Дунёдаги барча миллат ва элатларнинг ўзаро алоқалари инсониятнинг ўзи каби қадимий, моддий-маънавий омилларининг ўзи сингари серқиррадир. Бу диалектик тараққиёт тарихининг ибтидосига қанчалик чуқур назар ташланса, жаҳон халқларининг такдирдошлиги, ҳамқадамлиги, бир-бири учун масъулияти шунчалик равшанроқ сезила боради. Айни чоқда муайян ижтимоий тараққиёт палласидаги халқларнинг истиқболга йўналтирилган мақсад, интилишларида худди шундай чамбарчас боғлиқликларни ҳис этмаслик мумкин эмас.
Дини, тили, урфи, дунёқараши яқин миллатларда маданий-маънавий муносабатлар мароми янада жипслироқ, кўтаринки па кўламлироқ кечган. Халқаро алоқанинг беҳад жозибадор шаклларидан бири бўлган ўзаро адабий таъсирланиш мисолида х,ам ҳамиша турфа ҳолат-ҳодисаларни, долзарб вазифа-муаммоларни кузатмоқ мумкин.
Чунончи, туркий халқларнинг сўз санъати сарчашмалари ягоналиги ва бирлиги билан характерланади. Ҳатто турли ижтимоий ўзгаришлар, алоҳидалашиш даврларида ҳам муштарак адабий анъаналар устуворлик ва давомийлик моҳиятини йўқотмаган. Табиийки, бу эзгу ҳол халқларнинг иймон-эътиқод йўсини, турмуш-муҳит тарзи ҳамоҳанглиги билан изоҳланади. Тараққиётнинг шундай ажиб қонунияти боис узоқ мозийдан отиб келган қатор-қатор битиглар, бадиий намуналар умумтуркий обидалар саналади. Шундай табиий тарихий жараён боис бугунги ўзбек, қозоқ, уйғур, қирғиз, турк, туркман, қорақалпоқ ва бошқа миллатлар ўтмишдаги ўнлаб алломалари ижодларидан бирдек ифтихор ҳиссини туядилар. Уларнинг асарлари руҳида ардоқли миллий қадриятлар тараннумини ва умуминсоний ғоялар тажассумини кўрадилар.
Ҳазрати Навоий «Лисон ут-тайр» достонидаги фахрия байтида «Турк назмида чу тортиб мен алам Айладим ул мамлакатни якқалам» дер экан, «мамлакат» калимаси орқали туркийлар яшайдиган барча диёрларни назарда тутади. Асарларига «Етти иқлим элин» эҳтиёжманд бўлмоғини орзулайди («Сабъаи сайёр» достони). Халқ турмушидаги эзгу миллий қадриятлар каби муайян адабий қадриятларнинг умумбашарий туйғуларга уйғунлик касб этгандагина улуғвор бўлишини шоирнинг лирик қаҳрамони чуқур англайди. «Лайли ва Мажнун» достонининг хотимасида шундай мисралар бор:
Мен туркча бошлабон ривоят
Қилдим бу фасонани ҳикоят,
Ким шуҳрати чун жаҳонга тўлғай,
Турк элига доғи баҳра бўлғай...
Тор ва маҳдуд маҳаллийчилик, уруғчилик қобиғида яшамоқ хавфини Шарқ мутафаккирлари, бинобарин, туркигўй адиблар барча асрларда қоралаб келганлар. Халқни яхши ниятлар ила уюшмоққа, жаҳон миқёсига чиқмоққа даъват этганлар. XVII аср шоири Турди Фароғий ғазалининг қуйидаги машҳур байтлари ўз ғояларига кўра ҳамон ибратли:
Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бори ўзбек юртидур, тенглик қилинг.
Бирни қипчоғу хитою, бирни юз, найман деманг,
Қирқу юз, минг сон бўлиб бир жон ойинлик қилинг...
Ким қўйибдур ухдайи ўз мулкунгаздин чиқмайин,
Икки, уч, тўрт даъвосин этмоқни кўтаҳлик қилинг.
Минтақанинг бепоён ҳудудларида уруғ-аймоқлар сифатида хоҳ пароканда, хоҳ марказлашган ҳолда яшаса-да, мудом маънавий бирдамликка интилган туркийларнинг ўзга эл-элатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилиб келганлиги улар тарихининг ёрқин йўналишидир. Бу фазилат адабий алоқалар борасида ҳам ранг-баранг тамойиллари билан намоён бўлган. Қон-қардошлик, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик-ҳамнафаслик, она-сайёра узра барча халқларнинг якдиллиги ва бахтиёрлигини юксак мудлдо даражасига кўтариш — туркий сўз санъатининг жиддий ғоявий-эстетик хусусиятларидан. Чунончи, Навоийнинг «Хамса»сига мансуб «Садди Искандарий» ҳамда «Фарҳод ва Ширин» достонларида эл-юртлар ҳамдўстлиги ғояси ўша замон ўзбек халқининг идеалларини кўтаринки савияда ифода қилган эди. Шоир Садди Искандарийга — адолатли подшоҳ Искандар қурдирган деворга катта рамзий, ҳаётий-фалсафий маъно юклайди. Бу девор — ёмонликнинг ҳужумини тўсувчи, осойишталик истаган халқларни паноҳида асровчи девор. Уни дунёнинг турли бурчакларидан келганлар: Европа, Франция, Рум, Шом, Хитой, Рус мамлакатининг вакиллари қурадилар. «Фарҳод ва Ширин» асарида эл-улуслар муштараклиги руҳи хитойлик йигитнинг, армани қизнинг, уларга садоқатли эронлик дўстнинг хаёллари, орзулари, муносабатлари, саъй-ҳаракатлари мантиқий негизини белгилайди.
Талай туркигўй истеъдод соҳибларининг зуллисонайн бўлганликлари, араб, форс, юнон юртлари адабиётларидан юқори баҳрамандлик мавқелари, таржима мактабларини яратганликлари, ўз ўрнида туркий ижодларининг бошқа миллатлар маънавиятида эҳтиром уйғотиб келганлиги қадим адабий алоқаларнинг ғоят кенг кўламли бўлганлигидан далолат беради.
Йигирманчи асрнинг ижтимоий-сиёсий тараққиёти халқларимиз турмуш тарзида нечоғлик мураккаб ўзгаришлар вужудга келтирган бўлмасин, нечоғлик жуғрофий бўлинишлар, ночоғлик тоталитар мафкура жорий этган бўлмасин, миллат-элатлар такдирида ижобий қадриятлари билан ҳам из қолдирди. Зотан, «Ҳар тўкисда бир айб» деганларидек, баъзан номақбул ҳодисотда ҳам бир ҳикмат, сабоқ ёхуд ўгит мавжуд бўлади. Хусусан, туркий ва қардош халқларнииг адабиёти, санъатига янгича адабий тур ҳамда жанрларнинг кириб келиши, Европа маданиятининг илғор тамойиллари билан яқиндан танишиш, таржимачилик миқёсларининг кенгайиши, маданий-маънавий алоқа ва таъсирларнинг кучайиши мазкур аср тараққиётининг муҳим белгиларидандир.
Собиқ иттифоқ адабиётида катта мамлакат таркибига кирган ҳамма миллатлар сўз санъати учун бирдек дахлдор умумий қоидаларнинг ҳукмронлик қилгани сир эмас. Октябр тўнтариши арафаси ва ундан кейинги янгича адабиётнинг салмоқдор йўналишини бу халқларда шубҳасиз пролетар адабиёти ташкил этган эдй. 30-йилларнинг иккинчи ярмидан то улкан мамлакатнинг парчаланиб кетишига қадар бўлган вақт мобайнида эса уни социалистик реализм адабиёти дея аташ расм бўлди. Бироқ XIX аср охирлари ва XX асрнинг дастлабки ўн йилликларида ўзгача реалистик тасвирга, фош этувчи ва танқидий талқинга асосланган адабий ҳаракатларнинг, йўналишларнинг бўлганлиги ҳам аён. Кўп ҳолларда бу адабий йўналиш намояндалари мавжуд ижтимоий-сиёсий тузумнинг ниқобларини ечмоққа интилишди, иллатларни — қабоҳат, истибдод, ғофилликни қоралашди. Тузумни тузатишнинг йўлларини ҳақли равишда илму маърифатдан, халқаро миқёсларга эзгулик билан чиқишдан, миллий эрк ва ҳуқуқни камол топтиришдан, миллий сергаклик ва уйғоқлик ғояларидан излашди.
Собиқ тузум халқлари адабий жараёнида ягона ҳукмрон йўл-йўриқларга бўйсуниш изчил ва қатъий давом этган. Шунингдек, муайян адабий йўналиш ҳамда ҳодисанинг таъсирчанлик доираси деярли барча адабиётларни қамраб олиш имкониятига эга бўлган. Юқорида таъкидлаганимиз шартли белгиланган икки йўналишни ўзбек адабиётидагина эмас, рус, озар, грузин, қозоқ, қирғиз, туркман, украин, татар ва бошқа адабиётларда қузатмоқ мумкин.
Аммо яқин мураккаб кечмишимизнинг адабий ҳаётига буғдай қарашлардан муадао адибларни қатъиян икки ёки уч тоифага ажратиб ташлаш, қайсиларинидир ибрат қилиш ёки инкор этиш эмас. Шу маънода адабиётни даврлаштириш ҳам ҳамиша нисбий ва шартли эканлигини унутмаслик керак. Мақсад шундаки, тарихдан қандай эзгу сабоқлар, анъаналар, қадриятлар қолганлигини чуқур фаҳмламоққа интилиш жоиз. Шундагина улар тажрибаси имкониятлари беқиёс бўлган истиқбол адабиёти тараққийси учун қўл келади. Бу эндиги замон адабий жараёни муаммоларини ечишга ҳам ёрдам беради.
Шубҳасиз, бугунги бадиий сўз эркинлигини, адабий-назарий қарашларни, поэтик тафаккурни, ижодий имкониятлар кўламини кечаги кун аҳволоти билан тенглаштириб бўлмайди. Биргина ҳозирги ўзбек адабиёти мисолида истиқлол даврининг нақадар ўзгаришларга бой кечаётганлигини англамоқ қийин эмас. Эркин ва мустақил Ватан адабиётидаги ўзгаришлар, ўнгланишлар, янгиланишлар силсиласи айни чоқда янги-янги вазифа-муаммоларни кун тартибига қўймоқда. Булар ҳам кечаги тарих тажриба мактабидан керакли сабоқлар олмоқни, халқона қадриятлар моҳиятларини чуқур идроклашни, ижтимоий тараққиёт қонуниятларидан етарли бохабар бўлишни тақозо қилади. Бугунги адабиёт миллий заминнинг қадриятларига садоқатни ва собитликни қанчалик талаб этса, умумжаҳон адабий тафаккуридан баҳрамандликни ва жаҳон тараққиёти масалаларига боғланишни шунчалик талаб этади.
Истиқлол йиллари адабиётида рўй бераётган умидбахш тамойиллар нималардан иборат? Ўтмишнинг қайси адабий қадриятлари сақланиши, янгича шаклларда давом этмоғи зарур? Миллий ҳаёт қадриятлари ҳозирги замон адабиётида қандай акс этаётир? Адабиётимиз ижтимоий тараққиётнинг «ўтиш» даври суронларига нечоғлик «бардош» бераётибди? Адабий алоқаларнинг энди қай кўринишларда бўлгани мақбул? Қандай адабий таъсирлар миллий адабиётда ўзини оқлаши мумкин?...
Ҳозирги адабий жараённинг бу каби ўйлантирувчи масалалари кўп. Уларнинг ҳеч бирига лоқайд қараб бўлмайди. Қар қайси муаммо ёхуд масаланинг адашилмай тўғри, оқилона ҳал этилишигина мустақил миллий мафкурага самара келтиради. Истиқлол маънавий оламини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Янги давр адабиётга ҳар жиҳатдан имконлар яратди. Адабиётда реалистик тасвир чуқурлашди. Маддоҳлик ва зўрма-чўраки оҳанглар барҳам топди. Классик адабиётдаги қадимий анъаналарга мурожаат кучайди. Мумтоз бадиий намуналар нашри кенгроқ йўлга қўйилди. Қатағон қилинган адиблар асарлари чоп этилди, уларнинг тадқиқи ва тарғибига киришилди. Шунга ўхшаш хайрли натижалар миллий сўз санъатининг янгича ижтимоий тараққиётга муносиб юксала олажагига умид уйғотади. Аммо булардан, адабиётимиз мустабид тузум шароитидаги ҳамма ғоявий-эстетик орзуларини рўёбга чиқара олди, деган хулоса пайдо бўлмайди.
Мустақиллик шарофати туфайли юзага келаётган янгиликлар, кўзга ташланаётган бадиий тафаккурнинг янгича уфқлари кўнгилларни қувонтиради, албатта. Лекин адабий ҳаётда жуда долзарб вазифалар ва муаммолар бор. Бизнингча, улардан энг муҳимларини айрича таъкидлаш зарур:
1. Истиқлол йиллари миллий адабиётимиз ўзгаришларини ижтимоий тараққиёт хусусиятлари замирида илмий-назарий жиҳатдан ўрганиб чиқиш. Мамлакат миқёсида муайян анжуманлар ташкил этиб, адабиёт ва санъатнинг мустақиллик шароитидаги ривожини таҳлил этиш, долзарб ва умумий вазифаларни белгилаб олиш.
2. Ўзбек адабиёти ва санъатининг истиқлол даври тараққиёт хусусиятларига ҳамда ранг-баранг масалаларига адабиётшунослик, адабий танқид, санъатшунослик, фалсафа, педагогика илмлари диққатини чуқурроқ жалб этмоқ жоиз. Давр афзалликларини, миллий қадриятлар тикланишини, маънавият ва эътиқод туйғусининг етакчи мавқега кўтарилишини адабий ва назарий қарашлардаги янгиланишни, ҳаёт ҳақиқати билан бадиий тасвир мутаносиблиги даражаси ва ҳоказоларни тадқиқ этиш.
3. Ўзбекистонда жаҳондаги турли халқларнинг адабиётини ўрганиш ва маълум даражада тадқиқ қилиш жараёнини йўлга қўйиш. Жумладан, келгусида Жаҳон адабиёти институти очиш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Бу даргоҳад муайян йўналишлар асосида таҳсил ва тадқиқот ишларини амалга ошириш мумкин. Чунончи, унда туркий халқлар, араб халқлари, Европа халқлари, Америка халқлари адабиётлари каби бўлимлар фаолият кўрсатиши мумкин. Шу асосда жаҳон адабиётининг муносиб ва ибратли ҳодисаларини, анъаналари, бадиий намуналарини кўрсатиб бориш имкони вужудга келади.
4. Муайян институт (масалан, Жаҳон адабиёти) ёхуд Ёзувчилар уюшмаси таркибида адабий таржимонлар тайёрлаш таҳсилгоҳини ва уларнинг иттифоқини ташкил этиш керак. Шарқона эътиқод ва шарқона маънавият тараққийсига кўмак берадиган бадиий ижод намуналарининг сифатли таржималарини уларнинг ўз аслиятидан амалга ошириш тажрибасини шакллантириш зарур.
5. Собиқ итгифоқ таркибида яшаб келиб, эндиликда мустақил давлатларга айланган қардош ва яқин халқлар билан адабий, маданий алоқаларни янгича усулларда тикламоқ, ўзаро адабиёт ва санъат кунлари, ҳафталикларини уюштириб бориш, бундай алоқаларни бошқа узоқ хорижий мамлакатлар маданияти билан ҳам ривожлантириб бормоқ мумкин.
6. Ўзбекистон адабиёти ва санъатининг энг ёрқин асарлари билан дунё халқларини таништириш мақсадига мувофиқ келадиган тадбирларни ишлаб чиқиш. Шу маънода муайян хорижий адабиётшунослик ва ўзбек адабиётшунослигига ихтисослашган мутахассисларни Ўзбекистонда, шунингдек, турли чет мамлакатларда тайёрлашни режалаштириш даркор.
7. Китобларни нашр этиш, таржима қилиш, китоб савдосини йўлга қўйишда халқнинг эътиқод, иймон, маънавият, дунёқараш тарзларини бош нуқтаи назар даражасига кўтариш керак. Адабиёт ва санъат, маданият ва маърифат, мактаб ва маориф масканлари, муассасалари, марказлари тарғибот-ташвиқот жараёнларида авлодларнинг миллий қадриятлар руҳида, умуминсоний эзгуликлар руҳида камол топишларига ёрдам берадиган асарларгагина таянишлари, ёшларни чалғитувчи, бузувчи, адаштирувчи манбалардан уларни сақлашлари ҳам зарурдир. Бунда эстетик ва ахлоқий сергаклик, ҳушёрлик, талабчанлик муҳим.
8. Ўзбек адабиётида энди яратилиб, нашр этилажак асарларнинг муайян муҳокама қоидаларини ишлаб чиқмоқ ва шу анъанани адабий жараёнда доимо давом эттирмоқ фойдалидир. Негаки маънавий комиллашишга манфаат келтирмайдиган, ғоявий-бадиий савияси ўта саёз бўлган, чинакам шеърият, наср, драматургия ҳақидаги тасаввурларни қолоқлаштирадиган китобларнинг босилиб чиқаётганлиги сир эмас. Кейинги йилларда турли «асар»ларнинг серхато ва сифатсиз чоп этилаётган ҳоллари ҳам тез-тез учраб туради. Хусусан, вилоятларда амалга оширилаётган нашр жараёнларига масъулиятни ошириш зарур кўринади.
Мустақиллик ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ва фавқулодда ўзгаришларга сабаб бўлди. Ижтимоий тараққиётимизнинг бу улуғвор даври ҳар соҳада ўз миқдор ва сифат янгиликларини талаб этаётир. Истиқлол деган муборак неъмат тарих сабоқларини унутмасликни, узоқ-яқин ўтмишнинг бой тажрибаларидан, самарали қадриятлар ва анъаналаридаи фойдаланишни, умумбашарий манфаатларни назардан қочирмасликни, миллий ўзига хосликни йўқотмай ва шу асосда жаҳоний миқёсларда ўзлигини намойиш этишни тақозо қилади.
Ҳозирги замон ўзбек адабиётида ижтимоий тараққиёт қонуниятларини теран ҳис этмоқ, мамлакат маънавий мавқеини юксалтиришга баркамол бадиий намуналар яратиш билан ҳисса қўшмоқ ҳаракати йўқ эмас. Миллий адабиётдаги бу янгиланишни, ўнгланишни, теранлашишни камол топтириш лозим. Сўз санъати ҳамиша ҳам новаторликнинг хилма-хил кўринишларини зарурият қилиб қўяди. Бу эса ҳеч қачон мавжуд анъаналардан воз кечиш ёки четлашиш ҳисобига рўй берадиган адабий ҳодиса эмас. Аксинча, давомий адабий қадриятлар, тажрибалар доимо халқ турмуш тарзига чамбарчас боғлиқ бўлганликлари боис яшовчандирлар ва адабий новаторликнинг пойдеворларидир.
Кейинги йиллар шеъриятимиз ва насримиздаги баъзи ибратли йўналишларни эслайлик. Мустақиллик ижтимоий ҳаётда халққа эътиқод эркинлигини берди. Исломий амаллар ижросига ташна кишилар бемалол ибодат қиладиган бўлди. Исломий китоблар, Қуръони Карим, ҳадислар нашр этилди. Асрлар мобайнида бош фазилатларидан бири худди шу эътиқод саналган шеърият XX асрда мажбуран даҳрийлаштирила борган эди. Қатор қардош халқлар поэзияси сингари унда ҳам маддоҳлик, ёлғон ёзиш, доҳийларни улуғлаш авж олган эди.
Янги ҳаётдаги ҳаётбахш насим шеъриятнинг боғларида ҳам эса бошлади. Бевосита чин эътиқодга дахлдор шеърият пайдо бўлди. Шоир Абдулла Орипов мавзуга биринчилардан бўлиб қўл урди. Унинг «Ҳаж дафтари» туркуми шеърхонлар томонидан қизғин қарши олинди. Шундан сўнг Сирожиддин Саййид, Шукур Қурбон, Мирзо Кенжабек, Усмон Азим сингари ўнлаб шоирларнинг туркум шеърлари чикди. Деярли барча шоирларнинг дунёвий мавзулардаги шеърларида ҳам илоҳиёт хаёлининг, исломий иймон ифодасининг намоён бўлиши, аслида, истиқлол имкониятлари туфайлидир. Шеъриятнинг янги даврда ўз қадим анъаналарига қайтиши қозоқ, қирғиз, туркман адабиётларида ҳам кўзга ташланаётир.
Кўринадики, мазкур тенденция қадимий илдизига эга, ҳаётий-қонуний асосларга молик. Ижтимоий тараққиётнинг янги босқичи унинг ривожига эркинлик бахш этди. Шундай экан, маънавиятнинг муҳим қирраларини бойитишга йўналтирилган шу зайлдаги ижобий ҳодисаларни адабий алоқалар негизида кузатиш, уларнинг ютуқ, камчиликларини таҳлил қилиш ҳар жиҳатдан фойдалидир.
Бир вақтлар кўпмиллатли, аммо ягона саналган, ижодлари ўз тилларида яратилган адабиётларнинг мажбуриятлари, хато ва муваффақият йўналишлари ҳам бир-бирига ҳамоҳанг эди. Энди уларда хусусий тараққиёт қирраларининг кўпроқ кўзга ташланиши табиий. Халқлар дўстлиги, интернационализм деган тушунчаларга собиқ жамиятда сиёсий тус берилган. Бу ғоялар, умуммаънавият кўпинча миллий хослик заминидан айрича ҳолат-ҳодиса сифатида қаралган. Ваҳоланки, муштараклик туйғуси ҳар бир халкда табиий равишда мавжуд ва у ҳар миллатнинг ўзига хос маънавият тарзидан туриб кўриниш беради. Бу ғояларни ҳозир турли халқлар шеъриятида ҳам кузатиш мумкин. Адабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш шу жиҳатдан ҳам тажриба алмашишга, қардошликни чуқурлаштиришга, халқлар маънавиятларини ҳамжиҳатликда бойитишга олиб келади, Ижтимоий тараққиётдаш сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорликларга ҳисса бўлиб қўшилади.
Истиқлол адабиётининг яна бир муҳим ўзгариши реалистик тасвир масаласида кўзга ташланади. 80-йилларда жамиятнинг инқирози, турғунлига, иллатларга бойлишни фош этувчи кўплаб бадиий намуналар пайдо бўлган, адабий жараёнда уларнинг кўпчилига сезиларли из қолдирган эди. Валентин Распутиннинг «Ёнғин» қиссаси (рус), Тиркиш Жумагелдиевнинг «Қочиш» романи (туркман), Оғамали Содиқнинг «Бошсиз» ҳикояси (озарбайжон) ва бошқалар шулар жумласидан. Улардаги фош эташ руҳи ҳаётни ҳаққоний манзараларда кўрсатиш борасидага аввалга тасаввурларни анчайин ўзгартаришга ёрдам берган эди. Албатга, мустақиллик ва истиқлолга эришмоқ мавжуд барча иллатлардан бирданига халос бўлмоқни англатмайди. Шу сабабли адабиёт зиммасидага фош этувчи реалистак талқин талаби ҳам осонликча сокин тасвирга ўз ўрнини бўшатиб бермаслига мумкин.
Ўзбек адиби Тоҳир Малик «Шайтанат» номли уч китобли қиссасида маҳфия мавзусини кенг кўламда, полифоник тарзда ёритади. Ўнлаб қаҳрамонлар характерларини чуқур драматизм, психоанализ, коллизиялар асосида тасвирлайди. Сюжетни кенг тармоқли, кескин ва зиддияти ўткир воқеалар асосига қуради. Ёзувчи барча ҳолат-ҳодисаларни, қаҳрамонларнинг маънавий оламини, дунёқараш тарзларини исломий эътиқод нуқтаи назари билан кузатади. Асар пафоси фалсафийлига, жозибадорлига билан диққатни тортади. Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романи эса ўзбек халқининг XX асрда бошидан кечирган муҳим воқеаларини ўзига хос бир услубда баён қилади. Унинг мантағидан мудҳиш йиллар билан истақлол даври қиёси табиий йўсинда зеҳнимизга ўрнашади.
Эркин ижод ва фикрлаш, эркин ёзиш ва бадиий ҳукм чиқаришнинг бундай имкониятлари социалистик реализм адабиётида бўлган эмас. Шунинг учун қатор-қатор асарларда реалистик тасвирнинг бирёқламалигига, чекланганлигига дуч келамиз. Шу боис детектив иаср тараққиётига йўл берилмаган. Искандар Қаландаровнинг «Шохидамас, баргида» (1962) сингари кескин сюжетли детектив асари ёлғонларни ифодалаш деб қораланган. Эндиликда ўзбек миллий детективи тўла шаклланган адабий йўналишдир. Китобхонларнинг ва адабий жамоатчиликнинг унга маънавий эҳтиёжи ҳамда қизиқишлари катта.
Янги давр бадиий асарларида миллий характер ва миллий воқелик талқини орқали умуминсоний ғояларни изҳор этишга интилиш равшан сезилади. Инсон омили, яшамоқнинг чинакам моҳияти, дунёни фалсафий теранлик билан идрок қилиш, ҳеч бир одам ва миллатнинг Она-замин ва бутун инсоният муаммоларидан мосуво эмаслиги каби ғояларни куйлашга мойиллик кучайган. Хусусан, шоирлар бу ҳолатларни истиқлол имкониятлари сифатида ҳақли эътироф этаётирлар. Шоир Усмон Азим шундай ёзади:
Юлдузларни борар оқизиб
Бошим узра йўловчи дунё...
Ўтмоқ нега, ахир, гард бўлиб,
Мен, ахир, дард бўлмоқчиман, о!
Хабар бергин, кўнглим, фалакка —
Мен янгича яшай бошладим:
Ёқамгамас, қара, юракка
Сизиб тушар аччиқ ёшларим...
Тарихнинг аччиқ изтироб-сабоқларини эсдан чиқармай, ўз руҳида оламшумул дардларни, янгича шижоатни ҳис этмоқ, айни ҳолатни халқнинг янгича яшай бошлаш жараёни билан уйғунликда ифода қилмоқ саодати ҳозирги адабиёт вакилларигагина насиб бўлган бахтдир. Озод ва обод, ҳақли ва ҳуқукди жамият учун, инсон манфаатлари ва фаровонлиги учун интилаётган Ватан адабиётининг қаноати-шукронаси айни чокда ўзбек халқининг қалб садосидир.
Халқлар ижтимоий тараққиёт тарихининг ҳар қандай даврида моддий иқтисодий ҳамкорлик ва ибратланишлар талаб қилингани каби маънавий, маърифий, маданий алоқалар ҳам мудом қонуний эҳтиёждир. Зотан, асоси миллий борлиқ ва миллий онгга тақалган чинакам адабий қадриятларнинг юксаклиги уларга ўзга халқларнинг рағбат ҳамда муҳаббат мавқелари билан белгиланади. Шундай экан, истиқлол шахдам одимлаётган кезларда миллий адабий қадриятлар ва уларнинг жаҳоний миқёсларга интилиши табиий бир ҳолдир. Улуғвор вазифа ва муаммоларнинг ҳал этила бориши эса ўз-ўзидан авлодларни маънавий баркамоллик сари бошлайди.
Тоҳир Шермуродов
«Мустақиллик ва ижтимоий тараққиёт». Илмий ишлар тўплами. Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёти, 1997 йил.