Жаҳон адабиёти тараққиётида тарихий роман алоҳида ўрин тутади. Чунки, тарихий воқеа-ҳодисаларни ҳаққоний, изчил ҳужжат ва манбалар асосида тасвирлаш ёзувчидан катта маҳорат талаб этади. Шу боис ҳам, тарихчилар билан ижодкорларнинг тарихий факт ва материалларга муносабатлари турлича бўлади. Тўғри, тарихий макон ва замондаги воқеа-ҳодисаларни факт ҳамда материаллар асосида синчиклаб, батафсил ўрганиш борасида тарихчи ҳам бирдай машаққат чекади, кўп меҳнат сарфлайди. Аммо, ижодкор меҳнати тарихчиникига нисбатан оғирроқ ва масъулиятлироқдир. Чунки, агар тарихчини, асосан, муҳим тарихий воқеанинг моҳияти, мазмуни қизиқтирса, ижодкор ҳар бир кичик деталнинг ҳаққонийлиги борасида ҳам кўп ташвиш чекади. Тарихчи кўрганларини, билганларини холис, ҳаққонийлик билан акс эттиради. Ижодкор эса тарихий фактларга таянса ҳам, барибир, асарда янги бир олам яратади, бу олам ижодкор бадиий тафаккури маҳсули бўлиб, унга ўз баҳосини беради.
Ижодкорнинг ўтмишга муносабати ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг тарихий манбаларни ўқиши, ўрганиши, ўтмишнинг макон ва замон манзараларини чуқур ҳис қилиши, англаши, идрок этиши туфайли юзага келади. Тарих ҳақиқати бадиий асарга шундайлигича кириб келмайди. У ёзувчи фантазияси билан тўлдирилади, муайян ғоявий мақсадга бўйсундирилиши баробарида, аввало, кўз ўнгимизда тирик одамдай гавдаланиши керак.
Ёзувчи Одил Ёқубов ҳам тарихий воқеа-ҳодисаларни тирик одамдай гавдалантириб, бадиий макон ва замон концепциясида тасвирлаш, англаш, идрок этиш борасида ўзига хос услубни қўллайди. У “Улуғбек хазинаси” романида ХV асрнинг биринчи ярмидаги тарихий макону замондаги воқеаларни бадиий макон ва замонда тасвирлайди. Роман сюжети воқеаларининг макони, асосан, Самарқанд шаҳридир. Роман сюжети Улуғбекнинг шогирди ва энг яқин дўсти Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчини тун замони (вақти)да микромакон (яъни расадхона)даги хатти-ҳаракатларини тасвирлаш билан бошланади. “Вақт тун ярмидан ошган. Расадхона теран сукутда. Одатдагидай, кечаси самовий ҳолатларни кузатиб ўтирган Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи бир пайт вужудида хиёл нохушлик сезиб, ўрнидан турди.
Мавлоно сергакланиб юқори ошённинг дарчадан кичик ўймакор эшигига тикилди, ним қоронғи расадхонада йўғон ва ўктам овоз янгради”. Модомики бадиий асарда инсон қисмати билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар акс этар экан, ўша воқеа-ҳодисаларни юзага чиқарувчи макон ҳамда замонни ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим. Чунки, инсон борлиқнинг, оламнинг, табиатнинг ақлли мавжудотидир.
У ўзи яшаётган макондаги нарсаларнинг кўламини, ўзаро жойлашиш тартибини ёки узликли ёки узликликсизлигини, замон воқеа-ҳодисаларининг кетма-кетлиги жараёнининг давомийлигини билишга, англашга ёрдам беради. Унинг бундай ният-мақсадларини амалга оширишда бадиий асар муҳим аҳамият касб этади. Бадиий асар инсон учун макон ва замонни аниқ ва равшанроқ кўриш борасида кўзгу вазифасини ўтайди. Бу кўзгу ёрдамида инсон онгги, тафаккурида реал ҳаёт воқеалигидаги макон ва замон манзарасидаги нарса-ҳодисалар жараёнини образлар орқали ҳаётий моделини яратади.
Қайд этилган роман матнидаги макон, шу жумладан, микромакон тасвирида, табиийки, ёзувчининг етакчи бадиий-ғоявий концепцияси, эстетик идеаллари билан бир қаторда, миллий заминимиз алломаларининг дунёқараши, тафаккури, илм-фан борасидаги ўша замон (вақт)даги хатти-ҳаракатлари акс этади. Тарихий факт ва материаллар, тарихий шахс ва тўқима образларнинг талқини, руҳий кечинмалари романнинг маконий-замоний манзараларида ёрқин намоён бўлади. Тарихий манбалардан бизга маълумки, Улуғбек эъзозловчи, ободонлаштиришни яхши кўрувчи ҳукмдорлардан ҳисобланади. У бобоси Амир Темур ишларини давом эттириб, “Чиҳл устун” (“Қирқ устун”), “Боғи майдон” каби бир неча боғ барпо этади. Атрофига илм аҳлларини йиғиб, шулар билан бирга мунтазам иш олиб боради. Улуғбек ана шу олимларнинг ёрдами билан Самарқандда Обираҳмат суви ёнидаги тепаликда 1424 йилда расадхона қуради. Мазкур расадхона уч қаватдан иборат бўлиб, бу хусусда Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида шундай маълумот беради:
“Яна бир олий иморати Пуштаи Кухак доманасида расоддурким, зич битмакнинг олатидур. У ошёнликдур. Улуғбек Мирзо бу расад била зич Кўрагонийни битибдурким, оламда холо бу зич мустаъмалдур. Ўзга зич била кам амал қилурлар.” Романда Марказий Осиё халқларнинг XV асрдаги ижтимоий ҳаёти муайян рамзий маконий-замоний манзараси бадиий образ воситасида тасвирланади. Ҳаётнинг бор мураккабликлари, зиддиятлари ва жумбоқлари бадиий макон ҳамда бадиий замонда акс эттирилади.
Улуғбек расадхонада эртаю кеч кузатишлар олиб бориб, коинот, сайёралар олами сирларини аниқлаб, 1018 юлдузнинг ҳолат ва ҳаракатини ўрганади. Ёзувчи роман сюжети воқеасини, Улуғбекнинг илмий фаолияти муҳим расадхона – макон (жойи)ни, ўша замон (вақт) воқеа-ҳодисалар жараёнини тасвирлашдан бошлайди.
Бадиий макон ва замон поэтиканинг муҳим категорияси ҳисобланиб, воқеаликни нафақат кўламдорлигини, кенглигини таъминлайди, балки уларнинг тарихан аниқлиги, бадиий-эстетик жиҳатдан далилланганлиги, сюжет тармоқларига боғланиш – алоқадорлик дунёсининг кўп қатламлилиги, фикр, туйғулар оқими, ҳаракатлари романни йирик эпик шакл сифатида кўрсатиб, белгилаб туради… “Улуғбек хазинаси” – макон ва замоннинг бадиий эстетик кўламдорлиги, вертикал (тик) ва горизонтал (тўғри) жиҳатидан серқирра ва кенг романдир. Сюжет тизими майдони доирасида ҳаракат қилаётган образларнинг эркин фаолияти, хатти-ҳаракатларини кўрсатишга, уларнинг характер хусусиятларини аниқроқ, батафсилроқ ҳамда психологик жиҳатдан мукаммал, тўла ва жонли тасвирлашга имкон яратиб берган.
Рус адабиётшуноси М.Бахтиннинг таъкидлашича, ҳар қандай асардаги бадиий макон ва замон концепциясида дунёнинг рамзий қиёфаси акс этади.
Замон (вақт) бадиий ҳаракатни юзага чиқарувчи ва таъминловчи асосий воситадир. Ҳар макон ва замондаги ҳаракатланувчи инсон ва нарса-предмет мажозий-рамзий характерга эга бўлади. Замоний мантиқ бу вертикал (тик) ҳолатдаги дунё самимий, жозиба ҳар қандай воқеа-ҳодисалар жараёнига бир хил муносабатда бўладиган нарсадир. Шунингдек, заминда вақт (замон) ҳар хил турларга ажратилган, адабий тоза, ҳис қилувчи тушунчадир. Бу бўлиниш (эрта) ва (кеч) каби замон (вақт) тушунчаси орқали дунёни англашга ҳаракат қилинади. Романда бадиий макон ва замон биринчи навбатда, уюштирувчи ва бошланувчи категорияси сифатида муаллифнинг асардаги ўрни, ҳаракати, идрок этиш сифатида намоён бўлади. Иккинчидан, бадиий макон ва замон манзарасини бадиий асарда тутган ўрни табиий кўлами билан баҳоланади. Учинчидан, бадиий асардаги қаҳрамон, образларнинг руҳий олами, ички кечинмалари макон ва замон аспектида биргаликда таҳлил қилинади.
“Улуғбек хазинаси” романида ёзувчи бадиий макон ва замон манзарасида сюжетнинг эпик кўламдорлиги ва вертикаллиги орқали XV аср сиёсий- маданий-маиший ҳаётини тасвирлар экан, Улуғбекнинг таржимаи ҳолига дахлдор воқеа билан эмас, балки роман сюжети “расадхонанинг теран сукунати”дан бошланиши, у яратган илмий мероснинг абадийлиги, уни сақлаб қолиш учун кураш ҳаракатларига асосланади. Романнинг мазмун мундарижаси, ният-мақсади бадиий-фалсафий ғояси қаҳрамон характери, образнинг руҳий олами, сюжет ва композицияси кабиларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида унсур ҳисобланса, уларни ички жиҳатдан боғлаб турадиган восита макон ва замон образидир. Романда бадиий образ ўз вақтида шаклий аҳамиятга эга бўлса-да, ўзининг мазмун-мундарижаси макон ва замон орқали дунёнинг манзараси рамзийликда намоён бўлади.
Романда тарихий шахс образларидан ташқари муаллифнинг бадиий маҳоратини кўрсатувчи мезонлардан бири – бадиий тўқима ва унинг воқеа-ҳодисаларга киритилишидир. “Улуғбек хазинаси” романидаги бадиий макон ва замон ҳаракат қилаётган тарихий шахс образи ҳам, бадиий тўқима ҳам ёзувчи ғояси, мақсад-ниятига хизмат қилади. Романдаги Али Қушчи образи тарихий шахс ҳисобланиб, буюк математик олимдир. У ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотларни ўқиш мумкин.
Романнинг марказий қаҳрамони Улуғбекнинг диёнатли ва истеъдодли шогирди – Али Қушчини сюжет йўналишида ҳаракат қилиши ёзувчи бадиий концепциясини белгилайди. Романдаги сюжет вақти билан бир қаторда муаллиф кўзлаган ғоявий-бадиий ният, асар мавзуси, жанр хусусияти ҳам ўзига хос тарзда ифодаланади. Тарихий романнинг асосий ва муҳим белгиларидан бири шундан иборатки, ёзувчи бадиий макон ва замон манзаралари орқали китобхон кўз ўнгида ўша давр руҳиятини жонлантира олиши керак. Бунинг учун у эътиборни ўша макон ва замон ҳаракат қилган тарихий шахслар тақдирига қаратадими ёки ижтимоий ҳаётдаги суронли қарашлар манзарасини чизадими, ё бўлмаса қаҳрамонлар тилига йўналтирадими, нима бўлганда ҳам бу ҳаракатлар ёзувчининг бош мақсадига – ниятига уйғунлашган бўлиши ва хизмат қилиши лозим. “Улуғбек хазинаси” романида даврнинг суронли қарашлари, Улуғбекнинг султонлик тахтидан кетиш фожиаси, ўз фарзанди – Абдулатиф туфайли дарбадарликка юз тутган ота-шоҳнинг мураккаб руҳий ҳолатлари, унинг илм йўлида қилган ишларини сақлаб қолиб, шогирдлари давом эттириш истагидаги ҳаракатлари тасвирланади. Ёзувчи бадиий макон ва замон орқали реал ўтмиш воқеаларини қуюқлаштиради, зичлаштиради, ихчамлаштиради. Сюжет вақти (замон)да ўтган куну тунлар, соату дақиқа воқеалари тарихий факт ҳамда материаллар асосида тасвирланади. Бу эса, тарихий ҳақиқатни юзага чиқишидаги бадиий макон ва замоннинг вазифасидир.