Отабек-Ҳомид конфликти сиртдан қараганда Отабекнинг Кумушга уйланганидан сўнг бошланади. Отабекнинг Кумушга ошиқлиги ҳам, Ҳомиднинг унга харидорлиги ҳам «сир тутилади». Бироқ, «сир тутилгани» ҳолда сир тутилаётганига сезилар-сезилмас ишоралар берилганки, бу нарса ўқувчини шу сирни билишга қизиқишини кучайтиради-асарга боғлаб қўяди.
Дарҳақиқат, Отабек ва Ҳомид конфликти қайси нуқтадан бошланди? Нима сабабдан иккисининг ҳам Кумушга бўлган муносабати асар бошидаёқ очиқ айтилмади? Билъакс, бу ҳолат маълум ишоралар воситасида ифода этилди?
Асар бошидаги вазиятга эътибор қилсак, илк учрашувдаёқ Отабекка нисбатан Ҳомидда ғайирлик, антипатия уйғонганини кўрамиз. Сабаби, ўз шаҳрининг ҳар жиҳатдан «олди йигити» бўлиб юрган Ҳомид Отабек тимсолида ўзидан бир калла юқори одамни кўрди, табиатига хос ичиқоралик оқибатида ҳеч бир сабабсиз Отабекни хушламай бошлади. Шу асно «уйланиш» масаласида баҳс кетди. Отабек ва Раҳматнинг фикрларига Ҳомид терс фикр айтгани ҳолда биринчи бўлиб Отабекка «тегиниб» кўрди: «Сенингдек йигитлар (яъни, Отабек ҳам-К.Ш.) учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалик қиладир». Отабекнинг ҳануз уйланмаганини билгач, Раҳмат сўз ташлади: «Бизнинг Марғилонда бир қиз бор»...Яъни сўз бораётган қизга эътимоди баланд Раҳмат бу ўринда яхшиликни ният қилган: Отабекка муносиб қаллиқ борлигини билдирмоқчи, холос.
Вазиятга баҳо берсак, Отабек ва Ҳомид бир-бирлари ҳақида маълумотга эга эмас, ҳали бир-бирига рақиб ҳам эмас, лекин бу вазиятда Ҳомиддаги ўзгариш - «ўша қиз»га унинг ҳам «харидорлиги»га ишорадирки, умуман бундай ишоралар ёрдамида фикрни даражама-даража ривожлантириб бориш асосида Ҳомид ва Отабекдаги ҳолат ва кайфиятининг ўзгариши усталик билан кўрсатилган.
Раҳмат гапини бошлаши биланоқ Ҳомид сўз ким ҳақида бораётганини тушунди ва «бир турлик вазиятда ер остидан жиянига қаради». Гўёки, «бу гапинг ўринсиз, тўхтат» демоқчи бўлади. Раҳмат тоғасининг дилидагидан бехабар, бамайлихотир давом қилади: «Шаҳримизда Мирзакаримбой отлиғ бир савдогар киши бор, бу шунинг қизидир».
Ҳеч гапдан хабари йўқ Раҳмат гапида давом қилаверади-ю, ўқувчи Ҳомидни муаллиф нигоҳи билан кузатади: «Ҳомиднинг юзидаги бояги ҳолат яна ҳам кучланиб, гўё тоқатсизлангандек кўринар эди». Ҳомид бир даража ўзгарди, жиянининг гапдан тўхташини бетоқат кутди, лекин Раҳмат сўзида давом этди: «Унинг ҳовлиси пойафзал растасининг бурчагидаги иморатдир».
Шу пайтгача Раҳматнинг гапларига «меҳмоннинг юзи» учун эътибор қилгандай бўлиб ўтирган Отабек нима учундир «ғайриихтиёрий бир тебранди». У гап ким ҳақида бораётганини пойафзал растаси бурчаги тилга олинганидан сўнггина англади, шу боис «унинг юзида бир ўзгариш ва вужудида чайқалиш бор эди».
Тасвирланган эпизоднинг юқорида айтганимизча тушунилишида адибнинг «нуқтаи назар»ни ўзгартириш усулидан моҳирона фойдалангани муҳим аҳамиятга эга. Гап шундаки, мазкур эпизод тасвири гоҳ муаллиф, гоҳ Ҳомид нигоҳи билан берилади. Албатта, муаллиф сиртдан кузатувчи сифатида Ҳомидни ҳам, Отабекни ҳам кўриб туради, кўрганига муносабатини билдирган ҳолда ўқувчига «узатади». Бироқ, овини пойлаётган йиртқичдек ҳушёр Ҳомид нигоҳи ҳам Отабекни бетиним таъқиб этади, у ҳам вазиятни ўзича баҳолайди ва бу яна муаллиф орқали ўқувчига етказилади. Отабекдаги бу ўзгариш сабабини на Раҳмат, на ҳозирча ўқувчи билади. Шунга қарамай, ўқувчи «пойафзал растаси бурчаги» билан боғлиқ аллақандай «сир» борлигини ҳис қилади. Шу нуқтадан у Ҳомиднинг Отабекка нисбатан душманлиги ваҳшийга хос инстинкт билан сезилган душманликдан эканлигини сезади, иккисининг орасида, албатта, зиддият бўлишини сезиб, шуни кута бошлайди.
Ҳомид илк учрашувдаёқ Отабекнинг ўзидан кўп жиҳатларда устунлигини, Кумушга ҳар томондан лойиқ қаллиқ, ўзига муносиб ва кучли рақиб эканлигини ҳис қилди. Шунинг алам-аччиғи билан у ўзининг Отабекдан устунроқ эканини исботламоқчи (аввало, ўз-ўзига) бўлди. Аввалига у карвонсаройдаги суҳбатда (юқорида кўриб ўтдик), кейинроқ эса Зиё шоҳичи хонадонидаги мажлисда ҳам Ҳомид Отабекни зимдан таъқиб этади. Гарчи бу нарса карвонсаройдаги суҳбат тасвиридаги каби аниқ кўрсатилмаса ҳам, аввалги суҳбатдаги ҳолат асосида ўқувчи буни ҳис қилади.
Таништиришдан сўнг Отабекнинг «Мирзакарим қутидорни кўздан кечиргани», унга отасининг дўсти сифатида эмас, «Кумушнинг отаси» сифатида қараганини: Отабек билан қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошлагани, яъни уларда бир-бирига нисбатан симпатия уйғонганини Ҳомид кўриб, сезиб ўтиради. Бунга сари Ҳомид рақобатда ўзининг имкониятлари тобора қисқариб бораётганини ҳам фаҳмлайди. Шунинг аламидан, эҳтимол, имкониятларни тенглаштириш ниятида Отабекка зимдан ҳужум қилади. Отабекдан Юсуфбек ҳожи ҳақида сўрашди:
-Тошканд беги ёнида мушовир сифати билан турадир.
-Сотқи бек кетсин, Азиз бачча денг-деди Ҳомид.
Шу нуқтада Отабекни айбситиш учун нишонга унинг отаси олинди: Азизбекнинг уятли хулқи, ўтмиши эслатилиб, Юсуфбек ҳожи унинг гумаштаси эканлиги писанда қилинди, «айб текширилди». Лекин Ҳомид нишонни ура олмади: «ўринсиз текшириш» мажлисни бироз сукутга юборди-да, сўнгра мажлис Ҳомиднинг гапига мутлақо қиммат бермай давом этаверди. Яъни, «айб текшириш» Ҳомиднинг ўз зарарига ишлади.
Мажлис аҳли Отабекни кўкка кўтариб мақтай кетди. Шу асно қутидорнинг Отабек уйланган-уйланмаганлигини суриштириши Ҳомидни ўзининг уринишлари бесамарлигига иқрор қилиши керак эди. Ҳомид - енгилишни ёқтирмайдиган одам, энг ёмони, у енгиш учун ҳеч қандай воситадан қайтмайди. Кейинроқ қонига беланиб ётган жойидан «ҳақли эдим» дея Отабекка пичоқ отгани каби, ҳозир ҳам нафи бор-йўқлигига қарамай зарба беради, истеҳзо билан дейдики: «Балки бегингизнинг таъмалари хон қизидадир». Мажлиснинг ҳеч бир иштирокчиси унга тараф бўлмагани ҳолда, ҳатто поччасининг ҳам Ҳасаналининг жавобидан сўнг «тузатилдингми?» дегандек қилиб қараши уни тамоман гарангситиб қўйди. Натижа шу бўлдики, Кумушга энг яхши қаллиқ Отабек эканлигини англагани ҳолда Ҳомид рақибини ҳалол йўл билан енголмаслигига иқрор бўлди, унга қарши бошқачароқ йўл ва усулларни қўллашга ҳозирлик кўрди...
Ёзувчи қўллаган шу каби, ўзи таърифлаганидек «энг сўнгги приёмлар» асарнинг қизиқарли, қаҳрамонлар ҳатти-ҳаракатининг асосли бўлишига, қисқаси, «Ўтган кунлар»нинг адабий меросимиздаги нодир дурдона бўлиб қолишига олиб келди.
К.Шахобов
Андижон Давлат университети