Муайян воқелик, шуурда шаклланган чақмоқдек ҳаяжон, кутилмаган туйғулар ҳосиласи шеър бўлиб туғилиши мумкин. Аммо, шу туғилган шеър шоир қалб дардининг оғриқли мевасими, ўй ва хаёлнинг эстетик натижасими ёки кўрган-кечирган ҳаётий тажрибаларининг йиғма поэтик хулосасими, бу ижод жараёнининг ўзига хос сеҳрли олами. Яна бир жиҳат, муайян лирик кечинма барқарор адабий формулалар негизида қоғозга тушади. Масалан ғазал, мураббаъ ёхуд мухаммас ёзиш учун шоир эркин бўлолмайди. Сабаби, мумтоз лирик турларнинг маълум қоидаси борки, муаллиф ушбу қоидадан четлаша олмайди.
Шунингдек, мумтоз шеъриятга издошлик ришталарини боғловчи мунтазам мезонлар ҳам бор. Тазмин, татаббу, мусаммат турлари, муайян радиф асосида ўхшатма ғазаллар ёзиш, пайравлик ва бошқалар бир байт ёки бир ғазал таъсирида яратилади. Булар орасида энг мураккаби тахмис боғлаш анъанасидир. Сабаби, тахмиснинг асоси кўпинча бундан аввал, эҳтимол, тўрт-беш аср олдин ёзилган, табиийки унинг тили, вазни, радифи, ифода воситалари ҳам ўша замон руҳига хос ва мос равишда яратилган. Аммо, ўша ғазал ғоявий кўлами билан ҳозирги замон шоири наздида ҳам жуда муҳим, ҳатто уни тўлдириш, ривожлантириш эҳтиёжлари бисёр. Худди шу эҳтиёжлар ижодкорни ўша ғазал муаллифи билан ижод майдонида учрашишга даъват этади. Шу асносда, ижод жараёнида муаллиф улуғ сўз даҳосининг руҳидан мадад олади, унинг ижодий меросига, айниқса, ғазалиётига айрича эҳтироми самараси ўлароқ, ўз ҳолида ҳам тугал маъно ифодаловчи ғазални янада ривожлантиради.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг Навоийнинг “Аввалгиларга ўхшамас” ҳамда Огаҳийнинг “Устина” ғазалларига боғлаган мухаммаслари муҳимдир.
Хусусан, “Аввалгиларга ўхшамас” мухаммаси Навоий байтлари билан мустаҳкам боғланиб, умумий фикрнинг салмоғини намоён этади:
Бул жаҳон тун бирла тонг баҳс этар бир ҳужраким,
Ваҳ! Қуёш савдосиға шамлар нечук бўлди ҳаким,
Ишқ бу – ўз умрим анга нечун қасамлар ичмаким,
Демангиз Ширину Лайли онча бир ишқ ичраким,
Хўблиқда ул санам аввалгиларга ўхшамас.
Банддаги “бирла”, “ҳужра”, “савдосиға”, “нечук”, “ҳаким”, “анга”, “ичмаким” сингари ифодалар айни Навоий даври лексик қатламига мансуб сўзлар бўлгани учун мухаммасни тугал даражага кўтарган. Зеро, мухаммас бошдан-оёқ шу услубда – тарихий атамаларни кенг миқёсда қўллаш услубида ёзилган. Омон Матжоннинг бирор-бир мисраси ёки бирор-бир сўзи ўз моҳияти билан ғазал нафосатига зиён етказмайди, аксинча, шоир қўшган мисралар ипдаги маржон шодаларини кўпайтиргандек Навоий байтларини тўлдиради. Масалан, юқорида ўқиганимиз учинчи банддаги Навоий мисраларида маъшуқанинг “ишқ ичра” Ширину Лайлидан фарқланиши, “хўблиқ”да эса, у ўзигача бўлган санамларнинг бирортасига ҳам ўхшамаслиги таъкидланса, Омон Матжон ана шу тенгсизликнинг сабабини яхши билгани учун “нечун қасамлар ичмаким”, дейиш билан тўла асослайди. Аммо, бу асос ундан аввал келадиган ижтимоий-фалсафий ғоялар билан мустаҳкам боғланиб, янада гўзал ва кўркам тасаввур ҳосил қилади. Тўртинчи бандда шоир фалакка мурожаат этиш йўли билан, ундан ўз аламини, айни пайтда, Навоийнинг ҳажр азобида чеккан изтиробини бартараф этишни сўрайди. Чунки, маъшуқа ҳажр азобида қийнашдан ташқари, энди бевафолик расмини тутиб, ошкор хиёнат йўлига ўтади, яъни, бошқа ёр билан учрашишга журъат қилади. Тахмис боғловчининг Навоий овозига жўр бўлиб: “Ўлмишамким бу алам…”, деб нола чекиши, лирик қаҳрамоннинг чексиз азоб ва изтироблар исканжасида эзилган сўлғин қиёфасини кўз олдимизда тўла намоён қилади. Кейинги бандда мантиқ иплари янада мустаҳкамлана боради. Дастлаб, маъшуқанинг ишқ ичра Ширину Лайлидан фарқланиши, “хўблиқ” (гўзаллик)да ҳам аввалгиларга ўхшамаслиги қаламга олинган бўлса, энди, ошиқнинг ҳам ишқ аро Фарҳод ила Мажнунларга ўхшамаслиги, у илоҳий шаробдан сархушлиги – Бодайи Ҳақ масти экани, шу боис, илоҳий ҳажр азобида қийналаётгани, ўз истиқболига ёруғ гўшалар тилаши ички ҳайқириқ ва чексиз ҳаяжон оҳангида жаранглайди:
Она Шарқ тожин киюр! Зулматда ушлатманг мени,
Бодайи Ҳақ мастиман, ёлғонга уйғотманг мени,
Ўз хаёлимга қўйинг, ўзгага ишлатманг мени,
Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунга ўхшатманг мени
Ким бу расвойи дажам аввалгиларга ўхшамас.
Тахмис боғловчи, одатда, анъанага мос равишда сўнгги бандда ўз тахаллусини қўллаши лозим. Бу билан тахмисчи ким экани ойдинлашади. Бугина эмас, тахаллус айни мухаммас ёки унинг сўнгги бандидаги ғоя билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак. “Омон”ни ғоявий асосга йўналтирмаслик асарнинг бадиий нафосатига соя солиши мумкин. Шоир худди шу сунъийликдан қочиш эвазига тахаллус эмас, иттифоқ санъатидан моҳирона фойдаланади. Бу санъатнинг ўзига хослиги шундаки, у шакл жиҳатдан бир томондан ўз расмий маъносида ишлатилади, шу билан бирга, асар муаллифининг адабий тахаллусига ёки исмига ҳам ишора қилади. Шу боис, у ҳамиша кичик ҳарф билан ёзилади. Омон Матжон мухаммасда ижтимоий ҳаётда аввалгилардан тубдан фарқ қиладиган тушунчаларни бадиий тавсифлар сирасида ифодалайди.
Омон Матжон Навоийнинг етти байтли ғазалини етти бандли мухаммас ҳолига келтирган. Мухаммас жуда равон ўқилади. Унда ишқий, ижтимоий сиёсий ва фалсафий ғоялар Навоий услубига хос юксак поэтик мушоҳадакорликда баён қилинган. Тахмисчи ҳам Навоиёна бадиий тасвир усулларини қўллашга эришган. Мажоз, ташбеҳ, тазод, тажнис, талмеҳ, хитоб, иттифоқ ва бошқа ўнлаб тасвирий воситалар мухаммаснинг ички мусиқийлигини, ўзига хос поэтик меъёр ва маромини таъминлашга хизмат қилган. Мухаммас ана шундай поэтик санъатлари билан ҳам ибратлидир.