«Муштум» ўзининг ёзишғувчиларнинг самимиятини, дардини яхши биладир. Чунки дард бўлмаса, самимият бўлмаса, биз подачини қўлида калтаги билан кўрмас эдик.
Биз бу ўринда шу самимий йўлдошларимизга, қўлдошларимизга, бир-икки оғиз гап сотмоқчи бўламиз: сиз бир муҳитда яшайсиз, яъни қишлоқда, шаҳарда ёки кўйда. Шу ўзингиз яшаган муҳитда, шубҳасиз, дағаллик бор, қўполлик бор, қинғирлик бор, қийшиқлик бор. Шу аносири арбаадан қайси бўлса бўлсин, мутаоқиб сизнинг ижтимоий руҳингизга ўзининг чучмал таъсирини бермай ва нафратингизни уйғотмай қўймайдилар. Албатта, шу вақт "Муштум"ни ўйлаб қўлингизга қалам оласиз. Аммо шу қалам олишдан илгари бирмунча андиша лозимдир: шошмаслик керак. «Шошган қиз эрга ёлчимас» мақолини балки эшитганингиз бордир. Ўн карра ўлчаб, бир мартаба кесмоқ яхши:
1) сиз олган мавзунинг ижтимоий ва сиёсий манфаати;
2) қош қўйиб, эвазига кўз чиқармайсизми;
3) масала замирида шахсий манфаатингиз, яъни олди-берди жан-жалингиз йўқми... Бу жиҳатдан каноатингиз том бўлса, энди навбат қаламникидир.
Яхши билиш керакки, қалам — ўқлоғи, матбуот — кетмон бозори эмас. Йўсинсиз равишда хотирага келган хар бир сўздан жумлалар тўқимоқ фазилат саналмайди. Сўз — қолип, фикр унинг ичига қуйилган ғишт бўлсин, кўпчилик хумдонидан пишиқ чиққач, янги ҳаёт айвонига асос бўлиб ётсин!..
Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак. Ёзувчининг ўзигина тушуниб, бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Асли, ёзувчилик — айтмоқчи бўлган фикрни ҳаммага баробар англата билишда, орага англашилмовчилик солмасликдир. Бундан бошқа, фикрнинг ифодаси хизматига ярамаган сўз ва жумлаларга ёзувда асло ўрин берилмаслиги лозим. Шундагина иборанинг тузатиб босилишига йўл қўймаган ва мустақил услуб ва ифодага эга бўлиб, ўзингизнинг қаламдаги истиқболингизни таъмин қилган бўласиз. Кишига ишониш ва беҳуда кучаниш маъқул гап эмас, бировга орқа қилиб, ўзингизда бўлган талантнинг руҳига фотиҳа ўқий кўрмангиз! Бир соатда эмас, ўн соатда ёзиш, бир қайта эмас, ўн қайта тузатиш кишининг ёрдамига термулишга қараганда ҳам фойдалик, ҳам умидлидир.