Лирика

Аристотель айтишича, лирикада автор «бутун ҳикоя давомида» ўзлигича «қолади».
Аристотель бу фикрни Пиндар, Вакхилид, Алкей, Сафо каби лирик шоирлар ижодига суяниб айтган.
Лирика атамаси, милоддан олдин, III—II асрларда Плутарх ва Цицерон асарларида учрайди, у «лира» номли чолғу асбоби номидан олинган. Қадимги юнонлар қўшиқни шу соз жўрлигида айтар эдилар.
Форобий айтишича, шеърда мулоҳаза айтилади, яхши шоир мулоҳазакор бўлади: лирикада яхшилик ва ёмонлик курашади, ахлоқ ва руҳий кайфият акс этади. Лирика инсонни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка йўллаши керак. Бунда унга хаёл ва тасаввур лозим бўлади. Унингча, яхши шеър бизга ҳузур беради. Форобий Аристотелнинг «Поэтика»сига ёзган шарҳида дейдики, лирика ҳам ҳаётнинг ўхшашини яратиш санъатидир, ўхшаши тимсол, рамз, ҳозирги замон тилида образ демакдир. Форобий англашича, «шеър санъатини безайдиган нарса сўз»дир, «шеърий санъат қонун-қоидаларига эга бўлади, у вазнли ва қофияли, байтлари бир-бирига ҳамоҳанг нутқдир. Форобий «Шеър китоби», «Шоирлар санъати қонунлари ҳақида» деган шарҳларида бу ҳақда тўла маълумот берган.
Абу Али Ибн Сино Аристотелнинг «Поэтика»сига ёзган «Шеър санъати» деган шархида дейдики, шеър вазнли, қофияли, ритмли, мутаносиб бўлади; сўз ўз мусиқасига молик бўлиб, одамларни таажжублантиради, ҳиссиётга чоғлайди.
Аммо Форобий ҳам, Ибн Сино ҳам адабий турлар тўғрисида аниқ бир нима демаган.
Алишер Навоий девонининг дебочасида лирикани кўнгилни бўшатиш воситаси, шарҳи ҳолат деб тушунди, лирикада субъективликка таяниш хусусиятини англаб етди. Бу ҳол Гегелгача бўлган жаҳон илмида муҳим воқеа эди.
Бундай хусусият Бобур ва Нодира учун ҳам хос. Муқимий ва Фурқат шоирлар олдига реалистик ва халқчил талаблар қўйди.
Гегель лириканинг Аристотелдан кейинги энг йирик назариётчиси эди. У эпос, лирика, драмани энг кенг изохдаб бериш билан бирга шеърнинг субъектив нутққа суянишини таърифлади. Унингча, лирика мусиқадан ўлчовдорлик ва ритмдорликни, кўнгилга яқинлик ва хушоҳангликни олди ва уларни тушунарли маъно билан қўшди. Унинг айтишига қараганда, икки дунё лирикада ўзини ҳис этади, бу дунёнинг тасаввурлари онг ривожини таъминлайди; субъектнинг ўзи миллий ҳаётнинг ҳамма йўналишларига тегиб ўтади. Акси эса лирикдир. Гегель ички дунёнинг лирикада яхлит бўли-ши ғоясини илгари сурди.
Лириканинг Гегелдан кейинги улкан назариётчиси В.Г.Белинский эди. У дейдики, лирика ҳис орқасида турган фикрдир; фикр ҳиссиз айтилса, совуқ бўлади, у ақл ўргатувчи соҳа эмас, у уни эшитган одамда ҳам ҳиссий фикр қўзғайди; шеър айтиш, куйлаш ё ўқиш учун ёзилади, шу сабабли, у оҳангдор бўлмаслиги мумкин эмас. Бир нарсани шеърий, эпик ё драматик тарзда ёзиш кераклигини мавзу ва ҳаёт материали ҳал қилади, шеърий ёзишни ҳаётдаги шоирона лаҳзалар «танлайди; шеърни ҳикоя қилиб ё изоҳлаб бўлмайди, уни эшитсанг, у ўзини маълум қилади, чунки у гўё мазмунсиздай сезилади. «Поэзия санъатнинг юқори туридир». Лирика поэзиянинг асосидир, у «поэзиянинг поэзиясидир», у лиризмга айланиб, бошқа адабий турларга ҳам кириб боради, у танада айланиб юрувчи қонга ўхшайди. Лирик асар аксар қисқа бўлади. У чўзилса, эшитувчини чарчатади ва зериктиради. Лирика ташқи таъсир, вазият орқали ҳосил бўлувчи ички, руҳий реакциядир.
Навбатдаги назариётчи К.Бюхер эди. У лирикадаги ритм меҳнат жараёнидаги ритмдан олинганлигини асослади.
А.Н.Веселовский К.Бюхердан кейин яшаган катта назариётчи. Унингча, лирика маросим қўшиқларидаги нақаротдан келиб чиққан.
Ўзбек олимлари республикада адабиёт назариясининг асосчиси Иззат Султонга издош бўлиб, кўп асрли бой ўзбек миллий лирикасини лирика назарияси асосида етарлича эстетик тахдил қилиб бердилар.
Хуллас, лирик тур, лирика хусусиятлари асосан тўртта:
1. Лирика ва эпосда ҳам объектив ва субъектив дунё акс этади, лекин эпосда биринчиси, лирикада иккинчиси биринчи ўринга чиқади. Чунки лирика ўз-ўзини ифодалашдир, аммо дунё лирикага лирик қаҳрамоннинг онги орқали ўтади, «мен» тилидан аён бўлади. Лирикада воқеабанддик кучайиб, бу соҳани ўз ўзанидан чиқариб бормоқда, аммо лирикани ўз асл ўзанига қайтариш йўналиши устундир.
2. Лирика эмоционал-ҳиссий (медитатив) фикрлашдир, яъни у ички олам, қалб диалектикаси аксидир. Дунёдаги зиддиятлар дилга кўчади ва улар кўнгилга ўтади; лирика ички поэзиядир, руҳий ҳолат ойнасидир. Шоирнинг ички, маънавий дунёси бой, кенг ва теран бўлса, унинг лирикаси ҳам худди шундай ҳолга келади.
3. Эмоционал-ҳиссий фикрлаш шахсий кечинма тусини олади, яъни лирика негизида кечинма туради, ҳаёт шеърда кечинма шаклида акс этади, кечинма лирик таъриф ва лирик образга айланади, шу сабабли, шахсий кечинма ўзига хос ва типик тарзга киради, одамлар бу кечинмада ўзини кўради, уни ўзиники қилиб олади. Баъзи шоирнинг кечинмалари ҳаётга нисбатан тор, баъзиларники кенг бўлиши мумкин. Кечинмалари бой, теран шоир лирикасининг халқчиллиги ва умуминсонийлиги ортади.
4. Эмоционал-ҳиссий фикрлаш ҳис ва фикр муносабати маҳсулидир. Ҳаёт доимо шоирда қувонч ё нафрат ҳиссини қўзғайди, ҳис эса аста-секин фикр ва хулосага айланади. Ҳис кўнгилдаги тўлқинланиш ҳосиласидир. Шеърдаги ҳис тингловчида ҳам худди ўшандай ҳис туғдиради. Бу эса шеърдаги бадиий идрок ва эстетик таҳлил ҳамда лирик умумлаштиришдан келиб чиқади.
Ҳиссий фикрнинг мифологик, романтик, реалистик шаклларини кўриш мумкин.
XV аср олими В.Табризий айтишича, шеърият учга бўлинади. Улар қасида, маснавий ва мусамматдан иборат, мусаммат мусаллас (учлик)дан муашшаргача (ўнликкача).
1. Ҳозирги замон ўзбек лирикаси жанр жиҳатдан тасниф қилинган. Унга кўра, мазмун ва шакл дастак қилиб олинган. Лирик жанрлар мазмунан уч гуруҳга ажралади:
а) «эстетик белги, пафос ва муайян мазмун йўналишига асосланадиган жанрлар». Улар қуйидагича: марсия, элегия, инвектива, баҳс, ҳасбиҳол, соқийнома, топишмоқ, қасида, муаммо, тарих, хат, манзара, монолог, бағишлов, васият, васф, назира, дебоча, фахрия;
б) «асосан мусиқа жанри ҳисобланса-да, адабий матнга ҳам суянган жанрлар: романс, кантата, марш, сюита, қўшиқ, мадҳия (гимн);
в) оғзаки ва ёзма лирикада қўлланиб келинган жанрлар:
алла, ёр-ёр.
2. Шакл жиҳатидан, бу жиҳат ҳам қуйидаги уч гуруҳга бўлинади:
а) шакл мазмундорлиги ва тузилишига кўра: мустазод, айтишув, сонет, мувашшаҳ, мушоира, ширу шакар, қитъа, ғазал, туюқ, рубоий, маснавий, фард, таркиббанд, таржибанд, ўрама, шоирий, тирада, турли бандли жанр, оқ шеър, сарбаст;
б) мисра сони ва композицияга кўра: мусаллас, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, мусамман, тасниъ, муашшар;
в) қайта ташкил топиш (трансформация)га кўра: қитъаий, кесишган, таронаий, рубоиёна. Такрорланиш, етук образлар юзага келиши учун дастак бўлиш, такомиллашув лирик жанрларнинг муҳим белгиларидир. Айрим жанрлар у халқдан бу халққа ўтади; миллий поэзияда бошланғич босқичда, ривожда ё камолотга эришган ҳолатда бўлиши мумкин.
Мазкур адабий тур, лирикада акс этадиган инсоний ҳис-туйғуларнинг, ўй-фикрларнинг ниҳоятда ранг-баранглиги сабабли жанрларга бойдир. Антик (қадимги) поэзияда лирика жанрлари сони бирмунча чекланган эди. Бироқ классицизм вакилларининг лирика соҳасига қатъий қонунларни татбиқ этишга, уни муайян қолипга солиб қўйишга уринишлари кейинроқ беҳуда бўлиб чиқди. Лирика жанрлари улар томонидан ода, элегия, сонет, канцона сингари жанрларга, сатира ва мадригалга бўлинади.
Айрим адабиётшунослар лирикани жанрларга бўлишда ундаги ҳис-туйғулар ва ўй-фикрлар мазмуни ва ифодаси шакли инъикоси тарзидан келиб чиқмай, мавзуларга суянганлар. Бундай тамойил мазкур адабий турни фалсафий лирика, ватанпарварлик лирикаси, сиёсий ёки фажданлик лирикаси, муҳаббат лирикаси каби кўринишларга бўлишни тақозо этган. Аммо бу жанрга ажратиш эмас, чунки унинг қўлланиши нати-жасида масаланинг мураккаб, умумий ва ўзига хос томонлари эътибордан четда қолиб кетади. Алишер Навоийнинг «Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади» деб бошланувчи шеъри муҳаббат лирикасига киради. Лекин у ғазал жанрига тааллуқли. «Жанрни бутунисича у ёки бу адабий турга мансублиги, шунингдек, хос бўлган эстетик белги асосида ажратадилар. Аммо бу етарли эмас, учинчи тамойил — ҳажм ва асарга мос келувчи умумий тузилиш ҳам керак, ҳажм кўп жиҳатдан икки момент — тур ва эстетик уйғунлик билан боғлиқ».
Анъанавий ва илмий тамойилдан келиб чиқиб, лириканинг айрим жанрлари билан танишиб ўтамиз.