнидир ҳидоятлаш, иймону тавфиққа келтириш бандасининг қўлида бўлмаганидек, бадиият ичидаги тимсол маънавиятини исталган кезда поклаб ё ўнглаб юбориш ҳам ёзувчининг (агар у чин иқтидор соҳиби бўлса) имконидаги осон иш эмас экан.
Асадбек - ўзгарувчан. Ҳаётда ҳаракатдаги инсон, адабиётда ҳаракатдаги қаҳрамон у ёки бу томонга ўзгармасдан қолмайди. Асадбек хулқ-атворининг йўналишидан кутгштамиз бурилипхлар кугмаганимиз сабабларга кўра юз беради. Бу жараён баногоҳ эмас, анчайин оҳиста кечади. Ўтки1гчи тирикликда ҳар нечук баракот — синов, ҳар нечук мусибат — синов. Ҳамма нарса— имтиҳон. Имтиҳонлар айни вақтда ақидани (ҳақ йўлни) танишга, иймонни мустаҳкамлашга чорлов ҳамдир. Синов — муейбатларнинг Асадбек жуда кўпини кўради. Худди шу ҳодисаю ҳолатлар тузалишининг туб омиллари бўлиб, характерга ҳаётийликни муҳрлаган далиллар бўлиб юзага чиқади. Табиийки, инсоният тажрибасида уқубат имтиҳонларининг баъзан даъватлар натижасига қараганда самаралироқ бўлиши тасдиқлаган.
Ниҳоят, Асадбекда зимдан етилиб келган, очиқ кўринмаслиги билан ишонарли чиққан инжа бир маънавий тадрижни бемалол таъкидламоқ жоиз. Гап шундаки, турли-туман вазиятларда: динга доир «баҳс»ларда, даъватларга муносабатда, хаёл-кечинмада, ёзувчининг шарҳларида, хатти-ҳаракатларда характернинг сезилар-сезилмас даражада ўзгаришга мойиллашиб бориш жараёни кузатилади. Асадбекнинг барча аҳволотини тартибан кетма-кет ва такроран тасаввур этилса, тадриус чизиғининг донишона ва санъаткорона белгиланганлиги яхшироқ фаҳмланади. Буни жонли қаҳрамонда ҳидоятга мойилликнинг туғилиш ҳамда шаклланиш завқи-азоби, дея таъбирламоқ, балки ўринли бўлар. Қуйида мазкур узундан-узоқ жараён тасвиридан айрим мисолларнигина кўчириб, ич-ичдан кечаётган ўзгариш лаҳзаларини қиёсан кузатайлик:
«Худодан қўрқиб бўлганман... Мен ёмон эканманми, бунга Худонинг ўзи айбдор»; «... агар берган бойликларинг эвазига тинчлигимни олган бўлсанг, мени гадо қил, аммо болаларимнинг бахтини бер, бир кеча тинчгина ухлай»; «... отасига жаннатдан жой тайин этиш учун жаноза ўқиб қўйиш, албатта, зарур, деган қарорга келди. Шунга ақли етган дўстини қучиб олгиси келди»; «Тўйиб-тўйиб нафас олишга зор бўлиб ўламан ... Домла ақл ўргатади: пенсияга чиққандан кейин намоз ўқийман деб кутманглар, мана бу биродаримиз ҳам пенсия ёшига етмабдилар, ... дейдими?»; «Худо сени синаётган эди». «Авваллари ҳам азон товуши эшитилармиди, йўқми, эслолмади. Кейинги тунлари шу товушни орзиқиб кутадиган бўлди»; «Мен... намоз ўқимасам ҳам, Худодан қўрқадиган инсонман...»; «Намозхонлар турса — турди, рукуга борса, руку қилди, саждага бош қўйишганда у ҳам жойнамозга бош қўйди»...
Шундагина кўнглида ажиб ўксиниш уйғонди. Зое кетган умрига ачиниб, бўзлагиси келади. Аммо «булутлар орасида кўринган қуёш»ни ушбу суратда хотималаш ёхуд ҳолатнинг ўсишини тезлатиб юбориш анойилик ва ёлғончилик бўларди. Бундай ниҳоя ахлоқнинг бетакрор чизилган ривожини барбод этиши мумкин эди. Одатда, ижодий юмуш якунида гупуриб келувчи ҳаяжонга ёзувчи гўзал совуққонлик ила пешвоз чиқади: «...ибодатни ихтиёр этган одам, хасталиги чекина боргани сайин яна асл ҳолига қайта бошлади»; «Уйга боргач, ҳар куни масжидга чиқаман», деган қарорга келган Асадбек аҳдига вафо қилмади, ўз ташвишларига берилиб кетди».
Тўғридан-тўғри исломиятга тегишли тармоқчалар тафсилоти ўз тўхтамлариии шариатга мос ҳукм-шарҳлардан топади. Чунончи, Собитхон қори гапида янглишди — муслимона одоб ила ўзи тузатди. Худди шундай, ношаърий яшашларнинг ечимларини ҳам асарда шаърий қоидалар таъминлаб беради. Бунинг Асадбекдан кейинги ёрқин мисоли Элчиндадир. Умрини Ноиласининг қасослари қасдига қурбон қилган Элчин интиҳода хаёлан хотини руҳининг беаёв ҳукмини эшитади: бу не фожиаки, Ноиласи миннатдор эмас, аксинча, Элчин юриб бўлган қонли йўлдан норози!
«Шайтанат» муаллифининг шаърий дилнигоҳи тасвирнинг барча-барча жабҳасини қамраб олади. Ҳеч бир воқеа, ҳеч бир қисмат, ҳеч қайси кечинма, мушоҳада, ғайбий тасаввур, хотима-ечим бу нуқтаи назардан четда қолмайди. Оятлар, ҳадислар, тушлар, ривоятлар, шеърий парчалар ҳам жам бўлиб шу руҳни асаркмнг ягона жозиба қонуниятига айлантиради. Бу руҳ муайян умумлашмаларга ҳам зийнат, тароват бахш этади: «Одам адолат қилмоғи учун мусулмон шева бўлиши шарт. Ҳақ йўлида туриши керак, юрагида иймон нури, тилида Аллоҳнинг зикри бўлиши керак». «Агар ўзбеклар тўпланиб, тўй-маърака ошига ошиққанлари каби имонга ошиққанларида эди, мустақилликка шубҳасиз эришардилар. Улуғ Туркистонни фақат имон бирлаштиради». Ваҳоказо.
«Шайтанат»дай кечаги куннинг зўравон ва сертаҳлика муҳитини ёритувчи қиссада вазмин-андишали оҳангни, қизиқарли саргузашт-кечинмалар тизимини қуйма тарзда яратиш учун ибрат берган миллий адабий мактаб ҳам бор. Асар услуби бу ҳолни пинҳон сақламайди: Қодирий тажрибасидан нечоғлик баҳрамандлигини аён қилиб туради. Қиссадаги Зайнаб ўйлари, унинг ўз исми хусусидаги қалб можаролари, Кумуш бўлмоқни орзулаши, қисматида Қодирий Зайнабига ўхшаш-ноўхшаш жиҳатлар кўплиги, қиз тасвиротида услубнинг қодириёналашуви ижодий таъсирнинг моҳирона аломатларидир. Айни таққос-ифодани шартли равишда ибратланишнинг зоҳирий шакли деб қабулламоқ маъқул. Энг муҳими эса бутун ифода мобайнида «Ўткан кунлар» шаръий маданиятининг, ундагидек сюжетга самимий «аралашув»нннг, «аралашув»да воқеалар табиий оқимига путур етказмаслик маҳоратининг янгича хусусий услубда рўёбга чиқиши жозибалидир.
«Шайтанат» — серқирра сюжетли улкан миллий қисса. Каттаю кичик талашиб мутолаа этаётган бестселлер. Унинг таҳлил-тадқиқотга асослар бергувчи, баҳс-мунозара қўзғатувчи хусусиятлари анчагина. Асар пафосини юксалтирган аниқ сифатлардан бири эса безовта адиб услубидир, тушунтириш манерасидир.
«Шайтанат» ўзбек детектив адабиётидаги янгичалиги билангина эмас, мазкур фазилатлари орқали эндиги насримиз диққатини ҳидоятли ифодаларга чорлаши билан ҳам эътиборга лойикдир.
Ҳидоят сари босилган қадамлар завол билмайдилар, изларини қолдирадилар. Излар эса эргаштиради ва сафлар кенгаяди. Ҳидоят йўлидагина ҳар турли адашувлардан қутулиб яшамоқ, нажот топмоқ мумкин. Токи қиёматга қадар адабиётга ҳидоятланган ижодкорлар сув билан ҳаво мисоли зарур. Негаки бундай ёзувчилар ижоди сўз санъатининг ҳам ҳидояти демакдир. Яратганнинг ризолигига, севгисига муяссар яшамоқ саодатининг беназир йўли шудир. Қидоятли, шаърий ниятли, иймонли истиқлол адиблари ва адабиётига саломлар бўлсин: вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1998 йил 30 октябрь.