АННОТАЦИЯ — қисқача таъриф. Китоб, мақола, қўлёзма мундарижасини, мавзу йўналиши ва бошқа жиҳатларини очиб беришга қаратилган кичик хажмли матн. Аннотацияни китобнинг ўзида, библиографик кўрсаткичларда ва кутубхона катологларида учратиш мумкин. Унинг вазифаси ўқувчиларда муайян китоб, мақола ёки қўлёзма тўғрисида умумий тасаввур туғдириш ва уларга адабиёт танлашда ёрдам кўрсатишдир. Масалан, Алишер Навоийнинг 1991 йилда чоп этилган «Садди Искандарий» достонига нашриёт томонидан шундай аннотация
берилган:
«Ҳамса»нинг якунловчи достони «Садди Искандарий» ҳам маълум анъаналар заминида яратилган. Алишер Навоий Искандарнинг (Александр Македонский) саргузаштлари фонида адолатпарварлик, марказлашган давлат тузиш, халқлар дўстлиги, инсонийлик борасидаги ўзининг қарашларини талқин этган. Достон насрий матни билан бирга чоп этилаётир.»