Ўтганларингизнинг яхшиликларини ёдга олинглар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадиси шарифларида: «Ўлганларингизнинг яхшиликларини ёдга олинг, уларнинг ёмонликларини айтишдан тийилинг», деганлар (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Бу набавий кўрсатма асрлар оша мусулмон умматининг ахлоқи бўлиб келган ва ушбу ҳадисга биноан уламоларимиз вафот этган мусулмонларнинг яхшиликларини эслаб, ёмонликларини сўзлашдан тийилиш мусулмонлик бурчи ва ўтган мусулмоннинг ҳаққидир, деганлар.
Куни кеча Ўзбекситон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилди. Марҳумнинг ҳақига жаноза ва тиловатлар адо этиб, хайрли дуолар қилиб қайтдик. Аллоҳ у кишининг Ўзига бўлган иймону ибодатларини, барча яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилиб, камчиликларини фазлу карами ила мағфират айласин!
Мазкур ҳадиси шарифга кўра марҳумнинг ҳақларидаги айрим хотираларимни сиз азизлар билан баҳам кўргим келди.
Эркин Воҳидов ҳақиқатан ҳам халқнинг ҳақиқий виждони бўла олган, мустабид тузум даврида ҳам жасорат билан ўз элини уйғоқликка чорлаган даҳолардан эди. У киши ўзбек адабиётида кескин бурулиш ясаган, уни бойитган, мумтоз шеъриятимизни замон руҳида қайта жонлантирган чинакам халқ шоири эди. Айниқса, «Инсон» ва «Ўзбегим» қасидалари ўзбек халқининг мадҳиясига айланганди. У киши юртнинг озодлиги, халқнинг ҳуррияти учун ғоявий кураша билган, мустаққиллик пойдеворига заррин ғиштлар ўрнатган саноқли адибларимиздан эди. Зеро, у киши диёнатимизнинг зилол булоғидан сув ичган иймону эътиқодли инсон, ўзбекнинг чин ўғлони эди.
Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари: «Адабиёт ҳамиша халқдан бир қадам олдинда, бир поғона баландда бўлиши ва одамларни олдингга, юксаклик сари етаклаши керак. Мижозбозлик, чаппаквозлик қилиб, оддий одамларнинг савиясига тушиб қолиш ярамайди», дердилар. Эркин Воҳидовнинг ижоди мана шу таърифга чин маънода ҳақли эди. Айниқса, халқнинг дардини куйлаб, уни сергак торттириб, унга панд­ўгит қилиб битган сатрлари беназир ва бетакрордир. Афсуски, бугун биз бундай шоирларни тополмаяпмиз.
Маҳалла фаолларининг гувоҳлик беришларича, Эркин Воҳидовнинг ташаббуси маҳаллада жуда ҳам шинам бир масжид бунёд этилган экан. Бу ҳам у кишининг қалбидаги иймон гавҳарининг нишонаси, албатта. Аллоҳ Ўз даргоҳида қабул қилган бўлсин!
Эркин ака билан кўп учрашмаган бўлсам-да, ўша саноқли суҳбатларимизда у кишидан тинглаганларим ўчмас ёднома ўлароқ хотирамда сақланиб қолган.
У киши ёш талабалик чоғида Тошкентдаги тоғасининг уйида истиқомат қилган экан. Тоғаси эътиқодли, ибодатли ва маърифатли киши бўлиб, замонанинг буюк олими, юртнинг жонкуяр фарзанди Алихонтўра Соғуний раҳматуллоҳи алайҳ билан қадрдон экан. Шу боис, Алихонтўра раҳматуллоҳи алайҳ тоғанинг хонадонига келиб, меҳмон бўлар, у ерда қизғин илмий суҳбатлар кечар экан. Эркин Воҳидовнинг замона шоирларидан асосий фарқи – у киши Ҳазрат Навоий раҳматуллоҳи алайҳдан кўп илҳомланган ва таъсирланган эди. Ижодларидан Навоийнинг «бўй»и шундоқ анқиб турарди. Бир гал Эркин ака ана ўшандай навоийнамо ғазал битибди-ю, уни тоғасига кўрсатибди. Тоғаси ғазалнинг бир байтидан жуда завқланиб, уни Алихонтўрага айтиб берибди. Олим ҳам бу дур байтга катта баҳо бериб, унинг ички маъноларини мулоҳаза қилар экан, уни ирфоний шаклда шарҳлаб кетибди. Даврага шоирнинг ўзини ҳам таклиф қилишган экан, ёш йигит мезбон ўлароқ тоғасининг ёнида ўтириб, берилаётган шарҳларни тинглаб бироз танирқабди. Ўзи нима қилиб қўйганини билмаган шоир талаба тоғасига аста пичирлаб: «Тоға, лекин мен бунчалар чуқур маъноларни ўйлмаган эдим», дебди. Шунда тоғаси: «Жим ўтир, ёш бола нимани билардинг?! Аллоҳ қалбингга солган, ёзгансан, маъносини мана бундек олимлар чақади, сен қаёқдан биласан?!» деган экан. Ҳақиқатан, шеърнинг шунақаси ҳам бўлади.
Эркин ака айтади: «Бир-иккита амалдорлар билан Сочига (ёки Кисловодскига) дам олгани боргандик. Оёғи оғрийдиганларни сиҳҳатгоҳда ҳар куни эрталаб соат еттида машқ қилдиришади. Машқлар худди намозни эслатади, тизалаб юрилади. Биз ўша машқни қилиб турсак, бир отахон келиб, қўлини кўланка қилиб деразадан қараб: «Шунинг ўрнига намоз ўқишсанг бўлмайдими, апандилар?» деган эди».
У кишининг лутфларидан яна бир намуна: «Авваллари Андижонга борсак, «ҳожи ака» деса, маълум бир одам тушуниларди. Ҳозир эса бошқача:
– Ҳожи акам кўринмайдилар?
– Ҳа, ҳожи акам ҳожи акам билан бирга ҳожи акамни кўргани кетиб қолибди».
Бунга ўхшаш зарофатли гаплар у кишида жуда кўп экан. Ўзлари жуда ҳам камтар, дилбар инсон эди.
У кишининг тажрибаларидан: «Авваллари шеър ёзсак, шошилиб дарров чиқариб юборарканмиз. Ҳозир эса илҳом келганда ёзиб, бир четга ташлаб қўяман. Бир муддат ўтиб шеърлар анча тўпланиб қолганда уларни бир четдан кўриб, яхшигина таҳрир қилиб, яна тортмага тахлаб қўяман. Кейин яна бир вақтини қилиб бир қур қайта кўриб чиқаман. Шу зайлда шеърларим «туғилган»дан сўнг бир неча «ёшга тўлиб» халқнинг қўлига етиб бормоқда».
Шундоқ кўз ўнгимда. Ҳазрат Навоийнинг ижодларига доир «Навоийдан чу топқайлар навое» номли китобчамизни устоз Эркин Воҳидовга: «Фикр­мулоҳазаларингизни айтсангиз, камчиликлари бўлса, бажонидил тўғрилар эдик», деб узатдим. Китобнинг муқовасида «Алишер Навоий» деган ёзув турарди. Шунда адиб ажойиб эҳтиром кўрсатди: ўрнидан қўзғалиб, Ҳазрат Навоийнинг номларини ўпиб, китобни кўзларига, пешонасига суртди. У кишидаги улуғларга бўлган бу қадар гўзал одобни кўриб, тўғриси, таҳсинлар айтиб, тўлқинланиб кетдим. Эркин акага шеъру нафосатдан берилган насиба бекорга эмаслигини, «Замонамиз Навоийси» деган унвон бежизга муяссар бўлмаганини тушунгандек бўлдим ва Ҳазрат Наовийга бўлган муҳаббат туфайлиданми Эркин акага бўлган муҳаббатим ҳам зиёда бўлди.
Аллоҳ таоло марҳум шоиримизни Ўз раҳматига олиб, жойларини жаннатдан қилсин! Элимиз ичидан мумтоз адабиётимизга жон бахш этадиган, халқнинг дардига малҳам бўладиган ҳақиқий шоирлар яна чиқишини насиб айласин!
Шу ўринда яна бир бетакрор шоиримиз марҳум Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги тўртлиги ёдимизга тушади:

Ўлса ўзи ўлар, сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1.06.2016