АССОНАНС — (французча — оҳангдошлик, уйғунлик) роман халқлари шеъриятида кенг тарқалган фақат урғу тушадиган унлилар охангдошлигига асосланадиган қофия тури. Ассонанс ўз ўрнига кўра икки хилга ажратилади:
1) мисра охирида хамоханглик хосил қилувчи ассонанслар:
Ишқинг билан ўртанар кўнгил,
Сеҳрлисан эрка ватаним.
Шоирингни — фиғонли булбул,
Бўстонингни гул деб атадим. (Аскар Ҳосимов)
2) шеър мисраси ичидаги урғули унлилар такрорига асосланган хамоханглик. Мазкур оҳангдошлик ички ассонанс дейилади. Масалан:
Асабга сўз берманг, одамлар,
Ғазабга йўл берманг, одамлар.
Умр-ку шунчалар қисқадир,
Шуни хам қилмаймиз биз қадр.
Асабга сўз берманг, одамлар,
Азобга йўл берманг, одамлар! (Э.Вохидов)
Шеършуносликда оч ёки нотўлиқ қофия деб юритиладиган ассонанслар шеъриятда қофия имкониятини кенгайтирди. Ўзбек шеъриятида хар икки ассонанснинг гўзал намуналари Ойбек, Ҳ.Олимжон, А.Орипов, Р.Парфи, У.Азим, Ҳ.Даврон ва М.Абдулҳаким каби шоирлар асарларида кўплаб учрайди.