Муҳаббатчалик шеъриятга шоҳ, шеъриятга қулдор туйғу йўқ. Ибтидоси ҳамма ҳисдан қадимий, умри ҳамма мавзудан узун, жозибаси бетимсол унинг. Имкони ҳеч поён билмас, шуъласи тушмаган макону замон бўлмас. Нафосат ва фасоҳат, балоғат ва камолот, матонат ва мусибатнинг муҳаббат ва муҳаббатсизликка даҳлсиз жиҳати асло учрамайди.
Шеъриятчалик ҳам муҳаббатга шайдо, ошиқ-ошуфта қул йўқдир. Яратганнинг мадади ила бандасининг қўлидан келадиган ижодлар ичида муқадд,ас туйғу поэтик изҳорига рангин усуллар, услублар воситасида энг яқин борувчи санъат нави шеъриятдир. Ишқ бобида унингдек далли девона, унингдек дили дардхона, балки топилмас. Шеърпарастлар ҳеч қачон ўзларини муҳаббат тараннумига тўла-тўкис эришган деб ҳисоблашмаган. Бунда бадиий сўз мудддосининг интиҳоси бўлмайди. Зотан, шеърият ундан яралади, усиз ғарибу нокерак нарсага айланади. Аммо...
Аммо қандай муҳаббат азиз ва жоиз? Аммо қандай муҳаббат рост ва беғубор? Қандайи Ҳақ ризолиги сари элтади, асл саодатга кафолат беради? Ишқлар ичра қайсиси абадийдир, буюкдир? Буюрилганидан ўзга «муҳаббат» нимадир? Қай ишқни қай йўсин ифода этган яхшироқ?..
Илми адабда муаммонинг яна саноқсиз сўроқлари, жумбоқлари бор. Бу тоифа масалалар бизнинг кунларда ҳар нечук кечмиш асрдагидан кўра серқирра ва мунозарали. Таассуфки, шундайдир.
Жамики аъмол, ижод, натижа инсонда унинг эътиқод сифатига мос бунёдга келади. Эътиқоддаги эгрилик, сустлик, бўшанглик чекилган заҳматни зое қилмоғи мумкин. Рост йўл билдирилган, кўрсатилган, асослаб берилган. Гўзал, комил, мукаммал, умрбоқий эътиқод исломдадир. Табиий муҳаббатларнинг тўғриликда ҳамда абадийликда танҳоси унда Тангри Таолога бўлган муҳаббат саналади. Дунёвийлари эса икки тоифадир: бири бандани ажру мукофотга муяссар этгувчи, бошқаси адаштирувчи, гуноҳга ботирувчи, синов муддатини ботил кетказгувчидир. Яъниким, биринчиси яратиқларни -ҳаёт неъматларини, инсонларни, эл-улусни, юрт-маконни Аллоҳ учун севмоқлик бўлса, иккинчиси нималарнидир, кимларнидир Аллоҳ билан бирга, Унга тенг қўйиб, Ундан устун тахмин қилиб севмоқликдир. Бу номарғуб муҳаббатда вужудий манфаат ғолиб юради.
Сўз санъати, бинобарин, назм исломий иймон ёғдусидан қачон нечоғлик чиройли баҳраманд бўлган бўлса, ўшанда шунчалик юксаклик ва яшовчанлик топган. Аксинча, ундан қанчалар олисласа, юз ўгирса, шаккоклик қилса, нокерак ишваларга учса, ўзига жабр қилган — таназзулга учраган. Санъаткорлар ўз иқтидорлари билан ҳам Яратганнинг ҳузурида масъулдирлар, синовдадирлар. Шунингдек, умуман дунё турмушидаги сингари ижодиёт жабҳасида ҳам хатолар илдиз отса-ю, уларни бартараф этмоқ учун одил мезонларда иттифоқ қилинмаса, соҳа аҳли ва билиб-эшитиб жим турганлар баравар гуноҳга доҳил бўладилар.
Эътиқод мўртлигида нафси бало фоний ҳаётнинг у ёки бу роҳатини, нарсасини, гўзаллиги ва ширинлигини бетиним хоҳлайди. Қизғанади, тўймайди. Ислом нафсни, ҳирсни, ҳасадни, нохолис ҳавасни жиловлаб туради. Ботил ҳислар тасвирига оғиб кетиши мумкин бўлмиш шеъриятни ҳам бақувват иймон доирасида сақловчи, ғализ ғоялардан қайтарувчи ўшадир. «Тўсди иймон йўлимни, куфр судради олға» деганида Мирзо Ғолиб айнан шу аччиқ, аммо рўй-рост ҳаққониятни назарда тутган эди. Исломият динни дунёдан ажратиб қарамайди. Унинг таълимотида меъёр, ўртаҳоллик каби олижаноб ўлчовлар бор. У ёруғ оламнинг барча соҳа ва замонлари манфаатини ўзида мужассам этган. Шарқдан чиққан ўнлаб алломалар, даҳо шоирлар бу чин ақидасиз, шубҳасиз, шунчалик баланд дунёвий мартабаларга кўтарила олмаган бўлур эдилар. Мазкур масалаларда шубҳаю баҳслар ноўрин: исломий иймон ижодлар, илмлар, дунёқарашлар, ҳукм-хулосаларнинг бош мезонларидан эканлиги тайин.
Асримизда одамзоднинг ўз-ўзига зулми беҳисоб бўлди. Мамлакатлараро низолар, жаҳоний урушлар, мустабидликлар, очарчилик ва қатағонлар, хуллас, нохуш, манфур ҳодисалар кўп кечди. Адабиётларда яхши-ёмон ўзгаришлар, таъсирланишлар содир бўлди. Собиқ шўро тузумида шеърият илоҳий ишқдан зудлик билан видолашиб, уни узоқ муддат эсдан чиқарди. Мафкура буюрган чоғларда илоҳиятга қарши даҳриёна гапларни шеър қилиб ҳайқиртирди. Тушуниб -тушунмай Худога ширк келтириш йўлига кирди. Қўрқмади. Адашди.
Эрк сари интилишлар, интилганлар тажрибаси, Истиқлол муҳитидаги имконлар боис, ниҳоят, равшан бўлдики, поэзиянинг катта-кичик бор қусурлари — мутеликдан, даҳрийликдан, журъатсизлик, жоҳиллик, бежиҳодликдан, дангалини айтганда, иймон бўшлигидан.
Миллий шеъриятнинг аламли жудолиги Худога муҳаббатни ёзишдан мутлоқ маҳрумлиги эди. Оқибатда у фақат дунёвий муҳаббатларгагина инониб ва суяниб қолди. Бутун завқу овозини шуларга бағишлади. Шундаги ҳаловатни, висолни, ҳижронни, лаззатни бирламчи ғоявий - эстетик мақсад мақомига кўтарди. Фанодаги ёр севгисини тавоф этди, уни ёлғиз илоҳ деб билди, Худодан устун қўйди, унга саждалар қилди. Мусулмон дунёси назмининг илдиз-илдизигача обиҳаёт таратиб турган анъанадан ногаҳон воз кечилиб, Илоҳ ёди-севгисининг зиддига қараб кетилди.
Хўш, муслимона йўлда мажозий ишқ рад этилмас экан, аср ўзбек шуароси уни талқин этмоққа ҳақли-ҳуқуқли саналган экан, классик фасоҳатга хос чуқур рамзийлик, юксак сериболилик, кўпмаънолилик каби фазилатлар аксар ижодда нега камая борди? Нега жўн ва қашшоқ, сохта ва беибо, махдуд ва такаббур, муте ва нотавон ошиқлик шеърияти ҳам барпо бўлди? Шериятимиз ўтган йўлнинг яққол кўзга ташланувчи «маданий севги» хосликларидан баъзиларини сабоқ бўлсин деган ниятда хотирлайлик.
Йигирманчи йилларда соҳибжамол қизнинг қандайдир чолгами, бойгами, «ёт унсур»гами тегиб қўйганидан ўкиниш, келинчакни бул эрдан айнитиш, ёвуз чангалдан қутқариш, озод турмуш фаолига айлантиришга ҳаракат тасвири сиёсий поэтик мажбурият тусини олди. Шарқ қизида жаҳолат қаъридан илму моърифатга, ижтимоий илғорликка талпиниш ва жамиятда бундай тамойилга маълум эҳтиёжлар сезилганлиги ёлғон эмас. Лекин шу мавзуда битилган қатор асарларда «тутқин» аёлнинг эрига, эринг хотинга номуносиблиги сира ҳис этилмайди. Шариат ва одамгарчилик қоидаларига хилоф равишда, «бегона» оила вазиятини етарли ёритмай туриб, лирик қаҳрамонлар оилаларни «бузишга» чоғланади. Айтайлик, келинчакнинг чечаклар дасталаб кимнидир кутиши психологик жиҳатдан наҳотки унинг эри чол эканидан, нозик қалби қонга тўлганидан далолат берса? Шоирнинг «нотаниш» жувонни «бебаҳо гўзалим» дея алқашга. шаръий ҳуқуқи бормиди? Йўқ жойдан аёлнинг эри «ёмон»га чиқарилади. Бировнинг маҳрами-келинчак янги турмушга, кўплик сафида ўйнаб-кулишга чақирилади:
Гул бермоқ истаган «ошиғинг» сенинг
Чол эмасми, эркам, ялқов, эринчак?..
Кел бери, барчамиз ўйнаб куламиз!..
Ўша даврда муайян адабий масалалар талқини, чунончи, доҳийлар, идеаллар таъриф-тавсифининг ширк даражасига олиб чиқилиши кучли сиёсий талаб билан боғлиқ кечганини эътироф этмай бўлмайди. Аммо севгини тасвирлашда ҳам ўшанча мажбурий ғоявийлик тақозоси бўлган дейиш ўзини оқламаса керак. Туйғулар табиий оқимини ёзолмасликнинг, саёз-сохта, қалтис-ғалати куйлашга берилишнинг асосий сабабчиси кўпинча шоир қавмининг ўзи ва бузилаётган дунёқарашлар эканлиги сезилади. Ҳар қандай шеърни инсон тўқийди. Қайси замондаги, қайси мавзу ва жанрдаги намунани кузатманг, унда шоир ўз хулқ-атворини, маънавиятини сизга тақдим этиб турган бўлади. Хуш-ёқимли ижодда ҳам, нохуш-ёқимсизида ҳам. Шундай экан, ижодларнинг турфа юксак ёки турфа ожиз сийрат-шамойиллар намойиш этмоғи турган гап. Шоирона мойилликларнинг ғалати, ғаройиб сўқмоқлари кўп. Бунда ҳам адашмоқлик осон, бунда ҳам чўққиларни забт этмоқ жуда мушкул.
Тақрибан 30-йилларда мозий «севги бахтсизликлари»га зид ўлароқ, порлоқ ишқий муносабатлар, висол нашидалари, севгининг социалистик шижоати мақтови шеърий урф бўла бошлади. Қатор ашъор, достонларда шўро давлати, коллектив хўжалик, заводлар, фабрика ва мактаблар буларнинг илк танишувига сабаб, севишиб қолишига туртки вазифасини ўтайди. Жамият севишишга, висолга етишишга, тўй қилишга кўмаклашади. Ҳатто ўпишишни ўргатади. Уларнинг туҳматона тасвирича, эски турмуш муҳаббатлиларни бир-биридан доимо жудо қилиб келган, эскида бахт севгига этагини тутқазмаган, янги тузум ишқни ҳимоялади, севишганларни қовуштирди. «Қора ботир»ларни йўқ қилди. Доҳий «пок севгига ва ўргатди вафога».
Худди ўша кунлардан «Бўса» поэтик образининг омади кела бошлаган эди. Классик шеърият асрлар мобайнида бу ҳодисани ифодалашдан уялиб келган, неча юз йилда саноқли тилга олган, шунда ҳам «бўса»ни рамзларга қориштириб тақдим эттан эди. Бўса энди миллий сўз санъатини чўчитиб келган эҳтирос нишонаси сифатида шеъриятга мустаҳкам ўрнашди. Аста-секин тасвирдаги севгини далиллайдиган, ҳаётийлигини исботлайдиган «ҳужжат»га айлана борди. Инқилоб берган тузумдагина «Лабда бўсанинг тоти умрбод қолади»ган бўлди. «Мен йигитман, — дейди шоир, буни таъкидламоққа ҳожат бўлмаса-да, — сен баркамол қиз, бўса бердинг сафоли тунда». Бўса деярли барча ижодхоналарга кириб борди. Унинг шакли, ҳол-ҳолати хил-хил тусланди. Шарқий ҳаёт ва шарқий фасоҳатда мисли кўрилмаган янгичаликнинг бошланиши эди бу. Шеъриятнинг нигоҳи ҳатто кўча бўсаларини назардан қочирмади, ўзи билмаган ҳолда бўса тасвирини тарғиб этди. «Тонгги бўса» (1936) шеъридан парча:
Бири фабрикага, бири мактабга,
Бири кетар пахтазорига.
Йўлда кета туриб бири кулар,
Бири бўса берар ёрига...
Хуллас, ошиқ шеърият бўсага майл қуйди. Тинимсиз ўпич олаверди. Севги деганда бўса, бўса деганда севги англана борди. "Лаб» ила «Бўса» замонавий шеъриятда қадим ҳаёсини, сиркорлигини сақлаб қола олмади. Уларнинг тан муҳаббатига мансублик маъноси авж оҳангларда куйланди. Бахтли ўшал замондан ҳозиргача бу оҳанглар замирида нималар идрокланиши билан, оқибати қандай томонларга олиб боражаги билан, бундай сўзонликнинг жавобгарлиги борлиги билан дсярли ҳеч кимнинг иши бўлган эмас. «О, бу лаблар қарғаш учунмас, Бўса учун яралган лаблар», дейди севги куйчиси. Ёрлар ҳам сўз ўйинида ёки муносабатда ошиқлар билан тенг ҳуқуқли, улардан қолишмайди. «Гулу райҳону бодом, писта, нору ғунчалар ёйиб, Ҳусн бозорида бизни харидор этмадингизми?» дегувчи ғазалнависга ёр: «Баҳам кўр неки бўлса мен билан биргаликда, жоним...», дейди.
У йиллардан хотира—«Янги шароитда янгича ишқ» номли шеър бор. Ушбу сарлавҳага ҳаммаслак мос-муносиб келадиган юзлаб шеърлар мавжудки, уларда замона қизларининг ҳуқуқда тенглиги, гўзалликнинг меҳнатда «намойишкор»лиги, ҳижронларнинг ўтмишда қолганлиги беармон такрорланади: «Ёзди ўтмиш шоири ҳижронни кўп, Қолдириб менға бутун шарҳи висол». Советона турмушнинг ҳар бир манзараси севги бўлиб, висоллардан бахтиёрлик аломати бўлиб кўринади: «Ана юлдуз санаб бўғот лабида Қўшним мушуги ҳам кутади ёрин (?), Жонивору парранда... барида севги!(?)». Айниқса, баҳорий талқинларда севгининг оммавий уйғонишлари ва кўринишлари юзага чиқади:
Сайри боғ айлаб ўтар жуфт-жуфт бўлиб, қўл ушлашиб,
Бўйига бўйи муносиб ёр билан ёр ҳар тараф.
Ҳар тараф кенгдир рақобатсиз муҳаббат ақлиға,
Шум рақибларга берилмас энди йўл тор ҳар тараф.
Мавзунинг Ўтмиш —Бугун мезонларини қаршилантириш мусобақасида замонавий севги кўз-кўз қилинади. Ҳозирги авлодгагина висолга ғарқлик насиб бўлгани, бу Инқилобнинг шарофати эканлиги, бизда жаннат қурилганлигига ишонтириш ғоялари илгари сурилади. Бундай поэтик тасаввурлар кучайиб, онда-сонда ишқнинг Бўсадан ҳам «сирлироқ ҳодисалар»и талқинига имконият очиб борди. (Интим эпизодлар борасида наср анча илгарилаб қадам ташлар, айрим роман, қисса ёки ҳикояни шундай лавҳаларигина характерлаб турар эди). Бироқ Бўса лирикада баланд мавқеини ҳеч қўлдан бергани йуқ. Шеъриятда у ҳақда оҳори тўкилмаган ранг-баранг гаплар кетма-кет пайдо бўлди. Ошиқ икки гилос деб ўйлаб, ёр лабига лаб қўяди, лабини нимадир куйдиради, қараса, «икки чўғ экан!..» Жуда моҳирона, анъанавий ёзилган. «Ўп» радифли ғазал уйқуда ётган нигорнинг «аста гулнорини», «чашми хумморини», «лаъли Шаҳдборини», «киприги хорини», «қоши зангборини», «холи раҳдорини», борингки, борини ўпмоқни тавсия қилади:
Ёрнинг уйқуси ғанимат,
Сен бу тун бедор бўл,
Бир-бир айтмайман, дилингда —
Хуш надир, борини ўп...
Ўзбек шеърияти дунёвий ишқ мавзуида ботил фикрлаш бўйича ҳозиргидек авжланмаган. Гоҳида митти бир шеърий тўпламда ўнлаб ўринли-ўринсиз бўсаларга дуч келмоғингиз мумкин. «Гулоб» китобчасидан мисоллар келтирамиз: «Вужудинг ичра турғай ажиб сирри нигун бўса», «Ўзгалар қошидаким ўпиб уялтма ёрни сен», «Ёр ғунчасин мен ўпгум туйиб-туйиб», «Тинч турсин олам десанг, қўй лаб-ла лабим тугмалаб», «Жон учун бир ўптир, санам», «Артдим лабим билан ёр кипригин шабнамини», «Бир бўса берди ёр мен фидойига, Дедим: — Қайтиб қўяйинми жойига», «У қулоғин тутиб:—Айтақол,—деди, ўпиб дедим: —Гапим шу бир муччи-да», «Шафоат, висол уйида ёр ўпиб шаккар деса...».
Даврлар нуқтаи назари қандай бўлмасин, муҳаббат талқини лирик қахрамоннинг ўта ҳиссий муносабатинигина эмас, исломий қарашлар фаҳмини ҳам талаб этади. Аниқ, тиниқ, покдамон, ҳирсдан холи, иффатли тасвиргина доим яшаб, кўнгулларни доим яшнатади. Хоҳ унда оний, хоҳ давомий кайфият бўлсин. Ҳаётий, руҳоний ибратбахш кечинмаларгина шеъриятнинг жонига ҳамиша аро кирган. Аср боши ўзбек сўз саънатини кўп хижолатли ишқий вазиятлардан қутқариб, асл адабиётга мувофиқликни кўрсатиб турган ижодлар йўқ эмас. Қодирийнинг катта насрида, Фитрат ижодиётида, Ҳамза ва Чўлпоннинг ўнлаб шеърларида ранго-ранг севги кайфиятлари уйғун тажассумини топган. Айни ижодлар эгаларининг эътиқод тарзлари, исломий тарбия ва илмлари ҳар масала ифодасида, инчинун, ишқда ҳам нечоғли тўғри йўллар ҳамда меъёрлар белгилаб берганини мароқ билан ўрганса бўлади. Шу каби фазилатлари туфайли ҳам уларни дунёвийлар, исломийлар, «фонатиклар» ва бошқа «тоифалар» бирдек ўқишган, ёдлашган, тан олишган.
Бир шеърида Чўлпоннинг кечинмаси шундай: беш йил ёниб севиб, сўнгра алданганини англаб қолади (1917— 1922). Кимни, нимани, нега севган эдим, дея изтиробланади. Бутни тангри деб фожиали адашган бандага ўхшатади ўзини. Бундаги ёлғон (севгининг, адашув («Алданиш»)нинг ижтимоий муҳитдаги ҳодисага бориб тақалишини мушоҳадангиз аниқлаб беради. Айнан шу йили (1922) ёзгани «Кет» шеърида эса барча ўткинчи (севгиларни бирма-бир ҳайдай бошлайди шоир:
Кет, илоҳий виждонимни булғама,
Бутлар билан тегарамни чулғама...
Навбатдаги шеърида Чўлпон туйғуси, эҳтироси янада тиниқлашади. Мажозий ишқ ўз табиий тараққийси мобайнида, ўз ичида улғайиб намоён бўлади: йигитлиги яшарган кезлар «Ҳар юмшоқ товушга тутқин» бўлган, «Ҳар гўзал чеҳрага кўнгил» берган, борлиқни улар учун қурбон қилиб юрган. «Юрганда, турганда ҳар гўзал нарса кўзларига севги бўлиб кўринган». Энди «Севгига ёт бўлган» ўтлар, оловлар-оний оҳтирослар пирпираб сўнади. Шоир англайдики, «Вафосиз севгилар учиб битдилар... севгида ҳар кўнгул бузуқ!». Алқисса, эндиги севгиси нурдан ёруғдир, алдов-алданишни билмас туйғудир:
Энди ҳар нафасда яна куяман,
Фақат Мажнун бўлиб элни суяман.
Ўтмиш сўз санъатимиздаги Яратганга муҳаббат-муносабат ифодасидан узилиш, илоҳий-дунёвий ишқлар уйғунлиги анъанасидан мосуволик асримиз ошиқона шеъриятини беқарорликка ва паришонхотирликка анчайин мойил қилиб қўйди. Бу ҳолни етакчи—ишқи илоҳий билан эргашувчи — ишқи дунёвийнинг ўрин алмашинуви, деб изоҳлаш камлик қилади. Негаким Яратганга нисбатан севги бўлишлиги деярли эътироф қилинмасдан келди. Натижада сўзга масъуллик бўшашди, адабий фаросат камайди, даҳрийлик ошди. Талқинга кўп йиллар мафкура тақозолари зўраки тиқиштирилди. Гоҳ мантиғи чуқур ўйланмаган туғёнлар шеърият шаклини тасарруф этди. Баъзи шуаро фикрлари сийқа асарларни қалаштириб ташлади. Бировлари дунёвий ёрларга муҳаббатни илоҳийлаштириш билан шуғулланди. Кимлардир жилваси, чиройи тенгсиз бу туйғуни шуур кўзлари билан эмас, шаҳвату эҳтирос нигоҳи аралаш кузатаётганини, қалами қалб эмас, тан муҳаббатига оғишиб кетаётганини, мухлисларини ножўя ҳавасларга қизиқтираётганини фаҳмламай қолди. Энг муҳими, бу жараённи энди ҳар ким ҳар хил тушуна бошлайдиган вақт келди... Бизнинг-да ожизона мулоҳазаларимиз кимгадир қолоқ ёхуд илғор, кимгадир қаттиқ ёхуд юмшоқ нуқтаи назар бўлиб англаниши мумкин.
Ёниб, энтикиб муҳаббатни куйловчи шуаронинг бари муайян вақт ўтгач, вазмин ва оҳиста наволарга ўтади. Баъзилар ёниқ ҳиссиётнинг сўнаётгани, тўхтаётганидан нолишади. Ажабланарли жойи йўқ. Фоний дунё неъматларига-яратиқларига бағишланган жамики севгиларимиз онийдир. Ва уларнинг бундай тадрижи, аслида, фазилат бўлиб, айни жараён ўзини тадқиқ этаётганлар учун илоҳиёт ҳисси томон даъватдир. Шунингдек, бу «ўтиш» тамоман тўхтам эмас, балки қонуний сифат ва ҳолат ўзгаришидир. Инсоннинг ёш, руҳият, жисмоният жиҳатидан ўсиб-каттариб борувидаги табиий жараёндир. Мазкур ҳоллар шоирни тор муҳаббат хусусида ёзиш ҳуқуқидан маҳрум этолмайди. «Бу дунёки, менинг кўнглим ярим этди, Ярми билан куйласам ҳам, олам тўлар» дейилганидек, ҳеч бир қонуний ривож чин иқтидор соҳибларининг олий теранлик сари интилишига монелик қилмайди, балки уларни янги уфқлар идроки томон бошлайверади. Шундай кезлар шоирлар қандайдир буюк таянч — буюк муҳаббат излашади. Чўлпоннинг талай севгилардан кўнгли қолиб, эл севгисини шиор қилиб кўтариши айни ҳолатнинг хайрли самараси ҳамдир.
Мавзунинг маҳзун, аммо изҳори қойилмақом куйчиси, шуҳрати юксак кечмиш бошқа шоири ҳам ана шундай кайфиятни бошдан кечирди. У ҳам севгининг нималаргадир таслим бўлишлигини идрок этди. Кейин «Сокингина бўлиб қолган» юрагини «Муҳаббат» деган шеърида аён қилди. Лирик қаҳрамони энди ўтган биринчи муҳаббатни қўмсашдан наф йуқлигини билади. «Ҳаётимда чақнамайсан фақат сенгина, Толеимда сен бўлмадинг, бахтли муҳаббат», дея армон бўлиб қолган туйғуни жўшқин ва маъюс алфозда чорлайди. Ҳаётни оралаб ўзга бир оташ ахтаради:
Кимга шошай, кимни қўмсаб, кимга сиғинай?
Фариштам, деб оқ ювибу оқ тарай кимни?
Кимни Лайлим, Шириним, деб, бахтим, деб атай,
Ҳаётим, деб чўкқиларга кўтарай кимни?!
Ҳар ҳолда, шу янглиғ барча ифодаларда кўпинча кишини ўртовчи, эзгуликка ундовчи рост дунёвий муҳаббат, ёқимли ситам, завқли азоб-изтироб, мунгли диёнат балқиб турадд. Севгида алданиш, адашиш, ажратилиш инсонни олий ва беназир муҳаббат ҳиссига элтсагина, севги шу зайл янгилансагина, чинакам саодатдир, ҳидоят нишонасидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1998 йил 16 январь.