Уйғониш даври адабиёти

Феодализм шароитида шакллана бошлаган капиталистик муносабатлар Ғарбий Европада Ренесанс (Уйғониш) ҳаракатига асос бўлди. Маданият тарихида Ренесанс номи билан юритиладиган бу ҳаракат дастлаб Италияда (XIV) ва кўп ўтмай Европанинг қолган мамлакатларида ҳам юзага келади.
Ишлаб чиқариш шаклларининг янги куртаклари–мануфактурага ўтиш, буюк географик кашфиётлар (Американинг топилиши, Ҳиндистонга денгиз йўлининг очилиши) ва дунё миқёсида савдо-сотиқнинг ривожланиши абсолютизмнинг ғалабаси натижасида феодал тарқоқликка чек қўйилиб, миллий давлатларнинг пайдо бўлиши, буюк деҳқонлар уруши ва халқ қўзғолонлари–булар ижтимоий ҳаёт ва ижтимоий тушунчада қатор янгиликлар туғдиради.
Италияда санъат мислсиз даражада юксалди, бу юксалиш гўё классик қадим замоннинг шуъласи бўлди ва кейинчалик унга эришиш асло мумкин бўлмади. Италия, Франция ва Германияда янги, илк ҳозирги замон адабиёти вужудга келади. Шундан сўнг Англия ва Испания ўз классик адабиёти даврини кечиради.
Бу–ўша даврга қадар инсоният бошидан кечирган кескин ўзгаришлар ичида энг буюк прогрессив ўзгариш эди, титанларга муҳтож бўлган, ҳамда тафаккур кучи, завқу-эҳтироси, характери, ҳар тарафлама маълумотлилиги ва билимдонлиги жиҳатидан титанларни вужудга келтирган давр эди.
Уйғониш даври маданиятининг аҳамияти унинг феодал тузуми ва черковга қарши ғоявий кураш олиб бориши билан белгиланади. Шахс эркинлиги ва уни дин сиртмоғидан озод этиш ҳамда дунёвий маданият яратиш учун ўз билим ва кучларини сарф этган бу титанлар–ўзларини гуманистлар деб атадилар. Бу сўз лотинча–humanis яъни инсонийлик деган сўздан келиб чиққандир.

Уйғониш даврининг муҳим хусусиятлари–инсон шахсини улуғлаш, киши онгини дин сарқитларидан тозалаш, табиат ва жамиятни эса инсон манфаатларига хизмат эттиришда акс этади.
Уйғониш даврининг муҳим хусусиятларидан яна бири антик маданиятга муносабат масаласида намоён бўлади. Гуманистлар антик даврга қайтиш мақсадида эмас, ўзларининг илғор фикрларини асослаш ва келажакка ишонч билан қадам ташлаш учун узоқ ўтмишнинг улуғ сиймолари ижодига мурожаат қиладилар. Улар рим ва грек адабиёти жанрларининг турли услуб шаклларигагина эмас, балки уларнинг тарихий манбалари, ғоявий мазмунига ҳам диққат этадилар. Итальян олими ва ёзувчилари, шу жумладан биринчи гуманист Боккаччо унутиб юбориган қадимги қўлёзмаларни қидириб топишга киришдади.
Константинополь емирилганидан  (XY аср) сўнг у ердан қочган грек олимлари Италияга жуда кўп ноёб антик қўлёзмаларни келтирганлар. XY асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб грек ва рим шоирлари Вергелий ва Гомер поэмалари, Аристотель ва Платоннинг асарлари нашр этила бошлади.
Уйғониш даврининг яна бир хусусияти шундаки, гуманистик адабиётнинг ривож топиши ва унинг реалистик мазмунда эканлигидир. Гуманистлар антик манбалардан тенглик ва адолат учун кураш ғояларини оладилар. Антик адабиётнинг бундай хусусиятларидан таъсирланиш Ф.Рабле “Гаргантюа ва Пантагрюл”, Сервантес “Дон Кихот”, Шекспир ва Марлонинг трагедияларида яққол гавдаланади. Халқ турмушидан олинган тематик образ ва фольклор мотивлари Боккаччо  ва М.Новарская ижодида яққол кўзга ташланади.
Италиянинг бир қанча шаҳарларида савдо-сотиқ тез суръатлар билан ривожланади. Венеция ва Генуя савдо билан Флоренция саноат ва банк ишлари билан шуҳрат қозонади.

ДАНТЕ АЛИГЪЕРИ (1265-1321)

Инсоният маданият тараққиётининг маҳсули бўлган буюк сўз усталарининг бири Данте Алигъери. Унинг асли исми Дуранте фамилияси Алигъеридир. У 1265 йилнинг май ойида камбағаллашиб қолган аслзода оиласида дунёга келади. Ёшлигида у диний мактабда ўқиб, кейин Болонья университетида таҳсил олган деб ҳисоблайдилар. Умр бўйи фалсафа, ахлоқ, илоҳиёт, тарих, мантиқ ва турли халқлар адабиётини  мустақил равишда ўрганган. У замонасининг энг билимдон кишиларидан бири ҳисобланган.
Флоренциянинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган шоирни 1302 йил ғолиб чиққан “қоралар” она шаҳридан сургун қиладилар ва у ҳаётининг сўнгги 19 йилини сарсон-саргардонликда ўтказади. Данте 1321 йил 14 сентябрда Равеннада вафот этади.
Шимолий Италияда бадиий адабиёт XIII асргача лотин тилида яратилган. XII аср охири XIII аср бошларида Сицилияда ривожланган миллий тилдаги шеъриятда фольклор элементлари кучли эди. Бу шеъриятнинг энг кўп тарқалган жанрлари лауда, сервентиза, ва контраст деб аталиб, уларнинг яратувчилари жанубий Франция, Сицилия ва Италияда кўчиб юрувчи сайёҳ шоирлар эди.
Умуман шеърларни байт, бандга бўлиш қофия тизими Европа адабиётига ёт бўлиб Испания орқали Шарқдан ўтган.
Дантега шуҳрат келтирган биринчи асар 1291-1292 йилларда тузилган ва Беатричега бағишланган “Янги ҳаёт” шеърлар тўплами бўлиб, у Европа адабиёти тарихида биринчи автобиографик асардир. Тўплам насрий ҳикоялар билан боғланган 30 та шеърдан иборат. Шеърлар 1283-1291 йилларда ёзилган бўлиб, хронологик тартибда жойлаштирилган.
Дантенинг бутун ижоди Беатриче исмли қиз билан боғлиқ. Беатриче шоирнинг отасига яқин кишининг қизи бўлиб, тўққиз ёшли бўлажак шоир саккиз яшар қизчани кўриб, бутун умр бўйи унинг мафтуни бўлади. Беатриче лоларанг либосда эди. Шу кундан бошлаб Данте ишқ маъбуди Аморнинг бандасига айланди. Данте Беатричени ҳаммаси бўлиб беш марта кўрган, холос. Шоирнинг унга бўлган муҳаббати инсон ҳақидаги олий идеал билан боғлиқ бўлиб, унга уйланишни хаёлига ҳам келтирмаган, унга уйланишни шаккоклик деб билган. Беатриче бошқа одам билан турмуш қуриб, 1290 йили 24 ёшида вафот этади. Шоирнинг Беатричега бўлган муҳаббати кейинчалик илоҳий мазмун касб этиб, Данте ижодининг ҳамма босқичларида энг олий инсоний идеаллар тимсоли сифатида талқин қилинади.
Орадан тўққиз йил ўтгач шоир маҳбубасини кўчада қордек оппоқ либосда учратади, қиз шоирга салом беради. Беатриченинг саломи, таъзими ёш шоирни мутлоқ мафтун этади, руҳига бахт-саодат бахш этади. Бундан кейинги бир неча йилни шу учрашув таъсирида ўтказади. Учрашув кечаси шоир тушида ишқ маъбуди Амор олов рангли булут ичида Беатричени олиб кетаётгани ва ухлаб ётган шоирнинг юрагини унга мажбуран едираётгани ва уни осмога учириб олиб кетаётганини кўради. Шоир уйғониб “Ошиқ қалбларга...” деб бошланувчи сонетини ёзади.
Беатриче вафотидан кейин Дантенинг ишққа бўлган муносабатида ўзгариш юз беради.
Тўпламнинг биринчи қисмида Данте Беатричега ошиқ, унинг ягона орзуси маҳбубасини кўриш, роҳат бағишловчи саломини эшитиш бўлган, холос. Шоир Беатричени энг олий фазилатлар эгаси, иффатли инсон сифатида тасвирлайди. Қуёш борлиққа нур сочганидек, у ҳам муҳаббат, марҳамат, меҳр-шафқат, фазилат, олий ахлоқ, одоб, умуман инсонга хос бўлган энг олий хусусиятлар нурини сочади. Энг муҳими бу хусусиятлардан атрофдагиларни баҳраманд қилади, уларни ахлоқий ва ақлий етукликка эришувга чорлайди:

Гўзаллигини намоён этиб кимнинг олдидан ўтса,
У одам покланади ёки ҳаётдан кўз юмади;
Кимни у арзигулик деб ҳисобласа,
Унга яқинлашса, уни бахт саросимага солади.
Кимгаки хушмуомалалик билан салом берса,

Унинг қалби покланиб, ҳамма аламларни эсдан чиқаради,
Аллоҳ унга ҳукмдорлик кучини берган:
Кимки бирор марта унинг сўзини бажарса ёвузликда ўлмайди.

Беатриче Аллоҳ яратган мўъжиза, унга яқин бўлишни орзу қилиш шаккоклик, ғайритабиий орзудир.
Дантенинг “Янги ҳаёт” тўплами Европа адабиёти тарихидаги биринчи психологик асардир. Данте Беатриченинг вафотига мистик маъно беради. Исавия дини таълимотида борлиқ “3” рақами асосида яратилган (осмон, ер, оралиқ), Аллоҳ, Исо ҳам учлик (Ота Худо, Ўғил Худо ва худонинг Онаси) асосида вужудга келган. Уч маротаба уч тўққиз, яъни тўққиз қават осмон. Шоир маҳбубасининг вафотини муқаддас “9” рақами билан боғлайди. Шоир бу рақамни чиқариш учун Шарқ халқлари йилномасига мурожаат этади. Ҳақиқатдан Қуръонда “9” рақамига алоҳида эътибор берилади. Исмоилий каромати каби бидъат оқимлар ҳам “9” ни муқаддас рақам деб ҳисоблайдилар. Бу ўринда коинот сайёра ва юлдузлар ҳаракати масаласида Данте Аҳмад Фарғонийнинг “Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавоми илм ан-нужум” дан фойдаланади.

Данте 1304-1308 йилларда Беатриче хотирасига бағишланган илмий- фалсафий рисоласи “Зиёфат”, филологияга оид “Халқ нутқи”, сиёсий қарашлар ифодаси бўлмиш “Монархия”  асарларини яратди.
“Зиёфат” тузилиши жиҳатдан “Янги ҳаёт” га ўхшайди. Асарда 14 та канцонани (миллий колорит сақланиб ёзилган содда мусиқа асари. Ўрта аср Итальян поэзиясидаги лирик шеър), 15 та насрий рисолани шарҳлаб бериши лозим эди. Лекин фақат 3 та канцона ва 4 та илмий–насрий шарҳ ёзилган холос. Уларда ўрта аср дунёқараши, баъзи ўринларда эса Шарқ олимлари, лотин аверроистчилари ва Исавия дини таълимотини Шарқдан келган янги илмий таълимот ютуқлари билан бойитишга уринган. Буюк Альберт ва Фома қарашлари доирасида дин, ахлоқ, фалакиёт илми, одамийлик, ишқ, бахт, руҳ ва онг ҳақида фикр юритилади.
Шоир олий инсоний хусусиятлар, айниқса сахийлик, олийжаноблик ҳақида фикр юритар экан Ибн Сино ва Ғаззолий фикрларига суянади.
“Биринчидан, - деб ёзади у, - инсон руҳ ва танадан иборат; сахийлик руҳ билан боғлиқ. Тўғри бу ҳақда турли файласуфлар, турли фикрларни баён қиладилар. Авиценна ва Альгазел руҳлар дастлаб яратишдан фазилатли ёки қабиҳ бўладилар”.
Бу фикрни аслида Мансур Ҳаллож айтган бўлиб, кейинчалик Ғаззолий томонидан такрорланган. Бу ўринда Данте юқорида айтилганидек Исавия динига тааллуқли олимлар асарларидан фойдаланган бўлса керак. Данте инсон умрини тўрт фаслга бўлади:

А) Ёшлик: у иссиқлик ва намликка монанд;
Б) Балоғат: унга иссиқлиу ва қуруқлик хос;
В) Кексалик: унда совуқлик ва қуруқлик бор;
Г) Қартайиш: унда совуқлик ва намлик бор.

“Зиёфат” асарининг иккинчи бобида Данте Фарғонийга суянган ҳолда “Зуҳра” сайёрасининг йил ҳисобини тўғри чиқаради, яъни 1168 ер суткасига тенглаштиради. Ёки иккинчи ўринда Ер билан “Зуҳра” сайёраси ўртасидаги масофани Фарғоний ҳисобига суянган ҳолда “167 ер радиуси” яъни 542750  мильга яъни 40272050 км га баробардир дейди. “Янги ҳаёт” тўпламида эса Беатриче вафоти кунини ҳам Фарғоний рисоласида келтирилган сурёний йилномаси асосида аниқлайди. Сатурннинг эпицентрик ҳаракати ҳисобини чиқаришда ҳам ватандошимиз асарига суянади.
Дастлабки нариги дунё ҳақидаги тасаввур зардуштийлик динида ишлаб чиқилган бўлиб, у дунё жаннат, аъроф ва дўзахдан иборат, вафот этган инсонлар бу дунёдаги қилмишларига биноан марҳамат ёки жазо топадилар дейилиб, унда уччала қисм тафсилоти берилган эди. Нариги дунё ҳақидаги зардуштийлар таълимоти иудаизм, исавия ва ислом динлари томонидан умумий тарзда қабул қилинган эди. Аммо жаннат, аъроф, дўзах қандай қурилган, кимлар қайси қисмга боришга ҳукм қилинади, қандай гуноҳлар учун қанақа жазо олинади, аъроф, жаннатга кимлар киради, жаннат роҳати қай йўсин эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Дантенинг ўта бой фантазияси нариги дунёни шунчалик аниқ тасвирлаб берадики, жаҳон адабиётининг бирор намунаси, ҳатто Шарқ афсоналари, антик дунё мифлари ҳам унга тенг келолмайди.
Данте асарини «Комедия» деб атаган, чунки ўрта асрларда миллий тилда ёзилган ва яхшилик билан тугалланган ҳар қандай асар, жанридан қатъий назар комедия деб аталган. Кейинчалик Боккаччо асарнинг моҳияти жиҳатидан «илоҳий» сифатини қўшган. Шундан бери достон «Илоҳий комедия» деб аталади.
Достон нариги дунёнинг уч қисмини тасвирловчи «Дўзах», «Аъроф», ва «Жаннат» қисмларига бўлиниб, ҳар қисми кантика деб аталади. Бу атамани даставвал Ибн Синонинг «Уржуза» сини кремоналик Херардо лотин тилига таржима қилганда қўллаб, асарни «Cantica de Nedicina» деб атаган. Данте Херардо қўллаган атамадан фойдаланади. Достон 100 та шеърдан иборат. Шеърлар учликлар шаклида ёзилган. Достоннинг ҳар учула қисми ҳажми жиҳатидан бир хил, 33 шеърдан иборат.
Шоир ўз ҳомийси Делла Сакалага ёзган хатида достон тўрт маънога эга эканини айтади:

Айнан маъноси–инсонларнинг нариги дунёдаги тақдири;
Мажозий маъноси–бу дунёда қилган ишига яраша жазо ёки роҳат топиши;
Ахлоқий маъноси–инсонни ёмон йўлдан қайтариш ва яхшиликка бошлаш;
Яширин маъноси–Беатричега бўлган муҳаббатнинг шундай асар яратишга илҳомлантирган фароғат кучини куйлашдир.
«Илоҳий комедия» нинг воқеаси мураккаб эмас: хаёлида қуюқ ўрмонда адашиб қолган Дантега уч йиртқич: арслон, бўри ва қоплонга йўлиқади. Улардан қутулишни билмай саросимага тушиб турган шоирнинг олдига Вергилий келади. Антик шоир Дантени бу балолардан қутқариб, уни охир дунёнинг уч қисми билан таништириш ҳақида олий буйруқ бўлганини айтади. Устоз Дантени етаклаб дўзахнинг тўққиз қавати, ундаги жазоланувчи гуноҳкорлар, уларнинг тарихи, жазоларнинг турлари билан таништиради. Жаҳаннамнинг тўққизинчи қаватида жаннатдан қувилган Иблис тузда абадий тўнғиган ҳолатда. Унинг юнгларидан шоирлар зинапоя сифатида фойдаланиб, ёруғ дунёга, океан ўртасида жойлашган аъроф тоғи олдидан чиқадилар. Иккала шоирни антик мифда ҳам шу вазифани бажарувчи Харон қайиқда тоғ этакларига элтади. Вергилий аърофда ҳам Дантега йўлбошчилик қилади.
Янги замоннинг биринчи вакили бўлган Данте шоир, олим, файласуфлар ҳатто баъзи лашкарбошилар учун Дўзахнинг биринчи қаватида, дарбоза олдида маълум жой (Ламб) яратади. Ламб мовий булут ичида ёруғ нурда жойлашган ажойиб қаср бўлиб, унда исавия динидан аввал яшаган ва ўзининг ажойиб мероси билан инсоният маънавий бойликларини яратишда улкан ҳисса қўшган шоирлар Гомер, Гораций, Вергилий, Овидий, Лукан жасур қаҳрамонлар Гектор, Цезар, файласуфлар Сократ, Платон, Демокритга ўхшаганлар, Миср султони Салоҳиддин ва бошқа қатор шоир, донишмандлар анжумани тасвирланган. Унда:

Ҳисобдан Эвклид, Батлимус, Гален, Гиппократ ва Сино, Ибн Рўшд пайдо-
Янги ғояларни тартиб этган чин.
(Дўзах IV боб).

Ўз даврининг вакили бўлган Шарқ фалсафаси таъсири остида дунёқараши шаклланган шоир устозлари Ибн Сино ва Ибн Рўшдни Ламбга жойлаштиради.
Мажусий ва мусулмон донишмандларини исавия дини ақидаларига зид ўлароқ, жазодан қутқаради, бу эса Дантега хос бўлган юксак гуманистик дунёқараш билан изоҳланади. Лекин Данте тушунчасидаги юксак инсонпарварликка хилоф ҳаракатда бўлган антик қаҳрамонлар Одиссей (Трояни ишғол қилишидаги фирибгарлиги учун), мифологик қаҳрамонлар (ўликлар дунёсида хизмат қилувчи Харон, Минос, Цербер, Минотавр, Юпитерга қарши чиққан гигантлар) ва яна бошқалар Данте томонидан дўзах азабига дучор қилинади.
Дўзахнинг тўққизинчи қавати «Коцит» абадий муз кўлидан иборат, унда хоин ва мунофиқлар паноҳ топган:

Биз у ерда бўлганмиз, бу сатрлар даҳшатли,
У ерда музли қаватда соялар шишада шохча кўринганидек
Чуқурда бўлса ҳам кўринадилар.
(Ад. XXXIV)
Кўлнинг остини Данте “Дит” деб атайди, унда на шамол, на олов, на ҳаракат бор. Ҳамма жой шайтон Люцифернинг олти қаноти ҳаракатидан музлаб қолган, у жойда осмондан қувилиб, ерга йиқилишида “Аъроф” тоғи конусини ҳосил қилган Люцифер-Иблис туради. Унинг уч оғзида уч хоин “Иуда”, “Брут”, “Кассий” (Брут ва Кассий Римда яшаган лашкарбошилар) жазо тортадилар. Данте яратган “Иблис” образи инсон тушунчасидаги энг салбий, жирканч хусусиятларнинг мажозий рамзи сифатида гавдаланади. Маълум даражада ижобий хусусиятларга эга бўлган Милтоннинг (1608-1674) “Йўқотилган жаннат”идаги исёнкор иблис, Гётенинг (1749-1832) “Фауст” идаги файласуф Мефистофель, Лермонтовнинг “Демон” и каби жаҳон адабиёти намуналарида яратилган Шайтон образларидан Дантенинг Иблиси ажралиб туради. Дантенинг таъбирича, Иблис осмондан йиқилиш жараёнида ер қаърини шундай ёриб кирганки, ундан ҳосил бўлган жаҳаннамда тўққиз қават дўзах жойлашган, танаси эса ер куррасининг нариги томонидан тўққиз қават “Аъроф” тоғини бўрттириб чиқарган. Данте “Аъроф” да ҳали у даврда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган Жанубий ярим шарнинг ғарбидаги юлдузли осмонни тасвирлайди.

Дўзахга зид ўлароқ жаннатда доимо ҳаракат ҳукм суради. Жаннат осмонларининг ҳаммасида ёруғлик, нур, руҳий камолот ҳукмронлик қилади.
“Жаннат” нинг сўнгги уч боби тўққизинчи доира–Эмпирейнинг тасвирига бағишланган. Эмпирейдаги фаришталар коинотни ҳаракатга келтирадилар. Энди Беатриче шоирни авлиё Бернардга топшириб, Биби Марям тахти олдида Момоҳаво ёнига ўтиради. “Янги ҳаёт” да тасвирланган ишқ маъбуди “Амор” – ишқ, қуёш ва ўзга нур манбаларини ҳаракатга келтиради. Дантенинг тасаввурида у умуминсоний ахлоқ нормалари-реал борлиқни маълум доирада сақлаб туради.
Шундай қилиб, илоҳий қудрат рамзи бўлган Амор, Беатричега бўлган муҳаббат, шоирнинг умум башарият сирини англаб етишига ёрдам беради.
Шоир яратган буюк Эпопеяни Голенишев-Кутузов: “Данте антик муаллифлар анъанасини тиклаб, коинот сирларини очишга эришди. Жаҳон адабиёти ривожининг янги йўлларини очиб берувчи Данте достонининг инқилобий моҳияти ҳам ана шундадир” деб тўғри баҳолайди.
Динлар маданий инсон онги ривожланиши билан бу ва у дунёнинг тузилиши, инсонлар вафот этгандан кейинги тақдири масаласига қизиқиш орта боради. Бу масалада инсоният тарихидаги ҳар бир дин ўз таълимотини ишлаб чиқаради. Бу дунё тасвирида дунё уч қисм–осмон, ер ва ер ости баъзи ўринда “Ер остидаги сувдан иборат дейилса, нариги дунё тасвирида ўхшашлик кам бўлган. Фақат гуноҳкорлар ер остида, жаҳаннамда жазоланадилар, тақводорлар осмонда, жаннатда бўладилар” дейилади. Аммо тафсилотни ҳеч қайси дин батафсил ишлаб чиққан эмас.

Боккаччо

Италия уйғониш даврининг иккинчи йирик вакили Ж.Боккаччо олим ва адиб бўлиб, ўша вақтда “назар илғамас” деб ҳисобланган замонавий новелла жанрини юқори босқичга кўтаради, унинг реалистик ва демократик йўналишини белгилаб беради.
Боккаччо 1313 йил Парижда туғилади, онаси вафот этгач, у Италияга олиб кетилади. Отасининг истаги билан коммерсантлик, шунингдек, ҳуқуқшуносликни ўрганса ҳам антик ёзувчиларнинг асарларига унда қизиқиш катта бўлади. Боккаччо йигитлик даврини(1327-1340) Неаполда ўтказади. Бу ерда у гуманистлар билан яқиндан танишиб, грек тили ва антик адабиётни ўрганишга киришади. Янги орттирган дўстлари туфайли қирол Роберт Анжуйский саройидаги адабий доирага жалб қилинади.
Боккаччо ижодининг дастлабки босқичида рицарь романларини қайта ишлаш билан шуғулланади. Шундай асарлардан бири “Филоколо” 1338 й  ёзувчи илк ўрта асрлар адабиётида мавжуд бўлган христиан билан мажусий (Флорио ва Бъянчифоре) ўртасидаги қайғули муҳаббат темасини қайта ишлади. Лекин автор бу масалага янгича ёндоша олмади. Унча катта бўлмаган “Филострато” поэмасида (1338) шоир итальян яллачилари айтиб юрадиган саккиз бандли халқ строфаси октавани қўллади. Асарнинг сюжетини ўрта аср француз трувери Бенуа да Сент-Морнинг “Троя ҳақида роман” идан олди ва Троя жангчиси Троил билн грек асираси Гризеиданинг севгисини ўзига хос услубда талқин этади. Унга психологик моментлар киритади.
Боккаччо шеър ва наср аралаш усулда ёзган “Амето” пастарол идилласи (1341) антик чўпонлик поэзияси меросидан фойдаланади. Адиб асарда дунёвий лаззат-табиий ҳис-туйғу ва чин севгини куйлайди. Асарнинг қаҳрамони Амето қўрс ва қўпол йигит, у овни севади. Амета парилар орасида Лия исмли ажойиб қизни учратади. Гўзал Лия ажойиб қўшиқлари билан йигитни ўзига мафтун этади. Шу вақтдан бшлаб йигитнинг фикри-хаёли қизда бўлади. Лияга нисбатан туғилган самимий севги таъсири остида қўпол ва қўрс Амето ўзгариб, ажойиб фазилатли, олижаноб йигитга айланади.
“Фъезолан парилари” поэмаси 1345-46 йилларда ёзилган. Асар антик мифларга, айниқса, Овидийнинг “Метаморфозалар” ига тақлид қилиб ёзилган. Асарда Фъезалон тепалиги ёнида туташган икки дарё–Африко ва Мензола қандай қилиб икки севишганнинг номи билан аталганлиги тасвирланади: ҳали Фъезалон шаҳри қад кўтармаган қадим замонларда шу тепаликда маъбуда Диана паноҳида кўп парилар яшаган. Улар доирасига кириб борган чўпон Африко ёш пари Мензолани севиб қолган. Йигит худо Венеранинг маслаҳати билан қизлар кийимини кийиб, у билан учрашган ва унинг қўлини сўраган. Париларнинг эрга тегмаслиги (туфайли) қасам ичганлиги туфайли Мензола Африконинг муҳаббатини рад этади. Бироқ қиз қалбида уйғонган муҳаббат ҳисси ундаги тортиниш ва уятчанликдан устун чиққан, шундай қилиб у йигитга мойил бўлган. Мензола фарзанд кўриб, маъбуда Дианадан яшириниб юради. Кўп ўтмай ўз қилмишидан афсусланиб Африкодан ўзини олиб қочади. Бунга чидай олмаган йигит ўзини ўлдиради. Унинг қони шу ерда оқадиган кичик дарё сувига қуйилгани учун бу дарё Африко номи билан атала бошлади. Диана Мензолани ғазаб билан кичик дарёга айлантириб юборган. Дарё Фъезалон тепалиги ёнида Африко дарёсига қўшилиб кетган. Африконинг ота-онаси ўғлини тарбиялаб олади. Италияга келган Титан Иапетнинг донишманд ўғли Атлант Фъезлон шаҳрини қурган, париларни эрга берган. Шундай қилиб, бу ерда янги маданий давр бошланган. Уларнинг номи билан севги ва абадийлик рамзи – Африко ва Мензола дарёлари мангу яшайди. Бундай хотима автор гуманизми ва маҳорати шаклланганининг ёрқин ифодасидир.
Фъяметта: Боккаччо ижодининг камолот босқичида “Фъяметта” (1348) асарини яратади. Бу асар Ғарбий Европа адабиётида биринчи психологик роман “нозик ҳис билан тўла севги қиссаси” эди. Ёзувчи унда севгилиси ташлаб кетган маъшуқанинг ҳис-туйғуси ва руҳий азобларини қаҳрамон тилидан моҳирлик билан ҳикоя қилди. Романда автобиографик моментлар ҳам бор. Масалан, турмушда Фъяметта Боккаччога бевафолик қилган бўлса, романда Памфила Фъяметтага вафосизлик қилади. Бир куни ёш ва гўзал аёл Фъяметта черковда Памфила исмли келишган йигитни кўриб севиб қолади. Эри бўлса ҳам унинг бутун хаёлини шу йигит чулғаб олади. Йигит билан топишганида у ўзини бахтли деб ҳис қилади.
“Декамерон” Боккаччонинг катта эътиборга молик асари ҳисобланади. У бу асарни 1352-54 йилларда ёзган. Гуманистик ғоялар ва воқеликни реалистик тасвирловчи “Декамерон” ўрта аср диний аскетизмига қаттиқ ва аёвсиз зарба берган Уйғониш даврининг биринчи йирик асаридир.
Итальянча “Новеллино” (яъни новеллалар китоби)нинг мазмуни турлича бўлиб, унда ўрта аср рицар романлари, инжил, шарқ эртаклари, антик ривоятларда баён қилинган турли ҳодисалар ҳикоя қилинади. Биринчи навбатда Италия ҳаётидан олинган маиший темадаги реалистик ҳикоялар кишининг диққатини ўзига тортади.
Боккаччо эса новелла жанрига классик тус бериб, итальян ҳикоячилигининг тури, типи, характери, тили, услубини яратади. Боккаччо асарининг демократик руҳи унинг халқ анъаналари билан яқиндан алоқада бўлганлигининг натижасидир. Боккаччо новелла жанрига янги гуманистик мазмун, реалистик характер киритиши билан уни “тубан” жанрдан “юқори” жанрлар қаторига кўтарди ва тўла ҳуқуқли жанрга айлантирди. Ёзувчи ҳикоянинг мақсади ўқувчини қизиқтириш ва овутиш учун эмас, балки кишиларга янги онг, янги маданият ва гўзаллик идеалини сингдиришдан иборат бўлмоғи ҳам керак деб билди. “Декамерон” да юзта новелла бор. Улар маълум тартибда жойлаштирилган, новеллаларнинг бири иккинчисига махсус уланувчи ҳикоялар воситаси билан боғланади. Бундай адабий усул қадимги шарқ (Минг бир кеча) ва антик (Метаморфозалар) адабиётда ҳам қўлланган, лекин улар боғловчи ҳикоялар вазиятни изоҳлаш, жазони кейинга чўзиш учун киритилар эди. Боккаччо эса боғловчи, янги новеллаларда ҳаётий воқеаларни, характерларни тасвирлашга катта эътибор беради. 1348 йил Флоренцияда даҳшатли ўлат касали тарқалиб, бу касал жуда кўп кишининг ёстиғини қуритади. Шундай оғир вазиятда Боккаччо янги фикрларни тарғиб қиладиган асар яратишни мўлжаллайди ва “Декамерон” номли асарини яратади, бу асар ўлат касалининг тарқалишини тасвирлаш билан бошланади.
Гуманист Боккаччо ижодида ишқ-муҳаббат катта ўрин тутади. У севгини тор, шахсий лаззатланиш маъносида эмас, балки кенг маънода, ижтимоий ҳаётга боғлиқ равишда тасвирлайди. Унинг тасаввурида муҳаббат кишини чиниқтиради, қийинчиликларни енгишга ўргатади ва одамда яхши фазилатлар ҳосил қилади. Бешинчи куннинг биринчи новелласида  муҳаббат туфайли шундай янги сифатлар касб этган ёш йигит Чимоне ҳақида ҳикоя қилинади.
«Декамерон»да тарғиб қилинган асосий ғоялар анти клирикал йўналишдадир. Эски диний урф-одатлардан эркин муҳаббат устун чиқади.
“Декамерон” даги кўп новеллаларда монахларнинг кирдикорлари очиб берилади. Улар ҳар қадамда разиллик қиладилар, халқ оммасини алдайдилар, лекин охирида шарманда бўладилар. Буни монах Альберт (тўртинчи куннинг иккинчи новелласи) мисолида яққол кўриш мумкин.
Имола деган жойда жиноятлари билан обрўсизланиб, шарманда бўлган Берто делла Миссо исмли бир кимса Венецияга бориб, ўзини ўта тақводор киши оға Альберт деб танитади. Секин-аста руҳоний сифатида обрў орттира боради, лекин яширин равишда ярамас ишларини ҳам давом эттиради, монастирда енгилтак ёш аёл Лизеттани учратиб, унинг чиройини мақтаган ва сўнгра “фаришта” ниқобида пайдо бўлган Альберт сезилиб қолишдан қўрқиб, ўзини деразадан ташлаб қочади ва бир камбағалнинг уйига кириб бекинади. Эрталаб “фаришта” ҳақидаги гап бутун шаҳарга тарқалади. Бу хабарни эшитган уй эгаси қутқариб юбориш баҳонаси билан Албертни масхарабозлик байрамига ҳайвон қиёфасида олиб чиқишга кўндиради. Унинг баданига асал суриб, пар ёпиштириб шаҳар майдонига етаклаб боради, сўна ва пашшалар ундаги пашшага ёпишади. Ниҳоят Альбертнинг ҳийласи фош этилиб, ширага бўлиб қамоққа тушади.
“Декамерон” да оддий монахдан тортиб, то Рим папасигача қораланади. Руҳонийларнинг қилмишларини кўзатиб борган Боккаччо усталик билан уларнинг кирдикорларини очиб ташлайди. Шуниси характерлики, руҳонийларни мазах қилиш учун керакли бадиий воситалар топа олади, уларни комик персонажларга айлантиради, ниҳоят кўпчилик олдида шармандаю-шармисор қилади.
Боккаччо ижодининг ўзига хос томони шундаки, у асардаги персонажнинг характерини очишда, уни тўлақонли гавдалантиришда фольклордаги комик элементлардан (унсурлардан) моҳирона фойдаланади. Боккаччо оддий кишилардаги ижобий хислатлар–эпчиллик, донолик, хушчақчақликни акс эттирган новеллалар ҳам яратади.
Андреуччо ҳақидаги новелла (иккинчи куннинг бешинчи новелласи) шундай характердаги ҳикоялардандир.
Перуджияда от савдоси билан шуғулланган Андреуччо исмли ёш йигит от олгани Неаполга боради. Бироқ шу куни унинг савдоси битмаган, содда бу одам бекорга юрмаганини билдирмоқ учун ҳамёнини гоҳ қўлига олиб, гоҳ уни жойига солиб қўяди. Бундан хабардор бўлган бир ёш аёл унинг пулларини қўлга туширишни мўлжаллайди, кечқурун Андреуччо турган меҳмонхонага чўрисини юбориб уни ўз уйига чақиртиради ва жуда яхши кутиб олади. Ҳатто йигитни ўз акси бўлажаги (гўё Андреуччонинг отаси Палормога келиб турганида унинг бева онаси билан яқин бўлгани ва ўзи туғилгани)ни айтиб, уни ишонтиради. Кечки овқатдан сўнг аёл бегона юртда бемаҳал юриш хавфли, де меҳмоннинг кетишига йўл бермайди. Уни алдаб бир хонага киритгач, Андреуччо бехосдан ифлос чуқурга йиқилиб тушади. Алданганини билган Андреуччонинг фарёдига ҳеч ким қулоқ солмайди. У бундан сўнг қатор кўнгилсиз воқеаларни бошидан кечиради. Унинг меҳмонхонадаги шериклари яқинда ўлган Неаполь архиепископининг ўзи билан кўмилган қимматли нарсаларини олиш учун Андреуччони қабрга туширадилар. У ердан зўрға қутилиб чиққан Андреуччо тезда ўз туғилган қишлоғига кетишга мажбур бўлади.
Саккизинчи ва тўққизинчи кунларда айтилган новеллаларнинг кўпгина қаҳрамонлари флоренциялик қизиқчи, эпчил йигитлар Бруно,  Неллолар гўл, калтабин Симоне ва Каландринони калака қиладилар. Бокаччо оддий кишиларни яхши хусусиятларга эга бўлган одамлар сифатида тасвирлаб, уларга хайрихоҳлик билдиради.
Учинчи куннинг иккинчи новелласида бир отбоқар ўз хўжайини қирол Агилульф билан қироличанинг севгиси ҳақида баҳслашади, айёрлик, ақл-идрокда қирол билан баҳслашишга мажбур бўлган хизматкор қиролни енгиб чиқади. Китобда бу каби мисоллар кўп. Булар “Декамерон” асосида фольклор материаллари, демократик фикрлар ётганини кўрсатади. “Паст” табақадан чиққан кишилар аристократия вакиллари  устидан доим ғалаба қозонадилар.
Боккаччо кичик ҳажмдаги ҳикоялари орқали ўша давр ҳаётининг турли томонларини реалистик манзараларда акс эттириши билан улуғдир. Муаллиф новеллаларининг тилига катта эътибор бериб, жонли тилдаги қисқа, ёрқин образли ибораларни усталик билан қўллаган.
“Декамерон”ни ёзиб бўлгач, Боккаччода аскетик кайфиятларнинг қайталаниш ҳодисаси юз беради. Бу нарса унинг аллегорик “Корбаччо ёки севги лабиринти” (1354-1355) поэмасида акс этди. Ёзувчини масхара қилган бир аёлдан ўч олиш мақсадида ёзилган бу асар аёлларга тегишли памфлет эди. “Декамерон” да аёлларга хайрихоҳлик билан қараган ёзувчи энди уларга қарши турди. Умрининг охирида Боккаччода бундай кайфиятларнинг туғилиши феодал-черков реакциясининг қаттиқ тазйиқи остида рўй берадики, бу унинг дунёқарашидаги чегараланганликни кўрсатади. Лекин бу ўзгариш “Декамерон” асарининг халқ онгининг ўсишига кўрсатган таъсирини заифлаштира олмади.
Ўрта аср диний-аскетик таълимотига шафқатсиз зарба берган Боккаччо бу ўлмас асари билан мангу барҳаётдир.

Германияда гуманистик ҳаракат XVI асрнинг ўрталарида бошланади. Шаҳарларнинг ўсиши савдо ва саноатнинг ривожланиши инсонпарварлик қарашларининг туғилишига замин тайёрлайди. Немис гуманистлари грек ва рим классикларининг асарлари орқали қадимги кишиларнинг дунёвий, хушчақчақ ҳаёти билан танишдилар, шу тарзда антикликнинг «порлоқ образлари олдида ўрта асрнинг шарпалари кўринмай кетди». Илғор немис гуманистлари ўзларини антик адабиёт, санъатнинг меросхўрлари деб санайди. Германияни эса ўрта аср жаҳолатидан ҳоли, бирлашган мамлакат қиёфасида кўришни хоҳлайдилар. Улар ўз курашларида Италия гуманистик маданияти яратган маънавий бойликлардан фойдаландилар. Савдо-сотиқ кенг ривожланган Нюренберг, Страсбург, Аугсбург каби немис шаҳарлари Германияда гуманистик ҳаракатнинг ривожланиши ва ёйилишида муҳим роль ўйнайди. Италия билан савдо ва маданий алоқалар олиб борган бу шаҳарлардан етишиб чиққан мутафаккирлар ўзларини итальян гуманистларининг шогирдлари деб ҳисоблайдилар. Уларнинг кўпчилиги Уйғониш ҳаракатининг бешиги ҳисобланган Италияда таълим оладилар. Дастлабки немис гуманистларидан бири ва папанинг ашаддий душмани бўлган юрист Грегор фон Геймбург 1410-1472 йилларда яшаган. Қадимги Рим ёзувчиларининг асарларини кенг ёйишга уринган ва Германиянинг турли университетларида ишлаган филолог–гуманист Петер Лудер ва Самуэл Карохлар шулар жумласига киради. Германиянинг жанубий шаҳарларида меъморчилик, рассомлик санъати ривожланган эди. Нюренбергда астроном Регмомонтанус, географ Бехейм шунингдек, буюк немис гуманисти рассом Альбрехт Дюрер етишиб чиқади.
Немис гуманистларининг кўпгина асарларини лотин тилида яратадилар. Лотин тилида асар ёзган гуманистлар орасида кенг маълумотли, грекчадан лотинчага таржима қилган голландиялик шоир ва нотиқ Рудольф Анрикола (1444-1485й), унинг шогирди Герман Буш (1468-1534) ва айниқса немис Уйғониш даврининг талантли лирик шоири Конрад Цельтис (1459-1508)ларнинг ижоди шу даврга мансубдир. Улар ўз ижодларида қадимги Рим ва XV асрдаги немис гуманистлари, шунингдек ўша замонга хос сатирик жанрларда ҳам ижод қиладилар.
5) Илк немис гуманистик адабиётидаги демократик оқимнинг йирик вакилларидан бири сатирик ёзувчи Себастьян Брант 1457-1521 йилларда яшаган. Брант ўз асарларини немис тилида ёзиши билан немис миллий маданиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшади. Брант тўла маънодаги эркин фикрли киши бўлмаса ҳам, лекин ўзининг «Нодонлар кемаси» (1449) ёзилган шеърий сатираси билан бюргерлар орасида катта шуҳрат қозонади. Брант ўзининг бу сатирик асарини яратиш учун тентаклик ҳақидаги адабий манбалар ва улардаги бадиий усуллардан фойдаланади. Э.Роттердамский каби Брант ҳам «нодонлик ниқоби» воситаси билан ўз давридаги мулкдор табақалар вакилларининг кирдикорларини очиб беради. Шоир Германияни ҳалокат ёқасида кўради. Ёмонлик ҳамма ерда ҳукмрон, нодонлик яхши нарсаларни оёқ ости қилмоқда. Бир тўда тентаклар Наррагония (Нодонлар мамлакати)га кетаётган омонат кемага тушиш учун тўс-тўполон кўтарганлар. Ҳамма ёққа ёйилган одамлар ахмоқона ҳаракат қиладилар. Булар: бачкана олимлар, қаллоб врачлар, мунажжимлар, ғийбатчилар, мечкайлар, арақхўрлар, дангасалар, қиморбозлар, бахиллар, порахўрлар, князлар ва савдогарлар эди. Брант жамият манфаатини унутиб шахсий манфаат, тамагирликка берилиб кетиш каби нодонликни замонанинг даҳшатли балоси деб кўрсатади. Нодон кишилар олтинга сиғинадилар.
Асарнинг кириш қисмида Брант ўз китобини «Ахмоқлар ойнаси» деб атайди. Шоир ўз асарида замонасининг нуқсонларини фош этибгина қолмай, балки уни эзгу ахлоқ асосида тузатиш масаласини қўяди. Ўқувчи брантнинг «Нодонлар кемаси» асарини ўқир экан турли хил тасвирга дуч келади. «Илоҳий қаср» дан жой олган руҳонийлар ибодат бошланганига қарамай, итальян уруши ҳақида тўхтовсиз гап сотиб, ёлғон-яшиқни ўрнига қўядилар. «Муқаддас» буюмлар билан савдо қилаётган монахлар маккорликда руҳонийлардан қолишмайдилар. Улар эски-туски нарсаларни «азиз» буюмлар деб оддий кишиларга пуллаш учун шошиладилар. Брант бу каби эпизодларни тасвирлашда реал немис воқелигига суянади. Халқ мақоллари ва ҳикматли сўзларини усталик билан ўз ўрнида ишлатади.
6) XVI аср немис гуманистик ҳаракатининг ривожланишига катта ҳисса қўшган шоирлардан бири Иоганн Рейхлин 1455-1522 йилда яшаб ижод этган. Юрист, филолог, тарихчи ва  теолог Рейхлин ўз замонаси ижтимоий ҳаракатларига фаол қатнашади. Қадимий тилларни яхши билган бу олим ўз замондошларини грек адабиёти билан таништиради, уларнинг асарларини лотин тилига таржима қилади. Драматург сифатида «Генно», «Сергей» комедияларини ёзади. Биринчи комедиясида суд тартиблари, судьяларнинг таъмагирликларини қораласа, иккинчисида айёр монахлар ва уларга ишонувчиларни танқид қилади.
Рейхлин тилшунослик соҳасида ҳам катта ишлар қилган. У яҳудий тили грамматикаси ва луғатини тузади. Ветхий Завет номли қадимий китобдан парчалар таржима қилади ва муқаддас китоб–Таврот (Библия) нинг мавжуд лотинча таржимасидаги камчиликларни кўрсатиб, уни танқидий ўрганиш учун кенг йўл очиб беради.

МАРТИН ЛЮТЕР 1483 йили деҳқон-кончи оиласида туғилади. У Эрфурт университетида илоҳият илмини ўрганади, ўқишни битиргач, Августин монастирида хизмат қилади. Сўнгра Виттенбергда илоҳият факультетининг профессори бўлади. 1517 йилда Лютер Виттенберг черкови деворларига католик черковининг кирдикорларини  фош этган ўзининг 95 та тезисини ёпиштириб қўяди.
Халқ китоблари–бу китобларнинг яратилиш манбалари турличадир. Улардан баъзилари («Гўзал Мелузина», «Понт ва Седония», «Тристан ва Изольда», «Герцог Эрнест», «Шохли Зигфрид» ва бошқалар) француз ва немис эпик достонлари, рицарь романлари, христиан афсоналари ва шванкларнинг прозаик баёнидан иборат эди. Лекин «Тиль Эйленшпигель», «Доктор Фауст», «Шильдбюргерлар» номли асарлар оригинал халқ асарларидир.
XV асрнинг охири XVI асрнинг бошларида юзага келиб катта шуҳрат қозонган ҳажвий характердаги асар қувноқ сайёҳ Тиль Эйленшпигель ҳақидаги халқ китобидир. Ривоятларга қараганда XVI асрда Тиль исмли шум бола яшаган. У дадиллиги, қизиқчилиги билан ном чиқарган. Вақт ўтиши билан унинг образи афсонавий тус олган, янги воқеалар, латифалар, қизиқ ҳангомалар унинг номи билан юритиладиган бўлди. У ҳақидаги халқ китоби «Тиль Эйленшпигель» нинг номи билан биринчи китоб тахминан 1480 йилларда нашр қилинган. Деҳқон боласи шўх Тиль жуда ёшлигидан танилган. Вояга етгач у катта-кичик киборларга тинчлик бермаган, поплар билан мунозара қилган, маишатпараст, очкўз князь ва дворянларнинг шармандасини чиқарган, ўткир сўз, ҳазил-мазахлари билан лақма мешчанларни ҳам аямаган. Бир куни Тиль касаллардан оғзини ўтда куйдириб, унинг кулидан бошқаларни тузатиш учун зўр дори тайёрламоқчи бўлганини айтади. Даволашнинг бу янги усулини эшитган беморлар, ваҳимага тушиб ўзларининг шифо топганлигини айтиб ундан қутилиб кетганлар. Яна бир жойда хасис хўжайин овқатининг ҳидига ҳам ундан пул талаб қилган, Тиль эса чўнтагидаги тангаларини жаранглатиб, у билан ҳисобни бараварлаштирган. «Машҳур жодугар ва сеҳргар доктор Иоганн Фауст ҳақидаги халқ китоби» Германияда биринчи марта 1587 йил нашр этилган XV асрнинг охири XVI асрнинг биринчи ярмида яшаган, сайёҳ, афсунгар, найрангбоз деб ном чиқарган ва ўзини файласуфларнинг файласуфи деб атаган Фауст ҳақида ҳар-хил фикрлар бор. Мўъжизалар яратишда гўё у Христос билан ҳам беллашган экан. Обрў ва куч-қудрат орттириш учун шайтон билан иттифоқ тузган динсиз жодугар ҳақида ўрта асрларда юзага келган бу афсона гуманистик қарашлар туғилиб келаётган янги шароитда ўзгача маъно касб этади.

 

XIV  аср ўрталарида Италияда пайдо бўлган Уйғониш ҳаракати XV асрнинг иккинчи ярмида Европанинг бир қанча мамлакатларида бошланади. XVI асрнинг бошларида эса Францияда вужудга келади. Бу вақтда француз қироли Фрациск I Италияга ҳарбий юриш бошлаган ва католик реакциясининг бошлиғи–испан қироли Карл V билан уруш олиб бораётган эди. Италияда бўлган французлар Уйғониш даври маданияти билан яқиндан танишадилар. Архитекторлар Франциск I истаги билан Ренессанс стилида қаср қурадилар. Гуманист ёзувчилар Данте, Петрарка, Боккаччо асарлари француз тилига таржима қилинади. Улар қадимги антик маданият  ёдгорликларини катта қизиқиш билан ўрганадилар.
Француз протестантизм (бошқача қилиб айтганда  кальвинизм) икки даврни бошидан кечиради. Дастлабки протестантлар гуманистик қарашлар, фикрлашга мойил интелигент гуруҳлари бўлиб, улар мавжуд тартиб ва дин асарларига ҳам танқидий қарар эдилар. Машҳур математик Лефевр д Этапль (1455 1537) Италиядан қайтиб келгач, Аристотель ва бошқа грек олимларининг фикрларини янгича талқин қилишга киришади. Энди у таржималарга суяниб эмас, балки асосий манбаларга мурожаат этиб, ўша фикрларнинг асосий маъносини очишга интилади ва бу соҳадаги схоластик қарашларни рад этади. Сўнгра лефевр «Муқаддас китоблар» ни ҳам шу жиҳатдан текширишга киришади. Инжилда у рўза ҳақида ҳам, поплар уйланмасликлари ва бошқа сирли воқеалар ҳақида ҳам гап йўқлигини аниқлайди.

Француз Уйғониш даври адабиётининг йирик вакили улуғ гуманист ёзувчи Франсуа Рабле Турень вилоятининг Шинон номли шаҳарчасида адвокат оиласида 1494 йилда туғилади. Унинг отаси Антуан Рабле ўғлининг руҳоний бўлишини истайди ва уни Шинон шаҳри яқинидаги маҳаллий аббатликка беради. қадимги давр ёзувчилари, жумладан Гомер асарлари ҳамда Реформация даври вакилларининг китоблари унинг диққатини ўзига тортади. Халқ ҳаёти ва унинг бадиий ижоди билан танишади. 1530 йилда Манпельега келиб, медицина илми билан шуғулланади. Грек медиги Гиппократнинг «Афоризмлар» ини изоҳлаб беради. 1532 йил Лион шаҳридаги касалхоналардан бирида врач бўлиб ишлайди. Улуғ гуманист Эразм Роттердамский билан алоқада бўлади. Рабле «энг инсоний ота» деб Эразмга юқори баҳо беради. 1537 йилда Монпельеда медицина доктори деган даражани олади.
Рабле  гуманистик ижодининг нодир намунаси халқ орзу истакларини чуқур акс эттирган ўлмас асари «Гаргантюа ва Пантагрюэл» романидир. Бу эпопеянинг дастлабки китоби 1533 йилда Алькофрибас Назье тахаллуси билан «Улкан паҳлавон Гаргантюанинг ўғли дипсодлар қироли ажойиб Пантагрюэлнинг даҳшатли ва ғоят қўрқинчли ҳаракатлари ва қаҳрамонликлари» номи остида пайдо бўлади.
Қаттиқ ҳазил, кучли кулгу ва нозик киноялар билан пардаланган асарнинг чуқур маъносини англаш учун ёзувчи уни диққат билан ўқиш зарурлигини уқтиради. «Китобимни очингиз ва унда баён қилинган воқеалар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрингиз. Шундай қилсангиз тушунасиз асарнинг сарлавҳасини ўқиш билан унда бемаъни нарсалар баён этилган экан деган хаёлга келиш мумкин, лекин асло бундай эмас сиз мутлоқ ишонаверишингиз мумкин, уни ўқиш натижасида ҳам жасоратли, ҳам доно бўласиз, чунки менинг китобимда бутунлай бошқача йўсиндаги руҳ ва қандайдир фақат юксак дидли кишиларга тушунарли бўладиган таълимотни кўрасизки, бу эса сизга бизнинг дин, худди шу каби сиёсатимиз ва рўзғоршуносликка доир ўта махфий ва даҳшатли сирларни очиб беради». «Гаргантюа ва Пантагрюэл» беш китобдан иборат бўлиб, уни яратишга ёзувчи 20 йилдан ошиқроқ вақт сарф этади:
а) «Пантагрюлэнинг отаси улуғ Гаргантюанинг ғоят ваҳимали ҳаёти ҳақида» 1534 й нашр этилган.
б) «Олийжаноб Пантагрюэлнинг қаҳрамонона ҳаракатлари ва қимматли гаплари ҳақида учинчи китоб» 1546 йил Парижда энди Ф.Рабле номи билан босилиб чиқди.
в) «Жасур Пантагрюэлнинг қаҳрамонона ҳаракатлари ва қимматли гаплари ҳақида тўртинчи китоб» 1552 йилда;
Рабленинг сўнгги китобидан парча («Овоз чиқарувчи орол») ёзувчи вафотидан 9 йил ўтгач, 1562 йилда пайдо бўлди. 1564 йилдагина;
г) «Олийжаноб Пантагрюэлнинг қаҳрамонона ҳаракатлари ва қимматли фикрлари ҳақида бешинчи китоб, яъни сўнгги китоб» нашр этилди.
Франсуа Рабле Гаргантюа ҳақидаги биринчи китобида ўша давр гуманистларини қизиқтирган таълим-тарбия, уруш ва тинчлик, келажак, бахтли жамият қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги муҳим масалалар устида фикр юритади. Тарбия масаласида ёзувчи эски тузумни «қуруқ ёд олдириш фикрлаш қобилиятини ўстириш» деган тушунча ўша давр тарбиячиларининг ақлига сиғмаган нарса эканлигини, ҳамда фақатгина бир йўналишда иш олиб бориши, ташқи ва ички дунё деган тушунчалардан уларнинг ҳоли эканлиги қаттиқ танқид қилади. Буларга қарши қилиб ўз асарида гуманист Понократ образини яратади.
Феодал ўзбошимчаликлар, босқинчилик урушлари қирол Пикрохол образида ёрқин очилган. У қирол Грангузье билан узоқ вақт тинч-тотув яшайди. Лекин Пикрохолда аста-секин жаҳонгирлик хусусияти уйғона бошлайди. Грангузье чўпонлари шаҳарга кетаётган Пикрохол одамларидан нон сотиб олмоқчи бўладилар, улар эса ноннинг нархини бир неча баравар ошириб айтадилар. Ва ниҳоят улар ўртасида жанжал келиб чиқади. Пикрохол шуларни баҳона қилиб Грангузье мамлакатига ҳужум қилади. Грангузье ўғли Гаргантюага хат ёзади. Грангузье бу хатни ҳукмронликни сақлаб қолиш учун эмас, балки халқининг тинчлигини, осойишталигини ва ўзгаларнинг келиб уларни оёқ ости қилмаслигини билдириб,  халқини озод қилиш учун ўғлини ёрдам беришга келишини уқтиради.
Китобда икки типдаги қирол кўрсатилади, булар дунё ҳукмронлигига даъвогар шахсий манфатидан бошқани билмайдиган Лерне қироли Пикрохол ва тинчликни севадиган, сахий Грангузье билан унинг ўғли Гаргантюадир.
Оддий кишилардаги меҳнатсеварликни, самимийлик, садоқат каби фазилатларни очиш ёзувчининг диққат марказида туради. Биз буни Оға Жан образида кўришимиз мумкин. Душман боғларни, экинларни, одамларни янчиб келаётган бир пайтда монах Оға Жан аббатлик боғини қаҳрамонона ҳимоя қилади, 13 минг 622 та босқинчини ер тишлатади.

 

Ўтмишнинг буюк ёзувчилари халқ ижодига мурожаат қилиб, унинг сюжет ва бадиий ифода воситаларидан ижодий фойдаланганлар. Қадимги Шотландияда қўшиқ тўқиш ва айтиш анъаналари кучли эди. Ҳаётдаги барча воқеалар, яъни туғилишдан то ўлимгача, меҳнат жараёни, дам олиш, тўй ва оммавий сайиллар ҳам қўшиқсиз, куйсиз ўтмаган. Ўрта асрларга оид шотланд ва инглиз халқ қўшиқлари XVIII асрдан бошлаб ёзиб олина бошланди. Бизгача 300 га яқин сюжет ва баллада сақланган бўлиб, уларнинг вариантлари эса мингдан ортиқдир. Балладанинг  дастлабки маъноси рақс ва музика билан айтиладиган қўшиқдир.
Робин Гуд ва унинг отрядининг жанговар ҳаракатларига бағишланган балладалар 40 тадан ортиқдир. Уларнинг кўпи XIV асрнинг иккинчи ярмида яратилган. Балладанинг бош қаҳрамони ҳукмронлар синфига қарши курашган ва ўз эркини йўқотмаган деҳқон (йомен) лардан келиб чиққан Робиндир. Робин Гуд қаҳрамонликлари ёзма адабиёт намуналарида ҳам ўз ифодасини топган. Шекспирнинг «Бу сизга ёқадими» комедиясида Гуд тилга олинади. Роберт Гриннинг «Векфильд дала қоровули» драмасида халқ қасоскори Робин Гуд ҳақида ажойиб эпизод бор.
Инглиз гуманистик адабиётининг тарихий ривожланиш босқичлари бор. Унинг дастлабки босқичи XV асрнинг охири XVI асрнинг 60-70 йилларини ўз ичига олади. Бу босқичнинг муҳим хусусияти шундаки, бу вақтда яшаган гуманистлар антик дунё маданиятини қизиқиб ўрганадилар. Трагедия ва комедия жанрини яратишга киришадилар.

Уйғониш адабиётининг иккинчи гуллаган босқичи XVI асрнинг охирларидан  XVII асрнинг бошларигача Шекспир вафотигача бўлган даврларга тўғри келади. Бу даврда йирик драматурглар етишиб чиқдилар.
Гуманистик адабиётнинг учинчи босқичи XVII асрнинг бошларидан, яъни 1616 йилдан то шу асрнинг 40 йилларигача бўлган давр театрларнинг ёпилиши, Уйғониш ғояларининг тушкунлиги билан ифодаланади.
Томас Мор (1478-1535) Лондонда судьялар оиласида туғилади. Оксфорд университетини тугаллайди, лотин ва грек тилларини ўрганади. Морнинг гуманистик қарашлари унинг “Утопия” 1516 й романида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Роман асар муаллифи билан денгизчи Рафаэль Гитлодей ўртасидаги суҳбат шаклида ёзилган. Китобнинг биринчи қисмида Англиядаги мавжуд ижтимоий тартиблар, иккинчи қисмида эса “Утопия” оролидаги идеал ижтимоий тузум кўрсатилади. Воқеа кўп жойларни кўрган денгизчи-сайёҳ–Рафаэь Гитлодий тилидан баён қилинади. У Англияда қаттиқ қонунлар натижасида азоб чекаётган халқ, еридан ажралиб, гадойлар сонини кўпайтираётган деҳқонлар ҳақида сўйлайди. Қишлоққа кириб бораётган капитал ва даҳшатли экспплуатацияни, текинхўрлик билан ҳаёт кечираётган ҳукмрон табақаларнинг кирдикорларини очиб ташлайди. “Қўйларингиз... шундай хўра ва асов бўлиб қолдиларки, ҳатто одамларни ҳам ямлаб қўймоқдалар, дала уй ва шаҳарларни ҳам вайрон, ҳам яксон этмоқдалар” деган муаллифнинг образли сўзлари ҳақиқат эканлигини ҳаёт исботлаган эди.
XVI асрнинг 60-70 йилларига қадар театр труппаларининг доимий биноси йўқ эди. Улар ўз ўйинларини меҳмонхоналар ҳовлисига, кўчма саҳна ўрнатиб кўрсатар эди. Граф Лестер номидаги труппага истеъдодли актёрлар тўпланган бўлиб, уларнинг бошида қобилиятли дурадгор Жеймс Бербедж турарди. 1576 йилда Бербедж Лондоннинг шимолий қисмида, Темза дарёси соҳилида биринчи доимий театр биносини қуради. 1577 йилда Куртина театри қад кўтаради, шундан сўнг шаҳарнинг жанубий қисмида яна 3 та театр қад кўтаради. Театрларнинг декорация ва жиҳозлари ҳам жуда оддий эди. Идишга ўрнатилган дарахт - ўрмонзорни, стакан турган стол–майхонани, қора гилам–кечани, оқ гилам–кундузни билдирган.
XVI асрнинг иккинчи ярмида «университет билимдонлари» деб аталмиш қатор драматурглар етишиб чиқиб, улар уйғониш даври театрини янги босқичга кўтаришга улкан ҳисса қўшдилар. Булар Шекспирнинг замондошлари: Жон Лили, Кристофер Марло, Роберт Грин, Томас Кид ва бошқалардир.
Жон Лили (1553-1606) драматургияда «тубан ва юқори» комедия жанрига асос солган ёзувчи бўлиб, унинг дастлабки асари «Эвфуэс ёки  донолик анатомияси» (1579) романидир. Асар қаҳрамони афиналик енгилтак йигит Эвфуэс дўсти Филавит билан аристократия муҳитида жуда кўп севги саргузаштларини бошларидан кечирадилар. Драматург сифатида Жон Лили кўпроқ мифологик мавзуда ва нафис ишланган пастораллар типидаги «Ойдаги аёл» (1584), «Эндимион» (1588) комедияларида аллегорик образларда сарой ҳаёти ва севги интригаларини акс эттиради. Лили ижодининг ўзига хос томони шундаки, инглиз драматургияси учун янгилик у томошабинда қаттиқ кулгу эмас, балки енгил табассум қўзғашни кўзлайди.
Кристофер Марло–ўз асарларида романтик ва реалистик хусусиятларни мужассамлаштирган янги типдаги театрнинг яратилишига салмоқли улуш қўшган инглиз драматургларидан биридир. 1564-1593 йилларда яшаб ижод этган, оддий табақага мансуб бўлган бу ёзувчи қудратли ва кучли эҳтиросли шахслар образини яратиб гуманистик трагедиянинг ривожланишига замин яратади. Унинг қаҳрамонлари мақсадга эришиш учун интилувчи ва жамият ахлоқ нормаларини тан олмайдиган қаттиққўл кишилардир. «Улуғ Темур» (1587-88), «Доктор Фаустнинг фожиали тақдири» (1588-89), «Мальта яҳудийси» (1592) трагедияларининг қаҳрамонлари шу типдаги шахслардир. XIV  аср шарқ жаҳонгири Темур ўз ҳукмини ўтказиш ниятида кўп ерларни босиб олади, шаҳарларни вайрон қилади. Марло Темурни фақат ўз кучига ишонган, ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтадиган, забардаст қудратли, шуҳратпараст шахс ва индивидуализмнинг инъикоси сифатида тасвирлайди. Трагедия қаҳрамони тарихий Темурдан фарқ қилади. Марлонинг иккинчи асари «Доктор Фаустнинг фожиали тарихи» трагедиясида немис халқ китобида мужассамлашган жасур олим Фауст ҳақида драматург «билимнинг олтин туҳфаларини эгаллаш учун» жонини шайтон Мефистофелга сотган кучли, шижоатли олимни тасвирлайди. Фауст ҳеч кимнинг қурби етмаган ишни бажаришга интилувчи янги типдаги олим, титан шахс, Уйғониш даврининг ҳақиқий кишисидир. Фаустга–билим, дунёга ҳукмрон бўлишга интилган Темурга - қурол, савдогар Варварага эса–олтин керак. (Мальта яҳудийси). Марло 1593 йилда 30 ёшида қора гуруҳ аъзолари томонидан ваҳшийларча ўлдирилади.

Роберт Грин–ёзувчи ва драматург 1558-1592 йилларда яшаб ижод этган. Билим доираси кенг киши бўлиб, турли жанрларда: поэма, роман, драма асарлари яратди, халқ драмаси жанрига асос солди. Ҳикоялари эса пастароль (чўпонлик) адабиётига хос севги интригаларини акс эттиради. Унинг бизгача етиб келган 6 та пьесасида романтик мотив, қаҳрамонлик, жасорат ва дўстлик олқишланиб, сарой урф-одатлари масхара қилинади. Муаллифнинг услубий сифатлари унинг «Альфонс», «Дарғазаб Роланд», «Лондон учун кўзгу», «Монах Бэкон ва монах Бенгей тарихи», «Якоб IV» ва ниҳоят афсонавий қаҳрамон «Робин Гуд» ҳақида халқ балладалари асосида яратилган «Жорж Грин–Векфильд дала қоровули» (1592) трагедияларида ёрқин ифодаланган.

Вильям Шекспир ҳаёти ва адабий фаолияти

Улуғ шоир ва драматургнинг таржимаи ҳолига доир маълумотлар жуда кам сақланган бўлиб, унинг ҳаёти ва адабий фаолиятига оид материаллар замондошларининг берган баҳолари ҳамда хотиралари асосида йиғилган ва тўлдирилган.
Вильям Шекспир 1564 йилнинг 23 апрелида Марказий Англиянинг Стрэтфорд шаҳарчасида туғилди. У оиладаги 8 фарзанднинг учинчиси эди. Отаси Жон Шекспир чарм қўлқоп тайёрловчи ҳунарманд бўлиб, савдо билан ҳам шуғулланади, катта обрў орттириб, шаҳар кенгашига сайланади ва шаҳар бошлиғи вазифасида ишлайди.
Стрэтфорд Эвон дарёси соҳилида жойлашган бўлиб, Бирмингемдан Оксфорд ва Лондонга борувчилар бу шаҳарчага тушиб ўтар эдилар.
Стрэтфордга актёрлар труппаси ҳам келиб, турли томошалар кўрсатиб турар эди, бу воқеа шаҳар маданий ҳаётига маълум даражада таъсир кўрсатади. Шекспирнинг театрга қизиқиши ҳам шу ерда уйғонади.
Вильям дастлаб маҳаллий «Грамматика мактаби» да ўқийди. У ерда асосан лотин тили ўргатилиб, схоластик логика ва риторикадан қисқача тушунча берилар эди. У айниқса Рим шоири Овидий асарларини қизиқиб мутола қилади, лекин кўп ўқий олмайди. Отасининг иши муваффақиятсизликка учраб, камбағаллашиб қолгач, ҳали 16 ёшга тўлмаган Вильям ўқишни ташлаб ишга киради. 18 ёшида у Анна Хэтуэй деган фермер қизига уйланиб, Сюзанна исмли қиз, Юдеф ва Гамлет исмли ўғиллар кўради.
Стрэтфорд Шекспирнинг катта талаб ва эҳтиёжларини қондира олмасди. У 1587 йилда Лондонга боради ва театрга хизматга киради. Аввал суфлёр ёрдамчиси, сўнга актёр, кейинроқ режиссёр, ҳатто театрни бошқаришда директор билан ҳамкорлик қилгани ҳам маълум.
Шекспир театрдаги фаолияти давомида дастлаб бошқа авторларнинг пьесаларини қайта ишлаб, уларни янги мазмун билан бойитади («Адашишлар комедияси», «Қийиқ қизнинг қуйилиши», «Ҳар нарсанинг меъёри бор»). Шу билан бирга, унинг ўзи ҳам қалам тебрата бошлайди ва тез вақт ичида у драматург сифатида ном чиқаради.
Актёрлар орасидан чиқиб катта обрў орттира бошлаган бу янги драматургни айрим ёзувчилар кўролмайдилар. Масалан, Шекспирнинг замондоши драматург Роберт Грин уни паст табақадан чиқиб, бизнинг патларимизга ўралиб олган «қарға», ўзини «саҳнани бирдан-бир ларзага келтирувчиман» деб тасаввур қиладиган «устабилармон» киши деб киноя қилади. Шекспирнинг драматургия соҳасидаги ижоди кўп қиррали ва таъсирчан эди. Шу сабабли унинг хасадгўйлари кўп бўлиши табий эди.
Шекспир 90-йилларнинг бошида театр шинавандалари бўлмиш аристократлар тўгараги ва граф Саутгемптон билан яқинлашади ва «санъат ҳомийси» ёш графга ўзининг икки поэмаси «Венера ва Адонис» ҳамда «Лукреция» ни бағишлайди.
Шекспир 1599 йилда бошқа кўп театрдошлари билан бирга янги очилган «Глобус» театрига ишга ўтади ва у ерда пайчи бўлиб хизмат қилади. Бу даврда «Глобус» театрига Жеймс Бербеж, Вильям Кемп каби талантли актёрлар йиғилган бўлиб, театрнинг обрўйи баланд эди.Бу эса театрнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини ўнглаб олишига имкон берди. Натижада Шекспирнинг ҳам моддий аҳволи яхшилана бошлади. Шекспир ижодининг энг гуллаган даври унинг ўша театрда ишлаган йилларига тўғри келади.
Улуғ драматург 1612 йилда Лондондан ўз туғилган шаҳри Стрэтфордга кўчиб кетади ва бундан сўнг бутунлай ижод билан шуғулланмайди.
Якоб I ҳукмронлиги даврида феодал реакциясининг кучайиб, театрларнинг мутлоқ сарой таъсирига тушиб қолиши, аристократик руҳдаги драматургия устунлик қилиб, реалистик халқчил репертуарларнинг сиқиб чиқарилиши Шекспирнинг ёзмай қўйишига сабаб бўлган, деб тушуниш тўла асослидир.
Шекспирнинг таржимаи ҳолига оид маълумотларнинг етарли эмаслиги натижасида унинг авторлигига шубҳа соладиган сохта фаразлар келиб чиқади. Улуғ ёзувчининг ижодини ўз замонаси ва ундан кейинги йилларда яшаган кишилар инкор қилмайдилар. Масалан, драматург ва шоир Бен Жонсон Шекспир хотирасига бағишланган шеърларда уни «ўз асрининг юраги» деб баҳолайди. Гамлет ролини ижро этган, XVII асрнинг охирларида ёзувчининг ижодига доир материаллар тўплаган машҳур актёр Томас Беттертон, шунингдек, Шекспирнинг биринчи биографи Николас Роу ҳам унинг муалифлигига шубҳа қилмайдилар. Фақат XVIII аср охиридагина ғарбда “Шекспирчилик масаласи” деб аталган масала келиб чиқади. 1772 йилда Герберт Лоренс Шекспир номидаги пьесаларни философ Френсис Бэкон ёзган деган фикрни айтади. 1857 йилда америкалик Делия Беклн Шекспир ҳақида китоб ёзиб, унда Шекспир қаламига мансуб бўлган асарларни философ Френсис Бекон бошлиқ махфий тўгарак аъзолари ижод қилган, чунки Шекспир пьесаларида гўё аниқ индивидуал услуб йўқ деб исботлашга уринади.
Карл Блейбтрей (1907) улуғ драматургнинг пьесаларини граф Ретлендники деб атайди. Бельгиялик журналист Дамблен (1918) “Ретленд назарияси” ни қувватлаб чиқади. Шекспир асарларини феодал зодагонларнинг турли вакиллари (файласуф Бэкон, граф Ретленд, граф Дерби) томонидан яратилган, деган фикрлар мутлоқ асоссиздир, дейди. Шекспирни қуйи табақадан келиб чиққан, университет таълимини олмаган, шунинг учун у шундай асарлар ёзиши мумкин эмас, деб қараш оддий кишилар орасидан етишган улуғ кишиларнинг ижодий кучига ишонмаслик ва титанлар яратган Уйғониш даврининг ҳақиқий моҳиятини тушунмаслик оқибатидир. Шекспир Лондонда антик санъат ва адабиёт билан танишади, замонаси адабий муҳитига кириб, чуқур мутола қилиш йўли билан ўз билим доирасини кенгайтиради. Турмушнинг ўзи унинг учун билим манбаи бўлади.
Шекспирнинг адабий фаолияти уч даврга бўлинади. Ҳаммаси бўлиб у икки поэма, 154 сонет ва 37 пьеса яратади. Ижодининг биринчи даврида (1590-1601) Шекспир поэма ва сонетларидан ташқари, уйғониш даврининг характерини акс эттирган хушчақчақ комедиялар: “Адашишлар комедияси”, “Қийиқ қизнинг қуйилиши”, “Вероналик икки йигит”, “Севгининг беҳуда кучайиши”, “Ёз кечасидаги туш”, “Виндзорлик масхарабоз аёллар”, “Йўқ нарсадан бир талай ғавғо”, “Бу сизга ёқадими?”, “Ўн иккинчи кеча”; “Англиянинг ўтмишидан олинган хроникалар” деб номланган тарихий драмалар: “Генрих VI”, “Ричард III”, “Генрих IV ”, “Қирол Иоанн”, “Ричард II”, “ Генрих V”; ниҳоят, “Ромео ва Жульетта” ҳамда “Юлий Цезарь” номли икки машҳур трагедиясини ёзди. 
Ижодининг иккинчи даври (1601-1608) Шекспир драматик фаолиятининг янада ривожланиши билан ажралиб туради. Ўрта аср феодал зулмига ва бошқа ҳар қандай ёвузликларга қарши кураш руҳи билан ёнган ёзувчи ривожланиб бораётган капиталистик шароит ҳам кишиларнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқармаётганини кўради ва туғилиб келаётган буржуа муносабатларга танқидий қарай бошлайди. Бу даврда ёзувчи буюк гуманистик ғоялар ва давр фожиаларини акс эттирган «Гамлет», «Қирол Лир», «Отелло», «Макбет», «Антоний ва Клеопатра», «Кориолан», «Афиналик Тимон» трагедияларини яратди.
Ижодининг учинчи даврида (1608-1612) драматург трагикомедиялар «Цимбелин», «Қишки эртак», «Бўрон» асарларини ижод қилади. Бу даврдаги ижодининг муҳим хусусияти шундаки, Шекспир турмуш зиддиятларини оптимистик руҳда ечишга интилиб, кўпроқ романтик эртак сюжетларига мурожаат қилади. Масалан, «Бўрон» асари инсоннинг келажак тақдирига ишонч билан қараган ёзувчининг ажойиб ҳаёллари мевасидир.
Шекспирнинг адабий фаолияти «Венера ва Адонис», «Лукреция» поэмалари ва қатор сонетлар ёзишдан бошланган. Ҳар икки поэманинг сюжети антик давр тарихи ва мифологиясидан олинган бўлсада, уларда уйғониш даври руҳи акс этган.
Бу икки поэмадан ташқари, Шекспир 1609 йилда 154 сонетдан иборат тўпламни нашр эттирди. Унинг илк сонетларида Италия Уйғониш даври поэзиясининг дастлабки вакили Петрарканинг таъсири кўринса ҳам, лекин Шекспир ижодий эволюцияси давомида бу жанрни шартли белгилари доирасини ёриб чиқиб, сонетларини янги мазмун билан бойитди. Шекспир сонетлари замондош Ренессанс шоирлари Сидней ва Спенсер сонетларидан фарқ қилади. Чунки уларнинг лирик ижодида умумлаштирувчи ҳолат йўқ эди. Шекспирнинг лирик қаҳрамони ўзига хос хусусиятлари билан намоён бўлувчи такрорланмас ҳаётий образлардир. Шоир Уйғониш даври кишиларининг асосий хусусиятлари севги, дўстлик, уларнинг хушчақчақ ҳаётга интилишлари, фикр ва ҳис-туйғуларини акс эттиради.
Шекспирнинг ўзига хос ифода усуллари бор. Шоир ўз шеърларида символлардан ҳам фойдаланади. У ёшликни баҳор ёки тонгга ўхшатади, гўзаллик ажойиб гулларга таққосланади, одамнинг қайтиши кузга, қариши қишга ўхшатилади; йигитнинг чиройида ёз атофати мужассамланади.
Шекспирнинг ҳақиқий инсоний ҳис-туйғулари ифодаланган сонетлари инглиз адабиётида лирик поэзиянинг янги гуманистик ривожланиш йўлини белгилаб берди.
XVI аср охирларида Англияда абсолют ҳокимиятнинг тушкунликка учраши тасодифий ҳол эмас эди, чунки у жамият ишлаб чиқариш муносабатларининг бундан сўнгги ривожланишига тўсиқ бўлиб қолади, қироллик ҳукумати билан парламент ўртасида зиддиятлар вужудга келади. XVII асрнинг бошларида янги Елизаветанинг ҳукмронлиги тугаб, Якоб Стюарт тахтга чиққан(1603) ва феодал реакцияга кучайган қирол билан буржуазия ўртасидаги қарама-қаршилик жиддий тус олади. Бу йилларда кенг халқ оммаси деҳқон ва ҳунармандларнинг аҳволи яна ҳам оғирлашади.
Шекспир ижодида юз берган катта ўзгаришларни ифодалаган йирик асари «Гамлет» (1601) трагедиясидир.
Трагедиянинг бош қаҳрамони Дания қиролининг ўғли шаҳзода Гамлетдир. Отасининг мунофиқона ўлдирилишидан кўп ўтмай, онасининг мотам куни «оёққа кийган бошмоғи»  тўзимасиданоқ отаси тахтини эгаллаган Клавдийга тегиб кетиши Гамлетни чексиз азоб гирдобига ташлайди. Унинг кўзига бутун дунё «тўнг, бемаъни ва тўмтоқ» кўринади.
Ижтимоий турмушни динамик равишда тасвирлашга асос солиб, трагедия жанрини янги босқичга кўтарган Шекспирнинг эстетик қарашлари очиқ ойдиндир. У Гамлетнинг нутқи орқали ҳамма даврда драматик санъатнинг асосий вазифаси, «табиатнинг рўпарасига ойна тутиш, шарофатга ҳам, қабоҳатга ҳам уларнинг чин башараларини кўрсатиш, тарихдаги ҳар бир замоннинг юзини бўёқсиз қилиб намоён қилишдан иборат» эканини ҳаққоний ифодалаб беради. Гамлет образида ёзувчи инсон, унинг идроки, яратувчилик кучи ҳақидаги қарашлари мужассамлашган. Гамлет инсон ақлининг эскилик устидан тантанасини акс эттирган Уйғониш даврининг ҳақиқий тимсолидир.
Шекспир ижодининг учинчи даврида (1608-1612 йиллар) катта ўзгаришлар юз беради. Якоб I нинг феодал реакцияси кучайган вақтда Уйғониш даври гуманистик ғояларини амалга ошириш ҳақидаги иллюзия зарбага учрайди. Театр ўйинлари қиролликнинг назорати остига олинди. Энди фожиавий, кишини ҳаяжонга солувчи, катта ижтимоий-сиёсий воқеалар акс эттирилган трагедиялар эмас, балки томошабинга енгил таъсир этадиган трагикомик характердаги пьесалар яратила бошлайди. Лекин шундай вақтда ҳам, улуғ драматург ўзининг гуманистик ғояларига содиқ қолади. Гарчи асарларнинг охири яхшилик билан муроса қилмасада, у тескари кучларнинг феъл-атворларини қораловчи пьесалар ёзишни давом эттиради.
Шекспир ижодининг шу даврдаги муҳим хусусиятлари унинг трагикомедиялар типидаги «Қишки эртак», «Цимбелин», «Бўрон» пьесаларида яхши акс этган. Шекспир бу жанрни юзаки қабул қилган бўлса ҳам, лекин унга чуқур инсонпарварлик ғояларини киритди. Унинг бу турдаги асарларида реал воқеалар хаёлий эртаклар билан қўшилиб кетади ва уларда кишининг яхши фазилатлари ёмон эҳтирослар устидан ғалаба қозонади.


ХVII асрнинг иккинчи ярмиларида, Филипп II (1556-98) ҳукумронлик қилган даврда мустабид ҳокимият сиёсий ва иқтисодий тушкинликка учрайди. Нидерландия қўлдан кетади. Ангилияни босиб олиш учун жўнатилган Испаниянииг «Енгилмас Армада» флоти тор-мор этилади. 1588 йилда мамлакатда феодал-католик зулми кучаяди. Илгари Испаниядан яҳудийлар қувилган бўлса (1492), энди ўтроқлашиб қолган маврлар ҳайдалади (1609). Бу воқеалар мамлакат хўжалигига сўзсиз салбий таъсир кўрсатади. ХVII аср ўрталарига келиб Испания ўзининг аввалги қудратидан маҳрум бўлади, кейинчалик у мустамлакаларидан ажралиб, кучсиз давлатга айланиб қолади.
Испан Уйғониш даври адабиёти ХV-XVI асрларда юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар мамлакат тарихий тараққиётининг ўзига хос хусусияти билан боғлиқ равишда шакилланиб, унда илғор гуманистик ғоялар тарғиб қилинади. Бу адабиётнинг дастлабки етакчи XV асрнинг охири XVI асрнинг биринчи яримидги йирик шоирлардан бири Фернандо Эррера (1534-1597) ижодида кўринади. Бу даврда лирик жанрга нисбатан эпик поэзия кенг қўламда ривожланади. Тарихий, таълимий-дидактик афсонавий, диний ва бошқа турдаги поэмалар юзага келади. Чунончи Эрсилья (1533-1594й) катта эпопеяси «Араукана»да ҳинд-араукан қабиласидан бўлган чилийлардан испан ҳукумронлигига қарши кўтарган қўзғолонлари тасвирланган.
XVI аср Испан адабиётида лирик ва эпик поэзияга қараганда романчилик кенг ривожланди. Инсон истак-орзулари,иродаси ва курашини яна ҳам тўлароқ акс эттирилиши билан бу жанр алоҳида ўрин тутади. Бу даврда романнинг хиллари кўп бўлиб, уларнинг бири рицарлик романи эди. Бу турдаги романларда рицарь заргузаштлари ифодаланган поэма сюжетлари  қайта ишланади, давр руҳига мосланади, шунингдек, уларда ҳарбий қахрамонликлар тасвирланади. Феодал-арстократик дунёқараш ифодаланган ва ўрта асрларда кенг тарқалган рицарь романларининг энг машҳури «Амадис Голский»дир. Бу романда Амадиснинг сирли туғилиши, уни онаси қутига ўтқазиб, сувга ташлаб юбориши, бир рицарнинг қутини ушлаб олиб уни тарбия қилиши, вояга этган Амадиснинг Британия қиролининг қизи Орианага севгиси, севгилиси йўлида кўрсатган қаҳрамонлииклари тасвирланади. Амадис ҳақидаги бу асар беъмани рицарь саргузаштларини кўрсатса ҳам, лекин унда юксак бадиий қимматли эпизодлар ҳам йўқ эмас. Сервантес «Дон Кихот»романида рицар романларини қаттиқ қоралайди. Лекин «Амадис»ни рицарь ромнларидан энг яхшиси деб баҳолайди.
Айёрлик романида оддий турмуш манзаралари тасвирланади ва шунинг учун ҳам у арситакратик табақаларнинг динини акс эттирган рицарлик ва парол(чўпонлик) романларидан тубдан фарқ қилади. Фернадо де Рохаснинг диалог шаклида ёзилган «Селетина» (ХV аср охирида) шу типдаги романнинг дастлабки намунаси ҳисобланади. Бунда икки севишган ёш-Калипсо билан Мелибеянинг фожиали севгиси ҳикоя қилинади. Ёзувчи Испан адабиётида биринчи бўлиб идеаллаштирилмаган севгини, ёшлар муҳитига реалистик бўёқларда тасвирлайди. ХVI аср ўрталарида мамлакатда қашшоқликнинг авж олиши, енгил ҳаётга интилиш ҳар-ҳил авантюрага берилишларни кучайтириб юборади. Катта-кичик товламачиликлар, юлғичлар, ўғрилар,пикаро (айёр фрибгар) деб аталар эди. Бу ҳақидаги асарларнинг «Айёрлик» романи деб аталиши ҳам шу билан изоҳланади.
Мигель де Сервантес 1547 йилнинг 29 сентябрида Испаниянинг Алькола де Энарес шаҳарчасида туғилади. Отаси Сааведра табиблик билан кун кечиради. Оилани боқиш мақсадида отаси қишлоқма-қишлоқ юриб табиблик қилади. Шоир 1557-61 йилларда иезуитлар мактабида ўқийди. 1561 йил оиласи Мадридга кўчиб кетгач ўқишни ўша жойда давом эттиради. Филипп I нинг хотини малика Изабелла вафотига бағишланган сонетлари ёш Сервантеснинг поэзия соҳасидаги дастлабки шеълари эди. 1569 йилда Сервантес Римга бориб папанинг вакили Аквавиа ҳузурида ишлайди. 1570 йилнинг иккинчи яримида Италияда жойлашган испан қўшинига хизматга киради, чунки мухтожлик уни ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур этади. 1571 йил 7 октябрда Лепанто кўрфази яқинида турклар билан бўлган шиддатли денгиз жангида қатнашади ва уч еридан яраланади. 1572 йил апрель ойигача Мессина госпиталида даволанади. 1574 йилнинг охиригача хизматда бўлиб, 1575 йил харбий хизматдан бўшаб укаси Радриго билан ўз ватанига жўнайди. 1575 йилнинг сентябрь ойида йўлда қароқчилар Сервантесни ва укасини асир қилиб Жазоирга олиб кетадилар. Ота-онаси бор йўғини сотиб, 1580 йилнинг 19 сентябридагина озод этадилар. 1584 йилнинг декабрида майда дворян оиласидан чиққан Каталина исмли қизга уйланади. Отаси ўлгач (1585) рўзғор тербатиш мақсадида турли молия-хўжалик ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлади. Сервантеснинг «Дон Кихот» романи устида иш бошлаши ҳаётининг шу оғир ва машаққатли даврига тўғри келади. 1605 йили романнинг биринчи қисми нашр этилади, сўнгра 14 ҳикояни ўз ичига олган «Ибратли новеллалар» тўплами 1623 йил, адабий сатира «Парнасга саёҳат» 1614 йил поэмаси босилади. 1615 йилда «Дон Кихот»нинг иккинчи қисми босилиб чиқади. Шу йили унинг «Саккиз комедия ва саккиз интермедия» номли пьесалари тўплами ҳам юзага келди. Сервантеснинг сўнгги асари «Персилес ва Сичизмунда саёҳати» романи ёзувчининг ўлимидан сўнг нашр қилинади.
«Дон Кихот» романининг яратилиши испан маданий ҳаётида жуда катта воқеа бўлади.
Асарнинг муқаддимасида Сервантес рицарь романларини сидирғасига фош этиш ва уларнинг қулай деб турган истеҳкомини ағдаришни асосий ғоявий мақсад қилиб қўяди. «Дон Кихот» гарчи ўрта аср рицарь романларига пародия сифатида яратилса ҳам, лекин унинг мазмуни ниҳоят кенг бўлиб, бутун феодал жамияти ва унинг ниҳоят кенг бўлиб бутун феодал жамияти ва унинг  урф-одатларига қақшатқич зарба берган очиқ сатирага айланди.
Асрнинг бош қаҳрамони Ламанч қишлоғида исиқомат қилувчи кам ерлик, ёши элликларга яқинлашиб қолган баланд бўйли, баққуват, лекин озғин, овни яхши кўрадиган бир камбағал дворян бўлиб фамилияси Кехона эди. Бу дворян рицарь романларини шундай берилиб ўқий бошлайдики натижада овчиликка ҳам ўз хўжалига ҳам қарамай қўяди. Ернинг кўп қисмини сотиб унинг пулга роман сотиб олади ва узлуксиз мутолага берилиб кетади. Эртаю кеч китобдан бош кўтармаган ва ухламагани учун мияси айниб қолади. Унинг кўз олдидан рицарь романларида ўқиган жодугарлар, девлар, жаҳонгашта рицарлар ўта бошлайди. Унинг учун ҳаёлий нарсалар ҳақиқатдек кўринади, ҳақиқат эса ўз маъносини йўқотади.
Унинг қалбида ҳам рицарь бўлиш ва уларга ўхшаб адолатсизликларга қарши курашиш орзуси туғилади. У рицарь романларидаги қоидаларига амал қилиб дарҳол ишга киришади: ота-бобосидан қолган темир-терсаклар ичидан қурол ёроғларни ажратиб тузатади. Темир қалпоқ ҳам топади, сўнгра у ориқ оқсоқ отини кўздан кечиради. Отга рицарь романларида бўлгани каби жарангдор, дабдабали Росинант деган ном қўяди. Ўзига эса бир ҳафта ўйлаб ниҳоят «Дон Кихот» деган жарангдор исм қўяди. Ўтмиш рицарларига ўхшаш энди ўзининг қайси жойдан чиққанини кўрсатадиган аломат ҳам бўлиши керак эди. У ўз қишлоғининг номини ҳам қўшиб Ломанчлик Дон Кихот деб аташга қарор қилади. Жаҳонгашта рицарнинг албатта севгиси ва севгилиси бўлиши керак. У Табассо қишлоғилик чўчқабоқар қиз Алдонсо Лоресони ўз орзуларига мос жанона деб танлайди ва унга ҳам Дульсинея Тобосо деб маликаларга қўйиладиган дабдабали ном беради. Шундан сўнг Дон Кихот саргузаштлари бошланади.
Июль ойининг иссиқ кунларининг бирида Дон Кихот жангавор ҳозирлик кўриб яроғ-аслаҳаларини тақиб, Дульсинеяни дилига жо қилиб «Тулпор» Расинантга миниб биринчи марта сафарга жўнайди. Бироқ эшикдан чиқиши билан мушкул бир ҳаёл унинг фикрини қуршаб олади: ҳали у рицарликка фатво олмаган, шунинг учун рицарь қоидалари бўйича бирорта рицарь билан жанг қилишга ҳақсиз. У эса йўлда биринчи учраган кишисининг фатвоси билан рицарь номи олмоқчи бўлади. Дон Кихот шу куни кечга тамон етиб борган жойидан карвон саройни ҳашаматли қаср деб,у ердаги хотинларни эса гўзал маликалар деб билади, чўчқабоқарнинг чиқарган хуштак овози гўё уни кутиб олиш учун чалинаётган куйдек туюлади. Дон Кихотнинг  душман билан дастлабки тўқнашиши шу карвон сарой молхонаси ёнида рўй беради. «Муққаддас жой» деб билган саройни кечаси билан ухламай қўриқлаб чиқади. Шу вақтда молини суғармоқчи бўлиб келган кишини душман деб унга қарши ҳужум қилади. Дон Кихотдан зарар кўрган молбоқар ўртоқларини чақириб, бу рицарни тошбўрон қилади. Карвонсарой эгаси Дон Кихотнинг рицарлигига фатво беришига ошиққанининг сабаби ундан тез қутилиш эди. Энди хақиқий рицарь сифатида йўлга чиққан Дон Кихот хўжайини калтаклаётган подачи болани қутқариб юборади, лекин унинг кейинги тақдири уни қизиқтирмайди.
Сервантеснинг асар муқаддимасида рицарь романларининг қулай деб турган истехкомларини ағдаришни таъкидланган асосий фикри Дон Кихотнинг биринчи сафари тасвирланган юқоридаги эпизодлардаёқ очиқ кўринади. Рицарликнинг ҳалокатли таъсирига қарши дадил ва узлуксиз кураш олиб бориш ғояси бутун воқеалар давомида диққат марказида туради. Дон Кихот кутубхонасини кўздан кечирган дўстлари жияни ва хизматчи аёл қуруқ тил билан ёзилган дағал ва беъмани, зарардан бошқа нарса келтирмайдиган китобларни: бир тўда қилиб йиғиб куйдириб ташлаш  керак.
Бу ёзувчиниг рицарь романларига нисбатан кучли нафратининг ифодаси эди. «Дон Кихот» кейинги сафарга чиқиши олдидан Санчо Пансо деган бир содда деҳқонни топиб ўзига ёрдамчи қилиб олади ва бу хизматлари эвазига  уни қўлга киритадиган ороларидан бирига губернатор этиб тайинламоқчи бўлади.
Дон Кихот ва Санчо йўлида икки манах ва уларнинг хизматчиларига дуч келади. Улардан орқароқда Каретада Бискайлик аёл ҳам кетаётган эди. Бу йўловчилар Дон Кихотга «Малика»ни олиб қочиб кетаётган жодугар бўлиб кўринади. У хонимни озод этиш учун ҳужум қилади. Санчо-Пансони эса фақат бир нарса ерга чўзилиб ётган «енгилгина» кишининг нарсаларини ўлжа қилиб олишгина қизиқтиради. Бироқ ҳар иккала қаҳрамон-рицарь ва унинг яроғбордори ҳам йўловчиларнинг қаттиқ зарбасига учрайди.
Рицарь романларига берилиш Дон Кихотни тентаксимон ҳолатига туширса ҳам лекин унинг қалби пок ва интилишлари беғараздир.
Бу фикрни романдаги бир эпизод яхши тасдиқлайди. «Ҳақоратланган ва мулкдорлар томонидан таҳқирланганларни қўллаш учун қасам ичган» Дон Кихот йўлида қўллари кишанланган махбусларга дуч келиб, уларни қутқаришга уринади. Табиат томонидан эркин яратилган кишиларни қул ҳолига келтириш адолатсизлик деб уларни бўшатиб юборишни талаб этади. Бироқ соқчилар унинг талабларини бажармайдилар. Бундан ғазабланган Дон Кихот ҳужум қилиб отряд бошлиғини ҳолсизлантиради, сўнгра яхши қуролланган соқчиларга зарба бериб, махбусларни кишанлардан қутқаради. Дон Кихот маҳбусларни озод этгандан кейин, улардан Тобосо қишлоғига бориб малика Дульсинеяга учраб, бўлиб ўтган воқеани айтиб бериб кейин хоҳлаган томонларига кетиш мумкинлигини айтади. Афсуски бунинг иложи йўқлигини маҳбуслар айтади ва Дон Кихот билан улар ўртасида жанжал чиқиб тошбўрон бўлади.
Шуниси характерлики, Дон Кихот рицарликдан бошқа ҳар қандай масала ҳақида ҳайрон қоларли даражада тўғри ва оқилона  фикр юритади. У ҳарбий киши билан ўша замоннинг билимдони деб аталадиган хизматчиси ўртасида катта фарқ мавжудлигини масалан: аскар билан камбағал талабани таққослаганда машаққатли турмуш кечиришлари жиҳатидан улар бир-бирига яқин бўлиб кўринсалар ҳам, лекин ҳарбий кишининг зиммасига юкланган вазифа ниҳоятда оғирлигини билади. Сервантес ҳарбий санъатнинг ҳақиқий мақсади ва интилиш доираси-тинчлик,тинчлик эса ер юзидаги ҳамма эзгуликларнинг энг олийсидир деб уқтиради.Дон Кихот чин севги, хотин-қизлар, камбағаллар, шунингдек поэзия ҳақида чуқур мулоҳаза юритади.
Гўзал Китерия билан подачи йигит Басильо бир-бирларини севадилар, бироқ қизнинг отаси уни бой Камачога бермоқчи бўлади. Басильо қандай йўл билан бўлмасин ўз севганига етишишга аҳд қилади. Бу масалада Дон Кихот камбағал йигит Басильони ёқлайди. Никоҳ масаласида у қатъий аҳлоқ принципига риоя қилиш кераклигини уқтиради. «Хотин товар эмаски, уни сотиб олиш ва сўнгра қайта топшириш ва бошқаси билан айрибошлаш мумкин бўлсин, хотин айрилмас йўлдошдир». Хотин қизлар масаласида Дон Кихот ҳаққоний фиклар айтади. Дон Кихот Санчонинг қалби пок эканлигига, шунинг учун у ҳар қандай оролга губернатор бўлса ҳам уддасидан чиқа олишга ишонади. Дон Кихот Санчо Пансога давлатни давлатни бошқаришда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида маслаҳат бериб хат ёзади. «Сен бошқараётган ҳалқнинг муҳаббатини қозонмоқ учун-дейди у, сен жумладан икки нарсани эслашинг даркор: биринчиси сен ҳамма билан хушмуомалада бўлмоғинг керак, ккинчидан  озиқ - овқат  молларини кўпайтирмоқ учун, ғамхўрлик қилмоқ зарур, чунки камбағалларнинг қалбини хеч нарса очлик ва қаҳатчиликдек ғазаблантирмайди».
Сервантес кўрсатганидек «Дон Кихот тентакдай яшади, донишмандай ўлди».
Ёзувчининг кўрсатганидай, «Уларнинг ҳар иккови (Дон Кихот ва Санчо Пансо) гўё бир қолипда қуйилгандай, хўжайиннинг тентаклиги, хизматкорнинг лақмалиги бўлмаган-да сариқ чақага ҳам арзимас эди».
Уларнинг биридаги хислат иккинчисида йўқ. Шунинг учун ҳам Санчо Пансо Дон Кихотдаги беъмани характерларни пайқайди. Баратария оролига губернатор этиб тайинланган Санчо Пансо «Губернаторлик лавозимига мен сариқ чақасиз келдим, одатдаги герцогларнинг кетишларига қарама-қарши ўлароқ, ундан яна сариқ чақасиз кетаётирман» деган сўзларида чуқур маъно бор. Феодал ҳукумронларига хос бўлган, тамагирлик, пораҳўрлик, адолатсизлик ва бошқа кўп ярамасликлар унга ёт эди. Санчо Пансо образида Сервантес яроғбордорнинг ҳамма энг яхши хислатларини мужаассамлаштирди. Мазмунсиз рицарь романларида яроғбордорнинг белгилари жуда тарқоқ ва саёз тасвирланар эди.
Дон Кихот романида эса оғир синовларга бардош берган Санчо Пансо ҳўжайинининг тентаксимон характерларидан тегишли хулоса чиқариб,унга танқидий қарай бошлайди, ўзи ҳам губернаторлик саробдан бошқа нарса эмас эканлигини англайди. Санчо сўзамол ҳалқ донолигини ифодалаган оддий киши образидир.
Бу романдаги айниқса Тересо Пансо образи характерлидир. Треса эрининг губернаторликка интилиши билан қизиқмагандай, Санчонинг қизини зодагонга бериш ҳақидаги маслаҳатига ҳам қўшилмайди. Унинг ўз тенги деҳқон йигит билан турмуш қуришини истайди.
Сервантес Ўрта аср шароитида яшаган деҳқон аёлнинг турмуши ва орзу-истакларини реал манзараларда тасвирлаб беради. Бахтли бўлиш бойликда эмас, балки тенглик ва ўзаро ҳурматда деб кўрсатади у. Тересо Пансонинг ўз қизи тақдири ва бахтли ҳаёти ҳақидаги орзулари ҳаётий далилларга асосланган бўлиб Санчо Пансонинг хом хаёлларига зиддир.
XVIII асрда яшаган инглиз маърифатпарвар ёзувчиси Фильдинг Сервантес  ижодидан илҳомланиб адабий фаолиятининг дастлабки этапида «Дон Кихот Ангилияда» номли сатирик комедия асарини ёзади. Сўнгра у ижодининг гуллаган дарида «Жозер Эндрюс ва унинг дўсти Абраам Адамснинг саргузаштлари тарихи» романини яратади. Унда жамиятни гуманистик асосда қайта қуруш ҳақида Сервантес илгари сурган фикрни ҳимоя қилади. Ўрта аср поэзиясидан ўсиб чиққан ва рицарь саргузаштлари акс эттирилган романга пастки табақа вакили образини киритиш, унда демократик элементларни тарғиб қилиш билан Сервантес янги романчиликка асос солди.
Романнинг характерли хусусияти шундаки, ёзувчи ҳар икки қаҳрамонни авантюризм касалидан тузалишга мажбур этади. Шунинг учун асарнинг охири писсимистик бўёқлардан ҳолидир. Дон Кихот Санчога хос ҳаётга реал қарашни Санчо эса Дон Кихотдаги гуманизмни ўзлаштиради. Шундай қилиб улар халқ истак-орзуларини ифодаланган ижобий қаҳрамонларга айландилар. Бу шахслар тасвирида қанча-қанча кулги, қайғу, ҳаёжон, осоишталик ва аччиқ истеҳзо мавжуд.
Буюк адиб Сервантеснинг ижоди ўтган уч ярим асрдан ортиқ вақт давомида Европа прогрессив адабиётида муносиб баҳоланди. Унинг реалистик методи, яратган образлари ва ифодалаш усули жаҳон реалистик адабиётининг бундан сўнги ривожига катта таъсир кўрсатади.
Испан Уйғониш даври реалистик театрининг юқори поғонага кўтариши драматург Лопе де Вега ижоди билан боғлиқдир.
Лопе Фелис де вега Карпо 1562 йилнинг 25 ноябрида  Мадридда хунарманд оиласида туғилди. Унинг отаси Феликс де Вега Астура деҳқонларидан бўлиб, иш ахтариб Кастилилага келиб қолади ва зардўзлик билан шугилланади. Лепо Фелис 1573 йилда изуитлар мактабида, Алкала де Энареси университетида тахсил кўради. 1576 йилда отаси вафот этгач, ўқишни ташлайди . Лепо Фелис ўша даврнинг бадавлат кишилари қўлида котиблик қилади. У жуда ёшликдан шеъриятда исътедод кўрсатади.1588 йиллар бошларида машҳур рассом қизи Изабелл де Урбинага уйланади. Шу йили Лопе де Вега «Енгилмас армада» флотиннг Англия қирғоқларига қилган юришларида аскар сифатида қатнашади. Ёш шоир кема палубасида «Анжелика гўзали» (1588) поэмасини яратади. Мағлубият билан тугаган бу юришдан қайтгач Лопе бир неча йил (1589-1593) Валенсияда яшайди, сўнгра Костилияда ва пировардида Мадридда истиқомат қилади.
Шу вақтдан бошлаб у янги руҳда ёзилган комедиялар билан испан миллий драматургиясини ташкил топишига ва ривожланишига асос солади.
Лопе де Вегани билим доираси жуда кенг бўлиб у хилма-хил жанрларда ўз маҳоратини синаб кўради. Сонет, романс, қасида, поэма, пасторалар, хикоя, роман ва драматик асарлар яратади. Лопе де Вегани ўзи бир комедиясида ёзган пьесаларининг сони 1500 та бўлганини эслаган. Драматург вафотидан сўнг унинг биографиясини тузган шогирди ва муҳлиси Прес де Монталван эса Лопенинг ҳамма пьесалари 1800 та эканлигини таъкидлаган. Бунга қўшимча яна 400 та диний характердаги пьесалар ижод қилгани маълум. Ёзувчини шу вақтгача топилган ва нашр этилган пьесаларининг сони 500 тага яқин, шулардан 50 таси диний мавзулардаги драмалардир.
Лопе де Вега драматургия соҳасида катта шуҳрат қозонади. Ҳаётий фактларни билиши унинг тарихий, афсонавий ва замонавий мавзуларда хилма-хил пьесалар яратишига имкон беради. Ёзувчининг драматургия соҳасидаги қарашлари «Комедия яратиш янги саънат» (1609) шеърий асарида батафсил баён қилинади. Бунга у XVII аср итальян классицист назариячилари томонидан белгиланган кўп қоидалрни рад этади. Лопе де Вега «Янги санъат»и испан миллий драмасининг асосий қоидаларини белгилаб, ҳаракат бирлигини сақлагани ҳолда, адабиётнинг ривожланишига путур етказувчи ўрин ва вақт бирлигидан воз кечади. Саънатни чегаралаб қуядиган айниқса адабиёт нормаларини форматга қўчириб олган италян классицист назариячиларининг бутун ҳаракатини фақат бир қаҳрамон атрофига тўплаш каби принципларга қарши чиқиб, у ички бирликка, асардаги асосий мақсаднинг тулалигини сақлашга эътибор беради. Пьесада бир неча эпизод ёки сюжет йўли бўлиш мумкин, лекин улар бош масалани ечишга ёрдам бериши керак.
Лопе де Вега ва унинг драматик мактаби тарафдорлари пьесада турмуш тақазо қилгандек, фожиавийлик билан кулги аралаш ҳолда тасвирлаш зарурлигини кўрсатадилар. Ўз эстетик қарашларининг реалистик характерини белгилаб, Лопе комедияни «Ҳаёт ойнаси» деб атайди. У эркин ижод этиш учун санъаткорни классицизм қоидаларига риоя қилмасликка чақиради, «фожиавийликни кулги билан» аралаш ҳолда ҳаракат ўрнини ўзгартириб туриш, вақтдан эркин фойдаланиш принципини ҳам илгари суради.
«Менга комедия ёзиш керак бўлса-дейди Лопе «Янги санъат»да-мен ҳамма қоидаларни уч қулф билан беркитаман». Драматургнинг бу мулоҳазалари замон талаби халқ дидига мос реалистик асарлар яратиш истаги билан боғлиқдир. Лопе де Вега пьесанинг ҳажми кўринишлари ҳақида фикр юритиб уни беш пардадан уч пардага қисқартиради. Асардаги конфликт интриганинг кескинлиги ва пьеса тугунининг ечилиши ҳақида ўз фикларини баён қилади. Лопенинг драматургия ҳақидаги қарашлари классицизм тарафдорларининг кучли қарашларига  дуч келади. Бироқ кўп ўтмай унинг испан миллий драмаси ҳақидаги эстетик қарашлар ва драматургияси катта муваффақият қозониб антик ва классицизм ёзувчиларининг асарларини саҳнадан сиқиб чиқаради.
Лопе де Веганинг адабий мероси жуда бой ва хилма-хилдир. 1615 йилдаёқ Сервантес унинг ижодига юксак баҳо бериб шундай дейди: «У бутун комедиантларни енгди ва ўз ҳукмига бўйсундирди ва жами ўн минг варақдан ортиқ комедиялар билан дунёни тўлдирди... У билан рақобатлашишига эса ундайдиганлар кўп эди. Ҳаммаси қўшилиб унинг бир ўзи ёзганларининг ярмини ҳам ёзолмайдилар.
Лопе де Вега пьеса композициясининг изчиллиги диалог санъатини ўз ўтмишдошларидан  ўрганиши ўрта аср ҳалқ  театри традицияларидан фойдаланиши натижасида Уйғониш даври ҳушчақчақлик мотивларини акс эттиручи асарлар яратади ва халққа манзур бўлади.
Лопе де Вега драматургиясининг ҳажм жиҳатидан ҳам тематика жиҳатидан ҳам кенг доирага чиқиши уни қатъий бир рамкада классификация этишини қийинлаштиради. Диний темалардаги пьесалари ва бир опера либреттосини ҳисобага олмаганда, Лопе асарларини асосан уч катта қисмга бўлиш мумкин.
Булар: тарихий-қахрамонлик, ижтимоий-сиёсий ва севги-маиший темаларида яратилган драма ва комедиялардир.
Драматургнинг бизгача етиб келган асарларидан аксарияти (бир юз элликдан ортиқ пьесалари)да ўтмишга мурожаат қилиб, уларнинг ярмидан кўпида Испания тарихида юз берган муҳим воқеаларни акс эттиради. Бу типдаги пьесаларида давлат масаласи ва қаҳрамонлик темаси марказий ўринда туради.
Лопе де Вега пьесаларида Испаниядаги ички зидиятлар, жанжаллар («Қирол Вамбанинг ҳаёти ва ўлими», 1604), испан қабилаларининг Рим ҳукмронлигига қарши чиқишлари («Симанкаслик қизи») каби воқеа ҳодисалар ўз аксини топади.
Ёзувчининг халқчиллик руҳи билан суғорилган дастлабки асарларидан бири «Қирол Вамбанинг ҳаёти ва ўлими» пьесасидир. Қирол Рецисундо (7 аср) вафот этганидан сўнг ҳукмрон гуруҳ вакиллари тахт талашадилар. Драматург уларнинг эгоистик интилишлари ва давлатни қўлга киритиш ниятидаги уринишларига меҳнаткаш деҳқон Вамбани қарши қўяди. Вамба учун тинч ҳаёт бойлик ва ҳукмронликдан қимматлидир: ҳамқишлоқлари томонидан таклиф этилган мансаб-қишлоқ оқсақоли вазифасини ҳам у кўп қисташлардан сўнг қабул қилади. Тахтга чиқиш ҳақидаги фикрга қўшилмайди. «Қуёш каби, тахтга ҳам узоқдан қараган қулайроқдир» дейди у. Лекин қирол этиб сайлангач, оддий деҳқон Вамба мағрурликка берилмай «табиат овози»га қулоқ солиб мамлакатни донолик билан бошқаришга киришади, ўз бошимча феодалларни жазолайди.
Испанияга хавф солиб турган Арабларга зарба беради. Ниҳоят у сарой аҳллари тамонидан заҳарлаб ўлдирилади.
Ватан ва мустақиллик учун кураш Испанияни Араблардан озод қилиш ҳаракати Лопе де Веганининг реконкиста тарихини акс эттирган пьесаларида ёрқин ифодаланади. Бу драмалар учун Лопе халқ эртаклари хроника ва бошқа адабий манбалардан ҳам фойдаланади.
Мамлакат мустақиллиги учун курашда халқ иродаси билан ҳисоблашиш зарурлиги ғояси «Граф Фернан Гонсалес ёки Кастилиянинг озод этилиши» (1625) драмасида янада яхши ёритилган.
Драматург бу пьесасида халққа суяниб иш тутадиган давлат бошлиғи ҳақидаги тарихий ривоятларни асос қилиб олиб феодал ўзбошимчаликларини қаттиқ қоралайди. Мамлакатнинг бирлиги ва мустақиллиги учун курашувчи ва ўша вақтда «Тартибсизлик ичида тартиб вакили» бўлиб кўринган марказлашган монархия давлати ва уни адолат билан бошқарадиган ҳоким ҳақидаги халқ орзуларини ифодалайди. Золим монарх ўрнига халқпарвар монарх образини илгари суриш каби ёзувчи дунёқарашидаги зиддиятлар XVII аср шароитида реакцион феодал абсалютизмига қарши ўзига хос норозилик билан қўшилиб кетади.
Табиий ҳис-туйғу соғлом фикрли оддий камтар кишиларга шу жумладан, деҳқонларга бўлган кучли хайрихоҳлик Лопе де Веганининг «ўз уйинг-ўлан тўшагинг» (1622). «Деҳқон ўз кулбасида» (1617) «Бошқалар назарида тентак, ўз ишига пишиқ»(1635) пьесаларида ҳам ёрқин ифодаланган.
Лопе де Веганинг кўпчилик пьесалари-севги, оилавий-маиший мавзуларда яратилган комедияларида эркин муҳаббат ва никоҳ масалалари тасвирига катта эътибор беради.
Лопе де Вегадан кейинги испан драмаси.
XVI аср охири ва XVII асрнинг биринчи яримидаги испан драматургияси Лопе де Веганинг бевосита таъсири остида ривожланди. Унинг традицияларини давом эттирувчи қатор ёзувчилар де Алорком ва Тирсо де Молиналарнинг драмалари бу давр испан адабиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Гильен де Кастро (1569-1631) устози Лопе де Веганинг реалистик принципларига амал қилиб, ўз ижодида халқ бадиий ёдгорликлари намуналаридан кенг фойдаланди. Унинг муҳим асари испан миллий қаҳрамони Сид ҳақидаги халқ романлари асосида яратилган «Сиднинг ёшлиги» драмасидир. Пьесада севги, оила ор номуси учун кураш ва абсалютизмда юз берган кризс акс этган.
Лопе де Вега драматургия мактабининг йирик вакили Хуан Руис де Аларкон (1580-1639). Мексикада аристократия оиласида туғилади, унинг ёшлиги ўша ерда ўтади, сўнг Испанияга келиб ўқишни давом эттиради, университетни битиргач, адвокатлик билан шуғилланади.
Алорконнинг адабий мероси катта эмас у тил ва компазицияси жиҳатидан пухта ишлаган 30 га яқин пьеса ёзган. Алорконинг миллий қаҳрамонлик циклдаги пьесаларидан бири «Сеговиялик тўқувчи» (1634) асаридир. Унда драматург инсон кучи ва иродаси, адалат ва чин севгининг тантанаси ҳақида ҳикоя қилади.
Ёзувчи бош қаҳрамоннинг оғир тақдирини тасвирлар экан, диний ақидаларга сира мурожаат этмайди, балки воқеаларга сиёсий тус бериб, дворян дон Фернандо курашини ота қасоси учун эмас, балки ҳақоратланган камбағал тўқувчининг адолат учун олиб борган кураши сифатида талқин қилади.