АРХАИЗМ - эскириб, истеъмолдан чиқиб қолган, хозирги тилимизда синоними мавжуд бўлган сўз ёки ибора. Архаизмларнинг лексик, фонетик, морфологик ва фразеологик каби кўринишлари мавжуд. Архаизмлар бадиий адабиётда ўтмиш манзараларини акс эттириш, давр рухини хаққоний ва ишонарли ифодалашда, нутқ охангининг тантанаворлигини таъминлашда услубий восита сифатида ишлатилади. Масалан, Ойбекнинг «Навоий» романида шундай жумлага кўзимиз тушади: «Қадим замонда бир олим ўтган экан. У агар рубъи маскундаги барча олимларнинг хотирларидан барча улум ва фунун баногоҳ кўтарилса, у илмларнинг ҳаммасини аслидай тиргизишга қодирмен, дер экан. Ўғлим, сизда ўшандай зако ва истиъдод кўрамен. Саъи-ғайратни асло қўлдан бермасангиз!» Кузатаётганимиздек, парчада ҳозирги тилимизда қўлланилмайдиган сўз ва қўшимчалар ишлатилиб, Ойбек уларнинг баъзиларига саҳифа остида изоҳ ҳам берган. Бу хил лексик ва грамматик бирликлар китобхонга акс эттирилаётган давр рухини хис қилишга ёрдамлашади, воқеа-ҳодисаларнинг ишончлилигини таъминлайди. Ёзувчилар архаик сўз хамда иборалардан баъзан сатирик ва комик образлар яратиш, матнга кесатиқ, киноя оҳангини бериш мақсадида фойдаланадилар. А.Қодирий «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан» туркум хикояларида, Ғ.Ғулом ва А.Қаҳҳор ўтмиш мавзусидаги қисса ва хикояларида архаик сўз, ибора хамда архаик услубдан мана шу ниятда фойдаланганликларини кузатиш мумкин.