Ташхис

Ташхис («жонлантириш») ҳайвонлар, қушлар, жонсиз нарсаларга инсон хусусиятларини кўчириш санъатидир. Масалан, Лутфийнинг

Кун пардаға кириб юзунг ойи ҳаёсидан
Йиғлар ўзию, ораға тортар саҳобни

байтига диққат қилсак, қуёшга инсоннинг уялиш, йиғлаш каби хусусиятлари кўчирилганини кўрамиз. Навоийнинг

Қатра қонларким томар кўксумға урған тошдин,
Захмдиндур демаким, қон йиғлар аҳволимға тош

байтида тош инсонга хос йиғлаш хусусиятини касб этган. Огаҳий битган

Гули рухсорини ногаҳ тамошо айласа булбул,
Фиғонлар тортибон ўтлуғ гули ахмарни ёд этмас

байтида эса булбул қиёфасида инсонга хос томоша килиш хусусияти ифодаланган. Фурқат қаламига мансуб

Кўрганда қоматингаз бўлғай ҳижил сановбар,
Товус жилвасидин рафторингиз чиройли

байтида санобар ҳижил бўлади, товус жилва килади. Булар инсоний хусусиятлар, албатта.
Бадиий ижодда инсонга хос хусусиятлар факат ҳайвонлар, қушлар, аниқ нарсаларгагина эмас, мавхумий тушунчаларга ҳам кўчирилади. Чунончи, Алишер Навоийнинг

Муғрайиб андоқ синуқ кўнглум бузулурким, сипеҳр
Булъажаб ҳолимға юз минг кўз била ҳайрон бўлур

байтида мавхумий тушунча бўлган сипеҳрга инсон ҳаракати кўчирилган бўлса, Фурқатнинг

Агар келса, кетар ҳолим кўрубон
Ажал жонимни олмасдин уёлиб

байтида мавхумий тушунчани ифодаловчи ажал инсонга ўхшаб ҳаракат қилади.
Ҳайвонлар, қушлар, жонсиз ва мавхумий нарсаларни шу хилда тасвирлаш воситасида шеърий асар муаллифи илгари сураётган муайян ғоялар аниқроқ ифодаланади, тасвирланаётган лирик ёки эпик тимсоллар ёрқинлик, жонлилик, жозибадорлик касб этади.