Аппликация

АППЛИКАЦИЯ —  бадиий нутқ-да халқ мақол ва маталларини муайян ўзгаришлар билан истифода қилиш усули. Аппликацияли нутқ таъсирчан ва афористик характерда бўлиб, муаллиф ёки персонажнинг у ёки бу масалага муносабатини ёрқин очишга хизмат қилади.  Масалан, А.Қаҳҳорнинг  «Қўшчинор чироқлари» романида Рўзимат тилидан шундай аппликация қўлланилади: — Бу киши «тушунтириш керак», дейдилар, тўғри, лекин «гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга, гапни айтиб нетарсан, онаси бемаҳал туққанга!» Сиз куйиб-пишиб гапириб турганингизда сигири маъраб қолса, сизга эмас, сигирига қарайдиган одамга гап таъсир қиладими?» Бу ўринда А.Қаҳҳор халқ орасида кенг тарқалган «гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга» мақолини «гапни айтиб нетарсан, онаси бемаҳал туққанга!» фикри билан тўлдирган. Натижада Рўзмат нутқи лўнда ва ифодали кўриниш касб қилган.