XIX асрнинг охирлари ва XX асрнинг бошларида капитализм ўзининг сўнгги ва юқори босқичи империализм даврига ўтди. Йирик монополиялар пайдо бўлди. Финанс олигархияси ҳукмронлиги бошланди. Империалистик давлатлар (Англия, Франция, Германия ва АҚШ) ўртасидаги зиддиятлар ортди. Улар ер куррасининг турли томонларида мустамлакалар босиб олиш сиёсатини кучайтирдилар. Капиталистик давлатлар ўртасидаги бу қарама-қаршиликлар оқибатида, жаҳон империалистик уруши келиб чиқди.
XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларида яшаган реалистлар ижодида социал тенгсизлик, зулм, даҳшатни фош этиш бош масала бўлиб қолади. Маълумки, ҳар бир ёзувчининг ўзига хос тасвирлаш усули бор. Масалан: Манн ижодида ҳажв-гротеск кучли бўлса, Ги де Мопассанда чуқур психологик тасвир, Бернард Шоу ва Анатоль Франсда эса киноя пичинг бўртиб туради.
Танқидий реалистлар турли жанрларга, жумладан Мопассан, Роллан социал-психологик роман, Ибсен Шоу социал-психологик драма, Уэллс илмий фантастик роман, Лондон Франс, Уэллс социал-утопик роман, Франс, Роллан, Твен тарихий роман, тарихий драма, Драйзер, Лондон социал роман жанрларига мурожаат этадилар.
Ҳаётдаги бирдан-бир бахт – бу доимо олға интилиш.
Агар сиз ҳақиқатни яшириб, тупроққа кўмсангиз, у бешак униб чиқади ва кейин шундай кучга айланадики, бир кун бориб, ерни ёриб чиққач ўз йўлида учраган жами нарсаларни суруб ташлайди.
Олға, бир зум ҳам тиним билмайдиган ҳаёт билан бирга фақат олға қараб юриш керак.
Эмиль Золя
Э.Золя 1840 йилнинг 2 апрелида Парижда туғилади. XIX асрнинг 60-йиллари ўрталарида Золя ўзининг дастлабки ҳикоялари:
«Нинон эртаклари» илк романлари: «Клоднинг тавбаси», «Марсель сирлари» ва бошқаларни яратади. Булар романтикларга тақлидан ёзилган асарлар эди. Ёш ёзувчида секин-аста реалистлар Бальзак, Флоберга ва натуралистларга қизиқиши орта борди.
«Тереза Ракен» (1867 йил ) романининг муқаддимасида Золя ўзининг «Илмий» романларида характерларга эмас, балки темпераментларни ўрганиш ҳақида сўз юритади. Лекин мазкур романларида фақат «Мижоз»гина эмас, шу билан бирга, оз бўлсада ижтимоий ҳаёт акс этган. «Тереза Ракен». «Мадлен Фера» (1868) романлари Золянинг натуралистик таълимотини акс эттирган асарларидир.
Натурализм адабиёти назарияси Золянинг «Эксперементал роман» 1880 йил, «Романист натуралистлар», «Натурализм театири» 1881 йил мақолаларида тўла баён қилинган.
«Натурализм ХIХ аср 60-йилларида Европа ва АҚШ адабиёти ва санъатида юзага келган ва реализмга қарама-қарши ўлароқ воқейликни фақат ташқи томонидан аниқ акс эттиришга аҳамият берган оқим»
Шоир ва ёзувчи Эмиль Золя бир нечта ҳикоялар тўплами, адабий-танқидий китоблар,публицистик характердаги мақолалар, драмтик асарлар яратган бўлсада, романлари билан машҳурдир. Бу асарларнинг кўпи «Ругон Маккарлар» номи билан аталадиган туркумга киради. Мазкур туркуми Бальзакнинг «Инсон комедияси» каби кўп (тўпламли) томли эпопеядир. Бу эпопеяси устида қарийб 25 йил ишлайди ва 20 та роман ёзади. Бу асрлар туркумида муаллиф «Иккинчи империя давридаги бир оиланинг табиий ва ижтимоий тарихи»ни бермоқчи бўлади. Лекин ҳақиқатдан ҳам у ҳаётнинг турли томонларини қамраб олган воқеаларни акс эттиради. Золя бу асарини 1871-1893 йилларда ёзади.
Золя ҳаётининг сўнги йилларида янги сериядаги романлари «Уч шаҳар» 1894-1902 йиллар, трилогияси ва «Тўрт инжил» 1899-1902 йиллар туркумдаги асрларни яратади.
Золя эпопея асарида Франция ўтмишида энг оғир замон бўлган ХIХ асрнинг 50-60 йилларига мурожаат этади. Мамлакат ҳаётида рўй берган бу жиддий воқеалар Золя ижодида ҳам ижтимоий силжишлар тамон ўзгариш ясайди.
Буржуа жамияти кирдикорларини фош этувчи асарлари:
«Ругонлар мансаби», «Ўлжа», «Париж қорни», «Кўпик», «Ақча».
Ҳалқ турмуши ҳақида:
«Тузоқ», «Ҳамал», «Ер».
Антиклерикал характердаги:
«Палассанни забт этиш», «Аббат Муренинг гуноҳи».
Санъат мавзусидаги: «Ижод».
Ирсият масаласидаги: «Инсон-ҳайвон», «Доктор Паскаль» каби асарларини яратади.
Ёзувчи «Ҳамал» 1885 йил романида француз пролетариатининг илғор отрядларидан бири Мансудаги кўмир конида ишловчи шахтиёрларнинг бениҳоят оғир аҳволи ва курашларини акс эттиради. Ишчиларнинг қашшоқлик билан кун кечиришига асосий сабаб, капиталистик экспулатация эканини у биринчи марта тўғри кўрсатади.
Романда саноат ишчилари сулоласидан бўлган Маэ оиласи марказий ўринда туради.
ХIХ асрнинг 90-йилларида импералистик реакция кучайган вақтда Золя антиклерикал руҳда «Уч шаҳар» романлари сериясидан (яъни Лурд, Рим, Париж) яратади.
Христиан дини, Рим папасининг ёвуз ишларини фош этган бу уч асар католик черкови ман этган китоблар рўйхатига киритилган.
«Тўрт инжил» туркумидаги романлари француз ишчилари ҳаракатидаги кўтарилиш даврига боғлиқ равишда юзага келгандир. Бу сериядаги асарлар: «Серпуштлик» 1899 йил. «Меҳнат» 1901 йил. «Ҳақиқат» 1902 йил «Адолат» (тугалланмаган) дан иборат. Улардан энг характерлиси «Меҳнат»да капиталистик экспулатация фош этилган, синфий зиддиятлар янада ривожланган.
Ги де Мопассан 1856-1893 йиллар.
ХIХ асрнинг иккинчи яримида яшаб, ўз ижодида ўша давр Француз воқелигини акс эттирган йирик реалист ёзувчидир.
Мопассан Нормандияда камбағаллашиб қолган эски дворян уруғига мансуб оилада туғилган.
Унинг дастлабки ҳикоялари 1875 йилда эълон қилинган. Ёзувчининг номини ҳамма ёққа маълум қилган «Дўндиқ» асари 1880 йил чоп этилган.
Мопассан қисқа умри давомида 16 та роман ва кўплаб мақолалар ёзган. Унинг ижоди 3 даврга бўлинади. Биринчи даври 1863-1878 йиллар асосан шеър ва ҳикоялар ёзади.
«Дўндиқ» (1880 йил) ҳикояси билан ижодининг 2 (иккинчи) даври бошланади.
Мопассаннинг кўпчилик новеллалари босқинчилик урушларни фош этишга бағишланган. Уларда немис офицерларининг вахшийликлари кўрсатилган, оддий французларнинг ватанпарварлик ҳис-туйғулари ва курашлари ёрқин образларда очилган. «Дўндиқ», «Фифи хоним», «Ақлдан озган қиз», «Дуэль», «Икки ошно», «Милон амаки», «Асирлар» ва ҳакоза.
Ёзувчининг «Ҳаёт» 1883 йил ёзилган романида соф қалбли гўзал ақлли Жанна исмли қизнинг тарихи берилган. Жанна камтар ХVIII аср маърифатчилик ғоялари руҳида тарбияланган барон де Воннинг қизи табиатдан завқланади. Шунинг учун Жанна Руссонинг «Табиий инсон» идеали мужассамидек кўринади. У ширин севги хаёли, бахтли оила қуриш иштиёқи билан яшайди.
Жанна ўзи билмаган, ҳатто номини ҳам эшитмаган Жюьлен де Ламарга турмушга чиқади. Тез вақт ичида Жанна эрининг қўпол юзсиз беодоб киши эканини билади ва бахтли ҳаёт ҳақидаги хаёллари зарбага учрайди. Асарда Жанна образи ҳаракатда берилган .Дастлаб у вояга етган жозибадор қиз асар охирида эса беъмани ва даҳшатли ҳаёт натижасида эрта қариб дардман ва кекса кампир қиёфасига кириб қолган бахтсиз бир хотин сифатида тасвирланади.
«Азизим» 1885 йил Мопассаннинг учинчи республика давридаги француз буржуа жамияти иллатлари авж олган сотқинликни фош этган иккинчи муҳим романдир.
Асарнинг бош қаҳрамони қишлоқ қахвахоначисининг ўғли Жорж Дюруадир. У Африкада солдат бўлиб хизмат қилган ва мустамлака халқларни камситиш ва қўлга ўлжа киритишга қаратилган ҳаракатларда қатнашади булар унинг характерининг қупол шахсиятпараст бўлиб шаклланишига таъсир этади.
Ёзувчининг бу асарини ўзбек тилига Иброҳим Ғафуров 1975 йил таржима килган.
Анатоль Франс тахаллуси билан машҳур Анатоль Тибо Парижда саҳоб оиласида туғилди.
Унинг «Сильвестр Боннарнинг жинояти» (1881), «Тоис» романи (1890), «Ҳозирги замон тарихи», «Шаҳар қайрағочлари тагида» 1897 йил «Толдан қилинган манакен» 1897 йил «Ёқут кузли узук» 1899 йил, «Жаноб Бержере Парижда» 1901 йил романлари « Пингвинистон ороли» 1908 йил памфлет асарлари билан француз адабиётини юксак чўққиларга кўтарган адибдир.
Анри Барбюс 1873 йилнинг 17 майида туғилади. Унинг илк асари Парижда «Йиғловчи аёллар» номи билан босилиб чиқади. Тўпламнинг қайғули руҳи унинг сарлавҳасидан ҳам сезилиб туради.
Ёзувчининг биринчи романи «Ёлборувчилар» 1903 йил юзага келди. Иккинчи йирик романи «Дўзах» 1908 йил реал ҳаётга анчагина яқинлашади. Шу йиллари Барбюс кичик ҳикоялар ҳам ёзади. 1914 йилда унинг «Биз ўзгачамиз» номи остида навеллалар тўплами чиқади.
Ёзувчи уруш таассуротлари асосида ўзининг ажойиб антимилитаристик китоби «Ўт» 1916 йил романини яратди. У Ғарбий Европа адабиётида ҳаммадан олдин импералистик уруш даҳшатларини фош этибгина қолмай, кенг халқ оммасига бу урушдан қутилиш йўлини ҳам кўрсатиб берди.
«Равшанлик» 1918 йил романи ўзининг чуқур ғоявий мазмуни ва реализм билан империалистик уруш хонавайронликларини классик тасвирлаб берган. «Ўт» романига яқин туради.
Луи Арагон 1897-1982 йиллар
Луи Арагон 1897 йил Парижда туғилади. У биричи жаҳон уруши охирларида армияга олинади ва шу йиллари «сўл» санъати гуруҳларидан бири да (атайин маъносизлантирган сўз «дада» болаларнинг ноаниқ ғулдираб гапиришларига ишора).
Дадаизмнинг ниглистик программасига дастлаб бўлажак сюрреалистлар (ўта реалистлар) маъқуллайдилар.
Арагоннинг «Фейерверк» 1920 йил «Тўхтовсиз ҳаракат» 1924 йил
«Буюк шодлик» 1929 йил. «Анисе ёки панорама» 1921 йил, «Телемак саргузаштлари» 1922 йил, «Пойтахт сурури» 1923 йил, «Ҳур фикрлилик» 1924 йил, «Ҳаёт мавжлари» 1924 йил, «Париж деҳқони» 1926 йил. Услуб ҳақида трактат (1928) асарлари сюрреализм таъсирида ёзилган. Арагон уларда композициядаги равонликни, умуман қисмлар ўртасидаги ўзаро боғланиш зарурлигини рад этади.
Герхат Гауптман
Герхат Гауптман ХХ аср немис драматургиясининг машҳур вакили гуманист ёзувчи Гауптман Силезиядаги курорт шаҳарчасида Зальцбрунда туғилади. Гауптманнинг драматургияси ҳаётнинг турли тамонларини акс эттиради. «Қуёш чиқиши олдидан», «Тўқувчилар» драмаларида ижтимоий-сиёсий масалалар ёритилади.
«Ёлғизлар» психологик воқеалар, «Чўккан қўнғироқ» афсонавий- мифологик мавзуга бағишланган. «Қуёш чиқиши олдидан» 1889 йил Гауптманнинг биринчи йирик драмасидир. Асарда деҳқонларга қарашли ерларда кўмир кони топилганидан сўнг, унинг эгаларининг бойиб маишатга берилиб кетиши тасвирланади. Гауптманнинг 20-30 йиллардаги ижодида урушга қарши чақириқ кайфиятлари акс эттирилган. Жумладан «Герберт Эберман» да (1922 йил) урушнинг ҳалокатли таъсири кўрсатилса, «Доротея Ангерман» (1926 йил) драмасида немис мухожирларининг Америкадаги оғир турмушига бағишланади. «Кун ботишидан олдин», «Ҳаёт шами» 1932 йил драмасида эски немис маданиятининг емирилиши беор ва гердайган буржуа карчолонларининг зўравонликка интилишлари ҳажвий бўёқларда берилган.
У ўтмиш воқеаларига бағишлаб пъесалар яратади, бироқ бу пъесаларда замона ҳаётига ишора қилингани сезилиб туради. Булар антик мавзудаги «Ифигения Авлидада» 1934 йил «Ифигения Дельфада» 1941йил «Агамемноннинг ўлими» 1944 йил «Электра» 1945 йил драмаларидир.
Гауптман 1946 йилда 83 ёшида вафот этади.
Генрих Манн
Генрих Манн Любек шаҳрида бой ва маданиятли бюргер-савдо иши билан шуғуланувчи оилада туғилади.
Унинг биринчи мустақил асари «Шарбат қирғоқлари»да «Орзу қилинган ерда» 1900 йил. Унинг фош этувчи сатираси очиқ кўринади. «Шарбат қирғоқлари» романининг қаҳрамонлари чекка вилоятдан келган камбағал студент Андреас Цумзедир. Унга Берлиннинг ғарбий кварталида биржачилар, банкирлар, савдогарлар сотқин буржуа журналистлари яшайдиган бой маҳаллада, текин даромад манбаи-шарбат қирғоғи, сут булоғи бўлиб кўринади ва ўша ерни орзу қилади. Андреас қийналиб бўлса ҳам ўша муҳитга кириб олади, сўнгра унинг ярамас таъсири остида тез бузилади.
«Маъбудалар» 1902-1903 йиллар трилогиясида ижтимоий ҳаёт санъат ва муҳаббат масалалари тасвирланади. Асар қаҳрамони герцогиня Виолента Ассидир.
Г. Манн ҳажвиётининг юксак намунаси «Империя» трилогиясининг биринчи романи «Содиқ фуқаро» (1941)дир. Унда зўравонлик ва монархия тартибларининг ҳимоячиси «Маъсулиятни ҳис этмайдиган шовинист» образи яратилади. Романнинг бош каҳрамони Дидрих Гесслинг. Трилогиянинг давоми «Камбағаллар», «Бошлиқ» асарларидан сўнг ёзувчининг янги даври бошланади.
Бу даврда Генрих IV ҳақида эпопеясини яратади. Бу «Генрих IV ёшлиги» ва «Генрих IV етуклик даври» (1935-1939 йиллар) деб аталувчи 2 томлик романини ёзади. Генрих ҳақидаги асарида Франциянинг XVI асрига мурожаат этади.
Анна Зегерс. 1900-1983 йиллар
Анна Зегерс-ёзувчининг адабий тахаллуси. Унинг асл исми Нетти Радвани бўлиб, Рейн дарёси соҳилида жойлашган Майнц шаҳрида бадавлат зиёли оиласида туғилади.
Нетти Радвани ўз ижодини ҳикоялар ёзиш билан бошлайди. Бу ҳикояларнинг баъзилари «Америка ваколатхонасига борадиган йўл бўйлаб» 1930 йил тўпламига киритилади. Ёзувчининг энг яхши ҳикояларида оддий кишилар тақдирига ачиниш сезилиб туради. 1928 йилда чоп этилган «Балиқчилар қўзғолони» қиссаси энди ёзувчининг адабий тахаллуси-Анна Зегерс номи билан чиқади. Бу асар Германияда авж олган ишчиларнинг ўз ҳуқуқлари учун олиб бораётган курашлари билан боғланиб кетади.
1933 йилнинг бошида фашистлар давлатни босиб олгач А.Зегерс Францияга кетади. Уша ерда фашизм йиртқичликларини фош этадиган асарлар яратади. «Тельман ва Гитлер» китобида немис ишчилари ҳаракатининг доҳийси Тельманнинг ёркин қиёфаси тасвирланса Гитлер авантюризмни қоралайди.
«Еттинчи бут» романи 1937 йилда «Вестгофен» концлагеридан қочган етти маҳбус ҳақида ҳикоя килади. Улардан олтитаси қўлга тушади ва қатл этилади. Фашистлар уларни мих-шийдали крестга боғлаб,қийнаб ўлдирадилар. Еттинчиси эса Геогр Гейслер Голландия кемасида чет элга ўтиб кетади. Геогрни жазолаш учун таёрланган еттинчи бут (крест) бўш қолади.
Анна Зегерснинг «Барҳаёт ўликлар» (1949 йил) романи 1918 йилдан 1943 йилгача бўлган воқеаларни ўз ичига олди. Булар Саксония ва Рурдаги синфий курашлар, президент сайловлари Пуруссия ҳукуматининг ағдарилиши, фашистлар иғвоси ва Рейхстагга ўт қўйилиши, нацистларнинг давлат тепасига чиқиши, Мюнхен битими Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши, немис-фашист армиясининг Сталинградда тор-мор этилиши ва бошқалардир.
Ёзувчининг «Аҳд» (1959 йил) романида гитлерчилар тор-мор этилгандан сўнг вужудга келган Германия Демакратик Республикасида жуда қийин шароитда янги ҳаёт қуриш жараёни акс эттирилади. Роман воқеалари 1947-1957 йилларни қамраб олади.
Жорж Бернард Шоу 1856-1950 йиллар
Жорж Бернард Шоу инглиз драматургиясини боши берк кўчадан олиб чиққан ва унга янги ижтимоий зийнат бағишлаган йирик ёзувчи, драматург. Инглиз театри икки сиймо - Уйғониш даврида Шекспир, ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Бернард Шоу ижоди натижасида ўзининг энг юқори босқичига кўтарилди ва тараққийпарвар башариятга камарбаста бўлди.
Бернард Шоу 70- йилларнинг охири ва 80- йилларда «Етилмаган», «Номатлуб никоҳ», «Артистлар муҳаббати», «Кэшел Байроннинг касби», романларини ёзади. Бу асарларда замонасининг долзарб масалалари-буржуа оиласининг бузилиши, одамлар тенглиги зарурати ҳақида гапирилса-да, лекин бу ижтимоий мазмундаги романларида фикр саёз, бадиий томондан заиф эдики, шу туфайли улар шуҳрат қозонмаган.
Шоунинг драматик фаолияти «Мустақил театр» (1891)нинг ташкил бўлиши билан болиқдир. У шу театрга атаб «Ёқимсиз пъесалар» циклини яратади. Бунга «Беванинг ҳужралари» 1892 йил «Сансалорлик» 1893 йил. «Уоррен хонимнинг касби» пъесалари киради.
«Ёқимсиз пъесалар»ида киши кўз олдида катта бойликка эга, тинч ҳаёт кечирувчи, сиртдан анча инсофли, салобатли одам кўринса ҳам аслида бойлик тўплашга хирс қўйган экупулататорлар инсоний ҳис-туйғуларидан маҳрум типик буржуа кишилари намоён бўлади.
Шоу пъесаларининг иккинчи туркуми «Ёқимтой пъесалар» бўлиб унга «Қурол ва инсон», «Кандида» 1895 йил. «Тақдир бандаси» 1893 йил комедиялари киради. Бу асарларда ҳам буржуа ахлоқи танқид қилинади. Лекин бу танқид яширин шаклда берилади, киноя характери касб этилади.
«Пуританбоп пъесалар» туркумига: «Шайтоннинг шогирди» 1897 йил «Цезарь ва Клеопатра» 1898 йил «Капитан Брассбаунднинг илтижоси» 1899 йил асарлари киради. Бу типдаги пъесалари билан Шоу асосий диққатини севги интригаси ва шахватга қаратган драмаларга қарши чикади. У асло муҳаббатни қораламайди.
«Мен ҳисиётга хайрихоҳлик билан қарайман, бироқ ҳар қандай ақлий фаолият ва ҳалолликни ҳиссий жазавага берилиш билан алмаштирмоқни катта бало деб ҳисоблайман» дейди у.
Шоу ижодининг иккинчи даври 1917-1950 йилларни қамраб олади. Ёзувчи бу даврда драматик хроника деб аталмиш «Муққаддас Жанна» трагедияси, «Олма ортилган арава» баҳс-комедияси, «Мафусаилга қараб орқага» фалсафий пъесасини яратди.
Энг янги замон инглиз адабиётида Шоу йирик тараққийпарвар ёзувчи новатор-драматург сифатида танилди. Унинг ўткир муамоларини акс эттирган пъесалари инглиз театрини боши берк кўчадан кенг йўлга олиб чиқди ва унга сиёсий-ижтимоий мазмун киритди.
Гербет Жорж Уэлсс (1866-1946).
У 1866 йил Лондон яқинидаги Бромли шаҳарчасида туғилди. Уэлсс илмий-фантастик роман ва ҳикояларнинг моҳир устасидир. Ёзувчи ижодида техника тараққиёти масаласи марказий ўринда туради.
Уэлсс илмий-фантастик асарлари билан машҳурдир. У 1895 йилда биринчи фантастик романи «Вақт машинаси» билан муваффақият қозонгач, кетма-кет бошқа асарлари ҳам дунёга келди. Булар: «Доктор Моронинг ороли» 1896 йил «Ухлаб ётган қачон уйғонади» 1899 йил «Ойдаги биринчи одамлар» 1901 йил «Ҳаводаги кураш» 1908 йил ва бошқалар.
Уэлсснинг илмий-фантастик романларида айниқса «Вақт машинаси», «Дунёлар кураши», «Кўзга кўринмас одам»да фан-техника соҳасидаги йирик ихтиролар, табиатни одам иродасига бўйсиндириш имкониятлари ҳақида фикр юритади.
Бу асрларда Уэлсс ижодининг иккинчи даври 1901-1914 йиллар бўлиб унда меҳнаткаш омманинг оғир аҳволи уларнинг умид-орзулари емирилишини маиший-реалист романлари «Севги ва мистер Льюишем», «Киппс», «Тоно-Бэнгей», «Мистер Полли тарихи»да асарларида акс эттиради. Бу даврда ҳам Уэлсс фантастик асарлар ёзишни тўхтамайди.
«Худолар таоми» 1904 йилда катта ақл-идрокка эга бўлган улкан(великан)ларнинг янги авлодини яратиш билан жамиятни қутқариб қолиш мумкин дейди. «Кометалар кунларида» 1906 йил асарида ер атмосферасидан тозаловчи кометаларнинг ўтиши орқали одамларнинг қон саставини ўзгартувчи воситалар билан инсониятни қутқариб қолиш ҳакида ўйлайди. Шундай қилиб Уэлсс жамиятни тузатишнинг биологик йўлини қидиради.
Ёзувчи «Озод этилган дунё» романида 1914 йил янги ғоя билан майдонга чиқади.Атом уруши тасвирланган бу асарнинг охири умидворлик билан тугайди.
Уэлсс ижодининг сўнгги даври 1930-1940 йилларга тўғри келади. Бу даврда асосан социал-ҳажвий, илмий-фантастик ва психологик йўсинда асарлар ёзада, лекин асосан улар реакцион ва фашизмга қарши қаратилган роман ва қиссалардан иборат.
«Мистер Блэтсуорси Рэмпол оролида» 1928 йил
«Мистер Паргэмнинг мустабид ҳокимияти» 1930 йил
«Блэплик Блэпингтон» 1933 йил «Крокетбоз» 1936 йил
«Келажак қиёфаси» 1935 йил «Эҳтиёт- шарт» 1942 йил асарларида уруш хавфини ҳамда фашистларнинг нодон реакционерлардан келиб чиқишини кўрсатади.
Жеймс Олдриж 1918 йилда туғилган Жеймс Олдриж ХХ аср бошларидаги инглиз тараққийпарвар адабиётининг йирик вакили. Фашистлар Германиясининг агрессияси, унга қарши кураш Олдрижнинг биринчи романлари «Шон-шараф иши» 1942 йил «Денгиз бургути» 1944 йил «Кўп кишилар ҳақида»ги очерклари китобида (1946 йил) ўз аксини топган. Ёзувчининг «Овчи» 1950 йил романида умидворлик руҳининг маъюсликдан устунлиги, гуманизм тантанаси кўрсатилади.
Олдрижнинг «Чўл уфқлари қаҳрамонлари» 1954 йил романида араб мамлакатларидан бирида кечган воқеа қаламга олинади. Бу кичик давлат асарда «Бахраз» деб аталади. Унда нефть конлари мавжуд Англия манополиялари бу бойликни қўлга киритганлар ва катта фойда оладилар. Бахраз ҳукумронлари давлат манфаатларини эмас, балки чет эл корчолонлари фойдасини кўзлаб иш тутадилар.
Мамлакат халқлари ишчи, деҳқон ва кенг бўшлиқларнинг қаҳрамонлари-кўчманчи қабилалар, капиталистик экспулатация туфайли оғир кун кечирадилар. Шу туфайли улар уз мустақилликлари учун чет эллик талончиларга, мустамлакачиларга қарши кураш бошлайдилар.
Жек Лондон 1876-1916 йиллар
Жек Лондон ХIХ асрнинг иккинчи ярими ХХ аср бошида яшаб ижод этган Америка демократик адабиётининг йирик вакили, кенг халк оммасининг ўз ҳуқуқлари учун курашини акс эттирган машҳур реалист ёзувчи.
Жек Лондон Калифорния штатининг Сан-Франциско шаҳрида камбағал фермер оиласида туғилади.
Ёзувчининг ижоди 1899 йилда Америка журналларида Шимол ҳаётидан олиб ёзилган. «Йўлдагилар шарафи учун», «Оқ сукунат», «Бўривачча», «Қирқ миль нарида» ва бошқа ҳикоялари пайдо бўлади. «Оталар худоси» 1901 йил «Совуқ болалар» 1902 йил ҳикоялари тўплами ёзувчига катта шуҳрат келтиради.
Жек Лондоннинг ҳаёти қисқа, лекин ижоди сермаҳсулдир. У жуда кўп ҳикоя, қисса, очерк, пъеса ва романлар яратди. Ҳикояларнинг аксарияти Узоқ Шимолдаги машаққатли турмушга бағишланган. Мангу совуқ ва Ок сукунат улкаларидаги оғир ҳаёт романтик қаҳрамонлардан тасвирлашга манба бўлиб хизмат қилади. Капиталистик жамият иллатларидан узоқдаги бу ерларда ҳақиқий инсонийлик синовидан ўтади. Эгоистик интилишлар шахсни кандай фожиали аҳволга олиб бориши мумкинлиги ўзининг реал ифодасини топади.
Жек Лондоннинг бу тўпламига яъни «Шимол ҳикоялари»га қуйдаги асарлари киради. «Смок Беллью», «Ок сукунат», «Ҳаётга муҳаббат», «Аёл жасорати» ҳикоясида негр аёлининг матонати, латофати ва ғамхур инсон экани чукур самимийлик билан тилга олинади.
Шимол романтикаси билан бир қаторда ҳайвонлар ҳаёти таъсвири ҳам Жек Лондон ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. «Оқ тиш» 1906 йил қиссасида ёзувчи ҳайвонларнинг ҳаракати ва психологиясини моҳирона кўрсатган. Унда овчи ҳинди Серий Бобр ўрмондан кичик бўри боласини топиб уйига олиб келади ва унга «Оқ тиш» деб ном беради. У ота қонига тортиб ўрмонга қочиб кетади, бироқ совуқ ва очлик уни яна овчи кулбасига қайтишга мажбур этади.
Жек Лондоннинг социал утопик романи «Темир тавон» 1909 йил романнинг бош қаҳрамони ишчи оиласидан келиб чиққан инқилобчи Эрист Эвергард.
«Мартин Иден» (1909 й.) романида Жек Лондон халқ ичидан чиққан қобилиятли ёзувчиларнинг буржуа жамиятидаги оғир аҳволи ва фожиали ҳаётини кўрсатади.
Теодор Драйзер 1871-1945 йилларда яшаган
Теодор Драйзер ижоди ХX асрнинг биринчи ярми Америка адабиётида танқидий реализмнинг чўққисидир. Драйзер АҚШ ҳаётидаги фожиавийликни кўрсата олган йирик санъаткор.
Теадор Драйзер Индиана штатидаги кичик бир жойда камбағал оиласида туғилди.
Теадор Драйзернинг ижоди 1900 йилдан бошланди. Биринчи романи «Бахти қаро Керри» чиққач, буржуа матбуотлари унинг кенг тарқалишига йўл қўймайди. 1911 йилдагина унинг иккинчи романи «Женни Герхардт» юзага келади. Ундан сўнг кетма-кет «Молиячи», «Титан», «Даҳо» романларини ёзади. Биринчи жаҳон урушидан сўнг 20-йиллар ўртасида икки томли «Америка фожеаси» чиққач адиб йирик танқидий реалист сифатида бутун дунёга танилади.
«Бахти қаро Керре» романининг қиймати капиталистик жамиятдаги халк оммасининг оғир турмуши, айниқса корхоналарда ишловчи аёлларнинг қаттиқ экуспулатация қилинишлари, мушкул аҳволга тушиб қолган Керрининг юз тубан кетиши эвазига кўтарилиши, буржуа Герствуд оиласидаги мунофиқлик, бой квартал Бродейгдаги дабдабали ҳаёт, трамвай ишчиларининг иш ташлашлари тасвири, изчиллик натижасида кўчага чиқариб ташланган сон-саноқсиз камбағалларнинг оч тентираб юришларининг ҳаққоний акс эттирилишида очиқ кўринади.
Женни Герхардт (1911 йил) романида ҳам камбағал оиладан чиққан қизнинг буржуа жамиятидаги фожиаси кўрсатилган. Асарнинг ғоявий йуналиши оддий қизнинг хулқий покизалиги, унинг бузилган буржуа ахлоқига қарши қўйилишида намоён булади.
Романнинг асосий сюжет йўли, ишчи қизи Женнининг фожиаси, у билан миллионернинг ўғли Лестер Кейн ўртасидаги севги тарихида очиқ кўринади. Камбағал Женни бой йигит Кейн билан турмуш қуролмайди.Уша жамият урф-одатлари, социал адолатсизликлар бу ёшларнинг табиий сезгиларига тўсқинлик қилади. Драйзер оддий қизнинг одоблилиги, вафодорлиги, қалбининг мусаффолигини кўрсатиш орқали халқ куч-қудратига ишончини ифодалайди.
Женни ўзининг энг яқин кишилари ота-онаси, қизи Веста ниҳоят севгани Ластердан ажралади. Лекин бундай оғир йўқотишлар уни умидсизликка туширмайди. У етим болаларни асраб олади ва бундан сўнгги ҳаётининг улар тарбиясига бағишланади.
Ёзувчининг «Истак трилогияси»ни ташкил этган романлари: «Молиячи» 1912 йил, «Титан» 1914 йил, «Матонатли» 1947 йил капиталистик монополияларнинг келиб ва уларнинг ҳукумронлиги мамлакат иқтисодий ва маънавий ҳаётига қандай таъсир этгани реал кўрсатилган.
Драйзернинг «Америка фожиаси» (1925) асари биринчи жаҳон урушидан сўнг ёзилган монументал икки томли романдир.
Асарнинг бош персонажи буржуа-мешчан оиласидан чиққан бола Клайд Грифитсдир. У ўша муҳит таъсирида ўсади. Клайд буржуа жамиятига хос юзсизлик, бойиш йўлида дастлабки қадам деб маҳаллий меҳмонхонани ҳисоблайди ва у ерда ўз мижозларидан хайр-садақага кўз тутувчи, манфаат юзасидан иш юритувчи эгоистга айланади. Тартибсиз кун кечириш маишат ва ичимликка олиб боради. У тушган машина бир қизни босиб кетади. Қамалиш хавфи туғилгач Клайд бу ерни ташлаб, бой амакиси яшайдиган шаҳарга боради ва унинг фабрикасига ишга жойлашади. У ерда қишлоқдан келиб хизмат қилаётган камбағал киз Роберта Олден билан танишади ва унга уйланмоқчи бўлади. Лекин аҳволини тузатиш мақсадида у бой қиз Сондра Финчлини олишга интилади. Лекин хомиладорлиги аниклангач Роберта Клайддан ўзини никоҳлаб олишни талаб этади. Бу нарса унинг учун кўнгилсиз вокеа, яъни мақсадига эришиш учун катта тўсиқ эди. Шунинг учун Клайд Робертани қўлда сайр қилдириб юриб, сувга чукдириб ўлдиради. Бу фожиали воқеанинг сири очилиб Клайд суд қилиниб, электр курсида жозоланади.
«Америка фожиаси» асари воқейликни кенг қамраб олиши, кўтарилган ғоя ва танқидий фикрнинг чуқурлиги, бадиий маҳоратнинг юксаклиги билан жаҳон прогрессив адабиётининг энг яхши реалистик асарлари қаторидан жой олади.
Эрнест Хемингуэй (1899-1961 йиллар) Йирик Америка ёзувчиси Эрнест Хемингуэй Оук-Парк шаҳрида врач оиласида туғилади. Хемингуэй ижодининг бошланиши биринчи жаҳон урушидан кейинги йиллар тўғри келади. «Бизнинг замонда» 1925 йил китобига кирган ҳикояларида ёзувчи биринчидан асарнинг лирик қаҳрамони Ник Адамснинг ёшлиги, ўсмирлик йиллари, севги ва оиласи ҳақида ҳикоя қилса, иккинчидан тинч ҳаёт ҳақидаги хаёлларга, қонли уруш қарама-қарши қуяди. Индивидуалистик характерда бўлса ҳам, асарда қаҳрамоннинг разил урушга қарши норозилиги баён этилади.
Ёзувчининг «Алвидо курол» 1929 йил романи ижодининг муҳим босқичини ташкил этади. Асар биринчи жаҳон уруши йилларида Австрия-Италия фронтида руй берган воқеалар ҳикоя қилинади.
Хемингуэй 30-йилларнинг ўрталаригача бўлган асарларида, у ташқи дунёга муносабатида зиддиятли ва индивидуалистик ижодкорлигича қолади. Ўша йиллар очерк шаклида ёзган «Тушдан кейинги ўлим» 1932 йил китобида ўлим мавзуси янада очиқ кўринади. Асарда буқалар уруши ва унга боғлиқ қоидалар батафсил берилади. Буқаларга ўлдирувчи матадорлар ёки матадорларга ўлдирувчи буқалар, отларнинг ёрилиб кетган қоринларидан отилиб чиққан қонлар, фожиа устига фожиа ва айниқса жароҳатланган одамнинг ўлими олдидан кечирган азоблари умидсизлик руҳида тасвирланади.
Африканинг яшил тепаликларида» 1935 йил «Тоза ва ёруғ жойда» 1936 йил асарлари ҳам мана шу руҳда ёзилган.
Социал масалаларга бағишлаб ёзган асари «Ҳаёт ёки мамот» 1937 йил романидир Хемингуэйнинг сўнгги «Чол ва денгиз» 1952 йил қиссаси учун Нобель мукофотини олган. Асар қаҳрамони чол Сантъяго балиқ овига чиққанига анча кунлар бўлса ҳам, лекин иши юришмайди. Унингча елканига кўп ямоқ тушган қайиққа қандай қилиб ҳам балиқ илинсин, Сантъяго кекса бўлса ҳам лекин ўзи тетик. Шунинг учун ёзувчи бу одам «таслим бўлмайди» деб ўқтиради. Чол тўрига катта балиқ тушганда чексиз севинади. Балиқ деб чақирди у секингини ўлсам ўламанки сендан ажралмайман. Чол бутун куч ғайратини ишга солиб, балиқ билан олишади ва уни енгади. Унинг «Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни бўйсундириш мумкин эмас» деган сўзлари инсон қудратига ёзувчининг чексиз ишончини кўрсатади.
Мавзу бўйича қисқача хулоса
XIX асрнинг охири ва XX бошида қарор топган танқидий реализм адабиёти ўз моҳияти билан демократик характердадир. Танқидий реализм буржуа жамияти ва унинг зулм даҳшатларига қарши норозиликларни акс эттиради. Ҳар бир ёзувчининг қобилияти ва дунёқарашига қараб бу норозилик турли меъёрда, баъзиларида кучли, баъзиларида мўътадил намоён бўлади. Шу билан бирга реалистлар ўз ижодларида тинчлик, озодлик ғояларини ҳам ифода этадилар. Лекин ҳали бу типдаги ёзувчиларнинг кўплари халқ оммасидан узоқ эдилар, шунинг учун улар озодликка эришиш йўлларини ҳам тўғри тасаввур қила олмасдилар. Бунга уларнинг турлича муҳитда яшаганликлари ва баъзан идеалистик-реакцион қарашлар таъсирига тушиб қолишлари сабабчидир. Масалан, инсонпарвар Анатоль Франс ҳаётнинг маълум даврида тарихнинг такрорланиш ғоясини ёқлаган. Р.Роллан эса анча вақтгача ёмонликка яхшилик қил, зўравонликка қарши турма деган фалсафани тарғиб қилган. Мопассанга эса, ижодининг провордида, Шопенгауэр фалсафаси таъсир кўрсатган. Ж. Лондон эса баъзи вақтларда Спенсер ва Ницше қарашларига яқин турган. Бундан ташқари танқидий реализм ўз ривожи давомида турли адабий оқимларга дуч келган ва қисман улар таъсири остида ҳам бўлган. Масалан, натурализм Мопассан, Генри Манн, Т.Драйзер, символизм Ибсен, Гауптман, Роллан ижодига таъсир этган. Романтизм эса М.Твен, Ж.Лондон, Ибсен ижодларида реализм билан қоришиқ ҳолда давом этган. Бу тараққийпарвар ёзувчилар турли адабий анъаналардан фойдаланадилар, лекин улар ижодига хос нарса демократия, озодлик ва тинчлик, тенглик бўлиб, буржуа ҳаёсизлигига қарши кураш асосий масала тарзида қолаверади.
Ғарбий Европанинг кўп ерлари, шу жумладан Скандинавия ҳамда славян мамлакатлари миллий адабиётларида реализм қарор топади ва адабий оқимлар орасида у асосий йўналиш сифатида қолади. Ғарбдаги реалистик адабиётнинг ривожига рус ёзувчиларидан Л.Толстой, А.П.Чехов, И.С.Тургеневларнинг ижобий таъсири ниҳоятда катта бўлганлиги шубҳасиз.
XIX асрнинг иккинчи ярмида юзага келган натурализм ҳам ўша давр адабиётида маълум роль ўйнади. Натурализм негизида Огюст Конт ва бошқаларнинг позитивизм фалсафаси ва эстетикаси ётади. Позитивистлар табиат қонунлари билан жамият қонунлари ўртасида принципиал фарқ борлигини кўролмайдилар. Гарчи натуралистлар ҳаётни қандай бўлса, шундай тасвирлашга уринсалар ҳам, аслида улар турмушнинг чуқур моҳиятини очмай, балки майда-чуйдаларигача қолдирмай кўрсатадилар.
Умуман олганда бугунги кунда жаҳон халқлари адабиётини ўрганиш ва унинг бой хазинасидан баҳраманд бўлиш, айниқса хорижий тилларни ўрганаётган талабалар учун аҳамияти каттадир Бадиий адабиёт орқали биз халқларнинг миллий анъаналарини урф-одатларини ҳамда ҳар бир халқнинг ўзига хос бўлган томонларини ҳам ўрганамиз.
Бобоқулов Юнус Файзуллаевич
Кўчимов Улуғбек Қўчқорович