Узоқ даврларда анъанавийликка эга бўлмаган строфик тузилиш шеър шакли ҳисобланади, бу жанрга айланиши учун анъанавий тус олади, унда пухта лирик қаҳрамон образи яратилган бўлади.
Лирик жанрлар кўп бўлиб, улар орасида ўзбек мумтоз адабиётида бирмунча кенг тарқалганларини кўриб ўтамиз. Ундай лирик жанрлар орасида ғазал, маснавий, фард, мурабба, рубоий, туюқ, қитъа, мухаммас, мусамман, мусаддас, мустазод, таржибанд, таркиббанд кабиларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
1. Ғазал. Ғазал форс-тожик ва ўзбек мумтоз адабиётида жуда кенг тарқалган лирика жанрларидан бири ҳисобланади. Ғазалда кўпроқ ишқий мавзу — муҳаббат туфайли туғилган ҳис-туйғулар ёритилган. Баъзан ғазалларда ижтимоий-сиёсий масалалар ҳам қаламга олинган. Унинг шаклига яқин бўлган шеърий асарларнинг дастлабки намуналарини улуғ форс-тожик шоири Рудакий яратган. Кейинчалик Саъдий, Ҳофиз, Лутфий сингари шоирлар ғазал тараққиётига муҳим ҳисса қўшганлар.
XIV—XV асрларда, хусусан, Алишер Навоий замонига келиб, ўзбек ғазали ўз тараққиётининг юксак чўққисига кўтарилган. Кейинги асрлар давомида ҳам ғазал ўзбек мумтоз адабиётида етакчи жанрлардан бири бўлиб қолган.
Ғазал икки мисрали байтлардан ташкил топади. «Байт» сўзи чодир, уй, хона маъносини ҳам англатади.
Ғазал дастлабки икки мисраси ва кейинги байтларнинг иккинчи мисралари ўзаро қофиядош бўлган, монорифма (якка қофия) асосига қурилган шеърдир. Унинг схемаси: аа, ба, ва, га, да ва ҳоказо.
Кўпинча, қофиядош мисраларнинг охирида бир сўз ёки сўзлар гуруҳи такрорланиб келади. Шу такрорланувчи қисм радиф, деб аталади. Радиф шеър маъноси, ритми ва мусиқийлигига катта таъсир кўрсатади, унинг ҳиссий кучини орттиради.
Ғазалнинг бошидан охиригача барча мисралари бир хил вазнда ёзилади. Намуна сифатида Алишер Навоийнинг қуйидаги ғазалидан парча келтириш мумкин:
Эй насими субҳ, аҳволим дилоромимға айт,
Зулфи сунбул, юзи гул, сарви гуландомимға айт.
Буки лаъли ҳасратидин қон ютармен дам-бадам,
Базми айш ичра лаболаб бода ошомимға айт.
Йўқ Навоий бедил ороми ғам ичра, эй рафиқ,
Ҳолини зинҳорким, кўрсанг дилоромимға айт.
Бу ғазалнинг схемаси қуйидагича бўлади: аа, ба, ва, га, да, еа, ёа.
Қофиядош мисралар охирида такрорланувчи «айт» сўзи радиф ҳисобланади. Бу ғазал арузнинг рамал баҳрида ёзилган.
Вазни рамали мусаммани аруз ва зарб мақсур, яъни:
фАилАтун фАилАтун фАилАтун фАилАн
Мусамман — саккиз демакдир, яъни арузда рукнлар сони байт доирасида ҳисобга олинади.
Ғазалнинг биринчи байти матлаъ ёки мабдаъ деб аталади. Иккинчи байтнинг иккала мисраси ҳам қофиядош бўлса, матлаънинг зеби (зеби матлаъ) ёки матлаъ ҳусни (ҳусни матлаъ) дейилади. Ғазалнинг охирги байти мақтаъ ёки хотима, деб аталади, унда кўпинча шоирнинг тахаллуси бўлади.
Ғазал ҳажман унча катта бўлмайди. Адабиётшунослар аниклашича, шеъриятда камида уч байтли ва кўпи билан 21 байтли ғазаллар учрайди. Алишер Навоий ғазалларнинг чўзилиб кетмаслигини ва кўпроқ 7 байтли бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланган. Асосан 7 байтли қилиб ёзган ва бу ҳақда бир қитъасида қуйидагиларни айтган:
Навоий шеъри тўққиз байту ўн бир байту ўн уч байт,
Ки лаҳза узра қалам зийнат берур ул дурри макнундин.
Буким, албатта, етти байттин ўксук эмас, яъни —
Таназзул айлай олмас рутба ичра етти гардундин.
Байтлар миқдоридан қатъи назар, ғазал кўпинча ўзаро боғланиб, муайян композицион яхлитлик юзага келишига, кўзда тутилган фикрнинг, ҳис-туйғунинг изчил ифодаланишига хизмат қилган.
2. Маснавий. Маснавий ўзбек мумтоз адабиётида, хусусан, достончилигида кенг қўлланилган жанрлар-дан бири. Унда ёнма-ён турган икки мисра ўзаро қофияланган бўлади. Аниқроғи, маснавий ўзаро қофиядош икки мисрали бандлардан ёки байтлардан ташкил топган. Катта эпик достонларни битишда маснавий кенг қўлланилган.
Алишер Навоийнинг «Хамса»си маснавийда ёзилган. Маснавий шаклини тасаввур қилмоқ учун «Ҳайрат ул-аброр» достонида келтирилган вафо ҳақидаги ҳикоятдан қуйидаги парчани ўқиш кифоя:
Қай бирининг қатлиға қилғач шитоб,
Ёна бири айлар эди изтироб.
Ким мени қатл айла бурун тез бўл,
Токи мен ўлгунча тирик бўлсун ул.
Базл қилурлар эди бир-бирига бош,
Бошлариға тиғ учун эрди талош.
Маснавийнинг қофияланиш схемаси қуйидагича бўлади: аа, бб, вв ва ҳоказо.
Каттароқ эпик шеърий асарларни ёзишда маснавий шакли бошқа турдаги қофия усулларига нисбатан қулайроқ бўлганлиги учун ҳам Навоий маснавий тўғрисида сўзлаб, унинг майдони кенг, «услуби хўб», деб таъкидлаган:
Маснавий ким бурун дедим они;
Сўзда келди васеъ майдони.
Вусъатида юз ўлса маъракагир,
Кўргузур санъатин бори бир-бир...
Лекин ул барчадин дағи хуби
Бор эрур маснавийнинг услуби.
3. Фард. Фард мумтоз адабиётимиздаги энг кичик жанрлардан бири. У кўпинча, бир байтдан иборат бўлади ва унда муайян фикр, ҳис-туйғу ихчам ҳолда ифодаланади. Фард кўпинча ахлоқий-таълимий, дидактик хусусиятга эга. Шунга кўра айрим фардлар афоризмга айланиб кетади. Одатда, фарддаги мисралар ўзаро қофиядош бўлади. Фарднинг қофияланиш схемаси қуйидагича: аа.
Бу шеърий шаклнинг ёрқин намуналари сифатида Алишер Навоийнинг қуйидаги фардларини келтириш мумкин:
Тамаъ этма, кўп ўлса эл моли,
Кўрмайин ҳақ хазинасин холи.
Такаллуф эрур танға фарсудалиқ,
Анинг таркидур жонға осудалиқ.
Айрим ахлоқий-таълимий фикрларни алоҳида таъкидлаб кўрсатиш мақсадида мумтоз адабиётдаги насрий асарлар ичида ҳам фардлар келтирилган. Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ёмонлик ҳақида муайян фикрни илгари суриб, унга алоҳида урғу бериш мақсадида фард келтиради: «Ёмонларға лутфу карам, яхшиларға мужиби зарар ва алам. Мушкка риоят кабутарға офатдур. Шағол жонибин тутмоқ товуқ тухмин қурутмоқдир.
Фард:
Бўрини қўзи билан қилган семиз,
Кийик жамъу хайлиғадур раҳмсиз.
4. Рубоий. Тўрт мисрали банддан иборат бўлган лирик жанрларнинг бири рубоийдир. Рубоийда кўпинча 1-2 ва 4-мисралар ўзаро қофиядош бўлади. Унда рубоийнинг қофияланиш схемаси қуйидагича: аа ба.
Айрим ҳолларда рубоийнинг тўрттала мисраси ҳам ўзаро қофияланади. Бундай шеърий шакл «таронаи рубоий», деб аталади ва унинг қофияланиш схемаси: аааа.
Рубоийда инсоннинг муайян ҳис-туйғулари, кечинмалари теран фалсафий мушоҳадалари билан омухталаштириб юборилган бўлади, инсон, ҳаёт, яшашнинг маъноси, борлиқ ҳақидаги фалсафий умумлашмалар катта ўрин тутади.
Рубоийнинг дастлабки намуналари қадимги форс-тожик халқ оғзаки ижодида мавжуд. Унинг ёзма намуналари эса IX—X асрлардаги форс-тожик адабиётида, хусусан, Рудакий ижодида майдонга келган. XI—XII асрларда яшаган форс-тожик шоири Умар Хайём эса рубоий тараққиётига жуда катта ҳисса қўшган. Навоий ва Бобурлар ўлмас рубоийлар ёзганлар. Навоийнинг қуйидаги рубоийси бу шеърий шакл ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил қилишга имкон беради:
Ғурбатда ғарибу шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш,
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.
Тўртлик арузнинг ҳазаж баҳрида, махсус 24 та рубоий вазнларида ёзилсагина рубоий бўлади, аксинча, у тўртлик жанрига мансубдир. Рубоий битта вазнда, мисра ўша 2 та вазнда, ё бир рубоий 4 та вазнда, рубоийнинг ахраб ва ахрам шажараси вазнлари аралашмаси асосида ҳам ёзилиши мумкин.
5. Туюқ. Ўзбек адабиётидаги тўрт мисрали шеърий шаклларнинг яна бири туюқдир. Бу шеърий шакл омоним (шаклдош, аммо маъноси турлича бўлган) сўзлардан маҳорат билан фойдаланиш асосида битилади. Одатда, бир сўз туюқнинг 1—2 ва 4-мисралари охирида такрор келади, лекин ҳар мисрада турлича маъно англатади. Туюқда оҳангдошлик ҳам шу сўзларнинг такрорланишидан келиб чиқади. Юсуф Амирий қуйидаги туюғида «ўт» сўзини уч хил маънода қўллаган:
Шамъ янглиғ ёнадур бошимда ўт,
Кўз ёшимдин ер юзида унди ўт,
Қон ёшим қилди йўлунгни лолазор,
Мунча тақсир айладим, қонимдин ўт.
Бу туюқда «ўт» сўзи биринчи мисрада олов, иккинчи мисрада ўсимлик маъносини англатади. Тўртинчи мисрада эса буйруқ феъли сифатида келади, яъни «қонимдин ўт» дейилганда «қонимдан кеч», деган маъно ифодаланади.
Туюқ омонимларга асосланганлиги сабабли туркий тиллардаги адабиётларга хос лирик жанр ҳисобланади, чунки Алишер Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да тўғри исботлаб берганидек, туркий тиллар омоним сўзларга бойлиги билан ажралиб туради.
Туюқдар, одатда, аруз вазнининг «рамали мусаддаси мақсур» баҳрида ёзилган.
Туюқда кўпинча сўз ўйини воситасида муайян фикр ихчам шаклда, таъсирчан, гоҳо юмористик тарзда ифодаланади.
Ўзбек мумтоз адабиётида туюқнинг ёрқин намуналарини Юсуф Амирий, Лутфий ва Навоийлар ижод этган. Демак, туюқ тажнис (сўз ўйини)га суянади, Бобур унинг бир қанча турини келтирган, бирининг тажнисли банд қофияси абаб тарзида, бошқасида тўрттала мисра ҳам тажнисли, яна бирида тажнис радиф сифатида келади, бошқа бирида тажнисли тўртлик ҳожибли ва ҳоказо. Огаҳий олти мисрали тажнис ҳам ёзган.
6. Қитъа. Мумтоз адабиётдаги кичик шеърий шаклларнинг яна бири қитьадир. У кўпинча икки байтли қилиб ёзилган. Каттароқ ҳажмли, ҳатто тўққиз-ўн байтли қитъалар ҳам бўлган, шаклан қитъа матласиз ва мақтасиз ғазалга ўхшайди. Унда жуфт мисралар қофияланиб келади. Бу шеърий шаклнинг қофияланиш схемаси қуйидагича: ба, ва, га, да ва ҳоказо.
Қитъалар аруз вазнининг турли баҳрларида ёзилган. Унинг ёрқин намунаси сифатида Алишер Навоийнинг қуйидаги машҳур шеърини эслаш мумкин.
Жаҳон ганжига шоҳ эрур аждаҳо,
Ки ўтлар сочар қаҳри ҳангомида.
Анинг номи бирла тирилмак эрур
Маош айламак аждаҳо комида.
Кўрамизки, қитъада муайян ҳис-туйғу фалсафий, ахлоқий-таълимий, ижтимоий ғоя билан бирлашиб кетади. Шунга кўра, унда дидактика кучли бўлади. Буни, яъни қитъанинг ҳикматга бойлигини алоҳида таъкидлаб, Алишер Навоий қуйидагиларни ёзган эди:
Мундоқ муқаттаотким, мен йиғмишам эрур.
Ҳар бир ҳадиқаи хирад айлар учун фароҳ.
Мажмуин уйла кишвари, англаки сотҳини
Ҳикмат суйидин айламишам қитъа-қитьа боҳ.
Шоирнинг бу сўзлари ҳаққонийлигига, яъни мазкур шеърий шаклнинг афоризмга, ҳикматга бойлигига иқрор бўлмоқ учун Навоийнинг яна бир қитъасини эслаш мумкин:
Ҳар кишиким топса даврон ичра жоҳу эътибор,
Ким, анинг зотида бедоду ситам бўлғай қилиғ.
Яхшилиқ гар қилмаса, бори ёмонлиқ қилмаса,
Ким, ёмонлиқ қилмаса, қилғанча бордур яхшилиғ.
Қитъанинг дастлабки намуналари Рудакий ижодида учрайди. Ўзбек адабиётида бу жанр ривожига Алишер Навоий салмоқли ҳисса қўшган.
7. Мустазод. Ўзбек адабиётида бир қатор жанрлар борки, улар ғазалга боғлиқ ҳолда туғилганлиги ва яқинлиги билан характерланади. Ундай жанрлар жумласига мустазод, мухаммас, мусаддас, мусамман, таржибанд, таркиббанд киради.
Мустазод шундай жанрки, унда арузнинг бирон вазнида ёзилган шеърнинг 1—2-мисраларидан сўнг, бу мисраларга уларнинг бошланғич ва охирги рукнлари асосида кичик мисра қўшилади. Иккала тўла мисра охири қофиядош, уларнинг кичик мисралари эса ўзаро ўзгача қофияланади, сўнг тоқ мисралар ва уларнинг кичик мисралари қофиясиз, аммо жуфт мисралар ва уларнинг кичик мисралари шеърнинг 1—2-мисралари ва уларнинг кичик мисралари охири сингари қофияланади. Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон» асарида мустазодга шундай таъриф берилади: «Ва яна халқ орасида бир суруд бор экандурким, ҳазажи мусаммани ахроби макфуфу маҳзуф вазнида байт боғлаб, ҳар мисрасидан сўнгра ҳамул баҳрнинг икки рукни била адо қилиб, суруд нағамотиға рост келтирурлар эрмиш ва ани «мустазод», дерлар эмиш». Мусаддас ва мусамман рукнли ҳамма вазнларда ҳам мустазод ёзса бўлаверади.
Бу шеърий шакл ҳақида тасаввур ҳосил қилмоқ учун Навоийнинг қуйидаги мустазоди билан танишиб чиқиш лозимдир:
Эй ҳуснугга зарроти жаҳон ичра тажалло
мазҳар санга ашё.
Сен лутф била кавну макон ичида мавло
олам санга мавло.
Ҳарён кезарам телба сифат токи яшундунг
кўздин пари янглиғ,
Мажнундин ўзин токи ниҳон қилмади Лайло,
ул бўлмади шайдо.
Урён баданим заҳмлари ичра эмас қон,
юз пора кўнгулдур,
Бу равзаналардин қиладур ҳар бири, яъни
ҳуснунгға тамошо.
Зуҳд ичида топмади Навоий чу мақоме
эмди қилур оҳанг,
Ким, бўлғай ул бодаву бир турфа муғанний
муғ кулбаси маъво.
Бу мустазод вазни:
--VI V--VI V--VI V--I
--VIV--I
дир. У ҳазаж баҳрига мансуб. Унда кичик мисра вазни: — — V 1 V — — бўлиб, у вазннинг 1 ва охирги рукнлари асосида тузилаётир. Шоир Чокарнинг:
Ҳуснинг гули то бўлди жаҳон мулкида пайдо, эй шўхи паризод,
Солди ани ишқи бошима кулфати савдо, қилғин манга имдод, —
деб бошланадиган, халқ орасида ашулага айланиб кетган машҳур шеъри ҳам мустазод тарзида ёзилгандир. Бу мустазод ҳам юқоридаги вазндадир.
Собир Абдулла 1935 йили «Банг» номли ҳажвий мустазод ёзди, у мазмунангина эмас, балки шаклан ҳам оҳорлидир. Унда 1—2-тўлиқ мисралар ва уларнинг кичик мисралари аааа тарзида қофияланган, кейинги байтларда тоқ мисралар ўз кичик мисраси билан турлича қофияланиб келади, жуфт мисралар эса ўз кичик мисралари билан худди дастлабки 1—2-тўлиқ мисралар ва уларнинг кичик мисралари сингари қофияланишлари шарт:
Ҳар кимки, бўлур гўшанишин, такячи, банги, васваслиги янги.
Улдир шу жаҳон одамининг латта, лаванги, жонсиз ва гаранги.
Турган ери бир кўҳна гўлаҳ, кайфи зиёда, ҳулкарга имода,
Кўкларда булутларга миниб, гоҳ самода, ой унга узанги.
Кисқа мисраси иккитадан бўлган мустазодлар ҳам бор.
8. Мусаммат учликдан ўнликкача бўлган шеърий чамбардир. У мусаллас (учлик), мурабба (тўртлик), мухаммас (бешлик), мусаддас (олтилик), мусабба (еттилик), мусамман (саккизлик), мутасса (тўққизлик), муашшар (ўнлик)ни ўз ичига олади.
9. Мусаллас. Арузда ёзилган бундай илк мусаллас Увайсий қаламига мансубдир:
Раҳм этиб, ёраб, мени сен айла жонондин халос,
Баҳрими қон этти ул лаъли бадахшондин халос,
Жонни тандин қутқариб, кўнглимни армондин халос.
Лутфинга роҳиб элидин мен каби термулмағай,
Ҳайрати хоби хаёли ичра ҳайрон ўлмағай,
Ҳеч ғунча сен каби ҳолимни англаб кулмағай.
Хуллас, бу мусаллас ааа, ббб, в.б. қофияланади. У, айниқса, бармоқ тизимида кенг ривож топди.
10. Мурабба. Бу жанрни ёзма адабиётда бошлаган киши Аҳмад Яесавий эди, уни Машраб балоғатга етказди:
Ҳамду санолар айтай Худога,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?
Етгайму додим нозук адога
Ёрга етар кун борму ёронлар?
Шамъи фироқинг қўксимда ёнди,
Кўз ёшим оқиб бағримга томди,
Ғафлатда қолган Машраб уёнди,
Ёрга етар кун борму ёронлар?
(«Ҳамду санолар айтай».)
Мураббанинг 1-бандида аааа, абаб, ааба ҳам қофияланиши мумкин. Мурабба бошқа шоир ғазалига боғлана олади. Мураббанинг бошқа бир устаси Муқимийдир. Бу жанр мусиқада кенг шуҳрат топди. Бундай бандлар, худди жуфт қофияли байт (банд) сингари, энг қадимги жанрлардан бири.
11. Мухаммас 5 мисрали бандлардан иборат шеърий шакл бўлиб, унда биринчи банднинг барча мисралари ўзаро қофияланади: кейинги бандларда эса аввалги тўрт мисра ўзаро қофияланиб, бешинчи мисра биринчи банд билан қофиядош бўлади. Мухаммас, кўпинча бирон ғазал асосида ёзилади. Бунда муайян ғазалнинг ҳар бир байти олдидан учтадан янги мисра қўшилади. Мумтоз адабиётимизда шоирларнинг ўз ғазалларига ҳам, бошқа муаллифларнинг ғазалларига ҳам мухаммас боғлаганликлари маълум. Бирон ғазалга мухаммас боғланар экан, унинг вазни ҳам, қофияланиши ҳам сақланади. Бундай ҳолда, у «тахмис», ё «тазмин мухаммас» дейилади. Шоирнинг ўзи мустақил ёзган мухаммаси эса «табъихуд» мухаммас, деб юритилади. Мухаммаснинг қофияланиш схемаси қуйидагича бўлади: ааааа, бббба, вввва ва ҳоказо.
Бу шеърий шаклнинг намунаси сифатида Навоий томонидан ўзининг «Кошки» радифли ғазалига ўзи томонидан боғланган мухаммасни эслаш мумкин. Мана, унинг биринчи, иккинчи бандлари:
Бўлмағай эрди жамолинг мунча зебо кошки,
Бўлса ҳам қилғай эдинг кўзлардин ихфо кошки,
Қилмағай эрдинг улус қатлин таманно кошки,
Очмағай эрдинг жамоли олам оро кошки,
Солмағай эрдинг бори оламға ғавғо кошки.
Эмдиким очтинг жамолу халқ ила қилдинг ситез,
Кўргач они хайли ишқинг тортибон юз тиғи тез,
Килдилар кўнглумни ҳижрон ханжаридин рез-рез,
Чун жамолинг жилваси оламға солди рустахез,
Қилмағай эрди кўзум они тамошо кошки...
Мухаммаснинг бошқа бир тури ааааа, бббаа қофия-ланади. Қолган бандда ҳам охирги икки мисра бир хил қофияланса-да, фақат охирги мисра такрор (рефрен) бўлиб келади.
Агар мухаммас бошқа шоир ғазалига боғланса, у ҳолда кўпинча сўнгги бандда аввал мухаммас боғловчининг, кейин эса ғазал муаллифининг тахаллуси бўла-ди. Бунга далил сифатида Огаҳийнинг Навоий ғазалига боғланган мухаммасидан охирги бандни келтириш мумкин:
Чекиб даврон жафосини фузун эъдоду имкондин,
Тўярман Огаҳийдек ҳар нафас юз минг карат жондин,
Ўтар мундин туну кун оҳу нолам чарх гардондин,
Навоий, қилма айб афғону фарёдимки даврондин,
На бир фарёду ўн афғонка юз фарёду минг афғон.
(«Очиб майдин юзинг гул-гул».)
Мухаммас жанри тахмис ёзилган ғазалдаги ҳис-туйғу ва фикрларни кенгроқ, муфассалроқ, чуқурроқ ифодалашга, янги кечинмалар ҳамда ҳаётий умумлашмалар билан бойитишга имкон беради.
Агар романтизмда ёзилган ғазалга ҳозир мухаммас боғланса, унда реалист шоир фикрлари мазмунан ва ифода жиҳатидан романтизмга уйғунлашади.
Ўзбек мумтоз адабиётида кўп асрлардан буён Навоий ғазалларига мухаммас боғлаш анъанаси мавжуд. Шу билан боғлиқ ҳолда Хива ва Қўқон адабий муҳитлари-да, хусусан, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Завқий сингари шоирлар ижодида мухаммаснавислик ривож топган.