Арузшунослик

АРУЗШУНОСЛИК — аруз шеърий тизими хусусиятларини тадқиқ қилувчи адабиётшунослик сохаси. Аруз тизими хақида илк тадқиқот араб шоири ва адабиётшуноси Ҳалил ибн Аҳмад қаламига мансуб  бўлиб, «Ал-аруз» деб аталади. Шунингдек, Ибн Усмон Мазиний, Имом Ахмад ибн Абдураббих, Ибн ал-Xатиб ат-Табризий, Зиёвуддин Абул Жайш ал-Ҳазражий каби араб олимлари хам аруз шеърий тизими назарий масалалари хусусида изланишлар олиб борганлар. Аруз тизими хақида, айниқса, форс-тожик адабиётшунослари кўплаб илмий  асарлар битдилар. Форс-тожик арузшунослигини Мавлоно Юсуф Нишобурий (X аср) бошлаб берган. Кейинчалик бу фан Рашиддин Ватвот (XIII аср)нинг «Ҳадойиқ ус-сехр», Шамс Қайс (XIII аср)нинг «Ал-мўъжам фи меъёр ашъор ал-ажам», Насриддин Тусий (XIV аср)нинг «Меъёр ул-ашъор», Салмон Савожий (XIV аср)нинг «Қасидатун мануот ал-аруз», Абдураҳмон Жомий (XV аср)нинг «Рисолаи аруз» асарлари хисобига бойиди ва такомиллашди. Туркий халқлар орасидан етишиб чиққан алломалар хам аруз илми тараққиётига сезиларли хисса қўшдилар. Машхур файласуф Абу Носир Форобий (X аср), Абу Али ибн Сино Х-Х! асрлар), Абул Қосим Замахшарий (XI-XII асрлар), Абу Яъқуб Юсуф ибн Абубакр Саккокий (XII-XIII асрлар) ўзларининг араб ва форс тилларида битилган илмий асарлари билан нафақат араб  ва форс, балки туркий аруз тараққиётига хам хисса қўшдилар. Шайх Ахмад Тарозийнинг «Фунун ул-балоға» асари туркий аруз илмининг илк сарчашмаси хисобланади. Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон» асари бу сохадаги йирик тадқиқотлардан биридир. Улуғ шоир ушбу китобида арузнинг умумий қоидалари, бахр ва вазнлари турларини туркий тилда муфассал баён қилиб қолмасдан, туркий халқ оғзаки ижоди намуналарининг қиёсий тахлили орқали бармоқ вазни асосларини хам белгилаб берди. Ўзбек арузшунослиги тараққиётида Захириддин Мухаммад Бобурнинг «Мухтасар» деб номланган йирик   хажмли   тадқиқоти   хам   мухим   ахамият   касб   этади.   Бобур   туркий   аруз   ўлчови имкониятларининг нихоятда кенглигини таъкидлаш мақсадида шеъриятимизда қўлланилиши мумкин бўлган 537 та вазнни (улардан 400 га яқини мутлақо янги, Бобур томонидан кашф этилган ўлчовлар) санаб ўтиб, улардан хар бирига бир байтдан мисоллар келтиради.
XIX аср охирларида шоир Зокиржон Фурқат хам аруз хақида илмий рисола битган. Ҳозирча нашр қилинмаган ушбу рисолани профессор Ғ.Каримов Остроумов фондидан топган эдилар. Фурқат ушбу мўъжаз (16 бетлик) асарида ўзбек шеъриятида фаол қўлланиладиган 55 вазн хақида маълумот берган.
XX асрда аруз илмига қизиқиш янада кучайди: 1936 йилда Фитрат яратган «Аруз хақида» рисола чоп этилди;  1948 йили адабиётшунос олим С.Мирзаев «Навоий арузи» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади; 1972 йилда Алибек Рустамовнинг «Аруз хақида сухбатлар» рисоласи эълон қилинди; 1985 йилда У.Тўйчиев «Ўзбек поэзиясида аруз системаси» мавзусида монография нашр қилдирди.
Мустақиллик йилларида аруз шеърий системасида ижод қилувчи шоирлар сафи ортиб бораётгани адабиётшуносликда хам ўз инъикосини топмоқда. Кейинги йиллар ичида профессор А.Ҳожиахмедов «Аруз назарияси асослари», «Ўзбек арузи луғати», «Навоий арузи нафосати» каби китоблар яратди; С.Рўзимбоев қаламига мансуб «Аруздан сабоқлар», А.Аъзамовнинг «Аруз», А.Абдурахмоновнинг «Аруз илмидан сабоқлар» асарлари яратилди. Шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-хунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабалари учун чиқарилаётган дарслик ва ўқув қўлланмаларда мумтоз адабиёт намуналарини ўрганиш жараёни билан боғлиқ равишда аруз шеърий тизимининг назарий масалаларига алохида эътибор қаратилмоқда. Арабий аруз араб тилининг алифбоси, фонетикаси, имлоси ва орфоэпияси қонуниятлари асосида хосил бўлган ходисалигига қарамай, араб графика асосидаги ёзувда битилган шеърий асарларни ўрганувчи туркий арузшунослик билан кўпгина умумийликларга эгадир. Аммо кирил   ва лотин графикаси асосидаги замонавий ўзбек ёзувидаги матнларга арузшуносликнинг барча қоидаларини хам татбиқ қилиб бўлавермаслиги, миллий шеъриятда ўз аксини топган ўзбек  тилининг ўзига хос хусусиятлари замонавий арузшунослик олдига истилохий вазифалар қўяди.