БАДИИЙ ТАРЖИМА - инсон ижодий фаолиятининг мураккаб шакли бўлиб, бир тилда яратилган бадиий асарни унинг шакл ва мазмун бирлигини, кўркамлигини таъминловчи барча компонентларини сақлаган ҳолда иккинчи тил воситалари асосида қайта яратишдан иборат мураккаб ижодий жараён.
Бадиий таржима миллий адабиётлар тараққиётига, халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик маифаатларига, маданий ва адабий алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, мазкур жараён самараси бўлмиш юзага келган асар ҳам «бадиий таржима», «таржима» истилоҳлари орқали ифода этилади. Бунда аслиятнинг ўгирмаси бўлмиш иккиламчи матн назарда тутилади.