Буюк сўз санъаткори Жомийнинг “Чиҳл ҳадис”, “Таржумаи арбаъин ҳадис”, “Арбаъин ҳадис”, “Арбаъини Жомий” каби турли номлар билан юритилган асари ўз даврида нафақат форс-тожик адабиёти ихлосмандлари орасида, балки туркий адабиёт муҳиблари ўртасида ҳам жуда машҳур бўлган. Шу боисдан, бу асар котиблар томонидан жуда кўплаб нусхаларда кўчирилган. Ҳатто, баъзи кутубхонадан Жомий “Арбаъин”ининг юздан ортиқ қўлёзма нусхаси топилган.
Асар форсча қисқа насрий муқаддима билан бошланган. Жомий ҳам форс адабиётидаги бошқа кўплаб қирқ ҳадис таржимонлари каби дебочани араб тилида ёзишни хоҳламаганлиги манбаларда айтилади. Шундан сўнг, ҳадислар таржимасига ўтилган. “Арбаъини Жомий” турли даврларда кўплаб нусхаларда кўчирилганлиги боис, қўлёзмаларда ҳадисларнинг берилиш тартиби бир-биридан фарқ қилади. Бу хаттотлар, котиблар ва ҳатто музаҳҳиб (китобларни зарҳал ҳошиялар билан безовчи)ларнинг фантазиялари сабаблидир. Уларнинг асарни кўчириш ишларига эркин ёндашувлари натижасида, ҳадисларнинг берилиш тартиби аслиятдагига нисбатан анча ўзгаришларга учраган.
Мазкур асарнинг туркий тилга биринчи таржимони сифатида Навоий эътироф этилади. “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида Навоий Жомий қирқта ҳадисни танлаб олиб арабчадан форс тилига таржима қилганини ва ҳаммадан олдин қораламасини унга берганини, мутолаа қилиб чиққандан сўнг, бу “Арбаъин”ни туркий тилга таржима қилиш орзуси кўнглига тушганини ёзади. Таржимани бир-икки кун ичида амалга оширганини ҳам дебочада таъкидлайди. “Арбаъини Жомий”да ҳадисларнинг қайси буюк муҳаддисларнинг асарларидан олинганлиги айтилмаган. Навоий “Арбаъин”идаги йигирма уч байтли шеърий муқаддимада Жомийнинг бу ҳадисларни энг саҳиҳ ҳадисларни тўплаган буюк муҳаддислар Имом Бухорий ва Муслим ибн Хажжождан олганини айтиб, жумладан, шундай ёзади:
Ўқуғанда Бухори-у Муслим
Қирқ сўз борча шубҳадин солим.
Барча шубҳалардан холи қирқ ҳадисни ўзида жамлаган “Арбаъини Жомий”нинг туркий тилга Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлганми? Шу пайтга қадар Навоий асарлари тадқиқи билан шуғулланган адабиётшуносларнинг илмий рисола ва китобларида ушбу асар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилган бўлса-да, аммо Жомий “Арбаъин”ининг Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлганлиги ҳақида бир сўз дейилмаган. Аслида, форс-тожик ва туркий адабиёт оламида машҳур бўлган “Арбаъини Жомий”нинг Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлишган. Бу борада улуғ мутафаккир бобомиздан кейин озарбайжон адабиётининг йирик намояндаси Фузулий номини тилга олиш жоиз. Фузулий Навоийдан фарқли ўлароқ, ўз “Арбаъин”ини насрий муқаддима билан бошлаган. Яъни, бу борада, у Жомий йўлини тутган. Шунингдек, Навоий ҳам, Фузулий ҳам вазн ва жанр бобида Жомий услубини сақлашган. Профессор Абдулқодир Қорахон “Жомийнинг “Арбаъин”и ва туркча таржималари” китобида бу асарнинг Навоий ва Фузулийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлишганини ёзади. Хусусан, XVI-XVII асрлар усмонли турк адабиётида “Арбаъини Жомий”нинг Рихлатий, Набий ва Муниф каби шоирлар томонидан ҳам таржима қилинганини қайд этади. Бундан ташқари, олим “Арбаъини Жомий”нинг номаълум бир муаллиф томонидан ҳам таржима қилингани ҳақида маълумот беради. Қизиқ томони шундаки, номаълум муаллиф қўлига тушган қирқ ҳадис таржимасининг Жомийга тегишли эканини ҳам ҳатто билмаган. Эҳтимол, шунинг учундир, балки ўзи истамаганлиги боис ёки бошқа номаълум сабабларга кўра, таржимон ўз исмининг сир тутилишини хоҳлаган. Тадқиқотчилар “Арбаъини Жомий”нинг бошқа яна кўплаб таржимонлари ҳам ўз исмларини маълум қилмасликни афзал билишганликларини таъкидлашади.
“Арбаъини Жомий”нинг барча таржимонлари Жомий қўллаган вазн ва назм шаклини қабул қилишган. Яъни, таржима ишини арузнинг “фоилотун мафоилун фоилун” баҳрида, қитъа жанрида амалга оширишган. Фақат Навоий ва Набий “Арбаъин”и шеърий муқаддима билан бошланган. Бошқаларда эса Жомийдаги каби муқаддима насрий услубда битилган.
“Арбаъини Жомий” кўпгина қўлёзма нусхаларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Ла: йўъмину аҳадукум ҳатта йа ҳиббу ли-ахиҳи ма: йа ҳиббу ли-нафсиҳ(и)” – “Қайси бирингиз токи ўзига раво кўрмаганни биродарига раво кўрар экан, имонли бўлмағай” ҳадисининг шеърий таржимаси билан бошланган. Жомий таржимаси қуйидагича:
Ҳар каси ро лақаб маъкун мўъмин,
Гарчи аз саъи жону тан коҳад.
То нохоҳад бародари худро
Ончи аз баҳри хейштан хоҳад.
Энди, Жомийнинг ушбу таржимаси Навоий, Фузулий, Рихлатий, Набий, Муниф ва номаълум муаллиф томонидан қай тарзда туркий тилга ўгирилганлигига эътибор қаратамиз.
Навоий таржимаси:
Мўъмин эрмастур улки, иймондин
Рўзғорида юз сафо кўргай.
Токи, қардошиға раво кўрмас –
Неким, ўз нафсиға раво кўргай.
Фузулий таржимаси:
Мўъмин ўлмас киши ҳақиқат ила
Тутмагунча тариқи тарки ҳаво.
Ҳар не, ўз нафсиға раво кўрса,
Ёру қардошға кўрмагунча раво.
Рихлатий таржимаси:
Мўъмини комил ўлмағай ҳаргиз,
Севмаган жони каби қардошини.
Дўст кўринар, лек, душман бўлар
Соз қилмаса ичи ила тошини.
Набий таржимаси:
Деди фахри русул, эмастур мўъмин,
Ул кесганким зирўйи сидқу сафо.
Ўз нафсиға кўрганни лойиқ
Кўрмаса то биродариға раво.
Муниф таржимаси:
Мўъмин ўлмас ул кимса ҳар на қадар,
Топса ҳусни амалда умру фано.
Ҳар не истарса нафсиға, токим,
Уни ихвонга дағи кўрса сазо.
Номаълум муаллиф таржимаси:
Мўъмин ўлмас ул кимса оламда,
Жисму жонин бахш этар ҳар на қадар.
То қариндоши мўъминға тиламас
Ани ким, ўзин нафсиға истар.
Мазкур таржималар орасида Жомий қитъасига энг яқин келадигани номаълум муаллифники ҳисобланади. Агар бошқаларники билан солиштирилса, Навоий ҳам, Фузулий ҳам, усмонли турк шоирлари ҳам “Арбаъини Жомий”ни анча эркин таржима қилганликлари кўзга ташланади.
Маълумки, Жомий қирқ ҳадис таржимасига қўл урган пайтда, етмиш ёшни қоралаб қолган эди. Баъзи Ғарб тадқиқотчилари “Арбаъини Жомий”ни бадиият нуқтаи назаридан шоирнинг бошқа асарлари билан солиштирганда, у қадар юқори савиядаги асар эмаслигини айтар экан, бунга Жомийнинг кексайиб қолганлигини ҳам сабаб қилиб кўрсатишади. Бизнингча, бунга Жомийнинг кексайиб қолганлигини сабаб қилиб кўрсатилиши кўп ҳам тўғри бўлмаса керак. Аввало, шоирнинг “Арбаъини Жомий”га қўл уришдан кўзлаган мақсади юксак бадиият намунасини яратиш бўлмаган. Жомий ҳадислар одамларга ғоятда тушунарли ва ёдлаш осон бўлиши учун бу ишни амалга оширган. Айни ҳаракати билан эса, ўзидан кейинги таржимонларга сабоқ ҳам берган. Яъни, ҳадисларнинг мазмуни қалбга тез ўрнашиб қоладиган даражада таржима содда ва қулай тарзда амалга оширилиши кераклигини ўзи амалда исботлаб кўрсатган. Қолаверса, ҳадислар, аввало, Пайғамбаримизнинг кўрсатмаларидир. Уларни таржима қилаётганда, хаёлот ва илҳом қушларини кўп ҳам эркин қўйиб бўлмайди. Таржимада шеър тилини мураккаблаштириш эса шоирнинг савоб умидини йўққа чиқаради. Айниқса, қирқ ҳадис таржимонлари бу нарсага жуда эътиборли бўлишган. Улар нозик сўз ўйинлари, кўп қатламли бадиий тасвир воситаларини арбаъин туркумидаги асарларда кўп қўллайвермаганлар. Лекин, шундай бўлса-да, француз олими Блоше Жомийнинг баъзан ўзи билган ва хоҳлаган тарзда ҳадисларнинг маъно чегараларидан ошганлигини ҳам таъкидлайди. Хусусан, бу “Арбаъини Жомий”да “Утлубул-хайра ъинда ҳисонил-вужуҳ” – “Яхшиликни очиқ, хушрўй юзли кишилардан кутинглар” ҳадисининг таржимасида кузатилишини қайд этади.
Айтиш мумкинки, шахси нуроний ва илмий-ирфоний, руҳоний камолотда беназир бўлган Жомийнинг ушбу асари ҳадисларнинг шеърий изоҳи ҳам ҳисобланади.
Буларнинг барчаси эса азал-азалдан Шарқ заминида инсонни маънан юксалтирувчи, унга саодат йўлларини кўрсатувчи хайрли амалларга ҳаммавақт катта эътибор қаратилганлигини кўрсатади. Гарчи, бизнинг назаримизда, қирқ ҳадис таржимаси, айниқса, Жомий ва Навоийдек улкан истеъдод ва тафаккур соҳибларига арзимаган ишдек туюлса ҳам, аммо, буюк бобокалонларимиз асло бундай деб ўйламаганлар. Аксинча, буни халққа яна бир шарафли хизмат деб билганлар.