Қиш оқшомларидан бири эди. Қишлоқ мағозаси мудири дўконини бекитмоқчи бўлди. Деразаларни ёпаётиб ичкарида юрган одамга кўзи тушди. У шкафдан бир фунтча сариёғ олдида, шляпасига солди. «Бир боплайки, ўғирлик қилганига пушаймон бўлсин», дея аҳд қилди мудир.
— Ҳа, Сет?— деди у эшикни очиб.
Сет эшик тутқичини ушлаб, ташқарига чиқишга шайланиб турарди.
— Қани, мундоқ ўтир-чи, борасан-да уйингга. Шундай совуқда иссиқ хонага не етсин.
Сет нима қилишини билмай қолди. Жуфтакни ростламоқчи бўлганди, мудир елкасидан тутиб, печка ёнига — ёғ солинган бўчкалар орасига ўтқизиб қўйди.
— Хў-ўш, энди дўконни озгина иситамиз,— деди у ва печканинг эшикчасини очиб, тараша қалади.— Яхшилаб исиниб олмасанг, совқотиб қоласан.
Сет ногоҳ ёғнинг эриётганини сезиб, ўрнидан ирғиб турди.
— Ҳали исиганинг йўқ, Сет,— деди мудир бепарво.— Ўтир, гурунг қиламиз.
— Вух, жуда исиб кетдим...
— Ўтир бундай, шошилиб қаёққа борасан.
— Молларга қарашим... Ем солишим керак, ахир!..
— Шошма, Сет, молларга бошқалар қарар. Бечора Сет! У нима қилишини билмасди. Сариёғ
эриб, кўз ва юзларига оқиб туша бошлади. Мудир эса ҳеч нарса кўрмагандек гап сотар, печкага тараша тиқарди.
— Ажойиб оқшом бўлди-да!..— деди у.— Сет, нега шляпангни ечмайсан? Исиб кетибсан-ку. Ке, шляпангни илиб қўяй.
— Йў-ўқ!— дея қичқириб юборди Сет.— Йўқ! Мен кетишим керак! Мени чиқариб юборинг. Мазам қочяп-ти... Кетай, ахир!..
Ёғ боёқишнинг бўйнига етиб келган, ҳатто туфлиси ичига сизиб тушмоқда эди. У бамисоли ёғ тўлғизилган тоғорада чўмиларди.
— Нима дердим,— деди мудир истеҳзоли жилма-йиб,— кетмоқчи бўлсанг, майли, рухсат.
Сет ўрнидан тургач, қўшимча қилди:
— Сет, хафа бўлма, озгина эрмак қилдим-вақтичоғлик учун. Шу боис сендан ёғ пули олмайман. Хайр. Кеп-тур.
Хато ўхшатиш
Дўстим иккимиз Нуй-Йорк яқинидаги Саломанка бекатига сал кечикиб етиб келдик. Бекат саҳнида йўлов-чилар ғуж-ғуж, одамга лиқ тўла поездга чиқиб олиш учун елиб-югуришарди.
«Мендек машҳур ёзувчини ҳам шундай қисишадими одамлар», дея ўйлаб, кассага зўрға яқинлашдим. Чип-тафуруш йигитдан хос вагонга иккита чипта сўрадим. У: «Чипта йўқ», деб, туйнукни қарсиллатиб ёпди. Қўярмидим, бекат бошлиғини топиб, ундан хос вагондан жой олиб беришни илтимос қилдим.
— Жой йўқ! Мени безовта қилманг!—У орқасига ўгирилди. Бу қилиғи каминага оғир ботди.
— Мен билан бу оҳангда гаплашишларига сабаб шуки,— дедим дўстимга ўзимни оқламоқчи бўлиб,— улар мени танишмаяпти. Танимасни эса сийламас дейдилар. Агар Марк Твенлигимни билишганида...
— Тушингни сувга айт,— деди дўстим гапимни бўлиб.— Ўйлайсанки, агар улар кимлигингни билишса, поезддан сенга йўқ жойни топиб беришади.
Дўстимнинг сўзлари ўлганнинг устига тепган бўлди. Яна ўша бошлиқ ҳузурига кирдим ва ўзимни таништирдим:
— Мен — Марк Твен...
— Сизга айтдим-ку,— дея гапимни бўлди у,— бошқа безовта қилманг!
Бошлиқ яна орқасига ўтирилди. Нажот кутиб атрофга қарадим ва бир ҳаммол мени кузатиб турганини сездим. У вагон оғасининг қулоғига нимадир деб шивирларди. Вагон оғаси ҳовлиқиб менга яқинлашди.
— Яхшимисиз? — деди у такаллуф билан.
— Поездга чиқмоқчимисиз?
— Ҳа,— дедим хурсанд бўлиб.— Лекин жой масаласи...
— Э, у масала ҳам, ўзиям зўридан. Том, буёққа кел,— дея ҳаммолни чақирди у.
— Бу кишининг жомадонларини бизнинг вагонга олиб бор. Қани, кетдик.
Том бизни хос бўлмага жойлаштириб, деди:
— Агар хизмат бўлса, бемалол.
— Хў-ўш, чироқ хира экан, шуни бошқасига алмаштирсанг,— дедим.
— Бир оғиз сўзингиз,— деди ҳаммол таъзим билан. Ҳаммол чиқиб кетгач, мен ҳамроҳимга ғўдайдим:
— Хўш, дўстим, энди нима дейсан? Менинг Марк Твенлигимни билгач, уларнинг муомаласи ўзгардими, а? Марк Твеннинг обрўйини кўриб қўй!
Шундай дейишим билан бўлма эшиги олдида ҳаммол пайдо бўлди.
— Биласизми,— деди у ялтоқланиб,— кўчадаёқ кў-зимга иссиқ кўрингандингиз, жаноб Маккеллан.
— Ҳм...— дедим ерга қараб.
Ҳаммол каминанинг қўлидан тангани олди-да, кўздан ғойиб бўлди.
— У сени Нуй-Йорк ҳокими жаноб Маккеллан деб ўйлади, шекилли,— деди дўстим қотиб-қотиб кулар-кан.— «Кўчадаёқ кўзимга иссиқ кўрингандингиз, жаноб Маккеллан». Хо-хо-хо!..
Ўроқ РАВШАНОВ таржимаси