АДАБИЙ АНЪАНА — дунёни бадиий идрок этиш ва ифодалаш соҳасида даврдан-даврга, авлоддан-авлодга ўтиб келган тажрибалар йиғиндиси — эстетик қарашлар, тилдаги образлилик, эмоционаллик ва услубдаги ранг-баранглик. Замонлар синовидан ўтган, бархаёт, илғор анъаналар барча адабиётлар учун тараққиёт омили саналади. Адабиёт ва санъатда анъана тарихий ходиса бўлиб, муайян давр ижтимоий-бадиий хусусиятларини акс эттиради. Адабий анъана тушунчаси новаторлик билан узвий боғлиқдир. Илғор адабий анъана доимо новаторликка етаклайди. Биз учун анъана хисобланган адабий ходиса ўз вақтида янгилик саналган бўлиши мумкин. Масалан, Низомий Ганжавий учун маълум маънода янгилик хисобланган «Ҳамса» яратиш Алишер Навоий учун анъана бўлган. Шу билан бирга Алишер Навоий "«Ҳамса»си салафларининг такрори, тақлиди эмас, унда ўзига хос ғоявий-эстетик масалалар ёритилган ва хамсачилик анъанаси янги босқичга кўтарилган. Узбек адабиёти тарихида девон, тазкира, баёз, адабий-тарихий асарлар яратиш каби анъаналар мавжуд бўлиб, улар миллатнинг маънавий-маърифий ва маданий савияси тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатганлиги шухбасиз.