Шеъриятдаги идеал масаласи жуда мураккаб, кўп қиррали. У ҳамма даврлар учун муҳим ҳисобланиб келган. Фақат ўз қиёфасини ўзгартириб-турланиб турганлиги боис идеални ҳар доим ҳам сувнинг юзасида учратиш мумкин эмас. Аслида-чи? Аслида, у гоҳ идеал-қаҳрамон, гоҳ эса идеал-ғоя – мафкура сифатида яшаган, яшайди. Идеал масаласига нафақат кунимизда, балки қадимда ҳам жиддий эътибор қилинганини эътироф этиш жоиз. «Мифологик афсоналар генезисининг қадимий илдизлари оила, уруғ, қабила эътиқодларига бориб боғланади. Хусусан, афсоналар асосини ибтидоий инсон ҳаёти, номаълум ҳодисаларга жавоб топишга уриниш, эътиқодий тушунча, тасаввурлар яратишга, шунингдек, момақалдироқ, чақмоқ, бўрон, зилзила, сел каби ғайриоддий кўринган ҳодисаларга қарши кураша оладиган ғайритабиий паҳлавонларни (таъкид бизники – У.Ҳ.) излаш, аждодлар руҳига сажда қилиш, нотабиий кучга сиғиниш, илоҳий қудратга ишонч, ҳимматига топиниш кабилар ташкил этган» деб ёзади проф. Комил Имомов «Мифологик афсоналар» деб номланган мақоласида. Демак, ўша ибтидоий жамоа одамлари ҳам ҳаётда юз берган чигал муаммоларни ечишда ўзларига маънан куч берувчи идеал қаҳрамонларга – ғайритабиий паҳлавонларга ботиний эҳтиёж туйган.
Идеал тимсолий-ҳиссий шаклда акс эттирилгандагина унинг бадиий талқини тўғрисида гап бориши мумкин. Ижтимоий, маънавий, эстетик идеалларнинг бадиий идеалга айлантириш учун санъаткор анча-мунча йўлни босиб ўтган бўлиши керак. Энг катта шоирларимиз ижодида ҳам баъзан бадиий қиёмига етмай шеърга кўчган ижтимоий, гуманистик мазмундаги идеалларга дуч келиш мумкин. Истиқлол, озодлик, юрт қайғуси билан боғлиқ ижтимоий сиёсий-идеалларнинг анчайин ялонғоч ифодасини кўпроқ ХХ аср аввалидаги шеъриятимизда кузатса бўлади. Демак, ҳар қандай идеал шоир томонидан эстетик англанган бўлиб, бадиий жиҳатдан камолга етгандагина чинакам санъат ҳодисасига айланар экан. Қандай идеаллардан маънавий куч олганига қараб шоир яшаган давр залворини чамалаш мумкин бўлганидек, шу идеалларнинг қай даражада бадиий талқин топганидан келиб чиққан ҳолда унинг санъаткорлик маҳорати баҳоланади. Бу жиҳатдан Чўлпоннинг “Бинафша”, “Кўнгил” каби шеърлари эътиборли.
Гегель, Чернышевский, Соловьёвларнинг қарашларида идеалнинг қуйидаги жиҳатлари алоҳида қайд этилади:
А) ақл соҳасида - ҳақиқат,
Б) ахлоқ соҳасида - эзгулик,
В) эстетика соҳасида – эзгулик.
Шу ўринда “ақл соҳасида ҳақиқат” дейилган тезисни бироз таҳрир қилиб, “эътиқод бобида - ҳақиқат”, ёки янаям жўялироғи, “дунёқараш соҳасида - ҳақиқат” десак, мақсадга мувофиқ қиёфа касб этгулик. Чунки “дунёқараш” “ақл”га нисбатан умимийроқ мазмундаги категория бўлгани боис кенгроқ майдонни ўз тасарруфига олабилади. Бас, шундай экан, унинг ичига ижтимоий идеаллар – одил шоҳ, адолатли жамият, ҳалолу пок инсон, садоқатли дўст каби қатор тушунчалар кириб кетади.
Энди идеал бобида немис олими И. Кантнинг мулоҳазаларидан келиб чиқиб, бутунлай қарама-қарши нуқтаи назарни ҳимоя қилган И. Ильинский ёзади: “Йўқ. Инсонга идеални табиат берган эмас. Идеални инсоннинг ўзи яратган. Чунки унга воқеликни нуқсонлардан тозалаш ва шуурда у(идеал)нинг ёрқин образини қуриб чиқишга интилиш хос” . Демак, олим фикрича, идеал тамомила субъектив характерга эга. Адолат юзасидан қайд этиш керакки, идеал тўғрисидаги мазкур субъектив муносабат ҳам қандайдир асосга таянади ва бу асос ҳар нарсадан олдин табиатдир. Чунки табиатда инсон ботинидаги идеални шаклланишига дастлабки чизиқларни тортгувчи ҳамма шарт-шароит мавжуд. Яъни табиатдаги уйғунлик шоир ботинидаги идеалнинг шаклланишидаги зарур омиллардан ҳисобланади.
ХХ аср инсоният учун ширин келди, деёлмаймиз. Биргина мамлакатимиз мисолида мушоҳада қиламиз: аср аввалидаги қашшоқлик, маърифатсизлик, кетма-кет юз берган инқилобларнинг таъсири, хонликлар – совет давлати – “босмачилар” учлиги ўртасидаги урушлар, ниҳоят, шўроларнинг ҳукмронлиги, улар ўтказган қатор сиёсий-иқтисодий тадбирлар (коллективлаштириш, индустрлаштириш, режалаштириш ва ҳоказолар), Улуғ Ватан уруши, шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари, Сталиннинг ўлими ва сиёсий илиқлик шабодаларининг эсиши, қайта қуриш, ниҳоят, Истиқлол…
Бу демакки, ХХ аср инсони ўз ҳаёт йўлида умид ва умидсизлик деган иккита қутб ўртасида жони ҳалак яшади. Натижада у худди ибтидоий жамоа одами – аждоди каби ҳаётдан идеаллар қидирди. Гоҳо идеалларда ўз орзу-армонларини мужассам кўрди, гоҳо рўёбга чиқмаган истакларини санъат ва адабиётдаги қаҳрамонлар зиммасига юклаб таскин топишга уринди.
Юзйиллик ибтидосида миллатнинг тафаккур гуллари маърифатсизликни юртнинг энг оғриқ нуқталаридан бири деб билдилар. Улар ҳаёт ва истеъдодларини элни ўқимишли қилишга бағишладилар, маблағларини сарфладилар. Оқибат - адабиётда маърифатли киши образи пайдо бўлди. Авлоний, Сўфизода, Ибрат, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон каби қатор шоирларнинг ижодида шу ғоя қайта-қайта ишланди. Чунончи, Фитрат «Ўгут» шеърида ёзади:
Оғир йигит, гўзал, нурли кўзингда,
Бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим.
Ўйлашингда, туришингда ҳамда ўзунгда
Бу юрт учун қутулишнинг борлиғин кўрдим.
Озодлик, Истиқлол, янги давлат қуриш каби ғоялар эса Чўлпон ва Фитрат шеърларида идеал-ғоя даражасида тараннум этилди. Вақти бўлдики, улар ҳаётдан нимаики рўшнолик кутган бўлса, ҳаммасини шу ғоя билан боғладилар. Чунончи, Чўлпон бир шеърида
Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қуллик, асорат – барчаси ёнсин,
Қур янги давлат, ёвлар ўртансин,
Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин!
деб ёзса, Фитрат
Онам, сени қутқармоққа жонми керакдир?
Номусми, виждон била имонми керакдир?
дея нола чекди “Юрт қайғуси” шеърида. Идеал узоқдаги маёқ каби шоирни ўзига чорлаб туради. У кўпинча ана шу маёқдан кўнгилга тушган илиқлиқ таъсирида ҳаракат қилади. Санъаткор куйлаётган юксак қадриятлар зимнида идеалнинг ҳаракати ётади. Фақат бу ҳол ҳамма вақт ҳам кўзга ташланавермайди. Улуғ мутасаввиф Мавлоно Румий «Инсонни боғ хаёли боққа, тоғ хаёли тоққа бошлайди» деб айтади. Ўша хаёл бу ўринда ғоядир, идеалдир. Албатта, ғоя ҳар доим идеалга тенг эмас ва бундай бўлиши шарт ҳам эмас. Баъзан улар тенглашиб-бирлашиб кетади. Шунда ғоя-идеал пайдо бўлади. Бу нарса Чўлпоннинг озодлик йўлида ёзилган шеърларида ўзини яққол намоён этган. Биргина «Бинафша» шеърининг таҳлили юқоридаги иддаомизни исбот қилиши мумкиндек туюлади:
Бинафша, сенмисан, бинафша, сенми –
Кўчада оқчага сотилган?
Бинафша, менманми, бинафша, менми –
Севгингга, қайғингга тутилган,
Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг,
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг?
Бир қарашда сўз фақат бинафша – бир чечак ҳақида кетаётгандек. Тўғри, шеърнинг юзадаги – биринчи қатламидаги маъно айнан озроқ очилмай узилиб, кўчада сотилган гул тўғрисида. Лекин шоирнинг асл муроди шугинани тасвирлашдан иборат эмас. Балки гул билан боғлиқ ғояни рамз ҳолига келтириб, асл – ички муддаони айтишдир. Ички муддао бу - эрксиз, хор-зор бўлиб кўчаларда қолган инсон ҳолининг баёни. Бинафшага мурожаат қилаётган шоирнинг кўнгил кўзи бенаво юрт кишисининг оқчага сотилган гул каби аччиқ қисматида. Қолаверса, шу дардни бутун борлиғида ҳис қилиб куяётган шоирнинг ўз тақдирида ҳам. “Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери, Қайғингни қайғимга қўшгил”. Демак, шоирнинг-да қисмати бинафшаникига монанд. Ахир, “қайғингни қайғимга қўшгил” хитоби бежиз айтилмаяпти. Чунки шоир шу гулни, гул тимсолидаги юрт кишиларини чексиз муҳаббат билан севади. Шу туйғу туфайли бинафшанинг бошига келган ҳар кўргулик шоирнинг қайғусидир. “Бинафша, сенинг-чун кўкрагим эрк ери, Бу ердан кўкларга учгил!” Мана, ниҳоят, шоирнинг асл муддаоси ошкор бўлди – шоирнинг кўкраги чечак учун – тутқун юрт кишиси учун эрк майдони, у бу ердан кўкларга парвоз этиши мумкин. Кўринадики, гап айланиб келиб яна Чўлпон шеъриятини ҳаракатлантирувчи бош ғоя-идеал – озодлик, эркинлик мавзусига тақалмоқда.
Одатда, фоже ҳодисалар изсиз кетмай, одамлар онгги ва қалбида муносабат пайдо қилади. Идеаллар тахминан ана шу тарзда дунё юзини кўради. Яъни инсон жамиятда, мамлакатда ва дунёда юз бераётган зўравонликка, ёвузликка, қабоҳатга, зулмга қарши курашга бел боғлайди. Баъзан курашдан ҳеч қандай наф чиқмаса ҳам, барибир, унинг юрагидаги исён олови сўнмайди. Аксинча, муносабат ўзининг навбатдаги – иккинчи умрини яшай бошлайди: инсон аччиқ-аччиқ орзу қилади. Одамзод тарихига бир қур тафаккур нигоҳини ташлабоқ гувоҳи бўламизки, у ёки бу мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги бурилишлар нуқтасида юрт қаҳрамонлари зиммасига жуда азим юклар ортилган бўлади. Айниқса, миллатнинг қўли етмай турган асрий орзу-армонлар қонидан бунёд этилган қаҳрамонларнинг ўрни–аҳамияти беқиёс. Ўзбек эпоси – «Алпомиш» достонининг бош қаҳрамони – Алпомиш тахминан ана шундай идеал қаҳрамондир. Бу ўринда идеал қаҳрамон – ҳар томондан тўкис, бекаму кўст образ эмас. (Эсланг, инсон сифатида Алпомишнинг ялқовлик, фикрсизлик каби бир мунча камчиликлари ҳам бўлган). Балки миллат ёки унинг алоҳида вакили – шоир яратган асардаги бош ғоя – орзу, армон билан тўйинган идеяни ўзида мужассамлаштирган идеалдир. Демак, идеал ҳаёт сўқмоқларида, унинг буҳронли – зиддиятли майдонларида адашиб - улоқиб қолганлар учун йўлчи юлдуздек гап. Идеал шоирнинг ижодий йўлини маълум маънода белгилаб беради. Бинобарин, қайсики давр шоирининг мероси дилга ўт ташласа, билингки, шу ижодкор ўз замонасининг идеалларига ошно бўлган, унга ўз асарлари ёрдамида интилган ҳисобланади. Шеъриятдаги идеал жамиятнинг бурилиш асноларида ўзини яққолроқ намоён этади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ХХ аср янги ўзбек шеъриятида 20-30 - йиллар даври алоҳида ўрин тутади. Бу шеърият Фитрат, Чўлпон каби улкан шоирлар номи билан боғлиқ бўлиб, юртнинг аввал чор, сўнгра шўролар томонидан босиб олинишига қарши кайфият билан суғорилган. Шоир шеърларига сингдирган ғоя – идеал ҳам асосан, озодлик, истиқлол деган сўзларни ифодалайди. Фитратнинг яна “Юрт қайғуси”, “Беҳбудийнинг сағанасин изладим”, “Шарқ”, “Ўқитғувчилар юртига” , Чўлпоннинг “Бузилғон ўлкага”, “Ёруғ юлдузга”, “Кураш”, “Кишан”, “Кўнгил” каби ўнлаб шеърлари зимнида ана шу руҳ ҳукмрон.
Мумтоз адабиётимизда марказий ўринлардан бирини эгаллаб келган диний идеал ХХ аср янги ўзбек шеъриятида бир мунча орқага чекилиб, (бу нарса большевикларнинг атеистик сиёсати билан боғлиқ жараён) ўрнини дунё ва жамиятни тубдан ўзгартиришга қаратилган ғоялар тўлдирди.
Тингла, шоир!
Тарих – кенг бир уфқ.
Чақмоқлар чақнади,
Тўлқинлар ўйнади,
То шу чоққача.
Фақат бу кунги чақнаш, бу кунги –
Тўлқин ҳеч кўрилмаган.
Бу эрк тўлқини.
Ҳаёт: иш, меҳнат!
Бу инқилоб – озод иш инқилоби.
Узоққа боқ!
Юзларча,
Мингларча,
Юз мингларча нозик шоир нималар куйлади?
Сен унут!
Юзмингларча “нозик шоир”ларникидан тамомила ўзга йўлни танлаётган шоирни бошқариб, йўналтириб турган куч – даҳрийлик ва инқилоб этагини тутган шўролар даври эди. Чунки 30-йилларга келиб, Совет ҳокимияти оёққа туриб олди. Ижоддаги эркинлик ўтмишга айланди. Адабиёт юқоридан туриб бошқарила бошланди. Натижада тоталитар қадриятлар ижодкорнинг маънавий оламига тиқиштирилди. Шоир иккиланиб қолди. У инсон ва ижодкор сифатида бурун меҳр боғлаган ўз идеалларидан воз кечишга, ҳукмрон партия чизиб – дастуриламал қилиб қўлига тутқазган ғояларга – партияга, ғоят мавҳум эшитиладиган умумхалқ манфаатларига, социализм пойдеворини мустаҳкамлашга, ишчи-деҳқонлар синфига сидқидилдан хизмат қилишга йўналтирилди. (Бу ҳаракатда олдин мажбурият, кейин эса ихтиёрийлик бор эди). Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Зулфия каби истеъдод эгаларининг ижодларида пайдо бўлган талай замонасоз шеърлар шу кайфият билан суғорилган. 30 – йиллар сўнггида тарих саҳнасига фашизм балоси чиқди. 1941-1945 йиллар оралиғида эса шоир ўз элига, юртига жўр бўлиб, урушни, қотилликни, ёвузликни қоралади. Ҳамид Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол”, Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, Ойбекнинг “Она сўзи”, “Хайрлашув” каби шеърлари урушга нафрат ва тинчликни ёқлаш руҳида ёзилган.
Луғатларда идеал сўзи французча бўлиб, юнонча «идеа» калимасидан келиб чиққани ёзилади. «Идеал (юн. Idea – тимсол, ғоя, тушунча) – бирор нарса, воқеа ва ҳодисанинг олий намунаси, камолоти; айрим шахс, шахслар гуруҳи, табақа ва жамият интилувчи олий мақсад. Ижтимой-сиёсий идеал - мукаммал ижтимоий тузум; ахлоқий идеал - баркамол инсон сифатлари, инсоний муносабатлар; эстетик идеал - ҳар тарафлама камолга етган гўзал кўриниш, хислат, тавсиф” деб таъриф берилган энциклопедияда. Француз ва немис олимларидан Дидро, Руссо, Вольтер, Гегель, Кант, Баумгартен, рус танқидчиларидан Белинский, Чернишевский, Соловьёвлар идеал муаммосини чуқур ўрганганлар. Санъатдаги идеал тушунчасининг бугун истеъмолдаги қиёфаси кўп жиҳатдан ана шу мутафаккирларнинг меҳнатлари ҳосиласи.
Вл. Соловьев, П. Флоренский, Н. Лосский, Н. Федоров, И. Ильин, Н. Бердяев каби файласуфлар идеални турмушнинг олий ва илоҳий ибтидоси, деб қарашган. Уларча, санъат – идеалнинг образли тажассуми. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, идеал бу – воқеликка санъаткор (шоир) бадиий муносабатининг образли ҳосиласидир. Бадиий асар, – Кропоткин таъбири бўйича, - «шахсий сажияга эга бўлиб, муаллиф ҳар қанча уринмасин, унинг симпатияси ўз ижодида акс этади ва у ўз таъбига мос келган нарсаларни идеаллаштиради» . Дарҳақиқат, олимнинг теран мулоҳазаларида жон бор. Шоир ўз майл ва интилишларидан келиб чиқиб, йўналиш, мавзу танлайди. Шунга қарамай, бир шоирга тегишли бўлган у ёки бу мазмундаги идеал бир вақтнинг ўзида бутун бошли миллатга хос бўлиши ҳам мумкин. Устига устак, шоир яна чин санъаткор бўлса, унинг шеърларининг довруғи оламларни тутади: буни Чўлпон, Абдулла Орипов каби шоирлар ижодлари мисолида тарих исбот қилди.
40 - йилларга келиб эса идеалнинг ана ўша шоирга тегишли томони “эриб” кетди. Тўғрироғи, у партиявийлик, халқчиллик, синфийлик каби ғоявий тамойиллар бағрига кириб йўқ бўлди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида шоирларимиз ижодида уруш ва тинчлик мавзуси кучайди. Шоирнинг диққат маркази ёв билан маънан олишишга қаратилди, зафар қозониш унинг асосий муддаосига айланди. Лекин барибир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон сингари ижодкорларнинг бир неча яхши шеърларини эътиборга олмаса, шоирнинг уруш билан боғлиқ кечинмалари чинакам бадиий талқин даражасига кўтарилди, дея олмаймиз. Эҳтимол, буни маълум маънода шоирнинг бевосида жанг майдонларида бўлиб, даҳшатли уруш манзараларини ўз кўзи билан кўрмаганлиги билан тушунтириш мумкиндир. Чунки ўзи шоҳиди бўлмаган воқеа-ҳодисаларнинг шоир шахсида персонификация бўлиши бирмунча мушкул иш. Ҳар қалай, уруш ва тинчлик муаммоси янги ўзбек шеъриятида идеал даражасида тараннум этилмагани ҳақиқатга яқин. Нима бўлгандаям, Чўлпон, Фитрат янглиғ ўтлиғ шоирларимизнинг нигоҳи тикилган улуғ идеаллардан кейин шоир маълум бир вақт катта ғоясиз қолиб, тараддудланган, излангандек таассурот қолдиради. Социалистик ғоянинг чинакам бадиий идеалга айланиши эса дастлабки йилларда тўлиғ кузатилмайди. Гарчанд Ғ.Ғуломнинг “Соғиниш” шеърида акс этган “Асалдан ажраган мумдай сарғариб Ини йўқ аридек тўзғиганим йўқ. Улуғ эътиқодда ўламан қариб, Абаддир ленинча падарий ҳуқуқ” деган мисраларда ленинча ғоянинг эътиқод даражасида куйланаётгани кўриниб турса ҳам, барибир, Беҳбудий, Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби Истиқлол фидойилари ўз ҳаётини тиккан ўлмас ғояларнинг ёди хотиралардан ҳали тамомила ўчмаган эди. Шунинг учун бу вақтни маълум маънода шоирларимизнинг депсинган, иккиланган, изланган даври десак бўлади.
Урушдан сўнгги бир неча ва 50 – йиллар мобайнида номдор шоирларимиз ижодини партия, Ленин, социализм, умумхалқ манфаатлари каби мавзулар белгилади, демак, шу ғоялар шоирларимиз томонидан ғоя-идеал даражасида тараннум этилди ҳам.
Янгиланган идеалнинг туғилиши Сталин ўлимидан кейинги вақтга – илиқлик даврига тўғри келади. Нега янгиланган? Чунки бу даврга қадар ижодкор идеали совет ҳукумати ва компартия томонидан қатъий қилиб белгилаб берилар эди. Илиқлик шабадаси кўкрагида теккан шоир, ниҳоят, ўзини бир мунча эркин ҳис қила бошлади.
Натижада 60 – йиллар шеърларида комил инсон ва унинг хислатлари пайдо бўлади. Шукрулло, Саида Зуннунова сингари шоирларимиз асарларида чин инсон мавзуси бот-бот ишланди. Яна хокисор, камтар кишиларнинг образлари, уларга хос фазилатларни куйлаш ҳоллари учрай бошлади. Э. Воҳидовнинг «Камтарлик ҳақида», А. Ориповнинг “Номаълум одам” каби шеърлари шулар қаторига киради.
Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
дея Эркин Воҳидов камтарликни ўта муваффақиятли чиққан бадиий деталлар воситасида шарафласа, Абдулла Орипов шон-шарафга, мансаб ва бойликка бепарво “буюк юрак”ли инсонни куйлайди:
У на шоир эди ва на машҳур зот,
Лекин дунё билан бир эди дарди.
У ҳам бошқалардек кечириб ҳаёт,
Шошиб ишга бориб, секин қайтарди...
Тариқдай заминнинг устида беун
Яшаб ўтди шундоқ буюк бир юрак.
Қайдан келганди у? Билмади кимса,
Қабрга ҳам жимжит кириб кетди у.
Менимча, дунёнинг устидан роса
Мириқиб қаҳқаҳа уриб кетди у.
Бундай шеърларнинг ёзилиши табиий эди. Инқилоблар ва урушларнинг заҳмлари анча узоқда қолган, мамлакатда тинчлик, осойишталик ҳукм сураётган, маънавий ҳаётда эса турғунликдан энди бош кўтарилган бир палла эдики, шоирларимиз ўз нигоҳларини инсон ботинига қаратиб, уни ҳар жиҳатдан поклашдек эзгу ният билан ёндилар. Бу ўринда Н. Рубцов, Е.Евтушенко, А. Вознесенский, В. Высоцкий, Қ. Қулиев, Ў. Сулаймонов, Р. Ҳамзатов каби ўз даврининг қон томиб турган дардини санъаткорона куйлашнинг уддасидан чиққан совет шоирларининг асарлари билан қиёсий таҳлиллар қилиш яхши самаралар беришини таъкидлаш жоиз.
Ўтмишнинг назмий довонларига назар ташлар эканмиз, аён бўладики, ҳар бир давр инсоннинг ўз идеалини шакллантиради. Янгиланган сиёсий-ижтимоий, маънавий-психологик муҳитда якунланган муайян идеал ўрнида бошқа бир идеал етишиб чиқади. Йўқ, у тамомила ЯНГИ бўлмайди. Ижтимой-сиёсий муҳитнинг табиатига қараб, бир у ёки бу идеал вақти-вақти билан актуал мавқе касб этиши мумкин. Шунда биз уни янги деб қарай бошлаймиз. Демак, жамият ҳам, инсон ҳам ўз ҳаёти давомида тинимсиз равишда идеалларга интилиб яшайди. Айни пайтда юртда сиёсий-тарихий эврилишлар юз берган паллаларда жамиятдаги устивор маънавий қадриятларга путур етиши, ҳатто улар бир муддат тарих саҳнасидан туширилиши, йўқотилиши мумкин. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, жамият яна ўз идеал қаҳрамонларига эҳтиёж туяди. Эҳтиёж ўз навбатида бошқа - унутилган идеалларни майдонга чиқаради. Шунда идеал-қаҳрамон гўё халоскор вазифасини ўтайди. Хоҳ эпосда бўлсин, хоҳ поэзияда, - инсониятнинг бадиий-эстетик оламида буюк роль ўйнаган йирик асарки бор, - барчасида ҳамма замонлар учун муҳим саналган мавзулар - ҳаётнинг маъниси, эзгулик, гўзаллик, адолатпарварлик кабилар бадиий асарнинг бош қаҳрамони – идеал образлар зиммасига юклатилиб келинган. Биргина ўзбек шеърияти мисолида айтадиган бўлсак, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳийдан тортиб, то 70 - йилларнинг фаол шоирларгача, - барча-барчасида асосий бадиий ғоялар шоир-санъаткорнинг идеаллари орқал и, уларга сингдирилган ҳолда талқин этилган.
Адолат, ҳақиқат ва эрк учун кураш 70-йиллар авлоди шоирлари ижодининг асосий кредосига айлангани маълум. Улар инсон ва жамиятни мукаммал кўришни истадилар ва бутун истеъдодлари билан ўз идеаллари томон интилдилар. “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!” дея ҳайқиради тоза инсонни кўришни орзу қилган шоир. Юртнинг эрксизлигидан “Армоним улуғдир... кўзёшим улкан, ўлсам, жасадимга юртим тўлажак. Сўнгги зурёдимни заҳарлар қуллар, сўнгги чечакларим айниб сўлажак. Эй, беклар, заҳар ич - ўзбегинг қолиб, ўзгага бўйсундинг, ўлганинг шулдир. Шунданми, бошидан теридан қолип, саксовул сингари майишган будун...” дея яна куяди бу авлод шоири.
Идеалнинг фалсафий-эстетик асослари Гегель, Кант, Белинский, Чернишевский каби олимларнинг ишларида тадқиқ этилган, дедик. В.С.Соловьев назарича, «Табиатдаги гўзаллик ҳар қандай мазмуннинг ифодаси эмас, балки идеалнинг мазмунидир, бу нарса идеанинг тажассуми ҳисобланади». У ҳам идеалнинг учта қиррасини таъкидлайди: гўзаллик, эзгулик ва ҳақиқат. Сираси, шеъриятдаги идеалда ҳам ана шу қирраларнинг барчаси иштирок этади. Фақат санъатда ҳамма нарса сиқиқ, маълум қонун-қоидаларга бўйсундирилган, шартли равишда акс эттирилган бўлади. В.С. Соловьев санъатнинг ўзига хос хусусиятларини, воситаларини қабул қилган ҳолда, муҳими, санъат «Инсониятнинг умумий мақсад муддаосига бўйсунса бўлди» дейди. «Умум аҳамиятга эга бўлган идеалгина чинакам инсоний идеал бўлиши мумкин, у ўзида ҳамма нарсани жо қилмоғи ва ўзи билан ҳаммани бирлаштиришга қодир бўлмоғи лозим” деб ёзади олим. Албатта, санъатдаги (шеъриятдаги) идеал ҳамма вақт ҳам файласуф истагандек мукаммал бўлавермайди. Баъзан шоирнинг лирик қаҳрамони унинг ботиний оламида яшаётган идеал – қаҳрамон билан тўла-тўкис мос тушмаслиги мумкин. Лекин шунда ҳам ҳақиқий шоир ўз йўлидан чекинмайди. Унинг ҳар бир асари ана ўша идеал томон бир қадам яқинлашиш бўлаверади. «Ижоднинг идеал томон тинимсиз интилиш эканлигидан келиб чиқсак, чинакам санъаткор учун ҳар бир асари идеалга яқинлашишнинг бир босқичи (тасаввуф мақомлари каби) бўлиши лозимлиги аён бўлади» , - деб ёзади проф. Д. Қуронов. Кўринадики, идеалга интилиш бу етукликка, мукаммалликка интилишдир. Ўз навбатида, шоир ижодидаги энг залворли шеърлар идеал сари улоққан узун зинанинг поялари бўлиб хизмат қилади. Шоир - субъект ва воқелик – объект муносабатларидаги зиддият кўпинча идеалнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Агар санъаткор – субъект воқелик – объектдан мамнун бўлса, бирининг кутгани иккинчисининг равишига уйғун жарангласа, идеал қаҳрамонга эҳтиёж қолмайди. Демак, идеалда мавжуд нарса эмас, балки бўлиши исталаётган нарса акс этади. Бинобарин, идеалнинг беҳисоб кўриниши бўлиши мумкин. Жумладан, ХХ аср янги ўзбек шеъриятида озодлик, истиқлол, маърифатпарварлик, янги жамият қуриш, партия, социалистик ғоя, тинчлик, адолатпарварлик, ҳақиқатгўйлик, ўзликни қидириш, комил инсон, муҳаббат каби ўнлаб мавзулар билан боғлиқ идеалларнинг турли-туман бадиий-эстетик кўринишларига дуч келамиз.
Ниҳоят, 90-йилларга келиб, империянинг қулаши жамиятда тамомила ўзгача кайфиятни пайдо қилди. Чунки мамлакатнинг истиқлолга эришуви билан ХХ аср шоирлари фикру ёдини банд этиб, гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон яшаб келган асрий орзу-армон ушалган эди. Лекин шоир яна тараддудда қолди. Нега? Чунки унинг тафаккур эшиклари оламга очилди ва шоир истар-истамас модернизм, постмодернизм каби “бегона дунё” оқимларининг “тушуниксиз” ҳавосидан нафас ола бошлади. Натижада шеърият ўзини бир муддат идеалсиз – елкансиз кемадек ҳис қилди. Ташқаридан қараганда, шу ҳолида шоир ҳам, унинг шеъри ҳам майдалашиб кетгандек таассурот қолдиради. Буни катта истеъдодларнинг йўқлиги билан изоҳлашга уриниш асоссиз, деб ўйлайман. Ҳамма гап ўзгариб кетган ижтимоий-маънавий муҳитдаги инсоннинг кайфияти ва бу кайфиятни максимал даражада акс эттираётганини даъво қилаётган постмодернизмнинг аччиқ моҳиятида бўлиб кўринади. Умуман, мазкур масала алоҳида мақола мавзуси бўлгани боис юқорида мухтасар айтилганлар билан чекланамиз.
Улуғбек Ҳамдам