Бердақ –қорақалпоқ адабиётининг асосчиси

Жаҳон адабиёти тараққиётидан маълумки, ҳар бир халқ тарихида, ижтимоий ва маданий ҳаётида ўзининг сезиларли «муҳри», табаррук «из»ларини қолдирган улкан санъаткорлар бор. Улар ўзларининг ҳаётий фаолиятлари ва ижодларини ҳамиша оддий меҳнаткаш халқ тақдири билан бирга ҳис қилганликлари, ҳар қандай шароитда ҳам халқ дарди, орзу-умидларига ҳамдард ва ҳамнафас бўла олганликлари учун ҳам умри боқий ва буюкдирлар. Бундай санъаткорлар ҳақида тариҳдан жуда кўп сиймоларнинг номларини мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин: Фирдавсий, Низомий, Навоий, Жомий, Саъдий, Фузулий, Пушкин, Махтумқули, Лермонтов, Некрасов, Абай, Толстой ... Қардош қорақалпоқ халқининг фарзанди, бу халқ адабиётининг фахри ва асосчиси, демократ шоир Бердақ ҳам юқорида қайд қилинган машҳур санъаткорлар сирасига мансубдир.
Бердақ XIX асрда, Туркистон ўлкасидаги феодал хонликларда,ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт ниҳоятда оғир, мураккаб шароитларга тушиб қолган ва Ўрта Осиёни Россия босиб олинган даврда яшади ва ижод этди. Шоир 73 йил умр кўрди, унинг қарийб ярим асрдан мўлроғини бадиий ижоддек машаққатли, масъулиятли, лекин шарафли ишга бағишлади.
Авлодларга 20 минг мисрадан зиёд шеър, халқ ҳаёти ва курашининг турли даврларини бадиий шаклда кўрсатиб беришга бағишланган ўнга яқин йирик эпик достонларни мерос этиб қолдирди.
Шоир эдим, кўзим кўрганин ёздим,
Кўнглимнинг сезганин, билганин ёздим,
Замон жафосидан сарғайдим, оздим,
Келурми деб яхши кунлар халқ учун
деб ёзган шоирнинг қалб сўзлари ҳаққонийлигини тарихий фактлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Маълумки,  қорақалпоқ халқининг Нўғой ўрдасидан  ажралиб чиққандан кейинги (XVI аср) тарихий такдири Туркистон ўлкасидаги турли хонликлар территориясида яшовчи ҳар хил халқлар,  асосан ўзбек  халқининг  такдири   билан   мустаҳкам боғлиқ бўлиб қолди. Бироқ феодал зулмат ҳукмрон бўлган   ўлкада бу жабрдийда, тарихнинг беомон фожиаларига кўп марта дучор этилган халқнинг меҳнаткаш  фарзандлари  ўз эрклари,  ҳақ-ҳуқуқларига эга эмас эдилар.  Бундай аянчли ҳол, Жиян Жиров айтганидек, қорақалпоқларнинг «посқан ел», яъни дарбадар халқ бўлиб, Бердақ таъкидлаганидек «юз йил қўним билмай» кўчиб юрган. Бир томондан, Хива хонларининг  «марҳамати»   сифатида  «инъом»   этилган  Орол денгизининг  шўрхок ва  қумлоқ  дашт-биёбонлари,   Амунинг  қуйи қисмлари   бу   меҳнаткаш   халқ иқтисодий   тараққиётини   чеклар, доимий сувсизлик, манзил ерларнинг оғир табиати уларнинг ҳамроҳи эди. Иккинчи томондан, анча микдордаги бўлиқ, сувга сероб, серҳосил  ерларни эгаллаб  олган бир  гуруҳ  маҳаллий   бойлар   ва бийлар зўравонлиги, оталиқ ва хон томонидан тайинланган ноибларнинг шафқатсиз эксплуатацияси, Хива хонлари белгилаган сон-саноқсиз солиқлар халқнинг тинка-мадорини қуритар эди.  Ҳаётнинг мазкур аччиқ ҳақиқати қорақалпоқ фольклорида, XIX аср  бошларига келиб қорақалпоқ халқи орасидан етишиб чиққан  ёзма эдабиёт вакиллари Жиян жиров, Кунхўжа, Ажиниёз ва ниҳоят Бердақ   ижодида ўчмас из қолдирди. Жумладан, Жиян жировнинг -    машҳур  «Посқан ел»  достонида қорақалпоқ халқининг жунғор ва қозоқ    хонлари    босқинидан    кейин    Орол    бўйларига    тарихий кўчишининг   оғир   манзаралари   ўз   ифодасини   топса,    бу   давр адабиётининг йирик вакили Кунхўжанинг «Чўпонлар», «Оқ қамиш», «Унутмасман», «Туя экансан», «Халқ билан», «Менинг болам», «Бой боласи» каби асарларида халқнинг оғир, машаққатларга тўла ҳаёти тасвирланади.   Замонасининг   ажойиб  лирик  шоири  Ажиниёзнинг шеър ва ғазалларида, «Бўзатов» номли машҳур поэмасида ўша давр қорақалпоқ     ҳаёти     ва     турмушининг     тўлақонли     манзаралари санъаткорона, кўҳна Шарқ шеърияти анъаналари услубида акс этди. Бердақ эса бу санъаткорлар анъаналарининг қонуний вориси, улар асос   солган   адабиётнинг   тараққий   эттирувчиси   бўлиб   майдонга келди. Бердақ ўз устозлари изидан бориб, баъзан улар билан ёнма-ён ижод қилиб, қорақалпоқ мумтоз адабиёти анъаналарини ўзига хос йўсинда давом эттирди. Бердақнинг таржимаи ҳолидан маълумки, у камбағал балиқчи оиласида туғилиб ўсган. Тахминан 10 ёшларида ҳам ота, ҳам онадан етим қолган бўлғуси шоир талай йиллар бойлар эшигида кун кечиради. Бердақ дастлаб эски мактабда, кейинроқ эса мадрасада таҳсил кўради. Ўн ёшларида ўзича шеърлар тўқий бошлаган шоир талай муддат ижодий изланишлардан кейин замонасининг машҳур шоири Кунхўжа ҳузурига бориб, шоирнинг ўзи эътироф этганидек: «бир ярим ой бирга бўлиб, ёзганларини тинглатиб, нуқсонларини ўнглатиб, ўлан завқин тотиб» қайтади. Бердақ яшаб ижод эттан шароитда ўзбек, қорақалпоқ, туркман ва бошқа қардош халқлар орасида халқ китоблари кенг тарқалган эди. Қорақалпоқ    халқи орасидан чиққан айрим саводли кишилар, яъни «қиссахон»лар ҳар хил тўй ва маъракаларда «Тоҳир - Зуҳра», «Баҳром   -   Гуландом»,   «Қиссасул   анбиё»   каби   дунёвий,   ишқий-романтик    ёки    мифологик,   мифологик-афсонавий    мавзулардаги асарларни  ўқиб   берар   эдилар.   Бердақ  даврининг   саводли,   илғор кишиси   бўлганлиги   сабабли   унинг   бу   хилдаги   асарлардан   ҳам хабардор эканлиги  «Айралиқ-айралиқ»  радифли шеъридан маълум бўлади:
Айрилиқнинг жабри ёмон,
Бошда ҳар кун охир замон,
Баҳром- Гуландом шудостон,
Ёмон айралиқ-айралиқ,
«Айралиқ» шеъри яна шу жиҳатдан муҳимки, бу асар Бердақ ва ўзбек фолькл ори ўзаро муносабатларини анча ойдинлаштиришга асос бўла олади.
Ўзбек халқ поэзиясида ошиқ-маъшуқлар дарди ёки меҳнаткаш инсоннинг зулмат замонасидан норозиликлари «Айралиқ» ёки «Айралиқ-айралиқ» радифли асарлар орқали алоҳида таъкидланган ҳоллар кўп учрайди. Бу хусусият ўзбек халқ достонларига ҳам тааллуқли бўлиб, айрим достонлар қаҳрамонлари тақдири, руҳий-психологик ҳолатларини очиб берувчи характерли факторга айланган.
Бердақ шеърияти ва ўзбек халқ қўшиқлари орасида шаклий ва мазмуний ҳам оҳанглик мавжуд. Фикримизни асослаш учун шундай мисолларга мурожаат этамиз. Бердақ адабий меросида «Олтиқиз» сарлавҳали ҳазил шеър бор. Унинг қисқача мазмуни шундай: Бибиойим, Гулойим, Моҳида, Орухон, Гулимхонва Равшан исмли қизлар Қўсимбет кал деган кишининг аравасига миниб, ҳайит-маърака сайлига йўл олишади. Қўсимбет кал қизлар
шўхлиги, қувончли кайфияти ва гўзаллигига маҳлиё бўлиб от жиловини қўлдан қўииб юборганлигини, арава эса йўлдан чиқиб тамоман бошқа томонга кетиб қолганлигини сезмай қолади. Оқибат шу бўладики, арава эски бир қудуққа агдарилиб кетади... Ўзбек халқ қўшиқлари орасида ҳам «олти» рақами билан бошланувчи, қиз-жувонлар таърифига багишланган ҳазил термалар талайгина. Масалан, Хоразм халқ термаларидан «Олти халфа»нинг айрим бандларини Бердақ шеърига қиёслайлик:

«Олти халфа»
Олти халфа бири Ойша,
Узуклари қўша-қўша,
Бордим томлар оша-оша

Элга балли олти халфа.

«Олти қиз»
Иккинчи қизи Моҳида,                          
Оқ юзи ойдан зиёда,
Йўл юрмаймиз    деб пиёда
От аравага минган экан.

Ҳар иккала парчада ҳам тасвир объекти қилиб олинган шахслар портрети, уларнинг характерига хос хислатлар гавдалантирилган. Фарқи шундаки, ўзбек халқ қўшиғида банд охирида доимо бир хил радиф сақланади. Бердақ шеърида эса аравага минган қизлар кўриниши тасвир этилгач, асосий мазмунга ўтилади. Шеър фақат қизларни таърифлаш эмас, балки асар асосий қаҳрамони Қўсимбет кал нўноқлигини ҳажв қилиш ниятида битилганлиги маълум бўлиб туради..
«Олти» рақами билан бошланувчи ўзбек халқ қўшиқлари «Гулёр» («Фарғона халқ қўшиқлари») тўпламида ҳам бор. Мисол тариқасида ундан баъзи намуналарни келтириб ўтамиз:

Олти қизнинг ичида отинг Анор,
Нақш олмадек юзингдан қонлар томар.
Нақш олмадек юзингдан ўпич, берсанг, 
Ўз  тенгимнинг ичида кўнглим қонар.
Чини   билан   чақирсанг,   мен борайин
Ёлғон билан чақирсанг, бетинг қурсин.
Олти қизнинг ичида отинг Турсин
Чини билан сув қуйсанг тиниб турсин.

Бердаққача   бўлган   қорақалпоқ   мумтоз   адабиёти   тарихида мазкур жанрда  «шажара»лар,  яъни ўтмиш  авлодлар  ҳақида,  халқ тарихий тақдиридаги энг муҳим даврлар, воқеа-ҳодисалар тўғрисидатарихий-адабий ёки мемуар характердаги «солнома» лар яратилганлиги маълум эмас. Шу сабабли, Бердақ ўз «Шажара» достонини яратар экан, кўҳна Шарқ адабиётидаги мавжуд анъаналардан, хусусан Хоразмнинг Абулғози, Мунис каби машҳур «шажара»чилари ва санъаткорларидан ўрганган, улар ижодидан баҳра олган деб ўйлашга асос бор, деб ўйлаймиз. Бунинг боиси шундаки, хоразмлик муаллифлар яраттан «шажара» лар билан Бердақ «Шажара»си орасида фақат асар номидагина эмас, шакл ва мазмун жиҳатдан ҳам ҳамоҳанглик, ўхшашлик бор: уларнинг барчасида Хоразм воҳаси халқларининг келиб чиқиши ва мамлакатни идора эттан ҳукмдорлар таржимаи ҳолига тегишли ҳодисалар, хонлик ҳаётидаги муҳим воқеалар тасвир этилади. Фарқи шундаки, хоразмлик муаллифлар яратган аксарият «шажара»лар насрда битилган бўлса, Бердақ «Шажара»си назмда ифода этилган. Шуниси характерлики, Бердақ «Шажара»сида фақат қорақалпоқ халқининг кўп асрлик тарихидаги муҳим воқеалар таъриф этилибгина қолмасдан, ўзбек халқи билан кечган муштарак ҳаёт, шунингдек ўзбек халқи тарихи ҳам баббаравар тилга олинади. Бердақ «Шажара» достонининг бу хусусияти асарнинг ҳам ўзбек, ҳам қорақалпоқ халқи тарихини ўрганишда тадқиқотчиларга муҳим манба сифатида хизмат этиб келишига сабаб бўлди.
Бердақ «Шажара» достонининг фақат тарихий жиҳатдан аҳамиятини таъкидлаб қўйиш бирёқламалик бўлар эди, албатта. «Шажара» - даставвал тарихий-бадиий асар. Шоирнинг ўзига хослиги шундаки, у хоразмлик тарихчи ва санъаткорлар яратган «шажара»лар доирасида ўралашиб, улар яратиб кетган маълумотлар доирасида қолиб кетмайди, балки тарихий фактларни ўз асари тўқимасининг асоси қилиб олган ҳолда тарихий-бадиий эпик полотно яратади. Бу табиий, албатта. Чунки «санъаткорлар ўз ўтмишдошларидан, даставвал, янги воқеликнинг эстетик вазифаларига мос келадиган нарсаларнигина қабул қиладилар». Бердақ ҳам «Шажара»ни яратиш йўлида баъзи маълумотларни ўз ўтмишдошларидан олди, бироқ уни давр ва ҳаёт билан боғлади, ўз ғоявий-эстетик мақсадини ифода этиш учун халқ ривоятлари, фольклор материалларини асар тўқимасига киритди ва пировардида жўшқин поэтик илҳом, ҳис-туйғулар ва ақл, доноликни бир нуқтага жам қилиб ўз «Шажара»сини яратди.
Бердақ ўзининг машҳур асари «Излар эдим» шеърида шундай эътироф этади:
«Чор китоб»дан нари қочдим.
Навоийдан савод очдим.
Фузулийдан дурлар сочдим,
Доноларни излар эдим.
«Чор китоб» дан нари қочдим, Навоийдан савод очдим» мисраларидаги соф иқрорнинг ўзиёқ Бердақ учун буюк ўзбек шоири Алишер Навоий, бинобарин мумтоз ўзбек адабиёти қай даражада улкан аҳамият касб этганлигини яққол кўрсатиб турибди. Бундан келиб чиққан ҳолда Алишер Навоийни Бердақнинг илк муаллими, унга сўз санъатининг сиру асрорларидан асрлар оша ғойибона сабоқ берган, Бердақда оддий меҳнаткаш халққа нисбатан меҳр-муҳаббат фазилатларини тарбиялаган, инсонийликдан сабоқ берган илк муаллим дейиш мумкин.
Бердақ машҳур «Аҳмоқ пошшо» достонининг хотима қисмида шундай ёзади:
Кулфат қасрида қаридим,
Султон Суйин, Миралининг
Шоҳу гадонинг баридан,
Дунё ортда қолган экан.
Шоир ўз замонасини «кулфат қасри»га муқояса қилади, шу орқали ўз умрига якун ясагандек бўлади. У таъкидлайдики, Султон Суйин - Ҳусайн Бойқаро - шоҳ, Алишер Навоий - Мирали - шоир таъбирича - гадо бўлиб оламдан ўтдилар, бироқ бу зулмат замони уларга ҳам вафо қилгани йўқ. Лекин уларнинг биридан кулфат, халқ бошига ғам-алам, иккинчисидан эса мангуликка дахддор, умри боқий асарлар қолди. Бердақ достон ниҳоясида ўзига Миралининг умрини тилагандек бўлади. Энди диққатни Бердақ ўз поэзиясида улуғ ўзбек шоири анъаналарини давом эттирганлиги нималарда кўринишига, шоир Навоий анъаналарини қай даража ижодий юксалтирганлигига қаратамиз.
Мана Бердақнинг «Халқ учун» сарлавҳали шеъри. Оригиналда 260 мисрадан ортиқ бўлган мазкур асарга буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг машҳур «Одами эрсанг демагил одами, они ким йўқ халқ ғамидан ғами» афоризмини поэтик эпиграф қилиб олиш


Йигит бўлсанг арслон каби туғилган,
Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун. 
Йигит бўлсанг арслон каби туғилган,                                                                                                        
Ўзим демай, ғамхўрлик қил халқ учун.Шеърнинг кейинги бандларида юқоридаги фикр яққол конкретлаштирилиб, чуқурлаштирилиб борилади ва шоир, Алишер Навоий ҳикматидаги каби, ўз замондошларини «халқ дарди», «халқ ғами» йўлида заҳмат чекишга чақиради:

Етарсан муродга гар хизмат этсанг,
Элинг йўллаганда ҳар қаён кетсанг,
Ҳар қачон душманнинг бошига етсанг,
Аянмасдан, хизмат айла халқ учун.
Навоий ҳикматидаги ва Бердақ шеъридаги «халқ», «халққа хизмат» деган сўзлар ўша феодал жамиятда яшаб фаолият кўрсатаётган барча шахсларга тааллуқли эмас. Улар фақат меҳнаткаш, оддий қора халқ сирасига мансуб, унинг манфаатлари йўлида виждонан меҳнат қилган, ўзи мансуб миллат ор-номуси учун тенг талашган, зарур дамларда одамгарчиликнинг барча қонун доираларини ўз ўрнига қўя биладиган одамларнигина «халқ» доирасига киритадилар. Бердақ фикрича, халқ «ишлаб-терлаб бир бурда нон топган», «қўл қаварттан», «арслондек» кучини нгу халқ, эл-юрт манфаатларига астойдил сарф қилган, замона зайли туфайли очлик, камбағаллик, қазув, солиқ каби халқ гарданига тушган оғир офатларга мардона чидаётган, керак пайтларда миллат, эл-элат, она-юрт мустақиллиги йўлида қон кечишга ҳам қодир одамлар. Шоир ана шу одамларни бирликка, дўст-биродарликка даъват этади, халқнинг кучи - унинг дўстлигида деб билади:

Дўстлик билан ҳар бир ишда шай турсанг,
Жон аямай эл-юрт учун иш қилсанг.
Қайғуланмай, улуғ ишга қўл урсанг,
Шунда менинг кўнглим ўсар халқ учун.
Бердақ ўз асарида замонасидаги эксплуататор синф вакилларини «халқ» доирасига киритмасдан, шеърда уларни «душман», «ёмонлар», «номард», «фосиқ», «бўри» каби номлар билан атайди.
Бердақ достонида халқ орасида кенг тарқалган ривоятларга асосланган ҳолда қозоқ ва қорақалпоқ халқларини бир отага мансуб икки ўғилнинг фарзандлари сифатида таъриф этади. Бу билан шоир халқлар дўстлиги ва қонқардошлиги ғояларини улуғлайди, уларни дўст-биродарликда, тотувликда яшашга чақиради. Бердақнинг айни пайтгача қорақалпоқ ва ўзбек тилларида эълон қилинган асарларининг таҳлили пгуни тасдиқлайди. Фикримизнинг исботи учун С.Тойшибаева «қозоқлар ҳаёти тасвир этилган» деб таъкидлаган «Ойдўс бий» достонига мурожаат этамиз.
Ойдўс бий - тарихий шахс. Машҳур ўзбек мумтоз шоири, моҳир таржимон Огаҳийнинг маълумотига қараганда, Ойдўс ва унинг қарамоғидаги қўлдовли уруғи Хива хони Муҳаммад Амин иноқ ҳокимият тепасида турган даврда (1763-1770) хоннинг «марҳамати» туфайли «Кўк ўзақдан Оролгача» бўлган территорияга жойлашадилар. Хонга содиқ хизмати учун Ойдўс барча қорақалпоқлар улусининг ҳокими мансабига кўтарилади.
«Ойдўснинг Хива хони тарафига ўтиши,- деб таъкидлайди Ўз.ФА ҳақиқий аъзоси С.Камолов,- хоинлик ва сотқинликдан бошқа нарса эмс эди. У қорақалпоқларни ҳақиқатда қарама-қарши икки лагерга бўлиб қўяди».
Ойдўс ўз халқига қарши чиқиб, қорақалпоқларнинг ҳали Хива хонига қарам бўлишни истамаган уруғларини қурол кучи билан бўйсундиришни қувватлаш орқали Хива хонлигининг янги хукмдори Муҳаммад Раҳимхоннинг (1806-1825) ҳам «марҳаматига» сазовор бўлади ва кейинроқ ўзини «Мойли Жангал»дан шимол томонда яшайдиган барча қорақалпоқлар ҳукмдори, яъни «ярим хон» тайинлашларини талаб қила бошлайди. Бироқ қорақалпоқларнинг бўйсунмаган уруғларини ва Жанга дарё бўйидаги қозоқ уруғларини ўзига бўйсундириб, шимолий чегараларни мустаҳкамлаб олган Муҳаммад Раҳимхон Ойдўснинг бу талабини рад этади. Бу билан чекланмасдан уни қорақалпоқ улусига ҳокимлик мансабидан ҳам четлаштиради.
Иззат нафси ерга урилган ва алданган Ойдўс шундан кейин халқни ўзига оғдириб, Хива хонига қарши курашга ўтади. У Сариқов ўтов деган жойда 2 мингга яқин оилани жамлайди. 1827 йил 29 июлда Қўнғиротни босиб олиш ва хон ноибларини жазолаш учун ўғиллари Ризо ва Тўра бошчилигида 300 отлиқни жўнатади. Хон аскарлари билан бўлган жангда Ойдўс тарафдорлари енгилади, Ризо ўлдирилади, Тўра эса кишанланган ҳолда Хива хони ҳузурига юборилади. Воқеадан хабар топган Ойдўс тарафдорлари орасида парокандалик бошланади ва Ойдўс Қўқон хонидан ёрдам олиб келиш учун йўлга чиқади. Бироқ Чирик работ деган жойда хон қўшинлари уларга етиб олади. Ойдўс жангда ўлдирилади.
Бердақ туғилган йилда бўлиб ўтган қонли фожиалар тарихда ана шундай баён қилинади.
«Ойдўс бий» поэмасида эса воқеалар ривожи бошқача берилади. Поэма муқаддимасида Ойдўс бий шаънига «илиқ» сўзлар айтилиб, унинг шахсияти, халқ олдидаги хизматлари эслатилади. Сўнгра асосий воқеалар тасвирига ўтилади.
Ойдўс бий ҳузурига Хива хонидан чопар келади. У олиб келган мактубда хон Ойдўсга қарата:
Бегис билан Миржиқнинг,
Калласин олиб келсин.
Кейин «Мойли Жангал»дан,
Нарёғин Ойдўс сўрасин
деб ёзганлиги маълум бўлади. Мансаб ва мавқе йўлида ҳар қандай ифлос ишлардан қайтмайдиган Ойдўс Хива хонининг бу мактубини олгач, ўз укалари Бегис ва Миржиқни ўлдириш хусусида ўйлаб кетади. Бу пайтда Бегис ва Миржиқ, акаси Ойдўс хонга сотилиб кетгандан кейин, меҳнаткашларни хонга қарши қўзғолонга тайёрлаш ҳаракатида эдилар.
Шоир Ойдўснинг мактубни олгандан кейинги психологиясини
яхши акс  эттиради.  Поэмадаги асосий воқеаларга туртки берувчи
бадиий тугун ана шу тариқа яратилади.
Ойдўс эрта саҳарда туриб Миржиқ ва Бегисни уйғотади ва «маслаҳатлик махфий иш» борлигини айтиб, қирга чиқиб келишни таклиф қилади. Содда Бегис ва Миржиқ ўша жойда золим тошбағир ака ҳийласининг қурбони бўлишади. Ойдўс укаларининг каллаларини хуржунга солиб Хивага, хон ҳузурига қараб йўлга чиқади. Бердақ «қаҳрамони»нинг бу қилмишига лоқайд эмас. У ўз укаларининг қотили даражасигача маънавий тубанлашган Ойдўсни қаттиқ қоралайди.
Ойдўснинг Хива шаҳрида бир маҳрам дўсти бор эди. У Ойдўсга хат жўнатилганидан хабардор бўлган, лекин бу ҳийладан Ойдўсни огоҳ эта олмаган эди. Маҳрам Ойдўс Хива тупроғига қадам қўйганлигини билиб, унга пешвоз чиқади ва юз берган фожиадан огоҳ бўлади. Маҳрам унга бу хат хоннинг ҳийласи эканлигини, шу йўл орқали хон ҳам Ойдўсдан, ҳам унинг курашчан укаларидан биратўла қутулмоқчи бўлганлигини ошкор этади. Бироқ Ойдўс ишонмайди ва хон саройига йўл олади.

Баланд кўча, паст кўча, 
Оралаб энди боради,
Хивалик ёш болалар,
Ойдўсга тупроқ сочади.
Шунда ҳам нодон, билмайди.
деб куюниб ёзади шоир. Тарихий маълумотларга қараганда, Ойдўс ўз иниси Миржиқни 1810 йилда Муҳаммад Раҳимхон ҳузурида ўз қўли билан ўлдирган. Поэмада эса, шоир ҳаёт ҳақиқатидан бироз четлашган бўлса-да, бироқ бадиийлик жиҳатидан, яъни поэмадаги асосий ғояни - Ойдўс ваҳшийлиги, қонхўрлиги ва маънавий тубанлигини - якка бир ҳукмдор шахс фожиасининг сабабларини очиб беришда, мантиқан тўғри йўлдан боради.
Ойдўс хоннинг ҳузурига кирганда хон унга ҳатто «келдингми?» ҳам демайди, совуққина муомала қилади. Калла солинган хуржунни хон ҳузурида қолдириб, Ойдўс маҳрам дўстининг уйига келади. Хивалик дўсти унга яна бир ҳақиқатни очади: хон укаларини қатл қилган Ойдўсни ўлдирмоқчй эканлигини айтади. Бу хабарни эшитган Ойдўс Хивадан чиқиб қочади. У юртига боргач, 60 қорақалпоқ бийини чақириб маслаҳат қилади ва уларни хонга қарши курашга чақиради. Бийлар ўз олдиларига қўйилган олмадан биттадан еб, Ойдўсга содиқлигини билдирадилар. Ниҳоят, хон ва Ойдўс лашкарлари орасида қонли курашлар бошланиб кетади. Лекин кучлар тенг эмас эди. Ойдўс қўшинлари чекиниб, бир кичик қалъани мудофаа қила бошлайдилар. Хон ҳийла ишлатади: қамалда ётган Ойдўс аскарлари томон замбаракдан ўқ эмас, «қора пул» солиб орттиради. Натижада Ойдўс қўшинлари хоинлик хоинлик қилиб хон тарафига ўтишади. Ойдўс қочади, бироқ йўдда хон аскарлари томонидан ўлдирилади. Хива мадрасаларида таълим олаётган Ойдўснинг Тўра ва Риза исмли фарзандлари қирқ йигити билан Хивадан бош олиб кетадилар. Улар ҳам қонли курашларда ҳалок бўладилар.
«Ойдўс бий» поэмасининг қисқача сюжети ана шундай. Бу поэмага асос қилиб олинган тарихий воқеалар ва шоир бадиий тафаккури натижасида яратилган бадиий тўқималарни бир-бири билан таққослаш Бердақнинг эпик тасвирлаш санъати юксаклигини кўрсатади. Бердақ «Ойдўс бий» поэмасида қозоқ халқи ҳаётига тааллуқли воқеаларни эмас, балки қорақалпоқ ва ўзбек халқи ҳаётининг реал манзараларини, муштарак воқеликни санъаткорона тасвирлаб берди.
Бердақнинг «Омонгелди» ва «Эрназар бий» поэмаларида ҳам қорақалпоқ халқининг ўзбек халқи билан муштарак ҳаёти тасвирланади. Масалан, «Омонгелди» поэмасида тасвир этилган воқеалар Қўқон хони саройида бўлиб ўтади. Поэманинг асосий конфликти ҳам худди «Ойдўс бий» поэмасидаги каби қорақалпоқ халқининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини, миллий мустақилликларини ҳимоя қилиш  йўлидаги   кураши   асосига  қурилади:   бир  томонда  хонлик ҳукмдорлари, иккинчи тарафда қорақалпоқ халқи манфаатларини ҳимоя қилувчи халқ сардорлари. Бу беомон курашларда, ҳаёт ҳақиқати каби, халқ сардорлари мағлубиятга учрайдилар, бироқ халқ орасидан яна уларнинг ишини давом эттирувчилар етишиб чиқараверадилар. Жумладан, «Омонгелди» поэмасининг қисқача мазмуни шундай: Қўқон хони Музаффар ўз қарамоғидаги қорақалпоқ хал-қидан ўзига қиз тортиқ қилишни сўрайди. Ҳукмдорнинг бу талаби табиатан мағрур халққа ёқмайди. Қорақалпоқлар ҳукмдори Ҳасан оталиқ хоннинг олдига бориб, унга қорақалпоқлар ўз қизларини бермасликларини дадил айтади. Ғазабланган хон Ҳасанни дорга остиради. Ана шу пайтда қорақалпоқ халқи қасос олишга отланади. Халқ орасидан чиққан довюрак Омонгелди ўз тарафдорлари билан Қўқон хони саройига хужум қилиб, хоннинг бошини кесиб келтиради. Бердақ ўз замондошларини Омонгелдидай довюрак бўлишга, халқ иши, миллий мустақиллиги ва ор-номусини Омонгелди каби ҳимоя қилишга даъват этади:
Омангелдидай бўлмоққа,                                                                                          
Бориб хондан хун олмоққа,                                                                                                             
Калла кесиб, қон олмоққа                                                                                                
Қай бирингнинг чаманг келди?

Бердақ ўзининг «Аҳмоқ пошшо», «Равшан», «Омонгелди» каби асарларида тасвирлаб берган ҳодисаларга ўхшаб кетадиган воқеани чуқур дард билан куйлаб беради. Бахши куйлаган ҳикоятнинг қисқача мазмуни шундай: Аму соҳилидаги хонадонларнинг бирида Гулбиби исмли қиз вояга етибди. Унинг беқиёс гўзаллиги, сулувлиги ҳақидаги овозалар кўп элларга таралади. Ҳарамида жуда кўп хотинларга эга бўлса-да, золим Хива хони Гулбибининг маишатбоз хонни ўз ёнига йўлатмайди, мантиқан тўғри мулоҳазалар орқали хоннинг маънавий ярамаслигини фош қилади. Дарғазаб бўлган хон ўз ясовулларини чақиртириб, Гулбибини аёвсиз жазолатади: қизни чангал устига яланғоч ётқизиб, устидан қайноқ сув қуйишади. Шу тариқа элнинг бир бегуноҳ фарзанди фожиали ҳалок бўлади ... Бахши Гулбиби ҳақидаги ҳикоясини тугаллар экан, Ойсанамлар тўйига келган ёшу қарини янги, порлоқ  ҳаёт қадрига етишга чорлайди.
Маълум бўладики, Миртемир достон бадиий тўқимасида қаламга олган Гулбиби фожиаси Бердақнинг «Аҳмоқ пошшо» достонидаги Гулим тақдирини эслатади. Маълумки, Гулим ҳам худди Гулбиби сингари оёқ-қўли банд ҳолда мажбуран Хива хони ҳузурига  келтирилади ва бу даргоҳда ёш умри хазон бўлади. «Равшан» достонининг бош қаҳрамони Равшан ўз ор-номусини мардларча ҳимоя қилади. Демак, Миртемир ҳаёт ҳақиқатини асос қилган ва Бердақ поэзиясига суянган ҳолда қорақалпоқ мавзуидаги бу илк асари орқали Хоразм воҳасида яшаган меҳнаткашларнинг икки даврдаги икки хил ҳаёт тарзини битта асар мундарижасига жо этди ва қорақалпоқ халқи турмуши, урф-одатлари ва анъаналарини чуқур ўрганган ҳолда оригинал асар яратиб, адабиётшуносликда таъкидлаганидек, 30-йиллар ўзбек поэзиясида коллективлаштириш мавзуига сезиларли ҳисса бўлиб қўшилган бу достонини яратди.
Бердақ асос солган адабиёт ўз замонасида гуллаб-яшнади. Қорақалпоқ адабиётида Бердақ анъаналарининг қонуний эгалари бўлган жуда кўп истеъдодлар етишиб чикди. Бир вақтлар нисбатан кам тараққий этган, бадиий ижодиётнинг қатор жанрлари бўлмаган қорақалпоқ адабиёти айни пайтда проза, поэзия ва драматургиянинг барча соҳалари ривожланган санъаткорларни етиштириб берган, қардошлар ҳамкорлигида тобора юксакликка кўтарилаётган, бадиий сўзнинг нодир асарларини кашф этаётган адабиётдир. Бердақ ижоди фақат қорақалпоқ адабиётидагина эмас, балки бошқа халқлар, жумладан ўзбек халқи орасида ҳам ўз издошларини топаётган ижоддир. Бутун умр меҳнаткаш халқнинг орзу-умидларини, унинг дардини тараннум этган бахши ва шоир Бердақ номи, унинг мангуликка мансуб асарлари ўзбек санъаткорларига ҳам азиз ва севимли.

Қарши давлат университетининг катта ўқитувчи А. Ҳамдамов