Ҳусни таълил- энг гўзал саънат

Сўз мулкининг соҳибқирони, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ўзининг машҳур «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида маликул калом мавлоно Лутфий ҳақида фикр юритар экан, шундай деб ёзган эди:
«Мавлоно Лутфий (алайҳирраҳма) - ўз замонининг маликул каломи эрди, аммо туркийда шуҳрати кўпрак эрди ва туркча девони ҳам машҳурдир ва мутааззирул жавоб матлаълари бор, ул жумладан бири будурким:
Нозуклук ичра белича йўқ тори гесуйи,
Ўз ҳаддини билиб, белидин ўлтирур қуйи»...
Даҳо ижодкорга хос юксак фазилатларни таъкидлаётган муаллифнинг ўз баҳоси далили сифатида унинг юқоридаги байтини келтириши тасодифий ҳол эмасди, албатта. Шу биргина байт мисолида Лутфий бадиий иқтидори тажассумини намойиш этиш Навоийнинг асосий мақсади бўлганини кўриш қийин эмас. Келтирилган мисолга диққат қилсак, унда мумтоз шеъриятимизга хос муҳим бир анъанавий ғоя - маҳбуба латофатига хос бир белги
- бели сочи толасидан ҳам нозикроқ эканлиги нафис бир лавҳа
- сочининг белдан қуйи туриши манзараси асосидаги ғайритабиий талқин воситасида ғоят таъсирчан ифодалангани, яъни «Маҳбубамнинг соч торлари нозиклиқца унинг бели билан тенглашолмайди, шу туфайли улар ўз ҳаддини билиб, белидан қуйи ўлтирадилар», тарзидаги ҳусни таълил асосида жозибали тасвирланганини кузатишимиз қийин эмас.
Бу ўринда ҳазрат Навоийнинг ўз устози ижодига бўлган улкан эҳтироми билан бир вақтда Лутфий шуҳратининг кенг ёйилишининг асосий боисларидан бири бўлган ана шу шеърий санъ-атга муносабати ҳам сезилиб туради. Чиндан ҳам кенг бадиий имкониятга эга бўлган ҳусни таълил санъати Лутфий яратган ғазалларда кўп қўлланиб, барча шоирлар эътиборини қозонган эди.
Маълумки, бадиий адабиётда далиллаш ёрқин, ҳаётий тим-соллар яратиш, лирик кечинмалар ёхуд эпик манзараларнинг ўқувчилар оммаси томонидан тўлиқ ва ишонарли тасаввур қила олишларига эришишнинг энг муҳим шартларидан бири саналади. Гарчи мумтоз шеъриятда далиллашнинг воқеъликни табиий тасвирлашга хизмат қилиши шарт қилиб қўйилмасада, ижодкор ифодалаётган фикрларни аниқлаштириш, гавдалантирилаётган лирик ёки эпик тимсоллар қиёфаси, ички олами, орзу армонлари моҳиятини атрофлича англаб етиш, бинобарин, муаллифнинг ғоявий-бадиий нияти, бадиий салоҳияти, услубнинг ўзига хослиги каби масалаларни пухтароқ тушуниб етиш учун бу усулнинг ўзига хос кўринишларидан фойдаланиб келинган. Адабиётимизда асрлар давомида кенг қўлланиб, гўзал ва бетакрор, сержозиба ва таъсирчан обидалар яратишга хизмат қилган ташбиҳ ва ташхис, талмиҳ ва тамсил, ирсоли масал ва ҳусни таълил каби санъатлар ана шундай далиллаш воситалари эди.
Шеъриятимиздан муносиб ўрин эгаллаган ҳусни таълил санъатининг хусусиятлари ўтмиш адабиётшуносларининг асарларида таъкидлаб кўрсатилган. XI асрнинг охири ва XII аср бошларида яшаб ижод қилган таниқли аллома Рашидиддин Ватвот ўзининг «Хадойиқ ус-сеҳр фи дақойиқ аш-шеър» асарида ушбу санъатни шундай таърифлайди:
«Ушбу усулнинг моҳияти шундан иборатки, шоир байтда бири бирининг сабаби бўлган икки сифатни келтиради, аслида эса бу ҳақда сўз юритар экан, ўз асарининг чиройли ва бетакрор бўлиб чиқиши учун улар ўртасида бирон муносабат топишни истайди, холос».
Бинобарин, ҳусни таълил байтда бир нарса, ҳодиса ёки ҳолат-га бир нарсани сабаб қилиб кўрсатишдан иборат бўлиб, бу хил усул асарнинг латофати ва таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қилиши керак.
XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI аср бошларида яшаб ижод қилган машҳур адабиётшунос олим мавлоно Атоуллоҳ Ҳусайний «Бадойиъ ус-санойиъ» китобида: «Ҳусни таълил улдурким, бир ниманинг бир сифатин иқрор қилурлар ва ул сифатни исбот қилиш учун ул ниманинг ўзига муносиб бир иллату сабабини келтирурларким, ҳақиқатта ул сабаб бўлмағай, лекин лутф эъти-бори била ани сабаб қилған бўлурлар», деб таъкидлар экан, унинг мумтоз форс шеъриятида қўлланган тўрт турини кўрсатиб ўтган эди.
«Аввалғи тури улдурким, - деб ёзади аллома, - ул сифат ул нимада ҳақиқатда бўлур, аммо унинг кўриниб турган сабаби бўлмас, ўшанга бир сабаб кўргузурлар, андоқким (байт):
Хатти мушкине навишта бар рухаш килк-и қазо,
То бувад аз баҳри дафъ-и чашм-и бад хирзу дуо
(таржимаси: «Қазо қалами унинг юзига мушкин бир хат ёзмиш, ёмон кўзни дафъ этиш учун қайтариғу дуо бўлсин учун»).
Мазкур байтнинг биринчи мисрасида маҳбуба юзида мавжуд бўлган бир сифат, яъни унинг лаби устидаги майин туклари мушкин хат деб таърифланган. Бу ҳолат сабаби аниқ кўзга ташланиб турмайди. Шоир эса иккинчи мисрада ана шу ҳаётий ҳолатга бадиий сабаб кўрсатиб, ушбу мушкин хат ёмон кўзни дафъ этиш учун ёзилган қайтариғу дуодир», деб ёзади. Далилнинг ҳақиқатдан узоқ бўлган шоирона ифодагина эканлиги намоён бўлиб турибди.
«Иккинчи тури улдурким, - деб давом этади олим, - воқеий сифатнинг зикр этилган кўргузма сабабидан ўзга кўрунуб турган сабаби бўлур, андоқким (байт):
3-он кашам пеш-и ту ҳар дам, оҳ, эй ороми жон,
То кунам аз дил бирун мутлақ ҳаво-йи дигарон
(таржимаси: «Эй ороми жон, сенинг қошингда ҳар дам оҳ тортишимнинг сабаби шуки, кўнгилдан ўзгаларнинг ҳавосини (иштиёқини) бутунлай чиқариб ташламоқчиман»).
Китобни таржима қилиб нашрга тайёрлаган академик Алибек Рустамов қўлёзма ҳошиясида ушбу байтга берилган қуйидаги изоҳга диққатимизни жалб этади: «Ҳар дам оҳ тортишнинг кўриниб турган сабаби бор: ғаму алами кўп. Аммо муҳаббатда изҳор қилинадиган латиф бир ибора билан унга бошқа бир сабаб кўрсатилган». Демак, ҳусни таълилнинг ушбу тури олдингисидан биринчи мисрадаги фикрнинг ҳақиқий сабаби бўлган ҳолда, иккинчи мисрада мазкур воқеий ҳолатга ҳаётий бўлмаган бадиий сабаб кўрсатилиши билан фарқланади.
Атоуллоҳ Ҳусайний ҳусни таълилнинг учинчи турини шундай таърифлайди: «Учинчи тури уддурким, ул ниманинг сифати ҳақиқатта бор бўлмас, аммо одатан бўлмоғи ҳам мумкин бўлур, андоқким (байт):
Азон шуд ром ба ман, эй Атоий, оҳу-йи ваҳший,
Ки бўйи меҳр он ваҳший ғизол ҳам шанид аз ман.
(таржимаси: «Эй Атоий, ул ваҳший оҳу менга шу сабабдан ром бўлдики, ҳатто ваҳший ғизол ҳам мендан меҳр ҳидини сезди»).
Тўртинчи турини таърифлаётган олим унинг ҳусусиятларини шундай таъкидлайди: «Тўртинчи тури улдурким, ул нима сифати ҳақиқатда ҳам бор бўлмас, одатан бўлмоғи ҳам мумкин ҳам бўлмас, андоқким (байт):
Хаёл-и он бут-и хунрез аз чашмам нашуд берун,
Азон дар хоб ҳам резад зи чашмам қатраҳо - йи хун
(таржимаси: «Ул қонтўкар бутнинг тасвири кўзимдан чиқиб кетмади, шу сабабдан уйқуда ҳам кўзим қон томчиларини сочади»).
Алломанинг ушбу санъат турлари ҳақидаги фикрлари билан танишар эканмиз, мана бу жумлалар диққатимизни тортади:
«Яна ул дептурким, шакка асосланган иллат ҳам ҳусни таълилға тааллуқлидир. Мунда зикр этилган иллату сабаб андоғдурким, анинг иллатлиғин қатъиян иддио қилмаслар, андоқким (байт):
Гўий ки шудаст абр-и найсон
Аз ёр жудо, ки гашта гирён.
(таржимаси: «Найсон (апрел) булути ёрдан жудо бўлганга ўхшайди, шунинг учун йиғлаяпти»).
Аллома бу санъатни таълил деб атабтур ва ани ҳақиқаттин йироқ бир ниманинг сифатин исбот қилмоққа хос қилиптурким, анга муносиб бир иллатни зарофат била иддио қилғайлар, токим эшитгувчи ани ҳақиқат деб тасаввур қилғай ва ул учинчи турда мазкур бўлғон байт янгилиғдур.
Ул яна дептурки, баъзилар бу санъатни ҳусни таълил деб атаб-турлар ва дептурлар: ул андоғдурким, икки васфни ул тарзда зикр қилурларким, бири иккинчисининг иллати бўлур ва мақсад ҳар иккисининг зикри бўлур».
Юқоридагилардан маълум бўладики, ҳусни таълилнинг асосий хусусияти бирон ҳодисага сабаб, далил келтиришдан иборат бўлиб, ушбу сабаб, далил ҳаётий бўлиши ҳам, ғайритабиий бўлиши ҳам мумкин.
Мумтоз шеъриятимиз саҳифаларини кўздан кечирсак, ҳаётий сабаб кўрсатилган ҳусни таълил ифодаларини кўплаб учратишимиз мумкин. Масалан, Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» асарида ҳам бу хил мисоллар анчагина учрайди.
Шоир қаламига мансуб:
Васли аро кўрдум: тенг эмиш бўйию сочи,
Тун-кун тенг экан, зоҳир ўлур бўлди чу наврўз
байтидаги биринчи мисрада маҳбуба бўйи билан сочининг тенглиги таъкидланган. Бу ҳаётий ҳолат бўлиб, сочи узун гўзаллар учраб туради. Бу хил таърифнинг сабабини қидириш ҳам жоиз эмас: табиат у қизни шундай яратган. Лекин шоир иккинчи байтда бу ҳолатни наврўз чоғидаги ҳодисага сабаб қилиб кўрсатади. Сабабини аниқлаб бўлмайдиган табиий ҳодиса ёки ҳолатни шу хилда далиллашга интилиб, нафис бир бадиий лавҳа келтириш ҳусни таълилнинг биринчи турига хосдир. Навоий:
То узори жилва айлар - жилвагардур зулфи ҳам,
Меҳр то айлар таҳаррук - соя доғи тебранур
байтида ҳам табиий ҳолат - маъшуқа юзи жилва қилганда, зулфи ҳам жилваланишига қуёш харакатланганида соянинг ҳам тебранишини сабаб қилаётгандек бўлади. Диққат қилинса, бу ўринда ҳам воқеий ҳодиса ҳаётий лавҳа билан далилланаётганини, оқибатда ҳусни таълил ифодаси юзага келганини кузатиш қийин эмас.
Шоир қаламига мансуб:
Совуғ оҳеким чекармен, гарм ўлур оқмоққа ашк,
Чашмаларда сув бўлур иссиғ, ҳаво бўлғач совуқ
мисраларидаги нафис ҳусни таълил шу тарздадир. Ижодкор ошиқнинг совуқ оҳ чекканида кўзларидан иссиқ ёш томаётганини ҳаво совуқ бўлганида чашмалардаги сувнинг илиқ бўлиш ҳодисаси билан далилламоқчи бўлади. Аслида эса бу хил талқин ҳам чиройли сабаб кўрсатишдан бошқа нарса эмас.
Номаи шавқум не навъ ул ойға еткай, чунки мен
Эл отин ўкур ҳасаддин ёзмадим унвон анга
байтида иккинчи мисранинг биринчисига нисбатан сабаб вазифасини бажараётгани аниқ сезилиб туради. «Шавқим номаси у ойдек гўзал маҳбубамга қандай қилиб етар экан, ахир мен эл отини ўқиб билишидан ҳасад қилиб мактуб унвонини ёзмадимку?!» деган мазмун ифодаланган ушбу мисраларда келтирилаётган далил, «ҳасад қилиб» ибораси туфайли алоҳида заковат касб этган. Демак, бу ўринда ҳам ҳаётий ҳодисага таъ-сирчан бир воқеий сабаб кўрсатилаётганини инкор этиб бўлмайди.
Ҳусни таълил санъатининг иккинчи бир тури эса бирон табиий ҳодисанинг сабаби бўла туриб, унга ҳақиқий бўлмаган ҳаётий сабаб кўрсатишни тақозо этади. Масалан, Навоий битган:
Недин билман юзум сарғарди муҳриқ ишқ тобидин,
Юзи ўтқа яқинроқ бўлған элнинг чунки рангиндур
байтининг биринчи мисрасида ишқ ҳароратидан ошиқ юзининг сарғайгани таъкидланар экан, ушбу ҳолатнинг асл сабаби ишқий кечинмалар эканлиги маълум бўлиб турса ҳам, ўзгача бир сабаб, яъни ўтга яқинроқ ўтирган кишиларнинг юзи шундай рангин бўлиши кўрсатилади. Шоир
Юзум олтиндекдурур бу важҳдинким, ҳолиё,
Сиймбарлар ул кишинингдурким, онинг моли бор
мисраларини битар экан, аввал ошиқ юзининг олтиндек сарғайганини таъкидлайди, ушбу ҳолатнинг сабаби аниқ: ошиқнинг дарди- аҳволига кумуш танли гўзал дилдорлар мол-дунёси бўлган пулдорларга насиб этишини сабаб қилиб келтиряпти. Байтда ҳаётий лавҳага воқеий далил қўллар экан, ҳусни таъ-лилнинг яна бир бетакрор намунасини ўқувчи эътиборига ҳавола этган.
Хатинг бош чеккали холинг кўрунмас,
Кўкарди чун экин, гум бўлди дона
байтида Навоий келтирган шоирона далил ҳам шу хил бадиий талқин натижасидир. Маҳбуба лаби устидаги майин туклар унинг холини яшириб турганини тасвирлаётган ижодкор бу ҳолатга ҳаётий бир лавҳани: экин кўкариб чиққанида уруғнинг кўринмай қолишини далил сифатида келтиради. Ҳар икки мисрадаги тасвир ҳаётий, лекин далил чиройли ифодалангани билан ўқувчи дилини ўзига мафтун этади.
Ҳусни таълилнинг яна бир кўриниши биринчи мисрада ифодаланаётган муболағали тасвирни ҳаётий бир воқеа, мисол ёки мақол билан далиллашни назарда тутади. Масалан, Навоий
Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд,
«Мушк исин ёшурса бўлмас», бу масал машҳур эрур.
байтида биринчи мисрадаги: «Сочинг зулм қилиши билан машҳур бўлди, буни яширишдан фойда йўқ», деб таъкидлар экан, ушбу фикрни «Мушк исини яшириб бўлмайди», деган масал машҳурку!» тарзидаги ифода билан далиллайди. Шоир мисраларда «масал» сўзининг «машҳур» тарзидаги маъносидан ҳам, «мақол» тарзидаги маъносидан ҳам усталик билан фой-даланиб, кўркам бир ҳусни таълил намунасини яратишга эришади.
Чун Навоий кўнгли синди, эмди лутфунг не осиғ,
Ким, ушатса шишани бутмас яна пайванд ила
байтидаги бадиий далил ҳам юқоридаги мисралар билан ҳамоҳанг. Биринчи мисрада шоир ўз кўнглининг сингани ва энди маҳбуба лутфи бефойдалигини таъкидлаган бўлса, иккинчи мисрада синган шишани улаб бўлмаслиги ҳақидаги мақол билан юқоридаги фикрни далиллашни ўз оддига мақсад қилиб қўяди.
Не айб, шодлиғ ашким кўп оқса васлингда,
Баҳор фасли бўлур чашмалар суйи афзун
мисраларидаги бадиий сабаб ҳам ўз нафосати билан кўнгилга роҳат бағишлайди. Шоир қаламига мансуб
Не кунки кўрсам, тушумга кирса не тонг,
Қуёшға боқсаю кўз юмса ҳам қуёш кўрунур
байтидаги санъат ҳам шу тарздаги сабаб асосига қурилган. «Юзини кўрганимдан сўнг у гўзал тушимга кирса ажаб эмас, ахир қуёшга боққан киши кўзини юмса ҳам қуёш кўринадику», маъносини ифодаловчи ушбу мисраларда ҳаётий ҳолатга табиий далил келтирилган.
Ҳусни таълил санъатининг юқоридаги турлари шеъриятимизда кўп йиллар мобайнида изчил қўлланиб келинган. Лекин улар ўртасида ушбу санъатнинг бирон ҳаётий ҳодиса ёки ҳолатга ғайритабиий сабаб кўрсатиш мақсадини кўзлайдиган тури бошқаларига нисбатан кенгроқ қўлланганини кўриш мумкин. Ҳусни таълилнинг бу кўриниши унинг бошқа турларига нисбатан ижодий хаёлотга, янгидан-янги бадиий тимсоллар ва лавҳалар яратишга имкон бериши жиҳатидан ажралиб туради. Шу туфайли биз мазкур китобда ҳусни таълилнинг ушбу тури ҳақида кенг кўламли ва мукаммал маълумот бериш, шоирларимизнинг бу соҳадаги санъаткорлиги, ижодий тафаккур даражаси, яратилган бадиий лавҳаларнинг шоир ғоявий- бадиий ниятини очишдаги ўрни, ўқувчилар оммасига таъсири каби масалаларга алоҳида диққат қилишни лозим топдик.
Мавлоно Атойи
Бир тўя кўргаймумен деб талъатингни тўлун ой,
Тунглукингда ўлтурур то субҳ мендек телмуруб
байтида ажиб бир ҳусни таълил ифодасини яратганди. Диққат қилинса, байтда аввало ҳаётий бир ҳолат- ёр деразасидан кўриниб турган тўлин ой манзарасини кузатамиз. Бу ҳаётда жуда кўп учрайдиган табиий ҳодиса. Унинг юз беришига бирон ҳақиқий сабаб топиш ҳам амри маҳол. Лекин зукко шоир бу кўринишга ўқувчини ҳайратлантирарли бир сабаб кўрсатади: гўё тўлин ой ҳам гўзал маҳбубага шайдо бўлганмишу, ошиқ йигитга ўхшаб ёр жамолини бир марта бўлса ҳам тўйиб кўриб олиш учун дераза олдида то субҳга қадар жилмай интизор бўлиб ўлтирганмиш.
Кўрсатилаётган сабаб ойга тааллуқли бўлиб, унинг табиатига мос бўлиб тушса ҳам, ғайритабиийлиги, ҳаёт ҳақиқатига мос келмаслиги, аниқроғи, ифоданинг, кўрсатилган сабабнинг ҳаётий мантиқдан узоқлиги яққол кўзга ташланиб турибди. Ташхис санъатидан фойдаланаётган ижодкор осмон ёритгичига инсон хусусиятларини кўчирган ҳолда бадиий ёлғон қўллаб, маҳбубанинг мафтункор ойга нисбатан ҳам латофатлироқ эканлигини таъкидлаётгани, ошиқ йигитнинг эҳтиросли муҳаббатини олқишлаётганини англаб етиш қийин эмас. Бу ўринда шоир йўл қўйган бадиий ёлғон эса ўзига хос нафис бир лутф, сўз ўйини холос.
Мавлоно Лутфий қаламига мансуб
Юзидин лола ранг элтиб уёлиб шаҳрға кирмас,
Кишиким бўйнидин боғлаб кетурмоғунча саҳродин
мисраларидаги ҳусни таълил яна ҳам мароқли. «Маҳбубамнинг қизил юзларини кўриб ранги ўчган лола уялганидан шаҳарга киролмайди, одамлар уни бўйнидан боғлаб саҳродан олиб келадилар», деган маънони ифодалаётган ушбу байтдаги ғайритабиий сабаб алоҳида эътиборга лойиқ. Байт матнига эътиборни қаратсак, шоир аввало лоланинг тоғ этакларида учрашини таъкидлаб: «У шаҳардан қочиб юради, унга кира олмайди» деган фикрни бизга ҳавола қилаётганини англаймиз. Бунинг ҳақиқий, ҳаётий сабаби табиат тақазоси, холос. Лекин шоир ўз олдига бу хил сабабни таҳлил қилиш мақсадини қўймаганлиги ҳам аён бўлиб турибди. Аниқроғи, ижодкор лоланинг шаҳарга кира ол-маслиги сабабини излашга киришади-ю, жавобни: «Лоланинг шаҳарга яқинлаша олмаётганининг сабаби унинг гўзал маҳбуба юзига тенглашолмаслиги, уни кўрган заҳоти ранги ўчиб кетаётганлиги туфайли одамлардан уялиши экан», деган хулосага келади. Бу ўринда лолага инсон хусусиятлари - ранги ўчиш, уялиш ҳолатлари кўчирилаётганлиги, яъни ижодкор айни бир вақтда ташхис ва муболаға санъатларидан истифода қилган ҳолда ғайритабиий далил келтираётганига ишонч ҳосил қиламиз. Ҳақиқатан ҳам, шоир таъкидлаётган сабаб ҳаётдан узоқ ва мантиқан асоссиз эканлиги яққол кўзга ташланиб турибди. Чунки аслида лоланинг тоғда ўсиши маҳбуба латофатига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, севги фақат инсонларгагина хослигини яхши биламиз, шу туфайли шоир талқинининг жидцийлигига ишонмаймиз ҳам, лекин ижодкор бадиий нияти - маҳбуба гўзаллиги чиройли бир тарзда тасдиқланганига тан берамиз-у Лутфий хаёлот оламига, маҳоратига тасанно айтамиз.
Демак, ҳусни таълил санъати байтда ифодаланаётган ҳаётий воқеа, ҳодиса ёки ҳолатга ғайритабиий, яъни ҳақиқий бўлмаган бирон сабаб кўрсатиш, шу восита орқали у ёки ғоявий-бадиий ниятни амалга ошириш, бирон ғоя ёки фикрни таъкидлаб кўрсатишни назарда тутади. Биробарин, ушбу санъат қўлланган байт уч нарсани ўз ичига олади:
1. Ижодкор тасвирлаётган ҳаётий ҳодиса ёки ҳолат, тарихий ёки афсонавий воқеа.
2. Шу ҳодиса, ҳолат, воқеанинг ҳаётий бўлмаган, ғайритаби-ий, номантиқий сабаби - ҳусни таълил.
3. Ҳаётий ҳақиқатга ёки афсонавий воқеага ғайритабиий са-баб кўрсатишдан назарда тутилган ғоявий-бадиий ният.
Шеъриятимиздаги ҳусни таълил намуналари хилма-хил ҳаётий ҳолатлар, табиий ва афсонавий ҳодисаларга асосланади. Шоирлар кўпинча самовий мавжудотлар ҳолати ва ҳаракатини ғайри-табиий изоҳлаш йўли билан ҳусни таълил санъатига хос лавҳалар чизадилар. Масалан, қуёш ҳаракатини шу хил тасвирлаш воситасида кўплаб чиройли байтлар яратилган.
Ой юзунг наззорасидин қолур эрмиш бенасиб,
Онинг учун кечқурун ҳар кунда йиғлар қон қуёш.(Гадоий)

Меҳр юз кўрмай ўчашур, пардадин чиққач қуёш
Олғали қўймас сориғ юзин қаро ердин уёт.(Навоий)

Фалак меҳри булутдин кўзга чекмиш пардаи мушкин,
Магар боқиб қуёшим юзига кўзи қамошибдур. (Огаҳий)
Келтирилган байтлар мазмунига диққат қилсак, қуёшнинг ҳолати, ҳаракати асосида бетакрор бадиий лавҳалар ифодалан-ганини кўрамизки, уларнинг ҳар бири ҳусни таълил санъатининг гўзал намуналаридир.
Турли ҳаётий ҳодисалар, ўсимликлар, мевалар, ашёлар ҳола-ти заминида ҳам ҳусни таълил санъатининг чиройли намуналари яратилган. Масалан, Навоийнинг
Банд аёғида нединдур, бошида савдо ўти,
Эй пари, ишқингда гар худ бўлмамиш девона шамъ
байтида шамънинг кўринишини муҳаббат дардида девона бўлган одамга ўхшатиб, табиий ҳолат ғайритабиий тарзда талқин қилинган. Ташбиҳ ва ташхис санъатларига асосланган бу хил тасвирда ҳусни таълил маҳбуба гўзаллиги, латофатини таъсирчан қилиб ифодалашга имкон берган. Лутфий қаламига мансуб бўлган
Ой юзунгнинг хижлатидан гул қизорди, ҳолиё,
Ханда бирла ўткарур, чун инфиоли бордурур
байтида гулнинг қизариб очилиши хижолатдан юзи қизарган ва ўзининг ноқулай аҳволини яшириш учун зўрма-зўраки табассум қилаётган одамга қиёсланиб кишини лол қолдирувчи тасвир чизилган.
Шоирнинг:
Ҳайратда қолиб писта оғиз очтию қолди,
Мажлисда чу оғзинг соридин кечти ҳикоят.

... Лаълининг ширинлигин бир кун битар эрди қалам,
Боши зону остида қолди чибинлар илкидин
каби байтларида ҳам писта, сарв, қалам ҳолатлари ҳусни таълил учун асос бўлган.

Гадоийнинг
Ул ҳаловатлик зулол ирнинг рамузин фаҳм этиб,
Бош олиб зулматға кирди оби ҳайвон шармсор
байтидаги ҳусни таълил санъатидан завқ олиш учун оби ҳайвон (ҳаёт суви) ер остидаги зулматда бўлиши ҳақида афсоналар, масалан, Искандарнинг ҳаёт сувини ичиш мақсадида зулматта кириши ҳақидаги афсонавий ҳикоядан хабардор бўлиш талаб қилинади.
Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳусни таълил санъати қўлланар экан, тасвирланаётган ҳаётий ҳодиса ёки ҳолатнинг ҳақиқий сабабларига эътибор берилмайди. Бу хил сабаблар мутлақо бўлмаслиги ҳам, сезилар-сезилмас бўлиши ҳам, аниқ кўриниб туриши ҳам мумкин. Ўзбек шеъриятидан ҳам бу масалага доир кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Лутфийнинг
Сабо ширин дудоқингға тегубон ўтти ер узра,
Ўшал имкон билан ернинг наботин найшакар қилди
байтини мутолаа қилсак: «Тонг насими ер узра кезаркан, ширин лабларингга ҳам тегиб ўтди-ю, шундан кейин ер ўсимлигини шакарқамишга айлантирди», деган латиф бир маъно ифодаланганини кўрамиз. Шоир таъкидлаётган ҳаётий ҳодиса - ер юзида шакарқамишнинг ўсаётганлиги. Бунинг ҳақиқий сабаби сифатида нимани кўрсатиш мумкин? Ушбу саволга жавоб топиш мушкул. Шунга қарамай шоир ўзи тасвирлаган ҳодисанинг сабаби-ни топишга интилиб, найшакарнинг пайдо бўлишига сабаб тонг шамоли оддин маҳбуба лабига тегиб ўтиб кейин ер юзи бўйлаб кезаркан, ер ўсимлигини шакарқамишга айлантиргани эканлигини таъкидлайди. Мавлононинг
Писта онт ичтики, торлиқ ул оғиздин олмайин,
Ёрилибдур ўзга қилмиш гўиё савгандини
байтидаги воқеий ҳақиқат - пистанинг қорни ёриқлиги. Бунинг ҳаётий асоси нима бўлди экан? Дарахт устида эканлигида ўз табиатига кўра ёрилганими ёки одамлар томонидан чақилганими? Аниқ бир хулосага келиш маҳол. Бундан қатъий назар, шоир ушбу ҳақиқатга ажойиб бир ғайритабиий сабаб ўйлаб топган: у энди маҳбуба оғзидаги торликка даъво қилмайман, деб қасам ичган экан, лекин ўз сўзида турмаган шекилли, қорни ёрилиб кетибди». Мавлоно бу ўринда «Ёлғончининг қорни ёрилиб ўлади», деган халқ иборасига ишора қилаётгани яққол кўзга таш-ланиб турибди.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турганидек, шоир томонидан қаламга олинаётган ҳаётий ҳодиса ёки афсонавий ривоятнинг ҳақиқий сабаби бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар ижодкор ўз ғоявий-бадиий ниятига мувофиқ келадиган ғайритабиий сабаб - ҳусни таълилни ифодалайверади.
Энди ҳусни таълил ифодаси, яъни шоир келтирадиган ғайри-табиий сабаб ҳақида суҳбатлашайлик. Адабиётимизнинг кўп асрли тарихи кўрсатишича, ушбу санъат ифодаланаётган сабабнинг албатта ғайритабиий, ҳаёт ҳақиқатш а мос келмайдиган бир тарзда бўлишини шарт қилиб қўяди. Сабаб асосида сўзсиз ижодкор таъкидлаётган ҳаётий ҳақиқат, ҳолат ёки афсонавий ривоятда тилга олинаётган шахс ёки ҳайвон, қуш ёки буюм, баъ-зан мавҳумий бирон тушунча (масалан, жон, кўнгул) номи ётади, сўнг у билан алоқадор ғайритабиий далил келтирилади. Натижада бир шахс, ҳайвон, қуш, буюм, мавҳум тушунча ҳақида ўзаро узвий алоқада бўлган икки фикр юзага чиқади. Кейинги ҳукм олдинги ҳаётий воқеъликнинг сабаби қилиб кўрсатилади-ю, лекин ҳар икки фикр ўртасида мантиқий мувофиқлик бўлмайди, аниқроғи, сабаб сохта, ҳазилнамо мазмунга, лутф, сўз ўйини маъносига эга бўлади.
Ҳусни таълил ифодаси шу туфайли ҳам аксар ҳолатларда енгил, самимий кулги уйғотади. Фикримиз исботини юқорида келтирилган мисолларда ҳам яққол кўришингиз мумкин.
Шоир таъкидлаётган сабаб ғайритабиий, номантиқий экан, бу ижодкорнинг ёлғончилиги деб баҳоланмайдими? Ўқувчи бу хил сабабни қабул қилаверадими? Йўқ, асло! Мазкур кўринишдаги «ёлғончилик» сўз санъати табиатига мос келаверади. Ҳазрати Навоийнинг
Сўз ичраки ёлғон эрур нописанд,
Чу назм эттилар, қилди доно писанд
ёки
Улки ғазал чеҳрасига берса зеб,
Англаб ани табъкашу дилфиреб.
Чин демаги ҳарзаву ҳазён бори,
Турфа буким, яхшиси ёлғон бори.
деб таъкидлаганларида, ҳусни таълил санъатини ҳам назарда тутганлари айни ҳақиқат.


Китобхон албатта шоир келтираётган сабабнинг ғайри ҳаётий эканини, у ўз ғоявий-бадиий ниятидан келиб чиқиб, атайлаб «ёлғон» ишлатаётгани, бу хил ғайритабиий, номантиқий далил атайлаб шу тарзда ифодалаётганини англаб етади ва бу хил фикрларни шартли қабул қилади-да, муаллиф маҳоратига тасанно айтади.

Ҳусни таълил маҳорати... ғайритабиий сабабни ифодалаш санъаткорлиги.. У нималардан ташкил топади, сўз салоҳиятининг қайси қирраларини ўзида намоён этади?
Шубҳасиз, шоир ҳусни таълил ифодасини яратар экан, табиат ҳодисалари, инсонлар ва жонзотлар ҳаёти, хилма-хил мевалар, гулларнинг шаклий ва ранг хусусиятлари, одамларнинг уларга муносабати, халқ орасида кенг тарқалган афсона ва ривоятлар мазмунини асос қилиб олади. Лекин бундай нарсаларни ҳар бир шоир ҳам кўрадику, у ҳолда нима учун ҳар бир ижодкор яратиб ташлайвермайди ҳусни таълилнинг бир-биридан мунаққаш ифодаларини?
Фикримизча, ҳусни таълил ифодаларининг майдонга келиш жараёнини қуйидагича белгилаш мумкин:
1. Ушбу санъат лавҳалари табиат манзараларини ҳаёт ҳодисалари, кундалик турмуш воқеъликларини кузатиш давомида кутилмаган тасодифий тарзда, тўсатдан шоир дилида пайдо бўлади-да, унинг ёдида сақланиб, сайқал топиб, сўнг ғазал ёхуд маснавийдан бир байт кўринишида ўрин олади. Дейлик, баҳор айёми тонгги насим эсаркан, боғда ўтириб гўзал манзарани ҳавас билан кузатаётган шоир дарахтлар, ниҳолларнинг аста тебранишига боқиб, тўсатдан уларни кимгадир таъзим қилаётгандек кўринишини хаёлга келтиради. «Улар кимга салом бераётган экан?» деб ўйлаб кетади у. Кўз олдида боғда кезаётган гўзал қиз гавдаланади-ю, манзара байтга айланиб ижодкор кўнглидан ўрин олади.
2. Шоир дилида аввало ғоявий-бадиий ният, ёр чеҳрасининг янгича, бетакрор васфини яратиш мақсади пайдо бўлади. Бу орзу уни туну кун изланишга ундайди. У ҳаёт манзараларини синчиклаброқ кузатар экан, бир қатор бадиий лавҳаларни кашф этиб, улардан бирини танлаб таҳрирдан ўтказади-ю, ўз асаридан ўрин беради.
3. Ўтмишнинг буюк ижодкорлари асарларини мутолаа қилиб, айни вақтда уларнинг бадиий салоҳиятлари сирларини ўрганишга интилаётган шоир бошқа санъатлар қаторида ҳусни таълил намуналарини синчковлик билан назардан ўтказар экан, ўзига манзур бўлган бадиий обидалардан илҳомланиб, яратилган ҳусни таълил ифодаларини янада такомиллаштириш ёки шу лавҳаларнинг очилмаган қирраларини кашф этиш нияти билан уларнинг янгича талқинларини қоғозга туширади.
Масалан, Атойи ва Лутфийлар ғазалиётидаги ҳамоҳанг бир неча байтни кўздан кечирайлик. Бир ғазалида Атойи маҳбуба юзининг гулдан ҳам латифроқ эканини ҳусни таълил воситаси-да шундай таърифлаган эди:
Севингандин гул ўз тўнига сиғмас,
Ким они юзунга нисбат қилурлар.
«Одамлар гулни маҳбуба юзига ўхшатадилар, бундан севинган гул тўнига сиғмай кетади», мазмуни ифодаланган ушбу байтда «гул тўни» ибораси ўринсизроқ қўлланганини сезиб олиш қийин эмас. Мавлоно Лутфий ушбу байтни ўқиганида, бунга эътибор берган бўлса керакки, ўзининг қуйидаги байтини битар экан, шу мантиқий номувофиқликка барҳам берган эди:
Ғунча севиниб тўнига сиғмас,
Ўхшатсам ўқунг бошоқи бирла.
«Ғунчани сен отган ўқ бошоқи (ўқ учи)га ўхшатган эдим, у севинганидан ўз тўнига сиғмай кетди», маъносини ифодаловчи ушбу мисралар Атойи тасвирига қараганда мазмунан мукаммалроқ, мантиқан асослироқ эди. Диққат қилинса, ғунча шаклан ўқ учидаги «бошоққа», яъни учбурчак кўринишидаги темир парчасига ўхшашлиги ҳам, бу қиёсдан севинган ғунча тўни -яшил куртакнинг ёрилиб, учидаги қизил гул барглари намоён бўлиши ҳам мантиқан бенуқсон эканлигини кўриш қийин эмас. Атойининг
Оғзингда муъжиз оятин Исо кўруб зиёд,
Сиздин қочиб ёшунди кўк ичра уёттин
байтидаги ҳусни таълилга қараганда, Лутфий битган
Исо фалакка ошти, чун бўлди лабинг жон бергучи,
Шармандаликдин кетмаса кўкта анга не бор эрур
мисраларидаги ғайритабиий талқин мазмунан баркамоллиги билан ажралиб туради.
Апишер Навоийнинг ширинлигидан лаблари ёпишиб қолиб ошиқ йигит ҳолини сўрашга оғзини очолмаётганини тасвирлагани кўпчиликка таниш. Шоир Фурқат ҳам албатта ундан яхши хабардор бўлган ва ўша мисралардан таъсирланиб ўзининг
«Нуқта лаб устида бежодур», - дедим, айди кулиб «Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда»
мисраларини битган эди. Бу хил ифода Навоий таъкидлаган фикр, яъни «Нуқта (хол) лаб устидан ўрин олса, янада чиройлироқ кўринади», маъносини янгича бир тарзда акс эттириш маҳо-ратидан далолат бериб турибди.
Анчагина ҳолларда икки шоир талқинидаги ўхшашлик ёки мазмунан яқинлик уларнинг бир-бирига таъсири сифатида эмас, балки таворуд, яъни тасодифий такрор тарзида юз беришини кузатилади. Масалан, шоир Ҳофиз Хоразмий қаламига мансуб
Бас ажабдур кўзларим ёши, юзунг кўрган аро,
Чун бўлур истора пинҳон, бўлса пайдо офтоб
яъни: «Аслида офтоб пайдо бўлганида юлдузлар пинҳон бўлар-ди, шуниси ажабланарлики, юзингни кўрганимдан сўнг кўзларимдан ёш тинмаяпти», маъносини ифодаловчи байти билан Алишер Навоий яратган машҳур
Оразин ёпқач, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлгач қуёш
мисралари орасида ижодий алоқадорлик сезилгандек бўлади. Буни эса адабиётимиз тарихи саҳифалари инкор этади, зеро Ҳофиз Хоразмий ижоди билан Навоий таниш бўлмаган. Бинобарин, байтлардаги ҳамоҳанглик таворуд натижасигина бўлиб, биринчи байт иккинчисининг юзага келиши учун хизмат қилмаган. Бу хил мисолларни адабиётимиз тарихидан кўгшаб келтиришимиз мумкин.
4. Шоир ўзи илгари яратган ҳусни таълил ифодаларини таҳрир қилиб, баъзи янги тафсилотлар билан тўлдириб, байт мазмуни ва тимсолларини сақлаб қолган ҳолда янгиланган лавҳалар чизади. Жумладан, мавлоно Лутфий бир ғазалида
Нетар лола туруб ёбонда мунча,
Уётингдин агар овора йўқтур
тарзидаги ҳусни таълил ифодасида лоланинг даштда ўсишига унинг маҳбуба чеҳрасидан уялишини сабаб қилиб келтирган эди. Шоир бошқа бир ғазалида яна лола тимсолига мурожаат қилиб юқоридаги байтни
Эй сарви гул узор, янгоқингдин уфтаниб,
Ёбонга шаҳрдин қочибон лола зор эрур
тарзида таҳрир қилганини кузатамиз. Эътибор қилинса шоир «янгоқингдин уфтаниб», «шаҳрдин қочиб» ибораларини қўллагани туфайли янгича талқиндаги мазкур байт аввалгисига нисбатан ёрқинроқ, жозибалироқ ва таъсирчанроқ чиққан.
Лутфий яна бир ғазалида тағин шу тимсолдан фойдаланар экан, бадиий ифодани янада кучайтиради. Зеро,
Юзунгдин лола ранг элтиб уёлиб шаҳрга кирмас,
Анинг бўйнин киши боғлаб кетурмоғунча саҳродин
байти аввал келтирилган ҳар икки тасвирга қараганда мукаммалроқ экани кўзга яққол ташланиб туради. Иккинчи мисрада келтирилган тафсилотлар туфайли лоланинг уялиш ҳолати яна-да бўртиброқ кўринади.
Мана шу хилдаги таҳрир тимсолларини бошқа шоирлар ижодидан ҳам анчагина келтириш мумкин. Масалан, Алишер Навоий маҳбуба гўзаллигини мадҳ этиб,
Юзига меҳрдин йўқким, юзидин меҳрга ногоҳ
Ҳарорат етмасун дерким, солур ҳар соридин қалпоғ
байтида ҳусни таълилнинг бетакрор бир лавҳасини яратган эди. «Маҳбубам: «Юзимга қуёшнинг ҳарорати таъсир этмасин», деб эмас, балки «Қуёшга чеҳрам ҳарорати етиб унга озор берма-син», деган мақсадда ҳар томондан тўсиб олган», деган мазмунни ифодаловчи ушбу мисраларда гўзал дилбар юзининг қуёшдан ҳам нурлилиги, ҳароратлилиги ғоят сержозиба тасвирланган эди. Бу ўринда шоир қўллаган акс тасвир усули ниҳоятда қўл келган. Маҳбуба рухсорининг қуёшни куйдириши мумкинлиги ҳақида-ги ғайритабиий талқин ушбу байтни ҳусни таълилнинг беқиёс намунасига айлантиргани кўриниб турибди.
Навоий кейинроқ мазкур байтни таҳрирдан ўтказиб, унинг
Йўқки, ул хуршидцин, хуршид ондин куймасун
Дерки, бир ёндин солур чобуксуворим қалпоғин
тарзидаги янгича ифодасини ўз ўқувчиларига тақдим қилди. Ушбу бадиий лавҳани тўддирган «чобуксуворим» тимсоли тасвирга муҳим бир аниқлик киритгани сезилиб туради. Олдинги байтда маҳбубанинг бош кийими умумийроқ тарзда акс эттирилган бўлса, кейинги икки мисрада маҳбуба тимсоли от устидаги чавандоз сифатида тасвирлангани учун унинг кийиниши, юзини тўсиб турувчи қалпоқ кийгани асослироқ туюлади.
5. Ана шундай хилма-хил ижодий жараёнлар давомида яра-тилган ҳусни таълил ифодаларида ранг-баранг бадиий тимсоллар вужудга келади, уларнинг ҳар қайсиси ўзининг мазмунан янгилиги ва таъсирчанлиги, жилою жозибаси билан ўқувчилар оммасини ўзига мафтун этади, бадиий сўз қиммати ва қудрати ҳақидаги тасаввур, билимни мустаҳкамлайди, қалбларга нафосат туйғуларини олиб кириб, шеъриятга, умуман, бадиий адабиётга муҳаббат ҳисларини камол топтиради. Чунончи, қуйидагича тимсоллардан завқланмаслик мумкинми?
- соҳибжамол маҳбубанинг тенгсиз гўзал чеҳрасидан уялиб, юзини булут билан тўсиб олган қуёш;
- маҳбуба юзига дераза туйнугидан тўймай боқиб, жойидан қўзғолмай ўтирган тўлин ой;
- дилбар қиз рўпарасида унинг латофати олдида лол қолиб, бошини қуйи солиб турган бинафша;
- ошиқ йигитнинг кўз ёшлари билан беллашиш ниятида тинмай йиғлаётган булут аҳволи устидан қаҳ-қаҳ уриб кулиб, ерга йиқилиб тушган чақмоқ;
- инсонларга сўз билан жон бағишлашда гўзал дилбар билан тенглаша олмай, шарманда бўлиб осмонга қочиб кетган Исо Масиҳ;
- лаблари ширинлигидан ёпишиб қолиб, ошиқ аҳволини сўрашга оғзини оча олмай хижолат чекиб турган дилрабо гўзал;
- ошиқ ёзган мактубни элтаётиб унда битилган оташин изти-робларга чидай олмай ҳалок бўлиб ерга қулаётган кабутар;
- гўзал дилдорнинг юзини кўриб дала-даштда хижолатта ботган ва одамлар қўлига тушиб, бўйнидан боғланиб шаҳарга зўрлаб олиб кетилаётган лола;
- ошиқнинг ўтли оҳи таъсиридан қизғиш ранг касб этиб аста сузиб бораётган ғамгин булут;
- маҳбуба лаби билан баҳслашишдан ожиз бўлиб, бундай беадабликни такрорламасликка қасам ичган, лекин ўз аҳдини бузиб ёлғончи сифатида қорни ёрилиб кетган писта;
- ёр васфи битилгани учун ҳар бир саҳифасидан муаттар ҳид анқиб турган шоир дафтари;
- тонг насими эсаркан, гулзорни тамошо қилиб юрган маҳ-бубани кўриб қолиб, унга қайта-қайта таъзим бажо қилаёттан сарв ниҳоллари каби юзлаб латиф тимсоллар фикримизнинг далили бўла олади, деб ўйлаймиз. Бундай ҳайратомуз тимсоллар ҳусни таълил сирларини кашф этишда шеър аҳли учун энг яхши намуналар бўлиб хизмат қилгани ҳам шубҳасиз.
Шундай қилиб, ушбу санъатнинг бетакрор ва пурмазмун, сержилва ва жозибали ифодаларини яратиш учун аввало ижодий салоҳият, хусусан, хаёлий истеъдод, ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган бадиий тафаккур иқтидори зарур. Кўриниб турадиган энг оддий ҳақиқатлардан инсон ақлини лол қолдирадиган ҳайратомуз бадиий лавҳалар чизиш, ғиртёлғон манзараларга китобхонлар оммасини ҳайратлантириш, ғайритабиий лавҳалар билан инсон зотини сўз санъатининг ғаройиб оламига олиб кириш учун чинакам санъаткор, даҳо ижодкор бўлиш керак.
Мавлоно Атоий сув бўйида ўтириб қўлини юваётган гўзал маҳбубани кўрар экан:
Ул иликким, сувдин ориқтур юмас они суда,
Балки сувни пок бўлсин деб илики бирла юр,
яъни «Унинг қўллари сувдан ҳам тозаку, демак уларни сувда юваётгани йўқ, балки сувни поклаш учун қўли билан уни юваяпти», деб ғоят нафис ҳусни таълил яратган экан, шоирнинг бадиий тафаккури қудратига тан бермаслик мумкинми? Мавлоно Лутфий
То юзунгнинг васфини Лутфий битибдур, дафтари
Бўлди рангину насими гул келур авроқдин
байтида шеър дафтарининг рангли қоғозлардан ташкил топга-ни, варақлар орасига баъзан гул солиниши туфайли дафтардан муаттар ҳид анқиб туришини назарда тутиб: «Буларнинг барчасига сабаб варақларда сенинг гулдек юзинг васфи битилганидандир» деб ғайритабиий далил келтирар экан, ўзининг кенг кўламли бадиий хаёлоти даражасини акс эттирган эди.
Бундай бир-биридан нодир мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

Шеъриятимизда яратилган кўплаб ҳусни таълил ифодаларида маҳбубанинг беқиёс ҳусни латофати, ошиқ йигитнинг унга бўлган вафо ва садоқати, ишқ йўлида чеккан аламу изтироблари таъкидланади. Янада батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, ана шу ифодаларга кўра:
- шоир тасвирлаётган маҳбуба шундайин гўзалки, қуёш, ой, юлдузлар унинг жамолига шайдо бўлиб, само узра саргардон кезади, рухсорини бир кўришга зор бўлиб, уни излайди, деразаларидан мўралаб томоша қилишга ошиқади, оёқларини ўпиб, хизматини қилишга шошилади, висолини бир бора кўришганида эса кўзлари қамашиб, булутлар оғушига ғарқ бўлишади;
- у шундайин соҳибжамолки, таърифини эшитиб, хижолатга ботган гуллар қизориб, ранглари бўзариб кетади, кийимларини йиртади, унинг юзлари висолига етишиш учун гулобга айла-нади;
- у шундайин қомат соҳибасики, чаманларнинг латиф сарвлари унга таъзим қилиб чарчашмайди, майин насим оғушида унинг номини зикр қилишгани қилишган;
- маҳбуба мўъжаз лабларига рашк қилган ғунчаларнинг, пи-сталарнинг оғизлари очилиб қолади, сўзларининг ширинлигига, ҳаётбахшлигига чидаш беролмаган новвотлар шишалар ичига яширинади, оби ҳаёт зулматга кириб пинҳон бўлади, ҳатто Исо осмонга қочишга мажбур бўлади. Лабларини тасвирлаётган қаламлар ёрилиб кетади;
- маъшуқанинг шаҳло кўзлари оҳуларни дашту биёбонларда сарсон қилади, наргисларнинг, бинафшаларнинг бошлари қуйи эгилади.

Ошиқ йигитнинг маҳзун ҳолати, сарғайган рухсори, эгилган қоматини кўриб раҳми келган:
- гардун юлдузлардан кўз ёш тўкади;
- шафақ кўксини пора қилиб, қонга ботади;
- шамъ оқшомдан тонгга қадар ёниб, куйиб, ашк дарёсига ғарқ бўлади;
- қушлар дардига ҳамдардлик кўрсатиб, эрта саҳаргача бе-дор чирқиллашади.
У шунчалик кўп изтироб чекканки, кўнгли шунчалик ўртанганки, унинг аламини ёзаётган қоғозлар куйиб кул бўлади; унинг мак-тубини маҳбубага элтаётган кабутарнинг қаноти куйиб ерга қулайди; унинг дарду аламини достон қилиб куйлаётган бахши-лар ҳалок бўладилар.
Ҳусни таълил воситасида яратилган бундай бадиий мўъжизаларни санаб тугатиш мушкил. Ҳа, ушбу санъат ана шундай ҳайратомуз, гўзал, беқиёс. Унинг ҳар бир янги ифодаси шеърият оламини безатувчи нодир бир жавоҳир, бетакрор бир бадиий тимсол. Масалан, улуғ Навоий қаламига мансуб мана бу сўз дурдонаси лол қолдирмайдими ҳар қайси шеър мухлисини?!
Қатра қонларким томар кўксимга урғон тошдин,
Захмдиндир демаким, қон йиғлар аҳволимга тош.
Ҳижрон аламига чидай олмаган ошиқ ўз кўксига тош урар экан, ерга қон томмоқда. Шоир таърифича, бунинг сабаби тошнинг баданга еткизган яраси эмас (қон ярадан оқаётгани йўқ), балки ошиқ қалбига урилган тош унинг бағридаги дарду-аламнинг кучлилигита чидай олмасдан қонли ёш тўкиб ййғламоқда. Садоқатли, жафокаш, ошиқнинг чеккан изтиробларини бундан ҳам ёрқинроқ, таъсирчанроқ ифодалаш мумкинми?
Даҳо ижодкорлар ҳусни таълил санъати қўлланган ҳар бир ифодада ўқувчи тушуниб олиши зарур бўлган икки бадиий ниятни назарда тутадилар:
1. Китобхон шоир яратган, ғайритабиий талқиндан ижодкор кўзлаётган асосий мақсадни англаб олиши керак.
2. Улар шоирнинг бу соҳада эришган ижодий муваффақиятига муносиб баҳо беришлари зарур.
Биринчи вазифа яратилган ҳусни таълил ифодасидан ижодкор аниқ қайси ғоявий-бадиий ниятни кўзлагани, маҳбуба ва ошиқнинг қайси бир хусусиятини таъкидлаётганини белгилашни талаб қилади. Масалан, Атоийнинг
Юрурда енг била оғзингни тутма,
Нимаким йўқ турур, ёшурмоғинг не?
байтини ўқиган китобхон қайси хулосага келиши керак? Диққат қилинса, шоирнинг мақсади, ёш келинчакнинг портрети, унинг рўмолча билан оғзини бекитиб юриши эмас, балки: «Йўқ нарсани яшириб нима қиласан?» деган таъкиди эканлиги, бинобарин бу ифодадан мақсад тасвирланаётган гўзал-нинг оғзи йўқ даражада кичкина эканлигини бетакрор бир тарзда акс эттиришдан иборатлилигини аниқлаш қийин эмас.
Китобхон олдидаги иккинчи вазифа эса мавлоно Атоийнинг сеҳрли қалами билан яратилган бу нафис лавҳа, ушбу таъсирчан тимсол шеъриятимиздаги янги ҳодиса экани, зеро унгача ҳеч ким маҳбуба оғзининг мўъжазлигини бу тарзда ифодалай олмаганини, яъни шоирнинг янги бир бадиий кашфиёт яратганини муносиб баҳолашдан иборат.
Шеърда келтирилган ҳусни таълил, Шарқ адабиётшу-нослигида таъкидланишича, қатъий бўлиши лозим. Агар гумон маъносида кўлланилса, у ҳолда бу хил сабаблар «шибҳи ҳусни таълил», яъни «шубҳали чиройли сабаб» деб аталади.
Алишер Навоийнинг
Юзни гуллардин безабму бизии қурбон айладинг,
Ё юзингга тегди қонлар бизни қурбон айлагач
мисраларида эса шибҳи ҳусни таълил қўлланган. Чунки шоир маъшуқанинг юзи атрофидаги гулни қонга ўхшаттан ҳолда унинг ёр чеҳрасига тегиш сабабини қатъий қилиб эмас, балки гумон қилиб айтади.
Шеъриятда воқеаларнинг ҳақиқий сабаблари ҳам келтирила-ди, албатта. Фурқат ўзининг
Ул париваш ишқидинки телбадурман, гоҳ соғ
Чунки бордур орамизда гоҳ сулҳу, гоҳи жанг
дея ўзининг гоҳ телбанамо, гоҳ соғ эканлигига сабаб қилиб маъшуқа билан ўзи ўртасидаги муносабатни келтирар экан, бу ҳақиқий сабабдир. Бу хил таълил ҳусни (чиройли) таълил эмас, оддий таълил саналади.
Шеъриятимизда кўпинча хилма-хил диний ва тарихий афсоналарнинг қаҳрамонлари номлари, уларга нисбат берилган воқеалар заминида ҳусни таълил санъати қўлланган. Масалан, Мавлоно Атоий қаламига мансуб
Оғзингда муъжиз оятини Исо кўруб зиёд,
Сиздин қочиб ёшунди кўк ичра уёттин
байтида Исо пайғамбарнинг осмонга чиқиб кетганлиги ҳақидаги афсона асосида таъсирчан бир ҳусни таълил ифодаси яратилган эди. Шоир таъбирича, Ҳазрати Исо ер юзида сўзлари билан одамларга ҳаёт бағишловчи гўзал қиз пайдо бўлганин кўриб, осмонга чиқиб яширинган эмиш.
Ҳусни таълил санъати ўз табиати жиҳатидан тамсил санъатига ҳам яқин туради. Зеро, ҳусни таълил қўлланганида, тасвирланаётган бирон ҳаётий ҳолат ёки ҳодиса тарихий воқеа ёки афсонавий ривоятга ғайритабиий сабаб кўрсатилар экан, ўхшаш бирон ҳаётий ҳолат ёки ҳодисани унга сабаб қилиб келтирила-ди-ю, ушбу икки ҳодиса ўртасидаги мантиқий боғланиш йўқлигига қасддан аҳамият берилмай, хатога йўл қўйилади, аниқроғи ўзига хос бир ҳазил юз беради. Тамсил санъатига мурожаат қилган шоир ҳам икки ҳодиса ўртасидаги ўхшашликка таянади-ю, лекин далил учун келтирилаётган воқеа ёки ҳолат ғайритабиий эмас, ҳақиқий мазмунга эга бўлади. Масалан: Навоийнинг
Жонға қўйғач нақди ишқинг қилди кўнглимни ҳалок,
Ўлтурур маҳрамни султон ганж пинҳон айлагач
байтида ҳаётий бўлмаган, аниқроғи, мавҳумроқ ҳодиса (севув-чи кўнгулнинг ҳалок бўлиши)га бойликларини яширган султоннинг хазина сирини сақлаш учун маҳрамларини ўлдириши далил қилиб келтирилади.
Эътибор қилинса, ушбу бадиий ифодада ҳаётий мисол би-ринчи мисрадаги ҳодисанинг ғайритабиий сабаб сифатида эмас, балки уни тасдиқловчи воқеа тарзида келтирилаётганини куза-тиш мумкин.
Шу ўринда машҳур навоийшунос олим Е.Э.Бертельснинг «Навоий» китобида келтирилган бир байтга эътиборингизни жалб этишни истардим. Аллома Навоийнинг
Юзда хай туғёнидин гар кулса оғзи, йўқ ажаб,
Ғунчаға бўлмас очилмоқ ичмайин гулзор сув
байтини ҳусни таълил санъатига мисол қилиб келтиради. Ваҳоланки, биринчи мисрадаги фикрни гулзорга сув қуйилиши ҳодисаси тасдиқласа ҳам, лекин унга ғайритабиий сабаб бўлиб хизмат қилмайди. Олим бу ўринда тамсил санъати қўлланганини таъкидлаши мумкин эди.
Шуни таъкидламоқчимизки, тамсил тасвирланаётган у ёки бу ходиса, ҳолатни қиёс, ташбиҳ усули билан тасдиқлашга хизмат қилса, ҳусни таълил ғайритабиий сабабнигина ифодалайди, холос. Шунинг учун бу икки сабабни чалкаштириб юбормаслик керак.
Яна бир жиҳатни ҳам унутмаслик зарур: тамсил санъати қўлланар экан, икки мисрадаги икки ҳолат ёки ҳодиса ҳаётий бўлиб, бири иккинчисига мос тушади. Масалан, юқоридаги байтда маҳбуба юзи терлагани туфайли у кулаётган бўлса, тамсилда гулзорга сув келгач ғунчаларнинг очилиши ўртасида ҳаётий мувофиқлик мавжуд. Аммо ҳусни таълил қўлланганида, бу хил мувофиқликни кузатмаймиз. Навоий қаламига мансуб
Ушотиб ўқини махзун кўнгулни синдурманг,
Ки, эв шикаст топар ҳар қачонки, синди сутун
байтидаги тамсилни кузатсак, биринчи мисрадаги «ўқ» билан иккинчи мисрадаги «сутун», «кўнгул» билан «эв», «синдурманг» билан «шикаст топар» сўзлари ўзаро мувофиқ бўлиб, қиёсий муносабат уларни бириктириб турганини кўриш қийин эмас. Ҳусни таълилда эса бу хил муносабат кузатилмайди.
Ҳусни таълил санъати ўз навбатига кўра муболаға санъати билан яқин. Аввало шуни таъкидлаш лозимки, кўплаб шеърий санъатлар муболағали тасвирнинг ўзига хос ифодаси бўлиб, ҳақиқий бирон ҳодиса ёки ҳолатни бўрттириб кузатишга асосланади. Масалан, сарвнинг маҳбуба қаддига қиёсланиши, ёқутни ёр лаби рангига ўхшатилиши ташбиҳ санъати саналса ҳам, уларнинг замирида муболаға ётишини инкор қилиб бўлмаслиги му-қаррар. Гўзал маъшуқа чеҳрасини тўлин ойга қиёслаётган шоир муболаға қилмаяптими? Шундай экан, ҳусни таълилга ҳам муболағали тасвир ифодаси деб қарамоқ мумкин. Шу туфайли ҳам баъзан бу икки санъатни ажратиб олиш қийинроқ ҳам бўлади. Жумладан, Навоийнинг бир ғазалида:
Не тушки, ҳажри балосин кўрарда сескансам,
Тўкулдамак била қўшнини уйғотур юрагим
байти келтирилган. Мисраларда қўлланган санъат бир қараган-да муболағадан бошқа нарса эмасдек туюлади. Зеро, байтга диққат қилсак, унда ошиқ тилидан: «Тушимда ногоҳ ҳажр аламларини кўриб, сесканганимда юрагим шундай дукуллаб урадики, ҳатто қўшни уйқусидан уйғониб кетади» деган фикр ифодаси мужассамлантирилган. Бу хил тасвирда муболағанинг чиройли бир намунасини кўриш қийин эмас. Энди шу фикрни бироз бош-қачароқ тушуниб кўрайлик: «Мен шундай бир туш кўрдимки, қўшни ҳам уйғониб кетди. Бунинг сабаби тушимда ҳажр изтиробларини кўриб сесканиб турганимда, юрагимнинг қаттиқ дукуллаши қўшнига эшитилгани экан», деган маънони англасак, шоир табиий бир ҳодиса - бирон овоз туфайли қўшнининг уйғониб кетишига ошиқнинг туш кўриб, сесканганидан юрагининг дукуллаб уришини сабаб қилиб кўрсатган тарзда ҳусни таълил ифодаси яратилган, дейишимиз мумкин.
Эмас жунундин агар тоғларда бўлса маконим
Ки, қрлди баҳри сиришким тубида мулку диёрим.
байтидаги тасвир ҳам бир қараганда оддий муболағадек туюлади, лекин унинг замирига диққат қилсак, иккала мисра ўртасида сабабий муносабат мавжудлигини, зеро байтни: «Тоғларда яшаб юришимга сабаб жунундан эмас, чунки мулки диёрим кўз ёшим денгизи остида қолиб кетгандир» деган маънода тушуниш лозим. Бинобарин, шоир ошиқнинг тоғда яшашини таъкидлар экан, бунга шоирона далил келтирган. Ана шу хил талқин ўта муболағали бўлгани учун ҳам уни ғулувв ифодасига йўйиш мумкин.
Ҳусни таълил санъати бевосита ташхис санъати билан ҳам алоқадордир. Хусусан, инсон тимсоли иштирок этмайдиган байтларда хилма-хил фазовий мавжудотлар, самовий ҳодисалар, турли-туман мевалар, буюмлар тимсолларига мурожаат қилинар экан, уларга инсоний хусусиятлар кўчирилиб жонлантирилади. Алишер Навоий қаламига мансуб
Ой юзунг бирла талашди, буки кўктур орази,
Панжаси бирла қуёш гўё юзига урди кож
байтида «Ой сенинг юзинг билан гўзаллик талашган эди, мана энди ўзининг юзи кўкариб ётибди, унинг бемаъни, беодобона ҳаракатидан дарғазаб бўлган қуёш юзига шапалоқ қўйиб юборганга ўхшайди», деган мазмун ифодаланган. Ойнинг осмонда кўкимтирроқ бўлиб кўринишини назарда тутган шоир ҳусни таълил санъати асосида чиройли бир фикрни ифодалаган. Байтда ҳусни таълил санъати ташхис асосига қурилган, шоир «қуёш ойнинг юзига урган» деб тасвирлаганда ҳам, ой юзининг кўкимтирлиги-ни таърифлаганда ҳам, қуёш ва ойга инсонларга хос ҳолат, ху-сусият, ҳаракатларни кўчирган. Лутфийнинг
Занбури асал оғзи тўла шаҳд эканиндин,
Эрнингни кўруб, бемаза деб бол тўкубдур
байтидаги ҳусни таълил ҳам ташхисга асосланган. Зеро, шоир: «Асаларининг оғзи тўла асал эди, сенинг лабинг ширинлигини кўргач, оғзидаги асални бемаза деб тўкиб ташлади», тарзида тасвирлар экан, асаларига одамлар хусусияти-ни кўчиради.
Баъзан ҳусни таълил санъати ийҳом, тажоҳули ориф санъатлари билан бирга қўлланади. Масалан, Навоийнинг
Сариғ қоғазмудурким сўзи ҳажрим айлади таҳрир,
Ва ёхуд шуъла тушти саҳфаға ул сўз этиб таъсир?
байтида ўзини билмасликка солиб (тажоҳули ориф санъатини қўллаб) «Ҳажрим ҳақидаги сўзлар ёзилган қоғознинг ўзи сариғмиди ё бу сўзлар таъсир қилгач, у саҳифа (қоғоз)га шуъла тушиб сарғайиб кетдими?» деган ҳайратомуз мазмунни ифода қилади. «Сўз» сўзи ҳар икки мисрада икки маънода: сўз ва ўт (чўғ) маъноларида қўлланганки, буни ийҳом санъати намунаси деб биламиз.
Ҳусни таълил санъатининг яна бир фазилати унинг енгил, завқли кулги (юмор) билан суғорилганлигидир. Ҳаётий ҳодисанинг ғайритабиий талқин қилиниши, ҳақиқий, ҳаётий ҳолат билан бадиий талқин орасидаги мантиқий номувофиқлик ўқув-чида кулги уйғотмай қолмайди. Алишер Навоий қаламига мансуб бўлган
Дема лафзинким, тили эврулмагондиндур синуқ,
Ким топар тор оғзидан чиққунча кўп озор лафз
байтига диққат қилсак, унда: «Маҳбуба сўзлари унинг тили яхши айланмаётганидан чучук деб ўйлама, оғзи тор бўлгани учун ҳар бир сўз қийналиб, озор чекиб чиқади», деган мазмун ифодаланганини кўрамиз. Тили чучукликнинг тиббиёт билан боғлиқ айрим сабаблари бор албатта, лекин шоир маҳбуба тилининг чучуклигини ғайритабиий изоҳлаб, унинг оғзи ғоятда кичиклигини сабаб қилиб кўрсатади. Ҳақиқат билан бадиий сабаб ўртасидаги номувофиқлик, мантиқсизлик енгил кулги уйғотади. Ҳусни таълил санъатининг ҳар бир намунаси худди шундай завқли кулги билан йўғрилгандир. Кулгининг даражаси эса талқиннинг яшилиги, бетакрорлиги, ноёблиги билан белгиланади.
Ҳусни таълил ифодалари шеъриятимиздаги ижодий мусобақалар давомида такомиллашиб борган: бир хил тимсолларнинг янгича талқинлари яратилган, шоирлар бир-бирларидан илҳомланиб янгидан-янги бадиий шарҳлар кашф этганлар. Мавлоно Лутфий:
Жоми май ўпти лабингни, ташна бўлдум қонина,
Ҳақ текурсин, ул ачиқни тортай эмди жомдин
байтида май тўла жомнинг маҳбуба лабига тегишини унинг ўпи-шига қиёслаган ҳолда ажойиб ҳусни таълил ифодасини яратган эди. «Май жоми лабингни ўпишини кўриб, унинг қонини ичишга ташна бўлдим. Оллоҳ еткизсину, жомдан аламимни олиш, жом ичидаги аччиқ майни симириб ичиш менга насиб бўлсин», деган маъно ифодаланган. Алишер Навоий
Анжуми ашкин тўкар тонг отқуча мендек сипеҳр,
Йўқламиш ул ҳам магар бир меҳри оламгардини
мисраларида юлдузларни сипеҳрнинг кўз ёшларига ўхшатиб, «У ҳам мендек оламни ёритувчи қуёшга интизор шекилли» деган фикрни ифодалаб, чиройли ҳусни таълил намунасини рўёбга чиқарганди. Фурқат:
Кечалар анжум эмас, ерга тўкилгач он қадар Раҳм этиб, ҳолим кўриб гардуни гардон йиғлади
байтида ҳусни таълил воситасида оламнинг ночор аҳволини таъкидлаган бўлса, XX аср бошида шоир Завқий бу ҳолатни қаламга олиб:
Юрту эл аҳволиға мотам тутардин ҳар кеча
Ой кўкси доғу, гардун ашкиду р юлдузлар
байтини яратар экан, ёмғирни халқ аҳволини кўриб алам чекаётган гардуннинг кўз ёшлари дея талқин қилганди.
Ҳусни таълил санъатидан ҳозирги шеъриятимизда ҳам кенг фойдаланиш мумкин. Айрим ижодкорлар бу усул воситасида ниҳоятда гўзал ва таъсирчан тасвирлар чизганлар, бетакрор бадиий лавҳалар яратганлар. Эркин Воҳидов қаламига мансуб «Камтарлик ҳақида» шеъридаги:
Гарчи шунча мағрур турса ҳам Пиёлага эгилар чойнак. Шундай экан, манманлик нечун, Кибру ҳаво нимага керак? Камтарин бўл, ҳатто бир қадам Ўтма ғурур остонасидан. Пиёлани инсон шунинг-чун Ўпар доим пешонасидан мисраларида ҳусни таълил санъатидан фойдаланиб, ғоятда жозибадор лавҳалар чизилган. Шоир чойнакнинг тузилиши, чой қуйишда унинг пиёла томон йўналтирилиши, чой ичаётган одамнинг пиёлани лабига теккизиши ҳодисаларини ғайритабиий, бадиий изоҳлаш асосида завқли манзара яратиб, унинг воситасида муҳим бир ғояни ўқувчи онгига таъсир қиладиган тарзда гўзал қилиб ифодалаган.
Шоирнинг «Ёшлик девони»дан ўрин олган «Узум», «Ғунча», «Тун билан йиғлабди булбул», «Сурма», «Чашма», «Сарв», «Шоҳи гул», «Гуллар базми», «Кўзгу» каби кўплаб ғазалларидан ҳусни таълил санъатининг гўзал ва бетакрор намуналари ўрин олган.
Ҳа, ҳусни таъпил санъати ҳозирги шеъриятимиздан муносиб ўрин олиши керак. Унинг воситасида муайян ижтимоий-ахлоқий ғояларни жуда ёрқин бўёқлар билан жонлантириш имконияти чексиздир.

Анвар Ҳожиаҳмедов, Ҳусни таълил санъати китобидан (Янги аср авлоди)