Замоннинг ўзгаргани рост. Одамларимиз дунёқарашида улкан, мисли XX аср аввалидан бери кўрилмаган тусланишларнинг юз бергани ҳам ҳақиқат. Шунга кўра романларда замондошнинг замонавий кайфиятини ифода қилишга уриниш сезилади. Бироқ қани замонавийликнинг ўша мезони, унинг чегаралари? Ким чизиб беради уни?.. Бир қарасанг, буларнинг ҳаммаси ҳавода муаллақ турган ва доимо шундай қоладиган саволларга ўхшайди. Бошқа жиҳатдан эса ўлчов сарҳадлари ҳар ёзувчи ботинида ўзи учун ўрнатилган бўлади, деган эътироз ҳам туғилади қайдадир. Қолаверса, ким айтди бизга роман фақат замонавий бўлади, деб? У тарихий бўлиши мумкин эмасми ёки фантастик ва мистик?.. Албатта мумкин. Бироқ роман мавзуси, тасвирлаш принципи қандай бўлишидан қатъи назар у энг юксак, энг бугунги, энг замонавий... даражадан туриб ёритилган бўлиши лозимга ўхшайди. Агар ёзувчи ўқувчи билан ҳақиқий мулоқот талабгори эса... Шундай қилиб, ёзувчи ўша баландликка эриша олса, асарлари узоқ, жуда узоқ ўқилади, дегинг келади. Ҳатто дунё афкор оммаси (ўқувчи) кўпчилик қисмининг умумкайфияти ёзувчи романларида акс этган замонавийликдан, илғор кайфият даражасидан ўзиб кетмагунича унинг романлари Қайта ва қайта ўқилаверади. Фурсат етиб, ёзувчи "даражаси" забт этилгач, унинг асарлари босиб ўтилган йўл сифатида тарих мулкига айланади. Чунки бир сўз билан айтганда, ўқувчи романни (ёки шеърни) "ҳазм қилиб" бўлган ҳисобланади. Натижада ижодкорнинг "ўқимишлилик", демакки, "кераклилик" даражасида кескин тушиб кетади. Назаримда ҳозир ёзилаётган (ёзилган) кўплаб романларнинг китоб ҳолида чоп этилмасиданоқ эскириб қолаётганлигининг туб сабаби шу ерда - ёзувчи дунёқараши ва кайфиятининг ўқувчиникидан кўпда баландда эмаслигида! Вақт ўтган сайин янгиланиб-турланиб бораётган ўқувчи бадиий талаби эса бир ҳамла билан ёзувчи даражасини забт этаяптию қайтиб уни ўқимай қўйяпти ўқимаслиги турган гап. Шунинг учун ҳам кейинги ўн-ўн беш йил давомида ёзилган юзлаб ўзбек романларидан такрор-такрор ўқийдигани жудаям кам. Уларнинг аксарияти у ёки бу даражада чиққан экспериментлардан иборат. Кўпчилиги ҳали роман даражасида пишиб етилмаган, ҳали бир мушт бўлиб туғилмаган тарқоқ кайфиятларнинг уламасидан ўзга нарса эмас. Бундай "ясама" романлар чокини бадиий приёмлару яхши ўйланган эпизодлар билан, ҳикматли гаплару модернистик "ўйин"лар билан ёпиб бўлмайди. Демак, яхши роман фақат тажриба, эзгу истак ва тиришқоқлик билангина дунёга келавермас экан...
Романлар ҳам қайсидир ўлчовларда худди одамлар сингари давр фарзандларидир. Кейинги чорак аср ижтимоий фаоллик даври бўлди. Инсон эса ўз табиатига кўра ижтимоий фаол бўлган вақтда руҳий сустликка, руҳий мудроққа мойил. Руҳан фаол бўлмаган паллаларда жиддий бадиий дурдоналарнинг яратилиши мушкул. Юқорида эслатганимиздек, юзлаб романлар ёзилганигига қарамай, ўқувчи нигоҳини ўзига "михлаб" қўйган романларнинг деярли яратилмаганининг бош замини шу аслида! (Чунки ёзувчининг ижодкорлик даражаси ҳам унинг руҳий ҳаётга нечоғли алоқадорлига билан ўлчанади, назаримда). Ёзилган, ёзилаётган романларнинг аксарияти ижтимоий фаолликнинг давоми сифатида дунёга келаяпти. Бинобарин, баҳолари ҳам шу ўртада. Агар шу романлардаги материал ижодкор руҳиятига "ўтказилган" ва ўша ерда маълум муддат тобланганда эди, биз ҳозир "ўзбек романчилигида янги давр" деган бир парда баланд мақомда суҳбатлашаётган бўлардик. Бунинг учун эса ёзувчи табиатан "руҳий машғулот"га мойил булиши шарт. Яхши биламизки, биз ўз ота-онамизни танлай олмаганимиздек, улардан мерос бўлиб ўтган табиатимизни ҳам қайтадан ясаб чиқолмаймиз. Алқисса, яхши роман яратиш ёзувчининг истагигагина боғлиқ эмас. (Албатта, янгиланиш бор, ундан кўз юмиб бўлмайди. Лекин у ҳали бутун бир йўналиши, даврни ташкил этганича йўқ. Шундан ҳам англашиладики санъатдаги, бадиий диддаги янгиланишлар ижтимоий-сиёсий
соҳадаги ўзгаришлар билан доимо ёнма-ён юравермас экан).
Айтилганлар масаланинг битта томони. Бошқа томони ўқувчи билан боғлиқ. Ҳозир ўқувчи ҳам ижтимоий фаол, руҳий эмас. Демак, мулоқотга путур етган, ўқувчи руҳий фаоллик маҳсулига, жумладан, санъатга, адабиётга бефарқ, беписанд. Ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг "Адабиёт ўладими?" деган машҳур саволи шу ораликда туғилган деб ўйлайман. Фикримча, адабиёт ва санъатнинг ўлиш-ўлмаслиги одам кўнглининг эртанги кунига боғлиқ. Кўнгилнинг келажаги эса инсоннинг руҳий фаоллик даражасига қараб қолган. Руҳий фаоллик бошланиши билан кўнгил ишларига, хусусан, адабиёту санъатга ҳам эҳтиёж пайдо бўлади. Лекин айни чоғда ҳақиқат шундан иборатки, одамзод ижтимоий фаоллик даврида яшаяпти, таналар, қайноқ қонлар авжи ҳаракатда... Бундай пайтда ёзувчидан "Уруш ва тинчлик", "Қизил ва қора", "Улисс", "Телба", "Ўткан кунлар"дек романни кутиш қиш кунлари янги пишган ўрик, гилос талаб қилиш билан баробар. Бунинг биргина йўли бор: ижодкор, агар у чиндан ҳам жуда катта истеъдод соҳиби эса, - атроф билан обдон ёнма ён юриб, қалби етарлича озор чекиб, фикри пишиб етилгач, дунёнинг ғала ғовуридан, кўз ва хаёл олғучи неъматларидан кўнгил узиб, узлатга чекинсин! Ҳеч қурса, асари битгунча, ҳеч қурса, хаёлан, фикран. Фақат шундагина унга ҳамма ёки кўпчи-лик кутаётган асарни ёзиш бахти муяссар бўлиши мумкин. "Бўлиши мумкин" деб ёздим, чунки шунда ҳам омад унга кулиб боқса! Чунки ижод ҳам балиқ овидек гап. Ташлаган қайирмоғингазга қандай балиқ илинади, қачон илинади, булар даргумон! У сизнинг овчилик маҳоратингиздан ташқари тақдирга ҳам боғлиқ итттдир. Туну кун дунё билан баробар бўлиб, яна зўр, қоладиган асар ёзаман дейиш — хомхаёл! Бу дегани шуки, ҳамма қатори бола-чақа Қилиб, тағин уларни ҳамма қатори едириб, кийдираман, Дегувчи ижодкорга жудаям қийин бўлади. Чунки яхши асар ёзиш хаёли бир дам бўлсин уни тарк этмайди. Худди елкасига ўтириб олиб, миясини тинимсиз чўқиётган бургутдек ижодкорга мислсиз озор беради. Бу ёқда эса тирикчилик ташвишлари. Ора йўл, иккита куйдиргувчи гулхан ораси! Шунинг учун ҳам Сальвадор Дали ижодкор бой бўлиши керак, дейди. Токи, у ўзи истаган пайтда ижод билан машғул бўла олсин, токи тирикчилик ташвиши ижодкорнинг оёғидан тортиб чоҳга қулатмасин! Хаёлининг бир учи бир бурда нон ғами билан ўртанмасин! Бола чақаси оғриб, ҳаёт-мамот масаласи арзимаган бир дорига боғлиқ бўлиб, лекин уни сотиб олиб беролмай, виждон ва бурч аро тортилган дорда тақдири осилиб қолмасин!.. Булардан келиб чиқадики, ижодкор ижод асносида фақат ва фақат ўз боласи - асар тўғрисида бош қотирсин! Шундан кейин ҳам ёзганлари бир нимага арзимаса, ижодкор ўзи ва тақдиридан ўпкаласин!.. Бошқа бир масала жамиятнинг бундай асарга эҳтиёж туйиш-туймаслигидир. Агар жамият руҳин-маънавий жиҳатдан юксак савиядаги бадиий асарларга эҳтиёжманд бўлса, ўз ижодкорларини қўллаб қувватлайди: уларнинг ижод бахти билан, яратиш билан яшаш бахтига сазовар этади. Агар бундай маънавий эҳтиёж бўлмаса, ёзувчилари тақдирнинг ҳукмига ҳавола қилинади. Ҳар икки ҳолда ҳам жамият ўз қилмишига яраша неъматга сазовор бўлган ҳисобланади. Демак, муҳими, эҳтиёж масаласи! Одамларнинг китоб ўқишга, руҳий маънавий озуқа олишга қаратилган эҳтиёжини тарбияламоқ зарур. Бундай эҳтиёжга эга бўлган жамият ҳеч нарсадан қўрқмаса ҳам бўлаверади. Аслида ижодкорни ижод қилишини таъминлайдиган куч ҳам шу эҳтиёждир. У бор экан, ижодкорга алоҳида нафақа тайёрлашнинг ҳожати қолмайди. Шу эҳтиёж ҳар қандай истеъдодни ҳимоя қилишга қодир. У нафақат ижодкорни, балки бутун жамиятни, ер шаридаги онгли, маънавий ҳаётни, коинот мувозанатини ҳам таъмин этади. Кўринадики, асосий ҳаракат шу эҳтиёж сари бўлмоғи лозим. Фақат уни ҳеч қачон эскирмайдиган, русмдан қолмайдиган, ўлмас эҳтиёж қилиб тарбиялаб, етиштирмоқ ва шу кўйи ушлаб қолмоқ шарт бўлади...
"Янгиланиш эҳтиёжи" китобидан