БАДИИЙ СЎЗ УСТАСИ - бадиий асар: шеър, наср ва драматик матн ёки улардан олинган парчани эстрада, цирк, филармония саҳнасида, телекўрсатув ёки радио орқали ифодали ўқиб, тингловчига ифодали ҳамда таъсирли қилиб етказувчи ижрочи шахс. Бадиий сўз устаси ўзининг ширали ва товланувчан овози, ифода услуби, талаффузининг ёрқинлиги, ижро маҳорати, асосий фикрни англатувчи сўзларни урғу билан, адабий ва бадиий тил меъёрлари асосида талаффуз этиши каби фазилатлари билан тингловчини ўзига жалб этади, уларга эстетик завқ бахш этади. Қадимда халқ оғзаки ижоди намуналари бўлмиш достон, қисса ва ривоятларни халқ сайллари, тўй-йиғинларда омма орасида ўқиб юрувчи қиссахон ва бахшиларни ҳам бадиий сўз устаси дейиш мумкин. Чунки улар бадиий асар намуналарини турли муспқа асбоблари жўрлигида куйлаш билан чекланиб қолмасдан, муайян шароит, тингловчилар аудиторияси тақозосига кўра бадиий ўқиш билан ҳам шуғулланишган.
Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, бугунги кунда бадиий-эстетик тафаккури ва маданияти ривожланган мамлакатларда бадиий асарни омма орасида ифодали ўқиш санъат даражасига кўтарилгандир.