Янги асрга, янги минг йилликка қадам қўйдик, дея бир-биримизни қутладик. Бироқ янгилик нимадан иборат эканлиги устида ҳеч бош қотирдикми?
Техника даврига, компьютер замонига, ахборот ҳукмронлиги бошланган паллага кириб келдик, дея севиндик. Лекин бунинг моҳияти тўғрисида дўппини олиб қўйиб ҳеч ўйлаб кўрдикми?
Албатта, бугунги "биз" 10-15 йил бурунги "биз"дан анча малакали, анча илғор, анча имкондор кўринади. Чунки айнан сўнгги 10-15 йиллик муддат ичида бизнинг дунёмизда тубдан янгиланиш юз бердида. Буларнинг ҳаммаси яхши. Аммо теран нигоҳ билан разм солинса, ана шу ўсиш-тараққий этиш бағрида битта улкан муаммо ҳам туғилиб улгурибди: ахборот асрининг бўйини олган биз, яъни янгиланган "биз" билан илм, хусусан, филология илми ўртасидаги муносабатнинг бугунги аҳволи кўнгилга таскин бера оладими?.. Бу саволга жавоб бериш учун узоққа боришнинг, тиришиб бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Балки бор-йўғи ҳар бир олим кейинги йиллар мо-байнидаги ўз илмий фаолиятига сарҳисоб назарини ташласа бас, ҳаммаси аён бўлади-қолади. Аён бўлган натижа шундан иборатки, техника қанчалик тараққий этмасин, ахборот қанчалик тез тарқалмасин, бани башар имконла-ри қанчалик ошмасин, барибир, нимадир, қандайдир кўринмас бир сабаб уни теран, фундаментал илм билан шуғулланишига монелик қилаётгандек. Эҳтимол, юқори-да саналган омиллар сабаб бўлаётгандир буларнинг ҳаммасига. Эҳтимол, яна кўпдан-кўп сабабларни қалаштириб ташлаш мумкиндир... Бироқ бош сабаб барибир бошқа -каттароқ, кўламлироқ, теранроқдир: цивилизация суръати натижасида бугун дунёда шундай умумкайфият вужудга келдики, инсон руҳияти тарбиясига ортиқ етарли даражада эътибор қилинмаётир!.. Жумладан адабиёт, аввало, инсон руҳиятини, руҳ кайфиятини инъикос эттиувчи соҳа бўлганидан уни ўрганувчи, тадқиқ этувчи илм филология соҳасининг даражаси ҳам жамиятнинг адабиётга бўлган эътибори нисбатида белгиланади. Бу ҳол дунёнинг ҳамма жойида шундай. Чунки жамиятнинг асо-сий қисми ҳамиша оммадан иборат. Омма ҳар доим дағал дунё сари - қўл билан ушласа, бурун билан ҳидласа, бадан билан сезса, тил билан таъмини туйса бўладиган фойдали дунё сари ошиқади. Унда даврани кенгроқ олиб, орқа-олдини чуқур мушоҳада қилишга сабр-тоқат етишмайди. Унинг "бугун"и фақат бугундан иборат, фақат ҳозири устида бош қотиради... Оммадан фарқ қилиб эса шахс латиф олам ҳақида - шу борлиқни яратиб, ўзи яшириниб юргувчи Руҳ ҳақида ҳам қайғуриб ўйлайди. Шахснинг бугуни шундай "бугун"ки, унда ҳам "кеча", ҳам "эрта" мужассам. Шахс оммадан фарқланиб, инсоният ҳаётининг доимо барқарор, инсонлик шаънига муносиб бўлиши учун ўз шахсий манфаатидан кечиши мумкин. Бас, шунинг учун ҳам ҳамма замонларда маънавиятникг улкан одамлари - бугун шахсларнинг бирдан-бир кучи уларнинг ақлу дониши, илму тафаккури билан чегараланган. Кўпчилик-ни у ёки бу йўлга солиб юборадиган қудрат - маблағ ва ҳокимият уларнинг қўлларида деярли бўлмаган.
Гоҳо зиёли қатлам вакиллари билан илм ва адабиётнинг бугун ва эртаси тўғрисида суҳбатлашиб қолганинг-да, аксарият ҳолларда уларнинг ўз илмий ё бадиий ижодларидан қониқмаётганлигига гувоҳ бўласан, киши. Ва яна шу нарса маълум бўладики, олим ё ижодкор сабабни ўзи-дан эмас, ташқаридан - кейинги йилларда юз берган ўзгаришлардан излай бошлайди. Бу ҳам албатта, бир ҳисобда тўғридир: алоҳида-алоҳида олганда, адабиёт ё филологик илм маҳсулининг кам яратилиши якка бир ижодкор ё олимнинг айби бўлмаганидек, уларни оз ўқилишида ҳам алоҳида бир ўқувчининг "гуноҳи" йўқ. Ҳамма ran умумкайфият, умумруҳ туғиб бераётган дунёнинг авзойида. Шоир айтмоқчи, "чархнинг авзойи бу дам аввалгиларга ўхшамас". Бироқ чархнинг аввалгиларга ўхшамайдиган бугунги клйфияти қаёқдан келяпти экан? Ҳар ҳолда осмондан тушаётгани йўқдир... Албатта, йўқ. У инсон табиатининг муайян ижтимоий-сиёсий, маънавий-психологик, иқтисодий ва тарихий ҳолатда намоён бўлаётган бир қирраси. Ҳа-ҳа, айнан шундай. "Замон, замон", деймиз. Вирой нарса ҳодиса таъбимизга сал ёқмаса бас, айбни дар-ҳол замонга юклаб қутулмоқчи бўламиз. "Хўш, замон қаёкдан келди, у нима ўзи?" дея тоқат билан мушоҳадага берилишга эса лаёқат тополмаймиз. Лаёқат топганимиз-да-чи, "замон" ўз бағрини бизларга оча бошлайди: ҳар қандай замон, давр жамиятнинг у ёки бу кўринишдаги кайфияти маҳсулидир. Ҳамма "гап"ни замонга юклаб, сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлаётган сиз билан биз шу бир бутун жамиятнинг парчаларимиз. Агар замоннинг нуқсони бўлса, билишимиз муҳимки, бу қусур бани одам табиатининг қайси бир нуқтасидаги ожизлигидан бошқа нарса эмас. Ҳа, дунёда неки содир бўлаётган экан - хоҳ ижобий бўлсин, хоҳ салбий, - ҳамма-ҳаммаси инсон табиатининг товланишларидир. Бироқ бундан "такдирга тан бериб, қўл қовуштириб ўтириш керак экан-да" деган маъно келиб чиқмаслиги лозим. Олимнинг, ижодкорнинг иши шундан иборат бўлмоғи зарурки, замон ва зиёли муносабатлари моҳиятини аввало ўзи тўғри илғаб, англаб, сўнг ўз фаолиятида уларни ҳаққоний акс эттириб, ўзгаларга, айниқса, оммага юқтиришга интилмоғи шарт. Натижа қандай бўлишидан қатъи назар у шундай йўл тутишга мажбур. Бугун дунёни техника ва ахборот шовқини тутиб, оддий инсон шу шовқин гирдобига ғарқ бўлаётган бир пайтда чинакам шахс мақомига кўтарилган олиму ижодкор ўз вазифасини жуда ҳам теран англамоғи, одамзодни ўзи яратган роботлар қулига айланиб қолишидан халос этмоғи муҳимлигини бир зум бўлсин эътибордан қочирмаслиги даркор.
Ҳа, дунё кенг ва унда турли-туман, бир-биридан фарқли-фарқсиз, кўпдан-кўп жамиятлар мавжуд. Бироқ уларнинг ҳаммасини бирлаштириб тургувчи бир умумийликдан кўз юмиб бўлмайди: улар ўз бағридан истар-истамай, билиб-билмай руҳий иқлимни сиқиб чиқармокда. (Модернизмнинг келиб чиқиш сабабларидан бири айнан шу ерда!) Келинг, бир мушоҳада қилиб кўрайлик: ҳозирда
бутун дунёдаги расмий-қонуний таълим-тарбия масканлари - боғча, мактаб, коллеж, лицей, институт, университетларда олиб борилаётган машғулотларнинг қанчаси инсоннинг руҳий-маънавий тарбиясига қаратилгану, қанчаси ундан йироқ?.. Бу рақамлар тафовути асрдан-асрга, даврдан-даврга, авлоддан-авлодга ўзгариб-йириклашиб бормаяптими?.. Антик дунёда - Юнонистон, Миср, Хитой, Ҳиндистонда қандай эдию, ўрта асрларда Марказий Осиёда қандай бўлди? Ундан кейинги қатор асрларда, ниҳоят, бугун, бугун-чи?..
Солиштириш натижасидаги фарқ қаердан келаяпти? Наҳотки, одамзод ўз руҳий илдизига қаратилган эътиборни тобора сусайтириб, биологик ва ижтимоий асоси атрофида ўралашиб қолаётир? Фрейдизм ва Марксизмнинг бош қусурлари айнан шу ўриндаги бирёқламаликда эмасмиди?.. Мадом шундай экан, нега яна инсон ўғли ўз та-рихи ўгитларидан сабоқ ололмаётир?.. Бу кетишда инсоният эртаси нима бўлади, яқин ва олис келажакни, масалан, сиз қандай тасаввур қиласиз?..
Назаримда нафақат оддий одамларнинг, балки кўпчи-лик олимларнинг ҳам бу борадаги тасаввурлари жуда камбағал Чунки биз техника асрининг, ахборот даврининг шовқинидан узилиб, ўз ҳолимизни ташқаридан кузатишга имкон тополмай, аксинча, цивилизациянинг ховлиқиб ташлаётган одимлари ортидан етиб юришга ошиқиб чопиб бораётирмиз. Ҳамма бало шундаки, бизни қаёққа кетаётганимиз эмас, балки қандай кетаётганимиз, кўпчиликдан ортда қолиб кетмаслик қайғуси банд этган...
Кўриниб турганидек, XXI аср вазияти жудаям жиддий. Бирок, бу жиддият масала моҳиятига чуқур кириб борилгандагина аёнлашади. Йўқса, ёпиқли қозондек ичидагини яшириб тураверади. Ўйлашимча, ўзини, ўз илмини ҳур-мат қилган ҳар қандай олим айни ма салага етарлича зътибор қилмоғи шарт. Айниқса, биз - ижтимоий фанлар вакиллари ўз гарданимиздаги юк залворини теранроқ ҳис қилмоғимиз керак бўлади. Жумладан, биз -филологлар ҳам. Чунки филолог инсон руҳияти товланишларини акс эттирувчи предмет - адабиётни, "инсонни ҳайвондан жудо қилгувчи" тилни (кўнгилни) ўрганамиз, тадқиқ этамиз. Назаримда шундай пайт келадики, энди бир-бирига ўхшаган сийқа ва саёз мавзули илмий ишлардан воз кечиб нигоҳимизни илдамроққа қаратмоғимиз, ўтмиш бугун ва эртани чуқур англашга ёрдам берадиган ҳамда келажакка дахлдор фойдали хулосаларга олиб борадиган йўналишларда илмий фаолият юритмоғимиз зарур.
"Янгиланиш эҳтиёжи" китобидан