БАДИИЙ ТУҚИМА - бадиий асарнинг энг муҳим шартларидан бири. Ижодкор бадиий асар яратар экан, ўз ғоявий-бадиий мақсадини амалга оширишга ёрдам берадиган воқеа-ҳодисаларни саралайди. Ҳаётда рўй берган ёки рўй бераётган ҳодисалар ҳамиша ҳам муаллиф мақсад-ғояспга тўлалигича мос келавермагач, адиб бадиий тўқимага мурожаат қилишига тўғри келади. Ёзувчи асар орқали ўртага ташламоқчи бўлган фикрга, асар ғоясини юзага чиқаришга хизмат қиладиган воқеа ва тимсолларни ижодий хаёл воситасида тўқиши, ўйлаб тоииши лозим бўлади. Демак, бадиий асарнинг аксарият қисми ёзувчи ижодий хаёли - бадиий тўқима самараси ҳисобланади. Ҳаётий факт ва ижодий хаёл маҳсули бўлмиш бадиий тўқима адабий асар негизидир. Бадиий тўқима тарихий шахслар ва воқеаларга бағишланган асарларда ҳам етакчи ўрин эгаллайди. Чунки муаллиф бўлиб ўтган воқеалар моҳиятини тарихий маълумотлар орқали англаб ва ҳис қилиб, уларни жонлантиради. Бунинг учун тарихий воқеа тафсилотларини ижодий-хаёлий тасаввур воситасида тўқийди, уларга муайянлик бахш этади.