АРУЗ ШЕЪРИЙ ТИЗИМИ — (арабча арз килмок ва ушбу шеърий тизим тадқиқотчиси Ахмад ибн Ҳалил туғилган водий номи) Яқин ва Урта Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган шеърий тизим. Ушбу шеърий тизим туркий шеъриятга, хусусан, ўзбек адабиётига араб ва форслардан ўтган. Туркий ёзма адабиётнинг илк намуналари саналмиш «Қутадғу билиг», «Ҳибатул хақойиқ» каби асарларнинг аруз шеърий тизимида яратилганлиги диққатга сазовордир. Аруз XX аср бошларига қадар ўзбек шеъриятининг асосий шеърий шакли сифатида қўлланилиб келди. Аруз шеърий тизими бошқа шеърий системалардан фарқли ўлароқ, мисралардаги бўғинларнинг сифат жихатдан мутаносиблигига асосланади. Яъни қисқа ва чўзиқ (баъзан ўта чўзиқ) бўғинлар, уларнинг бирикуви натижасида пайдо бўлган рукнлар мисралар таркибида муайян бир тартибда такрорланиб келади. Рукнлар ва уларнинг турли ўзгаришга учрашлари натижасида юзага келадиган фуруълар маълум таркибда бирикишидан бахрлар ва уларнинг вазнлари пайдо бўлади. Ўзбек шеъриятида фаувлун, фоилун, мафоийлун, фоилотун, мустафъилун, мафъувлоту ва мутафоилун рукнлари ва уларнинг фуруълари кенг ишлатилган. Умуман, аруз тизимида 19 та баҳр мавжуд бўлиб, улардан 11 тасигина ўзбек шеъриятида қўлланилади. Булар мутақориб, мутадорик, ҳазаж, ражаз, рамал, комил, мужтасс, музореъ, хафиф, мунсариҳ ва сариъ бахрларидир.