Антитеза

АНТИТЕЗА — тасвирланаётган воқеа-ҳодиса, туйғу ва тушунчалардаги зиддиятни яққолроқ акс эттиришга хизмат қиладиган сўз ёки сўз бирикмасидан ташкил топган тасвирий восита. Қарама-қарши маъно ташийдиган бу хил сўзлар нарса ва ходиса, тушунчаларни қиёслаш имконини беради, объектнинг мохиятини чуқурроқ очишга ёрдамлашади. Антитеза айниқса, шеъриятда кенг истифода қилинади:
Сени кеч топгандим, эрта йўқотдим,
Лойиқман қарғагин сенинг қаҳрингга.
Ўзгалар қалбида меҳр уйғотдим,
Бироқ етолмадим ўзим қадрингга. (А.Орипов)
Парчада ишлатилган «кеч»-«эрта», «топгандим»-«йўқотдим», «ўзгалар»-«ўзим», «меҳр»-«қаҳр» сўзлари ўз қарама-қарши маънолари билан ифодаланаётган лирик холатнинг таъсирчанлигини
таъминламоқда.