Ростин айтсам, кўксимдаги дилим янги (Сирожиддин Саййид)
Ҳаққа беадад шукрки, миллий сўз санъатининг қадим илдизлари афзалликларини очиқ-ойдин эҳтиромлаш кунларига эриштирди. Илми адаб аҳли адабий меросни сунъий ғоялаштиришдан, зўраки тоифалаштиришдан тийилди. «Диний-мистик», «феодал-клерикал» намуналарни ажратиб олиб қоралашдан, «дунёвий»ни саралаб олиб ортиқча оқлашдан тўхтади. Таъқиқ-таъқиб йилларида ижодларга нисбатан содир этилмиш маломат, хиёнатлар кўлами ва оқибати фош бўлди. Эркли юртда адабиёт журъат, жасоратининг йўриғи ўзгача, меҳнат-заҳматининг файзи бўлакча кечади. Энди унда мақбул ғояларни чўчиб-қўрқиб, авайлаб-пардалаб тақдим этиш машаққатига қараганда санъатнинг туб моҳиятига муносиб ўнгланмоқ вазифаси ғоятда муҳимлашади. Истиқлол даври ўзбек адабиётининг кайфияти, ўзгаришлари, янгиланишларидан жараённинг нечоғлик табиийлигини ва ҳуқуқийлигини фаҳмламоқ мумкин.
Асрлар мобайнида ўз халқи ва атрофдаги эл-юртлар сингари исломий нур ёғдуси ичра яшаган, кейин куфроний зулматни бошдан кечирган шеърият сўнгги комил дин дастуридан, сўнгги Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларидан баҳрамандлик онларига — мустақилликка «лабда табассуму кўзда ёш билан» (Абдулла Орипов, «Генетика») қадам қўйди. Зеро, у хилма-хил мураккаб ҳодисотли тузум ичида яшади. Мустабидликдан қутулмай туриб, ҳақ йўлни қарор топтирмоқ душворлигига, инчинун, эркин ижод қилмоқ мумкин эмаслигига, ҳурриятнинг эса барча жиддий ишдан-да жиддийроқлигига ишонч истиқлол арафаси шеъриятида авжланди. Бу ҳол гоҳ мунгли, гоҳ жанговор, гоҳ суронли, гоҳ қизиққон акс этди ва моҳиятан аср боши миллий уйғониш шижоатини эслатди:
Оҳим! Осийларни оёққа қалқдир,
Қиёмат кўргузмай далил-ҳужжатин.
Ки бу ҳам яшашга ҳаққи бор халқдир,
Қалбларга қадаб қол қассос кўчатин!
Ким зиндон тузумни яшар қуллуқлаб?
Ўликлар тушунмас қонли додимни.
Юртим! Эркинг учун ўзим куллуклаб,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни ...
(Мирзо Кенжабек)
Бундай оҳангларга ажабланилмади. Негаки бу йиллар бўйи етилиб келган, тармоқлари саноқсиз дарднинг озодликни умидловчи садоси эди. Ҳақсизлик шеъриятни кўп бор чалғитиб, ўз буйруғини бажартиб, ўз нағмасига ўйнатиб, ночор йўлларда адаштириб турар эди. Миллий шеъриятнинг ўша аср тарихидан ҳали таҳлилини топмаган биргина сатрига мурожаат қилайлик: «Бутни тангри деган мен эмасмидим?» (Чўлпон).
Мазкур мисра мансуб «Алданиш» шеърининг лирик қаҳрамони жуда эзилиб пушаймонлик азобини тортади. Чунки шошиб меҳрини бағишлаганига бошда бешубҳа ишонган, унинг мавҳум нарса эмаслигига ақли етгандек бўлган. Ҳатто қўлини текизиб кўрган, унинг одам эканини билган. Соғлом, тетик, бардам сезгиси ила сезган. Хаёлий, тотли ардоқ, «илоҳий муҳаббат, ишқ билан» суйган. Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади, дейдилар. Беш йилдан сўнг (1922 йил) ногаҳон ошиқнинг алдангани маълум бўлиб қолиб, бағрига «оғули тикан» қадалади. «Кўзимга кўринган саробми эди?», «Кўзимни ўраган киприкми эди?» дея кўнглини ёлғонга кўндирган воситаларни изтиробли излайди у.
«Бутни тангри деган мен эмасмидим?» Мисрадаги бутнинг кимлиги ёки нималиги, аёлми ёки хаёлми экани, доҳийми ёки инқилобми экани шеърда бирламчи ғоя ҳам, қизиқтириб қўядиган жумбоқ ҳам эмас. Ғоявий-поэтик муҳимлик шундаки, Чўлпон ўз нозиктаъб «мен»ининг алданишида сиёсий-ижтимоий тўфонларнинг мудҳиш товланишини, хатарноклигини таъсирчан умумлаштиради. Ҳалол ва сергак иқтидор эгасига хос тезлик билан алданувни пайқаб қолади. Адашиб суйганлигидан пушмонлигини ҳеч нарсадан ҳайиқмай, мардона фош қилади.
«Бут»ларга сиғинишнинг, бинобарин, шеъриятда «бут»лар мадҳининг амал муддатини, «таваллуд» ва «вафот» саналарини аниқроқ белгилаб тасаввурга келтириш мушкул иш эмас: XX юз йилликнинг бошланиш қисмидан 17 йилча, охирланиш қисмидан 17 йилча фурсатни чегириб хаёл қилинса, асрнинг қолган йиллари шундай ёхуд шундайроқ ўтган дейиш мумкин. Азалдан бунёдланиши илоҳий, зиммасидаги юки муқаддас саналмиш шеърият кўпинча ўзининг виждонига терс яшамоққа мажбур бўлди. Номуносибни ихтиёрсиз ёзишдан номуносибни ихтиёрий ёзиш кўникмасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Маҳкумлик чўзилганлиги туфайли ботиний кечинмалар анчайин четда қолиб, зоҳирнинг манзараларини талабларга мувофиқ куйлаб беришга қизиқиб кетилди. Шу даврнинг бошқа ватанларигина эмас, яқин асрларнинг ҳеч қайси «бут»лари — хонлари, подшолари, фиръавнлари, даҳолари, арбоблари ғоялари бу қадар ялпи, кўпмиллатли олқишловни кўрмаган. Мазкур аҳвол жамиятда ҳукмронлашган ширкларнинг шеъриятни зўраки тобелантиришидан бошқа нарса эмас эди.
Албатта, машъумликнинг бошланишида ҳам, у авж нуқталарига кўтарилган кезларда ҳам соз самаралар, рост оҳанглар, ҳаққоний ифодалар бўлмаган, бевафо ғояларга алданишдан асраниш ва ёзганидан пушаймонликлар сезилмаган, деб хулоса чиқариш тўғри бўлмайди. Зиддиятли муҳитнинг бу нисбати айрича мавзудир. Чўлпон сатри эса асрий вазиятнинг бир қутбидир, холос. Яъни, шеърият надомат эътирофининг илк жавоб-жарангидир. Ундаги «бут» ҳурриятимиз арафасигача узоқ вақт сўз санъати воситасида улуғлантирилган ғоялар ва шахсларнинг ширк-образи, умумлашган рамзий номи. Айни мисрани занжирлардан озод бўлган бугунги шеъриятнинг аччиқ синовлардан кейинги афсус-надомат бонги сифатида қабулланса, яроқли, фойдалидир. Собиқ мадҳиябозлик эсланмаса-эсланмас, тадқиқи битилмаса-битилмас, бироқ унинг — пушаймоннинг сабоқ эканлиги унут бўлмаслиги лозим: «Бутни тангри деган мен эмасмидим?»
Бутлар ҳали синмаган, буни ўйлашнинг ўзи жиноят ҳисобланган, бепоён истибдод кишанлари мустаҳкам пайтларда мадҳ услуби бир бўлди, адабиётнинг даҳриёналиги, мукаррам исломий асослардан буткул жудолиги бир бўлди. Мозий ўзбек назмининг диний-дидактик йўсинини ақалли тавба, истиғфор ёхуд ибодат талқини сифатида баҳолашга ботиниш имкони йўқ эди. Алҳосил, шеърият ўзини бемисл нурлантириб турувчи тўғри эътиқод руҳидан узоқлаштирилди. Унинг яшаш тарзи фақат дунёвийлик ўлчовига мосланди. Ҳолбуки, соҳа тарихида тўлиғича исломий ижодларнинг, ҳар жиҳатдан уйғун ижодларнинг эркин бунёдга келиши ва оммалашуви одатий ҳол бўлган. Эски «дунёвий» назм ислом манбаларидан истаганча озиқланган, ундангина ўз мезонларини қидирган. Мустабид тузум дунёвий шеъриятида эса даҳриёна мотивларгагина дарвоза ланг очиқ эди.
Бу борада ҳатто етмишинчи йиллар вазиятининг ҳам анчалар ўжар ва инжиқ кечганини эсдан чиқариб бўлмайди. Гарчи мутеликка ҳуши йўқ, баландпарвоз фасоҳатдан йироқ, кўнгилдан куйлашни мурод қилган шоир авлоддар аллақачон пайдо бўлган, улардаги кўтаринкилик аллақачон одамларни ром этган, ҳайратомуз шеърлар ёзилаётган бўлса-да, ҳамон шеъриятнинг динга рағбати мумкин эмасди. Шундай кезларда «Жаннатга йул» достони ёзилган. Муаллифининг жаҳон адабиётидан «Илоҳий комедия»ни таржима қилиши ўзбекона достонга туртки берган. Асарнинг илк бор эълон этилиши — «Муштум» журналига доир воқеа. Эҳтимол, ана шу сабаблар ҳам керагидан ортиқ таъна-дашномлар йўлини тўсгандир? Аслида, ҳар қандай зўравон мафкуранинг кўзини баъзан шамғалат қилиш мумкин. Чунончи, Фитрат қатағон этилса-да, асарлари ман қилинса-да, фақат атеистик нуқтаи назардан тушунилгани сабаб бўлиб, диний сюжетли «Қиёмат» ҳикояси қайта-қайта босилган.
«Жаннатга йўл» — бир жиҳатдан ўша жамият адабиётининг чақмокдек ҳодисаси. У воқеаларни диний ақидалар асосига қуриши, ажойиб ғоялар тараннум этиши, таъсирли тимсолар вужудга келтириши билан эътиборни тортади. Ўқувчи ва тамошабинга охир-оқибатни ўйлатади. Савобга, дўстликка, покликка, ҳалолликка чорлайди. Асарнинг баъзи ўринларида рўй-рост, баъзи хулосаларида «киши билмас» даъватлари бор. Драматик достон жозибадор бошланиб, худди шундай тугайди. Илк мароқли, таъсирчан воқеа — тарозида Йигитнинг савоб ишлари енгил келиши, бу натижа унинг дузахий ҳисобланишига боис бўлиши. Достоннавис шеъриятнинг топқир ва закий истеъдоди бўлгани учун имконига ярашиқ янги «гап» топа олади ва «гап»нинг мавқеини баланд кўтаради. Бош қаҳрамонининг гуноҳи бир қарашда ҳеч нарса эмасдек, шоирликда барчага хос ҳолат-ҳодисадек:
Илоҳий дил берган эди сенга Худойим,
Қулоқ сол деб шўрликларнинг оҳи-воҳига.
Сен-чи, само шуъласини куйладинг доим,
Шеърлар битдинг юлдузларга, гулга, оҳуга.
Достоннинг замирида гапи, фазилати кўп, эскирмас саҳифалари ҳамон бизни мафтун этади. Айрим фикрий нуқсонлари, маҳдудликлари динга муносабатнинг ўша йиллардаги савияси билан изоҳланади. Масалан, «Фақатгина фармон берар Аллоҳи қодир, лекин қалбни англамайди қизлар мисоли», «Худо бошқармаган ҳеч қачон халқни» каби тамом нотўғри гаплар учрайди. Йигитнинг тарозибон «кўзларида алланечук норизо туйғу» кўриши, тарозибоннинг эса ҳадеб чилим кайфини қисташи, йигитнинг икки пайса савоб топиши (нариги дунёда?), ҳурқизнинг йигитчилик-хотинталаблик хусусида сўзлашига ўхшаган ишончсиз, атеистик, руҳоний тафаккурга номуносиб эпизодлар мавжуд. Ўзи ҳамиша шартли «ёлғон» бўлган бадиий тасвирга асл ёлғонлар тиркалса нима бўлади? Шу зайл танқидий ҳукмларга келиш, раддияларга берилиш бугунги кундагина осон, албатта. Начора, сифат ҳам, нуқсон ҳам дунёда ибратдир. «Ҳар неку баде ки дар шумор аст, То дар нигари салоҳи кор аст» (ҳар яхши-ёмон кўргуликни текширсанг, турмуш учун хайриятли томони бор), — дейди Бобур («Бобурнома»), Ибратнинг ҳечдан кўра кечи ҳам керак.
Шу маънода масаланинг бошқа муҳим томони бор. Жаҳон маданияти, санъати, адабиёти нариги дунё мавзусида ҳамиша хато кўчаларга кириб кетган. Гап шундаки, ҳар қандай башоратлар, ривоятлар, ҳар қандай тасаввурлар негизида бўлмасин, ҳар қанча шартли-рамзий тасвирланмасин, у дунё воқелигини сюжетга асос қилиб асар яратиш исталган даражадаги истеъдодни — ожиз инсонни адаштириб қўяди. Бундай йўналишда инсоният учун баркамол, бекаму кўст, доимо ҳайратлантирувчи бадиий намуна битмоқ мумкин эмас. Данте «Илоҳий комедия»си ҳам қатор ижобий, умумбашарий ғояларига қарамай, Аллоҳ ҳузурида энг мақбул дин — исломга жиддий моментларда зид йўлдан боради. Борингки, бу тоифа асарларнинг муайян камчиликлари аён бўлгач, улар тузатилса ҳам, асарларнинг яна хатокор бўлиб қолавериш эҳтимоли кўп.
Аллоҳ ўз бандаларига ғайб илми, унинг тадқиқи, ғайб тасвири ва башорати билан шуғулланишни эмас, ақл етмас, чегараси йўқ соҳада машғулланиб адашиб кетишни эмас, ғайбга фақат ишонишнигина буюрган. «Бақара» сурасининг 2-3-оятларида ғайбга ишонмоқ мўьминларнинг сифатларидан бири эканлиги марҳамат қилинади. Ғайбни билиш эса ёлғиз Аллоҳгагина хос сифатдир. «Хашр» сурасининг 22-оятида оламларнинг Парвардигори бизга бу ҳакда хабар берган: «У — Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бодир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У меҳрибои ва раҳмлидир». Ва яна «Намл» сурасининг 65-оятида Ҳақ Субҳонаҳу ва Таъоло хитоб қилади: «Айтинг Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур). Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар».
Мусулмонликнинг энг баланд мартабаларидан бири, эътиқодининг талабларидан энг юксаги ҳам Аллоҳга, пайғамбарларга, фаришталарга, жаннатга, дўзахга, қиёматга, такдирга... кўрмасдан туриб ишонмоқ ва иймон келтирмокдир. Исломиятда ҳар муаммо, ёхуд саволга ҳужжат асосида жавоб-муносабат билдирилади. Далиллари бўлмаган ҳукм-мулоҳазадан эҳтиёт бўлинади. «Саҳиҳи Бухорий»да саҳобалардан Ибн Масъуднинг: «Ким билса, гапирсин, билмаса, Аллоҳ Таъоло билгувчироқ! десин. Чунки билмайдирган нарсасини билмайман дейиш ҳам илмдандур», деган сўзлари келтирилади. Аниқлиги шубҳали гаплардан тийилиш мўъминликнинг аломатларидан ҳисобланади. Илму ҳикматнинг эса инсон учун адоқ-интиҳоси йўқдир. Демак, бутун шеърият мавзуларининг, фикрларининг талқинида имкон қадар чуқур идрок, мақсадга мувофиқ диний илмлар ҳам зарур.
Ҳозирги йиллардаги сингари имкониятлар ўзбек шеъриятининг XX аср тарихида кузатилмаган. Талай янгича поэтик изланишлар, классик тажрибалардан ибратланиш миқёсининг кенгайиши, ҳур, эркин ижодкорга хос фикрлаш тарзининг намоён бўлиши давримиз учун характерлидир. Эндиги ижоднинг ёқимли, умидбахш тамойилларидан бири эътиқодга теран нуқтаи назарни шакллантиришида, мақбул илм уммонига чанқоқ шўнғиб, ундан дур-ҳикмат теришида, буларни янгича тақдим этишга интилишидадир. Ўзига хос овозларига эга барча шоирларимиз ижодларида хайрли натижалар юзага чиқаётганиии муболаға деб бўлмайди. Зотан, ҳақ йўлда бўлишлик, ҳақ эътиқодда собитлик руҳи бутун ижоднинг, исталган асарнинг, ҳар бир мавзунинг, соф дунёвий ва соф замонавий туюлувчи намунанинг қимматини тайинловчи бош мезон бўлишга ҳақлидир.
Фаҳмламоқ жоизки, гап фақат исломий ёзиш ёхуд ижодда бу дунёқарашни яққол таъкидлаб ўтиш хусусида эмас. Мазкур талаб-тақозолар доираси диний идрок ва мушоҳада масалаларига оид шеърлардан тортаб мутлақо дунёвий деб тушунилувчи асарларга қадар бўлгаи жараённи қамраб олади. Ана шу ўта муҳим умуминсоний муштаракликка барча ҳаётий муаммолар бўйича холис-ҳалол жавоби тайёр бўлган тўғри дунёқарашгина бузилмас таянч бўлмоғи мумкин. Шулар боис шеъриятни маълум мафкуравий ғараз билан диний ва дунёвийга ажратиб қараш ўринсиздир. Айни чокда у йўсин ё бу йўсин ёзмоқ керак деган тавсияларга кўпинча эҳтаёж йўкдир. Ижод қонунияти шундайки, қалам соҳибнинг ўз мавжудлик моҳиятага нисбатан бепарволикка, икки дунё саодатини идрокламасликка, Яратган ҳузуридаги жавобгарликни менсимасликка, санъат талабларини эрмаклашга асло ҳуқуқи йўқ. Иқболнинг шеърларидан бирида шундай ҳиссиёт талқини мужассам:
Бу дунёга келганим—
У дунёга сафарим.
Бу дунёни енгганим—
У дунёда зафарим.
Қачонки, пишти лойим,
Висолдир мумаойим.
Бу дунёда хатойим—
У дунёда зарарим.
Ишқ қадимий масалдир:
Ҳам заҳар, ҳам асалдир.
Иккисига коса бир,
Асалдайин заҳарим!
Қуръони Карим, ҳадиси шарифлар—шеъриятнинг ҳам бебаҳо таянч манбалари. Узоқ чўзилган узилишлардан сўнг шоирларнинг уларга ташна яшаб келаётганликлари маълум бўлди. Ахир, шеър дилга доир амаллар ичида янада инжа дил иши — дил санъати экан, Тангри ризолиги сари талпинувчи кўнгиллар ишқи, тавбаси, илтижоси, муножоти, хулласки, ибодатининг назмда етакчи мавқега кўтарилиши тасодифий эмас. «Мен бу ҳолатга аввалдан бир мунча тайёр бўлганим сабаблими, сатрларим ўз-ўзидан қуйилиб келавердилар», — деб ёзади Абдулла Орипов. Ўтилган тайёргарлик — аввало, шоирнинг XX аср ўзбек адабиётидаги ёрқин ҳодиса-ижоди. Сўнгра «Жаннатга йўл» достони, «Илоҳий комедия» таржимаси, шулар баҳонасидаги изланишлар ва ҳоказолар. «Ҳаж дафтари», «Ҳикмат садолари» (эллик ҳадис) туркумларининг, айниқса, бадиий-фалсафий «топилдиқ»ли шеърларида янгилик жозибаси баланд. Улар орқали шоир гўё энг довруқли асарларига хос кечган юксак маҳоратини мухлисларига бир хотирлатиб қўйгандек.
Шоирнинг услубига тегишли битта бетакрор фазилат бор. У турмушдаги оддий-одатий воқеани, ҳол-ҳолатни, манзара-кечинмани эл қатори кузатар экан, ногаҳон илҳоми улардан ҳеч кутилмаган, ўзгалар ҳеч таъкидламаган ҳикмат топади. Асло айтилмаган, сира тавсифланмаган фикр-топилдиққа шоир шеърхонни «тайёрлай» бошлайди: мавзу теграсидаги долзарб гап-сўзларни таъсирчан эслатади, ўқиётганнинг дардини завқли қўзғаб қўяди, унга гўёки ҳеч ким эшитмаган хулоса-ҳикмат ваъда қилади, шунга мисрама-мисра қизиқтириб боради, ҳаяжонни роса маромига етказади. Ниҳоят, шеърнинг охирида «топилдиқ»ни самимият билан тақдим этади. Жозиб қуйма фикр-ҳукм қалбларни фавқулодда ларзага солиб ўрнашади. Шоирнинг ибодат шеъриятида ҳам бу каби услубий хосликларнинг, оригинал намуналарнинг борлиги қувонарли.
«Ҳожилар» — шаклан митти, аммо мантиқан бақувват шеър. Исломда покдомонлик, ҳалоллик сингари тушунчаларнинг қанчалик аҳамиятга эгалиги аён, барча ахлоқий сифатларнинг тарғиботи ҳам устувор вазифалардандир. Ҳаромдан, эгриликдан сақланиш, ҳатто шуларга нисбатан нафрат ҳам фазилатдир. Каъбанинг қора тошига оқ-ойдин муносабат, ёруғ эҳтиром жоиз. Қора қилмиш билан муборак тош қоралиги қиёсида шоир янгича лафз топади. Қайсидир ҳожининг ҳамёнини қайсидир ўзга ҳожи ўмарган. Ҳодисанинг «камёб»лиги, «нотипик»лиги, шубҳасиз, номуҳим. Ўғирлатган мусулмоннинг дилида шукрона, ўғирлаган эса қилган ишидан мамнунга ўхшайди. Якуний байт донишона, санъаткорона, «Ҳусни таълил» санъатининг гўзал мисоли: Нобакор банданинг бу қилмишидан Бадтарроқ қорайди Каъбанинг тоши! Шундай шеърий ҳайратга шоир сизни «Шайтон» номли шеърида ҳам сазовор қилади. Сўнгра икки бандни беихтиёр ёдлаб оласиз. Ёдлаб олгингиз келади. Ёки унинг маъниси хотирангизда муҳрланади:
Минода Шайтонни қилдик тошбўрон,
Лаънатга кўмилди бадбахт у лаин.
Дедик: Шунча юкнинг остидан
Шайтон Минг йиллар чиқолмай ётмоғи тайин.
Шодумон йўл олдик Ватанга қараб,
Шайтон қолди, дея чуқурда — чоҳда.
Манзилга қайтгандик, Шайтон, во ажаб,
Бизни кутиб олди тайёрагоҳда.
«Каъбатуллоҳ»да шоир она-юртининг яқин чигал тарихидан сўзлаб, илтижолар қилади. «Дуч келган санамга сиғиндик гоҳи, Бизга кенг очилди Шайтон даргоҳи» дея Ватан аҳволотидан армон-изтиробларини бирма-бир баён этади. Лекин шеърда нолиниш бироз меъёридан ошади: «Ҳануз бири икки бўлмаган элдан... Бағри хун, толеи кулмаган элдан келдим», «Ахир, нима эди элнинг гуноҳи». Нолиш — тавбадан олисроқ ҳолат. У тавбанинг савоб-саодатига соя солмоғи мумкин. Чунки нолитаётган асос-сабаб ҳам Яратганнинг иродаси билан юз берган. Нолимоқ — кўпинча исённинг учқуни. Исён эса Аллоҳ йўлидаги жиҳод булмай, балки бесабрлик, ўз-ўзига зулм нишонаси. Шеърнинг ҳар банди «Келдим, мадад бергил, ё, Каъбатуллоҳ» сатри билан якунланиб туради. Бундаги мантиқнинг шикасталиги шу шеърнинг ўзидаги «Дуч келган санамга сиғиндик гоҳи» воқеаларидаги ёки бир пайтлар ёзилган «Ва ўзим сиғинар мозорларим бор» сатридаги жузъий хатоликлар даражасидадир. Шеърнинг бир бандида «Шафқатинг аяма мендан ҳам, Эгам, Келдим, мадад бергил, ё, Каъбатуллоҳ» дейилади. Яъни, шоир адашган мурожаатни адашмаган мурожаат билан ўзи сезмай инкор этади. Тангри Таъолонинг муқаддас байтига келинсаю, Унинг Ўзи қолиб, Каъбатуллохдан мадад суралса? Бунда шеърий шартлилик ўзини унча оқламайди, чунки у шоир дилидаги асл мақсадга ноярашиқ. Тақрибан шундай ҳолат «Пайғамбар» шеърида ҳам кўзга ташланади.
«Фарзанд» шеъридаги «Каъбага сиғинар экан кекса чол...» мисрасида «Каъбага» сўзини «Каъбада» қабилида тузатилса, мазмун ўнгланади ва чарақлайди. Бошқа шоирларимизда ҳам тез-тез кўринадиган шу тоифа хатолардан, яъни Аллоҳ билан бандасининг ўртасига воситачи тушиб қоладиган вазиятлардан эҳтиёткорликка ўргатувчи ишончли ҳадислар мавжуд. Қолаверса, мазкур туркумининг ўзида жавоб тайёр. Мазмунига саҳиҳ ҳадис асос бўлган «Ибрат» шеърида Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари суяниб дам олганлари-дарахтни кесишга амр қиладилар:
Расул амр қилди: — Кесинг дарахтни,
Ўйламанг, борлиққа йўқдир ҳимматим.
Пайғамбар дарахга бергай деб бахтни
Сиғиниб юрмасин унга умматим.
Таассуфки, бу жаҳон турмушининг ўзида баркамол идрокка ёт, далилсиз одатлар, бидъатлар, хурофий ва жоҳилона ишонишлар, ширк келтиришлар озмунча эмас. Умри мобайнида тўғри илмлар билан имкони етганча машғул бўлиб, илоҳиётни таниши ва иймонини мустаҳкамлаши зарур бўлган инсонлар, афсуски, ҳақ йўлдан чалғитувчи нолойиқ амалларни ҳамроҳ қилиб юрадилар: мозорларга сиғинилади, мақбаралар чанги-тупроғи кўзга суртилади, туморлар тақилади, дарахтларга латталар боғланади, сумалакнинг «мўъжизали мўъжаз тош»идан умид қилинади... Шундай экан, айниқса, бадиий талқинда диний илмлар моҳиятига зийрак ҳолда кириб бориш фарздир. Зероки, шеърият — ҳушёрликни ва эҳтиёткорликни хуш кўрувчи санъат.
Ҳар нечук янгиланишда муайян миқдор янглишиш ва саҳву хатонинг бўлмоғи тайин. Юқоридаги кузатишлардан шеъриятимизда худди шундай бўлаётганини қисман ҳис этдик. Улардан фарқли, ўзгача саҳв-нуқсонлар Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида йўл-йўлакай тасвирий фикрлашда кўринаётир. Табиий, яна «замонавий ўзбек шеърияти» тушунчаси шаънига муносиб ижодкорга мурожаат қилар экансиз, бунинг мисолларига бот-бот дуч келасиз.
Ислом илми — беҳад бепоён илоҳий хазина. Унинг ҳикмат -кўрсатмалари то қиёматга қадар инсониятнинг ҳар қанча тадқиқи учун етиб ортади. Қайсидир сатрларда алп истеъдодларнинг ҳам гоҳида мантиқда ғализ кетиши шу боис ажабланарли эмасдир.
Аллоҳнинг сифатлари чегарасиздир. Улардан айрим бирларигина инсонларга Қуръон ва ҳадис орқали билдирилган. Унинг башариятга хабар қилинган, хабар килинмаган ҳамма сифатлари мукаммал бўлиб, мавжудот ила махлуқотнинг нуқсонли сифатларидан ҳеч бирига заррача ўхшамайди. Сифатларининг кайфиятини (ар. — қандайлигини) одамзод ақли қамраб ола билмайди. Яратганга хос сифатларни унинг яратиқларига, яратиқларига хосликларни эса Яратганга нисбат бермоқни исломнинг асосий манбаларида қатъиян ман этилади. Китоб ва Суннат ҳукмларидан келиб чиққан хулосаларнинг биринигина келтириш билан чекланамиз. Имом Исмоил ал-Бухорийнинг устозлари Наъим ибн Ҳаммад айтадиларким, «... Аллоҳ Ўзини сифатлаган ёки Расули Уни сифатлаган нарсаларда (яъниким, сифатларда) ташбеҳ ва тамсил этиш мумкин эрмас». Ислом уламоларининг барчалари ушбу масала бўйича айни хулосада иттифоқ қилишган.
Усмон Азимнинг "Тазарру боғлари" туркум шеърлари, адолат юзасидан таъкидлаш жоизки, шоирнинг ҳозирги йиллар шеърияти, шубҳасиз, ижодининг ажиб, янгича давоми. Услуби шундай паллага кирганки, мушоҳада миқёси, идрок тарзи, поэтик тимсоллари, маҳоратидаги аксар бойишлар ўзбек шеърининг янгиланишида сезиларли улушдир. Боғлар ҳақидаги туркуми миллий табиат лирикасида ажойиб саҳифадир. Жузъий баъзи нуқсонларни, бизнингча, туркумдан иккиланмай бартараф этмоқ қийин эмас.
Туркумда борлиқ ва банда моҳиятининг муштараклик ҳисси, Тангрининг яратиқлари, неъматлари, ҳикматлари қаршисида лол, тавба-шукронаси чексиз инсоннинг тасаввур ва тафаккур тўфонлари ўқувчини сокин бир оҳангда ўзига ҳамдил, ҳамфикр этади. Маъюс, тиниқ, умидбахш безовталик тасвири ҳаёт қонуниятларига нисбатан ҳайрат ва муҳаббатни жўштиради.
«Тунги салқинларнинг намхуш бағрида» минг тугун саволлар туғила бошлайди. Ҳамма-ҳамма тугунлар инсоннинг жонига чалкашган. «Тангрига ҳам бир нур кетгандир» ундан. Ҳар дарахт, новда, япроқ, гиёҳ — инсонга қариндош. Бутун борлиқ — заррадан коинот қадар Яратганники ва ҳамма нарса ўзаро такдирдош, зинҳор бегона эмас. Ҳаттоки биргина сўлғин баргда Тангрининг измини, ардоғини ҳис этади шоир: «Оятлар ўқийди кузнинг ҳар рўзи, Ҳар япроқ — бир ҳадис» айтади. Шоир шул ҳикматларни термоққа Эгасидан ижозат сўрайди. «Мен бир баргнинг ҳасратин ёзиб, Довруғ солсам бўлар оламга» дебон юрагида ёруғ оламга меҳрнинг ҳозиргача мисли кўрилмаган жунбушини ифодалайди:
Боқиб осмон мовийлигига,
«Тангрим» дейман. Чекаман фиғон.
Бутун олам кирар шу сўзга,
Шу бир сўзда бўлади ниҳон.
Оғир хасталикдан омон чиққан одам қандай эҳтиросни туяди? Ҳалокатдан тасодифан қутулган-чи? Умидим узилди деганида орзуси бирданига рўёбга чиқиб қолган киши-чи? Ватанини, ниҳояти, озод кўролган ёки узоқ айриликдан сўнг она тупроғига қадам босган нуроний-чи?.. Солиҳ инсоннинг иймони ортади, иймонсиз иймонга келади, кофир тузалмоғи мумкин бу кезлар. Бандасида тазарру ва шукрона жўшади. Ҳар не ҳайрат ва ҳар не таажжубнинг жавобини излаш Аллоҳнинг ёдига бориб тақалаверади:
Бир барг ҳаёт жимгина битди,
Мангу кетди бир мўьжаз наво.
Аллоҳ, мени бунча титратди
Барг учганда уйғонган ҳаво?
Усмон Азим асарининг номи «Боғлар» эмас, «Тазарру боғлари». Боғларнинг ҳикматлари, фалсафаси лирик қаҳрамонга ғаройиб тазарру ҳиссиётини бағишлайди. Ҳар одам ўз умри билан даврлараро, авлодлараро кўприк мисолидир. Руҳиятидаги покланиш эса инсонга ортидаги хатоларини ҳислатади, янгичаликка қизғин ундайди. Идроклаш айёмида тазарру туйғуси тошқин келади:
Уриндим—асроринг еча олмадим,
Ҳар битта жилвангда минг сирли тугун.
Фақат, Тангрим, кечир, бандаларингдан
Эрку Озодликни кутганим учун ...
Қичқирдим—бўғзимда қотдилар унлар,
Кўз ёшларим оқди сув каби бетаъм.
Ахир, Тангрим, кечир, қоронғу тунлар
Бўзлаб, йўл сўрадим бандаларингдан...
Кечиртн кўйингда адашганимни,
Кечиргин кўйингда тинмаганим-чун,
Кечиргин эрк учун талошганимни
Ва эрк сенлигингни билмаганим-чун.
Тазарру хатокор ўтган кунларни қоралаб ташлаш, тушкунликка тушиб кетиш, ўша йўлларнинг фойда-сабоғини инкор этиш, ношукурлик-кўрнамаклик қилиш қабилида бўлмагандагина Аллоҳ учун марғуб ибодатдир. Ахир, инсон аввалда ҳам нафас олган, дунёнинг синовлиги ҳақида эшитган, товушли бўлган, кулган, йиғлаган, заминни кезган. Энди ҳаётда илоҳийликни кўтаринки идроклаётган экан, мурожаати ҳам беқусур, гўзал бўлмоғи зарур. Шукрона, тавба, илтижо бирлашиб намоён бўлса, ибодати ҳузурлидир. Усмон Азим буларни чиройли тушуниб, теран тазарру қилади:
Ҳамон тунлар тўлғайди наво,
Қовурғалар—чанқовуз танда.
Фақат ошиқ дилда уйғонди
Тазарруга бош эгкан банда.
Шафқат танни забт этди-олди,
Чоҳдан чиқди ҳамма сўзларим.
Менинг жисмим тамом йўқолди—
Ўткирлашди фақат кўзларим.
Кўнгилнинг тубларига кириб бораётганлар кўнгил қаърида ҳақиқатан, поклик зиё таратаётганини кучли завқ ила фаҳмлай боради. Ўша покизаликнинг ҳар заррасида тазаррулар инсонийликни вужудга келтиради. «Сен ўзингни таниганинг чоғ Жамолини кўрсатар Аллоҳ...» Иймони бақувватлашган сайин инсон «Қақ васлининг музаффар сели» келмоғи муқаррар эканини англаб яшайди. Кўнгил Эгасига яқинлашаверган сари баидаси бундан-да ҳушёрроқ уйғоқ бўлмоқликни тилайди: «Худойим! Тамоман уйқудан уйғот!»
Хиёл бўлсин, уйғонган дилга Аллоҳ файз, баракот ёғдира бошлайди. Бандаси ҳақ йўлда собит юрса, иймон ҳаловатига эришади. « Ҳақ айтган чоғ ҳақиқат сўзин» ўзликнинг дунё олдидаги масъуллиги ҳам ортади. Беҳуда соврилган умр лаҳзаларининг армони беижозат бостириб келаверади. Шунда «фақат тазарру матлуб». Шоир энди авж, жанговар пардалардан воз кечиб, сокин, вазмин куйлайди. Бу ҳолнинг навоси аслида Ватаннинг такдиридан айрича эмас:
Ярашмагай бежуръат итоб,
Занжирларни айлагил унут.
Нега ғуссанг бунча бешитоб,
Эй, етмиш йил хазон терган Юрт?
Ғамлар ичра ол эркин нафас,
Фақат ўзлик озод соҳилдир.
Эрк—азобдан кўчган ғазабмас,
Эрк—ғуссадан учган ақлдир...
Яратганни таниган кўнгил жаҳоннинг ҳар манзара, ҳар гўшасини, ҳар зарра, ҳар қатрасини ички маънисига кўра қайта идрок эта бошлайди. Севгини, шафқатни, савобни, оқибатни — ҳамма инсоний сифатларни янгидан кашф қилади:
Тан—жонимда,
Жон—танимда йўқ...
О, соғинчга тўлдим мен бунча!
Йўқ, Бойсунни соғинганим йўқ
Тангрим, сени танигунимча!
Табиатга доир асарни кўпинча завқлантирувчи пейзаж, руҳиятнинг у-бу қиррасини очувчи бадиий восита маъносида тушунишга ўрганган ўзбек шеърхонини Усмон Азим поэтик тафаккурнинг ҳали сайр қилинмаган боғларига, кезилмаган водийларига, янгича тароватли фаслларига бошлайди. Барча шеърларини боқий ҳақиқат, боқий тушунчалар — илоҳиёт хаёли, мушоҳадаси билан астойдил уйғунлаштириб юборади. Фазилатларга бой мазкур туркум ҳақидаги иншомиз шоир ижодий самарасининг баъзи нуқталари шарҳи, таассуротидир. Уни батафсил ўрганилса, баҳсга тортилса, тарғиб этилса арзийди.
Шеърда ибодат майли ҳамда дунёвий сергаклик уйғунлигининг ижод учун нақадар азалий ва абадий қонуниятлиги «Тазарру боғлари»нинг мухтасар таассуротиданоқ англашилади. Бу — ҳозирги аксарият шоирларнинг асарларида рангбаранг мавжлари, ютуқ-камчиликлари билан кўринаётган тетапоя тенденция. Истиқлол адабиётининг равнақидан кутилаётган бу жиҳатни махсус кузатмоқ, тадқиқ этиб бормоқ эҳтиёжи бор. Абдулла Ориповнинг шеърият нигоҳини илк бор асл ўзанига, диний негизига қаратишидан бошланган тўлиқ исломий оҳангдаги йўналиш эса мазкур умумий тенденцияга қараганда ўзбек ибодат шеъриятида етакчилик мавқеига эга. Бу соҳада бардавомлиликнииг мисоллари етарли.
Ҳадислар асосидаги қирқ шеърини Шукур Қурбон бармоқ вазнининг тўртлик жанрида ёзди. Зиммасидаги вазифанинг қийинлигини билди. Ҳадисларни «тўртликларга туширар эканман, шеърий мисраларимда ўз оҳор ва кучини кетказиб қўймасмикан, дея чўчийман» деб ёзади у. Ҳадисларга мурожаатда қаламиинг ожизлиги унга ҳам аён бўлади: шеърлари «бамисоли тоғнинг қаршисида чумолича» эмасдек туюлади, талай ҳадисларнинг «қошида лолу нотавон» қолади. Масъулиятни шу зайл идроклаган, ҳар ҳадисни бир тўртликда мужассамлашни ниятлаган шоирдан ярқироқ сўзлар, қофиялар ўзларини ожизона четга оладилар. Гап бўлаклари шоиргамас, мазмунга бўйсуниб, жой алмашишади. Бу ҳол таассуротни хиралаштирмайди. Шоир «аслият»дан олисламасликка, ҳақиқий моҳиятни бошқачароқ айтиб қўймасликка жуда интилади. Анчагина тўртликлари машҳур ҳадисларни равон муваффақият билан уқтиради:
35. Савоб, гуноҳи бор ҳар зумнинг,
Мўъминларга аён бу сўз мазмуни.
Мазлум қарғишидан қўрқ, парда бўлмас
Ўртасида Аллоҳ ҳамда мазлумнинг.
39. Биздан эмас — ирим қилган, ирим қилдирган,
Фолбин бўлган, фолбинлардан чора қидирган,
Биздан эмас — сеҳргарлар, сеҳргарларга
Ишонганлар: улар шайтон йўлига кирган.
40. Нега бу ғам-куйиш, нега сўнгсиз мунг?
Худо кўрсатган йўл— бандасига ўнг.
То имкон бор экан, айла истиғфор,
Тавба қабул бўлмас ғарғарадан сўнг.
Ўз туркумларини дастлаб А. Орипов «Эллик ҳадис», С. Саййид «Қирқ ҳадис» деб номлаган эди. Шукур Қурбон «Арбаъийн» атамасини қўллайди. Маъқул ва анаънавий. Айрим муҳаддисларнинг ҳадислардан қирқтасини алоҳида ажратиб китоб тасниф қилиш анаъаналари мавжуд бўлган. Улар китобларини «Арбаъийн» аташганлар. Арабчада бу калима «қирқ» маъносини англатади. Кейинчалик калимани қирқ ҳадисдан иборат тўплам, баъзида, умуман, ҳадис маъносида тушуниш оммавийлашган. Шундай нодир китоблардан бири аллома муҳаддис Абу Закариё ан-Нававийга тегишлидир ва ислом оламида машҳурдир. Ислом илмидаги худди шу анаъанадан арабий, форсий, туркий шеърият ҳамиша таъсирланган. Чунончи, Абдураҳмон Жомий, Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламлари заминида «Арбаъийн» рисоласини ёзган. Унда ҳадисларни айнан келтиради ва шеърий таржимада ифода этади. Навоий асари унинг туркийчасидир. Хуллас, илмий ва адабий изланишлардаги «арбаъийн» атамасида «ҳадис» деган сўз маъносига ишоратгина англашилади. Калиманинг «қирқ» —сон маъноси барибир ўзлигини сақлаб туради.
Маълумки, ҳадисларнинг кимдан, қачон марвий бўлганлиги, қандай шароитда айтилганлиги, сўзларнинг кетма-кетлигига, умуман, матннинг қатъийлиги, айнанлиги ва ўзгаришсизлигига ўта жиддий аҳамият бериб келинган. Хотираси сустроқ, зеҳни пастроқ кишиларнинг ривоят қилганлари саҳиҳ ҳадислар таркибига қабул қилинмаган. Ислом аҳли ҳадисларни сўзма-сўз ўрганган ва ёд олган. Бузиб талқин қилишга йўл қўйилмаган. Ваҳоланки, бу сингари фазилат-тақазоларнинг барчасини шеърда мукаммал қамраб олиб, сақлаб қолиб бўлмайди. Уларни атрофлича ўзида мужассамлай олган шеърнинг ҳам «ҳадис» мақомини ололмаслиги аниқ. Демакким, айни йўналишдаги шеърларимиз туркумини «ҳадис» деб атамоғимиз эриш, ғалати туюлади. Гўё шеърларнинг ҳадисликка даъвогарлигидек нохушроқ таассурот уйғотади, нокамтарликдек кўринади.
Шеърий ибодатга чоғланмоқнинг, ҳузурбахш натижага интилмоқнинг, санъат воситасида чинакам эътиқодга даъватламоқнинг ўзи — хайрли ибрат, савоб. Шу йўлдаги саҳвлар ҳақида сўз юритмоқдан мурод шулким, тўғри шеъриятнинг комиллиги масаласи ниҳоятда олий мақсаддир. Ибодат — сўзлару амалларнинг Аллоҳга маҳбуб бўлганлари. Банданинг икки дунёдаги даражасини, ҳақиқий ҳаёт-момотини белгиловчи бебаҳо талабнинг — маҳбуб сўз ва амалларнинг баркамоллиги учун ислом илмидангина адашилмай қувватланилади. Аллоҳнинг бандаларига нозил қилган Китоби Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз (с.а.в ) ҳадисларида таълим берилган барча солиҳ амаллар ибодат саналгайдир. Не саодатким, маҳбуб сўз ва амалларнинг ҳаммаси бекаму кўст Китоб ва Суннат орқали башариятга хабар берилган. Инчинун, ширклар сари оғиб кетмаган, турфа нобоп кўчаларда адашиб тентирамаган шеърият роҳат-ибодатдирки, унинг бу борадаги мақсад-аъмолини ҳам шу муқадл,ас манбалар ўргатади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шеър билан дуо қилганликлари, шеър айтганликлари, шеър эшитганликлари, шеъриятга муносабатлар билдирганликлари хусусида қатор ҳадислар бор. Шулардан бирида Расулуллоҳнинг «Ё Парвардигаро, ансорлар ва муҳожирларни солиҳ бандаларингдан қилғил!» деган дуолари ривоят қилинади. Бунда набий (с.а.в.) шундай байт ўқийдилар: «Охиратдан йўқ эрур ўзга ҳаёт ҳеч, мутлақо, Барча ансор, ҳижрат аҳлин айла солиҳ, раббано!»
Убай ибн Каъбдан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳнинг «Шеърда ҳикмат мавжуд» деганлари маълум қилинади. Яна бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган байтдан шеър зиммасида тургувчи ҳикматга доир талабни, ибодат даражасидаги шеъриятнинг вазифа-мезонини уқиб олмоғимиз мумкин:
«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда кетаётиб бир тошга қоқиниб кетиб эрдилар бармоқлари қонади. Шунда қуйидаги шеърни айтдилар», — дейдилар: «Қонини зое оқизган шунчаки бир бармоқсан, Тўкмадинг қонингни Аллоҳ йўлида бироқ сан!»
Исломиятда чексиз ҳамду саноларга лойиқ Зотни мадҳ этувчи, унинг Расули (с.а.в.) суннатларига ҳамоҳанг келувчи, ширкдан ва ботил нарсалардан асранувчи, солиҳ мўъминликнинг фазилатларини ёқловчи, Аллоҳ учун муҳаббатни куйловчи, Аллоҳ ҳузурида ҳузурли бўлган амалларга чорловчи, ҳақиқий эътиқодга даъват қилувчи шеърият қадрланади. Инсонларнинг тоатини, сабрини, илтимосини, тавба-тазаррусини,шукронасини, ҳалол меҳнатини, поклигини, саҳоватини муслимона муҳаббат - жиҳодини тараннум этган шеърият ибодат ҳисобланади. Шоирона умр эса бир жиҳатдан Аллоҳнинг даҳри ва замонида шоирнинг кўпчилик номидан шеърий эътироф они, бошқачароқ айтганда, ибодатнинг бадиий сўздаги синов — имкони.
Асрлар ўзбек адабиётининг дунёвий деб яратилган шеъриятидаги энг яхши намуналар айни ўлчовларга бардош бера олиши билан ҳар қайси иймонли ўзбекни фахрлантиради. Қолаверса, имконият дарвозалари очилиши биланоқ исломий ва дунёвий ҳисларнинг муштарак тараннуми баралла эшитилиб бошлагани эсимиздан чиққан эмас. Бу — сўз санъатимизнинг Янги даврга хос ва мос янги тарихи. Шу жараён бошланган дамлар маҳсули бўлмиш шеърлардан бирини хотирлайлик. Мирзо Кенжабекнинг «Юкинув» шеъридаги лирик қаҳрамон — тазарруга шошқин киришган, буюрилган йўлга кескин қадам қўйган, солиҳликни қаттиқ орзулаган, тавба, шукрона, ибодат каби тушунчалар уйғунлигини идроклаган, синов-ҳикматнинг беҳаду бетўхтамлигини сезган инсондир. Шеърнинг айниқса қуйидаги бандларида «кўзи очилган» ўзбек шеъриятининг ўнгланаётган эътиқоди англашилади:
Илоҳи, инсон-ку ўзи — коинот,
Денгизда долғалар, қалбда эҳтирос...
Ёмонликдан тортган изтиробим бот
Тавбам деб англасанг, кимда эътароз?!
Илоҳи, ҳар наки мангуликка эш,
Ҳар наки покликдан — сендан далолат,
Унга ҳайратимни сочсам куну кеч,
Шукронам деб қабул қилгайсен фақат!
Илоҳи, билгайсен вазиятимни,
Илоҳи, умидим қилмагайсен кул.
Ҳақ йўл деб чекан ҳар азиятимни
Ибодат ўрнида этгайсен қабул!..
Ҳақ диннинг кўрсатмалари, насиҳатлари нуқтаи назаридан қараганда бугунги кунларгача бўлган ўзбек шеърининг, мустабидлик қийинчиликларига қарамай, сезиларли ютуқларга эришгани дилларга таскин беради. Кейинги йиллар назмий тафаккурида рўй бераётган, қисман кузатиб ўтганимиз янгиланиш насимлари туфайли эса руҳимизга қувонч ва орзулар уфуриб турибди. Мустақиллик эркинликларидан бири сифатида юзага чиқаётган фасоҳат ва балоғат ўзгаришларини шоирларнинг ўзлари мамнуният ила эътароф этаётирлар. Усмон Азимнинг ушбу мисрлари озод, обод, ҳақли-ҳуқуқли жамият учун мардона интилаётган Ватан шеъриятининг масрур қаноатию шукронасидир эҳтимол:
Юлдузларни борар оқизиб,
Бошим узра йўловчи дунё...
Ўтмоқ нега, ахир, гард бўлиб,
Мен, ахир, дард бўлмоқчиман, о!
Хабар бергин, кўнглим, фалакка —
Мен янгича яшай бошладим:
Ёқамгамас, қара, юракка
Сизиб тушар аччиқ ёшларим...
1998 йил.