АШТАР — (арабча — айбли иш килган) мафоийлун (V---) солим рукнининг «шатар» (айбли иш қилиш) зиҳофига йўлиқиши оқибатида пайдо бўлган тармоқ рукн (чизмаси: — V —; ўқилиши «фоилун»). «Аштар» тармоқ рукни мумтоз шеъриятда ғазал, рубоий, қасида ва қитъа вазнлари таркибида учрайди. Масалан:
Фас-ли нав- / ба-хо-р ўл-ди / ке-ти-бон / зи-мис-тон-лар,
— V — / V — — — / — V — / V — — —
Дўс-т-лар, / ға-ни-мат-дур, / сай-р э-тинг / гу-лис-тон-лар.
— V — / V — — — / — V — / V — — —
Фурқат ғазалидан олинган ушбу байтнинг садр, ибтидоъ ва иккинчи хашвлари «фоилун», яъни «мафоийлун»нинг «аштар» тармоғидан иборатлиги туфайли унинг вазни ҳазажи мусаммани аштари солим деб аталади.