Ўйлаганимдай бўлди. Уни кўрсам танимасам керак, деган эдим. Рости, мутлақо ҳайрон бўлиб қолдим. Зўр бериб, унинг кўзларидан ўзимга таниш ва қадрдон жилвани, маъсумликни, мунисаликни ахтара бошладим. Афсус, қанчалик термулмай, кинодаги Фериданинг нигоҳларини таний олмадим. Кейинроқ суҳбат чоғида ҳамма нарса жойига туша бошлади. Кулгулар, жилмайишлар, хаёлга чўмишлар, Феридадаги назокат Ойдан Шанер хонимнинг юзига, кўзларига бирма-бир балқиб чиқа бошлади.
Анқарада ўн беш кун юриб, туркчани анча ўрганиб олгандим. Илтифотга тўла илиқлик билан ҳол-аҳвол сўрашдик.
- Ийи гунлер!
- Ийи гунлер!
- Чўқ ташаккур, хоним афанди!
- Соғ бўлинг. Бура қач галдингиз?
- Бугунги тун.
Шу билан бисотимдаги сўзлар тугади. Ўртага таржимон аралашди. Лекин Ойданнинг сўзларини англаб турардим. Таржимон то учрашгунимизгача бўлган воқеаларни айтиб бера бошлади.
Гап шундаки, Анқара Туркия пойтахти бўлгани билан санъаткор, ёзувчи, шоирларнинг бари Истанбулда яшашар экан. Истанбулда эса бор-йўғи бир кунгина бўлишимиз кўзда тутилган эди. Режамизда машҳур турк қўшиқчиси Иброҳим Тотлисас билан учрашув тургани учун ҳам зўр бериб, Ойдан хонимни излай бошладик. Уйига кечқурун 8.00 да телефон қилдик. Йўқ, 10.00 да ҳам йўқ. Уяли телефон ўчирилган. 12.00 да ҳам йўқ. Телефонни ҳар гал унинг 10-11 яшар қизи кўтаради. – Афандим, - дейди майингина. – Буюринг! Биз онасини сўраймиз. У онаси кеч қайтишини айтади. Шундай қилиб, эртаси куни кундузи соат 12.00 да Ойдан хоним уйқудан уйғониб, телефонни кўтарди. Буюринг!
Бизнинг эса 18.30 да самолётимиз осмонга кўтарилиши, 17.00 да аэропортда бўлишимиз, 16.00 да машина меҳмонхонадан олиб кетиши керак. Хуллас, вақт тиғиз. Телефонда ёлворишга тушамиз: - Келақол, Ойдан! Биз узоқдан келганмиз. Икки оғиз суҳбатлашишимиз керак. Йўқ дема! Вақтимиз зиқ. Ойдан ҳам гўзал Ойданхон!
Шеър ўқиймиз:
Мен йўқсил не бўлиб, уни суйибмен,
Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куйибмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,
Мен суйиб, мен суйиб, кимни суйибмен?
Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзаллар, кундан-да гўзал.
Таржимон мана шуларни, муҳаббат ва эҳтиросга тўла шеър ўқиганларимни айтиб беради. Кула туриб: «Сўрангчи, мен ўйнаган яна қайси кино буларда қўйилган экан?”, - деб термулганча қарайди.
Мен ”бошқа киноингиз қўйилмаган” ишорасини қилиб, ихтиёрсиз афсусланган бўламан. Ойдан қаттиқ ўкиниб, лабларини тишлаб қолади. Орага жимлик чўкади.
- Қанча кинода ўйнагансиз?
- Ўндан ортиқ.
- “Чолиқуши” нечта давлатда қўйилган?
- Шарқ давлатларининг деярли ҳаммасида. Осиё, Оврўпада ҳам. Американи билмадим.
- Голливудга таклиф этишса, борармидингиз?
- Йўқ. Туркиянинг ўзидан ҳам таклифлар жуда кўп. Роллардан, меҳнатдан ҳеч бўшамайман. Лекин Голливуд ҳақиқатдан ҳам кинонинг буюк ижодхонаси. Кино санъатининг энг етук даргоҳи. Уни ҳамма актёр орзу қилади. Мен ҳам. Лекин…
Ойдан хоним жилмайиб елка қисди.
- Кино оламига қандай кириб келгансиз?
- Мен асли мусиқа ўқитувчисининг қизиман. 18 ёшимда ”Туркия гўзали” конкурсида қатнашиб, биринчи ўринни олдим. Кейин суратларимни ҳамма газета ва журналлар чоп эта бошлади. Шулардан бири ”Чолиқуши”нинг режиссёри қўлига тушиб қолиб, фильмга таклиф этди. Ва ўзим кутмаганда, 1986 йил ушбу кино экранда намойиш этилиб, кўпчиликка манзур бўлди. Шу жумладан ўзимга ҳам. Кинода 18-20 ёшимда суратга тушганман. Мана, орадан 13 йил ҳам ўтиб кетибди. Феридадан олдин бор-йўғи битта роль ўйнагандим.
- Сиз ўзингиз хаётда “Чолиқуши”га ўхшайсизми?
- Ҳа, кўп жиҳатдан ўхшайман. Мен ҳам у каби кўп қийналдим. Заҳматлар, туҳматлар ва охир-оқибат хаётимдаги мен чеккан жабру-жафолар, оиламдаги келишмовчиликлар… Булар бари Феридани ёдга солади.
- Камронбе билан ҳам кўришиб турасизми?
- Уни кўрмаганимга ўн йил ўлди. Лекин яқинда бир кинода бирга ўйнамоқчиман.
- Фериданинг муҳаббатига қандай муносабат билдиришингиз мумкин?
- Бундай муҳаббат фақат орзу бўлиб қолди. Қанийди, ҳозирги замонда ҳам шундай муҳаббат бор бўлса... Қанийди... Бу менинг орзуим. Ундай муҳаббатга энди дуч келиш қийин...
- Наҳотки сиздай одам ҳам муҳаббатга зор бўлса?..
- Одам, у ким ва қандай мартабада бўлишидан қатъий назар, барибир муҳаббатга интиқ бўлади. Мен эса Ферида каби оддий ва содда қизман. Қийинчиликлардан қўрқмайман.
- Ўзбекистон ёшлари ҳақида нималарни биласиз?
- Афсуски, жуда кам нарсани. Лекин сиз айтгандай, ”Чолиқуши”ни яхши кутиб олишган бўлса, демак, улар мен каби Феридани яхши кўришади, мен эса Феридани яхши кўрган ҳар бир инсонни жуда қадрлайман. Умуман олганда, Ўзбекистон – ота боболаримиз юрти. Биз ўзбекистонлик қардошларимизни ҳаммамиз севамиз. Уларга саломлар ва таъзимлар. Уларга туганмас ташаккуримизни етказинг.
- Агар ўзбекистонлик киночилар роль ижро этишга таклиф қилишса борасизми?
- Мен ҳам Тошкентни, Самарқандни кўришни истайман. Фақат киносценарий яхши, кўнглимдагидай бўлса.
- Бугунги турк аёли қанақа аёл?
Ойдан жавоб ўрнига шарақлаб кулди. Ўзини кўрсатди.
- Мана турк аёли. Мен турк аёлига ўхшайманми? Ўша сиз танимай қолган турк аёлига…
(Албатта, саволга жавоб қисқароқ бўлгани учун ўша кун биз туширган Ойдан хонимнинг суратига қараб, ўзингиз жавоб топсангиз бўлади.)
Биз Оврўпа ва Осиёни боғлаб турган Истанбул кўрфази бўйларида анча вақтгача айланиб юрдик. Соат миллари 16.00 га яқинлашарди. Дастхат олдик. Унинг суҳбатига тўймадик. У дилдорлик билан хайрлашишга қўл чўзди. Машинасигача кузатиб қўйдим.
- Қизингни ўпиб қўйинг, - дедим. У ҳам:
- Мени севгувчиларнинг барчасига туганмас саломимни етказинг, - деди. Хайрлашдик. У машинасини кўприкдан Оврўпа томонга елдай ҳайдаб ўтиб кетди.
Мен эса Осиё қирғоқларида қўл силтаб қолдим.
Муҳаммад Исмоил