«Билиб туриб билмасликка олиш» маъносини ифодаловчи ушбу шеърий санъат шоирнинг байтда акс эттирилаётган бирон образли иборани аниқ айтмасдан ўзини билиб билмасликка олгандек кўрсатишини назарда тутади. Тажоҳули орифона қўлланган байтларда кўпинча маҳбуба қиёфаси қиёсий ҳолда тасвирланади, бир ёки бир неча нарсага ўхшатилади, лекин узил-кесил фикр билдирилмайди. Шоирнинг ўзини билиб билмасликка солиши шартли бўлиб, асл мақсад таъриф ёки тавсифдан, ёр қиёфасини муболағали тарзда гавдалантиришдан иборат бўлади. Масалан, Лутфийнинг
Малак ё ҳур, билмон ё парисан?
Бу рафтор ила ё кабки дарийсан?
байтида шоир маъшуқани малак, ҳур, пари, кабки дарийларга ўхшатади-ю, аниқ қайси бири эканини таъкидламай, ўзини билмасликка солади. Аслида эса у маҳбубани шуларнинг барчасига қиёслаб, унинг бениҳоя гўзаллигига дикхатимизни қаратяпти. Атоийнинг
Менгларинг мушки Хўтан ё нуқтаи жондур, бегим?
Энгларинг варди Эрам ё боғи ризвондур, бегим?
байтида маҳбуба менглари мушки Хўтанга, жон нуктасига, энглари эса Эрам атиргули, жаннат боғига қиёс қилинади-ю, лекин қайси бирига ўхшаши аниқ айтилмайди. Чунки мақсад ҳар иккисига ташбиҳ килишдир. Шоир маҳ-буба менгларининг қоралик, хушбўйлиқда Хўтан мушкига, гўзалликда жон нуктасига, энгларининг эса хам Эрам атиргули, ҳам жаннат боғига ўхшашини таъкидлаяпти, халос.