АСКИЯ — (арабча — акл, зехн) ўзбек халқ оғзаки ижоди жанри. Икки ёки ундан ортиқ кишиларнинг халқ йиғинларида муайян мавзу бўйича бадиий сўзда тортишуви. Тарафлар баъзан даврада, баъзан сахнада ёнма-ён ёки қарама-қарши туришиб, рақиб томондан берилган саволга тез, лўнда, кулгили, латиф, аксарият холда қарши томонни «чув туширувчи», мот қилувчи жавоб беришга харакат қиладилар. Жавоб беришда қайси тараф мавзу доирасидан четга чиқса, сўз танлашда хатога йўл қўйса ёки зарур ибора, сўз излаб тўхтаб қолса, ўша томон ют-қазган саналади. Томошабинлар ўз кулгиси ва эхтиросли қийқириқлари билан тарафларнинг жавобларига бахо бериб боришади; мазмундор, серқочирим аскиялардан завқланишади, мазмунан саёз, қўпол аскиядан ранжишади. Аскиянинг таъсирли, серзавқ ва кулгили чиқишида аскиябозларнинг хозиржавоблик, бадихагўйлик, мавзуга алоқадор чуқур билимга эга бўлиш, юз, кўз, тана харакатларидан, товуш имкониятларидан фойдалана билиш қобилиятлари хам муайян вазифа бажаради. Аскиянинг пайров, қофия, радиф, ўхшатдим, бўласизми, «Гулмисиз, райхонмисиз, жамбилмисиз», ширинкорлик, афсона, лақаб каби турлари мавжуд.